Наим Каримов. ХХ аср ўзбек адабиёти­ жаҳон адабиёти контекстида

Ҳар бир миллий адабиёт қайси тилда ва қайси жуғрофий минтақада яратилган бўлмасин, жаҳон адабиётининг таркибий қисми ҳисобланади. Фақат бундай шарафга эришиш учун бу адабиёт шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтган, бошқа миллий адабиётлар билан ижодий алоқада ҳаракат этаётган бўлиши лозим.

Мумтоз ўзбек адабиёти узоқ асрлардан бери Шарқ адабиётининг таркибий қисми бўлиб келган. Жаҳон адабиётини Шарқ адабиётисиз – буюк форс шоирлари Абулқосим Фирдавсий, Муслиҳиддин Саъдий, Ҳофиз Шерозий, Умар Ҳайём ва буюк ўзбек шоирлари Алишер Навоий, Лутфий, Бобур, Машрабларсиз тасаввур этиш мумкин бўлмаганидек, шу адабиёт бағрида туғилиб улғайган янги ўзбек адабиётисиз ҳам тасаввур этиш қийин.

ХХ аср бошларида жадид адабиёти сифатида майдонга келган янги ўзбек адабиёти юз  йилдан зиёдроқ тарихи мобайнида шундай улуғ шоир ва ёзувчиларни етиштириб бердики, уларнинг асарлари ва эришган ижодий ютуқлари нафақат янги ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиёти тараққиётига ҳам ҳисса бўлиб қўшилган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Лекин биз “жаҳон адабиёти” деганимизда, асосан Европа ва Америка халқлари адабиётини назарда тутиб келамиз. Ҳолбуки, “жаҳон адабиёти” тушунчаси, бу адабиётлардан ташқари, Осиё, Африка ва собиқ СССР халқлари адабиётларини ҳам ўз қамровига олади.

Янги ўзбек адабиёти тарихи: жадид адабиёти (1900–1919), пролетар адабиёти (1919–1933), социалистик реализм адабиёти (1934–1960), мустақиллик арафаси адабиёти (1961–1990) ва мустақиллик адабиёти (1991 йилдан ҳозиргача) даврларидан ташкил топган. Янги ўзбек адабиёти тарихининг пролетар ва социалистик реализм адабиётлари даврини инобатга олмаганда, ўзбек адабиёти ўз тарихининг бошқа барча даврларида жаҳон адабиёти билан узвий алоқада ва шу адабиётнинг магистрал тараққиёт йўлидан борди. Ҳатто социалистик реализм методи ҳукмронлик қилган йилларда ҳам Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Миртемир, Асқад Мухтор сингари истеъдодли ўзбек ёзувчилари шу методнинг таъсир доирасидан батамом чиқиб кета олмаган бўлсалар-да, бадиий юксак асарларни яратдилар. Янги миллий адабиётимиз хазинасида коммунис­тик мафкурадан холи, умуминсоний адабий, маданий ва маънавий қадриятларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилувчи асарлар оз эмас.

Шу нарса ажойибки, янги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири Абдулла Қодирий илк ўзбек романини яратиш учун Шарқ носирларининг адабий-бадиий анъаналарини ўрганиш билан бирга, Журжи Зайдон орқали Ғарб романнавислик мактаби вакили Вальтер Скоттнинг ижодий тажрибасидан ҳам самарали фойдаланди. Чўлпон “Ўткан кунлар” билан туғилган ўзбек романнавислик мактабига жаҳон романнавислигининг энг яхши анъаналарини дадил олиб кирди. Беҳбудий, Фитрат ва Ҳамза эса ўзбек фольклори таъсирида туғилган халқ театри заминида Европа театри ва драматургияси тамойиллари устуворлик қилган профессионал ўзбек театри  ва драматургиясига пойдевор қўйдилар.

