Нусратулла Жумахўжа. Машҳур ғазал таҳлиллари тадқиқи

Алишер Навоий

“Қаро кўзум…” Алишер Навоийнинг олимлар, шоирлар томонидан энг кўп ва хўб ўрганилган ғазалларидан биридир. Ушбу ғазал таҳлилига оид Эркин Воҳидов, Матёқуб Қўшжонов, Алибек Рустамов, Исматулла Абдуллаев, Нажмиддин Комилов, Абдулла Аъзамов, Бойбўта Дўстқораев, Исмоил Бекжонов ва каминанинг мақолалари эълон қилинган. Ғазалнинг ўқув адабиётларидаги таҳлиллари ҳам мавжуд бўлиб, унда асарнинг тўлиқ матни қамраб олинган. Ғазалнинг айрим байтлари ёки баъзи хусусиятларини таҳлилга тортган мақолалар ҳам бор. Масалан, Иброҳим Ҳаққуловнинг “Қаро кўзум, келу…” (Бир байт таҳлили) мақоласи шулар жумласидандир. Таҳлиллар хронологиясига назар солсак, биринчи мақола Исматулла Абдуллаев томонидан 1975 йил 22 октябрда “Тошкент оқшоми” газетасида “Машҳур ғазаллар таҳлили” рукнида чоп этилган. Шу ҳисобдан келиб чиқсак, “Қаро кўзум…” ғазалининг бадиий жиҳатларини ўрганиш 40 йиллик тарихга эга.

Ғазал ҳақидаги фикрлар ранг-баранг бўлиб, кейинги даврлардаги таҳлиллар тасаввуфий талқинлар билан боғлиқ равишда баҳс-мунозара тарзида юзага чиққан. Бу бир ғазалнинг мавзуси, мазмуни, образлари, лирик қаҳрамони, муаллиф дунёқарашига ўнлаб олимларнинг турлича нуқтаи назардан ёндашувлари, баъзан объектив, баъзан эса субъектив баҳо беришлари маҳсулидир. Бугун ана шу таҳлилларни қиёсий анализ қилиш, умумлаштириш, синтезини яратиш мавриди келди. Аммо, бу ғазал таҳлили шу билан якунланади, охирги ва қатъий ҳукм чиқарилади, деган гап эмас. Таҳлил натижаларини умумлаштириш фикрларни ойдинлаштиради, янгича қарашларга йўл очади ва тадқиқот кейинги босқичда давом этаверади, деган умиддамиз.

“Қаро кўзум…” ғазалининг биринчи таҳлили 1975 йилда яратилган бўлса, ўн йиллик танаффусдан кейин, 1986 йилдан авж нуқтага кўтарилган. Бирин-кетин бир неча жиддий илмий тадқиқотлар майдонга келган. Нима сабабдан Навоийнинг 2700 дан ортиқ ғазали орасидан айнан мазкур ғазалига илмий-ижодий жамоатчилик бу қадар алоҳида ва катта эътибор қаратган? Бу жуда қизиқарли жумбоқ. Ғазал юксак бадиий санъат даражасида ёзилгани, айни пайтда мақом оҳангларидан “Ушшоқ” куйига солиниб, энг маҳоратли ҳофизлар томонидан ўта дардли ижро этилгани учун кенг халқ оммасининг меҳрини қозонган ва шоиру олимларнинг диққат-эътиборига сазовор бўлган. Ғазал таҳлилларининг қизғин тус олиши ва юқори сифат даражасига кўтарилиши эркин илмий-ижодий фикрга кенг йўл очилган, мафкуравий ғовлар олиниб, тасаввуф таълимотини ўрганиш имконияти туғилган Истиқлол арафаси ва Мустақиллик йилларига тўғри келади.

Дунёқараши, нуқтаи назари, сифат ва савияси қандай бўлишидан қатъи назар, “Қаро кўзум…” ғазали тадқиқи йўлида юзага келган ҳар бир таҳлил илм учун қадрли. Ўндан ортиқ таҳлил муаллифлари ғазал мазмуни ва бадииятини юзага чиқаришда фикрий жиҳатдан ҳамжиҳат. Биз ушбу тадқиқотда мавжуд имконият доирасида ғазал таҳлиллари синтезининг айрим қирралари ҳақида хулосаларни баён этамиз, холос.

