1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағон Наманган вилоятида истиқомат қилган маориф ва маданият ходимларининг катта бир гуруҳини ҳам ўз гирдобига тортган. Эндигина 32 ёшга қадам қўйган, адабиёт ва журналистика соҳасидаги дастлабки ишлари билан эл оғзига тушган Асил Мансур 1937 йилнинг шундай бегуноҳ қурбонларидан биридир.
1912 йили отаси вафот этганида Асил ҳали 8 ёшга тўлмаган эди. Орадан бир-икки йил ўтмай, онаси ҳам бандаликни бажо келтирди. Уч қиз ва бир ўғил қип-қизил етим бўлиб қолди. Улар отадан мерос бўлиб қолган уч таноб ерни ўзаро бўлиб яшашга мажбур бўлдилар. Асил ернинг ўзига тегишли қисмини сотиб, дастлаб Фахриддин, кейин Муҳиддин исмли амакиларининг қўлида тарбиялана бошлади. Ниҳоят, 1918-1919 йилларда маҳаллий йирик сармоядорлардан бири, маърифатпарвар ўафурхўжа Саидов Асилни ўз паноҳига олди.
Асил 1914-1915 йилларда Дадамирза Шайхов мудирлик қилган жадид мактабида икки йил сабоқ чиқарди. У амакиси ўафурхўжа Саидовнинг қарамоғига ўтганидан кейин унинг қаршисида катта имкониятлар очилди. У 1919 йили “Нашри маориф” жамияти Наманган шаҳар бўлимининг муассисларидан бири бўлган амакисининг ёрдамида Тошкентга ўқишга келиб, 15 нафар ёш йигит ва қизлар билан бирга Тошкентдаги Маориф институтида уч йил давомида таҳсил кўрди. 1922 йили эса “Нашри маориф” жамияти Наманган бўлимининг саъй-ҳаракати билан Асқар Раҳмонов, Холқўзиев, Абдуваҳоб Ҳамроқулов, Усмон Аминов, Ҳошим Сатторов, Мамажон Мўминов ва бошқа тенгдошлари билан бирга Москвага бориб, Калинин номидаги ишчилар факультетига ўқишга кирди. 1925 йили ишчилар факультетини муваффақият билан тугатган Асил Мансуров Плеханов номидаги машҳур Халқ хўжалиги институтида олий таълим олишга киришди. Аммо бор-йўғи беш ойгина ўқигач, сил хасталигига йўлиққан талаба Наманганга қайтишга мажбур бўлди.
Асил Мансуров Наманганга қайтиши билан Наманган тумани маориф бўлимида хизмат қила бошлайди. Ўша йилларда ёш мутахассисларга эҳтиёж ғоят катта бўлгани сабабли уни бир жойдан иккинчи жойга, бир соҳадан бошқа соҳага мунтазам равишда юбориб туришади. У 1927 йилдан 1937 йилга қадар кечган ўн йиллик муддатда Наманган шаҳар советида масъул котиб, ўқитувчи, тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири, Андижон округ ижроия қўмитасида масъул котиб, Норин туманида тарғибот ва ташвиқот бўлими мудири, “Марғилон ҳақиқати” ва “Пахта фронти” (Андижон) газеталарида масъул муҳаррир, Наманган шаҳар раҳбар ходимларни тайёрлаш мактабида директор лавозимларида ҳалол хизмат қилади. Ниҳоят, 1936 йилнинг август ойида Наманган шаҳар совети ва шаҳар ижроия қўмитасининг “Ударник” газетасига масъул муҳаррир этиб тайинланади.
Асил Мансуров қисқа муддатда таҳририятдаги меҳнат интизоми ва иш услубини кескин ўзгартириб, газетани Наманган шаҳри ҳамда вилоятидаги ижтимоий ва маънавий ҳаётнинг ёрқин кўзгусига айлантиради. Таниқли шоир ва журналистлардан иборат муаллифлар гуруҳини тузиб, Наманганда кечаётган жўшқин ҳаёт ва меҳнат жараёнини газета саҳифаларида акс эттиришга завқ-шавқ билан киришади. Ўзи ҳам “Асил Мансур” тахаллуси остида шу давр руҳи билан тўйинган шеърлар ёзади.
Одатда шаҳар ёки вилоят миқёсида бирор тадбир ўтказиладиган бўлса, шу шаҳар ёки вилоят газетаси муҳаррирининг бу тадбирдан четда туриши асло мумкин эмас. 1937 йилнинг январь ойида Наманган шаҳрида ўтказилиши мўлжалланган тадбир фақат шаҳарга эмас, балки республика аҳамиятига молик воқеа эди. Ўзбекистон стахоновчи-колхозчилари республика слётининг Наманганда ўтказилиши “гуллар шаҳри” ҳаётида муҳим воқеа бўлажаги туфайли бу тадбирнинг ўтказилишига шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби Муҳиддин Эрматов шахсан раҳбарлик қилади. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Наманган бўлимига маҳаллий шоирларнинг слётга бағишланган шеърлар тўпламини тайёрлаб, нашр этиш ва уни слёт қатнашчиларига совға сифатида тарқатиш вазифасини топширади.. “Ударник” газетасининг масъул муҳаррири Асил Мансур “ўалаба” деб номланган мазкур тўпламнинг таҳрир ҳайъатига раис этиб тайинланади.
