Ойгул Асилбек қизи. Адабиёт чиндан ҳам инқирозга юз тутдими?

Чиндан ҳам бугун адабиёт инқирозга юз тутдими?! Бу савол деярли барча адабиётшунос олимлар, ёзувчилар, шоирлар ва, албатта, китобхонлар учун қизиқ. Журналнинг ўтган сонларидаги “Йўл қаердан ўтади?” номли мақолада муаллиф, прагматик қадриятлар устун бўлган замонавий жамиятда адабиёт ўз хуқуқларини ўзида сақлаб қоладими, деган масалани кўтаради. Ушбу масалага жамиятшуностлик фани нуқтаи назаридан жавоб беришни лозим топдик. Ҳозирги кунда замонавий жамиятда бадиий адабиётнинг ўрни, китобхонлик маданияти, умуман олганда, адабиётнинг инқирози ҳақида турли баҳс-мулоҳазалар, фикрлар учрамоқда. Бу ҳолатга икки хил тарзда эътироз билдириш мумкин:
1. Бугун ёшларимиз китоб ўқимай қўйди, кутубхоналар бўшаб қолди, китобларни харид қилиш ўтган асрга нисбатан кам деган эътирозларга қарамай, бадиий асарлар ёзиляпти, чоп этиляпти, ўқиляпти. Боз устига, фалон ададда китоб чоп этиш, фалон миқдорда китоб сотиб олишнинг ўзи жамиятнинг нечоғлиқ маърифатли эканлигини кўрсатадиган мезон бўлолмайди. Ваҳоланки, жамоатчилик фикрини ўрганишда бундай индикатор, яъни кўрсаткичнинг ўзи мавжуд эмас.
2. Адабиёт – нафақат ижтимоий ҳодиса, балки маданиятнинг бир қисми сифатида ижтимоий институт ҳам. Шу боис унинг муайян даврларда гуллаб-яшнаши, инқрозга учраши нормал ҳолат ҳисобланади. Устига-устак, адабиётнинг инқирози ёки юксалиши унинг ижтимоий вазифалари билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Агар юқоридаги эътирозларни умумлаштирсак, қуйидаги хулосага келамиз: бадиий адабиётнинг бугунги кундаги инқирозини қандайдир ортга қайтариб бўлмас, ҳалокатли, йўқ бўлишга маҳкум деб баҳолаш хато. Одатда, бундай қарашлар адабиётнинг ўтган асрдаги ижтимоий мақоми ҳамда мафкуравий функциясини бўрттириш билан изоҳланади. Шу сабабдан бугун адабиётда юз бераётган ҳолатларни кескин инқироз сифатида эмас, муайян тизимдаги элементларнинг, функцияларнинг ўзгариши, алмашиниши дея қабул қилиш бирмунча мақсадга мувофиқ. Чунки адабиётга яхлит, бир бутун тизим сифатида қараш шуни тақозо этади. Эстетик завқ бериш вазифасини ҳисобга олмаганда, бадиий адабиёт мифологик дунёқараш устун бўлган даврлардан то бугунги ахборот асригача бўлган вақт оралиғида бу каби инқирозли вазиятлар ёки ўзгаришларга учраганлиги ҳеч кимга сир эмас. Мисол учун адабиётнинг жамиятда тутган ўрни нуқтаи назаридан олиб қараганда, Навоий даври ва собиқ иттифоқ давридаги адабий жараён ёхуд жадидлар даври ва бугунги кундаги адабий муҳит бир-биридан солиштириб бўлмас даражада кескин фарқ қилади. Зотан, бу тафовутларнинг барчаси адабиётнинг ижтимоий функциялари ўзгарувчан эканлигини англатади.
