Нурбой Жабборов. Зулфиқор руҳ орзуси

Муайян ижодий концепциясига эга бўлган шоир ёки адибгина адабиёт оламида муносиб эътироф қозона олади. Ижодий концепция, ўз навбатида, ижодкорнинг адабий-эстетик идеалида тўлақонли намоён бўлади. Жумладан, чинакам шоир шеъриятга фақат ўзигагина хос талаблар асосида ёндашади; ижодда қатъий мезонларга таянади, ундан заррача ҳам оғишмайди; юксак идеалларни куйлайди; шеърияти ва шахси мутаносиб келади. Шавкат Раҳмон ана шундай шоирлардан.

У шеърият, адабиёт оламига ўтган асрнинг 70-йилларида – мураккаб ва зиддиятли бир даврда кириб келди. Кўнгил кўзи, тафаккури очиқ одамларга, ижодкорларга осон бўлмагани аён ўша кезлари. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи сингари забардаст шоирлар туфайли миллий шеърият яшасинчилик кайфиятидан халос бўлиб, асл илдизларига – инсон моҳиятини, миллат руҳиятини инкишоф этиш йўлига қайтган эди ўша даврда. Ҳақиқий шеъриятдан баҳрамандлик, фақат бугина эмас, Худо берган туғма истеъдоди боис Шавкат Раҳмон ўзининг шахс ва ижодкор сифатидаги йўлини аниқ белгилаб ола билди. 1975 йили ёзган бир шеъридаги мана бу мисралар ҳам фикримизни тасдиқлайди:

Кўзингизни очинг, қўрқманг,
Зиёдан қамашсин, оғрисин, майли,
Майлига, яшамак бўлсин қийинроқ
Очиқлиги туфайли…

Қийнанг, ўз ҳолига қўйманг юракни
Яшамаслик учун юраксиз…

Муқаддас ҳислар чўкиб бораётган, гўзал туйғулар, орзулар қадрсизланган истибдод замони эди у давр. Шоирнинг тили “кескир сўзлардан”, нозиктаъб дили изтиробдан қонагани сабабини тушуниш мумкин. Қалбларини зулмат босган, бир-бирини алдаб, бир-бирининг мотамидан шод кимсалар ҳоли унга азоб берди. Ўсишдан тўхтаган, дидига оламни мослаган, келажак ташвиши бир ёқда қолиб, ўзининг ташвишин ростлаган кишилар аҳволига ачинди. Унинг фикрича: “Чидамак мумкинмас, мумкинмас сира, Ҳамоқат ҳайқирса, боқилса ўғри. Фаҳш юрса, менман, деб тоза, бокира, Тўғрилиги учун қийналса тўғри”. Кимсалар бўғизларида мумдек қотиб кетган сасларни, улуғвор бошларини минг йиллаб кўтаролмай ётган касларни кўрганда шунинг учун ҳам қалби ҳасратларга тўлди. Жамики тирик зотнинг ўз табиатига хиёнат қилмаслигини хоҳлади. Бунинг учун, биринчи навбатда, ичдаги хоинни – нафсу ҳавони, ҳирсу ҳасадни, буғзу адоватни ўлдирмоқ зарурлигини англади, англатишга уринди. Оламни кўнгил кўзи билан кўришга ундади, одамларни жаҳолат макрига алданиб қолишдан эҳтиёт бўлишга чақирди. Хаёлларни чақмоқ каби ёритгувчи лаҳзаларга интилди.

