Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида дунё тилларини таснифлар экан, Нуҳ пайғамбарнинг учинчи ўғли Ёфасдан, яъни Абут-туркдан туркий халқлар келиб чиққани ва Абутурк пайғамбарлик тожи ҳамда элчилик мансаби билан қардошларидан юксаклигини, саралаб олинганини айтади. Алишер Навоий туркий тилни келиб чиқишига кўра ҳам биринчи ўринга қўйди, форс ва ҳинд тиллари туркий тилдан кейин пайдо бўлгани тўғрисида хабар берди[1].
Навоий туркий тилга алоҳида муҳаббат билан эътибор қаратди. Асарларини туркий тилда ёзди. Ҳазратнинг ўз ибораси билан айтганда: “қолди туркий алфоз била мақсуд адоси”.
Бу ўринда яна ҳар бир халқ адабиётининг ибтидоси тилдан бошланишини, адабиёт шу халқ тили билан ёнма-ён ривож топиб боришини таъкидламоқ лозим. Айни пайтда бир даврдаги адабиёт билан кейинги давр адабиёти бир-бирини такрорламайдиган ҳолатда шаклланади. Маълум бир давр адабиётининг юзага келишида ўзига хос қонуний асослар мавжуд. Ўзига хосликни англай олиш адабиётшуносларнинг, қолаверса, тилшуносларнинг ҳам вазифаси. Ҳатто адабиётшуносликда адабий элементлар билан даврлаштириш мезонларини, тамойилларини, адабий тасаввурларнинг даврлаштиришга қанчалик алоқадорлигини фарқлай олмайдиганлар ҳам борки, улардан огоҳ бўлиш зарур. Агар даврлаштириш адабиётшуносликнинг майда-чуйда, аҳамиятсиз томони бўлганда, ҳозирда жаҳон адабиётшунослигида бу масала муаммо қилиб кўтарилмаган бўлар эди. Адабиётни даврлаштириш, биринчи навбатда, адабий билимларни тўғри ва тўлақонли етказишга, иккинчидан, адабий жараённинг, хусусан, ўзбек адабиётининг географик чегараларини аниқ белгилаб олишга, ўзбек адабиёти фақат ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди билан боғланиб қолмаганини, аксинча, бизнинг адабий мерос қамрови ва илдизлари кенг эканини далиллашга хизмат қилади.
Адабиётни даврлаштириш мавжуд анъаналардан чекинишни, жаҳон адабиётшунослигидаги янги қарашларга суянишни, замон билан баравар қадам ташлашни тақозо қилмоқда. Словакиялик адабиётшунос Дионис Дюришиннинг қуйидаги қараши бугунги кунда жаҳон адабиётшуносларининг диққатини даврлаштириш масаласига жалб қилди: “Даврлаштириш, методологик нуқтаи назардан аҳамиятли ва муҳимлигига қарамай, ҳанузгача тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Кўплаб баҳсли масалалар, масалан, икки томонлама муносабатлар ва кўп томонлама муносабатлар каби даврлаштиришга алоқадор муаммолар кун тартибида турибди”. Даврлаштириш масаласига эътибор бериш натижасида қиёсий адабиётшунослик ҳам ривож топиши табиий. Бу ўринда икки томонлама (бир ҳудуддаги икки тилда ва икки этник гуруҳга мансуб) ва кўп томонлама (бир неча халқлар адабиётининг бир ҳудудда ва бир даврда ўзаро бир-бирига таъсири) муносабатларни шарҳлаб ўтирмаймиз, чунки ўзбек адабиёти қадимдан шу бугунгача иккала муносабатдан четда бўлган эмас. Айни пайтда методология масаласи ҳам даврлаштиришга муносабатларни ўзгартиришни талаб қилади, қайси методология ўзбек адабиётини даврлаштириш учун асос бўлиши керак, деган савол қаршимизда кўндаланг туради.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидан бошлаб ўзбек адабиётини даврлаштириш бўйича Абдурауф Фитрат, Олим Шарафуддинов, Миён Бузрук каби қатор олимларнинг кузатувлари, олтмишинчи-етмишинчи йилларда олий таълим тизими дарсликларида ва академик нашрларда ўзбек адабиётининг маълум бир даврлари қайси санадан бошлаб қайси санада тугаши ҳақидаги қарашлар бугунги кунда адабиётшуносликда бир қатор жиддий масалаларни, жумладан, ўзбек адабиётини қайтадан даврлаштириш заруратини кун тартибига қўймоқда. Даврлаштириш адабий жараённи шунчаки чегаралаб олишдан иборат эмас, балки даврлаштириш орқали ҳар бир даврдаги ўзбек адабиётининг шаклланиш, ривожланиш қонуниятларини, ҳар бир даврдаги бадиий тафаккур имкониятларини кўрсата билиш талаб этилади. Мустақиллик даврида олий таълим тизимида ўзбек адабиётини ўқитиш тажрибаси шу масалага алоҳида диққатимизни жалб қилмоқда.