Жамиятшунослик фанларида адабиётнинг эстетик, коммуникатив, эпистимологик, яъни билиш, ахборот бериш, акциологик – қадриятларни шакллантириш, интегратив – жамлаш, мафкуравий функциялари ажратиб кўрсатилади. Биз умумлаштирган ҳолда учтасига: эстетик, коммуникатив ва билиш вазифаларига эътибор қаратамиз. Сабаби, айнан ушбу вазифаларнинг ўзгариши ёки йўқолиб бориши бадиий адабиётнинг жамиятдаги ўрнини белгилаб беради. Унинг бугунги инқирозини, айниқса, билиш ҳамда коммуникатив функцияларининг аҳамияти камайиб бораётганлиги билан изоҳлаш мумкин.
1. Бадиий адабиётнинг ижтимоий ҳаётдаги энг асосий функцияларидан бири – бу унинг эстетик функциясидир. Айримлар уни маънавий озуқа, эстетик лаззат бериш вазифаси деб атаса, бошқалар жўнгина кўнгил очиш, қизиқтириш сифатида қабул қилади. Албатта, бу ҳол инсоннинг бадиий диди билан боғлиқ. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам адабиётнинг ушбу функцияси инсонларнинг бўш вақтини ўтказишга қаратилган. Л.Н.Толстой: “Адабиётнинг эстетик завқ бериш вазифаси бор экан, у доим барҳаётдир”, – деб ёзади. Тан олиш керакки, бу борада адабиётнинг рақобатчилари кун сайин кўпайиб бормоқда. Оммавий ахборот воситаларида узатилаётган турли кўнгилочар дастурлар, сериаллар, компьютер ўйинлари, концертлар – буларнинг бари кишиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга, қайсидир маънода уларга эстетик завқ беришга қаратилган. Аммо бу рақобат адабиётни ижтимоий ҳаётдан сиқиб чиқаради дегани эмас. Кинематография ихтиро қилинган вақтларда “Энди театр ўлади!” деган ҳайқириқлар янграганди. Гувоҳи бўлиб турибмизки, кинематография театрни, телевидение эса кинематографияни сиқиб чиқаргани йўқ. Аксинча, рақобатбардошлик адабиётнинг янгича жанрларини вужудга келтиришга, бошқа санъат турлари билан, масалан, кино санъати билан алоқа боғлашга ундамоқда. Ахборот технологияларининг тараққий этиши рақобатчилар билан бир қаторда тарғиботнинг янги воситаларини ишлаб чиқишга туртки бермоқда. Мисол учун биргина интернетнинг ўзи бадиий асарни тарғиб қилишнинг бир нечта усул-воситаларига имкон яратади.
2. Адабиётнинг ижтимоий коммуникатив функцияси ғоят мураккаб жараён саналади. Бунда бадиий асарнинг машҳурлиги, омма орасида кенг ёйилганлиги бирламчи аҳамиятга эга. Бинобарин, адабиёт жамият аъзоларининг ўзаро алоқа ўрнатишига туртки бўларкан, у кишининг муайян бир гуруҳ ёки қатламга мансублик белгисига, рамзига айланаркан.
Тарихдан маълумки, улкан империялар ўз ҳудудидаги турли миллат ва элатга мансуб кишиларни яхлит бир маданий доирада бирлаштириш мақсадида диний ҳамда бадиий адабиётлардан усталик билан фойдаланганлар. “Юнонлар Гомерни шу қадар умуммаданий миқёсга кўтаришдики, оқибатда, у нафақат марказий ўринга, балки мустабидона таъсирга ҳам эга бўлди”, – дейди Нитше.
Адабиётнинг бу функцияси кишиларни муайян бир бадиий асарлар, натижада, ғоялар, қарашлар атрофида бирлаштиришга хизмат қилади. Масалан, ўнлаб, юзлаб кишилар бир-бирларидан бехабар ҳолда бирор бадиий асарни ўқишди. Оқибатда, уларнинг руҳиятида, дунёқарашида ҳеч бўлмаганда бир-бирига яқин ҳиссиётлар, қарашлар шаклланади. Қарашлари, дидлари яқин бўлган кишиларнинг эса турган гапки, тил топишиши осон кечади. Табиийки, бунда бадиий асарнинг қанчалик омма­лашганлиги катта аҳамиятга эга. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида Усмон Носир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов асарларининг қўлма-қўл ўқилиши, ижодий кечаларнинг тез-тез ташкил этилиши бунга мисол бўла олади.
