ХХ асрнинг 20–30-йилларида янги ўзбек миллий таржима мактабининг шаклланиши ва камол топишида Ҳамид Олимжоннинг салмоқли ўрни бор. У ижод булоғи қайнаб жўш урган 30-йилларнинг ўрталарида адабий билими ва луғат фондини тинимсиз бойитгани ва шеърият “сир”ларини мукаммал эгаллаганидан сўнг мумтоз жаҳон шоирларининг асарларини таржима қилишга киришди ва бадиий таржима соҳасида ҳам катта ютуқларга эришди. У шу ижодий жараёнда, Пушкиннинг устози В.А.Жуковский айтганидек, асарлари таржима қилинаётган шоирларнинг “қул”и эмас, балки муносиб “рақиб”и бўлишга интилди.
Одатда, адабиётшунослар бирор шоир ёки ёзувчи адабий меросини ўрганганларида улар ижодини турли тадрижий даврларга ажратишни хуш кўрадилар. Бу, кўпинча, шоир ёки ёзувчи ижодий йўлининг бир-бирига ўхшаб-ўхшамаган босқичларини илғаш ва кузатиш имконини беради.
Агар Ҳамид Олимжон ижодининг илк даврига назар ташласак, шу даврдаги адабий майдонда – Россияда М.Светлов, А.Безименский сингари “комсомол шоирлар”нинг, Туркия ва Озарбойжонда Нозим Ҳикмат сингари исёнкор шоирларнинг жавлон урганларини кўрамиз. Давр Ҳамид Олимжон сингари ёш ижодкорларни шу шоирлар изидан боришга, улар ижодидаги ғоя ва образлардан андоза олишга даъват этди. Ҳамид Олимжон, Миртемир ва Шокир Сулаймонни шу даврда “рус шоирлари”га қараганда Нозим Ҳикматнинг Қора денгиз тўлқинларидан ҳам долғали шеърлари тўлқинлантириб юборди. Ҳамид Олимжон ва Миртемир Нозим Ҳикматнинг 1929 йили Бокуда чоп этилган “Қуёш ичганлар қўшиғи” шеърлар тўпламини ўқиб, тўпламдан жой олган мансуралардан сархуш бўлиб, уларни ўзбек тилига ўгирдилар. Аммо нима учундир нашриётга топширилган бу тўплам дунё юзини кўрмай қолди. Тахмин қилиш мумкинки, шу даврда катта мавқега эга бўлган кучлар Ҳамид Олимжоннинг нигоҳини Россиядаги шеърият кечаларини гуллатаётган “комсомол шоирлар”га қаратиб, унга шу шоирларнинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилишни маслаҳат берган.
Ҳамид Олимжон 1930 йилда М.Светловнинг машҳур “Гренада”, 1931 йилда А.Безименскийнинг “Шоирнинг рапорти”, “Шу куннинг илҳоми” шеърларини, П.Ширяевнинг “Курашчилар” ҳикоясини, шунингдек, М.Горькийнинг “Челкаш” ҳикояси, “Завод-фабрикалар тарихи” мақоласи ва М.Лермонтовнинг “Бэла” қиссасини таржима қилди. Шу нарса ғаройибки, таржимон шоир гарчанд бу асарларнинг руҳи ва ғоявий мазмунини таржимада тўла ифодалашга муваффақ бўлган эса-да, “Бэла” ва “Челкаш” ўлмас асарлар жумласидан бўлганлиги туфайли, уларни ўзбек тилига шундай завқ-шавқ ва илҳом билан таржима қилганки, бу таржималарни ҳозир ҳам ҳузур қилиб ўқийсиз. Шоир сифатида 30-йилларнинг ўрталарида камолотга эришган Ҳамид Олимжоннинг 30-йиллар тонгидаёқ рус адабиётининг бу икки машҳур асарини ўзбек тилида катта маҳорат билан жаранглатиб юборганидан ҳайратга тушасиз. 1936 йилда Пушкиннинг “Кавказ асири” достони ва “Сув қизи” (“Русалка”) драмасини таржима қилишда бир оз қийналганлиги сезилган Ҳамид Олимжон 1931 йилда, айниқса, “Бэла”нинг таржимасини маромига етказган.