1937 йил январь ойи бошларида тўпламнинг “сигнал” нусхаси тайёр бўлади. Наманган шоирларининг бу совғаси слёт қатнашчиларида яхши таассурот қолдиради. Асил Мансур тўпламни ўз вақтида ва сифатли тайёрлаб бергани учун шаҳар раҳбариятининг самимий миннатдорчилик сўзларини эшитишга муяссар бўлади.
Бироқ орадан кўп ўтмай, Наманганда “қама-қама” васвасаси авж олиб кетади. Биринчилардан бўлиб шоир Рафиқ Мўмин ҳибсга олинади. Кимдир слёт қатнашчиларига тарқатилган тўпламда унинг бир эмас, балки уч шеърининг босилганига жамоатчилик эътиборини қаратади. Айниқса, “Ўлка гуллаганда” деган шеърнинг босилиши “Ударник” газетаси муҳаррирининг катта сиёсий хатоси сифатида баҳоланади.
Тўпламдаги барча шеърлар шўро давлати раҳбарларини, илғор пахтакорлар ва теримчи ёшларни олқишлашга қаратилган бўлиб, “Ўлка гуллаганда”нинг улардан фарқланувчи бирор хусусияти бўлмаган. Узундан-узоқ бу шеър шундай сатрлар билан бошланган эди:
Қўл-оёғи Ҳиндистондай боғланғон, Бели букри, бўйни қилдай қаралғон, Оғир юкда суяк қолган, олайғон, Очлик юки билан ҳорган, сулайғон, Шарақ-шуруқ кишанларга ўралғон, Қамчин ўйнар қобирғада-елкада, Қора булут ўйнар эди ўлкада…Чамаси, ўзбек диёрининг чор ҳокимияти давридаги бундай мунгли тасвири, унинг инглиз мустамлакачилари зулми остида эзилган Ҳиндистонга муқояса қилиниши кимнингдир “қитиқ пати”га теккан.
Биз юқорида Асил Мансурнинг унча-мунча шеърлар ёзганини айтиб ўтган эдик. Афсуски, Наманган шаҳар газетасининг 1936-1937 йиллардаги тахламлари пойтахт кутубхоналарида бўлмагани сабабли биз унинг мазкур нашрда эълон қилинган шеърлари хусусида фикр юрита олмадик. Аммо унинг “Олқиш” деб номланган бир шеъри бояги “ўалаба” тўпламидан жой олган. Мамлакатимизнинг ўша йиллардаги раҳбарларидан бирига бағишланган бу шеърда қуйидагидек сатрлар бор:
…Кеча-кундуз чарчамасдан ишладинг сен, қаҳрамон, Чин тилак, мақсад эгаси, доимо бўл сен омон, Тарихимиз мақтанар номинг-ла бирдек ҳар замон, Пахтанинг бош агрономи сенга ҳурматли салом… Янги йўл, янги ҳаётни порлатиб, равшан юзинг, Ишчи-колхозчи турмушин тўқлик сари элтдинг ўзинг, Кўпчилик бахтин фаровон айлади ўткир сўзинг, Пахтамизнинг агрономи, сенга ҳурмат ва салом… Биз сафарбар атрофингда, биз ҳамон кучли билак, Сен билан доим бўлурмиз, сен ва бизлар — соф юрак, Кўкрагингда у нишон кўп порлагай — биздан тилак, Пахтамизнинг агрономи, сенга ҳурмат ва салом…Бу шеърда 30-йиллар шеърияти руҳидаги кўтаринки-романтик бўёқлар устуворлик қилади. Бироқ шу нарса муҳимки, барча шоирлар “халқлар доҳийси”ни якдиллик билан улуғлаётган бир даврда мазкур сатрлар муаллифи ўз юртига раҳбарлик қилган кишилардан бири — “пахтамиз агрономи” шарафига олқиш сўзларини айтган. Бу, эътиборга молик ҳодисалардан бўлса, ажаб эмас.
Агар Асил Мансур 37-йил тегирмонидан омон қолганида, балки яхшигина шоир ёки журналист бўлиб улғайган, ўз асарлари билан ўзбек адабиёти ва журналистикаси тарихида маълум из қолдирган бўлармиди?.. Аммо мудҳиш даврнинг темир қўллари уни 1937 йил 28 майда маҳкам ушлаб олиб, ўша йилнинг 2 декабрида бўғиб ташлади.
Истеъдодли шоир ва журналист Асил Мансур ёруғ дунёни тарк этганида рафиқаси Шарофатхон Мансурова эндигина 25 ёшга тўлган, Ҳақиқат деб аталган фарзанди эса 4 ойлик чақалоқ эди. Агар Ҳақиқат ҳозир ҳаёт бўлса, билсинки, унинг отаси нафақат яхшигина шоир ва журналист, балки камтар, олижаноб ва эл-юрт ишига камарбаста ажойиб инсонлардан бири эди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).