Ўзбек миллий уйғониш адабиётини Зокиржон Фурқат ижодий меросидан айри тасаввур этиш маҳол. Зотан, ХIХ аср иккинчи ярмида миллий ўзликни англаш, истибдодга қарши исён, эрк ва озодлик ғоялари дастлаб унинг асарларида бўй кўрсатди. Шоир юртнинг “куффор банди ичра сонсиз тугунда қолган”идан, “охир ул-амр ҳукумат гулшани хазон бўлиб, булбуллар ўрнини зоғлар эгаллаган”идан изтироб чекди, бунинг боиси “сиёсати Рус” эканини баралла айтишга жасорат топди. Ватан ва миллат бошига келган бу оғир мусибатга муолажа излади. “Ҳамани эмди кўз тутгони бир Соҳибқирон бўлди”, дея умид ва нажотни истибдод гирдобидан олиб чиқишга қодир йўлбошчининг тарих саҳнасига чиқишида кўрди. Миллатнинг бошига давлат ҳумоси қайтажагига ишонди.
Фақат бугина эмас. Шоир ўзи мансуб халқнинг замона аҳволидан огоҳ бўлмоғини, жаҳолат уйқусидан уйғонмоғини, маърифатдан баҳра олмоғини орзулади. Русия гимназияси ҳақида шеър ёзар экан, миллат болаларининг шу сингари замонавий таълим масканларида ўқишини истади. Виставкани, театрни васф этар экан, шундай маданий ҳодисаларсиз тараққий этиш имконсиз эканини англади ва англатмоққа уринди. Русиянинг ўша давр фан-техника соҳасидаги ютуқларини тарғиб этар экан, уларга “ўз нафъимиз учун мулоҳаза қилсоқ лозим”лигига урғу берди. Аниқроқ айтганда, ҳар бир ишда Ватан ва миллат манфаатини устувор билди.
Фурқат миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг “кўп ва хўб” ижод қилгани билан алоҳида ажралиб турувчи сиймоларидан. Мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларига мансуб қарийб ўн икки минг мисралик назмий мероси, “Аҳволот”, “Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий” сингари салмоқли насрий, “Тўй хусусида”, “Аза хусусида”, “Гап хусусида” каби этнографик, арузга оид “Илми шеърнинг қоидаи авзонини баёни” асарлари, ижтимоий-сиёсий мавзудаги публицистик мақолалари бунинг далилидир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланаётган дастхатлари Фурқатнинг моҳир хаттот бўлганини кўрсатса, “Зубдат ул-ҳукамо” (“Ҳакимларнинг сараси”) дея шуҳрат қозонгани унинг фаолияти нечоғлиқ серқирра эканини, табобатда ҳам камолга эришганини тасдиқлайди.
Шоирнинг хорижга кетиши ва юртга қайта олмаслиги сабаблари шу пайтгача турлича талқин этилган. Бу ҳақда ҳеч қандай асоссиз, ҳужжат-далилсиз ҳар хил тахмину гумонлар ҳам билдирилган. Архив ҳужжатлари ва мавжуд манбалар таҳлили Фурқатинг чет элга кетишига икки нарса сабаб бўлганини кўрсатади: шоирнинг чор Русияси мустамлака сиёсатини очиқдан-очиқ қоралаб асарлар ёзгани; Фурқатнинг маърифатпарварлик фаолияти Ватан ва миллат манфаатларига асослангани.
Русия мустабид сиёсати Туркистон халқлари ҳаётининг барча – сиёсий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларини бирдай исканжага олгани маълум. Табиийки, миллатпарвар зиёлилар, жумладан, Фурқат ҳам бунга бефарқ қараган эмас. Ғафур Ғулом номидаги Қўқон Адабиёт музейи фондида 7050-рақами билан сақланаётган “Шарҳу рисолат иш-шамсия ва аййана фийҳ ил-мантиқия” асари қўлёзмасининг ҳошиясига битилган “Муножоти мусаддас” бунинг ёрқин далилидир[1]. 108 мисрадан иборат мазкур мусаддаснинг жорий имлодаги тўлиқ матни манбашунос Аҳмаджон Мадаминов томонидан тайёрланиб, доцент Рустам Тожибоев сўзбошиси билан эълон қилинган[2].
Яратганга илтижо, муножот руҳида битилган мусаддасда шоир бундай ёзади:
Зулматни гирдбоди тегди, қуюнда қолдук,
Тўфони ҳайрат, эйки, ғарқи жунунда қолдук,
Ғафлат ила ўтуб умр, кулгу, ўйунда қолдук,
Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук,
Раҳм айлағил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Фурқат “Зулмат гирдбоди, қуюн, тўфони ҳайрат, ғарқи жунун” каби тимсоллар, “Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук” образли тасвири воситасида рус мустамлака сиёсатининг моҳиятини очиб беради. Зеро, бу истибдод сиёсати миллат ҳаётининг барча жабҳаларини бирдай асоратга солгани, миллий истиқлолга, нурли истиқболга элтадиган барча йўлларни батамом тўсиб қўйгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, “…рус маъмурияти қонунларни ўзи истаганча ўзгартириб, маҳаллий аҳолининг иқтисодий, ижтимоий, диний ва сиёсий эркинликларини нақ 50 йил давомида поймол этиб келган”и[3] ҳам бунинг далилидир.
Мусаддаснинг қуйидаги мисралари ҳам истибдод исканжасида қолган юрт тақдирига куйиниш ҳисси билан йўғрилган:
Қозию муфти, аълам доим ҳазину маъюс,
Дин посини тутай деб зиндони ғамда маҳбус,
Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус,
Қўймайди бир тарафдин халқ ичра нангу номус,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Ушбу мисраларда мустамлака сиёсатининг адолатсизликка, зулмга асослангани, ҳатто қози, муфти, аълам каби ҳуқуқ посбонларининг ўзлари ҳам ҳақсизлик гирдобида қолгани ифодаланган. Уларнинг “Дин посини тутай деб ғам зиндонида маҳбус” бўлиши сабабини Фурқат очиқ-ойдин кўрсатиб ўтади: “Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус?!”
