Нобел мукофотининг жаҳон илм-фани, адабиёти тараққиётида ўзига хос ҳиссаси борлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Чунки ушбу юксак мукофот, шак-шубҳасиз, дунёдаги жуда кўп улуғвор ишларга катта рағбат бериб, инсон ақл-заковатининг ноёб намуналарини дунё жамоатчилиги учун тавсия этиб, истеъдод эгаларининг кучига куч, илҳомига илҳом, қувватига қувват қўшаётир. Айни пайтда, ушбу мукофотни тақдим қилиш, унга тавсия этилган ишлардан қай бирини танлаш билан боғлиқ жараёнларда қизғин баҳс ва мунозаралар, тортишув ва баъзи ўринларда норозиликлар ҳам бўлиб туради. Албатта, буни табиий ҳол, деб қабул қилиш мумкин.
Ўтган йили француз шоири Арман Сюлли-Прюдомнинг вафотига юз йил тўлди. Ҳа, уни ҳеч ким эсламаслиги ҳам мумкин эди. Агар бир тарихий воқелик бўлмаганида. Ҳатто ўз ватанида ҳам унутилаёзган шоир тарихда биринчи бўлиб адабиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган эди. Бу 1901 йилда, ҳали дунёда асарлари энг кўп ўқилаётган ёзувчи Лев Николаевич Толстой ҳаёти ва ижоди барқ уриб турган маҳалда бўлиб ўтган эди.
Сюлли-Прюдом кўп қийинчиликлар кўриб, шу билан бирга, кўксини баланд тутиб яшаган ижодкор, ночор ҳаётига қарамай, Франциянинг энг маълумотли кишиларидан бири эди. Ўзининг фалсафий поэзиясида инсонпарварликни тарғиб қилган эди. Прусслар армияси Парижни ишғол қилган вақтга келиб шаҳарни ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олган. Унинг қандай инсон бўлганлиги ёзган асарлари ва қилган ишлари ўртасидаги уйғунлик билан ҳам аҳамиятли. У Нобел мукофоти учун олган пулларининг катта қисмига ёш шоирлар учун мукофот жорий қилган. Бироқ ижодининг салмоғи ва даражаси билан Толстойга яқинлаша олармиди? У қаёқда-ю, Толстой қаёқда?
“Ясная поляналик чол” Нобел мукофотини рад этган, деган фаразлар ҳам йўқ эмас. Солженицин ҳам шу фикрни таъкидлаган. Унинг айтишича, Толстой “қандайдир керосин сотувчи адабиёт мукофотини таклиф этадими, бу қанақа гап”, деб эътироз билдирган. Бу қанчалик ҳақиқатга мос, бир нарса дейиш қийин. Негаки Толстойнинг мукофотни 1906 йилда рад этганига шубҳа йўқ, бироқ 1901 йилда ҳали энди-энди таъсис этилаётган, атрофида жанжал бошланаётган бу мукофот ҳақида буюк ёзувчининг хабардор бўлганига ҳам шубҳа қиласан, киши.
Швеция академияси котиби Карл Вирсен Толстойнинг ўлмас асарлар яратганини тан олган ва шу билан бирга, бу номзодга мутлақо қарши бўлган. Толстой бу жанобни “цивилизациянинг барча шаклларини инкор этиб, бунинг ўрнига ҳамма мавжуд маданиятлардан узилиб қолган примитив яшаш тарзини қабул қилишга ундагани” учун ҳам ғазаблантирган эди.
Албатта, швед олими Толстой асарларини ўта вулгар талқин этган. Бироқ ҳақиқат шундан иборатки, йигирманчи асрнинг, таъбир жоиз бўлса, эрта тонгида жаҳон адабиётининг энг йирик адиби, дея Сюлли-Прюдом тан олинди.
Бир томондан бу швед академиясининг евроцентризми билан ҳам изоҳланади. Айнан ўша Вирсеннинг таъкидлашича, мукофот Европанинг илғор ёзувчиларини уларнинг кўпйиллик ижоди ва адабиётга қўшган улкан ҳиссалари учун рағбатлантирувчи мукофот сифатида таъсис этилган.
Аммо бу талқин Альфред Нобелнинг васиятларига зид. «Менинг тилагим шуки, мукофот миллати ва келиб чиқишидан қатъий назар, энг кучлиларга тақдим этилиши керак», деган эди у. Ҳа, кўпчилик шундай ўйлаган ҳам, айнан ўша Вирсеннинг қирқдан зиёд ватандоши ҳам кўпчилик қатори 1902 йилнинг январида Толстойга мактуб жўнатишган. Бу қўллаб-қувватловчи мақтовнома ва айни вақтда эътироф ҳам эди:
«Нобел мукофоти илк бор тақдим этилаётгани важидан биз қуйида имзо қўйган швециялик ёзувчи, рассом ва танқидчилар Сизга ўз эҳтиромимизни билдирамиз. Биз, гарчи ўзингиз шахсий дунёнгиз билан бу каби мукофотларга интилмаган бўлсангиз-да, сизнинг тимсолингизда нафақат замонавий адабиётнинг патриархини, балки бугунги кунда ҳаммадан олдин кўз олдимизга келаётган улкан сўз санъаткорларидан бирини кўрамиз».
Бундай мурожаатдан сўнг Лев Николаевич ҳам ўз фикрини билдириш ва жавоб ёзишни лозим топади. Ўзининг қисқагина мактубида у, жумладан, шундай ёзган эди:
«Қадрли ва ҳурматли биродарлар! Нобел мукофоти менга тақдим этилмаганидан мен жуда ҳам рози бўлдим. Бу билан, биринчидан, ҳар қандай моддийликлар каби зулм келтириши мумкин бўлган пулларни сарф қилишдек оғир ташвишдан халос бўлдим. Иккинчидан, менга нотаниш бўлишса-да, мен учун қадрли бўлган шунча шахслардан ҳамдардлик ва хайрихоҳлик мактубларини олганим менга катта шараф ва мамнуният бағишлайди».
Толстой гарчи жуда истаб турган бўлмаса ҳам, албатта, ўзи айтмоқчи, бош оғриғи — пулларни қандай тақсимлаш масаласини ўйлаб кўришга маънан тайёр эди. Бу қайсидир даражада унинг 1901 йили Нобел мукофотини инкор этмаганига ишора беради. 1906 йилдаги ҳолат бошқачароқ эди. Россия академияси Нобел мукофотига номзодини тавсия қилиб, Стокголмга мактуб жўнатганида Тостой бунинг олдини олишга ҳаракат қилди. Асарларини фин тилига таржима қилувчи яқин оғайниси Арвид Ярнефелдга хат ёзиб, ундан ўзининг Швециядаги танишларини ишга солиб, улардан иложи борича мукофотни унга беришмаслигига эришишини илтимос қилади, бу мени мукофотдан воз кечишдек ноқулай аҳволга солиб қўяди, дейди у.
Ярнефелд бу илтимосни уддалаган, чоғи, 1906 йилги Нобел мукофоти яна бир нотаниш италян шоири Кадуччига берилди. Келинг, мулоҳаза қилиб кўрайлик: мукофот Толстойга нима бериши мумкин эди? Ҳеч нарса. Аммо Толстой ўзининг юксаклиги билан бу мукофот обрўсини кўтарган ва унга муносиб бўлиши мумкин бўлганларга ҳам жуда катта даражага етиш белгисини ўрнатиб қўйган бўлар эди. Бу адабий жараён учун жуда муҳим бўлган мезонларни ҳам белгилаб берар эди.
Нобел мукофотидан воз кечганлар ҳам бўлди. Мисол учун, Жан-Пол Сартр бу мукофотдан ўзи воз кечган бўлса, Пастернакни ундан воз кечишга мажбур қилишди. Бироқ ушбу тақдим этилмаган мукофотлар Нобел йилномасида сақланиб қолган, унинг ҳисоботига ҳам киритилган.
Толстойнинг исми эса, у жойда қайд этилмаган, фақат миш-мишлар ва тахминлар қолди, холос.
Хуллас, адабиёт йўналишидаги Нобел мукофоти тарихи хатолар билан бошланган, дейиш мумкин. Бу эса, маълум даражада мукофотнинг ҳозирги давргача ҳам бир қадар субъектив, айни вақтда, муайян баҳсли мукофот бўлиб қолаётганида ҳам рол ўйнади, албатта. Чунончи, Нобел мукофоти Толстой каби Россияда яшаб ижод қилган Чехов, Александр Блок, Максим Горький ёки Короленко каби йирик адибларни ҳам четлаб ўтган.
Шуниси эътиборга моликки, кўпгина мукофот соҳиблари ушбу мукофотни тақдим қилиш маросимларида ўзларидан кўра муносиброқ бўлган ёзувчи ва шоирларнинг исмларини ҳам эътироф этганлар. Мисол учун, Люьис Синклер буюк Шервуд Андерсоннинг мукофотга муносиб топилмаганидан ўз таажжубини изҳор этган. Испаниялик шоир Хуан Рамон Хименес биринчилик тожини ўзидан анча ёш бўлган ватандоши Федерико Гарсиа Лорканики, деб ҳисоблаган. Афсуски, Лоркага бу мартаба насиб этмади. Томас Манн Жозеф Конрадни ўзидан баланд қўйган. Франциялик Франсуа Морак буюк драматург Август Стринберг Нобелсиз қолгани учун шведлардан норози бўлган. Иосиф Бродский мукофотни олар чоғида шундай деган эди: «Мен бу ерда мендан аввал кимлар мукофот олганидан эмас, балки муносиб бўла туриб ололмаганлардан хижолат тортмоқдаман». У Осип Мандельштам, Марина Цветаева ва Анна Ахматова номларини келтириб ўтади.
Нобел мукофотини рус адабиётида биринчи бўлиб болшевикларнинг қонли қўзғолонини қоралаб Францияга чиқиб кетган Бунин олган эди. Бунинга Нобелни бериш масаласини қўмитадагилар расман аниқ талқин этишган: рус классик адабиёти анъаналарини ривожлантиришга хизмат қилгани ва юксак маҳорати учун. Нобел мукофоти қўмитасидагилар учун Буниннинг фуқаролигини кўрсатиш масаласи бош оғриғига айланган: миллати йўқ, Францияда яшайди. «Без национальности», деган иборани яна қандай таржима қилиш мумкин? Иван Алексеевич мукофотни ола туриб ўзини ўз ватанидан бадарға қилинганлар орасида Нобелчи бўлган биринчи одам, дея таърифлаб ҳам қўйган.
Ўтган бир асрдан ортиқ вақт ичида 103 нафар ёзувчи ва шоирларга Нобел мукофоти насиб этган. Уларнинг қайси мамлакат фуқаролари эканини аниқ кўрсатиш бугунги глобаллашиб кетган даврда анчайин осон эмас. Мисол учун, Бродскийни олайлик, миллати яҳудий, АҚШ фуқаролигидаги ижодкор ўзини рус адабиётчиси, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқилса, назаримизда, адибларнинг асарлари қайси тилда ёзилгани кўпроқ аҳамият касб этса керак.
Нобел мукофотига сазовор бўлган ёзувчиларнинг 26 нафари инглиз тилида ёзган, бу жами лауреатларнинг 25 фоизини ташкил қилади. 13 нафар ёки 12,5 фоизи француз тилида ижод қилган, 12 лауреат ёки 11,5 фоиз ёзувчи немис, 10 фоизи испан, 6 фоизи италян ва швед, 5 фоизи эса рус тилида ёзган адиблардир.
Инглиз тилида ижод қилувчиларнинг мутлоқ кўпчиликни ташкил этишини табиий, деб қабул қилиш мумкин. Чунки кўпгина давлатларда бу тил давлат тили мақомига эга. Француз ва испан тилларининг бу борада устун ўринда экани ҳам изоҳ талаб қилмаса керак. Рус ёзувчилари ўз вакилларининг камлигидан рози эмаслиги ҳам бор гап. Тарихда кўпгина ҳолатларда бу тилда ёзган ижодкорларга мукофот қўмитаси айни ижодкорларнинг мамлакат раҳбарияти билан жиддий зиддиятларга келган вақтларида эътибор қаратишганига гувоҳ бўламиз. Пастернакни номзодлардан бири сифатида қўмита олти марта 1946 йилдан 1950 йилгача ҳар йили ва 1957 йилда яна бир бор кўриб чиқади. Бироқ мукофот унга берилмайди. Пастернакнинг 1958 йилда «Доктор Живаго» романи ўз ватанида эмас, Италияда ва яна италян тилида эълон қилингач бошланган жанжаллардан сўнг тарози палласи унинг томонига тош босиб кетади.
Шу ўринда яна бир маълумотни келтириб ўтиш жоиз. Ўта сиёсийлаштирилган замонларда, иккинчи жаҳон урушигача рус ёзучиларидан Дмитрий Мережковский ўн марта — 1914, 1915 ва 1930 —1937 йилларда, Горкий тўрт бора — 1918, 1923, 1928, 1930 йилларда, Бунин беш марта 1923, 1930 — 1933 йилларда, Бальмонт 1923 йилда, Шмелев 1931, 1932 йилларда мукофотга номзод қилиб кўтсатилган эдилар.
«Адабиёт соҳасидаги Нобел мукофотини халқ муҳокамасидаги мукофот деб аташ жоиз, — дейди рус журналисти Дмитрий Волчек. — Сабаби, ўзингиз ўйланг, мисол учун химия ёки физика соҳасидаги мукофотга сазовор бўлган ишни ким ҳам муҳокама ёки мунозара қилиши мумкин. У яққол кўриниб турган иш. Бироқ адабиёт бошқа масала, ёзувчилар ва уларнинг асарлари ҳақида бундай мутлоқ хулоса қилиш қийин».
Ҳа, адабиёт соҳасидаги Нобел мукофотига муносабат турлича. Мисол учун, Нобел мукофотига кўпинча Европа ва АҚШ ёзувчилари муносиб топилади. Мингйиллик адабий анъаналарга эга бўлган Осиёдан, қолаверса, Африкадан лауреатликка эришган ёзувчилар ниҳоятда кам фоизни ташкил этади. Россиялик танқидчи В.Кожиновнинг фикрича, баъзи-баъзида осиёлик ва африкалик ёзувчиларнинг мукофотга лойиқ деб топилаётгани мукофотнинг халқаро мақомга эга эканини кўз-кўзлаш учун қилинаётган кўзбўямачиликдай гап. Дарҳақиқат, ғарблик адиблар орасида скандинавияликлар, хусусан, финляндиялик, норвегиялик, швеция ва даниялик Нобел мукофоти соҳиблари ҳам мутлоқ кўпчиликни ташкил этади.
Кўпгина ҳолатларда мукофотни тақдим қилиш-қилмаслик идеологик ёндошувлар, ғоявий қарама-қаршилик ва бошқа сабаблардан келиб чиқиб ҳал этилган. Пётр Вайл шундай ёзади: «Ҳар қандай зиёлилар жамияти каби Нобел мукофоти қўмитаси ҳам сўл эътиқод тарфдорлари вакилларидан ташкил топган. Сўл, деганда мен, албатта, европача терминологиядан келиб чиқдим. Айнан мана шунинг учун ҳам йигирманчи асрнинг энг буюк ёзувчиларидан бири Борхес Нобел мукофотига сазовор бўла олмади. Ҳамма гап шунда эдики, у коммунистларни янчиб ташлагани учун Пиночетнинг қўлини сиққан ва таҳсин айтган эди. Ажаб, Борхесни унинг буюклиги ҳисобига ҳамма тушунди, Пиночетни эса ҳеч ким кечирган эмас».
Дарвоқе, беш нафар Нобел мукофотига муносиб топилган собиқ иттифоқ ёзувчиларидан тўрт нафари у ёки бу даражада давлат раҳбарияти ва сиёсати билан зиддиятда бўлишган. Бунин ва Бродский қочқинликда кун кўришган бўлса, Солженицин диссидент эди. Пастернак айнан хорижда яшаган чоғида яратган романи учун бу мукофот билан тақдирланган. Мана шу важлардан ҳам келиб чиқиб, бу томоннинг танқидчилари уларга мукофот сўзсиз сиёсий сабаблар боис берилганини таъкидлашади.
Александр Солженицин бир сафар Шолоховга бу мукофотни беришлари ҳам, аслида, сиёсий сабаблар эвазига бўлган, деган эди. Мстислав Ростропович эса, бу каби фикрларга киноя билан қараб, бундай муносабат ҳар нарсадан кир излайдиган сиёсатдонларнинг ишидан бошқа нарса эмас, деган.
Ҳар нима бўлганда ҳам, булар адабиёт билан умрини боғлаган, адабиётнинг сир-синоати ва кучидан бохабар кишиларнинг фикрлари. Биз бу ўринда бирон-бир хулосага келишни ҳар кимнинг ўзига қолдирганимиз маъқул. Аммо ҳақиқат шундан иборатки, кўпгина ёзувчиларнинг асарлари Нобел мукофотига сазовор бўлганидан кейингина бошқа миллат ва мамлакатларга етиб келган. Ана шу эътирофдан кейин бу ёзувчиларнинг асарлари бошқа тилларга таржима қилиниб, унинг асл моҳиятига етиш, ҳақиқатни янада ойдинлаштириш имконияти яратилган.
Ҳусан ЭРМУҲАММАД
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 39-сонидан олинди.