1937 йилда А.С.Пушкин вафотига 100 йил тўлиши муносабати билан барча иттифоқдош республикаларда, жумладан, Ўзбекистонда шоир асарларини ўзбек тилига таржима қилиш масаласига катта эътибор берилди. Шу йилларда кўзга кўринган шоир ва ёзувчилар бу қутлуғ ишга жон-жон деб киришдилар. Пушкиннинг “Кавказ асири” ва “Сув қизи” асарларини таржима қилиш, айтиб ўтилганидек, Ҳамид Олимжоннинг зиммасига тушди. У рус шеъриятининг бу дурдоналари таржимасига катта масъулият билан ёндашди. Ҳозир ҳам бу икки асар таржимасини ўқир экансиз, уларда таржимон маҳорати порлаб турган саҳифалар оз эмаслигига гувоҳ бўласиз. Лекин шу икки асар таржимасини Пушкиннинг икки лирик дурдонаси таржимаси билан қиёслаганда, лиро-эпик асарлар таржимаси бизга хийла оғирроқдек бўлиб кўринади.
Шу нарса ажойибки, Ҳамид Олимжон Пушкиннинг “Сизни севган эдим…” ва “Тикиламан кўрганда дарҳол…” сатрлари билан бошланган икки шеърини ўз дилининг амри билан, ўзи учун яйраб-эркаланиб ўгирган. Улар Пушкиннинг кўп жилдли “Асарлар”ига киритилмаган. Лекин бу шеърлар таржимаси шундай илоҳий илҳом билан ўзбек наволарига созланганки, Пушкин уларни ўзбек тилида ёзгандек туйилади. Бу таржимага, таржимон Ҳамид Олимжонга берилиши мумкин бўлган энг юксак баҳодир.
Агар шу икки таржимани “Кавказ асири” ва “Сув қизи” асарлари таржимаси билан қиёсласак, биринчи таржимадаги бизни мафтун этган сабуҳий тароват ва туйғулар зарофати иккинчи таржимада сезилмайди. Шу сабабли қалбимиз достон ва драма таржималарига узоқ вақтгача ўз эшикларини очмай туради.
Пушкин бор-йўғи ўттиз саккиз йил умр кўрганига қарамай, поэтик маҳорат сирларини шу қадар мукаммал эгалладики, китобхон лиро-эпик асарлари ва драмаларида шекспирона кўлам, чуқур фикр ва мушоҳадаларнинг сомон йўли юлдузларидек жилваланиб турганини кўриб ҳайратга тушади. У юксак фикр ва мушоҳадаларни сиқиқ ва лўнда сатрларга шундай усталик билан жойлаштирдики, уларни таржимада ифодалаш учун Пушкин бино этган шеърий майдон таржимонга торлик қилиб қолади. Таржимон ё шу майдон доирасида ҳаракат қилиб, фикр олмосларини йўниши, ёки фикрнинг барча олмос қирраларини нурлантириш учун ҳаракат майдонини кенгайтириши даркор бўлади. Ҳамид Олимжон баъзан шундай ҳолларга дуч келганида, назаримизда, хийла довдираб қолгандек таассурот уйғотади. Аммо у шу заҳотиёқ пайдо бўлган жумбоқни ечишнинг энг жўяли йўлини топади.
Пушкин гарчанд “Кавказ асири”нинг жанрини “қисса” деб белгилаган бўлса-да, аксар пушкиншунослар уни рус шоирининг бошқа достонлари қаторида, достон сифатида таҳлил қилиб келадилар. Бизнинг назаримизда ҳам, бу асар “қисса”дан кўра “достон” жанрига яқинроқ.
Пушкин достонни Н.Н.Раевскийга аталган қуйидаги “Бағишлов” сатрлари билан бошлаган:
Прими с улыбкою, мой друг,
Свободной музы приношенье:
Тебе я посвятил изгнанной лиры пенье
И вдохновенный свой досуг.
Когда я погибал, безвинный, безотрадный,
И шепот клеветы внимал со всех сторон.
Когда кинжал измены хладный,
Когда любви тяжелый сон
Меня терзали и мертвили,
Я близ тебя еще спокойство находил;
Я сердцем отдыхал – друг друга мы любили
И бури надо мной свирепость утомили,
Я в мирной пристани богов благословил.
Ҳамид Олимжон 9 ва 13 ҳижоли бу лавҳани 13 ҳижоли бармоқ вазнида бундай таржима қилган:
Азиз дўстим, табассум-ла қабул этгил сен
Бу эркинлик музасининг ҳадиясини:
Бағишладим сенга қувғин сознинг сасини
Ва илҳомда ширин ўтган дамларимни мен.
Мен бегуноҳ, қайғу ичра бўларкан ҳалок,
Чор атрофда кезар экан ғийбат ва бўҳтон
Ва хиёнат ханжарлари юрагимни чок,
Муҳаббатнинг оғир туши мени беомон
Ҳалокатга судраб қийнар, олар экан жон,
Мен ёнингда ором топиб бўлардим бедод;
Биз дўст эдик – топар эди қалбим тасалло:
Узоқлашар эди шунда бошдаги бало,
Этдим нажот соҳилида тангриларни ёд.
