“Модификация” лотинча сўз бўлиб, modus – мезон, кўриниш, образ, кўчма хусусият ва fasio – қилмоқ, амалга оширмоқ, қайта барпо қилиш, янги хусусият касб этиш билан шаклнинг ўзгартирилиши маъносини билдиради. Модификация тушунчасининг асосида файласуф Спинозанинг машҳур субстанция ва модус ҳақидаги умумфалсафий қарашлари ётади. “Фалсафий луғат”да кўрсатилишича: “Модус – ўлчов, мезон, усул, йўл, тариқа, тарз” деган маъноларни билдиради. Предметнинг муайян ҳолатидаги хусусиятини ифодалайди. Спинозага кўра, модус субстанциянинг барча ўткинчи (кўчувчи) ҳолатларини ифодаловчи восита ҳисобланади. Унинг борлиги ўзига эмас, субстанция ва унинг хоссасига боғлиқ. Модусда ўзининг пайдо бўлишини ягона, абадий, чегарасиз моддий субстанцияда топадиган нарсаларнинг абадий кўпаювчанлиги ва кўчувчанлик сифати акс этади.
Демак, модус ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Бу эса ўз навбатида моддий ва маънавий жараёнлардаги доимий ўзгаришлар натижасида янги моделларнинг пайдо бўлишини таъмин этади. Модификация ҳодисаси ўз-ўзидан адабий-бадиий ва тарихий жараёнларда ҳам акс этади. Бутун ҳолатда мавжуд бўлган жанрлардан, масалан, халқ қаҳрамонлик эпосидан бошқа эпик жанрларнинг шаклланиши, ўзгарган шаклда қайта туғилиши қатор тадқиқотларда қайд этилган.
М.А.Алексееванинг “Б.Пастернакнинг 1910-йиллар ижодида XIX аср поэтик мифологемалар модификацияси” номли тадқиқотида модификация ҳодисаси бадиий анъаналарнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлиши айтилади. Олима бу ҳақда: “Анъанага муносабат манфий ва мусбат; англанган ва англанмаган бўлиши мумкин… Шоир хаос билан кураш олиб бориб, оламга уйғунлик (гармония) туҳфа этади. Бу – маданиятлар учун умумий бўлган, бир бутун, турли шаклларига кўра фарқланадиган мифологема”, деган фикрни илгари суради. Б.Пастернак шеъриятидаги қатор мифологемаларнинг бадиий модификациялашув жараёнлари ҳақида сўз юритар экан, олима уларни М.Ю.Лермонтов, Е.А.Баратынский, Ф.И.Тютчевлар шеъриятидаги мифологемалар билан қиёслайди ва модификация жараёни мавжуд адабий анъаналарнинг ўзгача шакл ҳосил қилиши эканини назарий жиҳатдан исботлайди.
М.Алексееванинг қуйидаги хулосаси бадиий модификация ҳақидаги фикрларимизни янада равшанлаштиради: “1910-йиллар ижодида ўзлаштирилган мифологемалар Б.Пастернакнинг динамик услуби билан модификацияга учрайди. Унинг поэтик тизимига чирмашиб ХХ асрнинг мураккаблашган, диалогиклашган тафаккур тарзини юзага чиқаради”.
