…Камина ходимингизни ҳам шеър ва шоирлар, умуман шеърхонлик масалалари кўпдан бнён ўйлантириб келади. Бу ўй, мулоҳазаларни юзага чиқариш, кўпчилик билан баҳам кўриш истаги муҳтарам шоиримиз Аъзам Ўктамнинг “Тараддуд” деб номланган китобини ўқиганимдан кейин қатъийлашди… Уни ўқидим, кўпдан бери ўйлаб, излаб юрганим шеъриятга дуч келгандай бўлдим…
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
...Ўзбек шеърияти боғида Аъзам Ўктам дарахтини тез илғаб оласиз. Бу дарахт кўп замонлар ажойибу ғаройиб меваларини армуғон қилажак. Бу дарахт боғни сарғайтириб қўймайди, доим қайта туғилиб, қайта ўлиб, қайта тирилиб, шовуллаб тураверади.
Рауф Парфи
Бир йўл кўринур – ул жуда тордир,
Унда ўзинг-ла олишмоқ бордир…
Аъзам Ўктам
Аъзам Ўктамнинг ўзидан олдин шеърлари билан танишганман. 1984 йили “Ёшлик” журналида унинг бир саҳифа, яъни тўрт-бешта шеърлари дўппи кийиб тушган сурати билан бирга чоп қилинганди. Ўша пайтларда у ҳали Аъзам Ўктам эмас, оддийгина Аъзам Худойбердиев эди. Сурат ва шеърларидан бўлак унинг қаерданлиги, қачон туғилгану қаерда ишлаши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган, умуман, ўша пайтдаги(ҳозир ҳам) қоидаларга кўра йўл тутилган, шоир ҳақида унинг шеърлари маълумот бериши керакдек. Бошидаги марғилондўппидан унинг водийлигини билиш мумкин эди. Ёши ҳам йигирма-ўттизлар орасида. Шеърлари ҳам шу ёшдагиларга мос муросасиз, жангари. Шеър техникасини яхши ўрганган. Сўзни ўйнатишга уста. Анча тажрибали. Касби ҳам шунга яқин, ё адабиёт ўқитувчиси, ё журналист бўлиши керак.
“Ёшлик” журналини 1981 йилда “Шарқ юлдузи”дан фарқли ўлароқ, асосан ёш ижодкорларнинг асарларини чоп қилиш ниятида ташкил қилиш мўлжалланган бўлиб, 1982 йилнинг январ ойидан бошлаб мунтазаам ҳар ойда чиқарилиши режалаштирилганди. Унинг биринчи бош муҳаррири этиб шоир Эркин Воҳидов тайинланган. Шоир Сулаймон Раҳмон маъсул котиб сифатида янги журналга илк авторларни танлашда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг ёшлар билан ишлаш бўлими маслаҳатчиси, шоир Мирпўлат Мирзо тавсия қилган ёш шоирларнинг шеърларини саралаб оларди. Менинг ушбу журналниниг илк иккинчи сонида (феврал) бир саҳифа шеърларим эълон қилиниши ҳам тасодифан юз берган.
Ўша пайтларда (1981 йил, декабр) мен ҳарбий хизматдан таътилга келиб, яна хизматимга қайтаётган пайтим, самолёт кечки пайт учгани учун Ёзувчилар Уюшмасига (ҳозирги Амир Темур ҳиёбони ёнида жойлашган уч қаватли бино) кириб, тирик ёзувчи ва шоирларни кўриб кетмоқчи бўлганман. Эгнимдаги ҳарбий кийим кўпчиликнинг эътиборини тортар, мендан “Кимнинг олдига келгансиз?” дея сўрашарди. Улардан бири мени хонасига олиб кирди ва чой қуйиб узатаркан: ”Мен ёшлар билан ишлаш бўлими консулътанти Мирпўлат Мирзоман, ўзлари ким бўладилар, ижод қилиб турасизми?” деб сўради. Мен шеърлар ёзиб туришимни, марказий нашрларда сира иштирок этмаганимни айтиб, ҳарбий хизмат пайтида ёзган шеърлар дафтаримни узатдим. Мирпўлат ака ўнтача шеърнинг ёнига белги қўйиб, уларни оқ қоғозга қўлда кўчириб беришимни сўради. Мен уларни кўчириб берганимдан кейин, мени бошлаганча бошқа бир хонага олиб борди. Бу хона ҳозирча чиқиши режалаштирилаётган “Ёшлик” журналининг тахририяти экан.
Шоир Сулаймон Раҳмон мени суратга тушиб келиш учун Уюшмага яқин жойдаги суратхонага жўнатди. Квитансияни олиб қолиб, суратни ўзи бориб олишини, шеърларимни журналниниг иккинчи сонига мўлжаллаганини айтди ва мен шу кечаси ҳарбий хизматга учиб кетдим. Орадан олти ойлар ўтиб, ҳарбий хизматни тугаллаб келганимдан кейингина “Ёшлик” журналининг феврал ойи сонида бир саҳифа шеърларим харбий формада тушган суратим билан, шоира Гулчеҳра Жўраеванинг “Оқ йўли” остида чоп қилинганини кўрдим.
