Кнут Педерсон 1859 йил 4 августда Норвегиянинг Лом туманида қишлоқ тикувчиси Педер Педерсон хонадонида дунёга келади. Оила камбағаллик ва қийинчилик туфайли мамлакатнинг энг шимолий нуқтаси Хамарага кўчиб ўтганида Кнут 3 ёшда эди. Унинг ота-онаси тоғасига тегишли Ҳамсун фермасини ижарага олиб ишлай бошлайди.
Бироқ оила оғир аҳволга тушиб, тоғадан қарз бўлиб қолади. Тўққиз ёшли Кнут фермада мол боқиб тоғасига хизмат қилишга мажбур бўлади. Мурғак бола учун азобли кунлар бошланади. Ниҳоятда баджаҳл ва қаттиққўл тоға художўй бўлишига қарамай, кичкинагина хатони ҳам кечирмас, раҳм-шафқат унга бегона эди. Ҳамсун 15 ёшга тўлганида бағритош тоғасининг таҳқирларига чидай олмай, уйдан қочиб кетади ва мустақил ҳаётни бошлайди.
Кнутнинг ўсмирлик йиллари дарбадарликда ўтади, сон-саноқсиз саргузаштларни бошидан кечиради: дастлаб этикдўзга шогирд тушади, бир вақтнинг ўзида мактабда савод чиқаради. Кўп ўтмай этикдўз устадан қочиб, кемага хизматкорликка ёлланади. У сотувчи, аравакаш, гўлах бўлиб ишлайди, газетага кичик-кичик мақолалар ёзиб кун кечиради. У эришган энг олий “мансаб” – қишлоқ полиция нозирига котиблик эди. Ўша пайтларда у ўзининг илк ҳикояларини ёза бошлайди. Танқид ва кўнглига тегадиган гап-сўзлардан қўрққани боис Кнут бу машғулотини сир тутар эди. Айнан шу сабр-тоқат ёш ёзувчининг маҳоратини сайқаллаган бўлса ажаб эмас.
Ҳамсун тош терувчи бўлиб ишлаган даври ҳақида шундай ёзган: “Тош ташиш, кўчаларга териб чиқиш – ёмон иш эмас, энг муҳими, ҳалол иш. Бироқ меҳнатдан дағаллашиб кетган қўлларда қалам ушлолмай қоласан”. Кнут ўзининг қаламини нисбатан эрта ва ишонч билан қўлга олади. “Ғалати одам” қиссасини ёзиб чоп эттирганида у 18 ёшда эди. Орадан бир йил ўтиб “Учрашув” деб номланган катта балладасини нашрдан чиқаради. Бу икки китоб ўқувчилар эътибори ва меҳрини қозонади. Шундан сўнг Ҳамсун бутунлай ўзини бадиий ижодга бағишлайди. Истеъдодига қизиқиб қолган бадавлат бир савдогардан тузуккина моддий ёрдам олгач, севги мавзусидаги “Фрида” номли қиссасини қўлтиғига қистириб, ёруғ орзулар оғушида Копенгагенга – ўша давр Скандинавия маънавий ҳаётининг марказига жўнайди. Афсуски, Кнут янги қиссасини қайси ноширга таклиф этмасин, барчаси рад этади. Чўнтагидаги пуллар қордай эриб тугайди. Охири Ҳамсун ўз ватанига қайтишга мажбур бўлади. Таниқли норвег драматурги Бернсонни излаб топиб, унга “Фрида” қиссасини беради. Машҳур адиб қўлёзмани очар экан, бир жумлага норози нигоҳ билан кўз тикади: “Йигит йиғлади”. Қиссанинг бир неча бетини варақлаб, яна назар солади, сўнг тўнғиллайди: “Эҳ, йигит ҳалиям йиғлаяпти-ку!” Кекса драматург қаршисида ҳаяжонланиб турган ёш ёзувчига актёрлик билан шуғулланишни маслаҳат беради. Ҳамсун “Фрида” муваффақиятсиз чиққанини тушуниб етади, узоқ иккиланишлардан сўнг асарини ёқиб юборади… Аммо иродаси синмайди.