Демак, бадиий компонентларнинг модификацияга учраши бевосита муайян бадиий анъаналар билан боғлиқ. Даврнинг адабий эҳтиёжлари, муаллифнинг ижодий даражаси, бадиий лабораторияси, ғоявий мақсадига кўра модификация турли поэтик компонентлар кесимида намоён бўлиши мумкин. Яъни, бу жараён кенг кўламда юзага чиқиши, бир эмас, бир нечта бадиий компонентлар доирасида юз бериши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Яна бир рус олими А.Боровнинг фикрича, адабий таъсирнинг модификацион кўриниши йирик пландаги улкан полотнолар шаклида эмас, бадиий талқиннинг ички специфик қатламларида рўй беради. Модификациянинг синкретиклашув, синтезлашув ва адабий таъсирнинг бошқа шаклларидан фарқланувчи ички қонуниятлари унинг соф поэтик, психологик, ижодкор лабораториясига хослик жиҳатлари шунда намоён бўлади. Ижодкорнинг ўзига ёндош (масалан, рус) адабиётининг муайян даври, муайян поэтик усуллари, бадиий услубларига нисбатан соф ижодий-индивидуал ёндашуви модификация жараёнининг бошланишига туртки бўлади. “Ижодкорнинг шахсий эркинлиги шундай абсолют таянч нуқтаки, унинг ёрдамида, шак-шубҳасиз, дунёни ўзгартириш мумкин”, деб ёзади олима.
Айни пайтда модификацион жараёнларнинг юз бериши учун жамият ҳаётидаги ижтимоий ҳодисалар, сиёсий, иқтисодий, психологик ўзгаришлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кабардин шоири А.Кешковнинг 1960-йиллардаги ижоди ҳақида фикр юритар экан, А.Борова барча собиқ иттифоқ республикалари учун характерли бўлган “илиқлашув”(оттепель) даврига алоҳида урғу беради. Нисбий эркинлик даврида барча совет ёзувчи-шоирлари, драматурглари икки лагерга бўлингани, бири соцреализмни моҳиятига кўра чуқурлаштириш, иккинчи тоифа шахсий эркинлик ва эркин ижод концепциясини ёқлаб чиққанларини, А.Кешков иккинчи йўлни танлаб тўғри қилганини алоҳида таъкидлайди. Мана шундай тўғри танлов А.Кешков ижодида рус “кумуш аср” шеърияти анъаналари билан кабардин халқи бадиий тафаккурининг ўз индивидуал бадиий дунёсида ижодий модификациялашга олиб келганини ижобий ҳодиса сифатида баҳолайди.
Бундан келиб чиқадики, миллий адабиётларга хос модификация жараёнлари ҳар қандай ижтимоий шароитда динамик тарзда рўй бериши мумкин. Тўлақонли бадиий модификация учун бу ўринда уч омилнинг бир бутун ҳаракатга келиши муҳим: жаҳон ёки торроқ миқёсдаги адабий анъаналар, миллий тил ва адабиёт, хусусан, ижодкорнинг индивидуал ижодий шахсияти, бадиий ғояси.
Ж.А.Бурцеванинг “Жанр шакллари модификацияси” номли тадқиқотида замонавий наср, унинг янгиланишида модификация ҳодисасининг ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритилади. Бунда олима жанрлараро модификацияда муаллифнинг индивидуал ёндашувини асосий мезон қилиб олади. Жанр тартибларининг ўзгариши ва қатъий тартибга солинмаган жанрларнинг майдонга келишида муаллиф индивидуаллигига алоҳида урғу беради. Рус тилида ижод қиладиган ёқут ёзувчилари ижодида халқона ривоятларнинг жанр ўзгартирувчилик ролини таҳлилий кўрсатилади. Бундан шундай хулоса чиқариш мумкинки, демак, фольклор ҳам замонавий адабиётдаги жанрлар модификациясига омил бўлиши мумкин. Ривоятлар эса эпик тафаккурнинг янгиланиши, асар услуби, образлар модификациясини фаол таъминловчи вазифасини ўтайди.
