Нажмиддин Комилов. Адабиёт ва уч буюк зот

Эътиборга лойиқ бўлган бадиий етук асарларга жавобия айтиш ёки татаббуъ битиш мумтоз адабиётимизда анъанага айланган ҳодиса эди. Бу ўзига хос ижодий мусобақа бир қанча тенг қимматли ранг-баранг асарларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Алишер Навоий ва Жомий орасида ҳам ана шундай ижодий ҳамкорлик, бир-бирининг асарларидан илҳомланиш бўлганини биламиз. Аммо тадқиқотчиларимиз аксар ҳолларда Навоийнинг Жомий ижодидан таъсирлангани ҳақида фикр юритадилар. Ваҳоланки, Абдураҳмон Жомий ҳазратлари ҳам Навоий асарларидан таъсирланиб, татаббуълар ёзган. Жумладан, Алишер Навоийнинг форс тилида яратган «Туҳфат ул-афкор» қасидаси Ҳирот адиблари орасида кенг шуҳрат қозонади. Аслида бу қасида Хусрав Деҳлавийнинг «Дарёйи аброр» қасидасига жавоб тарзида ёзилган бўлиб, Жомийга бағишланган эди. Навоий ушбу қасидани Марвда якунлаб, Ҳиротга — Жомийга юборади. Жомий асарни ўқиб, таҳсин ва туҳфалар билан Навоийга мактуб йўллайди. Бундан ташқари, «Баҳористон» асарида «Туҳфат ул-афкор» қасидасини форсий шеърнинг мумтоз намунаси сифатида алоҳида қайд этиб, унинг матлаини келтиради:

Оташин лаъле, ки тожи хусравонро зевар аст,
Ахгаре баҳри хаёли хом пухтан дар сар аст.

(Подшолар тожини безаган оловдай қизил лаъл бошдаги хом хаёлларни пиширадиган чўғдир.)
«Туҳфат ул-афкор» қасидасиинг «йигирмадан ортуғроқ байти муаммо тариқи ва истилоҳи била» (Навоий) ёзилган эди. Бу Жомийни янада тўлқинлантиради ва бошдан-охиригача муаммо тариқида бир қасида яратадики, унинг матлаъи қуйидагича:

Жоҳ дорй жоҳилосо дар сар, эй комил, мудом,
Жоҳилат хонам, на комил, чун туро жоҳ аст ком.

(Эй ўзини комил ҳисоблаган одам, жоҳиллар каби бошингда мансаб (жоҳ) ғами бор. Сени комил эмас, жоҳил дейман, чунки мақсадинг мансабдир.)
Алишер Навоий Жомийга бағишлаган «Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида буни фахр билан қайд этади.
«Хамсат ул-мутаҳаййирин» асарида шунга ўхшаш яна бир муҳим маълумот келтирилган. Навоий ёзади: «Бир қатла бу фақирнинг туркча бу матлаиким:

Очмағай эрдинг жамоли оламоро кошки,
Солмағай эрдинг бори оламға ғавғо кошки —

эл орасида шуҳрат тутуб эрди ва подшоҳ ҳазратларининг (Ҳусайн Бойқаронинг — Н.К.) суҳбатларида дағи ўқилур эрди. Шуюъ (овоза) ва шуҳрати ул ерга еттиким, ҳазрати Махдумға дағи масмуъ бўлуб (эшитилиб), аларға ҳам дағдаға улким, бу баҳру қофия ва радифда шеър дегайлар. Бу доия (ният) пайдо бўлуб, чун туркча алфоз била назмға илтифот қилмас эрдилар, бир форсий ғазал айттиларким, матлаи будур:

Дидаме дидори он дилдори раъно кошки,
Дида равшан қардаме з-он рўйи зебо кошки.

Демак, Абдураҳмон Жомий туркий тилни яхши билган, бу тилда яратилган асарларни ўқиб завқланган. Шунинг учун у Навоийнинг фақат достонларинигина эмас, балки лирик асарларини ҳам мутолаа қилиб, юксак баҳолаган, Навоийни улуғ ижодий ишларга руҳлантириб турган. Навоийнинг сўзларидан шу нарса маълум бўладики, Жомий улуғ ўзбек шоирининг форсий шеърларига ҳам, туркий асарларига ҳам жавобия айтган, бироқ туркий шеърга туркий тилда эмас, балки форсий тилда татаббуъ битган. Бу ўзига хос нодир адабий ҳодиса, икки халқ ҳамкорлиги, руҳий яқинлигининг ифодаси эди.

