Кўп асрли ўзбек адабиёти тарихидаги икки адабий асрни миллий адабиётимиз тарихининг олтин саҳифалари, десак адолатдан бўлади. Агар шу икки асрнинг бири буюк Навоий номи билан мунаввар бўлган ХV аср бўлса, иккинчиси Абдулла Қодирий, Фитрат ва Чўлпоннинг порлоқ ижодлари билан бошланган ўзбек адабиёти тарихининг янги даври — ХХ асрдир. Шу икки олтин асрнинг машъаллари бўлган бу адибларнинг ҳар бири миллий адабиётимиз тарихидаги мўъжизавий воқеа ва ҳар бири адабий феномендир.
Жаҳоннинг бир қатор ривожланган мамлакатларида шундай адабий-маданий феноменлар – Данте ва Шекспир, Ҳёте ва Бетховен, Диккенс ва Бёрнс сингари адабиёт ва санъатнинг буюк дарғаларига бағишланган энциклопедиялар – қомуслар яратилди. Ўтган асрнинг 70 — 80-йилларида Украинада Тарас Шевченкога бағишланган “Шевченко сўзлиги”, Россияда “Лермонтов”, Белорусияда “Янка Купала” энциклопедиялари майдонга келди. Сўнгги йилларда эса Қирғизистонда “Манас”га, Озарбайжонда “Дада Қўрқут”га ва Россияда Достоевскийга бағишланган энциклопедиялар дунё юзини кўрди.
Шу кеча-кундузда мамлакатимизда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган адабий қомуслар устида қизғин иш олиб борилмоқда. Шубҳасиз, бу икки қомусни, шунингдек, яқинда Тил ва адабиёт институти ташаббуси билан бошланган “Абдулла Қодирий қомуси”ни яратишга илмий-маданий зарурат талаби билан киришилди.
Бирор ёзувчи ёки санъаткорга бағишланган махсус қомус яратиш учун, биринчидан, шу ёзувчи ёки санъаткор ўз халқининг миллий маданияти тарихида оламшумул ўзгаришларни амалга ошириб, жаҳон адабиёти ва санъати тараққиётига ҳам муайян ҳисса қўшган, иккинчидан, унинг адабий мероси тўла босилган ва энг муҳим асарлари бошқа тилларга ҳам таржима қилиниб, шу халқларнинг ҳам бадиий мулкига айланган, учинчидан, унинг ҳаёти ва ижоди мутахассислар томонидан чуқур ва ҳар томонлама ўрганилган бўлиши лозим. Абдулла Қодирийнинг ўзбек адабиёти тарихида тутган ўрни ва аҳамияти, асосий асарларининг нафақат барча туркий тилларга, балки рус ва немис тилларига ҳам таржима қилингани, ҳаёти, ижоди ва адабий мероси ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб шу кунга қадар изчил ўрганиб келинаётгани ҳам бизга бу улуғ адибга бағишланган махсус адабий қомусни яратиш имконини беради.
Шуни мамнуният билан қайд этиш лозимки, Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш ишини хатарли 30-йилларда устоз Ойбек бошлаб берган. Ундан кейин Иззат Султонов, Матёқуб Қўшжонов, Иброҳим Мирзаев, Умарали Норматов, Аҳмад Алиев, Собир Мирвалиев, Шерали Турдиев, Баҳодир Каримов, Алибой Қаҳрамонов, Хадича Лутфуллаева, Набижон Боқий сингари олим ва журналистлар, шунингдек, адибнинг фарзанд ва неваралари Ҳабибулла, Масъуд, Хондамир ва Шеркон Қодирийлар бу соҳада ибратли ишларни амалга оширдилар. Уларнинг фидокорона илмий ва тарғиботчилик фаолиятлари туфайли ўзбек адабиётшунослигида қодирийшунослик фан тармоғи юзага келди. Биз қодирийшунослик илмига катта ҳисса қўшган олим ва журналистларнинг давр пўртаналарида ўз қимматини йўқотмаган асарларидан баракали фойдаланиш ва улардан олинажак адабий-тарихий ва адабий-назарий лавҳаларни улар номи билан эълон қилиш ниятидамиз.
“Абдулла Қодирий қомуси” устидаги иш қодирийшуносларнинг тўнғич ва ўрта авлоди ҳаётни тарк этган, Умарали Норматов, Собир Мирвалиев сингари таниқли қодирийшунослар кексайган, қодирийшуносларнинг янги авлоди эса ҳали шаклланмаган бир вақтда бошланмоқдаки, бу ҳол фурсатнинг ғоят ғанимат эканлигига ишора бўлиб, ундан тез ва самарали фойдаланишни тақозо этади.
