Ўтган аср, саводсизлик ва чала саводлиликни тугатиш устида иш олиб борилаётган давр экан. Ёши катта бир киши мактабга келибди. Муаллим унинг қўлига китоб тутқазганида нималаргадир ақли етишини билдириш учундир:
— Чапдан ўнггами, ўнгдан чапга? — деб сўраган экан.
Бизнинг авлодимиз китобни қўлига бериб, ўқинг деганингизда шундай ҳолатдаги кишиларни неча бора учратган. Буни эслашимга сабаб, бизда ёзув (алифбо) жабр чеккан соҳа. Биласиз, айрим халқларда минг йиллик алифбо ўзгармай сақланган (ана, ҳазрат Навоий айтмоқчи, Армания бунга бир мисол). Албатта, бизда ҳам Ўрхун-Энасой ёзуви асралиб, ҳозиргача давом этиб келса, гўзал иш бўлар эди. Лекин бунинг иложи йўқ. Тарихни таҳрир қилиб бўлмайди.
Қисқаси, бу кун араб алифбосида ҳам, кирилл ва лотин алифбосида ҳам бемалол ўқиб кетаверадиган кишилар бизда оз эмас. Халқимиз билимли, маърифатли халқ. Шунга қарамай, кечирасиз, йигирманчи аср тугаб, йигирма биринчи аср дадил одимлаётган айни пайтда, менда баъзан саводсизлик ва чала саводлиликни тугатиш устида иш ниҳоясига етмагандек таассурот уйғонади. Бу гапга ишонмасангиз, кўчага чиқиб қаранг, камида йигирма-ўттиз фоиз шиорлару пештахталарда хато ёзувларга кўзингиз тушади. Шу ўринда ҳақиқат юзасидан айтиш керак, ёзувларда савод даражаси анча кўтарилган, олдин бўлмаган эркин руҳ ҳам шоён кўринади.
Гоҳо ёзувлар нўноқ таржимага ўхшайди. Бир неча янги иморат пештоқида ўқловдек ҳарфлар билан: “Биз очилдик”, деб ёзишганини ўқидим. “Ишга тушдик”, деган маънони ўзбек тилида ким бундай ифодалайди? “Х” билан “Ҳ” ҳарфларини келтирганда кириллчада қанча хатога йўл қўйилса, лотинчада ундан ҳам кўп хатога йўл қўйиляпти. Умуман, менга “кўчадаги ёзувлар” алоҳида ўрганиладиган масала бўлиб туюлади.
Агар ижодкор сифатида мени газета-журналлар, китоблар ҳолати, адабий асар тилининг аввалдан қандай келгани-ю, бу кунги намойиши қизиқтирмаса, балки гапни узоқдан бошламасдим.
Юртимизда мустақиллик йиллари шундай катта ўзгаришлар рўй берди ва рўй бераяптики, буни фақат бадбин кишилар кўрмаслиги мумкин. Ободонлик дейсизми, равон йўллар дейсизми, билим даргоҳларида кўринган тубдан ўзгаришлар, спорт, айниқса, болалар ва ёшлар спортига, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан камол топишига кўрсатилаётган эътибор дейсизми… Санаса, cаноқ етмайди! Яна муҳими, мустақил мамлакат сифатида дунё бизни таниди, биз ҳам олдин ҳеч қачон бўлмаган миқёсда дунёни таниб бораяпмиз. Бу кун дунёда юз берган эътиборга лойиқ воқеа ярим соат-бир соат ўтмай интернетга кўчади. Радио, телевидениедаги “Ахборот”дан ҳам эшитасиз. Шундай катта тараққиёт шароитида баъзи газеталаримиз оддий “хабарнома”га айланиб қолаётгандек таассуротим бор. Норасмий газеталар, ҳафталиклар, журналлар ўқувчини Бутун Дунё билан таништириб, ўтган ва ҳозирги машҳур шахслар ҳақида ҳикоялар, гоҳида тирик таниқли кишилар билан суҳбатлар бериб бораётгани яхши. Уларнинг муқоваларида аксар жаҳондаги бир кимсаларнинг катта суратлари босилаётгани ҳам майли. Бироқ уларнинг муқовасидан саҳифаларигача юрт, бунёдкор халқ қиёфаси деярли кўринмайди. Уларда негадир Ўзбекистон кам. Гапнинг исботи учун биргина мисол. “Домашний доктор” деган ҳафталик тиб