Ўзбек адабиётида узоқ даврлар мобайнида шеърият етакчилик қилди. Ҳатто халқ театри асарлари яратилиб, томошабинларда саҳна санъатига қизиқиш пайдо бўлганидан кейин ҳам миллий театрнинг майдонга келиши ХХ асрннг 10-йилларига қадар чўзилди. Ҳолбуки, Европа мамлакатларида театр санъати аллақачон вужудга келган, халқнинг маданий-маърифий даражасини белгиловчи омил бўлган бир пайтда Туркистонда мазкур санъатнинг ҳали туғилмаганлиги ғоят ачинарли ҳол эди. Шунинг учун ҳам Туркистон жадид маърифатпарварларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий жиддий ижодий фаолиятини миллий театр асарини яратишдан бошлади.
Ўз даврининг энг илғор кишиларидан бири бўлган М.Беҳбудий хорижий сафарлари вақтида ҳам, Россиянинг Москва, Петербург, Оренбург, Нижний-Новгород сингари шаҳарларида бўлганида ҳам, “Таржумон”, “Туркистон вилоятининг газети” сингари нашрлар орқали ҳам театр санъатидан хабардор бўлган, десак янглишмаймиз. Қолаверса, 1867 йили Самарқандда мусиқали драма тўгараги, 1890 йили ҳаваскорлар жамяти тузилган ва улар рус драматурглари асарларини саҳналаштириб, намойиш этишган. Энг муҳими, 1911 йили, бир томондан, озарбойжон театри, иккинчи томондан, татар театрларининг Туркистонга келиб, ўз спектаклларини кўрcатишлари Туркистоннинг маданий ҳаётида муҳим воқеа бўлган. Беҳбудийнинг шу йили “Падаркуш” драмасини ёзиб тугаллашига ҳам, бизнингча, ана шу воқеа туртки берган.
Жадидчилик ҳаракати ва адабиётини бошлаб берган кишининг театрга, санъатнинг халқ оммасига ўша вақтда энг катта таъсир кўрсатиши мумкин бўлган турига эътибор қаратмаслиги маҳол эди. Ўзининг тарих олдидаги миссиясини чуқур ҳис қилган адиб 1911 йили биринчи ўзбек драмаси — “Падаркуш”ни ёзиб, Туркистонда янги адабиёт ва санъат турига тамал тошини қўйди.
Шуни ҳам унутмаслик лозимки, 1911 йили, Беҳбудий асаридан бир оз аввал, қўқонлик муаллим Абдурауф Самадовнинг “Маҳрамлар” пиесаси рисола шаклида нашр этилган. Бу тарихий факт, айрим ижодкорлар назарида, Беҳбудийни ўзбек драматургиясиинг отаси, “Падаркуш”ни эса биринчи ўзбек драмаси дейишимизга монелик қилади. Лекин “Маҳрамлар”нинг дастлаб “Ўликлар” номи билан татар тилида ёзилгани, муаллифнинг ўзи ҳам татар миллатига мансуб бўлгани, айниқса, мазкур асарнинг “Падаркуш”дан кейин намойиш этилганини назарда тутсак, Беҳбудийнинг ўзбек театр санъатига, хусусан, ўзбек драматургиясига асос солган ижодкор эканлиги кундек равшан бўлади. Қолаверса, “Маҳрамлар”нинг саҳналаштирилиши Туркистон халқлари маданий ҳаётида “Падаркуш” намойишидек улкан тарихий воқеа бўлмаган.
Шу нарса эътиборга сазоворки, Беҳбудий ўз асарида маърифатсизликнинг миллат ва миллатнинг ҳар бир аъзоси ҳаётига кўрсатажак фожиали оқибатларини яққол тасвирлаб берган. Асарнинг “Падаркуш ёхуд Ўқимаган боланинг ҳоли” деб номланиши ҳам тасодифий эмас. “Падаркуш” муносабати билан ёзилган мақолаларнинг бирида асарнинг ҳаётда рўй берган реал ҳодиса таъсирида ёзилгани алоҳида қайд этилган. Бу фикрнинг ҳақиқатга қанчалик мос ёки қанчалик зид эканлигидан қатъи назар, ХХ аср бошларида ўз фарзанди тарбиясига эътибор бермаган оталар ҳам, ёшлик йиллари такасалтанг, ишёқмас, маишатпараст бойваччалар даврасида ўтган болалар ҳам оз бўлмаган. Беҳбудий “Падаркуш»да фақат шундай оталар эмаc, балки шундай фарзандларнинг ҳаёти ҳам фожиа билан тугаши мумкинлигини кўрсатиб, уларнинг ҳар иккаласини, ва умуман, ХХ аср бошларидаги ўзбек жамиятини огоҳлантиришга интилган. Шу огоҳлантирувчи пафос, жадидчиликнинг туб моҳиятини очувчи маърифатпарварлик ғояси асарнинг катта ижтимоий ва маърифий аҳамиятини белгилаб беради.