Хўш, ўша пайтдаги Рус сиёсати нимага асосланган эди? Манбаларда бу ҳақда қуйидагича маълумот берилади: “…чор ҳукуматининг золим генераллари Туркистон ўлкасига қўйилғон “миссионер”, яъни дин бузувчи Остроумовларнинг таклифлари бўйича, Туркистон ўлкасининг халқини кўр каби истибдод қоронғусида қолдирмоқнинг маслаҳатида “русский-туземний” мактаблар очмоққа киришдилар. Мадраса вақфларини боний, вақф қилғувчиларнинг авлодларига буюриб бериб, сотиб емоқларига фармойиш қилиб, мусулмонларнинг жума намозларида подшонинг номини (хутбага) қўйиб ўқимоқ, “Қуръон”нинг “вал-мушрикин” деган жойларидан “мушрик” иборатларини чиқармоқ каби беҳуда ишларни амр қилдилар. Шаҳар ҳокимлари, қози ва амалдорлар ҳам мактабдорларни чақириб, оқ подшонинг номини жами одамларга билдириб, масжидларда, намозларда дуо қилдириш, ҳатто мактаблардаги ёш болалар ўқийдиган Эшон Сўфи (Сўфи Оллоёр)нинг “Чаҳор китоб”и деган савод китобларидаги “азоби қабр кофирларгадир, чун кўрар гўрнинг азобин баъзи мўмин”дек бўлғон байтларини ва “кофир”, “мушрик” деган иборатларини йўқотиб, янги босиладирғон китоб ва “Қуръон”лардан юқорида айтилган калималарни чиқаришдек фармойишлар қилдилар. Мусулмонларни ниҳоят эзиб, қисиб, ҳатто кўчадан пристуф ўтиб қолса, ё беихтиёр кўрмай қолғон ва ўрнидан турмаган мусулмонлар бўлса, қайтиб келиб уриб, қамар эдилар”[4].
Шоир мусаддаснинг бошқа бир бандида истибдод исканжасида қолган юрт иқтисодиёти ҳам инқирозга юз тутганини, аҳли бозор ночор қолиб, тижоратнинг касодга учраганини чуқур изтироб билан тасвирлайди:
Уч йил бўлурки қолмиш накбатга аҳли бозор,
Кўрмас тижоратидин кўп нафъ хайли тужжор,
Аҳли ҳунарда ҳам йўқ чандоне равнақи кор,
Йўқдур Ўзунгдин ўзга бир меҳрибону ғамхор,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
“Уч йил бўлурки қолмиш накбатга аҳли бозор” мисраси асарнинг Қўқон хонлиги рус қўшинлари томонидан босиб олинганига уч йил бўлган пайтда, яъни 1879 йили ёзилганини кўрсатади.
Фақат бугина эмас. Шоирнинг фикрича, маънавият бобида ҳам таназзул жараёни бошланган: “Заифалардин шарму ҳаё, ағниёлардин жуду сахо, бир-бирга ошнодин меҳру вафо йўқолган. Фақр аҳлидан қаноат, шайхдан риёзат, сўфидан ибодат тобора барҳам ўлган. Доно залилу нодон азиз бўлган. Элнинг феълу хўйи кетиб, гуфтугўйи фақат шикоят бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам эл куффор аҳли ичра ҳайрон бўлиб қолган, на ҳукм қилса дарҳол буйруғини олган, олиғ-солиғ бериб толган”.
Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мустамлака маъмурияти узоқни кўзлаб иш тутган. Ўлкадаги энг эътиборли лавозимларга лаёқатсиз, жоҳил, Фурқат таъбири билан айтганда, “на ҳукм қилса дарҳол буйруғини оладиган”лар қўйилган. “Рус мустамлакачилари ўзлари ишлаб чиққан “Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақида Низом”да шариат қозиларини сайлаш масаласига алоҳида эътибор бердилар, – дейилади “Ўзбекистоннинг янги тарихи”да. – Хонлар замонида саводхон ва ниҳоят билимдон одамлар қозиликка тайинланган бўлса, рус маъмурларининг қонунига кўра, саводсиз кишилар ҳам бу лавозимга сайланиши мумкин бўлди”[5].
Фурқат мазкур асарида бу ҳолни мана бундай образли тасвирлайди:
Ҳар қайда сарфаёғлар қозишинос бўлди,
Барпо қилурға фитна бекаму кост бўлди,
Эл ичра қадр топти ким хушлибос бўлди,
Зоти бек ўтмаганлар соҳибасос бўлди,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Шоир бу аҳволдан қаттиқ изтиробга тушади. Ёлғиз паноҳи – Оллоҳга муножот қилади, ундангина нажот кутади:
Биз Одам ўғли бўлсак, инсон иши хатодур,
Ҳар шайъ аслисиға рожиъ бўлуб кетодур,
Лутфу карамни сандин банда умид этодур,
Фурқат қулинг – гунаҳкор, сан соҳиби атодур,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Шу ўринда Фурқат ва Навоий муножотларида яққол кўзга ташланадиган фарқли жиҳатларга эътибор бериш зарурати сезилади. Навоий муножотлари инсон, унинг моҳияти, Ҳақ таоло маърифати каби миллатидан, ирқидан қатъи назар, барча учун, умуминсоният учун бирдай зарур масалалар таҳқиқига, бадиий талқинига бағишланган. Фурқат муножотида эса ўзи мансуб бўлган миллат дарди қаламга олинади. Шоир муножотларини, таъбир жоиз бўлса, ўз кечмишидан узоқлашаётган, шу боис сиёсий, моддий ва маънавий инқирозга юз тутган миллатга ўз қилмишлари оқибатини кўриши, хулоса чиқариши учун тутилган кўзгу деб аташ мумкин.
Чор ҳукуматининг манфур босқинчилик сиёсатини бутун моҳияти билан фош қилиш, миллатни огоҳ этишга бўлган интилиш, мустабид сиёсатга, жабру зулмга, адолатсизликка бўлган нафрат Фурқатнинг бошқа асарларида ҳам акс этган. Жумладан, “Бўлди” радифли мухаммасида шоир бундай ёзади:
Баҳор айёми ўтти, на гулу сарву суман қолди –
Ки, булбул бирла қумри ўрнига зоғу заған қолди,
На жоми марг ичмай лолаи хунинг, кафан қолди,
Чаманлардин нишон ҳеч қолмади, илло тикан қолди,
Зимистони ажални бодидин бори хазон бўлди[6].
Баҳор – тараққиёт рамзи. Шоирнинг ёзишича, у ўтиб бўлган. Шунинг учун ҳам булбул бирла қумри ўрнини зоғу заған эгаллаган. Бу – юртни Русия забт этганига ишора. Ажал зимистони – истибдод тимсоли. У бор мавжудликни хазонга айлантирган. Бинобарин, истибдод боис миллий анъаналар топталиб, миллат бошига қора кунлар тушган, унинг ҳуқуқи, эрки поймол этилган.
