Носир Муҳаммад. “Агар кўнглимни ром этса…”

Форс адабиётининг ёрқин юлдузларидан бири Хожа Ҳофиз Шерозий (1326-1389) номи ва ижоди ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Унинг оташин ғазаллари турли йилларда А.Авлоний, Хуршид, Чустий, Муинзода, Васфий, Ш.Шомуҳамедов, Э.Воҳидов, Ж.Жабборов, Ж.Қувноқ, М.Кенжабек сингари олим ва шоирлар томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

Шўро замонига қадар Туронзаминдаги барча мадрасаларда Навоий шеърияти билан бирга форсий тилда ижод қилган мумтоз шоирларнинг асарлари ҳам пухта ўрганилган. Ҳар бир зиёли уч тилни — ўзбек, форс ва араб тилини мукаммал билган. Форс шеъриятининг энг яхши намуналари, шу жумладан, Ҳофиз ғазаллари ҳам севиб мутолаа қилинган.

Табиийки, соҳибқирон Амир Темур Шаҳрисабз мадрасаларида таълим олган йиллари Ҳофиз ижоди билан яхши таниш бўлган. Айниқса, унинг “Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро, ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро” (“Агар кўнглимни ром этса ўшал Шероз жонони, қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони”) деб бошланадиган ғазали кўпчилик орасида машҳур бўлиб, турли давраларда тез-тез тилга олинарди.

Шу сабабли 1387 йили музаффар юришлари натижасида Шерозга борган Соҳибқирон шаҳарнинг машҳур шахслари қатори Ҳофиз Шерозийни ҳам суҳбатга чақиришни буюради. Бу пайтда шоир анча кексайиб, моддий жиҳатдан ҳам қийналиб қолган экан. Уни букчайган ва юпун кийинган ҳолда Соҳибқирон ҳузурига олиб келадилар. Шунда Амир Темур унга ҳазиллашиб: “Мен бутун дунё бойлигини сарфлаб, Самарқанд ва Бухорони обод қилсаму сен уларни бир гўзалнинг қора холига бериб юбормоқчимисан?” дейди. Ҳозиржавоб шоир: “Ана шу сахийлигим туфайли ҳозирги аҳволга келиб қолдим-да”, деб жавоб беради. Бундан завқланган Соҳибқирон шоирни катта совға-саломлар билан кузатиб қўяди…

Самарқанд ва Бухоро тилга олинган ўша машҳур ғазал таржимасида “турки Шерози” жумласи ўзбек тилига “Шероз жонони” деб ўгирилган. Тўғри, “турк” сўзининг бир маъноси “гўзал” демакдир. Аммо матлаъда гап аниқ турк гўзали ҳақида кетмоқда. Чунки кейинги сатрдаги Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари номи бежиз келтирилмаган. Яъни шоир турк гўзалининг қора холига икки улуғ шаҳарни ҳадя қилмоқчи.

Шоир бир рубоийсида шундай ёзади:

Не қиссаи он шамъи Чигил битвон гуфт,

Не ҳоли дили сўхтадил битвон гуфт.

Ғам дар дили танги ман аз он аст, ки нест

Як дўст, ки бо ў ғами дил битвон гуфт.

Мазмуни: Бу Чигил шаъми қиссасини айтолмайман, куйган дилим ҳолини ҳам баён қилолмайман. Дилимдаги ғамларимнинг сабаби шуки, дил ғамини изҳор қиладиган бирор дўст йўқ.

Маълумки, туркий Чигил қабиласи Шарқий Туркистон ҳудудида яшаган. Бу қабила вакиллари ўзларининг гўзалликлари билан шуҳрат топган. Мумтоз адабиётда “чигил” сўзи туркийларга хос гўзалликни билдиради. Бу рубоийда шоир ўзининг ҳамдарди ва сирдоши кетиб қолганлигидан, дилидаги дардларини айтадиган бирор дўсти йўқлигидан нолийди. Бошқа бир ғазалида ҳам ўша “Чигил шаъми” ҳажрида ёнганлигини эътироф этаркан, энди аниқ тарзда унинг самар­қандлик эканлигини айтади.