Аввало, ғазалнинг барча таҳлилларида “Хазойин ул-маоний”даги мукаммал 8 байтли матн асос қилиб олинган. “Илк девон”даги 7 байтли шакл­га эътибор берилмаган. Ҳатто, Абдулла Аъзамов бундай фикр баён этган: “Хазойин ул-маоний” девонларидаги барча ғазаллар тоқ сондаги байтлардан ташкил топган… Янглишмасак, биргина “Қаро кўзум…” саккиз байт. Бу таажжубли ҳолат, албатта. Уни фақат шундай изоҳлаш мумкин: ғазал илҳомнинг бир эпкини билан туғилган ва шу ҳолатда қоғозга битилган; унга туртки берган ҳодиса Навоий учун азиз хотирот бўлган бўлса керак, тўққиз байтга тўлдиришни лозим топмаган”[1]. Ҳолбуки, “Сатрлар силсиласидаги сеҳр” номли китобда ғазалнинг тўлиқ матни “Илк девон”даги 7 байтли ҳолати билан қиёсий таҳлил этилган ва асарнинг ижодий эволюция­си ёритилган. “Илк девон”да бўлмаган, мақтадан олдинги “Фироқ тоғида топилса туфроғим, эй чарх, Хамир этиб яна ул тоғда кўҳкан қилғил” байти шоир шуурида кечган ижодий ишлов жараёни маҳсули сифатида “Бадоеъ ул-бидоя” девонини тартиб бериш чоғида Навоийнинг ўзи томонидан киритилгани аниқланган эди[2].

Иккинчи муаммо, ғазалдаги тасвир ва ифода тасаввуфийми ёки дунёвийми эканлиги бўлиб, бунда деярли барча муаллифлар мажозий ишқ билан ҳақиқий ишқ уйғун тасвирланган деган нуқтаи назарда якдил турадилар. Аммо, айрим олимлар таҳлилларида Навоий фақат ишқи илоҳийни куйлаган, Навоийда дунёвий муҳаббат умуман бўлмаган, деган нуқтаи назар ҳам мавжуд. Назаримизда, ушбу масалада Нажмиддин Комиловнинг қуйидаги фикрлари мезон бўлиши лозим: “Навоий мансуб бўлган нақшбандия таълимоти қаноат ва тийилишни талаб этса-да, бироқ дунё гўзаллигидан ҳузурланишни ҳам назардан соқит этмайди. Негаки, модомики реал дунё Мутлақ руҳ инъикоси экан, демак, уни севиш ва ундан баҳра олиш мумкин. Шу асосда инсоннинг инсонга муҳаббати ҳам табиий ва зарурий деб топилган, яъни мажозий ишқ орқали илоҳий ишққа қараб бориш. Навоий ўзини ана шу “ишқи мажозий” куйчилари сирасига киритади. Дарҳақиқат, …соф тасаввуфий маънода ва “ишқи ҳақиқий”ни васф этувчи асарлар Навоий ижодида асосий ўринни эгалламайди”[3].

Ушбу муаммо, “Қаро кўзум…” ғазалида, Навоий назарда тутган лирик қаҳрамон ва бошқа бадиий образлар талқинида ҳам намоён бўлади. Алибек Рустамов “Адиблар одобидан адаблар” номли китобида чоп этилган “Қора кўз ким?” сарлавҳали шарҳида “Навоийнинг манзурини йигит эмас, қиз деб тушунтириш, инсон эмас, Худо деб талқин этиш номаъқул”, деб ҳисоблайди. Унингча, “Ҳеч ким, жумладан, Навоий шаклсиз олий вужудга “қоракўзум” деб мурожаат қилмайди, ундан инсон қиёфасига киришни талаб қилмайди ва унинг “юзидаги тер”ни кўриб ўлмайди”. Навоийнинг тасвир объекти Худо эмас, балки инсон деган фикрга қўшилиш мумкин. Лекин мана бу фикр мунозарали: “Энди Навоийнинг бу ғазалидаги манзури йигитми, қизми деган саволга йигит деб жавоб беришимиз керак бўлади. Чунки ит билан ўқдан унинг овчилиги маълум. Унинг йигитлигини тан олмасликка ҳаракат қилиш Навоийнинг ишқи маънавий ишқ эканлигини ҳисобга олмаслик натижасидир”[4]. Навоийнинг маъшуқи образи овчи йигит бўлса, “Сочингни бошдин-оёқ чин ила шикан қилғил” мисрасини қандай тушуниш керак? Абдулла Аъзамов ҳам бу талқинга танқидий ёндашиб, Навоийнинг манзури йигит бўлса, нима учун буни “йигит” радифли ғазалларидагидек аниқ ифодаламаган, дея савол қўяди ва қуйидаги хулосани баён этади: “Ғазалнинг мақсади – конкрет жинсли ва ёшли маъшуқ эмас, умумлаштирувчи (абстракт) манзур сиймосига мурожаатдан иборат”[5]. Алибек Рустамов талқинида “маънавий ишқ” тушунчаси “дўстлик” тушунчаси билан чалкаштириб юборилган. Дўстлик, пиру муридлик, устоз шогирдлик муносабатлари ишқ эмас, балки батамом бошқача тушунча. Уларни инсоний меҳр, ихлос, ҳавас, садоқат боғлаб туради, зинҳор ишқ-муҳаббат эмас. Ҳар бир туйғуни ўз номи билан ифодалаган маъқул, токи Навоийнинг пок ва порлоқ шахсиятига ҳам, тасаввуфий ишқ намояндаларига ҳам маънавий зарар етмасин.