бўйича фойдали маслаҳатлар, суҳбатлар бериб боради. Ўқишли нашр. Аммо шу йил ҳафталикнинг 35-сонини қўлингизга олганингиз заҳоти муқовада: “Ўзбекистон республикаси мустақиллиги куни билан табриклаймиз” деб ёзилгани-ю, Полицеймако деган қайсидир артистнинг суратини кўрасиз. Сурат остида ҳалиги “табрик”дан ҳам каттароқ ҳарфларда: “Ҳаммом менинг жон жаҳоним”, деган ёзув. Бу энди оддий ҳурматга ҳам кирмайди. Умуман, ўз ерида учинчи, тўртинчи, ҳатто ўнинчи даражадаги аллабировларнинг бизнинг матбуотимизда катта-катта суратлари босилиши шартми? Биродарлар, инсоф керак! Жўн бир кроссворд, сканвордлар ҳаммаси шулар номи билан тўлган. Яна денг, мана шу кроссворд, сканвордларда: “Ленинни эслайсизми?” қабилидаги бу кун бировга тиқиштиришнинг ўзи ортиқча саволларга кўзингиз тушади. Уларни тузганлар ҳаёт учун масъул кишиларнинг барибир кўзи тушмайди, деб ўйлашса керак-да? Бу нима, бизда муқовада сурати берилишига арзийдиган шахслар бўлмаганми? Ёки ҳозир тарғиб қилишга муносиб шахслар йўқми? Кичик бир ҳолатлар ҳам бу кунги ҳаёт зарралари эканлигини, улардан маълум тасаввур пайдо бўлишини унутмаслик керак.
Мустақиллик йиллари газета-журналлар, китоблардан тортиб ҳаётнинг ўзида ўзбек тили майдони кенгайиб, янада бой ва кўркам манзара касб этгани суюнчли. Эсланг, аслида бисотимизда бор “истиқлол”, “огоҳлик”, “тадбиркор”, “қадрият”, “заҳира”, “тамаддун” сингари неча ўнлаб сўзлар олдинги даврларда буткул ишлатилмас, очиғи, ўз тилинг бойлигидан тугал фойдаланишга йўл ҳам берилмас эди. Улкан шоир акамиз Эркин Воҳидов кўпинча суҳбатларда бир гапни таъкидлайди. Буюк Алишер Навоий туркий тилдаги (бу кунги ўзбек тилидаги) ҳар бир сўз қоғозга кўчиб, адабиётда муҳрланиб қолишига ҳаракат қилган. Шу боисдан, Навоий асарларида бўлган тил кўлами кишини ҳайратга солади. Бу фикрга илова тариқасида айтсак, дунёда инсон учун, айниқса, ижодкор учун тилнинг (ҳар бир сўзнинг) рангинлиги, товланишларини ҳис этиб, баҳрамандлик туйишдан каттароқ бахт топилмайди. Тилни бекордан Она демайдилар. Унга бўйсуниш ва нима “дард”лари борлигини тушуниш билим, савод даражасига боғлиқ.
Устозлар Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода билимдон шоир бўлиш билан бирга, файласуф эканликларидан икки оғиз сўзда олам-жаҳонни кўрсатишар эди. Ғафур ака “cоат капгири” деганидаёқ инсон ҳаётининг ҳаракатда ва омонат эканлиги акс этади. Шайхзода домла “қабристон фуқаролари” деганида ўтганларнинг руҳи тирик, улар ёнимизда турганлиги кўринади.
Бизнинг ёшлик пайтимиз, ўтган асрнинг эллик-етмишинчи йиллари орасида тўртта шеъри ёки биргина ҳикояси газета-журналда босилган ёш ижодкор адабий даврага ҳам, ўқувчиларга ҳам танила бошлар, номи тилга тушар эди. Тахминан Иккинчи жаҳон муҳорабасидан кейинги даврга ва ҳатто ўша эллигинчи-етмишинчи йилларга қиёслаганда дунёда тараққиёт ҳаётни неча асрларга тенг олдинга суриб юборди. Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг ҳаёт, айниқса, жуда илгарилаб кетди. Бу кун тўртта китоби чиққан, қиссалар, романлар ёзган ижодкорни ҳам баъзан адабий давранинг ўзи танийвермайди. Ўқувчи (китобхон) эса гоҳида биз таниқли деб билган ижодкорнинг ҳам номини эсламаслиги эҳтимолга яқин.
