Туркийлар шажараси устида куйиниб бош қотирган улуғ олим, Хоразм шоҳи Абулғозий Баҳодирхон (1603 – 1664) кажрафтор тарих силсиласидан ҳайратга келиб, файласуфона ҳасрат билан шундай деганди: “Бу дунё бир работқа ўхшар, одам фарзандлари карвонга ўхшарлар, бири кўчар, бири қўнар”.
Дарвоқе, работ – карвонсарой, мудофаа учун мосланган қалъабанд манзилгоҳ ҳисобланади. Халқда мажозий маъно касб этган “работ” сўзи ўзбек мумтоз адабиёти буюкларидан бирининг номи–нисбасига айланганини биласизми? Қуйида адиб Рабғузий (ХIII – ХIV асрлар) нисбаси, адабиёт ва архитектура далолати билан ўзбек халқи этногенезига доир муҳим аниқлик топилгани ҳақида сўз боради.
Қарийб етти аср давомида халқимиз ажойиб олим, таржимон, ўта камтар аллома Носируддин Рабғузийнинг бизгача етиб келган ягона асари “Қисаси Рабғузий” китобини севиб ўқиб, қиссахонлардан эшитиб келган. Аслида пайғамбарлар қиссаларидан иборат мазкур бадиий обида моҳият эътибори билан ислом маърифатига мансуб бўлгани боис ҳам, айниқса, шўролар даврида омма учун зарарли ҳисобланган, асар устида эса дурустроқ тадқиқот ҳам ўтказилмаган.
Рабғузий асарида қайд этилган меъморликка алоқадор бир тарихий маълумот, аниқроғи, бир ишорат эътиборимизни тортганига анча бўлган. Китобда номи зикр қилинган Работўғуз – Работи ўғуз манзилини Хоразм сарҳадларидан қидириш керак эди. Амударё ва Сирдарё қуйи оқими оралиғида сақланган жуда кўп археологик ёдгорликлар – қадимги қалъалар, қўрғонлар вайрона ҳолда ҳамон сукут сақлайди, қадимги номлар ўрнини эса кўпинча афсонавий ривоятлар қатлами босиб қолган. Гарчи дастлабки номи сақланмаган бўлса-да, Амударёнинг кўҳна ўзани қирғоғидаги қадимги, нисбатан анча катта қалъа қолдиқлари Работўғуз эканлигини аниқлашга муяссар бўлдик.
ЎҒУЗ ЮРТИ. Даставвал, адиб Рабғузийнинг эътирофга молик қуйидаги таъкид сўзларини эслаб ўтайлик: “Бу китобни тузган, тоъат йўлинда тизган, маъсият ёбонин кезган, оз озуғлиғ, кўп ёзуғлиғ Работўғузнинг қозиси Бурҳон ўғли Носируддин…”, яъни бундан қозизода адиб Рабғузий Работи ўғуз номли марказда таваллуд топгани ва қадимий туркий ўғуз қавмига мансуб экани маълум бўлади. Муаллифнинг эътироф этишича, “Қисаси Рабғузий”ни ёзиш нияти 650 ҳижрий (милодий 1250) йил атрофида пайдо бўлган. Работи ўғузнинг янги беги, беклар авлодидан чиққан Тўқбуға (буға – доно маъносида) ҳам ислом динини қабул қилгач устози каби, Носируддин кунятини олади, Қуръон ўқишга ихлос қилади. Навқирон бек илтимосига кўра, Рабғузий ўз асарини 710 ҳижрий (милодий 1309/1310) йили ҳокимга бағишлов мадҳи билан туҳфа этади.
Работўғуз номи пайдо бўлиши исломият даври билан боғлиқ. Дастлабки работлар ислом йўлида курашчи ғозийларга мудофаа қалъалари вазифасини бажарган. Мазкур манзилда эса асосан ўғузлар истиқомат қилганига ҳеч қандай шубҳа учун ўрин қолмайди. Ниҳоят, энг муҳим хулоса: Работи ўғузда яшаб келган ўғузлар эски ўзбек тилининг ўғуз шевасида гаплашгани маълум бўлади. Бундай хулосанинг исботи учун “Қисаси Рабғузий” ҳар жиҳатдан далолат манбаидир.