Янги ўзбек адабиётининг вужудга келишида жаҳон адабиёти ва шу адабиётнинг бир қисми – рус адабиётининг таъсири катта бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Агар жадид маърифатпарварлик адабиётининг майдонга келишида француз маърифатпарварлик ҳаракати ва адабиёти  билвосита таъсир кўрсатган бўлса, 1917 йилдаги инқилобий ўзгаришлардан сўнг янги ўзбек адабиёти 50 – 60-йилларга қадар рус адабиётида ишлаб чиқилган моделлар асосида шаклланди ва ривожланиб борди. Пролетар адабиёти модели ёш ўзбек шоир ва  ёзувчиларнинг завод ва фабрикалардан – ишчилар синфи орасидан чиқишини тақозо этди. Ғайратий сингари ёш истеъдодли шоирлар завод ва фабрикаларда ишлаб, “пролетар шоири” “ёрлиғи”ни олишга мажбур бўлдилар. Кейин уларга В.В.Маяковский ва рус комсомол шоирларининг шеър ва достонлари “адабий” модель вазифасини ўтади. 1934 йилда бўлиб ўтган совет ёзувчиларининг I съездида социалистик реализм ягона ижодий метод сифатида қабул қилингач, ёзувчилар эркин ижод қилиш ҳуқуқидан тамомила маҳрум бўлдилар. Тушунарлики, шундай адабий-тарихий шароитда жаҳон адабиёти намуналари билан баҳслаша оладиган асарларни яратиш амри маҳол эди.

Ўтган асрнинг 50-йилларида зулм ва ёвузлик даҳоси Сталиннинг ўлими, шахсга сиғиниш даври фожиали оқибатларининг ошкор бўлиши, совет мамлакатига янги ҳаёт шабадаларининг кириб кела бошлаши  билан ёзувчиларимизда муайян даражада эркин нафас олиш ва ижод қилиш имконияти туғилди. Адабиётимизга 50-йилларда Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров авлоди, 60-йилларда эса Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов авлоди чақмоқдек чақнаб кириб келди. Шу даврдан бошлаб ўзбек адабиёти билан жаҳон адабиёти ўртасидаги масофа йил сайин қисқара бошлади.

Ҳинд халқининг доҳийларидан бири Жавоҳарлаъл Неру: “Мен ўз мамлакатим  дарвозасини бошқа барча маданиятларга очиб қўйган эдим, энди барча мамлакатларнинг дарвозалари менинг мамлакатим маданияти учун очилиб туришини истайман”, – деган эди. Ёзувчиларимиз ўша даврда бизнинг мамлакатимиз дарвозаси бошқа маданиятлар учун очила бошлаганидан сархуш бўлган, лекин шу дарвозалар бизнинг адабиётимиз учун ҳам очиқ бўлиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтира олмаган эдилар.

Тўғри, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Садриддин Айний ва Ойбекнинг, кейинчалик эса Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров ва бошқа ёзувчиларнинг асарлари ҳам Европа ва Осиё халқлари тилларига таржима қилиниб, шу халқларнинг ҳам маданий мулкига айлана бошлади. Демак, бу ёзувчиларнинг асарлари жаҳон адабиёти андозаларига мувофиқ келадиган асарлар, уларнинг ўзлари ҳам ҳозирги жаҳон адабиёти намояндалари билан тенглаша оладиган ижодкорлар деб топилди.

Ўзбек адабиёти яқин-яқингача “совет адабиёти” деган кўп миллатли адабиётнинг бир қисми сифатида яшаб келган бўлса, ҳозир жаҳон адабиётининг том маънода таркибий қисмидир. “Жаҳон адабиёти”нинг “совет адабиёти”дан фарқи, аввало, шундаки, “совет адабиёти”дан фарқли ўлароқ, “жаҳон адабиёти” оиласига мансуб адабиётлар тасвир объекти, қаҳрамонлари, тили ва услубининг миллий ўзига хослигини тўла сақлаб қолганлиги  ҳамда “ғоявийлик, партиявийлик ва замонавийлик” кишанларидан халос бўлганлиги билан ажралади ва қадрланади.

Шарқ – шоирлар ватани. Шаркнинг ажралмас қисми Ўзбекистон ҳам шоирлар ватани. Жадид шеърияти булоғидан отилиб чиққан 30-йиллар шеърияти шундай гўзал асарлар билан жилваланиб, ифор таратиб турадики, бу асарларнинг муаллифлари – Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Усмон Носир сингари шоирларни жаҳон шеъриятининг шу даврда яшаган хоҳлаган намояндаси билан қиёсланг, ўзбек шоирларининг улардан кам эмаслигини кўриб қувонасиз. Афсуски, соцреализм ва унинг посбонлари шундай шеърият булоғини қуритиш учун барча чораларни кўрдилар. Лекин, 60-йилларда ижтимоий-маданий пўртананинг кўтарилиши билан Миртемир ва Зулфия ижодида янгиланиш жараёни бошланди, Асқад Мухтор интеллектуал-фалсафий шеъриятнинг дарғаси сифатида отилиб чиқди; Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ўткир Ҳошимов бошчилигида янги авлод парвоз қилди; бир оз ўтгач, Хоразм Хайёми – Матназар Абдулҳакимнинг ижод булоғи  очилди. Хуллас, 60 – 80-йилларда ўзбек шеърияти янги тараққиёт босқичига кўтарилиб, жаҳон шеърияти хазинасини бойита оладиган асарларни яратди. Афсуски, биз бу асарларни собиқ иттифоқ ва жаҳон китобхонларининг ҳам бадиий мулкига айлантириш учун Наум Гребнев, Яков Козловский сингари шеърий таржима титанларини топа олмадик. Ҳатто топиш лозимлигини ҳам хаёл қилмадик.