Г.Бинованинг “Энг янги рус насрида жанр модификацияси” номли тадқиқоти бевосита насрий жанрлар талқинига қаратилгани билан аҳамиятга молик. Адабиётшуноснинг фикрича, энди улкан ижтимоий воқеалар, сиёсий майдондаги курашлар, ахлоқ-одоб қоидалари комплексини ташкил этган маданиятлар ҳукм сурган XIX – XX асрлар анъанавий мезонлари ўзгариши билан, М.Бахтин маълум даражада меъёрларини белгилаган классик романлар даври ўтди. Л.Толстой, Ф.Достоевский романларидаги “сарф этилмаган потенциаллар”, келажакка интилиш руҳи бугун йўқ. Бу жараён рус романчилигида Гроссманнинг “Умрлар ва тақдирлар”, Солженициннинг “ГУЛАГ архипелаги” асарлари билан тугади. Тадқиқотчининг бу фикрида ҳам жон бор, албатта. Зеро, бу жараён фақат рус адабиётида эмас, инглиз, француз, немис ва лотин америкаси романчилигида ҳам ХХ аср охири – XXI аср бошларидан эътиборан давом этиб келмоқда. Пауло Коэльонинг ўзбек тилига уч бора таржима қилинган “Ал кимёгар” ёки рус тилида чоп этилган “13 дақиқа”, “Олтинчи тоғ”, Женни Эрпенбекнинг Ҳ.Қўчқорова томонидан ўчирилган “Макон истаб” романлари шундан далолат бериб турибди.
Г.Бинованинг кузатишича, классик роман жанрининг эсселашуви унинг фалсафа билан гибридлашувига олиб келганлиги рус романчилигига хос модификациянинг бир кўриниши бўлса, унинг иккинчи бир кўриниши “тубан адабиёт” сифатида намоён бўлди. Роман катта адабиёт ёки адабий элитага хизмат қилиш вазифасидан чекиниб, омма маданиятига хизмат қилишга ўтди. Бу борада рус адиби А.Курчаткиннинг қуйидагича хулосаси мавжуд: “Рус жамияти учун катта адабиёт даври тугади. Тубан адабиёт даври бошланди” .
Адабиётшунос Қ.Йўлдошевнинг: “Юксак санъат билан бир марталик истеъмолга мўлжалланган оммавий маданиятнинг ўзаро яқинлашувини, биринчи навбатда, кишига завқ бериб, ҳордиқ чиқаришга хизмат қилиши керак бўлган гедонистик (лаззат берувчи) восита тарзида тушунишнинг ёйилиши билан кишиларда турли даражадаги бадиий дид бўлиши мумкинлиги ва бунинг илдизи шахснинг интеллекти ва туйғулари ҳамда у яшайдиган ижтимоий-маиший шароитга тақалиши ҳақидаги олдинги қарашлар ўз қийматини йўқота боради”, деган фикрлари А.Курчаткин фикрларининг мантиқий давомидек туюлади. Ўзбек ва жаҳон адабиётининг кейинги намуналарини ўқиб-ўрганиш натижасида келинган бу хулоса, қанчалик шафқатсиз туюлмасин, бугунги ўзбек насрига ҳам даҳл этишини инкор этиб бўлмайди.
Албатта, бундай асарларда адабиётнинг энг муҳим шарти бўлган бадиият масаласи сўнгги даражага тушиб қолади. Бадиий асар ўз моҳиятидан узоқлашиб, Қ.Йўлдошев айтмоқчи “бир марталик” ўқиладиган, кўнгил очувчи, нафсоний завқ улашувчи манбага айланади. Г.Бинова бундай асарларни қайси мезонлар билан баҳолаш лозим деган долзарб масала қўяди. Қўйилган саволга М.Веллернинг “Ё юксак ва тубан жанрлар ҳақидаги қадим ўлчовларни тан олиш ёки ҳамма нарсани ўша қонуниятлар билан ўлчаш керак”, деган фикрлари билан жавоб берар экан, “Демак, “тубан” жанрларни “юксак” жанрлар мезонлари билан ўлчаш мумкин эмас” тарзидаги ўз қарашини баён этади. Бизнингча, бу айнан методологик масалалардан биридир.