Қадимги ўғузлар билан ўзбеклар шажараси ягона эканлигини алоҳида таъкидлашимизнинг сабаблари бор, албатта. Гап шундаки, ҳозирги замон тарих фанида ўғузлар – фақат туркманлар деган нотўғри тушунча анча кенг тарқалган. Ҳолбуки, Х – ХIII асрларда Ўрта Осиёнинг ҳамма жойида, яъни Еттисувдан Каспийгача бўлган бепоён минтақада асосан ўғузлар, яъни бизнинг аждодларимиз яшаган. Бу жойларда илгари ҳам, ҳозир ҳам асосан ўзбеклар истиқомат қилаётгани шундан далолат беради. Бинобарин, ўша ўғузларнинг аксарияти ҳозирги ўзбекларнинг аждодлари бўлган. “Қисаси Рабғузий” асарининг ўша даврдаги ўғуз тили ва адабиётининг, яъни эски ўзбек тили ва адабиётининг ноёб ёдгорлиги сифатидаги қадр-қиммати ҳам ана шунда.
РАБОТЎҒУЗ – ТЎҚҚАЛЪА. Ўзбек халқи учун муқаддас замин Работўғуз харобалари қадимги Хоразмнинг сон-саноқсиз археологик ёдгорликлари орасидан топилганига бир неча йил бўлди. Лекин дастлабки тахмин тарих ҳақиқатига айланиши учун воҳадаги жуда кўп қалъа, қўрғон қолдиқларини кўриб чиқишга, улардан топилган ашёвий далилларни текширишга тўғри келди. Энди қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, ўша Тўқбуға беклик қилган қалъа – Работўғуз ҳозирги давр ёдгорликлари рўйхатида қисқагина Тўққалъа номи билан қайд этилган экан.
Археолог олима А.Гудкованинг “Тўққалъа” китобидан маълум бўлишича, Нукус шаҳридан Ғарби-Шимол сари 14 километр юрганда, Амударёнинг эски ўзани (кенглиги 200 метрдан ошади) шарқий қирғоғи табиий дўнгликлари (текис атрофга нисбатан баландлиги 11 метр) устида қадимги қалъабанд улкан харобалар сақланиб қолган. Умумий саҳни 8 гектардан ортиқ майдон қаъридан қарийб йигирма беш асрнинг ашёвий далиллари топилган. Бу манзилда милоддан аввалги V асрдан милодий ХIХ асргача одамлар яшаб келган экан. Илгари замонларда бу мустаҳкам қалъабанд шаҳристон номи қандай бўлгани номаълум. Қадимги қалъа қаъридан зардуштийлар даврига мансуб жуда кўп сопол, маъдан парчалари, суяклар, битта оташгоҳ ҳам топилган. Қалъа ташқарисидаги қабристондан топилган сопол тобутчалар – остадон ташқи безагида мотам маросими тасвирларини кузатиш мумкин. VIII асрдан кейинги (яъни исломият билан боғлиқ) даврларга оид сон-саноқсиз қабрлар қалашиб ётибди. Пастликдаги жуда кўп уй-жой биноларини тошқин сувлар бузиб, ювиб кетгани аниқланган.
Тўққалъадаги зардуштий ўғузлар Х асрга келиб ислом динини қабул қилгани маълум бўлди. Одатга кўра, археологлар кўпроқ эътиборни қадимги давр қолдиқларини ўрганишга қаратиб (яъни милодий VII асргача), бизни қизиқтирган Х – ХII асрлар ёдгорликлари билан унчалик шуғулланмаган эканлар. Шундай бўлса-да, археологларнинг баъзи кузатишлари диққатга сазовор. IХ – ХI асрларда мазкур манзилда яшаган аҳоли илгариги каби этник жиҳатдан ҳозирги ўзбеклар, жумладан, Хоразм аҳолиси қиёфаси билан айнан ўхшашдир.
