Умр ўтиб бормоқда. Умр ўтган сари одам босиб ўтган йўлларини, бошдан кечирган йилларини тез-тез эслаб турар экан. Инсон босиб ўтган йиллар ва йўллар – нимадир улар? Масофами, вақтми ё бошқа нарсами? Менимча, улар умринг давомида сенга рўпара келган, ҳаётингда из қолдирган одамлар – дўстлар, қариндошлар, устозлар, сафдошлар. Афсуски, улардан анча-мунчалари аллақачон шоир Шайхзода таъбири билан айтганда, «ҳечистон» мамлакатига рихлат қилишган, лекин уларнинг руҳи поклари тирик, бот-бот ҳузуримга келиб туришади, гурунглашамиз, дардлашамиз, маслаҳатлар қурамиз. Вақт ўтган сари уларнинг ўрни билинади, кўпларининг сиймоси янада тиниқлашади, юзлари, кўзларидаги нур ўткирлашади. Бундай эслашлар, бундай хотиротлар ҳамиша кишига руҳ беради, бардам қилади, мамнуният бағишлайди. Ҳаёт йўлларимда шундай улуғ зотларга рўпара келган эканман, улар билан ҳамсуҳбат, ҳамфикр, ҳамдард бўлган эканман, демак, умрим унчалик ҳам беҳуда ўтмапти.
Бугун тонгда Зулфия опани эсладим. Нақадар олижаноб, нақадар нуроний аёл эдилар. Ўйлаб қарасам, Зулфия опа ўзининг шеърлари билан, иболи ва ҳаёли феъл-атвори билан, покиза эътиқодлари-ю, зукко фикрлари билан менинг ҳаётимда катта ўрин олган, маънавий дунёмнинг катта бир қисмини ташкил қилган инсон бўлган экан. У киши шундай улуғсифат аёл эдиларки, ҳар гал рўпара келганимда дарров ҳушёр тортар, кийим-кечакларимни тўғрилар, қадалмай қолган тугмаларимни қадар, сочларимни (ҳа, ҳа, сочларимни – бир замонлар бу тақир бош устида қопқора қалам сочлар ҳам бўлар эди) текислаб олардим – хуллас, у кишининг кўзига ҳар жиҳатдан ораста бўлиб кўринишга тиришардим. Мен Зулфиянинг номини уруш йилларидаёқ эшитган, унинг «Ҳижрон» деган шеърий тўпламини, «Уни Фарҳод дер эдилар» деган достонини ёд олиб, кўп жойларда ўқиб юрардим. Яқинроқдан танишиш кейинроқ насиб қилди.
1962 йилда Қозоғистонда ўзбек адабиёти декадаси бўлди. Декадага мен ҳам бордим. Самолётда Зулфия опа билан ёнма-ён ўтириб қолдик. Ҳар хил мавзуларда гурунглашиб, йўлнинг танобини тортиб бордик. Гап орасида Зулфия опа ярим ҳазил, ярим чин маъносида бирдан сўраб қолдилар:
–Озоджон, нега сиз менинг шеърларим тўғрисида ҳеч нарса ёзмайсиз? Ёки ёқмайдими?
Мен дудуқланиб нималардир деб жавоб бердим, лекин ўйланиб қолдим – дарвоқе, нима учун шу пайтга қадар Зулфия опа ҳақида ҳеч нарса ёзмадим? Яхши ижодни пайқамасанг, қувониб тар ғиб қилмасанг, сенинг тан қидчилигинг қаёққа боради? Шошма, сен Зулфия шеърларини ўқигансан, албатта, лекин уларни уққанмисан, бу шеърлар орқали шоирнинг қандай инсон эканини билиб олганмисан? Очиғини айтганда, ўша декада мен учун Зулфияни ҳам кашф қилиш декадаси бўлди.
Аэропортга қўнишимиз билан қозоқ дўстларимиз бизни қучоқ очиб кутиб олишди – аллақачон Собит Муқанов Ғафур Ғуломни қучоқлаб олиб, унга нималарнидир уқтиряпти. Ғафур ака чуст дўпписини яримта кийиб олиб, Собит оғага соф қозоқ тилида бир нарсалар деяпти. Сочлари оппоқ оқарган, новча бўйли Абдилда Тожибоев ҳассасини сермаб, Миртемирнинг теварагида гирдикапалак. Тавба, мен қозоқ ва ўзбек ёзувчиларининг иноқлиги, ижодий ҳамкорлиги тўғрисида кўп эшитган эдим-у, бунақа самимиятни, бунақа яқинликни кутмаган эдим.