Бойбўта Дўстқораев “Ҳуррият” газетасининг 2009 йил, 22 июль сонида эълон қилган “Алишер Навоийнинг “Қаро кўзум”и ким бўлган?” сарлавҳали мақоласида “қаро кўз”ни “ўлим фариштаси – Азроил образи” дея талқин этади. Унинг шарҳида: Навоий “Азроилни манзура, маҳбуба тарзида ифода этади… Ғазалнинг меҳвари бўлган фикр ҳам “ўлим фалсафаси”дир”, деган хулосани баён этади. Олим ҳар қанча самимий, мароқли таҳлил яратмасин, бу фикр ҳам ишонарли эмас.

Айрим таҳлилларда Навоийнинг ғазалдаги манзури комил инсон, пири муршид эканлиги ғояси илгари сурилса ҳам, шоирнинг ўзи кимга ишора қилинаётганини аниқ ифодаламаганлиги сабабли, бу фикр ҳам мавҳум ва тахминлигича қолади. Зотан, бундай таҳлил муаллифлари ҳам “комил инсон”, “пири муршид” деганда эркак кишини назарда тутганлар.

Таҳлилларда бошқа бадиий образлар – кўз, ит, от, соч, гулоб, бошоғлиқ ўқ – атрофида ҳам қизғин мунозара кечган. “Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил” мисрасидаги “ит”ни – “овчи йигитнинг ити” дея талқин этишга асос йўқ. Ит фақат овчида бўлмайди. Бу нуқтаи назардан келиб чиқсак, бошқа шоирларнинг ғазалларидаги “ит” образини ҳам “овчи ити” деб тушунишимиз керакми? Масалан, Муниснинг:

Итинг кўрсам, манга унс айласун деб,
Берурман гаҳ кўнгулни, гаҳ бағирни

байтини олайлик. Қайси асосда уни “овчи ити” дейиш мумкин?

Бадиий адабиётда тўқима тушунчаси бор. Бироқ, илм-фанда “илмий тўқима” тушунчаси бўлмаса-да, ёш тадқиқотчилардан катта олимларгача ғазал таҳлилларида “илмий тўқима”га зўр бериш ҳолатларини кузатиш мумкин. Улар ғазал матнида бўлмаган, шоир ҳатто ишора ҳам қилмаган образларни ўйлаб топиб, тўқиб чиқарадилар ва таҳлилга бемалол татбиқ этадилар. Шундай “илмий тўқима”лардан бири “овчи” бўлса, иккинчиси “киприк” образидир. Гўёки Навоий “бошоғлиқ ўқ” иборасида ёр кипригини назарда тутган. Ҳолбуки,

Навоий, анжумане шавқи жон аро тузсанг,
Анинг бошоғлиқ ўқин шамъи анжуман қилғил

байтида “киприк” образи йўқ. Ғазалдаги сўз, образ, ибораларга узоқ-узоқдан ўхшаш қидириб топадилар ва узундан-узоқ беҳуда муҳокама юритадилар. Оқибатда, Навоий асарларида қайта-қайта тилга оладиган “Сўз узалди-ю, мақсад йироқда қолди” қабилидаги таҳлил пайдо бўлади. Жумладан, Исмоил Бекжоновнинг “Ўз. АС”нинг 2012 йил 3 август сонида чоп этилган “Бошоқ – камон ўқи” сарлавҳали шарҳи “Қаро кўзум…” ғазали таҳлили бунга мисолдир. Олимнинг сўзшунос сифатида монанд образларни синчковлик билан қидириб топиши ва қилни қирқ ёргандек таҳлил этиши таҳсинга сазовор. Бироқ у “Қаро кўзум…” ғазали матнидаги образларга табиий равишда татбиқ этилмаган. Чунки Навоий “жон аро” “бошоғлиқ ўқ” деганда ёрнинг кипригини ҳам, аллақандай овчининг камонидаги бошоқлик ўқни ҳам назарда тутмаган. Балки оддийгина “жон” сўзи ўртасидаги “бошоғлиқ ўқ”қа ўхшайдиган “алиф” ҳарфини назарда тутган, холос. Бу билан: “бордию шавқ анжуманини тузсанг, менинг жоним-руҳим ана шу анжуманингни ёритувчи, нурафшон этувчи, анжуманнинг шавқига шавқ бағишловчи шамъи шабистон бўлсин”, демоқчи бўлган.