Буларни батафсил ёзишимдан мақсад, ҳамма нарсанинг бошланиши осон-у, давом этиши қийинроқ кечишини таъкидлашдир. “Туюлди аввал ишқ осон-у, сўнгра чиқди мушкуллар…” (Ҳофиз Шерозий) Шундан кейин то 1986 йилгача, яъни уч йилдан кўпроқ муддат ичида ( шоир дўстим Равшан Файз шеърият бўлимини бошқаргунга қадар) “Ёшлик” журналида бир саҳифа тугул, биттаям шеъримни эълон қилдира олмаганман. Ёшлик инсонга бир марта берилганидек, “Ёшлик”да чиқиш имкони ҳам ёш шоирга бир марта бериладиганга ўхшарди.
Журнал чоп қилина бошлаши билан каттаю кичик адабиёт мухлислари орасида шу қадар машҳур бўлиб кетдики, унда ўз машқларини чиқариш учун келаётганлр ва мактубларини жўнатаётганларнинг сони бору саноғи йўқ эди. Эндиликда камдан-кам ёш шоирларнинг бир саҳифалик шеърлари эълон қилинар, кўпинча бир саҳифага тўрт-бештача шоирнинг биттадан шеърлари жойлаштириларди. “Адабиёт трамвайи”га(М. Зошченко) ўхшаган “Ёшлик” журналида “ур-йиқит” авжга чиққанди. Ана шундай тиқилинч-тиғизлик (“Час пик”) ҳукм сурган бир пайтда Аъзамнинг бир саҳифа шеърлари чоп қилинганди. Ўша йили яна бир анъанага асос солиниб, журналда йил давомида эълон қилинган асарларга жанрлари бўйича “Йил мукофти” бериш эълон қилинди. Менинг назаримда, Аъзамнинг шеърлари шеърият бўйича “Йил мукофоти”га муносиб топилиши керакдек эди-ю, аммо мукофотни бошқа бир шоирага беришди (Ўша шоиранинг кимлигини ҳеч эслай олмадим, эслаб қолган тақдиримдаям кимлигини айтиб ётмасдим. Мукофотланган шоира ижодини ўша дамдаёқ бизга маълум бўлмаган сабабларга кўра тўхтатган бўлса керакки, кейинчалик шеърлари билан матбуотда қатнашмай қўйди).
* * *
Ўша пайтларда шеъру ҳажвиялар ёзишдан ташқари адабий-танқидий мақолалар ҳам ёзиб турганлигим учун, устоз мунаққид, “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати” журналининг ўша пайтдаги Бош муҳаррири ўринбосари Иброҳим Ғафуров менга “Ёшлик” журналининг 1984 йилги сонларида эълон қилинган ёш ижодкорларнинг машқлари таҳлилига доир мақола ёзишни тавсия қилди. Бу мақолани ёзаётиб, жумладан, Аъзамнинг шеърлари хусусида батафсил тўхталиб, бундай хулоса билан якунлагандим: “ Аъзам Худойбердиевнинг шеърларидан шеъриятимизга янги бир забардаст шоир кириб келаётганлигини ҳис қилдим. Журналдаги “Йил мукофоти”га асосий даъвогарлардан бўлса-да, унга бошқа бир шоира муносиб топилди. Ҳечқиси йўқ, ҳали ҳаммаси олдинда!” (“Ўз. АС”. 1985 йил, феврал)
Бу мақолам эълон қилинган пайтида Аъзам ТошДУ журналистика факултетининг битирувчиси сифатида амалиётни ўзи туғилиб ўсган Фарғона вилоятининг Бувайда туман газетасида ўтаёган экан. Ҳамкасблари унга мақолани кўрсатишиб, “Энди бемалол Тошканга бориб ишласанг ҳам бўлади, сени қўллайдирганлар бор экан!” дея суюнчи олишган, Аъзам чойхонада ош қилган, мақоладаги ўша абзацни кесиб олишиб, косага солганча, худди орденни ювгандек “ювишган” экан (Буларни менга кейинчалик Аъзам айтиб берганди).
* * *
…Бениҳоят узундир умр,
Биттагина оқ кўйлагим бор.
Ушбу сатрларни ёзган пайти Аъзам 24 ёшлардаги йигит эди (1984). Бу ёшда умр ғоятда узун, имкониятлар чексиздек туюлади. Шу ўринда Озарбайжон шоирларидан бирининг “Йигитлик ва кексалик” деган тўртлигини эсламасдан ўтолмайман.
Йигитликда қўллар узун, тиллар қисқа,
Кексаликда тиллар узун, қўллар қисқа.
Йигитликда йиллар узун, кунлар қисқа,
Кексаликда кунлар узун, йиллар қисқа…
Аъзамни шу шеъри эълон қилингандан кейин шеъриятимизда “биттагина оқ кўйлаги бор” шоир пайдо бўлди. Аъзамни шу сатр билан танитадиган, эслайдиган бўлишди: “Анови шоир бор-ку, биттагина оқ кўйлаги бор…” Гардеробида беш-олтитадан оқ кўйлаги борлар ҳам “биттагина оқ кўйлаги бор” шоирга ҳавас қиладиган бўлишди. Аъзамнинг; “Бениҳоят узундир умр” сатри билан қарама-қарши келган “биттагина оқ кўйлак”нинг моҳиятини тушунтириб ўтмасак, бу мақтовларимизнинг мағзи пуч бўлиб қолади. Умрни, ҳаётни аслида беш кунлик, уч кунлик, ҳатто бир лаҳзалик тарзида баҳолаш кўп учрайди.
