Ижодкор ва унинг асарларини дарахт ва унинг мевасига ўхшатиш мумкин. Бирор мева уни етилтирган дарахтдан ортиқ бўлолмагани каби бадиий асар ҳам унинг муаллифи даражасидан баланд бўлолмайди. Шу маънода, атоқли адиб Одил Ёқубов асарларидаги Улуғбек, Али Қушчи, Қаландар Қарноқий, Беруний, Маликул шароб, Ибн Сино, Нормурод домла, Суюн Бургут, Отақўзи сингари эътиқодидан қайтмас тимсоллар муаллиф шахсиятидан сувлангандир. Шунингдек, Шариф ва Муқаддас («Муқаддас»), Воҳид ва Розия («Тилла узук») Қулаҳмад, Салтанат ва Камол («Бир фельетон қиссаси»), Самиғ ва Матлуба («Матлуба»), Ҳикматилла, Бегимқул ва Нилуфар («Биллур қандиллар»), Акрам ва Сайёра («Қанот жуфт бўлади»), Марико («Қайдасан, Марико!») образларини яратиб, Одил Ёқубов миллий насрни ўзига хос қаҳрамонлар тасвири билан бойитди. Бу асарлардаги аксарият тимсоллар софлик ва самимиятни ифодаловчи қаҳрамонлардир. Улар ўз суйганларидан софлик ва ҳаққонийлик талаб қилишади. Бирда бу хусусиятлар улар ҳаётига мазмун бағишласа, бирда чигалликлар келтириб чиқаради.
Одил Ёқубовнинг барча асарларида ўқувчи диққатини ўзига тортиб турувчи сюжет тиғизлиги, китобхонни ўйлашга ундовчи сирлилик, воқелар ривожида шиддат бор. Унинг қаҳрамонлари шунчаки тирикчилик ўтказмайдилар, балки тўлиқиб яшайдилар. Бу асарларда инсоннинг чигал ва ҳамиша ҳам тушунарли бўлавермаган туйғулари тадқиқ этилган. Шунинг учун уларда севишганлар тақдири, келажакдаги ҳаёти сирлилигича қолади. Айни шу сирлилик уларни ўқишли қилган.
Ижодининг илк даврида драмалар ёзган адиб ўттиз йил мобайнида саҳна асари яратмади. 90-йилларга келиб, у яна драматургияга қайтиб, соҳибқирон Амир Темур ҳаётининг сўнгги кунлари тўғрисида пиеса яратди. Бетакрор шахсияти ва жаҳоний зафарлари туфайли Амир Темур кўплаб асарларга қаҳрамон бўлган. Уларда, асосан, Соҳибқироннинг жангчи, арбоб, ҳукмдор каби қирралари ёритилган. О.Ёқубов “Фотиҳи музаффар ёки бир париваш асири” драмасида Амир Темурнинг бевосита ўзига дахлдор ишларда кўнгил майлларини жиловлаб яшагани, раият кўз ўнгида дину диёнатда бенуқсон инсон эканлиги жуда ишонарли акс этган.
2000 йилда ёзилган «Бир кошона сирлари» драмасида кечагина оддий дўкондор бўлган кўркам ва шаддод Дилора билан унинг қўлида ишлаган юкчи, эндиликда катта бойлик эгаси Сарвар ўртасидаги чигал муносабатлар тасвирланган. Кошонада ҳамма нарса бор, лекин турмуш нотинч. Асар воқеалари моддий бойлик билан маънавият, ўткинчи майллар билан асл туйғулар, боқий қадриятлар орасидаги зиддиятларга қурилган. Пиесада инсоний бахт учун ҳисобсиз моддий бойлик етарли бўлмаганидай, фақат истеъдод, ҳалолликнинг ўзи ҳам кифоя эмаслиги кўрсатилади. Драма воқеалари кошонадаги бадавлат хонадон ва уларнинг ён қўшниси бўлмиш камтар зиёлилар оиласида параллел кечади. Бир қарашда камтарона ҳаёт кечираётган покиза оила қўшни бадавлат оилага қарши қўйилаётгандай туюлади. Бироқ драматург бундай жўн йўлдан бормайди. Эру хотин зиёлиларнинг бой қўшниларга муносабати икки хил: эр Сарварлар турмушидан ҳазар қилади, хотин эса қўшнилари ҳам тушунилиши керак бўлган одамлар, деб ҳисоблайди.