Бу тилга олинган давр шеърияти поэтик мундарижасининг ранг-ба-ранглиги, туйғу ва кечинмаларнинг шаффофлиги ва жўшқинлиги, шеърий тил, услуб ва композициясининг баркамоллиги билан ажралади. Бу шеъриятнинг мавжларидан  нафақат Навоий ва Бобур, Пушкин ва Гейне,  балки Расул Ҳамзатов шеъриятининг ҳам нафаси уфуриб туради.

Сир эмас, адабиёт ва маданият оламида пайдо бўлаётган янгиликлар даставвал шеъриятнинг чинни косасида акс-садо беради. Суронли, инқилобсевар ХХ аср нафақат бошқа айрим миллий шеъриятлар, балки ўзбек шеъриятига ҳам янги поэтик ғоялар ва шаклларни олиб кирди. Янги аср бошларида классик аруз вазнининг ўз мавқеини бармоқ, ҳатто сочма вазнларига бера бошлагани нафақат янги тарихий давр талаби, балки бошқа миллий адабиётлар таъсирининг ҳам натижасидир. Ана шу “тарихий давр талаби” ва “бошқа миллий адабиётлар таъсири” йиллар ва даврлар ўтгани сайин янада кучайди. Ниҳоят, ХХ асрнинг иккинчи ярмида Европа адабиётларида авж олган модернизм кўринишлари дастлаб ўзбек шеъриятига, кейин насрига ҳам шиддат билан кириб келди. Бинобарин, биз ХХ аср ўзбек шеърияти тўғрисида баҳс юритганимизда, ўзбек модерн шеъриятининг ҳам мавжудлигини унутмаслигимиз керак. Ўзбек модерн шеърияти Европа халқларининг модерн шеъриятидан қуйидаги хусусиятлари билан фарқланади: Агар Европа халқлари шеъриятидаги модернизм ўқтин-ўқтин абсурд адабиёт унсурлари билан уйғунлашиб турса, ўзбек модерн шеърияти, биринчидан, халқ ҳаётидан бу қадар олислашишни ўзига эп кўрмайди. Иккинчидан, ўзбек модерн шеърияти замирида муайян кайфиятни, маънони, поэтик мақсадни ифодалаш истаги ётади. Учинчидан, айрим модерн шоирлар ҳатто ўз шеърларида реалистик адабиёт унсурларидан ҳам маълум даражада фойдаланмоқдалар. Фахриёр, Турсун Али, Фарида Афрўз, Хосият Рустамованинг шу йўналишдаги шеърлари ўзбек модерн шеъриятининг энг яхши намуналари ҳисобланади.

ХХ аср ўзбек адабиётининг катта ютуқларидан бири шуки, шу даврда бадиий наср миллий адабиётимизнинг муҳим қисми сифатида шаклланди ва катта тараққиёт йўлини босиб ўтди. А.Қодирий 20-йилларнинг ўрталарида икки йирик асари билан ўзбек адабиётида роман жанрига асос солди ва ўзбек романчилик мактабининг асосий тамойилларини белгилаб берди. Чўлпон янги тарихий-адабий даврда рус ва жаҳон романчилик мактабининг энг яхши тажрибаларини ўрганмай ва улардан самарали фойдаланмай туриб, ўзбек романнавислик мактабини ривожлантириш мумкин эмаслигини биринчи бўлиб сезди. Чўлпон тугалланмай қолган “Кеча ва кундуз” романининг биринчи китоби билан ўзбек романчилик мактабини инглиз, француз, рус романчилик мактаблари эгаллаган довонга олиб чиқди.