Умрни ўрислар лаҳзалик билар,
Тожиклар уч кун деб донолик қилар,
Ажабки ўзбеклар беш кунни тилар,
Бу умр барибир боқиймас, Тумор…
(“Қизимга хасрат” шеъридан)
Ана шу “беш кунлик умр”га “биттагина оқ кўйлак”ка эга ҳолда қаралса ва “юрар йўллар”нинг “қалин тиканзор”лиги назарда тутилса, “бениҳоят узундир умр” деган иқрор ўзини оқлайди. Шоир назарда тутаётган “оқ кўйлак” инсон шаънини англатади. Унга доғ туширмай яшашни мақсад қилганлар учун умр йўли ғоят хатарли ва узоқ.
...Сотиш, сотилишдан осони йўқдир,
Доғули бу юртга бекор келибман.
(“Афсус” шеъридан)
Шу ўринда яна бир шоирнинг 1964 йилда, йигирма тўрт ёшида ёзган сатрларини эслаб ўтишга ижозат бергайсиз:
…Ниманидир ахтараман нондан ҳам азиз.
Ниманидир ахтараман шеърдан улуғроқ…
Орадаги йигирма йиллик вақтни ҳисобга олмаса, устоз шоир Абдулла Ориповнинг “Ўйларим” шеъридан олинган ушбу сатрлар долзарблиги сақланиб турганлиги ва тоабад сақланиб қолажагининг гувоҳи бўламиз. Абдулла ака ахтарган ўша нимадир аслида ИЙМОН эканлиги, уни ахтариш, уни топиш, унга эга бўлиш баробарида унинг хизматида яшаш бани башарнинг энг муқаддас бурчларидан бири бўлиб қолаверажак.
Шоирларнинг ҳаммаси ҳам айни йигирма, ўттиз ёшларида ана шундай инсонпарвар, юртпарвар, иймонпарвар бўлаверишмайди. Бундай шоирлар ёшига ярашмаган тарзда нуроний, ўзига ва ўзгалар олдига залворли саволларни қўя биладилар. Шу ёшдаги Михаил Лермонтовнинг “Ўйларим” шеъридаги ушбу сатрлар сўзимизнинг исботи бўла олади:
Замондош наслимга қарайман ғамгин,
Унинг келажаги нурсиз, шарафсиз…
Умрни нурлантирувчи, унга маъно ва шараф бахш этувчи иймонга интилиш нафас олишдек ҳаётий заруратдир. Иймонга танаффус эълон қилиб бўлмайди. Иймонли инсон ухлаб ётганида ҳам иймонлидир. Иймонсизлик ила ҳаёт кечириб, қариганда иймонли бўлиб қолиш мумкин эмас.
Ёш аҳмоқ йиллар ўтиб,
Дўнар қари аҳмоққа,
дея ёзганди шоир Роберт Рождественский.
Инсонийлик шаънини, яънийким, Аъзам айтмоқчи “биттагина оқ кўйлаги”ни қадрламаган, “ўпса нетар, ювса кетар” тарзида ҳаёт кечириб, бунақа “оқ кўйлаклар”нинг нечтасини булғаб ўтадиганлар бориб-бориб маънан яланғочлашиб қоладилар. Алал-оқибат, тавба-тазарру фурсати етганида, ижодий фаолияти мишмишлар тарқатишу ижодкор биродарларни бир-бирига гижгижлашдан, хусуматлардан ортмаганлар ўзларини оқлаш учун, “Тушимга Алишер Навоий кирди ва: “Сенинг Ёзувчилар Уюшмасига нисбатан қилган гуноҳларингни Аллоҳ кечирди” каби куракда турмайдиган янги мишмишларни ўз “тазаррунома”ларида баён қилганча, ўзига хос пиар ташкил қилмоқда. Ҳа, ўғри қариса…
Бундай ижодкор “ока”ларга латиш шоири Имант Зиедонисдан орттириб жавоб бера олмаймиз:
Шахсий манфаат учун бошга киймайлик
Боболар қабридаги гулчамбарни биз…
* * *
Аъзам билан юзма-юз танишишим орадан тўрт йил ўтиб, 1988 йили мен “Гулхан” журналининг “Адабиёт бўлими мудири” сифатида иш бошлаганимда юз берди. Ўшанда Аъзам “Чўлпон” нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаётганди. Иккала таҳририят ҳам пештоқида катта соати бор 16 қаватлик бинонинг 11 қаватида жойлашган, деярли ҳар куни кўришиб турардик. Тушлик пайтлари фойедаги стол теннисида иккала таҳририят куч синашардик. Ўша йили тақдир Аъзам баҳона яна бир ажойиб шоир – Иқбол Мирзо билан танишишни туҳфа қилди.
1988 йилниниг сентябр ойида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон Ижод уйида Ёш ижодкорларнинг Бешинчи семинар-кенгаши ўтказилди. Бундан олдингилари – 1984 йилда ёш шоир сифтида, 1986 йилда эса шеърият бўйича эксперт сифатида қатнашганим учун, бу гал ҳам шоир Мирпўлат Мирзо йигирматача семинар қатнашчиси бўлган ёш шоирларнинг таёрлаб келган тўпламларини қўлимга тутқазиб, эртанги йиғилишга улар асосида таҳлилий маъруза тайёрлаб келишимни тавсия қилди. Уларнинг орасида Иқбол Мирзо тахаллусли шоирнинг шеърлари менга ғоят манзур бўлиб, қиладиган маърузамда унинг шеърларига кўпроқ тўхталдим.