Воқеалар давомида зиёлилар оиласида ҳам ички зиддиятлар намоён бўлади. Жарроҳ Дарвешали турмуш ўртоғи Гулнозани қанчалик севмасин, унинг кўйида телбаларча ёнмасин, бу дилбар аёлга тўкис бахт беролмайди. Улар — тирноққа зор. Гулноза ҳам эри ва устози Дарвешалини қанчалик ҳурмат қилмасин, қандайдир бегоналик туяди. Асарда бу ҳолатлар ошкор айтилмайди, улар илғаб олинади, ҳис этилади ва қандай ниҳояланиши юрак ҳовучлаб кутилади. Драмадаги барча етакчи персонажлар, аслида маънавий гўзал шахслар. Улар бахту эҳтиромга лойиқ.
О.Ёқубов — миллий романчиликни бир неча поғона юксалтиришга эришган ёзувчи. Унинг «Эр бошига иш тушса» (1969), «Диёнат» (1973), «Улуғбек хазинаси» (1974), «Кўҳна дунё» (1983), «Оққушлар, оппоқ қушлар» (1988), «Адолат манзили» (1997), “Осий банда” (2007) каби романларида турли замонларга мансуб қаҳрамонларнинг руҳий олами, маънавий дунёси, изтиробу қувончлари самимият билан акс эттирилган. Ёзувчи ижодидаги дастлабки йирик асар — «Эр бошига иш тушса» романида иккинчи жаҳон уруши даврида фронт ортидаги ўзбек қишлоқлари ҳаёти, Машраб, Қўчқор, Гулчеҳра, Муяссар, Барно, Эртоев каби қатор образлар ҳаётий ва бадиий мантиққа мувофиқ тасвирлаган. О.Ёқубов роман қаҳрамонларини «йўриғига» солмайди, уларга ўз қарашини ўтказишга уринмайди, балки ўз ҳолига мувофиқ тасвирлайди. Романда чинакам ўғил болалар бошига иш тушганда, жуда тез етилиб, кўпчиликнинг корига ярайдиган кишиларга айланиши шўх ўспиринлар тақдири мисолида жонли тасвирланади.
Шўро даври адабиётида ўзбошимча раҳбар образи кўп яратилган, уларнинг аксарияти нуқул салбий хусусиятлар қоришмасидан иборат қилиб кўрсатилган. О.Ёқубов бу йўлдан бормади. “Диёнат”да Отақўзи табиатида ҳам кучли, ҳам ожиз томонлари бор тирик одам тарзида тасвирланган. Унинг фикрлари соғлом, билим доираси кенг, ишлаб чарчамайди, катта ташкилотчилик қобилиятига эга. Аслида дилкаш ва танти бу қаҳрамон манфаатига зид келиб қолса, ҳақиқатнинг юзига оёқ қўяди, кўзлаганига эришиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди… Ёзувчи Отақўзи тимсолини тасвирлашда меъёрни сақлайди, унинг табиатидаги инсоний хусусиятларни ҳам кўрсатади. Унинг домла вафот этгандан кейинги ҳолатлари, фикр-ўйлари, айниқса, табиий ва ҳаяжонли акс этган.
Асарда Нормурод домла ҳаёти ҳам маҳорат билан тасвирланган. Домла — табиатан ҳалол ва тўғрисўз. Бу хусусияти домланинг жияни Отақўзига қарата: «Нега энди мен… қариган чоғимда… сенинг ўғлингни деб, виждонимга қарши иш тутар эканман», деганида яққол намоён бўлади. У Отақўзининг қишлоқдаги бошқа ножоиз ишларига ҳам қарши чиқади. Муаллиф Нормурод домла образига хос етакчи фазилатлар: диёнат, ҳалоллик, эътиқоднинг жозибасини, таъсир кучини, қудратини кўрсата олган. Домла — адоқсиз мусибатлар гирдобида қолган шахс бўлса-да, ночор кимса эмас. Адолатпарвар, диёнатли бу одам қаршисида ҳар қандай нопок шахс ўзини ожиз сезади. Романда инсон диёнат ва хиёнат оралиғида умр кечириши, агар имонга дарз кетса, киши хиёнат томон оғиб кетиши ҳеч гап эмаслиги Отақўзи тақдири мисолида кўрсатиб берилган бўлса, ҳалол одамлар ҳаёт тарзи Нормурод Шомуродов сиймосида ҳаққоний акс эттирилган.
«Улуғбек хазинаси» романи туркий адабиётларнинг умумий ютуғи бўлган асардир. Роман олим ва шоҳ Мирзо Улуғбек қирқ йил давомида яратган ва тўплаган бойлик бўлмиш китобларни, унинг илмий мактаби вакилларини асраб қолиш йўлидаги воқеа-ҳодисалар тасвирига бағишланган. Аммо бу воқеаларни кўрсатиш адиб учун бош мақсад бўлмай, Улуғбек, Али Қушчи, Мавлоно Муҳиддин, Абдуллатиф, Салоҳиддин Заргар, Қаландар Қарноқий, Хуршидабону образларига хос жиҳатларни тасвирлаш учун фон вазифасини ўтайди. Бу қаҳрамонлар табиатига хос жиҳатлар, уларнинг ички дунёларини очиш жараёнида Улуғбек даврининг бадиий тарихи яратилади.
