Алишер Навоий — буюк шоир ва мутафаккир зот. Бу ҳақиқат қуёшдай барчага аён. Қуёшнинг таърифини такрорлайвериш эса, шарт эмас. Аммо ана шу буюклик қудратининг ҳар бир асарда намоён бўлишини таҳлил қилиб кўрсатиш, маънолар жилосини англаш ва ундан ҳузурланиш, албатта, фойдалидир. Чунончи, шоирнинг мана бу ғазалини олайлик:
Паризодеки мушкин зулфи жоним мустаманд этмиш, Малойик қушларин ул ҳалқа мўлар бирла банд этмиш. Самандинким ёлиндек тез эрур, юз шукрким, гардун Анга бизни самандарваш, мунга гарди саманд этмиш. Чекарга ишқ оташгоҳиға девона кўнглимни Қазо ҳар бир шарар торини бир ўтлуғ каманд этмиш. Вафоға телбалиқдин нописанд ўлсам, они кўрким, Жафоға кимни менга ул парипайкар писанд этмиш. Майи равшан тут, эй соқийки, кўнглум тийра қилмиш шайх Даму афсун била баским анга изҳори панд этмиш. Лабингда нўшу заҳри ҳажр оғзимда, тонг эрмас гар Манга ҳар заҳрханд ўлғонда дил бир нўшханд этмиш. Лаби лаълин малоҳат холи бирла баҳравар қилғон Менинг жонимни доғи ишқ бирла баҳраманд этмиш. Бировким сарвдек озодваш бўлди бу боғ ичра, Қазо деҳқони ҳам сарсабз они, ҳам сарбаланд этмиш. Навоий, кеч висол уммедидинким, ҳақ сени беҳад Залилу зору, ёрингни азизу аржманд этмиш.Ушбу ғазал ажойиб дилрабо оҳанги, романтик-армоний тасвирлари, ниҳоятда нозик ирфоний маънолари ва шунга муносиб тимсол ва ташбеҳлари билан қалбни ром этади. Ҳар бир байт — бир лавҳа: унда Ёр жамоли васфи ёки унинг карашма-истиғнолари ва бунинг Ошиқ дилига таъсири ифодаланган. Шунга биноан, ҳар бир байт ичида тазодий маъно бор, яъни маъшуқа ўз ҳусну жамоли, жазбаси билан мағрур, бепарво ошиқ эса бу тенгсиз ҳуснга етишиш иштиёқида парвонадек талпинади.
Навоий тасвирида дунёвий ва илоҳий маънолар бирга, бири иккинчисини изоҳлаб, тўлдириб келади. Бошқача айтганда, образлар мажозий (дунёвий), маънолар эса илоҳий.
Яхшиси, ҳар бир байт устида тўхтаб, буни кўздан кечирамиз. Биринчи байтнинг зоҳирий маъноси мана бундай: «Қора зулфи жонимни гирифтор этган паризод малакларни ўз зулфи ҳалқалари тузоғига илинтирибди». Аммо ушбу байтнинг ботиний маъноси хийла кенгроқ. Пари — хаёлий маҳбуба, у одам қиёфасига кириб, кўзга кўриниши ҳам мумкин. Паризод — парининг фарзанди, демак, яъни хаёлий гўзаллик ва ҳусни жамол тимсоли. Мушк — оҳу киндигида қаттиқ югуришдан қон доғлари йиғилиб ҳосил бўладиган хушбўй нарса. Зулф (соч) мушкка ўхшатилар экан, демак, унинғ қоралиги ва хушбўйлигига ишора қилинмоқда. Мустаманд — гирифтор этиш, ожиз қилиб қўйиш. Малойик қушлари — қанотли фаришталар. Ҳалқа мўлар — соч бурамлари. Бироқ зулфнинг сўфиёна маъноси ҳам бор. «Зулф — касрат олами мартабалари, касрат оламига хос жузъ ва кулл муносабатига ишора. Зулфнинг ҳалқалари — илоҳий сирларнинг пинҳонлиги», дейилади луғатларда. Байтга шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, унда — паризод — илоҳиёт оламининг мазҳари бўлган нурли бир хилқат тимсоли бўлиб, унинг зулфи (сочи) эса тажаллиёт олами, яъни моддий дунё (касрат олами ҳам дейилади) бўлади. Демак, Навоий тасвирламоқчи бўлган ошиқнинг жони Илоҳиётга етишиш йўлида бу дунёнинг маънавий мартабаларини эгаллашга бел боғлаган солик экан. Унинг изтироблари ҳам ана шу сирларни дилда сақлаб, мартаба зиналаридан кўтарилишдир. Илоҳий мазҳар бўлганлиги учун ҳам Паризод инсонлар билан бирга, малакларни ҳам банду асир этган.
Бу Паризоднинг минган оти ҳам гўё нурдандир: чунки саман — сарғиш рангли (қуёшдай) арғумоқ. У яшиндай тез югуради ва алангадай кўк сари интилади. Ошиқ шу алангага мафтун — у ўзини аланга ичидаги самандар(ўт ичида туғилиб яшайдиган афсонавий қуш)га ва шу отнинг туёғи остидаги ғуборга ўхшатади, бундан шодланиб, Тангрига шукрона айтади. Иккинчи байтдаги тасвир, кўриниб турибдики, биринчи байтнинг мантиқий давоми. Паризод зулфига гирифтор бўлган ошиқ ўзини унинг оти оёғи остидаги ғуборга ва оловда яшайдиган самандар қушга ўхшатади. Ошиқлик — бу ўзини оловга ташлаш билан баробар. Чунки ишқ — олов, ошиқ — самандар, маъшуқа — нур манбаи. Навоий тасвирида бу тушунчалар ўзаро алоқадор бўлганлиги сабабли, ғазалнинг учинчи байтида мазкур ғоя яна аниқроқ ифодаланган: ошиқнинг девона кўнглини ишқ оташхонасида тоблаш учун қазо (тақдир) учқунлар риштасидан «ўтлуғ каманд» — олов арқони ясабдир. Ажойиб тасвир! Диққат қилинг: оловли арқонлар билан боғланган Ошиқ Кўнгли олов кўрасида турибди. Муболағами? Тўғри, муболаға, лекин илоҳий ишқ кучини кўрсатишга муносиб тасвир.