Бироқ муҳими яна шундаки, Жомийнинг татаббуъ тариқида ёзган ғазали ҳам эл орасида шуҳрат топиб, Ҳусайн Бойқаро эътиборини қозонади ва подшоҳ Навоийга ушбу форсий ғазалга мусаддас боғлашни (ҳар бир байтни олти мисралик бандга айлантириш) амр этади. Ҳазрат Навоий бу амрни бажарадилар — яна янги бир ажойиб асар вужудга келади. Мусаддас бундай бошланади:

Кардаме дар хоки кўйи дўст маъво кошки,
Судаме рухсори худ бар хоки он по кошки,
Омади берун зи кўй он сарви боло кошки,
Бурқаъ афканди зи рўйи оламоро кошки,
Дидаме дидори он дилдори раъно кошки,
Дида равшан кардаме з-он рўйи зебо кошки*.

(Дўст кўчаси тупроғида макон-маъво тутсайдим, ул оёқлар тупроғига юзимни суртсам қани эди, у сарв қоматли ёр кўчасидан чиқсайди кошки, оламни ёритувчи юзидан ниқобини олсайди, у раъно дилдорнинг дийдорини кўрсайдим, кўзимни ўша зебо юздан равшан қилсайдим кошки.)
Алишер Навоий ушбу мусаддасни форсий шеърлар тўплами — «Девони Фоний»га киритган.
Бу ўринда шуни айтиш керакки, Алишер Навоий «кошки» радифи билан учта ғазал ва бир мухаммас ёзган. Чунончи, «Бадоеъ ул-бидоя» девонида иккита «кошки» радифли ғазал бор. Биринчи ғазал матлаи:

Сиҳатим озурда жононимда бўлғай кошки,
Дарди онинг тинмағур жонимда бўлғай кошки.

Иккинчи ғазали матлаи:

Бўлғой эрди юз туман, минг ранжу меҳнат кошки,
Бўлмағай эрди балову дарди фурқат кошки.

Учинчи ғазал матлаини юқорида келтирдик**. Шуни ҳам қайд этамизки, Навоий ўзининг «эл орасида шуҳрат тутган» бу ғазалига ўзи мухаммас боғлаган ва «Наводир уш-шабоб» девонига киритган. Яъни бу ерда шоир ўзига ўзи татаббуъ қилган, дейиш мумкин. Бундай «тахмис»лар (ғазални мухаммасга айлантириш) Навоийда анча.
Энди Жомий билан Навоийнинг зикр этилган «кошки» радифли ғазалларининг қиёсий таҳлилига ўтамиз. Бунинг учун ҳар икки ғазални қуйида келтирамиз.
Навоий ғазали:

Очмағай эрдинг жамоли олам оро кошки,
Солмағай эрдинг бори оламға ғавғо кошки.

Чун жамолинг жилваси оламға солди рустахез,
Қилмағай эрди кўзум они тамошо кошки.

Бўлмағай эрди кўзум ўтлуқ юзунг кўрган замон,
Ишқинг ўти шуъласи кўнглумда пайдо кошки.

Айлагач ишқинг балоси зор кўнглумни ҳазин,
Қилмағай эрдинг мени маҳзунға парво кошки.

Тушмагай эрди фирибомуз лутфунг билмайин,
Нотавон кўнглумга васлингдин таманно кошки.

Лутф ила васлингдин кўнглумни тамаъгар айлабон,
Қилмағай эрдинг яна зулм ошкоро кошки.

Бевафолиқ англағоч, ишқингни кўнглум тарк этуб,
Қилмағай эрди ўзин оламда расво кошки.

Эмдиким девонаю расвойи олам бўлмишам,
Васл чун мумкин йўқ, ўлтургай бу савдо кошки.

Эй Навоий, бевафодур ёр, бас не фойда
Нечаким десанг агар, ёхуд магар ё кошки.

Жомий ғазали:

Дидаме дидори он дилдори раъно кошки,
Дида равшан кардаме з-он рўи зебо кошки.

Хотир андар сояи туби наёсояд маро,
Соя карди бар сарам он сарви боло кошки.

Гарчи имрўз аз жамоли ў нагаштам баҳраманд,
Ваъдаи ин давлат афтодй ба фардо кошки.

Ошиқонро рухсати гул чидану дидан чи суд,
Буди он гулчеҳраро изни тамошо кошки.

Кошки гўям маро гашти висоли ту насиб,
Бенасибонро насибе нест илло кошки.