1937 йилнинг даҳшатли кунларида бу икки адибнинг “халқ душмани” сифатида айбланиб отиб ташланиши, асарларининг эса тақиқланиши билан ўзбек романчилик мактабига нуқта қўйилиши мумкин эди. Лекин шоир Ойбек ҳаётининг шу қалтис йилларида ўзбек адабиёти олдидаги, устозларининг ёрқин хотираси олдидаги масъулиятини чуқур ҳис қилиб, роман жанрига қўл урди. У илк насрий асари – “Қутлуғ қон” романида мустамлакачилик шароитида яшаган ўзбек жамиятининг ичак-чавоқларини очиб ташлади, моддий қадриятлар фетишлашган бир замонда одамийлик,  меҳр ва муҳаббат, қариндош-уруғчилик сингари маънавий қадриятларнинг хор бўлиши муқаррарлигини ёрқин образлар ёрдамида кўрсатиб берди.

Шу даврда айрим ўзбек ёзувчилари Н.В.Гоголь, А.П.Чехов, А.М.Горький сингари рус ёзувчилари анъаналарини давом эттириб, ўзбек халқи ўтмишининг “кирли томонлари”ни ёритишга ғайрат билан киришган бўлсалар, Ойбек ўтмишда яшаган мунаввар сиймолар ҳаётини ўрганишга аҳд қилиб, “Навоий” романини яратди. Янглишмасам, шу давргача рус ва жаҳон адабиётида Ю.Тиняновнинг Пушкин ҳақидаги романидан бошқа улуғ шоирлар ҳаётига бағишланган ўзга асар яратилмаган эди. Ойбек “катта наср”да илк бор Навоий сиймосини гавдалантирибгина қолмай, ўзбек жамиятининг ХV асрдаги, Ҳусайн Бойқаро давридаги ҳаётини бутун мураккабликлари ва зиддиятлари билан ҳаққоний ёритиб берди.

Роман қаҳрамонлари орасида Хўжа Афзал деган Навоийнинг дўсти ҳам бўлган.  Ҳиротда яшаган бу шоир дўстидан хабар олиш учун Астрободга бориб, Навоий билан учрашади. Ойбек шу воқеани тасвирлаб, бундай ёзади:

“Хўжа Афзал Навоий пойтахтни тарк қилгандан сўнг рўй берган воқеаларни бир-бир айта бошлади. Подшоҳ айш-ишратга, фисқ-фужурга бўлган тамойилини авжга миндирган. Бурчак-бурчакда, кавак-кавакда илондай тўлғаниб, юракларига йиғилган қора ғазабни қандай бўшатишнинг эвини топмаган ҳар хил фитначилар бирдан бош кўтарганлар. Девонда ва бутун маҳкамаларда хиёнат, ришват зўрайган. Давлат жиловини қўлга олган Мажидиддин бутун яхшиликларга аждаҳодай олов ва заҳар пуркамоқда. У ўзини подшоҳнинг ноиби ҳисоблайди. Навоийнинг дўстлари, яқинларигина эмас, ҳатто унинг шоирлигини мақтаганлар, адолатига тан берувчилар, хайрихоҳлик кўрсатувчилар ҳам Мажидиддиннинг омонсиз гурзиси остида қолганлар. Мажидиддин хазинага маблағ тўплаш ниқоби остида халқни талаб, яланғочламоқда. Бош вазирга ҳамқур бўлган баъзи беклар ва ҳар хил амалдорлар бир ёрлиқ билан  катта ерлар олиб, тантанали зиёфатларда, мажлисларда ҳафталаб майхўрлик қиладилар, қимор ўйнайдилар. Бундай қабиҳ, ҳаром уяларга қизларни келтириб, уларни фисқ-фужурнинг сассиқ тутуни билан бўғадилар…”

Навоий  Хўжа Афзалнинг бу мунгли ҳикоясини тинглаб, “ватан қайғуси”да ёна бошлайди. Ойбек давом этиб ёзади:

“– Дўстим, –  деди бошини кўтариб шоир, – сиз деган алам-ангиз манзараларни мен қулоққа чатилган баъзи бир хабарларга суяниб тахминан тасаввур қилар эдим. Лекин давлат одамларининг разолат балчиғига бу қадар ботиб кетишларини хаёлимга келтирмасдим (таъкид бизники – Н.К.)… Биз бу аҳволга ҳеч қачон томошабин бўлиб турмаймиз. Юртнинг қоронғу кечасида ақл машъалини яна баланд кўтарурмиз.