Муаллиф асар сарлавҳасидан кейин қавс ичида унинг жанри ва мавзусини “Туркистон маишатидан олинган ибратнома” деб белгилаган; асарни китобхонга “3 парда, 4 манзарали миллий биринчи фожиа” сифатида тақдим этган.
Асар Домулланинг Бой меҳмонхонасига кириб келиши билан бошланади. Шу пайт Тошмурод меҳмонхонага кириб, ким биландир томоша кўргани кетаётганини айтади ва отасидан пул сўрайди. Тошпўлат муддаосига эришиб чиқиб кетгач, Бой билан Домулла ўртасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтади:
“Б о й. Сўзлашиб ўлтуринг, тақсир.
Д о м у л л а. Хўб, хўб, бойвачча катта бўлубдур. Худо умр берсин, усули жадид мактабигами ўқийдур ёинки эски мактабга?
Б о й. Иккисига ҳам бормайдур.
Д о м у л л а. Ўз ҳовлингизда ўқитатурғонсиз?
Б о й. Йўқ, йўқ. Мен ўғлумни ўқутмоқға ўйлаганим йўқ.
Д о м у л л а. Ажойиб, сабаб недурки, ўқутмайсиз? Ваҳолонки, ўқумоқ қарз ва илм сабаби иззати дунё ва шарофати охиратдур.
Б о й. Манинг хаёлимға дунёнинг сабаби, иззати – бойлик. Охиратға бўлса, худонинг қилган тақдири бўлур. Чунончи, биз кўрамизки, одамлар бойни муллодан зиёда иззат қиладурлар. Хусусан, мана банклар кўпайди. Катта бойлар чилен бўлуб, ҳар ким чиленларни иззат қилур, ҳатто иши тушатурғонлар чилен молини қиммат олур, аз баски, чилен илтифотига олмаган одамларга банклар пул бермайдурки, сўнгра муомиладорлар синиб, майда-майда бўлур, билдингизми?..”.
Халқнинг, айниқса, ёшларнинг маърифатли бўлишини орзу қилган Беҳбудий асарни давом эттириб, Домуллага “сўз беради”:
“Д о м у л л а. Бу сўзларингиз ҳозирги замонага маъқул, лекин чилен ва бойларни иззатлари вақтинча ва халқни кўзи очилгунчадир. Ҳолбуки, аларни иши тушганлар иззат қилур, муллони бўлса, барча халқ иззат қилур, яъни муллони илми иззат қилинадур.
Б о й. Бизни ҳам бойлигимиз иззат қилинадур, ҳатто мусулмонлар нари турсун, ўрус ва арманлар-да иззат қилур.
Д о м у л л а. Иззатни нари қўйдук, агарда ўғлингизни ўқутсангиз, дафтарингизни ёзар, намозингизни ва мусулмончилигини яхши билур ва ҳам сизға савоб бўлур.
Б о й. Мирзалик осон, мана, Хайруллога ойинда етти сўм бераман, кундузлари мирзалик ва оқшомлари меҳмонхона ишини қилар ва ҳатто, уйқум келгунча ходими қилар, китоб ҳам ўқуб берар.
Д о м у л л а. Сиз илгари замонда бир нави ила бой бўлубсиз, аммо энди бой бўлмоқ нари турсун, фақат рўзғор ўтказмоқ учун (ҳам) керак, Кўрамизки, йигирма-ўттиз йилдан бери барча савдо ишлари армани, яҳудий ва бошқа ажнабийлар қўлига ўтди, муни сабаби бизларнинг ўқимағонимиздур. Ўқумағон бойваччаларни кўрамизки, ота молини барбод этар ва охири хор ва зор бўлур, бинобарин, ўғлингизни ўқутмоқни сизга таклиф қиламан.
Б о й. Ай, домулло! Сиз манга таҳқиқчими? Ўғул маники, давлат маники, сизга нима? Ўқуганни бири сиз: емоқға нонингиз йўқ, бу ҳолингиз билан манга насиҳат қилурсиз. Хайрулло! Меҳмонхонани қулфла, уйқум келди.
(Х а й р у л л а лаъли ва асбобларни жамлаб, мунтазин турар.)”
Драма экспозициясида бўлиб ўтган Бой билан Домулланинг бу суҳбати ҳар иккала персонаж моҳиятини очибгина, уларнинг ўтган аср бошларидаги халқ оммасининг қайси қатламига мансублигини кўрсатибгина қолмай, воқеаларнинг кейинги ривожи ва ҳатто хотимасини ҳам, пружина сингари, ўзида сиқиб — ушлаб туради. Бу саҳнадаги Домулла образида Беҳбудий ўзининг ижтимоий, иқтисодий ва маърифий қарашларини ифодалашга уринган. У ўзининг маърифатпарварлик ғояларини шу образ орқали томошабинга етказмоқчи бўлган.
Бундан қарийб 100 йил аввал ёзилган бу асардаги Домулланинг халқни маърифатга даъват этиши, унинг тақдиридан қайғуриши билан боғлиқ мотив ҳамма замонлар учун ҳам аҳамиятлидир. Негаки, шиддат билан ривожланиб бораётган жамиятда яшаб, йилдан-йилга ривожланиб ва тармоқланиб бораётган билимларни мукаммал эгалламасдан туриб, буюк келажакни барпо этиш мумкин эмас. Шу маънода жадидларнинг, жумладан, Беҳбудийнинг маърифатпарварлик ғоялари бугун мамлакатимизда олиб борилаётган маърифий ва маданий жараён билан уйғун бўлиб яшамоқда.
“Падаркуш” драмасиинг асосий қаҳрамонларидан бири Тошмурод охир-оқибат маишатпараст шериклари билан келиб, отаси яширган пулни ўғирламоқчи бўлади. Шу пайт унинг шериклари қўлга тушмаслик учун воқеадан огоҳ бўлиб қолган отасига дафъатан пичоқ санчадилар. Ҳам отасидан, ҳам отасининг давлатидан айрилган Тошмурод қамоққа олинади. Беҳбудийнинг фикрига кўра, ўқимаган болани ўтган аср бошларида тахминан шундай бахтсиз келажак кутган.
“Падаркуш”нинг матбуот ва саҳна юзини кўриши оғир кечди. Ўша йиллари ташкил этилган ҳар бир газета чор ҳукуматининг махсус рухсати берилгандан сўнггина дунё юзини кўрганидек, бу асарнинг ҳам рисола шаклида чоп этилиши ва саҳналаштирилиши учун чор маъмурларидан рухсатнома олиш зарур эди. Ўзбек театри тарихига оид манбаларда айтилишича, драма гарчанд 1911 йили ёзилган бўлса-да, драматург асар устида кимларнингдир фикр-мулоҳазалари асосида ишлаб, уни 1912 йилнинг август ойида нашрга тайёрлаган. Асарнинг нашр этилиши осон кўчиши учун муаллиф уни “Бородино жанги ва Русиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилейи”га бағишлаган.
Адабиётшунос Бойбўта Дўстқораев топган маълумотга қараганда, 1912 йил 26 август куни Самарқанддаги Тиллакори мадрасасида бўлиб ўтган “Ватан муҳорабаси байрами”да Беҳбудий “Падаркуш ёхуд Ўқимаган боланинг ҳоли” номли “3 пардалик Туркистоннинг ҳозирги маишатидан олинмиш фожеа театру рисоласи”ни “Самарқанд волийси жаноблари”га топшириб, “ватан музаффарияти ёдгори учун онинг нашрига рухсат берилмак”ни илтимос қилган. “Волий жаноблари, — деб ёзилган у топган маълумотда, — кўб хурсандлик илан олуб, нашрга рухсат бермакни ваъда қилибдурлар”.
“Падаркуш” шундай саъй-ҳаракатлар натижасида бўлса керак, Бухорода чиқа бошлаган “Турон” газетасининг 1913 йил 1 ва 3 январь сонларида босила бошлайди. Аммо газетанинг ёпилиши муносабати билан асарнинг сўнгги қисмлари чоп этилмай қолади. Ниҳоят, Самарқанддаги Газаров ва Сиянов матбаасида нашр этилади. Аммо ҳали на Тошкентда, на Самарқандда миллий театр труппасининг шаклланмаганлиги туфайли асарни саҳналаштириш ишлари анча чўзилди. Ниҳоят, 1914 йил 15 январ куни Самарқандда, ўша йилнинг 16 феврал куни эса, Тошкентда — Колизей театрида биринчи ўзбек драмаси саҳна юзини кўриб, халқ ва мамлакат ҳаётида унутилмас воқеа бўлди.
Беҳбудий томошабинларнинг миллий спектаклга бўлган фавқулодда катта қизиқишидан маърифий ишларни ривожлантириш мақсадида фойдаланмоқчи бўлди. Асарнинг 7 май куни бўлиб ўтган иккинчи намойишида, “Ойна” журналининг хабар беришича, билетлар сотилишидан 384 сўм 50 тийин йиғилиб, шундан 184 сўм 50 тийин спектаклга сарфланган харажатга кетган. Қолган 200 сўмдан 110 сўми мактаб ислоҳига, 35 сўми Жомбойдаги Бозорамин Ҳодихўжа таъсис этган ва муаллим мулла Комил идорасидаги мактабга, 15 сўми Бухорий қишлоғидаги мулла Жўрабой мактабига, 15 сўми “городской училишче”да таҳсил олаётган мусулмон болаларга, қолган 35 сўми эса мулла Абдуқодир Шакурий мактабига ажратилган.
Мутахассислар Самарқанддаги биринчи спектаклга ким режиссёрлик қилганлиги ҳақида турли фикрларни баён қилишган. Айрим олимларнинг фикрига қараганда, спектаклни Абдулла Авлоний саҳнага қўйган. Лекин тошкентлик Авлонийннг 1914 йили Самарқандга бориб, спеклаклга режиссёрлик қилгани бирор на ёзма факт, на хотира билан тасдиқланади. Бизнингча, асар муаллифнинг ўзи томонидан саҳналаштирилгани ҳақидаги фикр ҳақиқатга яқин. Яна шу нарса эътиборга сазоворки, Самарқандда ҳам, Тошкентда ҳам спектаклдаги барча роллар маҳаллий маърифатпарвар кишилар томонидан ижро этилди. Бу, ўзбек жадидларининг ва, умуман, ўзбек жадидчилик ҳаракатининг тантанавор кунлари эди. Кўп ўтмай, “Падаркуш” турли театр труппалари ижросида бутун ўлкани айланиб чиқди.
Бугунги томошабин ва китобхон учун биринчи ўзбек драмаси ибтидоий асар бўлиб туюлиши мумкин. Лекин ҳали замонавий театр санъатидан яхши хабардор бўлмаган томошабинлар учун “Падаркуш”нинг 1914 йилдаги намойишлари афсонавор воқеа эди. Ўзбек маданияти тарихида янги санъат – театр санъати туғилган эди. Беҳбудий ва унинг сафдошлари матбуот орқали бу янги санъатни кенг тарғиб қилишга киришдилар. Беҳбудий театрга бағишланган мақолалар ёзиб, бу санъатнинг аҳамиятини бундай тушунтирди: “Теётр нимадур? Жанобиға теётр ибратнамодур, теётр ваъзхонадур, теётр таъзир адабидир. Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб, кар-қулоқсизлар эшитиб асарланур. Хулоса: теётр ваъз ва танбиҳ этувчи ҳамда зарарлик одат, урф ва таомилни, қабиҳ ва зарарини аён кўрсатгувчидур. Ҳеч кимни риоя қилмасдан тўғри сўйлагувчи ва очиқ ҳақиқатни билдиргувчидир”.
“Падаркуш” таъсирида ўтган асрнинг 10-йиллари ўнлаб саҳна асарлари майдонга келди, драматурглар сафи Насрулла Қудратилла, Абдулла Қодирий, Абдулла Бадрий, Ҳожи Муин, Абдулла Авлоний ҳисобига кенгайди. Кўп ўтмай, улар сафига Ҳамза, Фитрат ва Чўлпон сингари забардаст драматурглар келиб қўшилдилар.
Профессионал ўзбек театрига мустаҳкам пойдевор қўйилди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 29-сонидан олинди.