Шоир бу аҳвол сабабини аждодларнинг асрий анъаналари унутилгани, “мусулмон халқимизнинг тўғри йўлдан адашиб, маъсият сори равон бўлгани, ато бирла ўғул ўртасида меҳру шафқат, ано бирла қиз орасида зарра ҳурмат, ағниёларда хайру саховат, фақиру бенаволарда сабру қаноат қолмагани” билан изоҳлайди. Мухаммас қуйидаги мисралар билан давом эттирилади:
Юмуб кўзни, қадамни мардлар сори адам қўйди,
Вафосиз даҳр аларни жониға токи алам қўйди,
Ажал фарзанди одамни жаҳон мулкида кам қўйди,
Мингу уч юз биринчиға сана токим қадам қўйди,
Ҳамани эмди кўз тутгони бир Соҳибқирон бўлди.
“Юмуб кўзни, қадамни мардлар сори адам қўйди”. Адам – йўқлик, демакдир. Бу мисрада мардлар, яъни миллат зиёлиларининг қатағон гирдобига ташланганига ишора бор. Натижа шундай бўлдики, “Ажал фарзанди одамни жаҳон мулкида кам қўйди”. Яъни, бу ҳол оммавий тус олди. “Тажриба шуни кўрсатадики, – деб ёзади Туркистон генерал-губернатори Россия ҳарбий вазирига йўллаган мактубида, – бу ўлкада ошкора қатл ижросигина маҳаллий аҳолига яхши таъсир кўрсата олади. Сиздан, Россия ҳудудида ўлим ҳукмининг ошкора ижроси ҳақидаги қонунни Туркистон ўлкасига татбиқ этмаслик учун зоти Олийлари ижозатини олиб берсангиз, деб илтимос қиламан”[7].
Кейинги мисрада шоир таърих санъатининг сариҳ усулини қўллаш орқали бу фожиалар рўй берган санани ҳам очиқ ёзади: “Мингу уч юз биринчиға сана токим қадам қўйди”. Ҳижрий 1301 йил милодий 1883–1884 йилларга тўғри келади. Демак, рус босқинининг айни авж палласи ҳақида гап кетяпти. Бу, ўз навбатида, мухаммас ёзилган санани ҳам билдиради.
Бешинчи мисрада янада аҳамиятли фикр ифодаланган: “Ҳамани эмди кўз тутгони бир Соҳибқирон бўлди”. Дарҳақиқат, миллат бу пайтда Соҳибқирон Амир Темурдек йўлбошчига муҳтож эди. Юртни мўғуллар зулмидан озод қилган Соҳибқирон – миллий озодлик тимсоли. Шунинг учун ҳам шоир миллатга унингдек бир раҳнамони орзу қилади.
Кўриниб турибдики, шеърда озодликка, миллий истиқлолга интилиш туйғуси чуқур дард, бетакрор бадиият билан ифодаланган. Бу туйғу баъзан очиқча, айрим ҳолларда эса мисралар тагматнида акс этгани кузатилади.
Кейинги изланишлар натижасида аниқлаганимиз – шоирнинг шу пайтгача маълум бўлмаган “Бегим” радифли дастхат шеъри ҳам бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Ғазал матни бир варақ фабрика қоғозига бинафшаранг сиёҳда шикаста аралаш настаълиқ хатида кўчирилган. Варақнинг ўнг томонида матнни ўқишга халал бермайдиган доғ бор. Ушбу 17 байтли шеър 1889–1891 йилларда Фурқат Тошкентда яшаган даврда ёзилган. Дастхат ХIХ аср хаттотлик санъатининг нодир намунаси сифатида ҳам аҳамиятлидир. Унда байтлар муайян мутаносиблик асосида жойлашган. Яъни, байтлар сони юқоридан қуйига ҳамда ўнгдан чапга бир, икки, уч, тўрт, уч, икки, бир тартибида квадрат (мураббаъ) шаклида битилган. Мураббаънинг қайси тарафидан қараманг, айни тартиб амал қилади. Демак, фақат мазмундагина эмас, шаклда ҳам мукаммалликка эришилган. Шаклдаги ушбу мукаммалликни сақлаш учун шеърнинг сўнгги 17-байти ҳошияга кўчирилган. Қўлёзма Фурқатнинг юксак хаттотлик маҳорати намунаси сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Ғазалдан олинган қуйидаги мисралар шоирнинг мустамлака сиёсатига бўлган муросасиз муносабатига далил бўла олади:
Шўъбада изҳор этиб ногоҳ чархи ҳийласоз,
Бошлади афсун ила макру дағосидин, бегим.
Ғунчаи давлатни гул янглиғ паришон айлади,
Тундбоди ҳодисоти можаросидин, бегим.
Охируламр ҳукумат гулшани бўлди хазон,
Келди зоғу қолди булбуллар навосидин, бегим[8].
Мазкур байтларда юртнинг тараққиёт қуёши сўниб, таназзул шоми бошлангани сўнгсиз ҳасрат билан ифодаланган. Чархи ҳийласознинг афсун ила макру дағоси – ўша кезлари мамлакатда кечган фитна-фасодлар, инқироз жараёни тимсоли. Натижада “…ғунчаи давлат гул янглиғ паришон бўлган. Ҳукумат гулшани хазонга айланган”. Зоғлар келиши билан булбуллар навоси тинган. Бинобарин, булбул боғда сайрайди. Зоғнинг макони эса – вайрона. Мустамлака исканжасидаги Туркистоннинг аянчли аҳволини Фурқатгача ҳеч қайси шоир бунчалик таъсирчан ифодалай олган эмас. Бунда шоир тазод санъати (гулшан-хазон, зоғ-булбул) имкониятидан унумли фойдаланган.
Дастхат ҳошиясида “Камина Фурқат ва Ҳожи Аъзам тарафидин чўх дуо ва саломлар вусулингиз ўлсун” сўзлари битилган. Савол туғилади: шеър кимга бағишланган? Фурқат ва Ҳожи Аъзамнинг “чўх дуо ва саломлар”и йўлланган шахс ким? Ҳошиядаги қайддан буни аниқлаш имконсиз. Хўш, у ҳолда “бегим” дея ким улуғланмоқда? Унинг Фурқат ва Ҳожи Аъзамга қандай алоқаси бор? Шоир мустамлака сиёсати билан боғлиқ изтиробларини ким билан бу қадар чин дилдан дардлашиши мумкин? Бу саволларга жавоб бериш учун, аввало, ушбу дастхат шеър матнига мурожаат этиш зарур. Хусусан, қуйидаги байт бу масалага ойдинлик киритиши мумкин:
Шаҳ ҳаёти дуржида бир дур эдинг, бўлдунг ятим,
Қадринг ошди даҳр атаб қўйғон баҳосидин, бегим.