Адабий жараённи қиёсий, тарихий-типологик таҳлил қилишга асосланган метод ўзининг мустаҳкам ўрнини кўрсатди. Шуни айтиш лозимки, қиёсий метод Шарқ адабиётшунослигида ўз тарихига эга бўлиб, ўзбек адабиётшунослигига бевосита ва билвосита алоқадор бўлган машҳур олимларнинг номлари билан боғлиқ.
Адабиётни даврлаштириш жаҳон адабиётшунослигида турли тамойилларга таянади. Масалан, Европа адабиётшунослигида бир гуруҳ олимлар хронологик тартибни (Х-ХII асрлар) ва шахслар ижодини (Пушкин, Гоголь) асос қилиб оладилар. Албатта, бундай даврлаштириш тажрибаси жаҳон адабиётшунослигида бор. Айрим мамлакатлар адабиётшунослигида эса сулолалар алмашинуви бўйича даврлаштириш қоида тусини олган. Адабиётшуносликнинг яна бир қисми борки, адабий оқимлар бўйича – классицизм, сентиментализм, романтизм, реализм, модернизм адабиёти каби даврлаштириш ҳам анча оммалашган. Адабиёт қай жиҳатдан даврлаштирилмасин, барибир, қиёсий-тарихий методга мурожаат этилади, ҳар бир даврдаги адабиётнинг ўзига хос такрорланмас жиҳатларини намоён қилишига диққат қаратилади. Зотан, бир даврдаги адабиётни бошқа давр адабиётидан фарқлаш, ўзига хос жиҳатларини очиш ва давр адабиётининг қонуниятларини билиш учун қиёсий-тарихий метод энг тўғри йўлдир.
Савол туғилади: ўзбек адабиётшунослиги жаҳон адабиётшунослигининг бир қисми экан, ҳозирда даврлаштиришда қайси тамойилга таянилмоқда? Қиёсий-тарихий метод даврлаштиришда асосий мезон бўляптими? Табиийки, тарихий саналар бўйича даврлаштириш оммалашган. Аммо, бу ҳолда даврлаштириш қиёсий-тарихий методга тамомила зид. Ҳатто ҳозирда олий таълим тизимида ўқитилаётган намунавий дастурда ўзбек адабиёти шу қадар чаласаводлик билан даврлаштирилганки, уни тузган муаллимнинг ўзи ҳам аудиторияга кириб, талабага бу даврлаштириш қайси мезонга асосланганини тушунтириб бера олмасдан, мулзам бўлиши табиий. Шу дастурда “Ислом маданиятининг шаклланиши ва мусулмон интибоҳи (ренессанси). Сомонийлар, салжуқийлар, ғазнавийлар ва қорахонийлар даврида исломий маданият” деган алоҳида даврлаштиришга кўзингиз тушганда, адабиётшунослик эмас, балки маданиятшунослик фани учун тузилган дастур-ку бу, деб ҳайрон бўлишингиз табиий. Бу дастур асосида филолог ўқитувчи талабага нимани ўргатар экан, деб ўйланиб қоласиз. Ёки шу дастурда “адабий тасаввурлар”, “адабий муҳитлар (?)” (сўнгги атама ўзбек тили услуби бўйича хато) деган атамалар даврлаштириш учун асос бўладиган адабий категорияларга мансубми ёки даврлаштиришда янгича “мезон” кашф қилиндими – номаълум. Бу тахлитда даврлаштириш адабиётшуносликка нима беради, бундай даврлаштиришнинг мезони нима, деган савол ҳали ҳеч кимни ўйлантирган эмас. Илмда “мулла билганини ўқийди” қабилида иш тутиш ёмон оқибатларга – бутун авлодни маънавий мажруҳ қилишга олиб келиши мумкин. Зотан, Гётенинг “қўлидан келадиган ишга эмас, ўзи тушунмайдиган ишга қўл урган киши бахтсиздир” деган ҳикматини шу ўринда келтириш жоиз. Адабиётда кўз билан кўриб ўқишнинг ўзи етарли эмас, адабиёт юракнинг ярмига жойлангандагина мақсад аниқлашади, интилиш бўлади. Адабиётнинг босқичма-босқич ривожланиши масаласи ХIХ асрдан бери олимлар ўртасида баҳс бўлиб келади, миллий адабиётлар билан жаҳон адабиётининг ўзаро муносабатлари – таъсир ва ўзлаштириш назарияси бевосита даврлаштиришга ҳам ўз таъсирини ўтказган эди.
Адабиётни, хусусан, ўзбек адабиётини даврлаштиришда ҳар бир давр адабиётининг “қайтадан туғилиши” учун қатор ўзига хос омилларни эътиборга олиш ва ўша омилларни ишлаб чиқиш зарур. Бир давр адабиёти учун асос бўлган омиллар ва воситалар кейинги давр адабиёти учун асос бўла олмаслиги табиий. Шу билан бирга, барча давр адабиёти учун умумий омиллар ҳам бор. Булар: матннинг бадиий тил хусусиятлари, адабий тил, адабий элементлар, адабий мактаблар, адабий оқимлар, адабий жанрлар, услублар, мавзу, географик шароит ва бошқа айрим деталлардир.
Шўро даврида адабиёт мафкуралаштирилгани боис, дарсликларда, академик нашрларда даврлаштириш тамойиллари белгиланмасдан, фақат мафкура асосида иш кўриш энг мақбул усул эди. У даврда адабий жараённинг хусусиятлари четлаб ўтилаверди, даврга хос адабий элементлар, мезонларнинг Шўро мафкурасига зид бўлиб қолиш хавфи туғилгани учун кўплаб адабий ёдгорликлардан, адабиёт намуналаридан воз кечилди, ўзбек адабиётининг географик ҳудуди жуда тор белгиланди, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги ўзбек адабиёти намуналари инкор қилинди. Олий таълим тизимида устоз Натан Маллаевнинг узоқ йиллар давомида амалда бўлиб келган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигига ҳам айнан даврлаштириш масаласида Шўро сиёсати ўз ҳукмини ўтказди. У 1976 йили чоп эттирган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслигида даврлаштириш масаласида қуйидагича қатъий хулосани ўртага ташлаган эди: “Совет фани ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш соҳасида мислсиз катта муваффақиятларга эришди ва эришиб бормоқда. Марксча-ленинча фан методологиясига асосланган совет адабиётшунослиги ўзбек адабиёти тарихини ўрганиш соҳасида йўл қўйилган хатоларга, жумладан, адабиёт тарихи тараққиётини сулолалар ёки подшоларнинг, хонларнинг келиб-кетишлари тарихига қараб даврлаштириш майлларига (таъкид бизники – Н.