Ёзувчи романда тарихда бўлиб ўтган воқеаларни қайд этишга эмас, балки тарихий шахсларнинг руҳий оламини очишга эътибор беради. Абдуллатиф табиатидаги падаркушлик илдизини унинг ўз отасига қарши кайфиятдаги мутаассиблар таъсирида тарбияланганида кўради. Абдуллатифни тахт йўлида ҳеч нарсадан қайтмайдиган қонхўр одам сифатида эмас, балки ўқимишли, синчков, истеъдодли, жасур, аммо ўзини отаси томонидан қадрланмаган ўғил деб биладиган шубҳакор шахс тарзида тасвирлайди. Бу ҳолат Абдуллатифнинг Улуғбекка айтган: «Балли Сиздай падарга! Сизнинг яхшилигингизни билурмиз. Тарноб жангида жонбозлик кўрсатган ким? Мен! Аммо музаффар ёрлиғи кимнинг номига битилди? Суюкли фарзандингиз Абдулазиз… Ихтиёриддин қалъасидаги бобом Амир Темурдан қолган тиллаларимни тортиб олган ким? Яна сиз, валинеъмат падарим! Не чора? Муте фарзанд индамай бош эгдик ва лекин бас! Соҳибқирон олтинларини қайга яширдингиз, соябони марҳамат?» сўзларида яққол кўзга ташланади. Муаллиф Абдуллатифнинг хатти-ҳаракатлари сабабини очишга, унинг саъжиясидаги кўздан яширин жиҳатларни тасвирлашга эътибор қаратган.
Улуғбек шахсиятига доир чизгиларни беришда ёзувчи ёлғиз оқ ранглардан фойдаланмай, уни оғир ўйлар гирдобида қолган шахс сифатида кўрсатади. У Али Қушчи билан суҳбатда: «Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очмоқни тилаган, фозилликни даъво этган мавлоно, ҳайҳот, охир-оқибат барча шоҳ, барча тахт соҳибларидай салтанатни деб ўз пушти камаридан бўлган фарзанди ила тахту тож талашибди-да, деган ном қолдиришдан қўрқамен», дейди. Бу тасвирда узоқни ўйлайдиган мутафаккир тийнати намоён бўлади. Абдуллатиф билан баҳсда эса Улуғбек табиатидаги бошқа жиҳат яққол очилади: «Ота сўзини амри вожиб деб билурсанми, йўқми, ихтиёр сенда. Ва лекин сўнгги насиҳатимни эшит, хоҳла ўз падарингни қатл эт, хоҳла Мовароуннаҳр сарҳадидан ҳайдаб, дарбадар қил, боз ихтиёр сендадур. Лекин ёлғиз тилагим: илм йўлида отанг қилган ишларга, унинг шогирд ва устозларига тегмагайсен. Тегсанг, ….ота қарғишига учраб тоабад бадном бўлурсен!. Ота рози — худо рози, ёдингда бўлсин: ал қасосил миналҳақ! Ҳеч бир ёмонлик интиқомсиз қолмайдур! Сенга айтадурғон бошқа сўзим йўқ! Чақир ясовулингни!». Бу тасвир ўқувчи кўз олдида бир умр ҳукмфармонлик қилган ёвқур темурийни гавдалантиради. Фозил ота ва тахтпараст ўғил ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар асносида уларнинг характерларидаги фазилат ва иллатлар намоён этилади.
Адиб сиртдан шафқатсиз ва адолатсиздай кўринган ҳаётнинг, аслида, ғоят адолатли ва меҳрибон эканлигини асардаги деярли барча қаҳрамонлар қисмати мисолида яққол кўрсатиб беради. Роман ўқилгач, Улуғбекнинг хазинаси фақат у йиққан китоблардангина иборат эмаслиги, бу хазина, аввало, одамлар орасидаги адолат, имон, эътиқод, ҳалоллик сингари қадриятлар экани, бу ганжина ҳеч қачон йўқолиб кетмаслигига ишонч ҳосил қиламиз.