Академик Яҳё Ғуломов “Хоразмнинг суғорилиши тарихи” китобида Амударё қуйи оқимидаги аҳоли яшайдиган йирик манзилгоҳ – Тўққалъа ҳақида маълумот беради. Тарихий манбаларда (Абулғозий Баҳодирхон, Мунис, Огаҳий) Тўққалъа атрофи ХVI – ХIХ асрлар давомида деҳқончилик жойлари, деб қайд этилган. Дарё ўзани сувсиз қолган пайтлари аҳоли жуда қашшоқ ҳаёт кечирган.
Абулғозий Баҳодирхон “Шажараи турк”да Тўққалъа билан боғлиқ баъзи муҳим тафсилотларни ёзиб қолдирган: “Биз дунёга келмасдан ўттиз йил илгари Аму суви Хос (Хост) минорасининг юқорисини, уни Қора айғир тўқайи дерлар, ул ердин йўл ясаб оқиб, Тўққалъасина бориб, Сир (Орол) тенгизина қуйғон эркандир. Ул сабабдин Урганч чўл бўлубди”. Демак, 1573 йили Амударё Урганч яқинидаги ўзанини ўзгартириб, Тўққалъа ёнидаги эски ўзандан оқа бошлаган. Натижада Тўққалъа атрофи янгидан обод бўлиб, деҳқончилик учун асосий шарт-шароит, яъни суғориш тармоғи қайтадан тикланган. Абулғозий Баҳодирхон яна шундай ёзади: “Бизнинг хон Тўққалъасининг юқорисидин бир ариқ қаздуруб турурлар, фақирлар дунёга келмасдин бир йил бурун (яъни 1602 йили) Мезон бўлганда сақасини кўмарлар эрди. Буғдойни ўрган вақтда очарлар эрди. Бир неча йилдин сўнг ариқнинг кенглиги отган ўқ ўтмайдиган бўлди”.
Пойтахт Урганчда қурғоқчилик бўлган даврларда “хоннинг ўрдуси ва сипоҳ халқи Аму сувининг лабинда” яъни Тўққалъанинг қибла томонидан муваққат қалъа қуриб, истиқомат қилганлар. Бу ҳам Тўққалъа атрофидаги жойлар мавқеи Хоразм хонлиги учун ҳар жиҳатдан баланд бўлганини кўрсатади. Улкан қалъа маҳобати ҳар қандай одамни ҳайратга келтиради. Маҳаллий аҳоли орасида Тўққалъани қадим замонларда девлар қурган деган ривоят юраркан. Яҳё Ғуломов ривоятларга асосланиб, қалъа номининг келиб чиқишини “Тўк” (“тўкмоқ” феъли) сўзи билан боғлайди. Лекин нимани тўкмоқ устида гап бормоқда? Бу ҳақда ҳеч қандай изоҳ йўққа ўхшайди. Археолог Гуткова эса шу қалъа тарихига бағишланган махсус тадқиқотида ёдгорлик номини Тўққалъа деб қайд қилса-да, лекин бу номнинг келиб чиқиши ҳақида бирор фикр билдирмаган. Тарихий манбаларда ёдгорлик номи Тўққалъа, Туққалъа, Тукқалъа шаклида битилган. Бизнингча, ёдгорликнинг “Тўққалъа” деб аталишида кўпроқ мантиқ, ишончли тарихий далиллар борга ўхшайди. Тахминимизга асос бўлган баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтамиз:
Тарихдан маълумки, одатга кўра, меъморий иншоотлар, хусусан, карвонсарой ва работлар ўз соҳиблари номи билан аталиб келган: Улуғбек мадрасаси, Абдуллахон банди, Бекработ ва ҳоказо. Работўғузни қайта тиклаб, обод қилган Тўқбуғабек номи аҳоли орасида кейинроқ қалъа номига айланган. Тўқбуға қалъаси деган таъриф қисқарган ҳолда Тўққалъа номи билан довруғ қозонган. “Тўқ” сўзи (“тўқлуқ”) қадимги туркий номларда учрайди. Амир Темур сафдошлари қаторида Тўқбуға, Чинбуға, Оқбуға, Сари(қ)буға номли саркардалар бўлган. Тўққалъа деганда аҳоли дастлаб Тўқбуға беклик қилган работни тушунган бўлса, давр ўтиши билан мўл-кўл, бой, фаровон жой мазмунини касб этган; Тўққалъа (тўқлик) номи Тўкқалъага (“тўкмоқ” феъли)га нисбатан анча асосли, мазмунан муносиб кўринади;
