Бадиий асарни англаб етиш, тушуниш, ўрганиш, таҳлил ва таржима қилишда инсон ўз тафаккури савиясига мувофиқ турли усул, услуб ва методларга таянади. Таржиманинг тўлақонли чиқиши асарнинг барча қирраларини шакллантириш орқали амалга ошишини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Мен бу ўринда бадиий асарни руҳий-психологик нуқтаи назардан ўзлаштириш, ўрганиш ва асарни тўлақонли ҳазм қилиш борасида зарур бўлган айрим жиҳатларга эътибор қаратмоқчиман. Ваҳоланки, асарни сўзсиз, овозсиз тушуниш, ҳис қилиш, бошқача айтганда, асарни руҳий-психологик эгаллашнинг ўзига хос имкониятлари ҳам бор. Фақатгина ҳис қилинган ҳолатни тасаввур орқали идрок этишнинг ўзи инсон психологик фаолияти мислсиз имкониятларга эгалигини билдиради.
Тасаввур, ҳиссиёт, фаҳмлаш, туйғу… булар – бадиий асарни борлиқнинг умумпарадоксал акси сифатида тўлақонли тушунишнинг турли вариантли босқичлари бўлиб, ҳар хил шаклларда психофизиологик жараёнлар билан амалга ошади. Биз бу ўринда санъат ёки сўз санъати намунасини борлиқ, жамият, инсон ҳамда унинг менталитети билан боғлиқ ҳолда тушуниш аспектлари ҳақида фикр юритамиз. Бу ҳолат ёки ҳодисани бир томондан тушуниш, иккинчи томондан эса, таржима ёки талқин (интерпретация) деб ҳам аташ мумкин. Асарга борлиқнинг хусусий бир инъикоси сифатида қарар эканмиз, индивидуал инсон психологик дунёсига дуч келамиз ва аввало, уни етарлича ўзлаштириш зарур бўлади. Бу эса, тушуниш орқали юз беради. Тушуниш жараёни бўлса, герменевтик методнинг асоси ҳисобланади.
Герменевтик метод илдизлари антик маданият даврига бориб тақалади. Европада бу фан милоддан аввалги 3000 йилда пайдо бўлган. Унинг бош вазифаси ўзга тилдаги фикрларни тушунтириш-шарҳлашга асосланган эди. Герменевтика (юн. hermeneutica – тушунтираман, изоҳлайман маъносида) фани ХХ аср ўрталарида экзегетика (юн. exegetike – шарҳлаш ҳақидаги таълимот)га ўрин бўшатиб берган. Герменевтика, аввало (кўп ҳолларда эскирган, дастлабки маънолари турли ўзгаришларга учраган) матнларнинг бирламчи маъноларини тиклашга қаратилган таълимот эди. Қадимий матнларнинг дастлабки маънолари давр ўтиши билан ўзгаришларга учрайди ёки етарли даражада эътибор берилмаганлиги сабабли шаклан шикастланади ҳамда тўлақонли ўқиб ўрганиш ва тушуниш имконияти йўқолади. Мана шундай моҳияти ўзгарган матнларни тилнинг лексик-грамматик имкониятлари орқали тадқиқдан ўтказиб, дастлабки маъносини тиклашга қаратилган фан герменевтика демакдир. XXI аср бошларида бу фанга янгича ракурсдан қарашлар бошланди.
Герменевтик метод замирида тушуниш жараёни ётар экан, шу ўринда тушуниш жараёнининг ўзи нима ва у қандай юз беради, нимани қандай тушуниш керак, деган савол туғилади. Герменевтика улкан ҳақиқатни, шу қадар улканки, инсон изми ва ҳаттоки, фаришта ва пайғамбарлар измидан ҳам юқори бўлган улкан ҳақиқатни тушуниш жараёнини шакллантирадиган фан ёки метод. Борлиқни ўрганиш аслида фалсафанинг вазифаси. Фалсафа борлиқнинг яратилиш қонун-қоидалари тизимини яратади, тизимлаштиради ва изоҳлайди. Герменевтика эса, мана шу тизимнинг муттасиллигини тушунишга ёрдам беради. Борлиқ инсон измидан ташқарида экан, ундаги воқеа-ҳодисалар ҳам инсон измида эмас. Қолаверса, ҳатто жамиятда ҳам ҳамма нарса инсон хоҳиш-истаги билан юз беравермайди. Биз буни тушуниш учун герменевтик метод қоидаларидан фойдаланамиз. Айнан шу ҳолат уни онтологик фанларга яқинлаштиради. Бироқ герменевтика онтологик фан эмас, у фақат метод холос, биз юқорида айтиб ўтган фалсафий муаммони ечишнинг йўлларини ўрганиш ва ўргатишга қаратилган метод.