Бовужуди ақлу дин сомон нагирад кори ишқ,
Дар ҳужуми ин шуди он ҳар ду яғмо кошки.

Назми Жомиро, ки шуд дар васфи лутфи ў чу дур,
Жо набуди ғайри гўши шоҳи воло кошки.

Шоҳ Абулғози, ки мегўяд шаҳи анжум зи дур,
Будиям дар силки наздикону ў жо кошки.

Ҳар чи хоҳад бод ҳосил дар ҳарими базми ў,
В-аз ҳарими базми ў сад сола раҳ то кошки.

(Мазмуни: Кошки ўшал раъноқадли дилдорнинг дийдорини кўрсайдим, (ўшанда) кўзларимни у зебо юз нуридан равшан қилардим. Менинг хотирим жаннатдаги туби дарахти соясида тинчланмайди, кошки ул баланд сарв бошимга соя солсайди. Агар бугун унинг жамолидан баҳраманд бўлмасам-да, бу давлатга эришиш ваъдаси тонг-ла кунга қолдирилсайди. Ошиқларга гул териш ва кўришга рухсатдан нима фойда, ул гулчеҳрани томоша қилишга изн берилса эди кошки. Кошки, сенинг висолинг менга насиб этди деб айтсам эди, бенасибларга «илло» (йўқ)дан бошқа насиб бўлсайди кошки. Ишқнинг иши ақл ва дин билан ривожланмайди, ишқ ҳужуми туфайли бу иккиси барбод бўлсайди кошки. Шоҳ васфига дур каби тизилган Жомий назми улуғ подшоҳ қулоғидан бошқа ерда жой олмас эди кошки. Шоҳ Абулғозики, юлдузлар (осмон) шоҳи узоқдан: «Унинг яқинлари қаторида бўлсайдим кошки», дейди. Унинг базми ҳарими (маҳрами)да неки бўлса ҳосил бўлсин, аммо шуниси борки унинг базми маҳрамлигидан «кошки»га қадар юз йиллик йўл бор.)