Аммо шуни ҳам назардан четда қолдирмаслик лозимки, бугунги кундаги китоб чоп этиш, уни тарғиб қилиш механизмлари ўтган асрларга солиштирганда анча мураккаб. Бугун муайян асарнинг қанчалик машҳурлиги унинг эстетик қадр-қийматини белгиламайди. Боиси, ҳозирда нашр этилаётган китоблар қизиқишлари, дидлари, касб-кори, қадриятлари ҳар хил бўлган китобхонларнинг эътиборини тортишга қаратилган. Оқибатда, бу “маҳсулот”ни истеъмол қилаётган омма ва унинг таркибидаги индивид ўртасида тафовут юзага келмоқда. Оммалашган китоб ҳаммага бирдай ёқмайди, аммо у бирор соҳага ихсослашган китобдан кўра кўпроқ эътиборни жалб қилади. Натижада, кенг омма учун ёки тор доиралар учун мўлжалланган китоблар чоп этиш заруратга айланади. Аксарият мутахассислар кишиларга муайян гегемон эстетик қадриятни зўрлаб тиқиштиришдан кўра бўлинишни, ҳар кимнинг дидига мос асарларни тарғиб қилиш лозимлигини уқтиришмоқда. Ҳозирда адабиётнинг айнан коммуникатив функциясидаги ўзгаришлар ёки инқирозлар шу жараён билан боғлиқ. Дейлик, бирор ҳикоя, роман ёхуд шеър фақат ўзига хос тор доираларгагина маълум. Табиийки, у кенг омма орасида муҳокама учун мавзу бўла олмайди. Унинг аввалгидек кишиларни бирлаштиришга, ўзаро алоқа ўрнатишга қаратилган функцияси самара бермайди. Боз устига, инсон кундалик ҳаёти давомида меҳнат жамоаси, спорт клублари, йўловчилар, дўстлар, қариндошлар каби турли табақадаги ижтимоий гуруҳлар билан алоқада бўлади. Кўпчиликка таниш бўлмаган бадиий асарлар эса ушбу гуруҳларни ўзаро бирлаштиришга туртки бўла олмайди.
Ушбу жараёнлардан хулоса қилиб, эндиликда бадиий асарлар коммуникатив функция бажара олмайди, дейиш бирёқлама қарашни ифодалаган бўлур эди. Сабаби, ижодкор ва китобхон, шунингдек, ўқувчиларнинг ўзаро алоқадорлиги адабий жараёндаги таянч нуқталардан бири саналади. Эндиликда бу алоқадорлик аввалгидек кенг миқёсда эмас, тор, аммо турфа хил кўринишда намоён бўлади. Бунда турли қизиқиш, дид ва дунёқарашга эга нашриётлар, газета-журналлар ташкил этилиши ижтимоий заруратга айланади. Натижада, ҳар бир ижодкор ўз аудиториясига эга бўларкан, ушбу аудиторияларнинг чегараси аввалгидек турғун эмас, ҳаракатчан хусусиятга эга бўлади. Яъни, ўқувчи Навоийга ҳам, Конан Дойлга ҳам, Борхесга ҳам бирдай мухлислик қилаверади.