Р.) узил-кесил барҳам берди…” Ҳамма гап шунда: маълум бир давр адабиётининг алоҳида хусусиятлари, сулолаларнинг адабий жараёнга муносабатлари, янги мазмун ва янги руҳ, ҳар бир давр адабиётида юқоридагидай такрорланмас адабий категориялар, омиллар даврлаштириш учун асосий мезон бўла олмади, балки ҳамма давр адабиётини битта қолипда – марксча-ленинча методология асосида даврлаштириш мақбул эканлиги мафкуравий томондан баҳоланди. Сулолалар ва хонликларнинг адабий жараёндаги роли тамомила инкор қилинди. Ўзбек адабиёти тарихи бўйича академик нашрларга ҳам бу сиёсат ва мафкура ўз тамғасини босди. Бу муносабат худди бойлигини ўз ихтиёри билан шамолга совурган одамнинг хатти-ҳаракатига ўхшайди. Адабиётни ҳозирги даврдаги ҳудудий чегара билан қамраб олиш оқибатида ХIV асрда Миср мамлуклар давлатида амал қилган ўзбек тилидаги адабиёт, Ҳиндистонда ХVIII асргача бобурийлар сулоласи яратган ўзбек адабиёти ва бошқа адабиёт намуналари эътибордан четда қолиб кетаверди. Буларнинг ҳаммасига юқоридагидай, “сулолалар… хонларнинг келиб-кетишларига” кўра даврлаштиришдан тамомила юз ўгириш сабаб бўлди.
Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Миён Бузрук ўзбек адабиётини даврлаштириш бўйича ҳатто Фитратдан ҳам анча олдинга кетган эди. У 1930 йили чоп эттирган “Ўрта Осиё ва ўзбек адабиёти тарихига умумий қараш” номли китобида қорахонийлар даври адабиёти; Олтин ўрда хос адабиёти; Чиғатой хос адабиёти; Олтин бешик даври адабиёти каби тўрт давр адабиётини ўзбек адабиёти мулки сифатида ўрганишни таклиф қилди. Бу даврлаштириш методологик жиҳатдан ҳам маълум даражада ўзини оқлади. Унинг бу даврлаштириш тамойили А.Самойловичнинг ўзбек, умуман, туркий тил ва адабиётини даврлаштиришига ўз таъсирини ўтказди. Бу – анча олға силжиш эди.Адабиётни даврлаштиришда Беруний, Навоий, Фитратнинг кузатишларини, Ф.Кўпрулизода, Н.Поппе, И.Стеблева каби ўзбек адабиётшунослигига кўп меҳнати сингган қатор хорижлик улкан олимларнинг муносабатларини эътиборга олсак, бу жуда муҳим ҳодиса экани ўз-ўзидан аён бўлади. Адабиётни даврлаштиришда адабий тилнинг муҳимлигига бу олимлар алоҳида диққат қаратганлар. Айни пайтда сулолалар ҳукмдорларининг роли ҳам даврлаштириш учун мезонлардан бири бўлиши муқаррарлигини эътироф этганлар. Биз бугунги кунда сулолалар ҳукмдорларининг ролига даврлаштириш тамойилларидан бири сифатида таянишимиз зарурлигини юқорида келтирилган қатор омиллар таъкидламоқда. Зотан, қорахонийлар даври ўзбек адабиёти билан темурийлар ёки Олтин ўрда даври ўзбек адабиёти юқоридаги барча омиллар бўйича – адабий тил, адабий элементлар, адабий мактаблар, адабий оқимлар, адабий жанрлар, услуб, мавзу, географик шароит жиҳатидан бир-биридан тамомила фарқ қилишини бу ўринда шарҳлаб ўтириш ортиқча.