Шундан кейин шоир тўртинчи байтда Ёрдан шикоят қилиб дейди: вафо йўлида телбалардай талпинганидан беэътибор (нописанд) бўлдим, бу алам қилмайди. Бироқ «ул пари пайкар»нинг менга жафо бериш учун қазони раво кўргани баттар эзади. Ҳа, Парвардигор бандаларини фалак айланиши, қазоу қадар зулми билан синов-имтиҳонлардан ўтказади-да! Мана шу ҳолатда соликка хонақоҳ шайхи насиҳат қилиб, овутмоқчи бўлади. Ошиқни насиҳат билан овутиб бўладими? Кўнгилни ишқдан қайтариб бўладими? Йўқ, бу мумкин эмас. Ошиқлар маслаги бунга зид. Шу боис, Навоийнинг лирик қаҳрамони шайхнинг панду насиҳатини «даму афсун» (сеҳргарлик) дея, хонақоҳни тарк этиб, майхонага — Комил инсон (соқий) ҳузурига боради ва ундан Кўнгулни равшан қиладиган май — илоҳий файз сўрайди. Бешинчи байтда шу ҳолат тасвирлангандан кейин, олтинчи байтда яна ошиқнинг маъшуқага мурожаати давом эттирилади.
Бу байтда: «лаб» — раҳмоний нафасни, «нўш» — илоҳий сўз — лаззат, пир сўзини англатиб келади. Пири Комилнинг ёки нурли сиймо — Паризоднинг нафасини қўмсаган ошиқ (солик) дилини ҳижрон қийнайди, ҳижрон гўё заҳар. Аммо маъшуқанинг заҳарханди (аччиқ кулгуси, кесатиқлари) ошиқ учун нўшханд — роҳат-фароғат ва ҳузурбахш лаззатдир. Лаб ҳақидаги фикр еттинчи байтда давом эттирилган. Бунда энди лаби лаъл, малоҳат, хол сўзлари қўлланиладики, буларнинг ҳар бири бир орифона-фалсафий маънога эга.
«Лаби лаъл» — вужудни қамраб оладиган чуқур маъноли сўз, илоҳий калом. «Хол» — ваҳдат нуқтаси, касратнинг охири, Мутлақ зотнинг ваҳдатига ишора. «Малоҳат» эса илоҳий камолнинг бениҳоялиги, адо бўлмайдиган файзу футуҳдир.
Лекин бу сифатлар маъшуқага нисбат берилган сифатлардир. Агар буни жамласак, Комил инсон васфи келиб чиқади. Чунки фақат Комил инсонгина илоҳий камолнинг бепоёнлигини идрок этиб, илоҳий файз ва раҳмоний нафасни мужассамлаштира олади ҳамда буни ўзгаларга етказади. Аллоҳ таоло Комил инсонларни ўз нурининг мазҳарига айлантирган, бошқалар уларга қараб Аллоҳ буюклиги, жамол ва жалолини ҳис этадилар. Шундай зотларни яратган Аллоҳ уларга юз минглаб жонларни ошиқ қилиб қўйибди, токи камолот бир занжирдай давомли бўлсин ва ҳеч вақт узилмасин, деб. Аммо байтнинг зоҳирий маъноси ҳам назардан четда эмас: соҳибжамол бир дилбарнинг сурати кўз олдингизда намоён бўлдики, унга дил боғлаган соф кўнгил инсонлар ҳам маънавий баҳра оладилар. Саккизинчи байт нурли сиймо Ёрга мадҳиядир. Сарв — Комил инсон ҳайкали, қазо деҳқони — Парвардигори олам. Камолотга интилган, дунёдан озод бўлиб, илоҳий маърифатга тўлишган одамни Худо ҳам қўллайди ва уни Ўз раҳмат суйи билан парвариш этади. Асосий ғоя мана шу.
Якунловчи тўққизинчи байтда Навоий маъшуқа ва ошиқ — Комил зот ва унга интилган солик қиёсини охирига етказиб, идеал тимсолга етишишнинг мушкиллигини баён этган. Чунки Ҳақ таоло ошиқни зору ожиз, маъшуқани эса азизу аржманд этган. Бу — тақдир, ошиқ тақдири. Ошиқ шу учун ҳам ҳар доим ўзини хоксор, камтар ва талабгор ҳис этади. Ошиқ нуқсондан камолга қараб борувчи, маъшуқа бўлса — камол тажассуми.
Ушбу ғазал «Насруллойи» куйи билан қиёмига етказиб ижро этилганда киши ўзини осмону фалакда ҳис этади. Гўе паризодлар нурли зулфларин ёзиб, илоҳий тажаллий тимсоли ўлароқ, поклик ва мутлақ гўзалликка ташна дилларни ўйнаётгандай, оламнинг беҳудуд сиру асрорини тушунтираётгандай бўладилар. Бундан ҳузурланган диллар сўз сеҳркори Алишер Навоийдай зотнинг руҳини алқаб, дуолар қиладилар.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 6-сонидан олинди.