Бир томондан, газета-журналлар, китоблар кўпайгани, сафимиз тўлиб бораётгани кишини қувонтиради. Иккинчи томондан, ҳар ерда имло хатолардан тортиб жумла тузишдаги ғализликларгача дуч келиб, ўртамиёна ва ундан паст савиядаги “адабиёт” ҳаммаёқни “босиб кетиб”, мезон бузилгани, ижод талаби йўқолгандек ҳолат пайдо бўлганидан озор чекасан. Ёмон жойи, бундай пайтда савияли асарлар ҳам сояда, кўринмай қолади, Адабиётда шахслар (юлдузлар) чиқмаётгандек кайфият уйғонади. Гап қуруқ бўлмасин учун мисоллар келтириш керак. Аммо бизда бўлган шарқ одобими, ўзбекчилик дейми, йўлингни тўсади. Бунинг устига, бировни хафа қилгинг келмайди. Ана, оддий мисол. Сўнгги пайтлар бир неча асарда муаллифлар “йўлка” билан “йўлак” сўзларини адаштириб, нотўғри ишлатганига кўзим тушди. Учратганимда, булар икки сўз, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам аниқ ажратиб, тушунтириб берилган, дедим. Назаримда, эътирозим бировнинг кўнглига ўрнашмади. Менингча, ҳар ким ўзи ижод йўлига қадам қўйишдан олдинроқ билим, савод кераклигини ўйлаши, кейин ҳам бир умрлик меҳнат, машаққатни бўйнига олишига тўғри келади. Чапдан ўнггами, ўнгдан чапга, деб сўраган киши аҳволига тушмаган дуруст. Бу кун газета ва журнал редакцияларидан ҳам кўра кўпроқ нашриётларда саводли муҳаррир кам. Кадрлар тайёрлаш эҳтиёжи сезиляпти.
Бадиий асар тили, сўз устида ишлаш бизда минг йиллик тарихга эга. Туркий адабиёт пешвоси Кошғарий луғат тузганларидаёқ бу тўғрида мулоҳаза юритганлари шубҳасиз. Кейинчалик шеърият (назм), асосан, йигирманчи асргача икки йўналишда шаклланиб келди. Халқнинг ақли-тафаккурини ўзида йиққан, халққа хос содда тил(услуб)даги шеърият ва бу йўналишни “хаёлида тутган”, аммо эгаллаган билимга, жаҳон аҳли тафаккурига ҳам суянган, сўзни “безаш”га (образли ифодага) кўпроқ эътибор берган (оҳорли, зодагонга хоc, шоҳона деймизми “кийинган”), биринчи йўналишга нисбатан сал мураккаб шеърият. Албатта, бу “бўлиниш” нисбийдир. Шартли равишда Яссавий, Машраб, Турди, Муқимий сингариларни биринчи йўналишга, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Нодира ва бошқаларни иккинчи йўналишга мансуб дейишимиз мумкин. Умуман, булар иккиси “қоришиб” кетган, биргина Маҳорат мактабини ташкил этади. Дейлик, Лутфий, айниқса, Бобур шеъриятида икки услубни бир-биридан ажратиш ўлимдан қийин.
Бундай “бўлиниш” эски-қадим (йигирманчи асргача келган) насрда яққолроқ кўринади. Бири барчага тушунарли содда тил(услуб)даги наср (достонлардаги баёнлар, эртаклар, афсоналар ва уларга эргашиб ёзилган асарлар). Иккинчиси анъанавий-тарихий, аксар китоб тузиш тартиботига мос, анчайин “оро” берилган (араб ва форс тиллари таъсири сезилган), ўқиш ва тушуниш етарли билим ва саводни талаб қиладиган наср. Буларни “халқ оғзаки ижоди” ва “ёзма адабиёт” деб ҳам қараш раcмга кирган. Хуллас, Адабиётга қизиққан, Сўз касбини танлаган ижодкор тарихга назар ташлашга, бу икки йўналишдан хабардор бўлишга мажбур.
Йигирманчи асрда замонавий тушунчадаги янги бир наср юзага келди. Кўпроқ ҳикоялар ва романлардан иборат бу наср ўша икки йўналиш заминида туғилган (маълум даража ҳикоятлар, ривоятлар руҳини сақлаган, шарқона-ўзбекча), шу билан бирга жаҳон насрига хос белгиларни олган эди (Ҳамза, Мирмуҳсин, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, ҳаттоки Айний домланинг “хотиротга яқин” асарлари бунга мисолдир). Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпоннинг халқ орасида шуҳрат топган (ҳамон ўқилаётган) романларидан кейин Ғафур Ғулом ҳикоя ва қиссалари, Ойбек романларида ҳам “олдинги руҳ” билан “жаҳон насри” бирлашиб кетгани, янги шаклда “ўзбекона” тил (услуб) “давом этгани” кўзга ташланади. Биз номини тилга олган сўз санъаткорларининг ҳар бирида ўзига хос “воқеани ифодалаш шакли”, мактаби ҳам мавжуд эди.