Содиқ қолдим табиатимга,
яшамадим юз хил турланиб –

деган сўзлари унинг “шахсияти шеърига кўчганидан” (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон таъбири) далолат беради. Унинг шеъриятга талаби ҳам ана шу шахсиятдан келиб чиққанини кузатиш мумкин:

Шоирнинг йўли бу – дунёнинг йўли,
У башар қалбида ловиллаган оҳ –

деб ёзган эди у бир шеърида. Дарҳақиқат, ижоднинг табиати асли шундай. Фақат ўзини, ўз нафсинигина ўйлаган худбин шунинг учун ҳам ҳақиқий ижодкор даражасига кўтарила олмайди. Ўзгалар дарди бутун кўлами билан ҳис этилган ондан бошланади ҳақиқий ижод. Чин шоир шу боис ҳазрат Алишер Навоий йўлини тутади: “…ҳиммат этагига фоний дунё молига муҳаббат ғуборини, бу жаҳон ашёсига қизиқиш гардини юқтирмайди” (Хондамир таъбири).

Ижодкор ҳамма қатори бўлишга ҳақли эмас. Табиийки, бошқа одамларга хос кўпгина хусусиятлар унга ҳам хос. Фарқи, у ўз манфаатинигина ўйлай олмайди. Ўзгалар дардини ҳам ўзиникидек қабул қилади. Наинки қабул қилади, гўзал бадиий шаклда, таъсирчан сўзлар воситасида назмга солади. “Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир” – ўзи белгилаган ана шундай мезонларда туриб ижод қилди Шавкат Раҳмон. Қуйидаги мисралар шеъриятнинг ана шу юксак талабидан келиб чиққанлиги билан аҳамиятлидир:

Шеърият,
халажруҳ паризод,
учдингми кичкина дунёга,
кўндингми кундалик ёвғонга…

Энтикиб сўйлайсан шамолга:
орзулар чечаги сўлди, деб,
бурди йўқ кимсалар қўлида
бағри қон,
бағри қон бўлди, деб.

Кичкина дунёга учишга, кундалик ёвғонга кўнишга шеъриятнинг ҳаққи йўқ. У заминнинг дардини осмоний руҳда куйламоғи керак. Муҳиблар қалбида гўзал туйғуларни уйғотмоғи, орзулар чечагини гуллатмоғи зарур. Бу чечак бурди йўқ кимсалар қўлида поймол этилиб сўлса, бағри қонга тўлса, шеъриятнинг ҳам парвози сўнади. Бундай ҳолда (Худо асрасин) ижодкор шеъриятдек пок бир поэтик воқелик олдида мулзам бўлади, табиийки, унинг кўзига қарай олмайди. Мана бу мисраларда ана шу оғир дарднинг, ана шу чўнг изтиробнинг образли тасвири берилган:

Оғирдир кўзингга қарамоқ,
кўзларинг,
ўлдирар кўзларинг…

Сўз – инсонга ато этилган неъматларнинг энг улуғи. Олам яралишининг боиси ҳам, одамзод ҳаётига маъни бағишлаб турган ҳам – сўз. Айрим неъматлардан айрилса, инсон кўп нарса йўқотмаслиги мумкин, мабодо, сўздан жудо бўлса, ҳамма нарсасини бой беради; ҳаётида маъни қолмайди. Шунинг учун ҳам сўзга бўлган эътибор юксак даражада бўлмоғи шарт. Сўз аҳлининг мартабаси шу боисдан ҳам чандон баланд. Модомики шундай экан, ижод аҳли сўзларнинг сараларини сайламоққа масъул. Шавкат Раҳмоннинг:

Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини…

дейиши сабаби ҳам сўз деган неъматнинг нечоғлиқ улуғлигини теран ҳис этганликдан. Унинг “нондай зарур, қиличдай кескир сўзлар” излаши боиси ҳам шунда. Шоирликни у шунинг учун ҳам “жасорат сўзининг таржимаси”, деб билади.

Ижод, ижодкор ва сўз масъулияти ҳақида фикр юритилар экан, муҳим бир жиҳатни таъкидлаш керак: китобхонга чақмоқдек таъсир этиши учун сўз ҳақиқат оловидан тафт олмоғи зарур. Асарларида шоирнинг “ўз қалби, қиёфаси, аъмоли ва ботини акс этмоғи” (Баҳодир Карим таъбири) лозим. Ана шу шарт бажарилмас экан, сўз аталмиш беқиёс неъмат исроф қилинган бўлади; бундай асардан на жамиятга фойда етади, на унинг муаллифига. Чинакам ижодкор буни эътибордан соқит қила олмайди. Шавкат Раҳмон – ҳақиқатпараст шоир. Мана бу мисралар ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:

Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни қиличлар кессин.