Бу сўзлар унинг шоҳ фарзанди эканини кўрсатади. Фурқат қайси шоҳ зурёди билан яқин муносабатда бўлгани, кимга “бегим” дея мурожаат этиши мумкинлиги таҳқиқ этилса, унинг Худоёрхон фарзанди Фансуруллобек экани маълум бўлади. Зеро, шоир “Сабоға хитоб” дея номланган шеърий мактубида ҳам Фансуруллобекка “бегим” дея мурожаат этган:
Бегим, жоним, афандим Фансуруллоҳ,
Зиҳи шаҳзодаи зул-изза ул-жоҳ.
На ман танҳо, улус шаҳзодасидур,
Ҳама шаҳзодалар озодасидур[9].
Қолаверса, Фурқат Тошкентда яшаган даврида Фансуруллобек билан жуда яқин муносабатда бўлган. Бу ҳақда профессор Шариф Юсуповнинг қуйидаги фикрлари, айниқса, диққатга сазовор: “Шеъриятга, шоирларга ихлоси баланд Фансурулло Фурқат Тошкентда яшаган йилларда 20–22 ёшлар орасидаги йигит эди. Ўзининг ҳамшаҳри бўлмиш забардаст шоир Тошкентда эканини билгач, табиийки, у билан танишиш, дўстлашиш, айниқса шеърият ҳақида суҳбатлашиш, ўз шеърий машқларини кўрсатиб, ундан маслаҳатлар олиш истаги тез орада Фансуруллобекни Фурқат билан яқинлаштиради. Фурқат Фансуруллобекнинг Занжирлик маҳалласи тор кўчасидаги ҳовлисида бир неча марта бўлади, ундан илтифотлар кўради. Шу боис Истанбулга бориши биланоқ энг яқин дўстлари қаторида Фансуруллобекни соғиниб, “Сабоға хитоб”нинг салмоқли бир қисмини унга бағишлайди.
Иккинчи томондан, Фансуруллобекнинг қайнотаси Жўрабек додхоҳ ҳам Фурқат билан ғоят яқин муносабатларда эдики, қайнотасининг Қорасувдаги катта боғида бўлган суҳбатларда ҳам у Фурқат билан бир неча бор учрашган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас”[10].
Дастхат шеърнинг қуйидаги мисралари Фансуруллобекка отаси Худоёрхон вафоти, “чархи ҳийласоз”нинг шундан кейинги “макру дағо”лари, зулму ситамлари муносабати билан ҳамдардлик йўсинида ёзилган:
Одам ўғли йўқ эрурким, арсаи олам аро,
Бўлмаса озурдадил даврон жафосидин, бегим.
Кимса меҳр, ушбу жаҳондин, кўрдиким, кўз тутқомиз –
Бу жаҳон ичра жаҳон аҳли вафосидин, бегим?
Манго қилғон зулмини кўргилки, уйла бор эдим,
Сен киби шаҳзодани хайли гадосидин, бегим.
Ушбу 17 байтли шеър шахсан Фансуруллобекка бағишланган бўлса-да, унинг теран мазмуни умуммиллий аҳамиятга эга. Бинобарин, “ғунчаи давлатнинг гул янглиғ паришон бўлиши, ҳукумат гулшанининг хазонга айланиши, булбуллар ўрнини зоғлар эгаллаши” фақатгина Фансуруллобек бошига тушган мусибат эмас, балки миллат дарди ва мусибати бўлган. Ҳеч шубҳа йўқки, Фурқат буни теран ҳис этган. Бугина эмас. Миллат дарди билан йўғрилган қалб кечинмаларини, кўнгил изтиробларини қуйма мисралар орқали баён этган.
Шеър дуо мазмунида битилган қуйидаги байтлар билан якунланади:
Жонсипору қадрдонлиғдин бажуз бир туҳфа йўқ,
Ҳазратингга Фурқатий холис дуосидин, бегим:
Сояи Тангри насиб этгай санинг бошингга ҳам,
Зойил ўлмас бобақо давлат ҳумосидин, бегим.
Кўринганидек, ғазалда шоир тахаллусидан кейин ҳам бир байт келган. Шайх Аҳмад Тарозий фикрича: “…ул байтеким, тахаллусдин сўнгра айтурлар, икки навъ бўлур. Бириси улким, тахаллус байти маънода нотамом қолур. Бир байт бирла они тамом қилурлар, они мутаммим ул-анқос ўқурлар. Ва бир навъи улким, бовужудким, тахаллуси тамомдур, бир байт масал тариқи бирла келтурурлар, андин тахаллус байтиға рабт ҳосил бўлур, они робита дерлар”[11].
Маълум бўладики, мазкур ғазалда тахаллусдан кейин келган байт биринчи турга мансуб. Бинобарин, тахаллус байтида маъно тугалланмаган. Кейинги байт (“мутаммим ул-анқос”) ғазал мазмунига якун ясаган. Фурқат яшаган тарихий вазиятда, ўша ижтимоий муҳитда бундай сўзларни битиш чинакам жасорат, Ватан ва миллатга фидойилик намунаси эди.
Мазкур асарлар ёзилган саналар (“Муножоти мусаддас” 1879 йили, “Бўлди” радифли мухаммас 1885 йили, “Бегим” радифли ғазал 1890 йили ёзилган) кўрсатиб турибдики, шоирнинг мустамлака сиёсатига бўлган муносабати йиллар ўтиши билан ҳам ўзгармаган. Фақат истибдодни қоралаш руҳи дастлабки асарларда очиқроқ акс этган бўлса, кейингиларида кўпроқ образ ва тимсоллар замирида берилган.
Табиийки, Русия мустабид сиёсатини қораловчи, фош этувчи бундай асарлар мустамлака маъмурияти манфаатларига зид бўлган. Бу эса мазкур ҳукумат шоирдан қутулиш учун уни мамлакат ҳудудидан чиқариб юборишнинг барча чораларини кўрган, Фурқатнинг хорижга кетиши ва она юртга қайтмаслиги масаласи генерал-губернаторлик томонидан режали асосда махсус уюштирилган, деб ҳисоблаш учун етарли асос беради.
