Виктор Гюго Францияда аслзода табақага мансуб бўлган хонадонда таваллуд топади. Унинг отаси Наполеон Бонапарт армиясида хизмат қилиб, генерал унвонига ҳам сазовор бўлганлигини Гюго биографлари ёзиб қолдирганлар. Гюголарнинг келиб чиқишларига оид архив ҳужжатларини кўп ва хўб титкилаган тарихчилар уларнинг асли йирик ер эгалари эканлигини ҳам аниқлаганлар. Хуллас, нима бўлмасин, олийнасаб бобокалонларию ҳарбий зот сифатида донг таратган қаттиққўл отасидан қатъи назар, Виктор Гюго ёзувчиликни танлади ва адашмади. Унинг адабиёт осмонидаги юлдузи ҳамон бутун инсониятга нур сочиб турибди.
Виктор Гюгонинг болалик ва ёшлик чоғлари асосан отаси хизмат қилиб ўтган мамлакатларда кечди. Генерал бир қанча вақт Мадридда яшаб, Испаниянинг учта вилоятини бошқариб турди, унвондор испан графига айланди. Унинг фарзандлари эса испан аслзодалари билан бирга мактабга қатнади. Испанияда кечган таҳсил йиллари ёш Гюго қалбида кўпам нурли таассуротлар қолдирмаган. Бу орада Францияда Наполеон тахтдан ағдарилади-ю Гюголар оиласи Парижга қайтишга мажбур бўлади. Болакай жуда ёшлигидан мустақил ўқиб-ўрганишга, мутолаага ружу қўйган эдики, мамлакатлар ва салтанатлар тарихи, халқлар адабиёти, тили, маданиятига оид ўша пайтлардаги қанақанги бадиий асар бўлса, илмий тадқиқот бўлса – булар бари ўспирин йигитчанинг мутолаа доирасини кенгайтириб, кўнгил хазинасига айланиб қолди. Бунинг устига, бу болакай қўлига қалам олиб ўзи ўқиб-ўрганган китобларга тақлидан адабиий-бадиий машқларни ҳам бошлаб юборди. Ҳар ҳолда китоб ўқиш, тарихий воқеаларга бадиий тус бериб тасвирлаш Гюго тимсолида оддий машғулотдан эндиликда ҳаётий заруратга айланиб улгурган эди. Шунинг учун ҳам отасининг ҳарбий соҳадаги парвози якун топиб, онаси вафот этган ўн саккиз-ўн тўққиз ёшар Виктор оила барбод бўлиб, ейиш-ичиш муаммолари умрига хавф сола бошлаган йилларда ҳам ёзувчилик, шоирлик машғулотларини тарк этмади.
Отаснинг Франция тараққиёти йўлидаги зобитлик хизматлари тахт эгаси Людовик XVIII томонидан эсга олиниб, оилага нафақа белгилангач, энди Виктор учун ҳам машқларини матбуотда эълон қилиш имконияти туғилади ва у йигирма ёшида илк шеърини чоп эттиришга муваффақ бўлади. Начора, ҳаёт қизиқ экан, Виктор энди уйланиб, оилавий турмушни йўлга қўяман деб турган пайтда янги бир машмаша чиқиб қолади – гап шундаки, у болалик пайтидан бирга ўйнаб-ўсган Адели Фуше исмли қизга уйланган эди, буни қарангки, ўзининг акаси Эжен ҳам мана шу қизни севаркан. Тўйда жанжал кўтарган Эжен Гюго орадан икки-уч кун ўтар-ўтмас…эсдан оғиб қолади.
1827 йилда Виктор Гюго “Кромвель” драмасини, 1830 йилда “Эрнини” драмасини эълон қилади ва энди унинг номи француз адабиётида порлаб турган юлдузлар – Шатобриан[1], де Виньи[2], Нодье[3], Готье[4], Ламартин[5] каби адабиёт наҳанглари қаторида тилга олина бошлайди. Гюгонинг ўша пайтларда ёзган ҳар бир асари – у хоҳ шеър, хоҳ драма, хоҳ тадқиқий асар бўлсин – талабчан француз ўқувчилари орасида тез тарқалиб, муаллиф жаҳоний шуҳратга ноил бўлди. Сабаби, ўша йилларда француз тили ҳам, адабиёти ҳам, маданияти ҳам жаҳон халқлари наздида илғор саналарди. Қарабсизки, ҳали ўттиз ёшнинг эшигини ҳам қоқиб улгурмаган йигит сал вақт ичида адабий даргоҳларнинг қадрли меҳмонига, мухлисларнинг севимли адибига айланди. Йўқ, ёш ижодкор бу мувафақиятлардан эсанкираб қолмади, ҳали ўзи ёзадиган асарлар, номини абадийликка муҳрлаб қўядиган романлар олдда кутаётганини юрак-юракдан ҳис қила олди, ўзини бутунлай ижод оламига урди. Нашриёт ходимлари ёш адибнинг истеъдодидан, қудратли қаламидан хабар топиб, Гюго билан шартномалар тузишга киришади.1831 йили Гюго қаламига мансуб “Париждаги Биби Марям ибодатхонаси” романи ёш ёзувчига улкан муваффақият келтирди. Орадан ўн йил ўтиб, ҳали 40 ёшга тўлмаган Виктор Гюго Франция академиясининг аъзолигига сайланади. 1845 йилда эса, сиёсат соҳаси ҳокимият тепасига келган Орлеан сулоласини қўллаб, Бурбонлардан воз кечгани учун у қиролликда пэр унвонини олишга ҳам муваффақ бўлади. Бундан кўринадики, Гюго халқ оммаси кайфиятини англаб етишда, уни ифодалашда ҳам яхшигина иқтидорга эга бўлган.
“Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” дейишади. Афтидан, мамлакатда бўлиб ўтаётган сиёсий, ижтимоий воқеликлар адиб сифатида катта шуҳрат қозонган Гюгонинг ҳам бошини айлантирган кўринади. 1848 йилги инқилоб тўс-тўполонларидан сўнг, у мамлакатда республикачилар ғояларини қўллаб-қувватлаб, ҳам маслаклари маслаҳатига кўра апрезидентлик сайловларида ўз номзодини олға суради. Декабрь ойида ҳукумат тепасига Луи Наполеон келгач, аввалига Гюго бу янги ҳукуматни қўллаб-қувватлайдию, бироқ кейинчалик ҳукмронлик қилувчи қўмита таркибидан ўзига ҳам ўрин тегмай қолганидан ўпкалаб, янги ҳукуматга қарши бўлиб олади. Ва ниҳоят, ижодкорлик билан сиёсат олами бошқа-бошқа нарсалар эканлигини тушунган Гюго 1851 йилги давлат тўнтаришидан сўнг (Луи Наполеон ўзини император деб эълон қилгач), адиб Францияни тарк этишга, Ла-Манш бўғозидаги Англияга қарашли француз тилли аҳоли яшайдиган оролда яшашга мажбур бўлади. Бу сургун қарийб йигирма йил давом этди. Ёзувчи ҳатто ўзига нисбатан эълон қилинган авф этиш фармони – амнистияни ҳам қабул қилмади. 1862 йилда у ўзининг “Хўрланганлар” романини ёзиб тугатади.
Орадан йиллар ўтаверди. Францияда “Учинчи республика” даври бошлангандан сўнггина (1870 йиллар) Гюго ўз ватанига, қадрдон Парижга қайтиб келди. Унинг қайтишини бутун мамлакат олқишлар билан кутиб олди. У келиши биланоқ ҳукумат таркибидаги қонунчилик органида иш бошлади. Янада янги куч-қувват, шиддат билан ижодини давом эттирди.У энди яна қадрдон мухлислари, халқи, ўзи севган демократик ғояларга содиқ фуқаролар орасида эди. Гюго озод Франциянинг янада гуллаб яшнаши, тараққий этиши, дунёда илғор ўринлардан бирини эгаллаши йўлида етса истеъдоди билан, етмаса жони билан тўлиб-тошиб меҳнат қилди, шеърлар, драмалар, романлар, адабий публицистик мақолалар ёзди. Вафотидан сўнг (1885) Париждаги Пантеон мозорига – Франция учун унутилмас хизматлар қилиб кетган улуғ шахслар дафн этиладиган қабристонга иззат-икром билан дафн этилди.Унинг дафн этилиш куни бутун мамлакат ҳудудида мотам куни деб эълон қилинди.
У жуда сермаҳсул адиб эди, унинг вафотидан сўнг нашр этилган асарларининг тўплами жами 90 жилдни ташкил этди. Кўплаб энг машҳур асарлари дунёнинг деярли барча тилларига таржима қилиниб, жаҳон халқлари маънавиятининг олтин хазинасига айланди.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон
____________________
[1] Франсуа Рене де Шатобриан (1768-1848) атоқли француз адиби.
[2] Альфред Виктор де Виньи (1797-1863) – шоир, драматург, таржимон, романнавис.
[3] Шарль Нодье (1780-1844) – романнавис.
[4] Теофиль Готье (1811-1872) – атоқли адиб.
[5] Альфонс Мари Луи де Ламартин (1790-1869) – шоир ва публицист. Юқоридагиларнинг бари ўша даврда ном таратган ижодкорлар бўлишган.