– Бирон манфаати тегармикин? – умидсизларча деди Хўжа Афзал.

– Тўғри, баъзи махлуқлар нурдан зулматни ортиқ билурлар. Масалан, кўршапалак учун ҳаёт тун кириши билан бошланур. Афсуски, жаҳоннинг ҳусни ва кўрки бўлган инсонлар орасида замонамизда шундай зиё душманлари кўпдир. Ақлнинг тантанаси уларни, кучли сел ер юзидаги ахлатларни сурганидек, ҳаётнинг майдонидан адамга судрайди. Бинобарин, биз қаерда бўлмайлик, мисоли темирчимиз. Зулмнинг кишанларини ақлнинг ўтхонасида эритиб, ундан ҳаёт учун керакли асбоблар ясармиз. Дўстим, маҳкам эътиқод керак.”[1]

Навоий Астрободга ҳоким этиб юборилгандан сўнг Ҳиротда рўй берган нохуш воқеалар ҳамма замонлар ва ҳамма мамлакатларда ҳам бўлган. Шундай ёки шунга ўхшаш воқеалар ҳозир ҳам дунёнинг турли жойларида тинимсиз рўй бериб турибди. Мажидиддинлар даврида Ҳирот ва Ҳирот аҳолисининг оғир аҳволда қолганини эшитган Навоий Хўжа Афзални бир оз юпатиш ва бадбахтликларга чек қўйиш истагида юқоридаги сўзларни айтадики, бу сўзларда аниқ хатти-ҳаракатдан кўра, баландпарвозлик унсури йўқ эмас. Лекин шу ҳол роман поэтикасининг ўзига хослиги билан боғлиқ бўлгани учун биз Навоий сўзларидан унинг гуманист шоир ва давлат арбоби сифатидаги образини ёритувчи нурларни кўрамиз. Умуман, Ойбек романининг шу ва шунга ўхшаш лавҳаларида  Навоийга хос адолатпарварлик ва ҳақиқатпарварлик шу қадар баланд пардада талқин этилганки, Ғарб адабиётига хос бўлмаган, ҳатто ёт бўлган бу хусусият ўзбек адабиётининг миллий адабиёт сифатидаги ўзига хослигини англатиб туради.                                                                                                                                                        

Ойбекнинг “Навоий” романида кўзга ташланган патетика ва дидактизм унсурлари тарихий мавзудаги саҳна асарлари поэтикасида ҳам кўзга ташланади.

Шайхзода “Мирзо Улуғбек” трагедиясида илм-фаннинг халқ ва жамият ҳаётидаги ролини Улуғбекнинг қуйидаги нутқи орқали ифодалаб, бундай ёзган:

Улуғбек

…Фан мияга кирган жойда, билинг, муҳаққақ,
На шайтонга ўрин бордир ва на фолбинга.
Дақиқ фанлар таништирар бизга дунёни.
Коинотга очиб берар эс деразасин,
Олиб ташлар ниқобларин сирлар юзидан:
Замон ўтар, ваҳшат битар, ёмонлик кетар,
Ўзгаради дунёмизда динлар, миллатлар,
Ўзгаради миллатларда тиллар, одатлар.
Аммо фаннинг шавкатига чўкмайди ғубор.
Яна шуни унутмангки, илму маърифат
Худованднинг даргоҳидан бизга иноят.
У олимнинг шуурида омонат, холос.
Уни фисқу фужур учун қўлламоқ гуноҳ,
Яхшиликка, тараққийга хизмат этган у,
Мен сизларга айтадиган насиҳатим шу”.[2]

Улуғбекнинг шу нутқи ҳам бир оз патетика ва дидактизмдан холи эмас. Аммо буни асар мавзуи ва Улуғбекнинг талабалар билан учрашув вақтидаги вазият тақозо этмоқда. Бу сатрлардан Шекспир қаҳрамонларининг нафаси келаётганини сезиш қийин эмас. Умуман, ўзбек драматургиясида, хусусан Шайхзода трагедияларида Шекспир театри анъаналари устуворлик қилади.

Ойбек ва Шайхзоданинг мазкур асарларидаги Навоий ва Улуғбекни бе­зовта қилган масалалар фақат ўзбек халқи тарихининг Навоий ва Улуғбек яшаган даври учунгина эмас, балки инсоният тарихининг қарийб барча даврлари учун ҳам хос муаммолар, орзулар ва армонлардир. Сирасини айтганда, бу масалалар “Илиада” ва “Одиссея” сингари юнон эпослари, Шекспир, Гёте ва Шиллер сингари жаҳон адабиёти мумтоз намояндаларининг асарлари саҳифаларидан ҳам ўт сочиб туради.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида рус ва жаҳон шеъриятида шундай сўз усталари пайдо бўлдиларки, асарлари инсон ва инсоният ҳаётининг долзарб ва муҳим масалаларини кўтарганлиги ва шеърий шаклининг пухталиги билан шеърият мухлисларини мафтун этди. Шундай шоирлардан бири Расул Ҳамзатовдир. Унинг сири ўз шеърларида Шарқ шеърияти ва авар халқ оғзаки ижоди анъаналаридан самарали фойдаланишида бўлса, ажаб эмас. Е.Евтушенко, Р.Рождественский, А.Вознесенскийлар бошлаб берган янги рус шеърияти жабрдийда ХХ асрнинг оғриқли масалаларини, соцреализмга ёт бўлган ҳаёт ҳақиқатини ёрқин ифодалагани билан, айниқса, шуҳрат қозонди. Ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналари эса ҳамиша лирик “мен”нинг ўзига хослиги, лирик қаҳрамон руҳий оламининг бойлиги билан шеърият шайдоларининг муҳаббатини қозониб келган. Асқад Мухтор шу анъанавий лирик қаҳрамон образини мутлақо ўзгача талқин қилиш мумкинлигини асослаб берди. Унинг лирик қаҳрамони ўзини-ўзи таҳлил қилади ва шу таҳлили жараёнида парадоксал хулосаларга келади. Шоир шу билангина кифояланмай, ўзбек шеъриятидаги қофиянинг темир қонун-қоидаларини чилпарчин қилиб бузиб  ташлайди.  Лекин натижада янги, “асқадона” шеър шакли, шеър тизими майдонга келади.

Асқад Мухтор “Ҳавас қилмайман” шеърида сабр деган ўзбек халқига хос фазилатни бадиий таҳлил қилади:

Сабр таги – олтин. Доно қоида,
Шунга амал қилиб яшадим йиллаб.
Аммо унда қандайдир иллат
Борлигин сезардим гоҳида.

Улғайдим, асаблар қақшади,
Сабр қайда! Нақ обижўшман.
Ҳар ишга бош суқиб, айтиб ади-бади,
Қанча-қанча орттирдим душман.

Энди кузатаман сабрлиларни:
“Олтин” йиғадилар безаҳмат, бесас.
Эскиларми, ҳозиргиларми –
Мен уларга қилмайман ҳавас.

Фақат уларгина олтин ғамларми!
Баъзилар юлади ўлик-тирикдан.
Аммо учратмадим сабру лоқайдликдан
Бир фазилат орттирганларни.

* * *

Чиғаноқ ичида ётаверса,
қумдан
Гавҳар туғилармиш ниҳоят…
Қуч мени маҳкамроқ,
сенинг оғушингда
Мен ҳам жавоҳирга айлансам шояд.

Мен бу гениал шеърни таҳлил қилишга ожизман. Мен ундаги “йиллаб-иллат”, “қақшади-ади-бади”, “обижўшман-душман” сингари оригинал қофияларни Асқад Мухторнинг шу борадаги поэтик кашфиётларининг давоми сифатида қабул қиламан. Лекин шеърнинг кўкка турфа мушаклар шодаси янглиғ   отилган ва  ҳавода сўнмай қолгани тасвирланган ажойиб хотимасини қаранг! “Аммо учратмадим сабру лоқайдликдан Бир фазилат орттирганларни” сатрларидаги шеърнинг мудроқ кишиларни уйғотиб юборувчи ғояси-чи?!..