Кнут адабий меҳнат эвазига кун кўришга ҳаракат қилади. Унда-бунда газеталарда эълон қилинаётган мақолалари, қайдлари учун қўлига тегадиган қалам ҳақи тирикчилик аравасини тортишга жуда камлик қилади. Ҳамсун йўқчилик гирдобига тушиб қолади. Алалоқибат, кўпгина замондошлари қатори нажот йўли сифатида муҳожирликни танлашга мажбур бўлади. 1882 йилда кемада ўтёқар бўлиб Америкага сузиб кетади. Ҳамсун уммон орти ўлкасида сарсон-саргардонликда ҳаёт кечиради, фермада ёлланма ишчи, чўчқабоқар, идора хизматчиси, дўконда мол сотувчи бўлиб ишлайди. Висконсин штатида оғир жисмоний ишларга дучор бўлади, кейин Миннесотага ўтиб, руҳонийга котиблик қилади.
Яшаш учун кечган аёвсиз курашлар эса бора-бора унинг тинкасини қуритади. Ҳамсуннинг томоғидан қон кетадиган бўлиб қолади, шифокорлар унда сил касаллиги бошланганини айтишади. У 1884 йили ватанига қайтади. Она тупроғига қадами етгач, дард ҳам вужудини тарк этади.
Кнут ёзишдан бир кун ҳам тўхтамайди. Унинг фикрлари ва туйғулари, тили, бадиий ифода услуби шакллана боради. Газеталардаги мақола ва очеркларининг довруғидан илҳомланган Ҳамсун адабий фаолиятини қайта тиклашга киришади. Кўп китоб ўқийди. Европа адабий жараёнини изчил кузатиб боради. У ҳатто Флобер, Золя, Ибсен ҳақида оммавий маърузалар билан чиқишлар қилади. Кнут жўшқин ва қизиқарли нутқи ҳамда кескин адабий қарашлари билан ўз тингловчиларини ҳайратга солар эди. Ўша йиллари Ницше китобларининг мутолааси ёш ёзувчининг тафаккурини ларзага солади. Яна аввалги ҳолат такрорланади: Ҳамсуннинг бошига мискинлик қуши қўнади. 1886 йили чорасизликдан яна Америкага, бу гал газета фельетончиси сифатида жўнаб кетади. Чикагода киракаш извошда чипта сотувчи, йирик фермада хизматчи бўлиб ишлайди, сўнгра Америкада чиқадиган муҳожир норвег нашрлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Америкада у бошидан кечирган, шоҳид бўлган воқеалар, тақдирлар, қиёфалар кейинчалик “Закхей”, “Саргардон кунларда”, “Аёллар ғалабаси” каби новеллаларида ўз аксини топади. Қаҳр ва шиддат билан ёзилган, оташин ҳис-туйғуларга тўлиб-тошган бу асарларда фермаларда қора терга ботиб меҳнат қилишга маҳкум, тенгсизлик қурбони бўлган ёлланма ишчиларнинг оғир ҳаёти, дарбадар оломоннинг “бўри қонунлари”, катта шаҳарлардаги инсоний муносабатларнинг шафқатсизларча топталаётгани ҳикоя қилинади.