Булардан ташқари, бугун жаҳон адабиётшунослигида юз бераётган умумий қонуниятларни ва назарий қарашларни эътиборга олган ҳолда, ўзбек адабиётини даврлаштиришда этник, географик, маъмурий (ёки давлатчилик) мезонларини ҳам, албатта, ҳисобга олиш зарур. Биз жаҳон адабиётшунослигида тажрибадан ўтган мезонларга шунчаки таянаётганимиз йўқ. Миллий адабиётни умумжаҳон адабиёти контекстида ўрганиш жараёнида миллий адабиётнинг жаҳон маданиятидаги ўрни ҳам ойдинлашади, таъсир ва ўзлаштириш назарияси очилади, даврлаштиришнинг мезонлари ва қонуниятлари шакллантирилади, ўзбек адабиётшунослиги бундан фақат ютади. Ўзбекистон адабиётшунослик соҳасида ҳам олдинги сафларда бўлиши керак. Қотиб қолган, ғайриилмий ақидаларга ўралашиб қолиш фақат фаннинг эмас, балки бутун авлоднинг маънавий юксалиши учун хавф туғдиради. Шу мезонларга таянган ҳолда, қадимги давр адабиётини Исломгача бўлган туркий адабиёт деб даврлаштириш мақсадга мувофиқдир. Бу даврлаштириш ҳудудий, тарихий, географик жиҳатдан аниқ тасаввур ҳосил қилади. Айниқса, бу давр адабиётини алоҳида давр қилиб ажратишда диний оқимлар – буддавийлик, монийлик оқимлари муҳим омил бўлгани учун ҳам, диний терминлар ва тушунчаларни даврлаштириш белгиси сифатида ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Кейинги даврлар адабиётида бу оқимларнинг тимсоллари учраб турса-да (масалан, “Қутадғу билиг”да буддавийлик оқимида муҳим ўрин тутган ғор тимсоли), даврлаштириш учун муҳим белги бўла олмайди. Анъанавийлик туфайлигина бу тимсол қорахонийлар даври адабиётига ўтганини таъкидлашимиз лозим. Бу сулолада яратилган адабиётда мавзу – панднома, ғоя – давлатчиликни мустаҳкамлаш, адабий мактаб – достончилик бўлгани ва хоқонийча туркий адабий тил сулола адабиётининг асоси сифатида муҳим роль ўйнагани учун, қорахонийлар даври адабиёти деб даврлаштириш тўғри бўлади, деб ўйлаймиз.
Ғазнавий ҳукмдорларининг илм-фанга кўрсатган ғамхўрликлари Берунийни нафақат буюк олим, балки нозик дидли адабиётшунос ва улуғ ижодкор сифатида етиштирди. Шу сабабдан ўзбек адабиётида ғазнавийлар даври адабиёти деган алоҳида давр бўлиши мақсадга мувофиқ. Бу ўринда Беруний, ибн Сино асарларининг араб тилида ёзилгани ўзбек адабиётини алоҳида даврлаштиришга халақит бермайди. Агар тил масаласи ғов бўлганда эди, юнон тарихий манбаларида сақланиб қолган Туронзамин халқларининг ривоятлари, афсоналарини ўзбек адабиёти манбалари сифатида ўрганмаслигимиз керак эди. Ёки жаҳон тажрибасига эътибор берсак, масала янада ойдинлашади. Инжилнинг Янги Аҳд қисми милод бошларида юнон тилига таржима қилинган. Аммо юнонлар ёки бошқа халқлар Янги Аҳдга асло муаллифлик даъвоси билан чиқмаганлар, балки Исроил халқининг милод бошларидаги адабий-маданий ёдгорлиги сифатида эътироф этганлар ва бугунгача шу эътироф ўзгаргани йўқ. Исломгача бўлган ва қорахонийлар даври адабиётидаги тил, услуб, мавзу категорияларини Олтин ўрда адабиётида ёки темурийлар даври адабиётида учратмаймиз. Зотан, тил, адабий йўналиш, мавзу, ғоя ва бошқалар тамомила ўзгарди. Олтин ўрдадаги адабий ҳаёт эски ўзбек тилидаги адабиётга, араб ва форс тилларидан ўзбек тилига қилинган таржима адабиётларига (Саъдийнинг “Гулистон” асари Сайфи Саройи томонидан “Гулистони бит-туркий” номи билан таржима қилингани), янги жанрларни (масалан, ғазал) такомиллаштиришга, пайғамбарлар тарихига оид бадиий асарлар (Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” ва Маҳмуд Али ибн ас-Саройининг “Наҳжул-фародис” асарлари) яратишга алоҳида эътибор берди.