Шу кунга қадар герменевтикага мурожаат қилган олимлар уни дастлаб диний фалсафа доирасида пайдо бўлганлиги ва диний асарлар тафсирига қаратилгалигини қайта-қайта такрорлайдилар. Борлиқ яратилишда Улуғ зот ғоясидан пайдо бўлган, деган диний қараш устунлигини эътиборга олсак, бу ерда ҳеч қандай тушунмовчилик ёки икки хил фикрлашга ўрин йўқ. Кейинчалик, герменевтика жамиятнинг турли соҳаларида турлича қўлланадиган бўлиб қолди; хусусан, диний, ҳуқуқий, ижтимоий ва санъат герменевтикаси каби. Бизнинг тадқиқот мавзуси бўлган адабий герменевтика санъат герменевтикаси доирасида ўрганилади. Зотан, борлиқни поэтик (бадиий) қабул қилиш хоҳ тош, бўёқ, сопол, ёғоч ёки сўз орқали бўлсин, барибир санъат доирасига киради. Санъат борлиқни психологик қабул қилишда тасаввурга асосланади. Биз тасаввур орқали нафақат борлиқ ва ундаги мувозанатни, балки инсон ва табиат ички дунёсидаги уйғунликни ўрганамиз.
Герменевтика бадиий асарни ўрганишга методик ёндашув доирасида бу жараённинг муттасил динамикасини таъминлайди. Тушуниш бир томондан олиб қаралганда, интеллектуал ҳаёт учун ҳеч қандай муаммо туғдирмайдиган ҳодиса, ваҳоланки, асарни тушуниш, унинг мундарижасини эгаллаш тил билган одам учун ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайдиган жараёндек туюлади. Аммо бу шунчаки, юзаки ҳолат, холос.
Аслида матнни, бадиий асарни тушуниш, уни эгаллаш, ҳазм қилиш жуда катта руҳий-психологик фаолият билан юзага чиқади: чунки ҳар бир инсон ўзга бир олам, унинг ўзига хос ички дунёси бор. Мана шу дунё бадиий асардаги образли тушунчалар воситаси орқали озиқланади. Мавжуд дунё асардаги образли дунё элементлари билан бойитилади. Шундоқ экан, биз бадиий асар таҳлилида фақатгина ижодкор менталитети билан чегараланиб қолмаслигимиз даркор, чунки образли тасаввур, образли дунё бадиий асар яратилган ва у ўқилиши лозим бўлган жамият аъзоларининг руҳий-психологик тайёргарлигига ҳам боғлиқ. Биз бутун бошли жамият менталитети ҳақида фикр юритганимизда шуни назарда тутамизки, унда фақат ижодкорнинггина эмас, балки иккинчи бир одам, яъни ўқувчи-китобхон менталитети ҳам муҳим. Асар муаллифи билан ўқувчи ўртасидаги фикрлаш қобилияти жараёнининг ўзаро яқин руҳий-психологик, маънавий-маърифий уйғунлиги конгениаллик деб аталади (Словарь иностранных слов. – Москва: Русский язык, 1983. – С. 243.). Худди шу ўринда ўқувчи-китобхонга хос хусусиятларни аниқлашда бизга герменевтика ёрдам беради.