Мен машинага Зулфия опа билан бирга ўтирдим. Бизга Турсунхон Абдураҳмонова деган қозоқ шоираси ҳамроҳ бўлди. Турсунхон бу йил саксон ёшга тўлар экан. Умри узоқ бўлсин, юзга кирсин. Лекин мен бу шоиранинг саксонга кирганини ҳеч тасаввур қилолмайман. У очиқ чеҳрали, хушсуврат, ўта дилбар бир аёл сифатида эсда қолганди. Зулфия опани билар экан, бир зумда қувноқ гурунг бошланди. Турсунхон яхши шеърлар ёзиш билан бирга жуда чиройли қўшиқлар ҳам айтар экан. Манзилга етиб боргунимизча, уч-тўртта ажо йиб ўланни қоралаб ташлади.
Қозоғистон диёрида кўп учрашувлар бўлди, ҳар учрашувда Зулфиянинг номи алоҳида тилга олинар, ундан шеър ўқиб беришини талаб қилишарди. Қозоқларнинг бизнинг шоирамизга муҳаббати шу қадар чўнг эканки, бир-икки жойда у фавқулодда ўзига хос тарзда намоён бўлди. Сафар давомида биз Кўкчатовга бордик. Бениҳоя гўзал маскан экан. Чиройли қарағайзорлар теварак-атрофга муаттар ҳидлар таратади. Енгил туман ичида элас-элас кўринаётган тоғлар ҳавода муаллақ турганга ўхшайди. Лекин Кўкчатовнинг довруғи тоғлари-ю, ўрмонларида эмас, кўлларида экан. Бир вилоятнинг ўзида катта-кичик саксонта кўл. Сувлари тиниқ, бамисоли кўзгуга ўхшайди. Унда соҳилдаги дарахтлар ҳам, тип-тиниқ осмон ҳам акс этиб, ўзгача жозиба касб этган. Айниқса, Ойнакўлнинг гўзаллиги ҳар қандай таърифдан юқори. Қирғоққа яқинроқ жойда сув ичидан каттагина қоятош чиқиб турипти. Бу тош дарҳол сув париларини эслатди – бунақа гўзал кўлда, кўлдан-да гўзал сув парилари, бўлса не ажаб. Энг қизиқ воқеа бироз кейин – тушлик вақтида рўй берди. Тушлик шеърхонликка, шеърхонлик қўшиққа уланиб кетди. Гурунг авжи қизиб турган бир пайтда қозоқ шоирларидан бири туриб, Зулфияга бағишлаган шеърини ўқиб берди. Унда шоир бояги таърифи кетган Ойнакўлни Зулфияга тортиқ қилган эди. Гарчи бу совға рамзий бўлса-да, Ойнакўлни кўтариб кетишнинг иложи бўлмаса-да, ҳаммамизни жуда хурсанд қилди.
Бир-икки кундан кейин Балхашга бордик. Кундузги учрашувлардан кейин бироз дам олиб, оқшомги адабий кечага жўнашимиз керак эди. Бирдан Зулфия опа ғойиб бўлиб қолдилар. У кишининг қаерда эканини ҳеч ким билмайди. Мезбонларимиз эса мийиғларида сирли кулиб, «хавотир олманглар, келиб қоладилар» деб бизни тинчитган бўлишди. Дар ҳақиқат, қоронғи тушганда Зулфия опа кириб келдилар – у кишининг ёнида чипта қопга ўралган узун нарса кўтариб олган учта одам бор эди. Маълум бўлишича, улар Балхаш балиқчилари экан. Зулфия опа билан учрашувга кўпдан бери муштоқ эканлар. Шоиранинг Балхашга келишини эшитиб, шоиранинг ўзи билан гаплашиб, уни денгизга ўхшаган улкан кўл бўйига олиб кетишипти. Шеърхонлик бўлипти. Қўшиқлар куйлашипти. Балиқхўрлик қилишипти. Хуллас, тўйиб дийдорлашипти. Балиқчилар кўп машаққатлар чекиб, шоирага совға қилиш учун икки метр келадиган осетра балиғини ушлаб қўйишган экан. Бояги чиптага ўралган узун нарса осетра балиғи экан. Билмадим, кейин балиқ нима бўлди – Тошкентга олиб келишдими ё ўша ерда қолиб кетдими? Лекин бунинг аҳамияти йўқ эди. Муҳими, қозоқ меҳнаткашлари шоирага бўлган ҳурмат-эҳтиромини ифодалашнинг ғоят инсоний ва оригинал йўлини топишган эди.