Уммон ортида кўрган-кечирганларининг жамланмаси сифатида “Америка маънавий ҳаёти” номли ўткир сатирик очерклар тўплами дунёга келади. Ҳамсун демократия саждагоҳи ҳисобланган улуғвор мамлакатнинг ижтимоий ва маънавий қиёфасини ҳеч қандай саробсиз кўра олади. У Америка журналистикаси, санъати, адабиёти, театрини чуқур таҳлил қилади ҳамда уларнинг риёкор, разил қиёфаларини фош қилади, сиёсий ва диний қарашлардаги иккиюзламачилик, ўз-ўзини баландпарвоз оҳангларда мақташ, бошқа миллат вакилларига чексиз нафрат сингари мавжуд иллатларни очиб ташлайди. Америка жамиятида “ҳамма тенг” деган чўпчакнамо ҳақиқатнинг устидан истеҳзо билан кулади. Ҳамсун ғарб либерал журналистикаси ёрқин рангларда тасвирлаган “озодлик диёри” аслида “сурат”дагидан анчайин бошқача эканини кўрсатиб беради. Ўша давр америка адабиётини дидсизлик, ҳаётий ҳақиқатдан йироқлик, манманлик ва эрксизлик намунаси сифатида кескин танқид қилади. Ҳатто Уитменнинг шеърияти ҳам унинг кинояли эътирозларидан четда қолмайди.
Ёш ёзувчи ўзининг адабий фаолиятидан умидсизланиб, яна Европага, бу сафар Копенгагенга қайтиб келади. Газетада сонма-сон эълон қилинаётган “Америка маънавий ҳаёти” мажмуасидаги очерклари катта қизиқишга сабаб бўлади. Бироқ ҳеч қайси ношир уни китоб қилиб чоп этишга хайрихоҳлик билдирмайди. Оч-наҳор, хорлик ва зорликда ўтаётган азобли кунлар бир томондан 30 яшар Кнутнинг мадорини қуритаётган, ҳолдан тойдираётган бўлса, бошқа томондан шу кўргиликлар янги “Очлик” романи учун мавзу бўлади. Ҳамсун дастлабки боблар қўлёзмасини кўтариб “Ny Jord” деб номланган ҳафталик газетанинг бош муҳаррири Эдвард Брандес ҳузурига келади. Муҳаррир қўлёзмадан ҳам, муаллифнинг афтода аҳволидан ҳам ғоят таъсирланади. Матбуотда ёзувчининг зўр бериб, астойдил ишлаётган янги бадиий асаридан парчалар пайдо бўла бошлайди.
Роман парчалари фавқулодда шов-шув қозонади. Бутун Копенгаген адабий муҳити ҳайратда: Ҳамсун деганлари ким бўлди? У қаерда яшайди?.. Бозор йўлакларида фақирона ҳаёт кечирадиган новча, бироқ юзида қон йўқ, эти суягига ёпишган бу ориқ одамнинг зиёратчилари бирданига кўпайиб қолади. Шу кундан эътиборан худди эртаклардаги каби Ҳамсуннинг ҳаёти шон-шуҳрат ва фаровонлик нурларига кўмила бошлайди. Кечаги “дайди” кутилмаганда машҳурлик тожининг соҳиби, бадавлат меҳмонхоналарнинг азиз меҳмонига айланади. Дарров “Америка маънавий ҳаёти”ни нашр этадиган ҳомийлар ҳам пайдо бўлади. 1890 йилда Ҳамсуннинг “Очлик” романи алоҳида китоб ҳолида чоп этилгач эса Европа адабиётига ўз овозига эга навқирон ва забардаст бир иқтидор соҳиби кириб келгани тан олинади. Ўша йилдан бошлаб адиб ҳар йили биттадан эмас, иккитадан роман нашр этадиган бўлади.
Ҳамсун ўзи ҳис қилмаган, ўзи кўрмаган нарсалар ҳақида кам ёзган. Лекин унинг қайсидир китобини бошидан то охирига қадар автобиографик асар деб ажратиб кўрсатиш керак бўлса, бу, шубҳасиз, “Очлик” романидир. Асар қаҳрамони – қишлоқи бир йигит ўзининг улуғ ёзувчи бўлиш қобилиятини сезиб, енгил ҳаётдан воз кечади, муҳтожликда қолса ҳам ижод қилишдан қайтмайди. Ҳамсуннинг қаҳрамони нафақат очликдан, балки мулоқотнинг йўқлигидан, ўзини ифода этиш имконсизлигидан изтироб чекади. Психологик проза жанрида “Очлик” жаҳон мумтоз адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган.