Буюк мутафаккир, “Туркистон аҳлининг қиблаи дуоси” (Навоий таърифи) “Султон ул-орифин” Хожа Аҳмад Яссавийнинг (вафоти 1166 йил) Хоразмдаги улуғ шогирди Сулаймон Боқирғоний (вафоти 1186 йил) туғилган Боқирғон кенти Яҳё Ғуломовнинг аниқлашича, Кўҳна Урганч ва Тўққалъа яқинида жойлашган экан. Демак, мўғул истилоси давридаги оғир вайроналикларга қарамай, шу атрофда ХIII асрга келиб Сулаймон Боқирғонийдек шоир, Носируддин Рабғузийдек адибни етиштирган адабий-маданий муҳит мавжуд бўлганлиги ва “Қисаси Рабғузий”дек адабий-тарихий асар ўзбек тилида яратилгани, унинг Работўғуз билан боғлиқлиги алоҳида аҳамият касб этади. Бу ўринда ўзбек тили иборасини алоҳида таъкидлаётганимизнинг сабаби бор. Айрим тарихчилар Х – ХIII асрларда Амударё ва Сирдарё қуйи оқимидаги Орол денгизига яқин жойларда яшаган ўғузлар ҳақида бир ёқлама хулоса чиқарганликларини юқорида айтган эдик. Ваҳоланки, мўғул истибдоди даврида ўзбек тилида ижод қилган Сулаймон Боқирғонийнинг кенжа замондоши, адиб Носируддин Рабғузий ҳам ўзбек тилида (насрий ва назмий) бадиий асар ёзганига гувоҳ бўлаётирмиз. Демак, Работи ўғузда туғилиб тарбия топган Рабғузийнинг ўғуз тили эски ўзбек тилининг худди ўзидир. Турколог олим Э.Фозилов айтганидек, “қисса тили билан бугунги ўзбек тили орасидаги салкам етти асрлик вақт ўтганига қарамасдан, бу асар ҳозирги замон ўзбек тили илк тараққиёт даврининг ёдгорликларидан бири сифатида қаралмоғи мақсадга мувофиқдир”.
Олимлар “Қисаси Рабғузий”нинг тил хусусиятлари Ўрта Осиёдаги туркий тилларнинг барчаси учун муштарак илмий аҳамиятга эга эканлигини эътироф этсалар-да, мантиқан келиб чиқадиган бошқа муҳим хулосага теранроқ назар солмайдилар. Работўғуз фарзанди адиб Рабғузий туркий ўғузлар қавмига мансуб бўлган, “Қисаси Рабғузий” асари эса тил жиҳатидан бошқа туркийларга нисбатан ўзбек тилига ниҳоятда яқин, яъни ўзбек тилининг ХIII асрдаги Хоразм шеваси десак тўғрироқ бўлади. Бинобарин, қадимги тарихий манбаларда туркийларнинг энг катта ва қудратли қавми сифатида таърифлаб келинган қадимги ўғузлар (бошқача айтганда – ғузлар, ўзлар) вориси, тарихий давоми ўзбек номи билан тарих майдонига чиққан ўзбек халқи экани намоён бўлади. Ўзбек сўзи этимологиясининг ўғуз сўзи билан боғлиқлиги хусусида тарихчи олимлар Н.Норқулов ва Ў. Жўраевлар саккизинчи синфларнинг “Ўзбекистон тарихи” дарслигида айтиб ўтган нуқтаи назари ҳам эътиборга сазовор. Ана шуларга асосланиб, ўғузлар – қадимги ўзбеклар деган хулосага келамиз. Бундай хулоса моҳият эътибори билан Марказий Осиё тарихидаги ўғуз – ўз – ўзбек билан боғлиқ уч минг йилдан ортиқ тарихни ниҳоятда зийраклик билан таҳлил қилишни тақозо этади.