Ўшанда қозоқ дўстларимизнинг Зулфияга муносабатини кўриб хижолат тортиб кетдим – шоиранинг довруғи шунчалик бўлса-ю, танқидчилар у томонга бир қиё боқмаса?
Кейин Ўзбекистонда ҳам Зулфиянинг ижодий кечаларида кўп қатнашдим. Яйпанда, Попда, Мар ғилонда, Тошкентда. Қўқондаги бир учрашув ҳам ғоятда мароқли бўлган эди. Қўқонликлар шоирага сиёҳдон совға қилишди. «Бу Нодирабегимнинг сиёҳдони. Нодирабегим сизга қаламини ҳам мерос қолдирган. Сиз Нодираи давронсиз. Нодира айтолмай кетган қўшиқлар сизнинг қаламингиздан тўкилсин», дея лутф қилишди. Зулфия опанинг довруғи бутун жаҳон бўйлаб таралган эди. Қайсин Қулиев, Давид Куғултинов, Мустай Карим каби улкан санъаткорлар унинг яқин дўсти эди. У халқаро «Нилуфар» ва Неру номидаги мукофотларнинг соҳибаси бўлганди. Лекин мукофоту унвонлар орасида битта унвон бор эдики, бу билан Зулфия опа алоҳида мағрурланарди. У Ўзбекистон халқ шоираси эди. Шунинг учун бўлса керак, «Бахтим шулки, ўзбекнинг Зулфиясиман» дея хитоб қилганди. Мен, албатта, Зулфия опа ҳақида ёздим, унинг тўғрисида бир адабий портрет яратдим, янги шеърий китобларига тақриз ёздим, мақолаларда унинг тўғрисида мулоҳазалар юритдим. Лекин айтмоғим керакки, менинг ёзганларим бу улкан шоиранинг ижоди олдида урвоғ ҳам бўлолмайди. Мен унинг нафосатини, гўзаллигини, фикрий бойлигини кўнгилдагидек, ўша шеъриятга муносиб тарзда очиб беролган эмасман. Мана ҳозир ҳам ёзяпман-у, лекин қаламим эски ўрганиб қолган маддоҳлик йўлига тойиб кетаётганини сезиб турибман. Нечундир менинг тасвиримда Зулфия опа фаришта мисол бўлиб чиқяпти. Ҳолбуки, у инсон эди ва ҳар қандай инсон ҳаёт йўлида дуч келадиган ҳамма синовлар, машаққатлар, изтироблар унинг ҳам бошига тушган эди. Кўпгина шеър ларида Зулфия опа ўзининг «кемтик бахти» ҳақида гапиради. Умрининг сўнгида ёзган «Хотирам синиқлари» достонида эса ўша машаққатлар тўғрисида бениҳоя мардоналик билан ёзади. Бу асар теранлиги ва мардонаворлиги билан менга Анна Ахматованинг «Марсия» («Реквием») деган асарини эслатади.