Гарчи “Қаро кўзум…” ғазали таҳлили 40 йил мобайнида изчил давом этган бўлса-да, барча таҳлилларни ҳам ғазал тадқиқини такомиллаштиришга ҳисса қўшди, деб бўлмайди. Таҳлилларда савия жиҳатдан фақат юксалиш эмас, балки пасайиш, орқага қайтиш, мавжуд таҳлилларни мантиқан так­рорлаш ҳолатлари ҳам кузатилади. Масалан, Исматулла Абдуллаев ғазалга 1975 йилда ёзган илк шарҳида “ғамзада” сўзини “ғамза – ноз-карашма” маъносида талқин этган. Мазкур сатрлар муаллифининг 1987 йил, 27 февралда “Ўз. АС”да чоп этилган “Ғазал ва таҳлил” мақоласида унинг шарҳи танқид қилинганидан кейин шу мақолага ёзган раддиясида: “Бизнинг таҳлилимизда “ғамзада – ғам чеккан, жабрланган” сўзи нотўғри талқин қилинган, бунинг учун газетхонлардан узр сўраймиз”, дея хатосини мардларча тан олган. Орадан 20 йил ўтгандан кейин 2006, 2010 йилларда чоп этилган Республика умумтаълим мактабларининг 8-синф “Адабиёт” дарслигида Султонмурод Олимов мазкур хатони яна такрорлаган. Яъни, “Қаро кўзим…” ғазали шарҳини баён этиш жараёнида: “Ошиқ… итига ғамза пайти жон риштасидан ип қилишни айтади”[6], деб ёзган. Наҳотки, олим “ғамзада” сўзининг маъносини билмаган? Наҳотки, ғазал таҳлилининг тарихий такомилини кузатмаган ва тузатилган хатони кўрмаган? Ахир, бир ғазалга шарҳ ёзаётган олим ўзидан олдинги шориҳлар тажрибасини кўриши керак эмасми? Бизнинг Республика Таълим марказига ва матбуотдаги расмий-танқидий мурожаатларимиздан кейин Султонмурод Олимов ушбу хатони дарсликнинг 3-нашрида тузатди, лекин “Қаро кўзим…” ва бошқа ғазаллар талқинидаги талай камчиликлар бартараф этилмай қолган.

Умуман, ғазал таҳлиллари асарнинг мазмун-мундарижаси, бадиий образлар тизими, шоирнинг санъаткорлик маҳорати ҳақида яхлит, қамровли тасаввур ҳосил қилади. “Қаро кўзум…” ғазали тўғрисидаги барча таҳлилларни умумлаштирганимизда, 150-бет атрофидаги бир манба вужудга келди. Биз мазкур ғазал таҳлилларини узоқ йиллардан бери ўрганиб келарканмиз, бир ғазал ҳақида тадқиқот китоби яратиш мумкинлиги ҳақида ўйладик. “Қаро кўзум…” ғазали таҳлиллари тадқиқи тимсолида мана шу лойиҳанинг биринчи намунаси амалга ошди. Ушбу тажриба шуни кўрсатадики, Алишер Навоий ва бошқа шоирларнинг кўп таҳлил ва тадқиқ этилган ғазаллари тўғрисида ҳам ана шундай тадқиқот яратиш мумкин ва зарур. Чунки бу соҳаларда ҳали ечими топилмаган муаммолар кўп ва тадқиқотлар, албатта, давомий бўлиши лозим.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 3-сон

__________________
Нусратулло Жумахўжа 1953 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. Олимнинг “Поэтик тасвирда пейзажнинг роли”, “Турди назми бадиияти”, “Мунис ғазалиёти” каби илмий монографиялари нашр қилинган.

[1] А. Аъзамов. Назмнинг еттинчи осмони. “Жаҳон адабиёти”, 2004 йил, февраль сони. 162-бет.

[2] Н. Жумахўжа. Сатрлар силсиласидаги сеҳр. “Ўқитувчи”, 1996, 17-18-бетлар.

[3] Н. Комилов. Маънолар оламига сафар. “Тамаддун”, Т., 2012, 171-бет.

[4] А.Рустамов. Адиблар одобидан адаблар. “Маънавият”, 2003, 108-109-бетлар.

[5] А.Аъзамов. Кўрсатилган манба. 161-бет.

[6] Cултонмурод Олим, Суннат Аҳмедов, Раҳмон Қўчқоров. Адабиёт. Умумий ўрта таълим мактабларининг 8-синфи учун дарслик-мажмуа. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасдиқлаган. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. Т., 2006, 124-бет. Иккинчи нашри “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи билан ҳамкорликда. Т., 2010, 90-бет.