Сўхтам дар чоҳи сабр аз баҳри он шамъи Чигил,

Шоҳи туркон фориғ аст аз ҳоли мо, ку Рустаме?..

Хез, то хотир бад-он турки Самарқанди диҳем,

К-аз насимаш: “Бўи жўе Мўлиён ояд ҳаме”.

Мазмуни: Ўша Чигил шаъми ҳажрида сабр чоҳида қолиб, куйдим. Турклар шоҳи ҳолимиздан бехабардир, Рустам қаерда?(Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидаги воқеалар эсга олинмоқда — Н.М.). Ўрнингдан тур, самарқандлик туркни хотирлайлик, унинг шабадасидан “Мўлиён ариғининг ифори келади”(Рудакий мисраси).

Бу сатрлар шоирнинг форсий ва туркий адабий меросни пухта эгаллагани, гарчи келмаган бўлса ҳам Мовароуннаҳр шаҳарларини яхши билганидан далолатдир.

Девондаги бир соқийномада шоир фоний дунёнинг ўткинчилиги ҳақида мушоҳада юритар экан, афсонавий ҳукмдор Афросиёб ва лашкарбошиларни ёдга олади. Асар мазмуни қуйидагича:

Бу хароб жаҳон Афросиёбнинг айвонини кўрган манзилдир. Лашкарбоши Пироннинг ўй-фикрлари қайда қолди? У ханжаркаш турк Шеда қаерда? Уларнинг айвону қасрлари ер билан яксон бўлди, одамлар уларнинг дахмалари қаерда эканини ҳам билмайди…Тожу ганжли Жамшед қандай яхши айтганки, бу муваққат сарой бир дона арпага ҳам арзимайди.

У “ханжаркаш турк” деганда Ғарбий турк ҳоқонлиги ҳукмдори Шегуй ҳоқонни (милодий 610—618-йиллар) назарда тутади. Чунки у Сосонийлар устидан йирик ғалабага эришган эди.

Мумтоз ўзбек шеърияти намояндалари учун Ҳофиз шеърияти ўзига хос маҳорат мактаби бўлган. Сайфи Саройи, Ҳофиз Хоразмий, Саккокий, Атоий, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Нодира, Амирий, Мунис, Огаҳий сингари турли даврларда ва турли минтақаларда яшаб ижод қилган ўзбек шоирлари Ҳофиз шеъриятини ўзларига намуна деб билганлар. Жумладан, ­Алишер Навоий Ҳофиз ғазалларини ниҳоятда севган, уларни доимо мутолаа қилган ва шоирнинг бадиий маҳоратига юксак баҳо берган. “Насойим ул-муҳаббат” асарида Ҳофиз ҳақидаги шундай таърифни ўқиймиз: “Алар (Ҳофиз Шерозий) лисон ул-ғайб ва таржумон ул-асрордирлар. Басо асрори ғайбия ва маонийи ҳақиқийяки, сурат кисватида ва мажоз либосида адо қилибдурлар”. Яъни Навоий Ҳофизни илоҳий сирлар таржимони, илоҳий ишқни дунёвий ишқ кўринишида (ҳақиқат маъниларини мажоз либосида) баён этган шоир, деб ҳисоблайди.

“Девони Фоний”да Ҳофиз ғазалларига татаббу(назира)лар бор. Назиралардан бири ўша Самарқанд ва Бухоро тилга олинган машҳур ғазалга ёзилган. Унинг матлаъи қуйидагича:

Гар он турки хитойи нўш созад жоми саҳборо,

Нахуст орад суи мо турктозу қатлу яғморо.

Таржимаси:

Агар ул Чинли турк сипқорса алвон рангли минони,

У аввал бошлагай биздан азобу қатлу яғмони.

(Таржима бизники — Н.М.)

Яқинда Қашқадарёда бўлганимда дўстларимдан бири Қарши районида Шерозийнинг қабри борлигини айтиб қолди. Албатта, бу менда катта қизиқиш уйғотди. Тезда ўша жойга бордик. Бешкент яқинида Нукробод деган қишлоқ бор экан. Қишлоқ оқсоқолларининг айтишича, бу ном илгари Рукнобод бўлган ва кейинчалик талаффузда ўзгариб кетган. Ҳофиз ғазалларида куйланган Рукнобод ариғи васфини эсланг:

Бидеҳ, соқи, майи боқи, ки дар жаннат нахоҳи ёфт

Канори оби Рукнободу гулгашти Мусаллоро.