Танқидчи Алрик Густафсон мазкур асарнинг бош қаҳрамонини Достоевский қаҳрамонларига ўхшатади. Ҳамсун буюк рус ёзувчиси ижодидан таъсирланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Зеро, Кнут Ҳамсуннинг набираси Лейф Ҳамсун “Московский комсомолец” газетасига берган интервьюсида: “Бобомнинг ижодхонасида доимо иккита портрет осилган турарди. Бири – Гётенинг, иккинчиси – Достоевскийнинг портрети”, деб айтиб ўтади.
Ҳамсуннинг кейинги даврдаги ижодида муҳаббат мавзуси пайдо бўлади. Ҳамсун самимий ва бироз маъюс бўёқларда тасвирлаган севги – табиат мисоли беғубор бўлиб, қаҳрамонларининг қалби туйғу ва эҳтиросларга шу қадар бойки, ўқувчини бениҳоя лол қолдиради. “Пан”, “Виктория”, “Мистериялар”, “Тентак” каби шоҳ асарларида айнан шундай бетакрор хусусиятлар мужассам. Бошқа романлари ва ҳикояларида ҳам ёзувчи турли воқеалар, хатти-ҳаракатлар орқали қаҳрамонларининг руҳиятини муҳаббат деб аталмиш жавҳар билан безайди.
Ҳамсуннинг 1895-1898 йилларда яратган драматик трилогиясига “Салтанат дарвозаси олдида”, “Ҳаёт драмаси”, “Кечки шафақ” пьесалари киради. Танқидчилар бу асарлар адибнинг романлари каби муваффақиятли чиқмаган деган хулосага келишади.
Ижод осмонида кенг қулоч очиб парвоз қилаётган Ҳамсун шеърлар ҳам ёзар, ўзига манзур бўлмаганидан уларни ёқиб юборар эди. Кейинчалик ўзига маъқул шеърий тизмаларини йиғиб, “Ёввойи хор” номли тўплам тайёрлайди. Булар насрий асарлари сингари яхши баҳо олади.
Ҳамсун учун Инсон – ҳамиша бегона шаҳарлар бўйлаб кезиб юрадиган дайди. Бу ҳақда ўзининг машҳур эътирофи ҳам бор: “Биз ҳаммамиз – Ер юзидаги дайдилармиз”. Адиб назарида, инсон тақдирдан фақат бир нарса – дунёда мавжудлиги учун миннатдор бўлмоғи керак. Бизнинг қайғу ва мусибатларимиз учун ҳаётнинг ўзи энг катта мукофот. Ҳамсуннинг кўпгина романлари, хусусан, “Аср фарзандлари”, “Сегелфос шаҳри” асарларида шу тўғрида ҳикоя қилинади. Шунингдек, бу романларда ижодкорнинг унутилган қадриятларга янгича муносабати акс этган.
Кнутнинг бадиий асарларида борган сари сиёсий тушунчалардан четда туришга интилиш сезилар, олди-сотди ва манфаатпарастликка қарши эътироз оҳанги кучайиб борар эди. Биринчи жаҳон уруши адибни жамиятда бегона одамга айлантириб қўяди. 1917 йилда нашр этилган “Ер шарбати” романи ана шундай кайфиятда битилган. Унда асрий анъаналарга ва ерга меҳрини сақлаб қолган, қадимий қадриятларни унутиб юбормаган Исак ва Ингер исмли норвег деҳқонлари ҳақида ҳикоя қилинади. 1920 йилда Кнут Ҳамсун айнан “Ер шарбати”дек монументал асари учун” (Нобель қўмитаси эътирофи) адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлади.