Эртаси куни Дўрмонга етиб келганимда Аъзам олдимга ёшгина бир йигитни бошлаб келиб, уни таништирди – Иқбол! Шу ёзда ҳарбий хизматдан қайтган Иқбол Аъзамни эскидан ўзига устоз деб билганидан уни қора тортиб, Тошкентга ишга жойлашиш ва адабиёт қозонида қайнаб-пишиш учун келган экан. Ўша семинар-кенгашда ёш шоирлардан Иқбол Мирзо ва Зебо Мирзоларнинг юлдузи порлади ва ҳамон нур сочиб келмоқда.
* * *
Аъзамнинг талабалик йилларида Сергей Есенинга бағишланган кўргазмали деворий варақа фонида тушган суврати бор. Қўлидаги китоб ҳам Есениннинг тўплами бўлса керак. “Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўладилар” деган гап ҳамма юртлар ва замонларга бирдай тааллуқли. Есенин шеъриятга оддий қишлоқи чолу кампирлар, омочга қўшиладиган отлар, кучукваччаларидан айрилган кўйи ойга қараб улиганча, кўзларидан юлдуздек ёш тўккан қанчиғу пичан уюмлари таратган бўйларни олиб кирган шоир. Аъзамнинг шеърларида ҳам кампирлар, чоллар, “отаси қамалган болалар”, тумсо еру далалар акс этган. Унинг “Якшанба” шеъри Есениннинг “Қаровсиз Русь” шеърига ҳамоҳанг. Есенин бу шеърида Ленин бошчилигидаги болшовойлар давлат тўнтаришини амалга оширганидан сўнг шаҳарларда Оливер Твист сингари етим ва қаровсиз болалар кўпайиб кетганлиги, уларнинг орасида қанчадан-қанча иқтидор соҳиблари бўлиб, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш мавжуд ҳукуматнинг энг долзарб вазифаларидан бирилиги, уларнинг келажаги давлат ва халқнинг келажаги эканлигини таъкидлайди.
Аъзамнинг “Якшанба” шеъри ҳам саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида авж олган “Ўзбеклар иши” туфайли оталари қамалиб кетган болаларга ачиниш туйғуси билан йўғрилган:
Қарашга ҳолим йўқ кўзларига тик,
Улар ҳам бошларин қуйи соларлар.
Кўзларда ғазабми, уятми, ҳадик,
Жим юрар отаси бадном болалар…
* * *
Аъзам каби саксонинчи йилларда шеъриятга кириб келган ёш ўзбек шоирларининг лирикасида ҳозиргидек “ўлдим-куйдим”лар деярли учрамасди. Ўнтача шеърдан биттаси севги ҳақида бўлмаса, турган-битгани гражданлик лирикаси бўлиб, ижтимоий мавзуларда бўларди. “Аввал – Ватан, кейин – жон!” деганларидек, аввал Ватан ташвиши, севги эса кейинроқ қабилида ижод қилинарди. Ахир, ташқарида қандайдир ўзгаришлар, норозиликлар ҳаракати бораётганди. Шўролар салтанати ич-ичдан таназзулга юз тутган, иқтисодий ва сиёсий бўҳрон бир пайтлар куч-қувватга тўлган мамлакат ҳаётини издан чиқара бошлаганди.
Қишлоқ дўконларидаги пештахталар аввалгидек хилма-хилликдан мосуво, одамлар ун, ёғ, совун каби оддий маҳсулотлар келишини пойлаб, улгурганлар икки-уч қоплаб олиб, улгурмаганлар қуруқ қола бошлаган, карточка тизими йўлга қўйилмаган, аммо бунга мажбур бўлишса-да, социалистик тузумга бу нарсани ёт унсур деб билишарди. Қишлоқ ва вилоятлардан фарқли ўлароқ, Тошкент ўша пайтларда ҳали ҳам тўкинликни қўлдан бермаганди. “Катта оға”нинг таъсиридан қутилиш, мустақилликка эришиш, ташқи дунёга очилиш, қадимдан миллатдош ва диндош мамлакатлар билан борди-келди қилиш, тарихни қайтадан ёзиш, “оқ доғ”ларни ўрганиш, хуллас, тарихшунослигу элшунослик, сиёсатшунослигу сиҳатшунослик билан шуғулланиш ёзувчиларнинг ва асосан шоирларнинг ишига айланиб қолганди.
Саксонинчи йиллар ўзбек шеърияти – Ўзбекистон мустақиллиги тамал тошининг асосий ғиштларидан бўлиб қолди. Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Муҳаммад Юсуф каби забардаст шоирлар ёнига Аъзам Ўктам, Халима Ахмедова, Эшқобил Шукур, Абдували Қутбиддин, Чори Аваз, Равшан Файз, Иқбол Мирзо каби ёш шоирлар келиб қўшилишди.