Айниқса, ўзбек адабиётини даврлаштиришда энг катта муаммо ва баҳс темурийлар салтанати барҳам топгандан кейинги XVI аср бошидан XIХ асргача бўлган адабиётдир. Бу давр адабиётини Фитрат домла, Ф. Кўпорилизода “таназзул” ёки “ортга кетиш даври адабиёти” деб ажратгани илмда ўрнашиб қолган. Албатта, муносабатлар билдирилаверади, баҳслар давом этаверади. Энг муҳими, адабиётга бадиий ва эстетик тафаккур маҳсули сифатида қаралгандагина, давр адабиётининг муҳим хусусиятлари, белгилари алоҳида ажралиб кўринади.
ХVI аср бошларига келиб тарихий жараён ўзгарди. Темурийлар салтанати даврида маданий ва адабий марказ бўлган Ҳиротнинг мавқеи бирмунча сусайди. Энди адабий марказ Самарқанд ва Бухорога кўчди. Бу давр ўзбек адабиётидаги энг муҳим, кўзга яққол ташланадиган ҳодисалардан бири шуки, тарихий асарлар таркибида халқ оғзаки ижодидан унумли фойдаланиш ҳолатлари кўзга яққол ташланади. Жумладан, “Абдулланома” тарихий асарида шу жараённинг намунасини кўрамиз. Асарнинг муаллифи – Ҳофиз Таниш Бухорий, у ўзининг юқоридаги ном билан юритилган тарихий – адабий асарида ХVI асрдаги туркий уруғларнинг номларини келтириш қаторида, адабий ҳаётга оид айрим маълумотларга ҳам тўхталади. Жумладан, у мазкур асарида Ўғузхон ҳақидаги китобий эпоснинг бироз ўзгартирилган вариантини келтиради. Бу афсонада Бухорий қадимги “Ўғуз хоқон ҳақидаги достон”ни қайта ишлаган десак ҳам бўлади. Зотан, биз китобий эпос деб юритадиган “Ўғузнома”даги ҳамма тимсоллар – Ўғузхон, ёй, ўқ тимсоллари ҳам “Абдулланома”да бор. Ёки “Бобурнома” тилининг, ундан олдинги тарихий-адабий асарлардан тамомила фарқли равишда, халқ тилига мансублиги ҳам бу давр адабиётининг ўзига хослиги ҳақида сўз юритиш учун муҳим омиллардан бири бўла олади. Шунингдек, бу даврлардаги романтик достонлар Мажлисийнинг “Қиссайи Сайфулмулук”, Сайқалийнинг “Баҳром ва Гуландом”, Сайёдийнинг “Тоҳир ва Зуҳра” каби халқ китоблари, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам” халқ китоби давр адабиётининг етакчи хусусиятларидир. Шоирнинг мақсади ўқувчини воқеалар оқимига олиб киришдан, ўз қаҳрамонларини эпос қаҳрамонлари руҳида тасвирлашдан иборат. Бу ҳолат, асосан, классик асарлар усулининг асосий хусусиятидир. Чуқур фалсафий мушоҳада, юксак интонация, кўтаринкилик бу давр асарларида муҳим эмас. Жумладан, Сайқалийнинг қуйидаги байти асар услуби ҳақида шоирнинг қарашини ҳам белгилайди:
Кел, эй ровий, ўзунгни хор тутғил,
Ҳаво бирлан табаррони унутғил.
Ҳамиша хок рўйи пеша айла,
Фалакни гардишини андеша айла.
Хокисор ва камтар одам тантанали нутқ сўзламайди. Шоирнинг фикрлашича, ровий халқ орасида камтарлигини намоён қилиши керак, шу боис унинг ҳикоясида тантанавор усул йўқ. Шу боис ҳам достонда китобхонга нотаниш метафоралар, рамзий образлар учрамайди. Зотан, соддалик ҳам мумтоз асарлар усулининг муҳим қирраларидан биридир. Шоирнинг эмоциялари кўзга ташланмайди, тасвир ҳам оддий, шунинг учун унинг позицияси аниқ.