Бундай шеърлар Асқад Мухтор шеъриятида сон-саноқсиздир. Мен уларни жаҳон шеъриятининг энг гўзал намуналари билан қиёсламоқчи эмасман. Аминманки, Асқад Мухтор бу масалада “манман”  деган жаҳон шоирларини ҳам доғда қолдирган бўлиши муммин.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб рус, Европа ва Америка ёзувчиларининг кўплаб асарлари ўзбек тилига таржима қилина бошланди. Ўтган давр мобайнида асарлари ўзбек тилига таржима қилинган Э.Хемингуей, Г.Маркес, Я.Кавабата, А.Камю, Ф.Кафка, Х.Кортасар, Ж.Жойс, П.Коэло сингари хорижий ёзувчиларнинг асарлари ўзбек ёзувчилари ижодига сезиларли таъсир кўрсатди. Айниқса, қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг глобал давр муаммолари чақнаб турган асарлари Ўткир Ҳошимов ва Мурод Муҳаммад Дўст авлодларининг шаклланшида муҳим аҳамиятга молик бўлди. Лекин, адабиётимиз бахтига, бу ёзувчилар буюк устозлари соясида қолиб кетмадилар.

Ойбек ва Миркарим Осимдан кейинги ўзбек романнавислиги тўғрисида сўз борганда Асқад Мухторнинг “Чинор”, “Бухоронинг жин кўчалари”, Шуҳратнинг “Олтин зангламас”, Одил  Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат”, “Адолат манзили” ва тугалланмай қолган “Осий банда”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони”, Учқун Назаровнинг “Чаён йили”, Ўткир Ҳошимовнинг  “Икки эшик ораси”  ва “Тушда кечган умрлар”, Омон Мухторнинг “Тўрт томон қибла”, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар”, Эркин Аъзамнинг “Шовқин”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор”, Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат”, Исажон Султоннинг “Боқий дарбадар” сингари романларини тилга олмаслик асло мумкин эмас. Ўйлаймизки, бу асарлар ХХ аср охири – ХХI аср бошларидаги жаҳон адабиётининг энг яхши намуналари билан бемалол рақобатлаша олади. Бизнинг бундай фикрга келишимизнинг сабаби Эркин Аъзам қаламига мансуб романнинг инглиз ва француз тилларига таржима қилиниши ва шу тилли китобхонлар томонидан самимий кутиб олиниши, хорижда Исажон Султон ва Улуғбек Ҳамдам асарларига бўлган талабнинг ўсиб бораётганидир.

Ўзбек  ёзувчилари қисса жанрида ҳам самарали ишларни амалга ошириб, “Муқаддас” (О.Ёқубов), “Эрк” (П.Қодиров), “Дунёнинг ишлари” (Ў.Ҳошимов), “Пуанкаре” (А.Йўлдошев), “Куза” (Х.Дўстмуҳаммад), “Уруш одамлари” (Назар Эшонқул) сингари 30 дан зиёд ажойиб асарларни яратдилар.

Ҳозирги ўзбек насрининг роман ва қисса жанрлари тўғрисида баҳс борар экан, Абдулла Қодирий ва Чўлпон бошлаб берган реалистик ҳикоя жанрида эришилган ютуқларни ҳам четлаб ўтиш инсофдан эмас. Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Олим Отахон, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон сингари ёзувчилар ўзбек миллий ҳикоясини шу даражада юксакка кўтардилар ва кўтармоқдаларки, уларнинг сара асарларини Ж.Лондон, О’Генри, А.Чехов ижоди мухлислари ҳукмига бемалол тавсия қилишимиз мумкин.

Ўзбекистонда “Жаҳон адабиёти” журналининг ташкил этилганига 20 йилдан ошди. Журнал шу давр мобайнида Европа ва Осиё, Америка ва Австралиядаги миллий адабиётларнинг энг яхши асарларини ўзбек тилига таржима қилиш билан бирга ҳозирги ўзбек адабиётининг энг салмоқли, бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин бўлган намуналарини ҳам эълон қилиб бормоқда. Умид қиламизки, бу икки томонлама жараён ўзбек адабиётининг янги адабий мактаблар ва янги ёзувчиларнинг ижодий тажрибалар билан янада бойиши, ривожланиши ва интеграция жараёнига қўшилишида муҳим роль ўйнайди. Бу жараёнга тортилган ҳар бир адабиёт унга ўзининг миллий ўзига хослиги билан кириб келиши ва шундай асарлари билангина жаҳон адабиёти бағридан ўрин олиши мумкин.

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 11-сон

______________________

[1] Ойбек. Мукаммал асарлар тўплами, VI жилд. Навоий (роман). – Т., 1976. – Б. 284-285.

[2]1 Шайхзода М. Асарлар. Олти жилдлик. 3-жилд. Пьеса.  – Т., 1972. – Б. 185.