Жон талвасасига тушган Шўролар салтанати цензураси эркинлик овозини бўғишга ҳаракат қилса-да, шоирлар янги ва кутилмаган ташбеҳлар, ўхшатишларни ишлатганча озодликка чорлов оҳангларини шеърларига жо қилганча, матбуотга олиб чиқишни уддасидан чиқишарди. “Коса таги нимкоса” тарзида ижод қилиш авжга чиққанди.
Ижтимоий ҳаёт шоирларга янги-янги мавзуларни етказиб бераётганди – “Ўзбеклар иши”, қуриб бораётган Орол муаммоси, пахта дефолясияси туфайли қишлоқларда, айниқса, болалар орасида турли хасталикларни авж олаётганлиги, ўзига ўт қўяётган аёллар, омборхоналарга айлантирилган масжиду мадрасалар, қатағон қурбонларининг номларини очиш ва оқлаш, Темурийлар тарихи, “Навруз” байрами ва маҳаллий атамаларни тиклаш ва ҳоказою ва хоказолар…
Буларнинг таъсирида Шароф Бошбековнинг “Темир хотин” трагикомедияси, Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаси, Эркин Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достони, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романи, Мамадали Маҳмудовнинг “Боғдон қашқири” қиссаси, Алишер Ибодиновнинг “Қуёш ҳам олов” ҳикоялари, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Юсуфнинг туркум шеърлари дунё юзини кўрди. Уларнинг қаторида Чори Аваз ҳамда Аъзам Ўктамнинг ҳам жанговар шеърлари дунёга келди.
* * *
…Тўқсонинчи йиллар боши турли адабий йиғинларга жуда бой эди. Ёзувчилар уюшмасида ўтказиладиган мушоиралар мажлисларга, мажлислар эса мушоираларга айланиб кетарди. Уюшмага янги аъзо бўлган ва шунинг илинжида юрган ёш ижодкорлар кўпинча залнинг орқа қаторларини эгаллаб олардик. Мабода мажлис ёки мушоира ҳайъатидагилар ёхуд минбардаги нотиқ ҳақиқатга тўғри келмайдиган гапларни тилга олса, кун тартибидаги масала қолиб, бошқа силлиқроқ мавзуларга “ўтлаб кетадиган” бўлса, ўз-ўзидан залнинг орқа тарафида норози тўнғиллашлар, маърузани бўлиб ташловчи қарсаклар пайдо бўларди. Бу ишларнинг бошида албатта Аъзам турарди.
Ўша йилларда турли ажрашишлар ва қайта қўшилишлар урфга кирганди. Икки Германия, икки Вьетнам қўшилган, Чехословакия икки давлатга бўлинган, Москвадаги Бадиий театр (МХАТ) труппаси бўлиниб кетган, ўзимиздаги Ҳамза театридан бир гуруҳ актёрлар бошқа театрга бош олиб кетишган ва ҳокозолар юз берганди. Ўзимизнинг Ёзувчилар Уюшмасида ҳам ана шундай қисқа муддатли бўлиниш юзага келиб, бўлиниш тарафдорлари Адиблар Иттифоқини ташкил қилиш учун “Навоий 30”даги мажлислар залига йиғилишди. Янгиланиш ва мустақиллик тарафдорлари бўлган бу ёзувчилар янги уюшма Низомини яратишга доир масалаларни муҳокама қилаётганда орқа қаторни банд қилган ёшлар қандайдир қоғоздаги ёзув остига имзо чекиш учун бир-бирларига ошира бошлашди. Менга етиб келганида, уни ўқиб кўрсам, катта ёзувчилардан мустабид тузум даврида олган унвон ва мукофотлардан воз кечилишини ёш ижодкорлар авлоди талаб қилмоқда экан. Бу талабноманинг ижодкори ким экан, дея қаторимизда ўтирганларга разм солсам, кутганимдай Аъзам: ”Имзо чекинг!” дегандек имо қилаяпти. Бу талабномадан бир нарса чиқишига ишонмасам-да, элдан чиқмаслик учун имзо чекканча бошқаларга узатдим.
Ўзини ёш ижодкор, деб санайдиганларнинг аксарияти имзо чекиб бўлгач, талабнома ҳайъатга узатилди. Бу талабномага ҳайъатдагилар норозилик билдиришди. Бунга қарши ёш ижодкорлар мажлисни ташлаб чиқишди. Коридор норози ёшларнинг ғала ғовури билан тўлди. Ичкаридан чиққан кимдир биздек бебошларни йўлга солиш, муросаи мадора қилиш учун элчилик қилиб, охири яна ичкарига қайтиб кирдик. Ана шунақа кунлар эди…
* * *
Аъзам билан Чори бир жойда ишлабгина қолмай, кўп нарсаларда бир хил дунёқарашга эга, икковлари ҳам шоир Рауф Парфининг ашаддий шогирдлари бўлиб, деярли ҳар куни устозларини йўқлаб туришарди. Иккаласи хам ўта муросасиз, ҳақиқатни очиқ-ошкор юзингга айтиб қўяверишарди.
“Ҳақ сўзни битмоққа сарфланган сиёҳ
Жангда томган қондек қадрли бўлар!”