Дарвоқе, услубда тарихнинг акс-садоси ҳам таралади. Юқоридаги достонларда қадим эпослардаги, эртаклардаги халқона нутқ жаранглайди, бу достонлар таркибида ғазаллар ҳам берилган. Бу ғазаллар муаллифи Мажлисий ва Сайқалийдир. Мазкур ғазалларда эпослар таркибидаги шеърий парчаларнинг оҳанги бор. Қолаверса, халқ китобларининг бу даврда кўплаб пайдо бўлгани ҳам халқнинг эстетик эҳтиёжларини қондирадиган асосий омил ижодкорлар қайта ишлаган халқ достонлари эди.
Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда, бу давр адабиётини “Ўрта аср халқ адабиёти” деган ном билан аташни маъқул деб биламиз. Бу терминни ХVI асрдан кейинги ўзбек адабиётига алоҳида давр сифатида илк бор биз қўллаяпмиз. Аммо академик Воҳид Абдуллаев ҳам “Ўзбек адабиёти тарихи” (Тошкент, “Ўқитувчи” нашриёти, 1965, 32-47-бетлар) китобида бу давр адабиётига нисбатан “халқ адабиёти” деган терминни истифода этган, аммо даврлаштиришнинг асосий мезони сифатида қарамаган. Шу давр адабий тилини жуда пухта ўрганган машҳур турколог Галина Благова, бу пайтда (яъни ХVI асрдан кейин – Н.Р.) адабий тилнинг грамматик тизимида ҳозирги ўзбек тилига ўтаётгани аломатлари аниқ кўзга ташланади, деб алоҳида таъкидлаган эди. Биз бу терминга эътибор қаратганимизнинг сабаби, бир томондан, адабий тилдаги ўзгаришлар бўлса, иккинчи томондан, бу давр ўзбек адабиётига хос хусусиятлар жаҳон адабиётида ҳам учраши бўлди.
Аслида, “Ўрта аср халқ адабиёти”ни Диониз Дюришин алоҳида давр сифатида адабиётшуносликка олиб кирди. У миллий-адабий ва адабиётлараро жараённинг омилларини, вазифаларининг ўзига хослигини, категорияларини, тушунчаларни талқин қилишда ўзгаришларни таҳлил қилар экан, анъанавий равишда давом этиб келган конвенцияга қўшимча киритма сифатида “фольклор ва бошқа асарларни муаллифлар томонидан қайта ишлаш”ни киритади. Усул, йўналиш, даврлаштириш ана шу қайта ишлашга боғлиқ ҳолда қаралади. Адабиётлараро контекстдаги “халқ адабиёти” адабиётлараро умумийликни белгилайдиган битта омилдир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир давр адабиёти хусусиятлари ўрганилганда юқоридаги омилларни эътиборга олиш лозим. Шубҳасиз, сулолаларнинг адабиётга кўрсатган таъсири ва хизматлари туфайли ҳар бир давр адабиётида ўзига хослик ярқ этиб кўзга ташланади. Бизнинг назаримизда, бугунги жаҳон адабиётшунослигида қабул қилинган қоидаларга биноан, сулолаларнинг адабиётга кўрсатган таъсирини назарда тутган ҳолда, ўзбек адабиётининг ҳар бир даври мезонларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқдир.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 6-сон
___________________
Насимхон Раҳмонов 1952 йилда туғилган. Фарғона давлат педагогика институтининг (ҳозирги ФарДУ) ўзбек тили ва адабиёти факультетида ўқиган. Филология фанлари доктори, профессор. “Тошга битилган китоблар”, “Инсон руҳининг садоси”, “Битиглар оламида”, “Турк хоқонлиги”, “Ўзбекистоннинг кўҳна туркий-рун ёзувлари” каби китоблари чоп этилган.
[1] А.Навоий, МАТ, 2000, 20-жилд. 16-жилд, 11-бет.