“Қасам” шеъридан олинган бу сатрлар шоирнинг собит эътиқодидан, қатъиятидан дарак беради. Ижодкорнинг ижодкорлиги шундаки, у ҳамма биладиган, ўрганилган ҳақиқатларни такрорлашдан тийилади. Дунёга ўзгача нигоҳ, теран назар билан қарайди. “Эгилган бошни қилич кесмас”, бу – халқимизнинг машҳур мақоли. Мустабид тузумнинг ададсиз жабридан, ўзи мансуб бўлган миллатнинг аянчли қисматидан изтиробда бўлган ижодкор бу нақлни ўзгартирмоқ истайди. Бу буюк тоғлар салтанатида, яъни бир замонлар дунёнинг катта қисмига ўз ҳукмини ўтказган, тараққиётнинг юксак даражасига эришган, муаззам тарихга эга заминда миллатнинг ақлли бошлари ўзига адолатсизликни шиор қилган, ўзгалар юртига эгалик қилиш илинжида бўлган, ҳавойи нафсининг қулига айланган тубанлар олдида эгилмаслигини хоҳлайди. “Эгилган бошларни қиличлар кессин”, деган кескин хулоса замирида ана шу моҳият мужассам.

Истибдод замонида яшар экан, Шавкат Раҳмон озод руҳли барча ижодкорлар сингари она халқининг оғир қисматига ачинди; унинг дардига малҳам излади. Шеърлари азбаройи шоирлигини кўз-кўз қилиш, истеъдодини ўзгаларга намойиш этиш учун ёзилган эмас. Аксинча, у миллатнинг фожиасини юракдан ҳис этди, унинг ёруғ кунларга етишмоғини орзу қилди – туйғулари шеър ўлароқ қуйилиб келди. “Шоирлик касб эмас, – деб ёзган эди у, – шеър ҳам ботмон-ботмон ёзилавермайди, ёзилиш сабаби бор, вақти-соати бор. Шеър буюк севинчдан ёки буюк фожиадан дунёга келади, танҳоликда яралади, танҳоликда ўқилади”.

Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик….

“Ёш ўзбек шоирларига” шеърида у навқирон истеъдодларга қалб даъватларини ифодалади. Шунчаки рангсиз, таъсир кучидан маҳрум сўзлардан на миллатга, на ижод аҳлига наф етмаслигини уқтирмоқ истади. Сўзларни қайраш – ана шу муддао ифодаси. Ғафлат – инсоннинг ўсишдан, жамиятнинг тараққиётдан маҳрум қолиши белгиси. Шоирнинг: “Ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик”, дея хитоб қилиши сабаби шунда. Яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларини очиш – ижоддан кўзланган бош мақсад. Бусиз бадиий асарнинг бирон-бир аҳамияти қолмаган бўлар эди. Зеро, адабиёт одамларнинг ҳиссиётига, руҳиятига, шуурига таъсир этмоғи, жамиятнинг маънавий юксалишига қанот бағишламоғи зарур. Акс ҳолда, у зиммасидаги вазифани бажармаган бўлади. Мана бу поэтик хулосада ана шу теран моҳиятнинг бетакрор талқини кузатилади:

Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса…
ҳеч нарса қолмас.