(Аъзам Ўктам)
Ўша, саксонинчи йилларнинг охирларида намоз ўқиш тугул, рўза тутишларни хам махфий бажаришганларидан, Аъзам Ўктам билан Чори Аваз намоз ўқиш учун тинчгина, холи хона излаб топгунларича ёз кунлари ўн олти қаватли ишхонамиз пештоқидаги катта соат остида жойлашган балконнинг( ўн бешинчи қаватда) пана жойларидан фойдаланиб юришган. Аксар хоналарда беш-олтитадан, бунинг устига, турли миллат, ғайридин ҳамкасблар ишлашгани учун (раҳбарларнинг хонаси бундан мустасно, албатта), охири менинг олдимга келишди. Менинг хонам коридорнинг энг охирида жойлашган бўлиб, бир ўзим ишлардим. “Хонанингизни савоб йўлида ярим соатларга ижарага бериб турсангиз, – деди Аъзам вазиятни тушунтириб. — Агар истагингиз бўлса, бизга қўшилинг!” Мен хонам калитини Аъзамга бериб, ўзим тушлик қилиб келиш учун кўчага чиқиб кетдим. Шу-шу, тушлик ва аср пайтлари хонани Аъзам, Чори ва Рауфларга қолдириб, ўзим ё тушлик қилгани ё чекиб келиш учун чиқиб кетадиган бўлдим. Орадан бирор йиллар ўтиб, юртимиз истиқлолга эришди ва Аъзамларнинг яширинча намоз ўқишлари ҳам ниҳоясига етиб, ишхонанинг ўзида намозхонларга алоҳида хона ажратилди.
* * *
Миллий истиқлол ҳаракати бораётган ўша йилларда унга алоқадорлигимизни иложи борича намоён қилишга тиришардик. Умрининг катта қисми Сталин қатағонлари, уруш ва қаҳатчилик йилларига тўғри келган катта ёшдагиларнинг эҳтиёткорлигидан фарқли ўлароқ, нисбатан тинч ва тўкин йилларда вояга етган биздек ёшларда таваккалчилик, янгиликка интилиш туйғуси баланд эди. Миллий қадриятларни тиклашга уринардик. Бу жуда қалтис йўл бўлиб, сал меъёридан ошириб юборсанг миллатчига айланиб, миллий маҳдудлик кўчасига кириб қолишинг ҳам ҳеч гапмасди. Ўша пайтларда миллийликка қайтишни намойиш қилгим келиб, ишга оқ яктагу оқ шим, бошга дўппи кийган ҳолда “ғоз юриш” ила кела бошладим. Қишлоқдан тўнимни ола келиб, уни кресломга “кийдириб” қўйдим.
Орадан бир ҳафта ўтиб, дам олиш кунлари водийга кетган Аъзам мендан ҳам ўтган ҳолда, оқ яктагу иштонда, оёқда маҳси-ковуш, белида шойи белбоғ билан ишхонага ташриф буюрди. Коридордаги ғала-ғовурни илғаб, хонамдан чиқсам, иккала таҳририятдаги қиз-жувонлар кимнидир ўраб олганча нималарнидир муҳокама қилишяпти. Ўша пайтда ишхонама-ишхона нарса сотиб юрадиганлар пайдо бўлганлигидан бирор нарса сотишяпти, шекилли дея уларга яқинлашсам, аёллар оломони Аъзамнинг эгнидаги кийимларни томошо қилишаётган экан. “Гап йўқ! — дедим Аъзам билан қўл бериб кўришарканман. — Белбоғни боғлабсиз-у, унга пичоқни осиб олмабсиз.” “Унисиям бор!” деди Аъзам ва маҳсининг қўнжидан қинга солинган чуст пичоғини олиб кўрсатганида, аёллар хона-хоналарига тарқашиб, томошаям тугади.
* * *
Истиқлол арафаси бўлган 1991 йил бошидан мен ҳам “Чўлпон” нашриётига муҳаррир сифатида ишга кирдим ва шу пайтгача ижодкор дўстим бўлиб юрган Аъзам бўлим мудири сифатида бошлиғимга айланди. Қўл остидаги ходим сифатида унга кўп азиятлар етказиб турардим. Айни дефицитлар пайти бўлганлигидан, ишхонамизнинг ёнидаги ЦУМга камёб моллар чиқарилиб турар, харидорлар икки-уч соатлаб навбатда туриб, битта паспортга биттадан нарса сотиб олишарди. Равшан Файз иккаламиз ишдан “қуён” бўлганча уч қаватли ЦУМда турли навбатлардан жойни банд қилиб, бир-иккита нарса харид қилганча ишхонага қайтардик. Аъзам мени тергай олмай: ” Столингизга иш ташлаб қўйдим, вақтингиз бўлса кўрарсиз”, дея оларди, холос.
Кўпчилигимиз турли вилоятлардан келганлигимиз учун, жума кунлари тушдан кейин юртига жўнаб кетиш, душанба куни эса ишга бир-икки соат кеч етиб келиш одат бўлиб қолганди. Ана шундай душанбалардан бирида мен тонг-саҳар Бекобод автостанциясидан Тошкентга қатнайдиган автобусга чиқиб олиш учун кимсасиз йўлда кетаётсам, бир “Жигули” ёнимдан ўтиб кетиб, анча нарида тўхтади ва биров мени чақиришга тушди.