Ҳар икки ғазал ҳам тўққиз байтдан иборат. Жомий, Навоий айтганидек, «баҳр ва қофия ва радиф»ни сақлаган. Аммо диққат қилиб қиёслаганда, икки ғазал орасида маъно ва мазмун нуқтаи назаридан сезиларли фарқ борлигини кўрамиз. Бу фарқ нималарда кўринади?
Биринчидан, Навоий ғазалида афсус, пушаймонлик, содир бўлган воқеадан задалик, озурдалик ҳисси акс этган. Яъни шоир тасвирига кўра, Ёр жамолининг жилваланиб зоҳир бўлиши (бу Аллоҳ тажаллиси ҳам, ердаги маҳбуб ҳуснининг кўриниши ҳам бўлиши мумкин) ошиқ дилини изтироб ва қийноқларга солади, ошиқ «қани эди сени кўрмасам, бу балолар ҳам бошимга тушмас эди, ишқ домига тушмаган бўлардим», қабилида нола чекади. Шу боис Навоий ғазалида инкор маъносидаги сўзлар кўп. Чунончи: «очмағай эрдинг», «солмағай эрдинг», «қилмағай эрди», «бўлмағай эрди», «тушмагай эрди» ва ҳоказо. Бироқ шуниси борки, мана шу инкор, афсуслар замирида тасдиқ ва таслим ғояси ётади. Бошқача айтганда, ишқ, бу — тақдири азал, бу ошиқ учун марҳамат, ҳусн пайдо бўлдими, Ишқ ҳам пайдо бўлади — кўнгил ақлга бўйсунмайди.
Жомий ғазалида эса, бунинг акси ўлароқ, афсус-надомат эмас, балки талаб ва қумсаш маъноси ифодаланган. Шоирнинг лирик қаҳрамони Ёр юзини кўришга муштоқ: қани эди у раъно юзни кўрсам, дийдоридан тўйиб, кўзумни равшан қилсам, дейди.
Умуман, «кошки» сўзи қани эди, агар, агарда, шундай бўлсайди ёки шундай бўлмасайди каби маъноларни англатиб келади. Абдураҳмон Жомий Ёрга интизорлик, садоқат изҳорини ифодаласа, Навоий ишққа гирифтор кўнгилнинг изтиробларини тасвирлаган.
Иккинчидан, Навоий ғазалининг ички қурилиши билан Жомий ғазали тузилиши орасида ҳам фарқ бор. Навоийда: биринчи байтда Ёр жамолининг оламда очилиши, иккинчи байтда кўзнинг шу Жамолга тушиши, учинчи байтда ишқ шуъласининг кўнгилда пайдо бўлиши, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи байтларда ҳусннинг кўнгилни лутф билан сийлаши, авраши, кейинги байтларда Ёр лутфининг алдамчилиги, бевафолиги тасвирланади, яъни: Жамолни кўз кўради, кўздан кўнгилга ўт тушади, бу ўт аввал роҳат бағишлайди, сўнгра зулм қилиб, фироққа солади, қийнайди. Охири бечора ошиқ бунга кўникади.
Демак, лирик қаҳрамон бошидан ўтган воқеа бир силсила шаклида тасвир этилган. Абдураҳмон Жомий ғазалида бундай воқеабандлик системаси йўқ. Унда соғинган кўнгилнинг орзулари, ишқ тавсифи, ёр ваъдасига умид боғлаш ғоялари ўзаро боғлаб тасвирланади.
Учинчидан шуки, Жомий ғазали султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган, шоир шоҳнинг «яқинлари — маҳрамлари қаторида бўлсайдим кошки», деган сўзлар билан асарни якунлаган. Навоий ғазали ҳеч кимга бағишланган эмас.
Тўртинчидан, Навоий анъанага амал қилиб, ўз тахаллусини ғазалнинг охирги байтида келтиради, Жомий эса ўз тахаллусини еттинчи байтда келтирган. Жомийнинг бундан мақсади шоҳга бўлган ҳурматини ифодалаш бўлган, албатта.
Аммо Алишер Навоий Жомий ғазалига мусаддас боғлаганда, тахаллусини келтирмаган. Бу ҳам анъанага зид. Чунки биров ғазалига мухаммас ёки мусаддас боғлаганда ўз тахаллусини қўшиб қўйганлар. Афтидан, бунда Навоий ҳам Жомий ва султон Ҳусайн Бойқарога эҳтиром юзасидан шундай йўл тутган. Аммо Навоий мусаддаси султонга ҳам, Жомийга ҳам маъқул келади ва янги асар сифатида бадиий сўз ихлосмандлари оғзига тушади.
Алишер Навоий мусаддас ёзиш талабларига тўлиқ риоя этган, яъни илова қилинган байтлар ғазал байтлари маъносини ривожлантирган, тўлдирган. Мавжуд мавзу ва мазмундан четга чиқиш кўзга ташланмайди.
Шу тариқа, ушбу адабий ҳодиса, бир томонидан, Навоий ижодий салоҳиятининг бемисл қудрати, унинг асарлари қадру қимматини, Навоий билан Жомий орасидаги зеҳну заковат, адабий маслак ва қалб яқинлигини ифодаласа, иккинчи тарафдан, бу икки буюк адибнинг давр подшоси, «шоҳу дарвешлик»ни ўзида мужассам этган нозиктабъ шоир Ҳусайн Бойқарога муносабатини ҳам белгилаб турибди ёки, бошқача айтсак, Ҳусайн Бойқаронинг адабий ҳаётга фаол иштироки, Навоий ва Жомийга бўлган чуқур ҳурмати, улар истеъдоди меваларини кўпайтириш сари қилган ҳаракатлари намунасини кўрамиз. Бу уч буюк зот XV аср Ҳирот адабий муҳитининг марказида турганлар ва улар сиймосида адабиёт ва халқ, маънавият ва давлат бирлашган эди.
Уларнинг бир-бирини қўллаши, илҳомлантириб туриши улуғвор бир маданиятнинг, сўз санъати намуналари бўлган ўлмас обидаларнинг яратилишига сабаб бўлди.
_________
* Охирги мисра «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да «Дийда равшан кардаме аз хоки он по кошки» тарзида келган.
** Аммо шуни айтиш керакки, ушбу матлаъ турли нашрларда турлича. Масалан, «Ҳазоин ул-маоний»нинг 1959 йилги Ҳ.Сулаймон нашрида «Жамолинг олам аро кошки» (II жилд, 629-бет), 20 жилдликнинг 2-жилдида «Жамол олам аро кошки», 4-жилдда «Жамоли олам оро кошки» тарзида келади. Бизнингча, охиргиси тўғрига ўхшайди. Чунки у вазнга ҳам, умумий маънога ҳам мувофиқ келади. «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да ҳам шу кўринишда келтирилган.

Нажмиддин Комилов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 6-сонидан олинди.