Мазмуни: Эй соқий, боқийлик майини келтир, Рукнобод суви қирғоқлари ва Мусаллодагидек гул сайрини жаннатда ҳам тополмайсан.

Қишлоқда илгари шу номда ариқ ҳам бўлган экан. Энг муҳими, бу ерда кичикроқ масжид ва Шерозийнинг қабри ҳам бор. Мавжуд маълумотларга кўра, Ҳофиз Мовароуннаҳрга келмаган ва Шероздаги ўзи севган Мусалло боғида дафн этилган. Кейинчалик темурийзода Абулқосим Бобур шоир қабрини обод қилган. Ҳозирги пайтда Ҳофизия деб аталадиган мазкур боғ ва ундаги шоир мақбараси катта зиёратгоҳга айланган. Нукробод қишлоғидаги эса шоир мухлислари томонидан ясалган рамзий қабр бўлиши мумкин, эҳтимол, асли шерозлик бошқа бир шахснинг қабридир. Бу қишлоқ номи ва мавжуд қабр халқимизнинг шоир ижодига беғараз меҳри рамзи десак, хато бўлмайди. Умуман, Шероз билан Насаф воҳаси ўртасидаги борди-келдилар қадимда узилмаган. Яккабоғ туманидаги Шерози қишлоғи ҳам бежиз бу ном билан аталмаган бўлса керак.

Ҳофиз Шерозий ўз давридаёқ катта обрў-эътиборга эга бўлган. Уни бир қатор подшоҳлар ўз саройларига таклиф этганлар. Ривоятларга кўра, Соҳибқирон ҳам шоирни ўзи васф этган Самарқанд ва Бухорони келиб кўришга таклиф қилган. Аммо шоир кексалиги ва узоқ сафарни кўтаролмаслигини айтиб, узр сўраган. Шерозда у Қуръон тиловат қилиш ва хаттотлик билан кун кечирган. Чунки у шоирликдан ташқари Қуръони каримни 14 усулда қироат билан ўқийдиган қори (Ҳофиз тахаллуси ҳам бежиз эмас) ва чиройли ҳуснихат соҳиби эди. Амир Хусрав Деҳлавийнинг Ҳофиз қўли билан кўчирилган икки достони бугунги кунда Ўзбекистон Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида сақланмоқда.

Амир Темур билан Ҳофиз Шерозий ўртасида бўлиб ўтган тарихий мулоқотга келадиган бўлсак, бу Соҳиб­қироннинг адолатпешалиги, адабиёт ва илм аҳлини қанчалар улуғлаганини кўрсатувчи ёрқин бир мисолдир. Шу сабабли мазкур воқеа солномачилар эътиборидан четда қолмаган ва тарих зарварақларига муҳрланган.

Ҳофиз ижоди ҳамма даврлар учун қимматли, ҳеч қачон ўз аҳамиятини йўқотмайдиган бебаҳо маънавий хазинадир. Шу туфайли унинг асарлари дунё халқларининг юзлаб тилларда қайта-қайта нашр этилмоқда. Европада илк бор 1812 йилда шоир девони Йозеф Фон Ҳаммер томонидан немис тилига ўгирилган эди. Шундан кейин у кўплаб Европа тилларига таржима қилинди. Кўпгина ғарблик шоирлар Ҳофизга назиралар ёздилар. Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони” ҳам ана шу ижодий таъсир туфайли дунёга келган эди.

Ўзбекистонда ҳам Ҳофиз Шерозий асарлари бир неча бор нашр этилган. Яқинда улуғ шоир девони Республика байналмилал маданият маркази, Тожик миллий маданий маркази ёрдамида кирилл алифбосида аслият тилида чоп этилди. Совғабоп тарзда нашр этилган китоб улуғ шоир мухлисларига ажойиб совға бўлди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 14-сон