Фурқат ҳаёти ва ижодининг энг самарали ўн саккиз йили хорижда кечди. Унинг чет элларга сафари саналарини энг сўнгги илмий изланишлар асосида қуйидагича белгилаш мумкин: Туркия – Юнонистон сафари 1891 йил сентябрь – 1892 йил 24 февралгача, Араб мамлакатларига сафари 1892 йил 24 февралидан шу йил августигача, Ҳиндистон – Тибет сафари 1892 йил августидан 1893 йил сентябрига қадар давом этган. 1893 йил сентябрида у Ёркентга боради ва умрининг охирига қадар бу шаҳарда турғун бўлиб қолади.
Юқорида шоирнинг чор истибдодини очиқдан-очиқ қоралаб асарлар ёзгани ҳақида фикр билдирилди. Таъкидлаш жоизки, бундай имконият унда ҳар доим ҳам бўлаверган эмас. Айниқса, Фурқат хорижда экан, унинг ҳар бир қадами назоратда бўлган. Шунинг учун шоир энди бошқача йўл тутади. У, айниқса, “Туркистон вилоятининг газети” учун мўлжалланган асарларида айтмоқчи бўлган асосий фикрларини билвосита, асарлари тагмазмуни орқали ифода этади. Жумладан, Фурқатга жуда кўп таъналар қилинишига сабаб бўлган “Рус аскарлари таърифида” деб номланиб келган асарнинг насрий сўзбошиси – кириш қисмида шоир бундай ёзади: “Ҳабл ул-матин” ва “Песаи ахбор” ном Ҳиндустон газетларида Русия давлатининг ёпун халқи бирла қилғон муҳорабалари хусусида ўрусия аскари борасида аксар кинояомез сўзларни ёзадур. Чунончи, ул ахборларнинг зоҳир иборати маҳз бир воқеий ҳолотлардур. Ва лекин, мазмунини диққат бирла мулоҳаза қилғонда киноя ва ҳасадомез маънилар пайдо бўладур”[12].
Сўзбошидаги “Русия давлатининг ёпун халқи бирла қилғон муҳорабалари” жумласига урғу берилаётгани бежиз эмас. Бу орқали чор Россиясининг босқинчилик сиёсатига ишора қилинган. “Ҳабл ул-матин” ва “Песаи ахбор” газеталаридаги “ахборларнинг зоҳир иборати маҳз бир воқеий ҳолотлар”, яъни ҳақиқатда бўлган воқеалар эканига оид шоир таъкиди ҳам диққатга сазовор. Бу орқали у рус армиясининг Япониядаги шармандаларча мағлубиятига ишора этган. Шоирнинг эътирози фақат бу ҳақда ёзилган сўзлар киноя ва ҳасадомез маънида эканига қаратилган.
Мавжуд нашрларда Фурқатнинг бошқа кўплаб асарлари қатори мазкур шеър ҳам қисқартириб босилган. Нашр нусхаси манба билан қиёсланганда, “Танланган асарлар”дан манзуманинг 30 мисраси тушириб қолдирилгани аниқланди. Нашр нусхада “Қисқартириб олинди” дея изоҳ берилгани нашрга тайёрловчининг масалага холислик билан ёндашганини кўрсатади[13].
“Танланган асарлар”дан тушириб қолдирилган 7–8-байт мазмунига диққат қилайлик. Шоир бундай ёзади:
Бориб Манжурия сори урушқа,
Ёпун халқини турди ўлтурушқа.
Қизиб бозори марг андоғки яксар,
Пули бору пули йўққа баробар[14].
Бу – чор Россиясининг мустамлака уруши эди. Шоир рус аскарининг “Манжурия сори бориб, ёпун халқини ўлдиришга тушгани, ажал бозорини қизитгани”ни таъкидлар экан, уларнинг ўзга бир юртга босқинчилик нияти билан борганига ишора қилади. Нашр нусхадан тушириб қолдирилган 15-байт ҳам рус армиясининг қонхўрлиги ифодаланган:
Бўлуб дарёда сув қондин намудор,
Деса бўлғай ани дарёи хунхор.
Жорий нашрларга кирмай қолган навбатдаги мисралар тагматнида яширинган мазмун шоирнинг асл мақсадини англаш имконини беради:
Бировға Ҳақ берур фатҳу зафарни,
Бировға солғуси хавфу хатарни.
Онга лозим эмас асло таарруз,
Қилур нодон киши бежо таарруз.
Жаҳонда зоҳир этмас бу “шижоат”,
Бизинг оқподшоҳдин ўзга давлат. (29, 30, 31-байтлар)
Маълумки, мазкур асар ёзилган 1905 йилги рус-япон уруши рус армиясининг шармандали мағлубияти билан якунланган. Шоир “Бировға Ҳақ берур фатҳу зафарни, Бировға солғуси хавфу хатарни” деганда шуни назарда тутган. “Онга лозим эмас асло таарруз, Қилур нодон киши бежо таарруз” дер экан, шоир бу тақдир тақозоси экани, унга рози бўлишдан ўзга чора йўқлигига ишора қилади. Тақдирга нодонларгина қаршилик кўрсатишга интилишини таъкидлаган шоир бундай “шижоат”, яъни нодонликни оқподшоҳдан ўзга ҳеч ким зоҳир этмайди, дея истеҳзо қилади.
Мана бу байтлар мазмунига диққат қилинг:
Билурсизму ёпун қайдин келибдур,
Бориб қайси тараф, на иш қилибдур?
Туруб ул ўз маконида урушти,
Ўрус бирлан эшигида кўрушти. (42–43-байтлар)
Ушбу мисралардан олдинги байтда шоир “Билурға сўз дурин сарроф лозим”, дея бу сўзлар моҳияти анча теран эканига ишора қилади. Бу ҳақда чуқурроқ фикр юритмай туриб бирор хулосага келмасликни тавсия этади. “Кимики жуғрофия илмини билса, ўйлаб кўрсин. Русийдин японға қанча йўл эканлигини андиша қилсин. Русийдин неча лак аскар қанча чўлу биёбонлардин ошиб, емак-ичмагини тошиб, оғир юкларни – олоти ҳарб анжомини олиб, андоғ олис ерларға боргани сабабини мулоҳаза этсин” мазмунидаги мисраларни битар экан, шоир ҳар бир сўз замирига олам-олам маъноларни жойлайди. Унинг таъкидлашича, “Бу урушда японлар бирор бошқа жойдан келмаган, рус аскарларига ўхшаб ўзгалар юртига босқинчилик мақсадида борган эмас, улар ўз маконларида туриб, ўз юртлари ҳимояси учун урушдилар. Кейинги байтда шоир шундай ёзади:
Бу сўзнинг рамзини доно билур, бас,
Нечук оташга тоқат айлагай хас.