Шоиранинг шеърлари ҳақида, уларнинг латофати, инсоний жозибаси, теранлиги тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин мен бугун бош қа бир саволга жавоб излаяпман – Зулфияни одамларга ардоқли қилган, адабиётимизнинг ёрқин юлдузларидан бирига айлантирган, ХХ асрнинг буюк аёллари қаторига қўшган асосий омил нима? Менимча, бу унинг эътиқоди, жуда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатлари, дили билан тилининг бирлиги, шеърларида мадҳ этган инсонийлик, вафо, садоқат ва диёнат деган нарсаларга ўзи ҳаётда оғишмай амал қилганида. Истеъдод улуғ неъмат, лекин истеъдоднинг ўзи билан иш битмайди, шекилли. Минг афсуски, бизда айрим истеъдодли шоирлар ва шоиралар бор, бироқ улар ўзларининг истеъдодларига берилиб кетадилар-у, шунга яраша инсон сифатида ҳам улуғ бўлиш кераклигини унутиб юборадилар. Бунақа одамнинг ижоди бирон-бир тайинли қимматга ёхуд салмоққа эга бўлолмаслиги ўз-ўзидан аён. Зулфия опанинг ибрати шундан далолат берадики, ҳар қандай истеъдоднинг ёнига инсоний фазилатлар қўшилсагина, ижод муайян салмоқ касб этади. Бунга эса бутун умр бўйи давом этадиган машаққатли меҳнат билан, астойдил жон куйдириш билан эришилади. Зулфиянинг оилавий ҳаёти, муҳаббати тарихи кўпчиликка яхши маълум. Зулфия шоир Ҳамид Олимжонни севиб, у билан 1935 йилда турмуш қурди. Бироқ орадан тўққиз йил ўтгач, ногаҳоний фалокат туфайли иккита фарзанд билан эридан бева қолди. Кейин эса умрининг охиригача Зулфия Ҳамид Олимжонга муҳаббатини боши устига қўйиб, авайлаб, асраб, гард юқтирмай олиб ўтди. Баъзан Зулфия тўғрисида икки болани отасиз катта қилди, дейишади. Менингча, бу унчалик тўғри эмас, чунки Ҳамид Олимжон руҳан ўз хонадонини бирон кун ҳам тарк этган эмас. Деворлардаги сувратлардан Ҳамид Олимжон йирик-йирик кўзлари билан муттасил Зулфияга, фарзандларига қараб, уларнинг ҳолидан хабар олиб турарди, жавондаги китоб лардан унинг салобатли овози эшитилиб турарди. Отанинг руҳи тирик бўлса, у оиланинг ҳамма ишларида, шу жумладан, болалар тарбиясида ҳам иштирок этаверар экан.
Зулфия – атоқли шоира, йирик давлат арбоби, жамоат ишларида фаолият кўрсатади, эл назаридаги инсон. Лекин у биринчи навбатда аёл, аёл бўлганда ҳам ўзбек аёли эди. У аёл сифатида муайян бурчга эга эди, Ҳамид Олимжондан эрта айрилган фарзандларини ўстириб, одам қилиб етиштирмоқ керак эди. Бу эса – эҳ-ҳе, дунёдаги энг қийин, энг машаққатли ишлардан бири. Қизиғи шуки, сиз фарзандларингизни моддий неъматларга кўмиб юборишингиз мумкин. Улар яхши кийиниши, еб-ичиши, шуҳратингиз шуъласида гердайиб юришлари мумкин. Лекин буларнинг ҳеч қайсиси фарзанднинг қобил бўлиб чиқмоғи учун етарли бўлмаслиги мумкин. Нима учундир у наркоман, безори, бузуқ, ўжар, ўғри бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас. Зулфия опа 30 ёшида бева қолган эди – у 30 яшар аёлга аталган бу дунёнинг жами ҳузур-ҳаловатидан, лаззатидан кечди, қалбининг бутун қўрини фарзандларига бағишлади. Бунинг оқибатида қизи Ҳулкар олима бўлди, нафақага чиққунига қадар дорилфунунда дарс берди, Ойбек домлага муносиб келин бўлди, ўғли Омон эса – мана, қирқ йилдирки, Олий Мажлисда ишлайди. У бу ерга оддий корректор бўлиб ишга кирган эди, кейин маслаҳатчи бўлди, бўлим мудири даражасига кўтарилди, ҳозир эса Олий Мажлиснинг депутати, хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос. Энг қизиғи шуки, мен Ҳулкарни ҳам, Омонбекни ҳам қирқ йилдан бери биламан, лекин ҳали уларнинг бирон марта калондимоғлик қилганини, бурни кўтарилганини, бошқаларни менсимай қўйганини кўрган эмасман. Бинобарин, Зулфия опа ўзининг оналик бурчини ҳам жуда ўринлатиб адо этди – жамият учун яхши фазилатларга эга бўлган икки ажойиб инсонни тарбиялаб етказиб берди.
Зулфия опа ўзбек шеъриятида ўзига хос бир мактаб яратган эди. Унинг шогирдлари кўп эди. Булардан айримлари – Ойдинхон, Қутлибека ва бошқалар бугун Зулфия опанинг чироғини сўндирмасликка ҳаракат қилиб, самарали ижод қилмоқда. Шоира шо-гирдлари билан бирга гўзал бир шеърият чаманини яратиб кетди. Хўш, бугун бу бўстон қай аҳволда? Унинг ҳолидан огоҳ бўлиб, парваришига қараб турган шеършунослар, шеърпарастлар борми?