Ана шундай бир пайтда “Абдулла Қодирий қомуси” лойиҳаси ўз атрофига республикамиздаги барча илмий ва ижодий кучларни жалб этишни тақозо этади.
Абдулла Қодирий тарихнинг муайян даврида яшаган ва бадиий адабиётнинг асосан роман жанрида улкан ижодий ишларни амалга оширган бўлса ҳам, унинг икки буюк романи ҳалигача ўзбек китобхонларининг энг севимли асарлари ўлароқ ўқилиб, ардоқланиб келади. Абдулла Қодирийдан кейин роман жанрига мурожаат этган ёзувчилар эса унинг романнавислик анъаналарини давом эттириб ва имкон қадар ривожлантириб келмоқдалар. Адиб ва унинг “Ўткан кунлар” ҳамда “Меҳробдан чаён” романлари кино, театр ва тасвирий санъат намояндаларига ҳам илҳом бериб, улар ижодидаги муҳим йўналишлардан бирини ташкил этган. Бу йўналишнинг бош масаласи эса бадиий асарнинг кино, театр, музика ва тасвирий санъатдаги талқини масаласидир.
Юқоридаги фикрни хулосалаб айтиш мумкинки, Абдулла Қодирий ижодкор сифатида яшаб ўтган эмас, балки ҳозир ҳам барҳаёт, замонавий ўзбек адабиёти ва бошқа санъат турлари ривожига фаол таъсир кўрсатаётган адибдир. Шу маънода, “қомус” муаллифлари олдида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди мисолида ўзбек халқининг ХХ аср ва XXI аср бошидаги сиёсий, ижтимоий, адабий ва маданий тарихини яратишдек ўта мураккаб ва машаққатли вазифа туради.
“Абдулла Қодирий қомуси”нинг бош вазифаси адиб ҳаёти ва ижоди, у яшаб ижод қилган тарихий давр, шу даврдаги адабий-маданий жараён билан таништириш, адиб ижодининг умуминсоний ва умуммаданий аҳамиятга молик томонлари ва бадиий маҳорати “сир”ларини, адиб романларининг Ўрта Осиё халқлари адабиёти равнақига, хусусан, бу миллий адабиётларда роман жанрининг туғилишига кўрсатган таъсирини, адиб билан унинг устозлари, замондошлари ва издошлари ўртасидаги ижодий ришталарни ёритиб беришдан иборат.
Абдулла Қодирий қаламкаш биродарлари Фитрат, Чўлпон ва Ҳамза билан бирга янги ўзбек адабий тилига асос солди. Аммо шу билан бирга, адиб асарларида мумтоз ўзбек адабиёти тилига хос хусусиятлар оз эмас. Бу ҳол Абдулла Қодирий асарлари мисолида янги ўзбек адабий тилининг шаклланиш жараёнини кузатиш имконини беради. Адиб ижодининг шунга ўхшаш масалалари “Абдулла Қодирий қомуси”да адабиётшунослардан ташқари, тилшунос, фолклоршунос, санъатшунос, диншунос, файласуф ва этнограф олимларнинг ҳам иштирок этишини тақозо этади.
Шу вақтга қадар яратилган адабий қомусларда бўлганидек, “Абдулла Қодирий қомуси” асосан беш қисмдан: а) адиб ижодига бағишланган илмий-назарий, яъни таҳлилий мақолалар; б) адиб замондошлари, издошлари, тадқиқотчилари ва ҳоказолар ҳақидаги биографик мақолалар; в) адиб асарларида зикр қилинган тарихий шахслар, жой, асар, муассаса, меъморий обида, ўсимлик, кийим-кечак ва ҳоказолар ҳақидаги маълумотномалар; г) адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий адабиёт ҳамда адиб асарлари библиографияси; д) адиб асарлари тилининг частотали луғатидан ташкил топади. Шу беш қисмнинг дастлабки учтаси, ўз навбатида, бир неча қисмчаларга ажралиб, бу қисм ва қисмчаларда берилажак мақола ва материаллар китобхонларга адиб яшаган тарихий давр, унинг адабий муҳити ва замондошлари, шажараси, қариндош-уруғлари, бадиий олами, асарларининг қардош халқлар адабиётига кўрсатган таъсири ва ҳоказолар ҳақида малакали тасаввур беради. Умид қиламизки, “Абдулла Қодирий қомуси”нинг яратилиши маданий ҳаётимизда сезиларли воқеа бўлади.