Яъни, шоир “Бу сўзнинг рамзини доно билур, бас”, – деяр экан, бу ёзган сўзларидаги зоҳирий маънога эмас, ундаги рамзларга, нозик ишораларга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди. Ўзга юртни босиб олиш ниятида борган рус аскарини япон халқининг босқинчиларга қарши ғазаб оташи олдида бамисоли хасга қиёс этади.
Маълум бўладики, Фурқатнинг “Рус аскарлари таърифида” деб номланиб келган асари мустабид чор Россияси аскарлари мақтовига эмас, аксинча уларнинг босқинчилик ҳаракатини, рус-япон урушидаги шармандали қисматини фош этишга қаратилган. Шундай бўлгач, мазкур асар, унинг мазмун-моҳияти, ғоявий йўналиши хусусида шўролар замонида билдирилган фикр-мулоҳазалар ўша пайтдаги ҳукмрон мафкура талаби, замон тақозоси сифатида баҳоланмоғи лозим.
Шу ўринда асар моҳиятидан келиб чиқадиган муҳим бир хулосани – асарнинг номланиши нотўғри бўлганини таъкидлаш зарур. Бинобарин, аввало, ушбу ном шоирнинг ўзи тарафидан эмас, нашрга тайёрловчи томонидан берилган. “Туркистон вилоятининг газети”да “Стихи из Яркента” сарлавҳаси билан эълон қилинган ушбу манзумага шоирнинг ўзи сарлавҳа қўймаган. Иккинчидан, “Рус аскарлари таърифида” деган ном асарнинг асл моҳиятига мутлақо мувофиқ келмайди. Агар асарга сарлавҳа бериш эҳтиёжи сезилса, бизнингча, уни “Рус-япон муҳорабаси хусусида” деб номлаш тўғрироқ бўлар эди. Чунки, асарда муаллифнинг мазкур урушга холис ва ҳаққоний муносабати акс этган.
Қолаверса, Ёркентдан Николай Остроумовга ёзган мактубларидан бирида шоир “…мундин муқаддам Ёпуниё муҳорабаси хусусида бир шеър хизматингизға пошта илан юборуб эдим, иншаоллоҳ, мавсул бўлғондур”[15] деб ёзган эди. Бинобарин, Фурқат рус аскарлари таърифида эмас, Ёпуниё муҳорабаси хусусида шеър ёзганини таъкидлаяпти. Бизнингча, шунинг ўзидаёқ шоир мазкур асарни ёзишдан кўзлаган асл мақсадига ишора қилган.Асарда оқподшоҳ, рус аскарлари шаънига мақтов мазмунидаги мисралар ҳам мавжуд-ку, деган савол туғилиши табиий. Тўғри, манзума шундай маънодаги мисралардан ҳам холи эмас ва бу Ватандан йироқда, ғурбатда яшашга маҳкум этилган шоирнинг юқорида таъкидланган қимматли фикрларини юртдошларига, келажак авлодларга етказиши учун махсус танланган восита сифатида баҳоланмоғи керак. Умуман, Фурқатнинг мазкур асари Шарқ шеъриятининг ўзига хос ифода усулини, маъно серқатламлилигини ўзида мужассам этган юксак намунасидир.
Фурқатнинг мазкур ва бошқа аксарият асарлари таҳлили, рус матншуноси Дмитрий Сергеевич Лихачев таъкидлаганидек, уларнинг “ғоявий таҳрир”дан ўтганини кўрсатади. Олим қайд этганидек: “Матннинг “ғоявий таҳрир”дан ўтиши асарнинг стилистик жиҳатлари билан боғлиқ бўлиши ёки боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Таҳрир баъзан бутун матн таркибига, айрим ҳолларда унинг алоҳида қисмига алоқадор бўлади. Ёзма ёдгорликка бутунлай тескари маъно юкланиши, матнда у ёки бу хил “ғоявий тозалаш” ўтказилган бўлиши мумкин. Ҳатто асарга унда мутлақо бўлмаган ғоя қўшилиши ёки матнда мавжуд бўлган ғоя “қисқартирилиши” ҳоллари ҳам учрайди”[16].
Фурқат асарлари тадқиқида Д. С. Лихачев таъкидлаган “ғоявий таҳрир” муаммосини ҳар доим эътиборда тутиш зарурати сезилади. Дарҳақиқат, шоир асарларига баъзан бутунлай тескари маъно юклангани, айрим ҳолларда уларнинг “ғоявий тозалаш” чиғириғидан ўтгани, натижада нотўғри талқин этилгани бугун мутахассислар учун сир эмас.
Шоирнинг “Қасида” асари ҳам мутахассислар ўртасида баҳсу мунозарага сабаб бўлган. Асар ҳатто Фурқатнинг чор мустамлака сиёсати моҳиятини тушунмаганига далил этилган. Аслида ҳам шундайми? Асар матни устида олиб борилган изланишлар бунинг зиддини исботлайди. Яъни, Фурқат бу асарининг ҳам тагматнига чор истибдодининг асл қиёфасини фош этувчи мазмунни маҳорат билан сингдириб юборгани кузатилади.
Жумладан, шоирнинг “Қасида”га ёзган сўзбоши – изоҳи унинг мазкур асарни ёзиш вақтидаги руҳий ҳолатини ҳис этиш имконини берувчи қуйидаги жумлалар билан бошланади: “Зимистони шабистонларким, сиёҳбахтлар рўзгоридек қаро ва соҳиби афкорлар андишаси янглиғ узун ва беинтиҳодур. Бу лайлат уд-дажода уйқу дуррожлари кўзлар ошёнасидин рамида қилиб, хаёл насойими ҳар тарафға варзида қилур эрди…”[17]. Қарангки, “оқподшоҳ”га бағишланган қасиданинг дебочаси қандай тасвир билан бошланмоқда: “Сиёҳбахтлар рўзгоридек қоп-қора, зимистон тун”. Бу тасвир замирига шоир қандай маъно жойлаган? Бу орқали нима демоқчи? Бу тасвир мазкур дебоча давомида “жўши баҳори рашки гулистони Эрам” дея таъриф этилган Фарғона мамлакати, “бу роқими тасвидотнинг асл шажараи вужуди… обу ҳавоси обёрлиғи бирла тарбият топмиш бўлғон” Хўқанд гулшанининг истибдод зулматида қолганига ишора эмасми? Ушбу сўзлар замирига худди шу моҳият сингдирилган, назаримизда. Акс ҳолда подшоҳ мақтовига оид қасида бундай дард-алам ифодаси бўлган сўзлар билан бошланмас эди.