Тонг қоронғусида унинг кимлигини билолмай, машинага яқинлашсам, Аъзам водийдан келаётган экан (У пайтларда водийга Бекобод орқали қатналарди). “Ўтиринг машинага!” деди ва мени ҳамроҳларига таништирди. Бошлиқ ва унинг ходими анъанага кўра ишга кеч қолаётган эдик. Мени Собир Раҳимов (ҳозирги “Олмазор”) метро бекатида қолдиришаркан, Аъзам: ”Мен мана буларни фалон клиникадаги таниш профессорга кўрсатиб, жойлаштириб, худо хоҳласа, тушдан кейин ишхонага ўтаман, сўраб қолишса мени шу ўртада юрувди деб қўярсиз!” деди. Мен унга жавобан: ”Нималар деяпсиз, бошлиқлар кечикмайди, улар ушланиб қолишади, холос!” дедим ва бекатда фарғонача, аъзамона қаҳқаҳа янгради.
* * *
Инсон умри саволлардан иборат. Мевали дарат баҳорда қийғос гулга киргандек, инсон ҳам умрнинг турли фаслларида саволлардан иборат гулларга бурканади. Болаликдаги бу саволларнинг аксарияти бошқаларга берилса, бора-бора фақат ўзига аталган саволларга жавоб излаш тафаккур бандаларининг машғулотига айланиб қолади. Саволсиз одамлар эса мевасиз дарахтдек, ўтинликка ярайдилар, холос…
Аъзамнинг кўплаб шеърлари бирор саволга ёки саволлар карвонига асосланган ҳолда ёзилади ёки савол бериш билан тугайди:
…Ўзингни ким дея билдинг дунёга?
…Қайси йўлга кирибман,
Қай сори кетти пирим?
…Барин жавобин сўраганингда,
Юзингга қандоқ қарайман?
…“Бидеҳ қон” — “Қон бер”дан
Қолганми деҳқон?
…Бир кун келса (Чиндан-да келар),
Қандоқ жавоб бераман ул он:
Қаламларга тил битса агар,
Битса агар қоғозларга жон?
…Гирдобига тортар ўжар саволлар.
…Ким эрдик, ким бўлдик, ким бўлурмиз биз?
…Ким диндан ваъз ўқир майхонага келиб?
Ё …Йилдан йилга етаклаб ўтган
Орзуларим ушалмади-ку?!
* * *
Аъзам билан тез-тез аския айтишиб турардик. Бир куни янги ташкил этилган “Ўзбекистон табиати” газетасида Аъзамнинг бир бетча шеърлари сурати билан босилиб чиқди. Шунга ишора қилганча: ”Ўзбекистон табиати”га шеърларингиз билан катта зарар етказибсиз, уни қайта тикланишига анча йиллар керак бўлади!” деб аския қилдим ва мен ҳам шеърларимни кўтарганча ўша таҳририятга бориб, Иқбол Мирзога уларни ташлаб келдим. Кейинги ҳафта менинг ҳам шеърларим суратим билан босилиб чиқди. Энди Аъзам менга: ”Ўэбекистон табиати”га сиз етказган зарарнинг олдида меники ҳолва-ю, оғайни! Энди у қайта тикланмайди! Ҳо-ҳо-ҳо-ов!” дея аския қилганди.
* * *
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганидан сўнг, 1991 йилда Қуръони Каримни ўзбек тилидаги тафсирини нашр қилиш бахти “Чўлпон” нашриёти чекига тушди. Бу ишнинг бошида туриш Аъзам бошлиқ бизнинг тахририятга топширилганди. У пайтларда ҳали компьютерлардан фойдаланмасдик, машинкаланган текстни типографияга тайёрлашдан олдин бир киши аслиятни ўқиб, бошқаси матнни текшириб бориши керак, бу ишни каминалари мусаҳҳеҳ Шоҳида опа Соатова билан амалга оширардик. Бу иш жараёни туфайли хонамизга раҳбариятдан бош муҳаррир Анвар Обиджон, нашриёт директори Нурали Қобул, Лавҳул Маҳфузнинг таржимони Алоуддин Мансур домлани бошлаганча тез-тез кириб туришарди.
* * *
Рауф Парфи шогирдлари орасида Чори Аваз, Аъзам Ўктам ва Илҳом Аҳрор ҳам руҳан, ҳам ижодлари билан устозларига яқин кела олган шоирлардир.
* * *
Собиқ Шўролар салтанати парчаланиб кетганидан сўнг уруш йиллари юртларидан бадарға қилинган қримтоторлар юртига қайта бошлади. Аъзам оиласи билан бир қримтоторнинг уйида ижарада туришарди. Уй шошилинч сотувга қўйиладиган бўлиб қолди ва айни қиш кунида оладиган харидор чиқди.
“Уф тортар аёлим,
Хуноб хўжайин.
Ичимда ўзимни сўкаман нуқул:
“Ўғил-қизингга жой ҳозирламайин
Тўмарис демай ўл,
Темур демай ўл!”
Уйнинг янги соҳиблари ижарачиларнинг аҳволини тушинишиб, то янги ижарахона топгунларича яшаб туришларига изн беришди…
* * *
Аъзам Ўктамнинг шеърларидан жой олган кўплаб сатрлар “қанотли сўз”ларга айланиб кетган. Мана улардан айримлари:
…Шоирмас сўзни минг кўйларга солган,
Шеърни деб минг кўйга кирганлар шоир!
…Таниб, жилмайганинг никоҳдан ортиқ!
…Ҳаммасидан ёв қочгани зўр:
Болалайди ботирлар.