Г.Бинова Европа ва рус романчилигида постмодернизмга хос қурама, неомифологик, фалсафий-эротик, тарихий-филологик, субъектив-мифологик, “руҳий утопия”, нақл-роман сингари роман шакллари пайдо бўлаётганини кўрсатади. Баъзи романларда кино, клип, глобаллашган дунё ахборотлари монтажи асосидаги постмодернистик шакллар ҳақида фикр юритади. Аммо унинг сўнгги хулосасига кўра, бундай роман шаклларининг пайдо бўлиши бугунги глобаллашган давр ва интеллектуал ўйинлар, ахборотлар, воқеалар бозорига айланган дунё учун характерлидир. Энди романнинг муайян шакл-шамойилини белгилаб, унинг бозорлашиб кетишининг олдини олиб, сунъий йўл билан тўхтатиб қолиш мумкин эмас. Аммо бундай гибрид роман шакллари ҳам адабиётга ва интеллекти юксак ўқувчига фойда бериши мумкин. Фақат бундай асарлар истеъдодли ёзувчилар, сўз усталари томонидан ёзилса кифоя.
Ҳақиқатдан ҳам турли жанр, жанр компонентлари, услублар, образларни синтез қилиш орқали пайдо бўлаётган модификация жараёни замонавий ўзбек адабиёти учун ҳам характерли тус олмоқда. Миллий адабиётимизда анъаналар асосидаги модификациялашув ХХ аср охирига келиб жадаллашди. Ў.Ҳошимов романларидаги “фолкнерча композиция” (“Тушда кечган умрлар”), Ш.Холмирзаев ижодидаги фалсафий реализм ва шафқатсиз реализмнинг уйғунлашуви (“Динозавр”), О.Мухтор романларидаги фалсафий, илмий, ривоявий-мифологик ва бадиий композиция ва услубларнинг уйғунлашуви (“Афлотун”, “Минг бир қиёфа”, “Аёллар салтанати ва мамлакати” ва ҳ.к.), Мурод Муҳаммад Дўст романидаги фалсафий полифонизм (“Лолазор), Тоғай Мурод романларидаги фольклорча-халқона индивидуал-ижтимоий услуб гармоналлиги (“Отамдан қолган далалар”, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”), Назар Эшонқул романидаги Г.Маркес неореализми ва Кафка модернизмининг шакл-мазмундаги бирикуви (“Гўрўғли”), Т.Рустамов романидаги “Улисс”га хос хаотик тафаккур тарзи (“Капалаклар ўйини”), Улуғбек Ҳамдам романларида учрайдиган ижтимоий-фалсафий, индивидуал-психологик руҳ, ниҳоят, Исожон Султон романларидаги постмодернистик композиция, сюжет ва образлар гибридлиги (“Боқий дарбадар”, “Озод”, “Генетик”) шундан далолат беради. Ушбу омиллар мустақилликдан кейин дунё юзини кўрган кўплаб лирик, драматик, айниқса, насрий асрларни бадиий модификация муаммоси юзасидан ўрганишни тақозо этади.
Демак, бадиий модификация кенг кўламли эстетик ҳодисалардан ҳисобланади. У биринчи навбатда адабий таъсир ва анъаналарга эстетик муносабатдан келиб чиқади. Давр эстетик эҳтиёжига қараб анъанавий шаклларнинг ўзгариши бадиий модификация билан узвий боғлиқ. Модификация ҳодисасининг яна бир сабаби адабий жараёндаги эстетик мезонларнинг ўзгариши, ижодкорларнинг адабиётга бошқача нуқтаи назар билан қарай бошлашидир. Бунда шакл ўзгаришига учраган ҳар бир бадиий компонент ёки бир бутун адабий жанрнинг ўзи муаллиф ижодий индивидуаллигининг эстетик белгиси сифатида воқе бўлади. Модификация жараёнида бир йўла бир нечта бадиий компонентлар (композиция, сюжет, образ, детал, услуб каби)нинг бир асар доирасида уйғунлашуви ҳодисаси камдан-кам учраса-да, бу эстетик ҳодиса пировард оқибатда жанр модификациясига олиб келади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 10-сон