Қолаверса, ушбу изоҳ – сўзбошининг давоми янада чуқурроқ мулоҳаза юритишни тақозо этади: “Арбоби назардин умид улким, ушбу жаридаға мунсифона кўнгул бирла мутолаа ва мулоҳаза айлагайлар. Мабодо хотирлариға хутур қилмағойким, ушбу сўзлар хушомадгўйлиғ юзидин адо топқон бўлғай деб. Чунки мақсудимиз асли бошқа ерга реша чекмаклиги кўнглумиз ганжинасида мактум ва музмардур. Вассалом”[18].
Шоирнинг бу асарга инсоф юзасидан баҳо беришни сўраб ёзган ушбу сўзларидан кейин ҳам у ҳақда юзаки мулоҳаза юритиш арбоби назар – олимлар учун муносиб бўлмаган ҳол. Бевосита асар матнига мурожаат этамиз. Маснавий Яратганга ҳамду сано билан бошланади:
Жаҳонда ҳар наким этти – Худованди жаҳон этти,
Қилиб қудратнамолиғ замину осмон этти.
Камоли жуди ўн саккиз минг олам айлабон мавжуд,
Мукаррам халқ этиб одамни, сунъини аён этти.
Ҳама махлуқни, Борий, мутиъу зирдаст айлаб,
Оларға Одам ўғлин чиредасту қаҳрамон этти.
Ҳақиқий подшоҳеким, жаҳонни интизоми–чун
Мажозий подшоҳларни жаҳонға ҳукмрон этти[19].
Мазкур ҳамд-байтларнинг сўнггиси, айниқса, тагматнда ифода этилган мазмуннинг теранлиги билан ажралиб туради. Яъни шоир “оқподшоҳ”га қарата: “Сен вақтинчалик мажозий подшоҳсан, сенинг ҳукмронлигинг ҳам ўткинчи. Ҳақиқий подшоҳ эса Тангри таолодир. У хоҳлаган куни худди аввалги подшоҳлар каби сенинг ҳукмронлигингга ҳам чек қўйишга қодир” деган ҳақиқатни образлар воситасида айта олган.
Кўриниб турибдики, Фурқат ҳатто зоҳиран “оқподшоҳ” мадҳига бағишлангандек таассурот қолдирадиган асарида ҳам йўлини топиб мустамлака сиёсатига бўлган нафратини ифода эта олган. Бу эса, ўз навбатида, асосий фикрларини мисралар тагматнида бериш унинг хориждаги давр ижодида ўзига хос услуб даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Фурқатнинг Ватанга қайтиш йўллари ёпиб қўйилиши сабабларидан яна бири унинг собит эътиқод эгаси бўлгани, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистон Марказий давлат архиви Николай Остроумов фондида сақланаётган ҳужжатлардан бирида Фурқат машҳур “Гимназия” шеърини ёзган пайтда Тошкент Эрлар гимназиясида таълим олган Степанов деган кимсанинг Ёркентга бориб, шоир ҳақида мана бундай маълумот юборгани қайд этилган: “Муҳтарам Николай Петрович, – деб ёзади Степанов. – Мен сизга ушбу хат билан Ёркентда кўришганим Зокиржоннинг шеърларини ҳам юборяпман. Очиғини айтганда, Зокиржоннинг шеърлари менга ёқмади. Мен Фурқатнинг самимийлигига мутлақо шубҳа билан қарайман. Тан олиш керакки, у жуда ақлли, истеъдодли ва бениҳоя ёқимли инсон. У табобат билан шуғулланади, ерда ишлашни ёқтиради. Менинг ўйлашимча, у Россияни мутлақо севмайди. (Таъкид бизники – Н. Ж.) Эътиқодда бениҳоя собит. Мен унга шеър ёзишдан ташқари, бизнинг сартларимизни қизиқтириши мумкин бўлган маҳаллий мавзулар: бу ернинг аҳолиси, урф-одатлари, саноати ҳақида ёзишни тавсия қилдим. Бу ердаги ақлга сиғмайдиган жаҳолат, шунингдек, рус зулмидан доимий равишда норози бўлган бизнинг Туркистон туземлилари фойдаланаётган қулайликларга алоҳида урғу беришни сўрадим”. (Ўзбекистон Марказий давлат архиви, фонд № 1009, 1-рўйхат, 135-иш, 42–43-бетлар.)
Степанов тўғри таъкидлаганидек, Фурқат мустамлакачиларни мутлақо севган эмас. Лекин, бу ерда масаланинг эътибор бериш зарур бўлган бошқа бир жиҳати бор. Мазкур ҳужжатнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, Фурқат чор ҳукуматининг доимий назоратида бўлган. Унга ҳатто нималар ҳақида ёзиш ҳам тавсия этиб турилган. Степанов Туркистондаги чор маъмуриятига шоирдаги ўзи ёқтирмаган қуйидаги уч хусусият ҳақида ёзиб юборади: 1) унинг Россияга нисбатан самимийлигига шубҳа билан қараши; 2) Фурқат шеърлари унга маъқул келмагани; 3) шоирнинг мустаҳкам эътиқодли шахс экани.
Бу сингари фактлар Фурқат ҳақида мунтазам равишда ана шундай маълумотларни тўплаб борган чор ҳукумати миллатпарвар шоирнинг она юртга келишини мақсадга мувофиқ эмас деб топгани ва унинг Ватанга қайтиш йўлларини тақа-тақ ёпиб қўйгани ҳақидаги хулосага олиб келади.
Шу ўринда муҳим бир масалага тўхталиш зарурати сезилади. Бу – Фурқат қарашлари миллий уйғониш ҳаракати намояндалари, миллатпарвар жадидлар томонидан давом эттирилгани масаласи. Бинобарин, Фурқат ва жадидлар қарашларида муайян изчиллик, давомийлик мавжудки, бу кўпдан тадқиқотчилар эътиборини тортмоқда. Бироқ, афсуски, адабиётшуносликда бу масала шу пайтгача тезис даражасида қолиб келди.
Бу ҳақда дастлаб хорижлик тадқиқотчилар ишларида фикр юритилган. Жумладан, бошқирд олими Заки Валидий “Бугунги турк эли: Туркистон ва яқин тарихи” китобининг махсус бобини “Янги ўзбек адабиёти” деб номлайди. Олим янги ўзбек адабиёти тадқиқини Фурқат асарлари таҳлилидан бошлайди. “Ўзбекларнинг Оврупо ва рус маданияти таъсирида инкишоф этган янги адабиёти ҳануз жуда ёш”[20] эканини таъкидлаган муаллиф ўз хулосаларида Фурқат асарларига таянади. Шоирнинг ушбу янги адабиётнинг тамал тошини қўйганлардан эканини алоҳида қайд этади.
Мажор олими Янош Экман “Хоразм, қипчоқ ва чиғатой туркчасига оид тадқиқотлар” номли йирик асарида Туркистон жадидчилик ҳаракатига Фурқат, Муқимий, Завқий, Аваз Ўтар, Зорий каби шоирларнинг маърифий қарашлари асос бўлгани хусусидаги муҳим бир масалани ўртага қўяди. У бундай ёзади: “… Хивали шоир Аваз Ўтардан бошқа жадид адабиётининг дастлабки намояндалари Муқимий, Фурқат, Завқий ва Зорий каби хўқандли шоирлардир”[21].
Хорижлик тадқиқотчилардан яна бири Адиб Холиднинг фикрича, жадидчиликни муайян сана билан чеклаш тўғри эмас. Унинг таъкидлашича, “мусулмон жамиятини замонавий алоқа воситалари ва мулоқотнинг янги шаклларидан фойдаланиш орқали ислоҳ қилишга уринувчи шахслар “жадидлар” деб аталади[22]. Бинобарин, Фурқат ва унинг замондошлари худди шунга интилгани мутахассисларга яхши аён.
Лекин Фурқат ҳам, у билан бир даврда яшаган ижодкорларнинг бирортаси ҳам ўзларини жадид деб атаган эмас. Биз ҳам уларни бу ном билан аташ фикридан йироқмиз. Фақат таъкидлаш керакки, улар жадидчилик деб аталган ва ХХ аср бошида миллатимиз ҳаётининг барча – ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий жабҳаларини ислоҳ этишга бўлган интилишларни мужассам этган улкан ҳаракатга замин ҳозирлаган эдилар.
Ўзбек фурқатшунослигида шу йўсиндаги фикр дастлаб профессор Шариф Юсупов тадқиқотларида илгари сурилган. Олимнинг “Худоёрхон ва Фурқат” асарида “Фурқат маърифатпарварлиги билан жадидлар қарашлари ўртасида бевосита давомийлик борлиги” хусусида мулоҳаза юритилиб, “…масаланинг бу томони ҳали пухта ўрганилиши, мантиқий ниҳоясига етказилиши зарур”[23]лиги таъкидланган.
Бу мулоҳазалар Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, ўзидан кейинги авлод ижодкорларга ҳам кучли таъсир кўрсата олган улуғ ижодкор, бутун салоҳиятини, иқтидорини Ватан ва миллат равнақи йўлига тиккан буюк сиймо экани ҳақидаги ҳаққоний илмий хулоса учун асос бўла олади.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 1-сон
_______________
[1] Ғафур Ғулом номидаги Қўқон Адабиёт музейи, қўлёзма № 7050, 244б – 245а-бетлар.
[2] Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 1997 йил 20 июнь, № 25 (3500).
[3] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Т.: “Шарқ” НМАК, 2000, 326-бет.
[4] Фозилбек Отабек ўғли. Дукчи эшон воқеаси. Самарқанд-Тошкент, 1927, 21-бет
[5] Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида. Т.: “Шарқ” НМАК, 2000, 321-бет.
[6] Ғафур Ғулом номидаги Қўқон Адабиёт музейи, қўлёзма № 29, 32а –34б-саҳифалар (мухаммасдан олинган кейинги иқтибослар ҳам ушбу манба асосида келтирилди).
[7] Ўзбекистон Марказий давлат архиви. Фонд №1, 1-рўйхат, 1-иш, 99-бет
[8] Дастхат шеърнинг асл нусхаси Янгийўлда, шоир Абдулҳақ Махзум Роиқ шахсий архивида сақланади (шеърдан олинган кейинги кўчирмалар ҳам шу манбадан келтирилди).
[9] “Сабоға хитоб”нинг Санкт-Петербургда сақланаётган дастхати фотонусхасидан олинди.
[10] Шариф Юсупов. Худоёрхон ва Фурқат. Т.: “Шарқ” НМАК, 1995, 77-бет.
[11] Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий. Фунун ул-балоға (Нашрга тайёрловчи ва сўзбоши муаллифи Абдуқодир Ҳайитметов). Т.: Хазина, 1996, 39-бет.
[12] Туркистон вилояти газети. 1905 йил 27 август, № 34.
[13] Фурқат. Танланган асарлар. Икки томлик. Т. II. . Т.: Бадиий адабиёт, 1959 (Холид Расул кейинчалик Фурқатнинг араб имлосидаги “Асарлар мажмуаси”да маснавийнинг тўла матнини келтирган).
[14] Туркистон вилояти газети. 1905 йил 27 август, № 34 (кейинги иқтибослар ҳам шу манбадан олинган).
[15] Ўзбекистон Марказий давлат архиви. Фонд № 1009, 1-рўйхат, 115-иш (2-жузгир), 111-бет.
[16] Лихачев Д. С. Текстология. Москва – Ленинград, Изд-во АН СССР, 1962, С. 83–84.
[17] Туркистон вилояти газети. 1903 йил 9 июнь, № 22.
[18] Туркистон вилояти газети. 1903 йил 9 июнь, № 22. (Ушбу иқтибосдаги “музмар” сўзи шу пайтгача амалга оширилган Фурқат асарлари нашрларида ва тадқиқотларда “музаммир” шаклида нотўғри ўқилган.)
[19] Туркистон вилояти газети. 1903 йил 9 июнь, № 22. (Кейинги иқтибослар ҳам шу манбадан олинди.)
[20] A. Zeki Velidi Togan. Bugunku Turkili: Turkistan ve yakin tarihi. Istanbul – 1981, B-501.
[21] Janos Eckmann. Harezm, kipcak ve cagatay turkcesi uzerine arastirmalar. Ankara, 1996, B-209.
[22] Adeeb Khalid. The Politics of Muslim Cultural Reform: Jadidizm in Tzarist Central Asia. PhD, Madison, 1993, 137.
[23] Ш. Юсупов. Худоёрхон ва Фурқат. Т.: “Шарқ” НМАК, 1995, 78–79-бетлар.