…Маккажўҳоризо — бир майдон аёл:
Йўргакланган бола кучоқлаб
Шукр намозига сафланган.
…У ўзини баланд олмади ,
Сен ўзингни паст тутдинг, холос.
…Қулоғимга етди ёмон гап
Тешиб ўтгач онам кўксини.
…Эртак айтсанг ўғлингга,
Ухлатмаслик учун айт.
…Муҳаббатни эрмак деб ўйлар
Муҳаббатданг туғилмаганлар.
…Тингладим: алқар балиқ ҳам
Тама билмас кимсани .
…Йиғлаб жанозамга келсанг- ўлардим.
…Берганиммас, тотган туз ёдимдадир.
…Тўйгунимча ейман пушаймон,
Орқасидан чекаман афсус.
* * *
Аъзам билан яна 1997 йилда бир йилга яқин Дўрмондаги Ижод уйида қўшничиликда яшадик. Мен “Ўзтелерадиокомпания”га муҳаррирликка ишга киргандим ва яшаш жойим бўлмагани учун Уюшма аъзоларига бериладиган бир ойлик пансиондан фойдаланиб, уч қаватли корпусдаги хонада яшай бошладим. Аъзам ҳам шу ердаги хоналардан бирида мендек вақтинча яшаб турган экан. Уни кўрмаганимга тўрт-беш йиллар бўлиб қолганди (1992 йилда мен Бекободдаги “Ўзметкомбинат”га таржимон бўлиб ишга кетгандим). Бу орада иккаламиз ҳам дўстларимиздан ажралгандик. Чори Аваз 1992 йил кузида, Равшан Файз эса 1995 йилнинг август охирида вафот этишганди.
Аъзам жуда вазминлашган, илгаргидек яйраб кулмас, ўзим йўқлаб бормасам хонасидан чиқавермасди. Оилавий муаммолари бор бўлса керак деб ўйлардим ва сўраб-суриштиравермасдим. Бу орада пансион муддати тугаб, яна бошпана излашга тушдик. Аъзам андижонлик шоир Тўлан Низом ижарага олган икки қаватли чорбоғда яшай бошлади. Муҳаммад Юсуф ўзининг чорбоғидан менга жой берди. Кеч тушган маҳаллари уйқуга ётишдан олдин боғни айланиб келиш учун кўчага чиқардим ва Аъзамни чорбоғига овоз бериб, уни кўчага чақириб олардим. Иккаламиз пою-пиёда тунги сайрга чиқиб, сал тепароқдаги Шавкат Раҳмоннинг чорбоғига етгач, у ерда яшаётган ёзувчи Набижон Боқийни чақириб олардик.
Кейин учовлашиб асосий корпус ҳовлисига бориб, ташқарида бирор таниш киши ўтирган бўлса, ярим соатча суҳбатлашиб ортга қайтардик. Ўша пайтларда корпусда дам олаётган шоир Сайёр, хоразмлик шоир Матназар Абдулҳаким ёки ёзувчи Шукур Холмирзаев учраб қоларди. Шукур акага юришдан кўра ўтириб гаплашиш маъқул келар ва буни шундай изоҳларди: “Бир узоқ умр кўрган одам шундай деган экан: “Ўтиришга имкон борида тикка турмадим, ётишга имкон борида ўтирмадим!..”
Матназар аканинг гапи эса: ”Юринглар, сизлар билан боғни айланиб қайтай!” Тўртовлашганча узум ишкомлари остидаги қоронғу йўлакда бир тоғдан, бир боғдан гаплашганча кетар эканмиз, ҳар кеча ётишдан олдин енгилгина боғ айлана югуришу жисмоний машқлар билан шуғулладиган ёзувчи Примқул ака Қодиров ёнимиздан чопиб ўтиб кетар, буни биров билса, биров пайқамай ҳам қолардик.
Дарвоқе, ўша кунларда Шукур ака Аъзамжоннинг йўлини тўсиб: “Ука, ҳар томонлама тўкис йигитсиз, аммо битта камчилигингиз бор”, дейди. “Қанақа камчилик экан, тузатамиз, Шукур ака?” деб сўрайди Аъзам кулимсираб. “Сурхондарёдан эмассиз-да, Аъзамжон!” дейди Шукур ака. Аъзамжон хандон отиб юборади. Шу куни улар ўртасида бўлиб ўтган ажабтовур суҳбат бутун Дўрмон боғига тарқалади.
* * *
Ана шундай тунги кезишлариимздан бирида, тепамиздаги осмонда юлдузлар оралаб кўз илғамас тезликда сузиб ўтаётган думли юлдуз – комета суҳбатимиз мавзуси бўлиб қолди. Матназар ака думли юлдузга таъриф бериб, у ҳар ўттиз беш йилда бир марта мана шундай тунги осмонда бир ярим-икки ой мобайнида кўриниб, Ер сайёрамиз ёнидан нисбатан абадий йўлида давом этиб ўтишини айтди: “Ўртача саксон йил яшайдиган одам уни умрида икк маротиба кўриши мумкин. Мен буни болалик пайтларим кўргандим. Энди мана иккинчи маротиба кўряпман. Учинчи маротиба кўриш насиб қиладими-йўқми, худо билади…”
Учар юлдуз келар қайтиб,
Қайтармикан ўчган юлдуз.
Фонийликнинг диёридан
Боқийликка кўчган юлдуз.