Шавкат Раҳмон миллат ўзи орзу қилган истиқлолга эришган даврда, таассуфки, оғир хасталикни бошдан кечирди. Вужудидаги беморлик унинг эмин-эркин ижод қилишига имкон бермади. Ҳақсевар бир шоир сифатида замондошларининг диёнатли, орли аждодларга муносиб бўлишини, сохта шуҳрат, таъма ҳақида хаёл сурмаслигини истади. Халқлар ўз ўтмишларидан инжуларни зарралаб-зарралаб терган пайтида биз шамолда ногоҳ очилиб қолган жавоҳирларни ҳам қайта кўмганимиздан, буюк Турон кенгликларида ҳадсиз хазина ер остида ётганидан ачинди. Бу маънавий хазина юксак бир оламга туташ зина эканини эслатиб, буюк тарихимиздан кенгроқ миқёсда фойдаланишимиз зарурлиги ҳақида куйиниб ёзди. Ижодкорнинг ҳар дақиқани ғазаб билан, севги билан тўлдириб, дунёдаги барча қора нарсани ёруғ лаҳзаларда ўлдириб яшамоқ ҳақидаги образли фикрлари замирида бир олам маъно бор. Мана бу бадиий умумлашма эса, ўқувчи қалбига титроқ солади: “Мен ўзи қандай яшаяпман, ҳаёт тарзим виждон ва ҳаққониятга уйғунми?!” сингари саволлар шеърият муҳиби кўнглида беихтиёр ғалаён кўтарилишига сабаб бўлади:

Токим
Бош кўтариб қарай қуёшга,
Токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат,
Токим тош мисоли тегмасин бошга
Мен яшай олмаган
Ҳар бир дақиқа…

Шавкат Раҳмон шеъриятида қуёш, нур, тоғ, вақт, дарахт сингари тимсоллар кўп қўлланган. Бу тимсолларнинг ҳар бири замирида теран моҳият мужассам. Жумладан, “куннинг ўткир пичоғи”, “қуёш тиғин ўткир зарби”, “қуёш каби пориллаб турган сўз”, “ўзга сайёралардан ёруғ саломлар айтгани ҳолда бизни зулматга ташлаб кетадиган нур”, “буюк тоғларнинг чўккан боши”, “ердан ўсиб чиққан тирик тоғлар”, “сабру иродадан тўралган тоғлар”, “оппоқ кўйлагини ечиб, яшил гулли кўйлагин кийган вақт”, “бири – бекорчиликдан, бири – жаҳолатдан, бири – тўқликдан вақтни ўлдириб, қора қонига бўяганлар”, “гоҳ кундузни, гоҳ тунни кийиб, тинимсиз айланаётган фурсат”, “шохларида сўзлар пишган дарахт”, “сабр дарахтидай ўсган одамлар” сингари ташбеҳга, метафорага бой, образли тафаккур маҳсули бўлган мисралар бунинг исботидир. Теран моҳият ва бетакрор бадииятнинг ана шундай уйғунлиги шоир назмининг барҳаётлигини таъминлаб келаётир.

Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёлқинлари бағримга тўлсин…

“Зулфиқор” сўзи кескир, ўткир маъноларини ифодалайди. Бу сўз миллат тарихи, аждодлар эътиқоди билан боғлиқ чуқур мазмунни ўзида мужассам этади. Шавкат Раҳмон зулфиқор руҳ, чин ёғду ва чин ишқ ёлқинлари миллатнинг, унга мансуб ҳар бир шахснинг ҳаётий аъмолига айланишини орзу қилди. Моҳиятан, бу орзу ижодкорнинг бадиий-эстетик идеалини, ҳаётий аъмолини белгилайди. Қатъий ижодий концепцияга таяниб ёзилган ана шундай асарлар, шубҳасиз, миллий адабиётни юксалтиради.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 1-сон

Нурбой Жабборов 1966 йили туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини битирган. Филология фанлари доктори, профессор. Ғаззолий, Огаҳий, Фурқат асарларини тадқиқ қилиб, қўлёзма манбалар асосида илмий изоҳлар билан нашр эттирган. Олий ўқув юртлари учун “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” дарслигини ёзишда қатнашган. “Маърифат надир?” рисоласи ҳамда ўзбек мумтоз, миллий уйғониш ва замонавий адабиёт муаммоларига доир 400 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи.