Путин матбуот анжуманида қайси масалаларга эътибор қаратди?

Жорий йил 23 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин катта матбуот анжумани ўтказди.   Анъанавий матбуот анжуманида 1400 дан ошиқ журналист иштирок этди. Қуйида Россия етакчиси томонидан билдирилган муҳим фикрларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Америкадаги сайловга Россиянинг “аралашуви” хусусида

“Қўшма Штатларнинг амалдаги маъмурияти ва Демократик партия раҳбарияти ўзларининг барча муваффақиятсизликларини ташқи омилларга боғламоқда… Шу муносабат билан менда айрим саволлар туғилмоқда. Биламизки, Демократик партия нафақат Президент сайлови, Сенат ва Конгрессга сайловда ҳам – айни пайтда ҳар икки палатада республикачилар кўпчиликни ташкил этади – мағлуб бўлди. Нима бу ҳам бизнинг ишимиз, менинг ишимми?”

Трампнинг ғалабаси хусусида

“Ким гўридан тикка турибди – буни билмадим.  Менимча, Рейган ўз партияси вакили ҳамма ерда ғалаба қозонаётганидан хурсанд бўларди. Алалхусус, жамиятнинг ялпи кайфиятини илғай олган ҳолда сайловда ютиб чиққан президентнинг ғалабасидан мамнуният туяр эди. У айни шу қоидага кўра ишлади. Охиригача борди. Аммо унинг ғалаба қозонишига сизу биздан бошқа ҳеч ким ишонмагани ҳам ҳақиқат”.

Куч ва агрессия хусусида

“Нега АҚШнинг амалдаги маъмурияти расмийлари биз энг кучлимиз, биз энг қудратлимиз дея баёнот бериб қолди. Албатта, у ерда ракеталар, сувости кемалари, ҳарбий кемалар кўпроқ. Бу масалада баҳслашмоқчи эмасмиз. Аммо биз исталган агрессордан кучли эканимизни ҳам эслатиб қўймоқчимиз”.

Украина билан муносабатлар хусусида

“Эртами-кечми Украина билан муносабатларимиз изга тушишига ишончим комил. Бу келгусида Россия ва Украина ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади, негаки, бу вазият тақозосидир”.

Ислом ва терроризм хусусида

Мен ислом ва террор тушунчаларини ёнма-ён қўлламасликни афзал биламан.

Россияликларнинг даромади хусусида

Бизда аҳолининг реал даромадларида камайди, бу яхши эмас, албатта… Аммо бу жабҳада айрим ижобий ҳолатлар ҳам кузатилмоқда: сўнгги ойларда реал иқтисодий секторда иш ҳақи оз бўлса-да кўтарилмоқда”.

Банкларни ёпиш хусусида

“Россия Федерацияси Марказий банки Россия молиявий тизимини соғломлаштириш йўлида хатога йўл қўймоқда деган фикрдаги одам йўқ. Бундайлар бўлиши мумкин эмас. Негаки, бу аввало омонатчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Молия бозоримизда чинакам молия муассасаси эмас, балки пул ювиш билан шуғулланувчи “кирхона”лар пайдо бўлиши яхшилик аломати эмас. Бундан энг кўп омонатчилар азият чекади”.

Cанкцияларни бекор қилиш хусусида

Гарчи Россиядаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар рўйхушлик бермаётган бўлса-да, барча санкцияларни бажонидил бекор қилишимиз мумкин, бунинг учун ҳамкорларимиз, жумладан, европалик ҳамкорларимиз Россияга қарши санкцияларни бекор қилиши керак”.

Нефть нархи хусусида

“Нарх-наво қандай бўлади? Бу борада ҳеч ким аниқ гап айта олмаса керак. Бу жуда кўплаб мавҳум омилларга боғлиқ бўлган мураккаб савол ва олдиндан бир нарса дейиш қийин. Энергия вазирлиги ўз тахминларини илгари сурди. 2017 йилнинг иккинчи ярмида нефть бозорида мўл-кўлчилик йўқолади ва нефть нархи барқарорлашади, деб ҳисоблаймиз”.

Алексей Улюкаевнинг айби хусусида

“Мен Алексей Улюкаев билан суҳбатлашганим йўқ. Тезкор хизматлар томонидан тақдим этилган материаллар ишончни йўқотгани муносабати билан уни лавозимидан озод этишга етарли эди. Қолгани якунда маълум бўлади – биз суд ҳукмига қараймиз. Унга қадар бирор хулоса ясаш тўғри эмас, ҳатто зарарлидир”.

Президент сайловида иштирок хусусида

“Вақт етилади, мамлакатда ва дунёда нималар рўй бераётганига қарайман. Нималарни амалга оширганимиз, нималарни амалга оширишимиз мумкинлиги ва нималарни амалга оширишиз зарурлигига кўра Россия Федерацияси Президенти сайловида қатнашишим ёки қатнашмаслигим борасида қарор қабул қиламан”.

Cобир Салим