Лекин тарихий шароит, дунёни эгаллаб борган тараққиёт натижасида давр ўзгара бориб, адабиёт ҳам ўзгара бошлади. Адабиётда тил ва услуб ҳам ўзгарди. Йилдан-йилга энди биз эслаган икки йўналишдан “узоқлаша” бошлангани кўринади. Уcтоз Абдулла Қаҳҳор тил, cўз уcтаcи бўлгани ҳолда, унинг асарларида “давр нафаси”, жаҳон насри тажрибасига кўпроқ cуянилгани cезилади. Қаҳҳор “Чехов кўзойнагини қўлига олгани”ни бекордан таъкидламаганди. Бизнинг адибларимиз рус адабиётию, рус тили ва ўзбек тилига таржима қилинган асарлар орқали жаҳон адабиёти билан танишиб, улардан озми-кўпми таъсирланиб, адабиётимизда бора-бора жаҳон насрига “ўхшаш”лик кенг ўрин ола бошлади.
Қарийб бир аср давомида устозлардан сабоқ олиб, уларга эргашиб, лекин ўз сўзини айтишга ҳаракат қилиб, ўзбек насри ривожланиб борди. “Бу кун нега Қодирий ёки Чўлпон романларига ўхшаш асар йўқ?” деган эътироз баъзан қулоққа чалинади. Ўринли савол кишини чуқур ўйлантиради. Албатта, ўтган даврда баъзи адибларимиз, адабиёт эшитган, кўрган бир воқеани олиб баён этишдангина иборат эмаслигини унутиб, бир хил, рангсиз, гоҳо схематик-жонсиз асарлар “яратган” пайтлар учрайди. Ўз “илдизлари”дан узилиш етмагандек, жаҳон насрини ҳам пухта билмаслик, сиёсат таъсирида мазмун муҳим, деб шакл (санъаткорлик) бобида ўйламаслик баъзан уларга панд бергани ҳам рост. Шунга қарамай, ҳақиқатга риоя қилган маъқул. Адабиёт давр ва мураккаб жараёнлар маҳсули. У ўз вазифасини бажарди ва бажариб келаётир. Биз бу кун шахс сифатида Шарқу Ғарб орасида турганимиз, мунтазам Шарқу Ғарб баҳси гувоҳи бўлаётганимиз бир даврда адабиёт аввалги зафарларни қайтариши эмас, яна янгиланиб боравериши қонуният.
Кейинги йиларда адабиётимиз, унинг бир бўлаги наср жиддий кўтарилиш арафасида турибди, деган тасаввурдаман. Бир томондан, ижодкор ёшлар тарбиясига кўрсатилаётган эътибор, иккинчи томондан, бу кун эълон қилинаётган яхши, таъкидлаб ўтишга лойиқ асарлар тасаввуримни кучайтиради. Ана, қўлимда икки янги асар. Шу кунлар танишдим. Истеъдодли адиб Эркин Аъзамнинг “Шовқин” романи ва ёш адиба Рисолат Ҳайдарованинг “Жавзо” романи. Эркин кичик бир ҳолатдан катта бир жаҳоний мазмунга чиқиб боради. У таниқли, тажрибали ёзувчига хос, тор доирадаги кишилар ҳаёти кўзгусида давр ва умуминсоний қадриятларга назар ташлайди. Ҳаётнинг ўзи яратган турфа қиёфалар галереясини тузади, асар қаҳрамонлари гоҳ йиғиқ, гоҳ паришон ҳолда турли муаммоларга дуч келиб, доимий ҳаракатланиб турадилар. Рисолат муайян тарихий воқеани аниқ белгилайди. Ҳусайн Бойқаро вафотидан кейин рўй берган парокандалик тасвиридан халқимиз учун доим муҳим бўлган аҳиллик, меҳр-оқибат хусусида яхлит маъно келтириб чиқаради. Иккала асарда ҳам тил ўзбекона, жозибали.
Бадиий асар тили, насрдаги услуб ижодкор руҳиятига боғлиқ ҳодиса. Руҳият йўқ жойда услуб бўлмайди.
Руҳ бутунлигидан ёзиш маҳорати юзага келади.
Маҳоратни эса ижодкорнинг билими, савод даражаси шакллантириб боради. Аслида руҳни ҳам шакллантирадиган шудир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 43-сонидан олинди.