Работўғуз – Тўққалъа археологик ёдгорлиги ўзбек адиби Носируддин Рабғузий таваллуд топган замин сифатида аниқланиши ўша манзилга нисбатан алоҳида эҳтиром ва эътибор масъулиятини тақозо этиши табиийдир. 2009 – 2010 йили “Қисаси Рабғузий” асари Работи ўғуз беги Тўқбуғабекка туҳфа этилганига 700 йил тўлади.
ЎҒУЗ – ЎЗ – ЎЗБЕК. Муаммо моҳиятини янада чуқурроқ идрок этиш учун ишончли илмий қомуслардан маълумот қидирамиз. Аввалги Ўзбек энциклопедиясида (13-жилд) шундай жумлаларга кўзимиз тушади: “Ўғуз тили – … ўлик тил” (5, 631-бет)?? Бу тафсилот жуда ажабланарли. Ўғуз тилининг қадимги ривожланиш даври VI – ХI асрлардаги Ўрхун-Энасой битикларидан бошланган. Шундай бўлса, ривожланаётган тил қачон, қай сабабларга кўра тўсатдан “ўлик тил”га айланиб қолди? Бу саволга аниқ жавоб бериш ўрнига, ноаниқ, чалкаш, мужмал даъвони учратамиз. Маълумотга кўра, ўғуз тилининг қадимги ўлик тиллари ҳам бўлган экан, яъни Х – ХI асрлардаги ўғуз тили, бижанок ва узлар тили, салжуқийлар ва эски усмоний (усмонли турклар) тили. Ниҳоят, шўро даврида чоп этилган аввалги энциклопедиямиз қатъий хулоса чиқаради: “Ўғузлар туркманлар, озарбойжонлар, турклар, шунингдек, гагаузлар ва қорақалпоқлар этногенезида муҳим роль ўйнаган” (5, 631-бет). Эътибор беринг: ўзбеклар номи ҳатто тилга ҳам олинмаган. Ахир, ўзбеклар келиб чиқиши шажарасидаги ўқ томирни (ўзакни) ўғузлар ташкил этишини, ўғуз – ўз сўзи (кейинроқ ўзбек) кўрсатиб турганидек, Хоразм фарзанди адиб Носируддин Рабғузий ўз исми шарифи – нисбаси ва “Қисаси Рабғузий” асари орқали ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолдирмай исботлаб қўйган эди-ку!.
Адиб Носируддин Рабғузий қутлуғ нисбаси ва ноёб мумтоз асари орқали ўзбек халқи номи ва этногенезига доир муҳим маълумотни ўзида мужассамлантириб турибди. Амударё қуйи оқимидаги туғилган юрти Работи ўғузни дунёга танитар экан, айни вақтда ўзбекнинг қадимий ўзаги ўғуз эканлигини ҳам далолатлаб турибди. “Кун туғардин кун ботарға кошки тегса сўзларим”, деб орзу қилган ҳазрат Рабғузий хотираси учун ҳам бу улуғ саодатдир. Минг офарин, ёшулли!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 9-сонидан олинди.