Албатта, бугунги шеърият ўз ҳолига ташлаб қўйилган десак ҳақиқатдан узоқ бўларди. Забардаст шоирлар бор, уларнинг танланган асарлари, янги тўпламлари чиқиб турипти. Шу билан бирга шоир Эркин Воҳидов айтган «даҳо шеърлар» яратилмаяпти. Шеъриятда борган сари майдалашиш ҳолати содир бўляпти. Айрим шоирлар ўзи билган нарсаларни ёзиш ўрнига сунъий гапларни тўқиб чиқаради, ясама гапларни гапиради. Баъзилар ҳали йигирмага тўлар-тўлмас «куйдим-пишдим»га ўтишади, «о, дастингдан дод дунё» деб ҳайқиради, баъзилар «чархнинг мен кўрмаган дарду балоси қолдиму?» деган саволларга кўмиб ташлайди, яна баъзилар чиллага кирган мулладек, шеърда чилъёсунлар ўқишади. Баъзан шоирлар изланиш қиламан деб шунақа кўчаларга кириб қолишяптики, ёқа ушламай иложинг йўқ. Яқинда бир шоирнинг шеърини телевизорда таҳлил қилишди. Унинг ёри бетоб экан. Узоқдан ўртоғи кўринипти– у қизнинг аҳволи ҳақида хабар олиб келипти. У етиб келгунча, шоир хавотир ичида кутиб турипти. У келиб, «отанг вафот этди» дебди. Шоир хурсанд бўлиб кетипти (ёри ўлмаганига бўлса керак -да). Асарни мақтаган туппа-тузук шоирлар худди ана шу жойни «ички дунёни очишдаги янги кашфиёт» деб тақдим этишди. Кашфиёт ўлсин шунақа бўладиган бўлса! Бунақа гаплар шеър-да чинакам шеърият, нафосат ўрнига, саҳнада кўрсатиладиган ясама ўйинлар, сунъий қилиқлар кўпайиб кетаётганини кўрсатмайдими? Оқ қоғознинг тили, забони йўқ – нимани ёзсангиз чидай беради, аммо истеъдоднинг истеъдодлиги шундаки, у нимани ёзишни билишдан ташқари, нимани ёзмаслик кераклигини ҳам яхши билиши керак.
Майли, бу гапларни қўяйлик. Сиз ҳамма шогирдларингизга бутун жону жаҳонингизни бахш этган эдингиз, ўзбек шеъриятининг зулфиялари ўнлаб ва балки ундан ҳам кўпроқ бўлишини истардингиз. Аммо наилож – беш қўл баравар эмас экан, шогирдлар ҳам панд берар экан. Уларнинг нобакорлиги, хиёнати, вафосизлиги – устознинг ҳаёти давомида кечирадиган жабру жафолари ичида энг аламлиси, юракда битмас чандиқ қолдирадиган зарба бўлар экан. Эсингиздами, қайси бир йили қайси бир вилоятга бориб, кундузи пахта териб, оқшомлари ҳовли деворига таппи ёпиб юрган бир қизни топиб келган эдингиз. Афсуски, у ишончингизни оқламади, Сизга муносиб шогирд бўлолмади…
Ҳа, истеъдод дегани бу фақат маҳорат эмас, балки тил ва дилнинг бирлиги ҳам экан. Шеърий маҳорат сиздагига ўхшаб юксак ахлоқий-маънавий принципларга таянгандагина ижод бутун халқ ардоқлайдиган, кўп замонлар мобайнида унутилмайдиган қадриятга айланар экан.
Бугун тонгда руҳи покингиз билан яна бир марта гурунглашдим, Зулфия опа. Ва яна бир карра амин бўлдимки, ўзбек адабиёти ХХ асрда ҳар қанча зиддиятли, машаққатли ва мураккаб йўлни босиб ўтган бўлмасин, унда бир қатор том маънодаги ижодкорлар етишиб чиқди. Бугунги истиқлол кунларида уларнинг ижодлари янги қирралари билан намоён бўлмоқда. Шу порлоқ юлдузлар ичида сиз ҳам олдинги қаторлардасиз, Зулфия опа!
Сизни жуда соғиндим!
Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 10-сонидан олинди.