Герменевтик методда Шлейермахер икки аспектни ажратиб кўрсатган: лингвистик аспект ва психологик аспект. Буларнинг биринчисида асарнинг мундарижасини ташкил этган сўзларнинг грамматик, лексик-семантик имкониятлари асосида яратилган мазмун, моҳият, воқеа-ҳодиса, сюжетнинг бирламчи мазмуни етакчи ҳисобланади. Яъни сўзларнинг луғавий-грамматик маъноларига таянилади ҳамда шулар воситасида маълум бир воқеа-ҳодиса инъикоси яратади. Бу оддий ҳолат. Биз учун муҳими эса, асар матнининг мана шу бирламчи мазмунига таянилган ҳолда ундан янги турли мазмун ва маъно, сюжетлар, бошқача қилиб айтганда, янги воқеа-ҳодисалар дунёсини яратиш, фантазия қилиш имкониятини шакллантира олиш муаммоси. Бундай таҳлил психологик аспект деб номланади. Бундай тушуниш ҳам ўз ўрнида бир қанча метод ва усулларга таянади:
- Силлогизм, яъни воқеа-ҳодисалар шаклланишини индуктив ва дедуктив методда ўрганиш ёки бутуннинг қисмга, қисмнинг бутунга муносабатини шакллантириш;
- Трансформация, яъни воқеа-ҳодисаларни руҳий-психологик аспектда бир жараёндан иккинчисига кўчириш: ривоят қилинган асар сюжетини китобхон тасаввурида турли шароит ва образлар иштирокида турли мазмун, турли макон ва замонда шакллантириш (бу ўринда бутун адабиёт борлиқни масал сифатида тақдим қилиши боис бадиий асар ривоят сифатида қаралади, ундаги макон, замон, антропономик чегаралар йўқолади ҳамда инсонга руҳан борлиқнинг ёлғиз кузатувчиси ва яратувчиси статусига чиқа олиш имконияти яратилади);
- Тасаввур, яъни асардаги воқеа-ҳодисаларни тасаввурда яратиш, кўриш, шакллантириш: мавҳумлаштириш орқали бадиий асардаги конкрет борлиқни асар воқеалар тизимини тасаввурга кўчириш ва уни ўз тасаввурида ички дунёсига айлантириш.
Бу методларнинг биринчисида биз барча асарлардаги катта ёки кичик воқеаларнинг умумий ёхуд хусусий бирлигини тушунамиз. Ҳар бир асардаги хусусий воқеа-ҳодиса бир томондан улкан ва чексиз борлиқнинг бир кўриниши бўлса, иккинчи томондан ўзига хос бир дунё. Уларнинг ўрни ва аҳамияти энг аввало ўзлари учун муҳим, чунки биз, яъни жамиятнинг бошқа аъзолари уларнинг борлиги ва фаолиятини кўпинча сезмай ҳам қоламиз. Асарни ўқиш жараёнида ўқувчи учун ҳаёт, борлиқ, бутун жамият фақат шу қаҳрамонларнинг атрофида мужассамлашгандай бўлади.
Бу борада когнитив тилшунослик илмида ҳам маълум фикрлар илгари сурилган: “Билиш методларини танлашда бирини иккинчисига (масалан индукцияни дедукцияга) қарама қарши қўйиш нотўғри. Бинобарин, яхлитлик ва яккалик муносабатини олсак, бунда билиш жараёнининг йўналиши фақатгина яхлитдан яккаликка (индуктив) ёки аксинча, яккадан яхлитга йўналтирилса, кутилган натижага эришиш амри маҳол. Файласуфларнинг таъбирича, индукция ва дедукция тафаккур ҳаракатининг мустақил шакллари бўлишига қарамасдан, улар доимо жонли алоқада” (Сафаров Ш. Когнитив тилшунослик. – Жиззах, 2006. – Б. 48.).
Бу ўринда тақдим қилинган билиш методи борлиқни рационал ўзлаштиришга қаратилган. Герменевтик тушуниш эса, уни бадиий – сентиментал тушуниш категорияси сифатида қабул қилади. “Герменевтика бу – энг аввало тушуниш санъатининг амалда қўлланилиши демакдир… ва бу ўринда туйғунинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаш зарур” (Hans-Georg Gadamer. “Reflections on My Philosophical Journey” in The Philosophy of Hans-Georg Gadamer, ed Lewis Edwin Hahn. – Chicago and La Salle, Open Court, 1977. – P.33. Яна қаранг: Тисельтон Э. Герменевтика. – Минск, 2008. – С.8.).
Бундай тушунишда бадиий образлар бутун жамиятни ўраб турган муҳитни бошқарадилар. Китобхон учун мутолаа жараёнида ўша муҳит руҳан ягона жараён бўлиб туюлади. Масалан, Чингиз Айтматовдаги Жамила, Дониёр, “Чолиқуши”даги Фериде тақдири ўша асар доирасида этимон, ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Аслида эса, реалликда, уларни ўраб турган жамиятда улар ҳаёти сезилмасдан, тинч ва осойишта, ортиқча шовқин-суронларсиз кечади. Бироқ ўқувчи тасаввурида улар бутун инсоният тақдирида улкан бурилиш ясаётган сиймолардек, бутун жамият фаолияти уларнинг атрофида уюшгандек бўлиб кўринади. Уларнинг атрофидаги ҳаёт улар учун тўлақонли бўлса, бутун жамият учун умумий ҳаётнинг битта занжири, холос. Бироқ жамият ва умуман борлиқнинг ўзи мана шундай занжирлардан иборат эканлиги уларнинг тақдири тўғрисидаги сюжетни умумбашарий ҳаётнинг кўриниши сифатида тасаввур қилишимизга имкон беради.