3. Ҳозирда адабиётнинг “инқирози”га сабаб бўлаётган ижтимоий функцияларидан бири – бу билиш – ахборот бериш функциясидир. Бу вазифа китобхоннинг ёзувчи ёки шоирни қайсидир маънода эксперт сифатида қабул қилиши билан белгиланади. Чиндан ҳам ижодкор ўрта даражадаги ўқувчига маълум бўлмаган ёки жиллақурса, у қизиққан мавзуда сўзлайди, саволларига жавоб беради. Айниқса, фалсафий-ахлоқий масалаларда қалам тебратган ижодкорлар энг муносиб экспертлар сифатида қадрланади. Румий, Жомий, Навоий, Толстой, Достоевский каби ижодкорлар бунга яққол мисол бўла олади.
Бундан ташқари, тарихий, биографик асарларнинг муаллифлари ҳам ўқувчиларга муайян билим, маълумот беришда кам меҳнат қилмайди. Бирор тарихий давр ёки шахс ҳақидаги асарга қўл уришдан олдин ёзувчи ўша давр ва одамлар тўғрисида ўқийди, ўрганади. Бу жараёнларни бошидан кечирган ижодкор қайсидир даражада ҳаётий тажриба ва билимга эга бўлади. Ана шу билим ва ҳаётий тажрибанинг ўзи биз назарда тутаётган экспертни шакллантиради. Бироқ ижодкор тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган, буюк шахслар билан кўришган кишилар каби бошидан кечирганларини, ўқиб-ўрганганларини шунчаки баён қилмайди. У айни пайтда ҳам ёзувчи, ҳам тарихнавис, ҳам хотиранавис сифатида майдонга чиқади. Бадиий асар соф фалсафий, тарихий ёхуд бирор-бир фан соҳасига даъво қилмаслиги тайин, аммо у ўз ҳолича ўқувчига адибнинг дунёқараши, бой тажрибаси ҳақида маълумот беради.
Хўш, бугунги кун ўқувчиси ана шу тажрибага таянадими? Китобхон бирор маълумотга эга бўлиши учун айнан бадиий асар ўқиши шартми, деган саволлар адабиётга нисбатан қарашларимизни ўзгартиришга сабаб бўлмоқда. Эндиликда китобхон ёзувчини эксперт сифатида қабул қилишга эҳтиёж сезмаяпти. У бошқаларнинг ҳаёт тажрибасига тақлид қилишдан кўра, мутахассис-руҳшуносга, мутахассис-тарихчига, мутахассис-техникка мурожаат қилишни афзал кўрмоқда. Бу ўринда адабиётшунос олимлар адабиётнинг билиш функциясини турли назариялар билан боғлаб тушунтиришга уринишмоқда. Масалан, рус тадқиқотчиси Григорий Померанецнинг “Тарихни бадиий қаҳрамонлар орқали ўрганиш”га доир қарашлари ёки психоанализ илмий мактаби вакилларининг бадиий рамзлар ёрдамида архитипларни англаш тўғрисидаги ғоялари бадиий асарларга нисбатан бирмунча қизиқишни оширади, лекин бундай қарашларнинг фақат мутахассис, адабиётшуносларгагина танишлиги ушбу муаммонинг ечимига йўл бермайди. Бинобарин, архитиплар назариясини талқин қилиш нафақат бадиий адабиёт, балки фалсафа, илоҳиётшунослик, психология каби фанларнинг ҳам тадқиқот доирасига киради.
Бир сўз билан айтганда, бу мулоҳазалар бугунги кун ёзувчисининг олдига нимани ёзиш керак деган саволни қўяди, албатта. Бугун ижодкорларнинг фаолиятини “адабиёт ҳам бир ижтимоий соҳа, ахир бу соҳада ҳам кимдир ишлаши керак-ку”, деган қараш билан оқлаб бўлмайди. Ёзувчи ҳам, шоир ҳам ёзганлари ким учун, нима учун кераклигини аниқлаб олиши, сўнгра ўз олдига мақсад қўйиши лозим. Чунки биз билган бугунги адабиёт қай шаклда ўзгариши, қандай эврилишларни бошидан кечириши ана шу мақсадга боғлиқ.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 4-сон