О.Ёқубовнинг олам ҳодисалари ва одамнинг моҳияти ҳақидаги изтиробли ва залворли ўйлари «Кўҳна дунё» романида ўзгача бир йўсинда акс этган. Бу асар нафақат адиб ижодида, балки ўзбек миллий романчилигида тамомила ўзига хос ҳодиса. Муаллиф турлича табиатли шахслар қисмати мисолида инсон, унинг ҳаётдаги ўрни, тақдир, адолат, ҳақиқат тўғрисидаги фалсафий қарашларини ифодалаган. О.Ёқубов “Кўҳна дунё”да инсон ҳаётининг маънисини англамоқчи бўлган мутафаккир сифатида кўринади. Зеро, кўҳна дунёнинг чигаллиги, тушунарсизлиги ҳайратга солади. Бу дунёда асл қолиб, кўпинча, сохта нарса эътибор топади, яхши эмас, ёмон эзгу ва олижаноб, деган ном чиқаради.
Ёзувчи талқинидаги дунё ва одамлар бир қатламли, бир таркибли эмас, улар ғоят мураккаб ва ўта чигал тўқималардан иборат. Шунинг учун ҳам қиличидан қон томган султон тимсоли ҳам ўқирманни нафратлантирмайди, ачинтиради. Умрида бирор кишига яхшилик қилмаган ёвуз Пири Букрийга кишининг раҳми келади. Муаллифнинг маҳорати шундаки, у Ғазнавийдай ҳукмдорни гоҳ шафқатсиз жаллод, гоҳ ожиз банда, гоҳ кўнгли бўш одам сифатида тасвирлайди ва ўқирманни бунга ишонтиради.
Романдаги Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Ғазнавий, ибн Шаҳвоний, Али Ғариб, Абу Ҳасанак, Амир Масъуд, Хатлибегим образларининг талқини ўзбек адабиёти учун янгилик бўлди. Чунончи, ёзувчи ибн Синонинг қанчалик буюк табиб эканлигини кўрсатиш сингари одатий йўлдан бормайди. У табибнинг тенгсизлигини эмас, балки кўҳна дунёнинг ўйинлари тушунарсизлигини тасвирлашни мақсад қилиб қўяди. Машҳур табибни топиш чўзилиб кетганидан қўрққан вазирлар: Али Ғариб ва Абу Ҳасанак шоҳга олғир ва шуҳратпараст табиб Шаҳвонийни ибн Сино деб рўпара қилишади. Шоҳнинг касалини ҳам, уни даволаш йўлини ҳам билмаган Шаҳвоний унга тинмай афюн беради. Афюн таъсирида шоҳ маълум муддат оғриқдан қутулади. Адиб касал шоҳ, айёр аёнлар ва муттаҳам табиб муносабатларини кўрсатиш орқали дунёнинг азалий тартибини ўзгартириб юборадиган манфаатпарастлик, фойдахўрлик, ёлғончилик, сохтакорлик сингари иллатлар инсон табиатига бу қадар чуқур ўрнашиб қолганлигининг сабабларини тадқиқ қилишга уринади.
Кўҳна дунёнинг ишлари, кўпинча, кутилмаган ўйинлардан иборатлиги шундаки, шоҳнинг синглиси Хатлибегим бошчилигида чин Ибн Сино топтириб келинганда, муттаҳам Шаҳвоний ҳам, ёлғончи вазирлар ҳам, энг даҳшатлиси, табибдан нажот кутаётган султоннинг ўзи ҳам уни тан олишмайди, сохта ва товламачи сифатида саройдан чиқариб юборишади. Кўриниб турган ҳақиқатни қабул қилдириб бўлмаслиги бу эски дунёнинг адолатими ёки адолатсизлигими? Одамзод бундай ноҳақликлардан қачондир қутула оладими?.. Ёзувчи саволлар қўяр экан, уларга жавоб беришни даъво қилмайди. Роман ўқувчиларни шулар ҳақда ўйлашга ундайди.
Ижодидаги алоҳида босқич бўлган «Кўҳна дунё» асарида Ғазнавийни бирда қонхўр ва шафқатсиз шоҳ, бирда меҳрибон инсон, тадбирли сиёсатчи сифатида кўрсатар экан, ёзувчи унинг руҳий оламини теран очишга эришади. Асарда руҳий ҳолатлар ўта шиддат билан ўзгариб туради. Унда сирлилик, жумбоқ, тушунарсизлик кўп. Аслида, инсон ҳаётининг ўзи бошдан-охир жумбоқдан иборат. Шунинг учун ҳам роман сўнгида ибн Сино айтган: «Ибн Шаҳвоний тақдири азалнинг ажаб жумбоғи. Бу жумбоқни донолар ҳам ечишга ожизлик қилур!» тарзидаги хулосада романнинг пафоси ифодаланган.
Замонавий ўзбек адабиёти, айниқса, миллий романчилик тараққиётига улкан ҳисса қўшган адиб Одил Ёқубовнинг шиддатли руҳий тўқинишлар зарбидан олов чақнаган зиддиятли ҳолатлар акс этган ёниқ асарлари миллат маънавиятини поклаш йўлида хизмат қилиб келмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 44-сонидан олинди.