Аммо бу шарафли лойиҳа қатнашчилари олдида ўта мураккаб вазифалар ва муаммолар борки, бу муаммоларни ҳам илмий жамоатчилик ёрдамида ҳал қилиш мумкин.
1.Энциклопедия (қомус) “жанр”ининг қонун-қоидаларига кўра, адибнинг ота-онаси, замондошлари, тадқиқотчилари ва бошқа шахсларга бағишланган мақолаларда уларнинг туғилган, вафот этган сана ва жойлари қайд этилиши лозим. Бахтга қарши, Абдулла Қодирийнинг аксар қариндош-уруғлари, маҳалладошлари, ёр-дўстлари, турли соҳаларга мансуб замондошларининг туғилган ва вафот этган саналарини аниқлаш осон эмас.
2.Абдулла Қодирий қаламига мансуб бирорта асар матни бизгача етиб келмагани учун (улар тинтув пайтида олиб кетилиб, куйдириб ташланган) уларни нашр нусхалари билан солиштириш имконияти йўқ. Аммо шу нарса аниқландики, адибнинг айрим асарлари дастлаб газета ёки журналда, кейин эса китоб шаклида нашр этилганида, маълум бир текстологик (матний) ўзгаришларга учраган. Бу ҳол “қомус”да адиб асарлари матни тарихини беришдан аввал жиддий текстологик (матний) тадқиқотлар олиб боришни тақозо этади.
3.Абдулла Қодирий машҳур ҳажвчи адиб сифатида 20 – 30-йилларда “Муштум” журналида кўплаб ҳажвий асарларни эълон қилган ва уларни турли тахаллуслар билан имзолаган. Адиб истифода этган тахаллусларнинг мавжуд рўйхатларини тўла ва аниқ дейиш қийин. Масалан, “Муштум” тахаллусидан 20-йилларда Қодирийнинг ҳам, Чўлпоннинг ҳам, Ғози Юнуснинг ҳам фойдалангани маълум. Бу ҳол “Муштум” журнали ва бошқа нашрларда эълон қилинган ҳамда адибга мансуб деб келинган ҳажвий асарларни услуб нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни талаб қилади.
4.Абдулла Қодирий аксар асарлари матнида тасвир этилган воқеа ёки шахсга оид фикр ёки маълумотдан ташқари бошқа пинҳона фикрлар қатлами йўқ эмас. Масалан, адиб ҳажвияларида кимнинг устидан кулиш эмас, балки кулги воситасида ифодаланган бошқа мақсад ҳам бўлиши табиий. Аммо бу ҳол кўпинча қодирийшунослар эътиборидан четда қолиб келган. “Қомус”да, катта ё кичиклигидан қатъий назар, адибнинг ҳар бир асари ҳақида таҳлилий мақола берилганида, шу асар замирида ётган тагмаънони, бадиий ният ва мақсадни илғаб олиш ва ёритиш лозим бўлади.
5.Илмий гуруҳ томонидан олиб борилаётган изланишлар шундан дарак берадики, хорижий архив, фонд ва кутубхоналарда Абдулла Қодирий ёки унинг асарларида тасвирланган тарихий воқеа ва шахсларга оид маълумотлар йўқ эмас. Аммо бу маълумотларнинг аксари инглиз тилида бўлгани сабабли, улар билан инглиззабон тарихчи ёки адабиётшунослар ёрдамида танишиб чиқиш ва зарур маълумотларни ўзбек тилига таржима қилинишига эришиш мақсадга мувофиқ.
6.Хорижий мамлакатларда эълон қилинган адабий энциклопедиялар фақат юксак полиграфик ижроси билангина эмас, балки иллюстратив материалларга бойлиги билан ҳам китобхонларни ҳайратга солади. Бизнинг санъаткорларимиз, хусусан, рассомларимиз ва ҳунармандларимизда ҳам Абдулла Қодирий ва унинг асарларига, умуман, ўзбек маданиятига шундай катта ҳурмат ва муҳаббатнинг санъат асари шаклида реаллашувини умид қилиб қоламиз.
Юқорида тилга олинган масалалар ижобий ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолардир. Шунинг учун ҳам биз, “Абдулла Қодирий қомуси” иштирокчилари, ўз зиммамиздаги мураккаб вазифани Қодирийга ихлосманд кишилар ёрдамида бажариш орзусидамиз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 21-сонидан олинди.