“Ер шарбати” нашр этилганидан бир йил ўтгач, ёзувчи Жанубий Норвегиядан мулк сотиб олади ва бадиий ижод билан жисмоний меҳнатни бирлаштиради. Тўрт йил ичида 2 та романини чоп эттиради: “Қудуқ олдидаги аёллар” – унда замонавий дунёнинг ёлғон ақидалари билан заҳарланган, денгиз ёқасидаги мўъжазгина бир қишлоқ аҳолисининг қирилиб кетиши баён этилади; “Сўнгги боб” романи – қишлоқ санаторияси ҳақида ғамгин асар.
Қадим Скандинавия шуҳратини тиклаш орзуси Ҳамсунни нацистлар ғояларини очиқ-ойдин қўллашга олиб келди, 1934 йилда фашизм руҳида бир неча мақола ёзади. Бундан адибнинг минглаб мухлислари норози бўлиб, эътиқодини ўзгартиргани учун уни қоралай бошладилар. Китоблари тўғрисидаги нафрат ва лаънатларга тўлиб-тошган адабий тақризлар таъсирида руҳий тушкунликка берилган Ҳамсун маълум муддат психоанализ усули билан даволанади. Шунга қарамай, ўша йиллари у “Дайдилар”, “Август” ва “Ҳаёт давом этади” романларидан иборат трилогияни ёзиб тугатади. Ёзувчининг охирги “Ҳалқа туташади” номли романи 1936 йилда нашрдан чиқади. Унда орзулари рўёбсиз қолишга маҳкум этилган бир одамнинг мақсадсиз ҳаёти тасвирланади.
Фашизм ғоялари таъсирига тушиб қолган Кнут Ҳамсун ҳатто 1943 йили Германияга бориб, Геббелс ва Гитлер билан учрашади. Орадан маълум фурсат ўтгач, 1945 йилнинг кузида Ослодаги руҳий хасталар шифохонасига ётқизилади. Тўрт ой даволангач, қариялар уйига ўтказилади. 1947 йили 88 ёшли кекса Ҳамсун устидан суд бўлади, душманга хайрихоҳликда айбланиб, 425 минг крон (ўша давр курси бўйича тахминан 80 минг доллар) жарима солинади. Ёзувчи 1949 йили, 90 ёшида “Ўт босган сўқмоқлар” номли китоб ёзиб, суд жараёнларини ҳикоя қилади. Китоб Ҳамсуннинг айбларини оқламаса-да, ўз ижодига бўлган қизиқишни қайта жонлантиради. Унинг асарлари яна дунёнинг турли мамлакатларида кетма-кет чоп этила бошлади.
Кнут Ҳамсуннинг шахсий ҳаёти бир қадар тўкис кечган десак бўлади. У 1898 йили Берглют Бех исмли аёл билан оила қуради, ундан қиз фарзанд кўради. Орадан саккиз йил ўтгач, эр-хотин ажрашишади. 1908 йилда эса Ҳамсун ўзидан 22 ёш кичик бўлган актриса Мария Андерсенга уйланади. Оилада икки қиз ва икки ўғил дунёга келади. Ёзувчи Мария билан умрининг сўнгги куни – 1952 йил 19 февралигача бирга ҳаёт кечиради.
Ғоявий қарашларидаги қарама-қаршиликлардан қатъи назар Кнут Ҳамсун дунё адабиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. У ҳақда А.Блок, А.Куприн, К.Паустовскийлар мақолалар ва эсселар битишган. “Ер юзида Кнут Ҳамсун бўлиб яшаш – чинакам қаҳрамонлик”, дея ёзган эди Максим Горький. Дарҳақиқат, шунча уқубатларга дош бериб, шунча синовларни енгиб ўтиб, Ҳамсун ўзининг курашчан ҳаёти билан инсон иродаси нималарга қодир эканлигини исботлаб кетди.
Иброҳим Азиз тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон