Сўнгги йилларда ўзбек адабиётшунослиги глобал таҳлилий-талқиний тадқиқотларга катта эътибор бермоқда. Бу янги тамойилни фақат маъқуллаш лозим. Аммо, назаримда, бадиий таржимадек муҳим соҳага доир жиддий муаммоларни ёритишга негадир эътибор сусайгандек кўринади. Халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда, адабий жараённинг илдизлари ва ривожланиш динамикасини аниқлашда асосий нуқталардан бири ҳисобланувчи адабий таржиманинг вазифаси кам ўрганилмоқда. Ёзувчи-таржимоннинг бадиий онги шаклланишида таржима қандай аҳамиятга эга, таржимоннинг ўзига хос санъати қай тарзда намоён бўляпти? Бу масалалар фақат лингвистик йўналиш билангина эмас, балки биринчи навбатда бадиий йўналиш билан ҳам боғлиқдир. Биз мазкур мақолада ХХ асрдаги машҳур таржимонларнинг рус тилидан ўзбек тилига қилган бадиий таржималари ҳақида фикр юритмоқчимиз. Айнан уларнинг рус мумтоз ва жаҳон адабиёти асарларидан қилган таржималари фақат таржима тафаккури ҳаракатинигина эмас, балки ўзбек адабиёти жанрларининг ривожланишини ҳам белгилаб берди. Истеъдодли сўз санъаткорлари яратган таржималар замирида янги ўзбек таржима мактабига мансуб биринчи авлоднинг ўзига хос бадиий маҳорати ва айни вақтда ўзбек адабиётининг ўз бетакрор миллий анъаналари ётади.
ХХ аср бошида Пушкин ижоди ўзбек халқининг маданий ҳаётига кенг кириб келди. Истеъдодли ўзбек шоир ва ноширлари Пушкин асарлари таржимасига қайта-қайта мурожаат қилдилар. Бу мутлақо табиийдир, зеро, Пушкин бадиий оламидаги сўнгсиз ўзига хосликлар бу шоир ва ёзувчиларнинг ўз ижоди учун ҳам битмас-туганмас манба бўлиб хизмат қилган.
Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Элбек, Абдулла Қаҳҳор, Шайхзода, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор – Пушкин асарлари таржималари муаллифларининг унча тўлиқ бўлмаган рўйхати мана шу, улар Ўзбекистонда таржима маданиятининг ривожланиши тарихидаги энг ёрқин саҳифаларни ўзларида намоён этганлар.
Таржимонлар олдида жуда ҳам мушкул ижодий вазифалар турарди. “Евгений Онегин” таржимаси устида ишлар экан, Ойбек бутун умри давомида бу асарнинг деярли ҳар бир янги нашрига ўзгартишлар киритгани, Ойбекнинг сўзи билан айтганда, “ўз ижодининг ҳамиша муҳим омили бўлиб қолган” таржимасини бадиий такомиллаштиришга интилгани бежиз эмасди.
Пушкин шеърияти ва насри бутун бир олам, ундаги ҳар бир қаҳрамон – характер, индивидуаллик касб этган. Уларда шеърий ва насрий нутқ ўз кундалик оҳанги, долзарблигини йўқотмаган ҳолда жаранглаб туради. Уларни бошқа тилга ағдаришда асар мазмунини сақлаб қолиш билан бир қаторда муаллиф санъатини, – бадиий муқобилликни ўқувчига етказиш устувор йўналишдир.
Ўтган асрнинг 20 – 30-йилларида ижод қилган таржимонлар ўз она тилларида янги бадиий имкониятларни қидириб топиб, Пушкин асарларига ўзларича жило берганлар.
20 – 60-йиллар орасидаги нисбатан қисқа муддат ичида Ўзбекистонда Пушкин асарлари таржималари 50 марта нашр қилинди, уларнинг умумий адади бир миллион нусхадан ошиб кетди. Маълумки, 1937–39 йилларда жаҳон ва рус мумтоз ижодкорлари асарларининг кўплаб ўзбекча таржималари таржимонлар номини кўрсатмасдан нашр қилинган. Уларни аниқлаш учун муайян тадқиқот ишлари зарур. Бунда чуқур илмий ёндашув, аслиятни яхши билиш, у ёки бу таржимоннинг таржима усулини аниқлаш каби кўплаб омилларни ёритиш муҳим аҳамиятга эга бўлади.
30-йилларда Пушкиннинг “Дубровский” қиссаси ўзбек тилида икки марта эълон қилинган. Биринчиси, 1930 йилда босилган. Таржимон – Исмоил Обид; иккинчиси 1939 йилда нашр этилган, таржимони номаълум, Маъруф Ҳаким таҳрири остида чиққан. Кейинроқ, 1955 йилда “Дубровский” Маъруф Ҳаким таржимасида учинчи марта чоп этилган, 1956 йилда ўша таржима яна қайта нашр қилинган.
Дастлабки икки таржима – лотин ёзувида, кейингилари кирилл ҳарфларида босилган.
Энди маълум бўлишича, иккинчи таржима (1939 й.) Чўлпон қаламига мансуб бўлиб, ёрқинлиги, индивидуаллиги ва фавқулодда маҳорат ила таржима қилинганлиги билан ажралиб туради. Бошқа икки таржимадаги муваффақият ва топилмаларни ҳам эътироф этиш жоиз.
Ажойиб шоир ва ноёб таржимон Чўлпон ўша мураккаб йилларда қийин шароитларда ижод этганини биламиз,– ҳатто турли баҳоналар билан уни Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишмаганди: “… ўртоқ Берегин мени икки йил давомида кам ишлаб, ўзини оқламаган деб айбламоқчи бўлди. Мен Москвадан икки йил муқаддам келган эдим ва ўшандан буён Горькийнинг “Она”, “Егор Буличев”, Пушкиннинг “Дубровский”, “Борис Годунов”ини, яна 25 шеърини, Лоҳутийнинг “Оврупога саёҳат”и ва бошқа асарларни таржима қилдим. Назаримда, икки йил учун шунча ишлар етарли бўлади, борди-ю, бундан ортиқ қилинса, демак, юзакичилик бўлади, мен эса юзакичиликни хоҳламайман”.
1939 йилда таржимоннинг номи кўрсатилмай босилган “Дубровский” қиссаси ҳам усул ва услуб, ҳам таржимон маҳорати жиҳатидан Чўлпон қаламига мансублиги кўриниб турибди. Буни ёзувчилар йиғилишининг юқоридаги стенограммасидаги Чўлпоннинг сўзлари тасдиқлаб турибди. Шу даврда шоирнинг боши узра хиёнат ва совуқ қатағон булутлари қуюқлашмоқда эди.
“Дубровский” қиссасининг юқорида айтилган учта таржимасини аслият ва бир-бири билан қиёслаб чиқайлик.
Пушкин насри, жумладан “Дубровский” воқеаларнинг тез ривожланиши, тасвирнинг ихчам ва лўндалиги билан ажралиб туради. Пушкиннинг тили ғоятда равон, жозибали, у умумистеъмолдаги сўзларни ўз ўрнида ишлатиш, бадиий жило бериш маҳорати билан ҳам ибратлидир. Улар ҳар қандай вазиятни, ҳолатни ғоят аниқ гавдалантиради. Шоир гўзал ва тиниқ жумлалар тузади.
Пушкиннинг насрий услубига хос бундай санъаткорлик фазилатларини кўплаб пушкиншунослар таъкидлаганлар. Муфассаллик, “туйғулар тафсилоти”га келганда Пушкин ўта хасис. Биринчи сатриданоқ у ўқувчини воқеа гирдобига олиб киради: “Несколько лет тому назад в одном из своих поместий жил старинный русский барин Кирила Петрович Троекуров. Его богатство…”. Чўлпон таржимасининг биринчи жумласиёқ ўз услубиёти, асар қурилмасини пушкинча тушуниши, пушкинча иборалари билан эътиборли. “Бундан бир неча йил бурун…”, Исмоил Обидда “илгари” (“Бундан бир неча йиллар илгари…”) “Бурун” ва “илгари” – умуман синоним сўзлар, иккаласи ҳам бош келишикни бошқарувчи кўмакчи вазифасида қўлланади, бироқ “бурун” сўзи “прежде”, “раньше”, “тому назад” маъноларига эга бўлса, “илгари” – энг аввало, “до”, “перед”, “раньше” ва шундан кейингина “тому назад”ни билдиради.
Ҳа, “бурун” кўпроқ архаик маънога эга, бироқ айнан шу маъно Пушкиннинг оҳангдор ва мусиқий жумласига мос келади. Шундан кейинги “жил старинный русский барин Кирила Петрович Троекуров” Чўлпон таржимасида “қадимги рус Кирила Петрович Троекуров яшар эди” дейилганки, бу таъриф оддий, қисқа ва ҳайратланарли даражада аниқ, эркин ва табиий, лўнда ва изоҳларсиз жаранглаши билан диққатга сазовор. Агар “старинный русский” сўзма-сўз таржима қилинса, табиийки, ўзбек тилида “барин” ёки “очень богатый человек” кўзда тутилган бўларди. “Қадимги рус”га қўшимча изоҳловчи (барин) керак эмас, у ўзи-ўзидан равшан. “Старинный русский” бирикмасининг ўзи бой, ер эгаси, зодагонлар тоифасига мансуб одамни билдиради. Ҳалол таржимон Исмоил Обид бу “старинный русский барин”ни “эски рус хожаларидан” (“из старых русских владельцев”) деб ўгиради. Шундан кейин изоҳли аниқловчи сифатида: “отлиқ алповут”, ифодаси келади, бу бирикмани тушуниш қийин. “Отлиқ” – конный, всадник, “алп” – фольклорда “богатыр” – “баҳодир”, “полвон”, борди-ю, “алф” бўлса, бу “минг”ни билдирар эди. Эҳтимол, таржимон кўп миқдордаги отлар уюри, сурувлар эгасини назарда тутгандир, яъни гап жуда бой одам устида бораяпти деб ўйлагандир. Бу ҳолда “старинный русский барин”нинг маъноси кенгайтириб берилган, матнда услуб, қисқалик ва аниқликка риоя қилинмай, тушунтириб изоҳланган бўлиб чиқади.
Чўлпонда бундай чўзиқлик ва изоҳлашлар йўқ, чунки “қадимги рус” – ҳеч қандай қўшимча таърифни талаб этмайди. Маъруф Ҳаким таржимасида эса “бурун” ўрнига “илгари” сўзи олинган (Исмоил Обид каби).
М.Ҳаким ажойиб, лўнда ибора “қадимги рус”ни такрорлаб ўтирмаган, балки унга “барин”, “қадимги рус барини”ни қўшган. У “қадимги рус”да пушкинча теранликни, кенгликни ҳис қилмаган, русча “барин” сўзининг таржимасида ҳам чўлпонча эркинликни пайқамаган, ҳолбуки, мазкур ибора таржимада мутлақо шарт эмас эди.
Дарвоқе, “барин” сўзи, гарчи гоҳо таржималарда қўлланса-да (масалан, Абдулла Қаҳҳорнинг “Капитан қизи” таржимасида) ўзбек тилининг биронта ҳам луғатига кирмаган. Гарчи “илгари” ва “бурун”, “қадимги” ва “эски” маънодорш сўзлар бўлса-да, барибир улар турли бўёқларга эга. Бу ўринда сўзни нозик ҳис этиш зарур эди. Боз устига, гап ҳар бир ибора, ҳар бир жумланинг пушкинча услуби, тафаккури ва руҳини қайта гавдалантириш устида кетмоқда.
Мана шу қисқа мисоллардаёқ биз сўз юритаётган бетакрор чўлпонча услуб, санъаткорлик кўриниб турибди. Чўлпон нафис, беғубор дид эгаси. У аслиятга теран кириб борар экан, ўзига хос индивидуал усулларни, ўз ижодий қиёфасини ҳам сақлаб қолади. У таржима қилинаётган матннинг барча маъно қатламларини чуқур англаб етгани учун яйраб ижод этади, ўзининг ноёб маҳорати билан ўқувчини лол қолдиради.
Шубҳасиз, Чўлпон-таржимоннинг маҳорати Ўзбекистондаги бадиий таржима ривожига, кейинги давр таржима тафаккурига, таржима ижодиётига катта таъсир кўрсатди. Бироқ ҳеч қандай “ўхшашлик” Чўлпоннинг ўз индивидуаллиги, таржимачиликдаги новаторлиги билан тенглаша олмайди.
Матн мазмуни, тил, услубни бадиий тўла қайта гавдалантиришда Чўлпон бетимсол маҳоратга эришган эди.
“Будучи ровесниками, рожденные в одном сословии; воспитанные одинаково, они сходствовали отчасти и в характерах и в наклонностях. В некоторых отношениях и судьба их была одинакова: оба женились по любви, оба скоро овдовели, у обоих оставалось по ребенку. Сын Дубровского воспитывался в Петербурге, дочь Кириллы Петровича росла в глазах родителя…” Шундан кейин Кирила Петровичнинг сўзлари келади: “коли в твоем Володьке будет путь, так отдам за него Машу, даром, что от гол как сокол” Чўлпон таржимасида жумла гўё сўзма-сўз берилганга ўхшайди: биронта сўз тушиб қолмаганлигидан барча ибораларнинг тўлақонли ўзбекча маънолари топилган. Жумла тузилиши, оҳангдорлиги сақлаб қолинган. “…бир-бирига тенгқур бўлганларидан” – “будучи ровесниками”, “бир табақадан туғилганларидан” – “рожденные в одном сословии”, “бир хилда тарбияланганларидан” – “воспитанные одинаково”, “феъл-атворларининг бир-бирига ўхшаганларидан” – “сходствовали в характерах и наклонностях”, “и судьба из была одинаково” – “ёзмишлари бир хил эди”, “оба женились по любви” – “иккови ҳам муҳаббат орқасида уйланганлар”, “у обоих оставалось по ребенку” – “икковининг қўлида биттадан бола қолган эди”. Қаторнинг охирида эса: “коли в твоём Володьке будет путь, так отдам за него Машу даром, что он гол, как сокол” – “сенинг Володканг йўлини топиб кетадиган бўлса, унга қизим Машани бераман; мирқуруқ бўлганига қарамайман”. Маълумки, Пушкин насри ўзига замондош носирларнинг тил услубидан фарқ қилади, унда умумистеъмолдаги сўзлардан кўп фойдаланиш, сўзларни тўғри маънода ишлатиш устунлик қилади.
Чўлпон таржимасида услубни қайта гавдалантириш, мазмунни сўзма-сўз аниқликда бера олиш яққол кўринади, у пушкинча ибораларнинг услубий тасвирини ниҳоятда аниқ гавдалантиради. Исмоил Обид ва Маъруф Ҳаким таржималари билан қиёслаганда бу нарса янада яққолроқ кўзга ташланади.
“… Буларнинг толелари ҳам бир-бириникига ўхшар эди” – “толе” – “ёзмиш” сўзининг маънодоши, аммо Чўлпон қўллаган “ёзмиш” сўзнинг аниқ маъносини беради, “иккиси ҳам севган қизларига уйланиб ва тездан иккисининг ҳам хотинлари ўлиб, тул бўлишиб, иккиси ҳам иккита гўдак болага ота бўлиб қолғон эдилар”. Таржима мазмун жиҳатидан шубҳасиз тўғри, бироқ маъно тўғри берилгани билан баён оғирлиги кўриниб турибди, енгил, лўнда иборалар, услуб сақлаб қолинмаган, бутун бу парча ҳаводан маҳрум, сўзлар зич ва бир-бирига қалаштириб юборилган, яъни услуб ҳам, оҳанг ҳам сақланмаган. Бу гапларни биз Исмоил Обидни камситиш учун айтаётганимиз йўқ. 1930 йилда “Дубровский”нинг ўзбек тилида пайдо бўлиши, шубҳасиз, катта воқеа эди. Бундан ташқари, Исмоил Обид адабиётда тасодифий одам эмасди, у ўқимишли, виждонли киши бўлган, аслият матнини яхши тушунган, ундаги маъноларни ажрата олган, рус ва жаҳон мумтоз асарларидан хабардор.
Бу таржималарни таққослаётганимизнинг сабаби турли таржимонлардаги ўзига хосликни, таржимонга хос сезгирликни, идрокни, аслият ичига кира билиш маҳоратини, пушкинча услубни таржимада гавдалантиришдаги ўзига хосликларни кўрсатиб ўтишдир. “Если в твоем Володьке будет путь, то отдам за него Машу, даром, что он гол, как сокол”. Чўлпон буни қандай гўзал таржима қилганини юқорида кўрдик. У маъно ва оҳангни тўла сақлаган ҳолда ўзбек тилида ёрқин ва аниқ сўзларни топган. Исмоил Обидда: “… агарда сенинг ўғлинг Володка яхши бола бўлиб чиқса, гарчи қип-яланғоч қашшоқ бўлса ҳам мен ўз қизим Машани унга бериб, сени ўзимга қуда қиламан…” Бу ўринда ҳам маъно берилган, аммо таржимон пушкинча таърифларни, сўз аниқлигини ҳис этмайди, лўндаликни пайқамайди. Балки у 30-йиллар китобхони учун жумланинг мазмуни ва маъноси тушунарли бўлишини кўпроқ ўйлаганга ўхшайди. Бу, кўриб турганимиздек, матнда тафсилотчиликка, изоҳлашга олиб келган. Таржима учун бу ғоят хатарлидир. Юқоридаги таржимада пушкинча услуб учун хос бўлган жумла қисқалиги ва аниқлиги, сўзларнинг оддийлиги, ҳамсуҳбатларнинг ҳақиқий оғзаки сўзлашувини гавдалантирувчи жонли нутқ суръати, ортиқча ҳашамлардан холи тил, бирикмаларда бирон-бир “безак”нинг йўқлиги каби юксак бадиий воситалар бой берилган. Пушкинга хос санъат, маҳорат сирларини Чўлпон ўта зийраклик билан сезгани, кўргани, ҳис қилгани ва қайта гавдалантира олганига фақат тан бериш лозим.
Чўлпон таржимасида тайёр ечимларни кўрмаймиз. Тил воситаларидан фойдаланиш ва кўплаб бошқа хусусиятлар бўйича уни ҳеч адашмасдан таниб олса бўлади. Эслатиб ўтганимиз М.Ҳакимда олдинги икки таржимадаги фазилатлардан фойдаланиш имкони бор эди. Унинг юқорида келтирилган матнида бунга интилиш сезилиб туради: ибораларни бошқачароқ ишлатиш ҳоллари учрайди, шунингдек, “… тенгқур бўлганлари”, “бир табақадан чиққанлари”, “бир хилда тарбияланганлари” – каби чўлпонча ибораларни ўзгартирмасдан ишлатади. Шундан кейин М.Ҳаким жуда сиқиқ пушкинча ва чўлпонча ибораларни ёйиб юборади: “Баъзи жиҳатдан уларнинг тақдирлари (чўлпонча “ёзмишлари”) ҳам бир хил эди”. Чўлпонда “иккови ҳам муҳаббат орқасида уйланганлар” (оба женились по любви) – М.Ҳакимда иккови ҳам севиб уйланган” (оба женились, влюбившись, полюбив), “иккови ҳам кўп ўтмасдан бева қолган” (оба вскоре овдовели) – бу ҳам Чўлпон таржимаси. Бу ерда ҳам ибора бўлиб ташланган. Битта нуқтадан кейин: “Икковининг ҳам қўлида биттадан бола қолган” (у обоих оставалось по ребенку) – яна Чўлпон таржимаси айнан олинган. “Гол, как сокол” иборасининг Чўлпон қилган ажойиб таржимасини М.Ҳаким ўзича қайта ишлайди: “…ҳеч нарсаси йўқлигига ҳам қарамайман” – (“не посмотрю на то, что у него ничего нет”,) табиий равишда бу билан таржимон мазмунни ҳам, оҳангни ҳам ғариблаштирган. Чўлпон таржимасининг муҳаррири бўлган М.Ҳаким Чўлпон билан бевосита изма-из бориши мумкин эмаслиги тушунарли; бошқача айтганда, у Чўлпон таржимаси дахлсизлигини сақлаб қола олмасди, аммо ибораларни бўлиб ташлаб, унга унча аниқ бўлмаган айрим сўзлар, ибораларни тиқиштириб, у, шубҳасиз, таржима сифатини бузган – билибми, билмайми, ибораларнинг равонлигига, бадиийлигига путур етказган. Биз М.Ҳакимни қоралаш ниятида эмасмиз – “Дубровский”нинг учинчи таржимонлигини зиммасига олган пайтда унинг ҳам аҳволи анча мураккаб эди. У Чўлпоннинг юксак маҳоратини яхши тушунар ва қадрлар, аммо “Дубровский”нинг учинчи таржимасини ҳеч бўлмаса озгина ўзгартишларсиз чиқаришга, табиийки, кучи етмасди. Инсоф юзасидан айтиш лозимки, М.Ҳакимда бадиий савия етишмаган, Чўлпоннинг энг кучли ва муваффақиятли топилмаларидан айримлари заиф ифодалар билан алмаштирилгани буни тасдиқлаб турибди.
“Дубровский”да халқ тилининг жонли ранг-баранглиги, оғзаки сўзлашув нутқи, тароват ва қувват, фавқулоддалик ва жозиба балқиб туради. Пушкин умумхалқ тилининг барча имкониятлари – сўзлашиш шакли, ибораларидан унумли фойдаланган. Буларнинг ҳаммаси у ёки бу қаҳрамоннинг қиёфасини руҳий ҳолатини ифодалашга маҳорат билан бўйсундирилган.
Троекуровникидаги тушлик чоғида ичига пул солинган қизил қути ушлаган Антон Пафнутьич мезбондан айиғингиз соғ юрибдими, деб сўрайди. Бошқа кўплаб меҳмонларга ўхшаб у ҳам хўжайиннинг “ҳазили” қурбони бўлганини эслайди: меҳмонни деворга маҳкамланган ҳалқага боғланган оч айиқ ётган хонага итариб юборадилар. Бу ерда фақат биргина бурчак йиртқич ҳамласидан холи эди. “Миша приказал долго жить,– отвечал Кирил Петрович,– умер славною смертью от руки неприятеля. Вот его победитель. И хозяин указал на француза Дефоржа”. Чўлпон мазкур жумлалар таржимасида ҳам аниқ ва сержаранг маънодош сўзлар топган. “Қолганларнинг умри узун бўлсин” – “приказал долго жить”, “душман қўлида шарафлик бир ўлим билан ўлиб кетди” – “умер славною смертью от руки неприятеля”. “Ана, унга зўр келган киши” – “Вот его победитель”. Яна аниқ танланган қисқалик ва лўндалик. Шу жумлалар мисолида Чўлпон-таржимоннинг аслият услубидаги ўзига хосликка алоҳида муносабатини кўриш мумкин. Биронта ҳам ортиқча сўз йўқ. Яна таржима сўзма-сўздек кўринади-ю, аммо унда, пушкиншунослар айтганидек, рус адабиёти Пушкингача билмаган жонли ва эркин сўзлашув тили қайта гавдалантирилган. Пушкин буюк сўз санъаткорларига хос вазминлик, оддийлик ва қисқалик санъатини пухта эгаллаган эди. Чўлпон таржимада ўзбек тилидаги муқобил сифатларни бериш йўлидан боради. У рус тили жозибасинигина эмас, пушкинча услубни ҳам қайта тиклаган. И. Обид таржимаси ҳақида бундай деёлмаймиз: “яхши ажал билан ўлди” – “умер хорошей смертью” (шонли демоқчи) бироқ – “яхши” сўзи қўлланган. Яна бир изоҳловчи” ибора: “Ул душман қўлида шаҳид бўлиб кетди” – “стал невинной жертвой врага”. “Ул бечора” деган сўз ҳам бор (он, бедняга), бу ҳам қандайдир ҳамдардлик – изоҳловчи сўз; “победитель” сўзи ўрнига “қотил” сўзи ишлатилган; Троекуровнинг “он отомстил за твою… с позволения сказать… помнишь?” – “қўрқиб, ичинг ўтиб кетгани” (тебя прослабило от страха). Бу шама аслиятда бор, аммо шама, холос. И. Обидда бу шама батафсил очиб берилган ва тавсифланган. Табиийки, бу ҳолатда услубни сақлаш ҳақида гапира олмаймиз. Биз гоҳо киноя билан “матнни ёйиб бериш” деб атайдиган нарса содир бўлган.
Бу парча таржимасида М.Ҳаким “шарафли ўлим” (славная смерть) ва “ундан зўр келган киши” (победитель)ни бир оз ўзгартириш билан олиб, айрим сўзларни бузиб, яъни ҳозирги замонни ўтган замон билан алмаштириб, Чўлпон изидан боради ва ҳоказо. Айиқ воқеасидаги француз Дефорж оч ҳайвон билан яккама-якка қолиб, руҳини туширмайди, бу ҳолат Чўлпон таржимасида ажойиб, ёрқин ва батафсил бажарилган. “Опомнившись, учитель увидел привязанного медведя, зверь начал фыркать” – “Айиқ меҳмоннинг ҳидини олиб пишқирди…” “… и вдруг поднявшись на задние лапа, пошел на него” – “Бирданига орқа оёқлари устига тикланиб, унга томон юра бошлади”, “француз не смутился, не побежал и ждал нападения” – “француз ҳеч бир пинагини бузмади, қочмади, ҳужумни кутиб қолди”, “Дефорж вынул из кармана маленький пистолет, вложил в его ухо голодному зверю и выстрелил” – “Дефорж чўнтагидан кичкинагина “пистолет” тўппончасини олди-да, сўнгра оч ҳайвоннинг қулоғига қўйиб, отиб юборди”. Бу ерда биз бутун саҳна, бутун манзарани қайта тиклашдаги аниқликни кўрамиз. Битта ҳам сўз тушиб қолмаган ва айни вақтда оҳангдорлик, услуб сақлаб қолинган. Пушкин фикрлари ҳайратомуз аниқлик билан берилган, шакл ва эркин ҳаракат миридан-сиригача қайта тикланган. Чўлпон тажрибаси новаторлик бўлиб, у кўпроқ тил воситаларидан фойдаланишдан, лисоний эквивалентнигина эмас, балки тўла мутаносибликни тиклашдан иборат.
Оддий, қисқа ва аниқ ёзиш санъатига, сўзнинг юқори даражадаги мазмундорлигига интилишга Пушкин, унинг ижодини тадқиқ этувчиларнинг таъкидлашича (Благой, Лотман), “пойма-пойлик”ни, “бўшлиқ”ни, “ортиқча”ликни, қуруқ “ялтироқ иборалар”ни қаттиқ туриб бартараф этиш билан эришган. Оддийлик, ёрқинлик унинг бутун ёзувчилик усулига хос асл бадииятни ташкил этади. Мазмуннинг ана шундай сиқиқлиги ва ўта қуюқлиги, Пушкинга хос лўнда ва содда ифодаларда намоён бўлади .
Троекуровнинг меҳмонларга: “А что слышно про Дубровского? Где его видели в последний раз?” деб берган саволига хонимлардан бири, Анна Саввишна, ўртаҳол ва оқкўнгил бой хотин бундай деб жавоб беради: “У меня, Кирила Петрович,.. в прошлый вторник обедал он у меня”.
Она тили воситаларини унумли қўллаган Чўлпон бу жумлани ёрқин ва жонли таржима қилишдан ташқари тузилишини ҳам тўла сақлаб қолган. Тилга зўравонлик қилиш, зўраки жумла тузиш ҳолати йўқ: “Меникида (у меня), Кирила Петрович, ўтган сешанба куни тушлик овқатни меникида қилди у” (в прошлой вторник обедал он у меня) Исмоил Обиддагидек “меникида овқатланиб кетган эди ҳам, (у меня отобедал), Маъруф Ҳакимдагидек “меникида обед қилди” (у меня обедал) ҳам эмас. Чўлпонда гўё ўзбекча гап тузилиши бузилгандек, аммо Чўлпон бу билан мазмун ва оҳангдорликни тўла бериш учун олмошни жумла охирига қўйиб, она тилининг имконияти кенглигини кўрсатган. “Обедал он у меня” урғусини сақлаб ҳам қолган. Таржимада жумла шундай тузилганки, айнан унинг асосий маъноси алоҳида таъкидланган. Мазкур жумла учун бу жуда муҳим омил, бундай жумлаларни Чўлпон худди аслиятдагидек жонли, ҳаётий қилиб тузади.
Чўлпоннинг таржимачиликдаги жасорати ва тўла ижодий эркинлиги Пушкин асарларини қайта тиклашга ёрдам берган. “Царь мой небесный, – говорит Анна Саввишна, – что будет с моим Ванюшею?” – “Э Худованди Карим”, – деб таржима қилади Чўлпон. Исмоил Обиддагидек “парвардигор” (“творец, создатель”) эмас. Маъруф Ҳаким ўз таржимасида Чўлпоннинг “Худованди Карим”ини такрорлайди, Чўлпон “Царь мой небесный” хитоби маъносини яқинроқ, тўлароқ ва ишончлироқ берувчи бу вариантни танлаши бежиз эмасди. “Ўғлим Ванюша нима қилади энди” (“что же теперь будет с моим Ванюшей?”) Мана шу “энди” жумла охирида ҳолатнинг фожеийлигини таъкидлаб турибди.
Бу ерда Чўлпоннинг сўз рангинлигини, қисқа жумлага сингиб кетган маъно теранлигини тушуниши яққол намоён бўлган. “Знайте, Дубровский сам был гвардейским офицером, он не захочет обидеть товарища”. Чўлпонда “шеригини ранжитмайди”. Бу ерда “шерик”, “ҳамкасаба” деган маънога эга, яъни яқингинада Владимир Дубровскийнинг ўзи гвардия офицери, бўлган “Ранжитмоқ” феъли шунчаки хафа қилишни эмас, дили лат еганини ҳам билдиради. Исмоил Обидга ўхшаб, “ўзининг ўртоғини жабрлайди” ҳам эмас, Маъруф Ҳакимга ўхшаб, “ўзининг ўртоғини ранжитмайди” ҳам эмас; дарвоқе, у Чўлпоннинг “ранжитмоқ” феълини такрорлайди, Исмоил Обиддан эса “ўртоқ”ни олган. “Ўртоқ” энг аввало, дўст, ошна, яъни дўст тутинган, шериклик қилган таниш одамга айтилади, “шерик” эса маъно жиҳатидан аслиятда қўлланганига яқин.
Чўлпонда сўзларни ҳайратомуз даражада ҳис қилишни кўрамиз, кўплаб маънодош сўзлар ичидан у мазкур муайян фикрни бериш учун зарур аниқ сўзни адашмай танлайди. Бутун жумла, бутун манзарадаги маънонинг табиий ифодаланиши шундан.
Антон Пафнутьич француз Дефоржникида тунаб қолиб, уйқуси келмагани, жаҳли чиққанидан русча ва французча сўзларни аралаштириб, русча “тушить” феълини французча оҳангда айтиши Чўлпон ҳаддан ташқари ёрқин тарзда юморга ўраб беради. Французга ҳеч нимани англатолмаган Антон Пафнутьич адёлга бурканади-да, “проклятый басурман” дейди.
Таржимон Чўлпон бу жумла маъносини қайта тиклайди: “А, лаънати кофир”. “Кофир” бу куфр қилувчи, гуноҳкор, динсиз дегани бўлиб, шарқ одами нуқтаи назаридан “басурман”, яъни “кофир”га мутлақо мос ва айни замонда ҳақоратни билдиради. Бу – ажойиб маънодош ҳақорат сўзи ўзининг асл, дастлабки шакли ва маъносида қайта тикланган.
Чўлпон эришган натижа кўзга ялт этиб ташланмайди, аммо у хира кўринганига қарамай, ўта жонли, ҳаётий чиққан. Бу ҳам Чўлпонга хос таржимонлик маҳорати сирларидан бири. И.Обид “басурман”ни “бадбахт пасурман” деб таржима қилади-да, тагидан “мусулмон”дан ясалган ҳақоратли сўз” деб изоҳ беради. Маъруф Ҳаким Чўлпоннинг “лаънати кофир”ини такрорлайди.
Чўлпон – фавқулодда ноёб таржимонлик истеъдодига эга эди. У таржима жараёнида ўз ижодий қиёфасини сақлаб қолади. Айни вақтда таржимада аслиятга хос бадиият, эстетик кучни, гўзалликни қайта тиклаш, қайта яратиш жараёнида муаллиф иродасига бўйсунгандек, тўғрироғи, у билан қўшилиб кетгандек бўлади.
Пушкин насрини Чўлпон гўё жуда осонлик билан таржима қилгандек кўринади. У аслиятдаги хос сўз ва ибораларни ташлаб юбормайди, аксинча уларни қайта тиклаш, қайта яратиш йўлидан боради. Бунинг учун истеъдод ва юксак малакадан ташқари оғир таржимонлик меҳнатига чидаш, изланиш лозим эди.
Чўлпон энг аввало аслиятнинг ички жозибасини беради. У қандайдир мўъжизакор қудрат билан аслиятнинг бадиий латофатини тўла тиклашгага муваффақ бўлади. Бу тенги йўқ ҳодиса эди.
Аслиятга хос асосий хусусиятларни сақлаб қолиш таржиманинг биринчи фазилатидир. “Дубровский” таржимасида аслиятга яқин бориш фақат Чўлпонга насиб этди – қолган икки таржимон ҳарф кетидан қувишга маҳлиё бўлиб қолганлар. Натижада муаллифнинг ўзига хос услуби, жозибаси бой берилган, аслиятдаги теран бадиийлик тўла сақланмаган. Маъно ва ҳатто аксар сўзлар ҳам худди муаллифникига ўхшагани билан уларда юксак таржималарга хос эркин парвоз йўқ, услубий ва бадиий жило кўринмайди.
Биз бадиий жиҳатдан тўғри таржима деб ҳисоблайдиган нарса – аслиятнинг айрим унсурларини акс эттиришнигина эмас, балки ғоявий ва бадиий бутунликни қайта яратишни кўзда тутади. Бу мураккаб ижодий жараёнда адабий унсурлар бевосита ва билвосита ўз вазифаларини адо этадилар. Чўлпон – таржимоннинг тили, бадиий маҳорати, ўзига хос услуби Белинский “шахснинг ўзига хос муҳри” деб белгилаган таърифга айнан мос келади. “Дубровский” таржимасида адиб она тилининг кенг имкониятларини тўла намойиш эта олди. Умуман, Чўлпоннинг Пушкин ижодидан қилган таржималари ўзбек адабиётининг ёрқин саҳифалари қаторида туради. Уларни мунтазам ўқиш, ўрганиш, илмий тадқиқ қилиш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Нинель Владимирова, филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 7-сон