Ҳамид Олимжон таржимада “Бағишлов”нинг вазн хусусиятларига қатъий риоя қилишни ўз олдига вазифа қилиб қўймаган. Бизнингча, бунинг иккита сабаби бор. Биринчи сабаб шуки, ўзбек шеъриятида шеър ёки достонга танлаб олинган вазн ўлчови “Бағишлов”дагидек эркин бўлиши қусур ҳисобланган. Ўзбек шоирлари, одатда, ҳис-ҳаяжонларининг тебраниб-ўзгариб туришини вазнни “бузиш” йўли билан эмас, балки поэтик образлар, ранг ва оҳанглар воситасида ифодалаб келишган. Иккинчи сабаб шуки, Пушкиннинг 9 ҳижоли сатрида мужассамланган бадиий мазмунни ҳар доим ҳам 9 ҳижоли бармоқ вазнида ифодалаш қийин. Шу сабабли таржимон ҳар икки ҳолат учун 13 ҳижоли вазнни танлаб тўғри йўл тутган.
“Бағишлов”нинг рус тилидаги матнини ўқиган китобхон Пушкин учун ниҳоятда муҳим бўлган “свободной музы приношенье”, “изгнанной лиры пенье”, “вдохновенный свой досуг”, “кинжал измены хладной” сингари ибораларнинг ўзбек тилига қандай таржима қилинганлиги билан қизиқиши табиий. Ҳамид Олимжон бу ибораларни “эркинлик музасининг ҳадияси”, “қувғин сознинг саси”, “илҳомда ширин ўтган дамларим”, “хиёнат ханжарлари” деб таржима қилган. Агар бу ибораларнинг дастлабки иккиси “ҳадиясини – сасини” тарзида қофияланиб келганлигини назарда тутсак, Ҳамид Олимжон уларни тўғри таржима қилгани кундек равшан бўлади. (“Муза”ни ўзбек тилида ифодалаши мумкин бўлган “соз” учинчи иборада қўллангани учун таржимон бу сўзни айнан қолдирган).
Бу ҳар икки асар таржимасини ўрганиш бизни шундай хулосага олиб келадики, улуғ шоир ёки адиб қаламига мансуб йирик лиро-эпик ёки драматик асар таржимасини бир ўтиришда ёки муайян бир муддат (ҳафта, ой, ҳатто йил)да тугатиш осон эмас. Ҳамид Олимжон таржима қилган “Кавказ асири”нинг 1937 ва 1939 йиллардаги, “Сув париси”нинг 1937 ва 1938 йиллардаги, “Бэла”нинг эса 1931 ва 1937 йиллардаги нашрларини ўзаро қиёслаган киши таржимоннинг биринчи нашрдан мутлақо қониқмай, таржима устида қайта-қайта ишлаганлигини кўради. Асар аслияти қанчалик бадиий баркамол бўлса, таржимаси ҳам шундай баркамол бўлиши шарт. Шунинг учун Ҳамид Олимжон ҳам, 1936 йилда “Евгений Онегин”ни таржима қилган Ойбек ҳам ўз таржималарининг бадиий баркамол бўлиши йўлида қаттиқ меҳнат қилишган.
Ҳамид Олимжоннинг 30-йилларда амалга оширган таржималари орасида украин адабиёти классиги Тарас Шевченконинг бир неча шеърларини, Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди” романини ҳам ёдга олиш жоиз.
Юқорида тилга олинган таржима асарлар Ҳамид Олимжон ижодий йўлининг иккинчи даврини безаб туради.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Ҳамид Олимжоннинг ижодий ва ижтимоий фаолиятида мутлақо янги давр бошланди. У мамлакат тақдири ҳал бўлаётган ва ҳамманинг диққат маркази уруш майдонига қаратилган бир вақтда бадиий таржима билан шуғулланишга ҳам вақт топди. У Ўзбекистонга кўчириб келтирилган ёзувчилардан бири – машҳур белорус шоири Якуб Коласнинг 1942 йилда 60 ёшга тўлиши муносабати билан унинг ўзбек тилидаги шеърлар тўплами нашр этилишига бош-қош бўлди. Украин шоири Павло Тичинанинг “Украинани ўйлаганда”, П.Арманднинг “Милтиқли киши” фильми туфайли эл-юрт ўртасида машҳур бўлган “Шаҳарни босди туман” қўшиғи матнини, энг муҳими, уруш даври шеъриятининг сара асарларидан бири – Константин Симоновнинг “Мени кутгил” шеърини ўзбек тилига улкан маҳорат билан таржима қилди. Айниқса, сўнгги асар таржимаси Ҳамид Олимжоннинг шу йилларда шоир сифатида ҳам, таржимон сифатида ҳам бадиий ижоднинг шоҳсупасига кўтарилганидан далолат берди.
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 12-сон