Бадиий асар мазмуни ва сюжетини трансформация қилиш жараёнида биз бутунлай бегона инсон тақдирини асардан олиб ўз тақдиримизга айлантирамиз, яъни бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисалар худди биз билан, китобхон билан юз бераётгандек кўринади. Худди шу асосда асар сюжетини ўз тақдиримизга трансформация қиламиз. Асар ичида, унинг воқеа-ҳодисалари ичида яшаётгандек, тасаввур қиламиз. Бундай тасаввурни бизга руҳий-психологик трансформация тақдим қилади.Бунда бир хил воқеалар жўнлашади, бошқалари эса глобаллашади. Юракда жўш ураётган ҳис-туйғулар умумфазовий глобал муаммо бўлиб кўринади, ҳар бир ишимиз, ҳар бир қилмишимиз учун бутун инсоният олдида ўзимизни масъул сезамиз. Бинобарин, жамиятга зид ишларни қилмасликка интиламиз, ўзимизни руҳан улкан тақдирга тайёрлаймиз. Бундай трансформация ўқувчи-китобхонда ижодийликни яратади, такомиллаштиради, уни руҳан чиниқтиради. Натижада буюк адабий асарлар ҳар бир инсон тасаввурида янги сюжет ҳолатида акс этади.
Трансформация иқтидорли одамлар фаолияти ва тақдири учун энг муҳим ҳодиса бўлиб кўринади. Зеро, “Жўшқин хаёлот эгалари ҳеч қачон ҳеч нарсани хотирлаб қололмайдилар. Эҳтирослар, иштиёқлар, айниқса, ушалмай қолган ёки намоён бўлмаган орзулар, тушлар, тимсоллар, қилиқлар, хавотирлар, уят туйғуси, хуллас, ҳар бир одам ўз ёлғизлигини нима билан тўлдирса, шуларнинг ҳаммаси санъаткор учун унинг ижодий лабораторияси бўлиб хизмат қилади” (Парандовский Ян. Сўз кимёси // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. – Тошкент: Маънавият, 2010. – Б. 293). Трансформация жараёни алоҳида салоҳиятга эга одамлар томонидан кенг ва мазмундор ҳолатда амалга оширилади, зеро, ижодкорлик айнан мана шундай жараённи талаб қилади: “Гётенинг чинакам ижодкорда дунёни билиш туғма ва ҳар гал унинг олдига қўйилган вазифаларни уддаламоқ учун унга шахсий тажрибанинг хожати йўқ, дейишга ҳаққи бор эди”.
Тасаввур категорияси герменевтик тушунишда ижодий фантазиянинг базиси бўлиб хизмат қилади. Унда ўзимиз учун ҳар бир асар доирасида ҳар бир қаҳрамон ва ҳар бир ҳодиса борасида алоҳида тасаввур ёки тасаввурлар тизимини яратамиз. Шу тизим орқали улар устидан ҳукм чиқарамиз, уларни ўз дунёмиз мулкига айлантирамиз. Албатта, тасаввур баркамоллиги ижодкорнинг ўзига хосликлари билан чамбарчас боғлиқ. Унга Яратган томонидан берилган алоҳида истеъдод, қобилияти баробарида бадиий-эстетик дунёқарашини шакллантирган ҳаётий тажрибаси, инсоний фазилатлари ҳам муҳим роль ўйнайди.
“Ҳаёт уларнинг характерини шакллантирган. Иродаларини, қалбларини, ақл-заковатларини тоблаган, ўпкаларини тоза ҳавога тўлдирган, айнишларига, мункиллаб қолишларига йўл қўймаган, тажриба билан бойитган, одамлар ҳақида, олам тўғрисида билим берган. Аввало инсон бўлмоқ керак, кейин санъаткор бўласан – бу фикрни баъзилар баланд овозда баралла айтишган, бошқалар эса, ўз ҳаётларидан мисоллар келтириб, уни ҳеч қандай шубҳа туғдирмайдиган ҳақиқат эканини тасдиқлаш билан чекланишган. Маълумки, Диккенс, Хамсун, Пеймонт, Конрад, Горький ҳаётда хилма-хил машаққатларни кўрганлар, унинг турфа ранг синовларига дош беришга мажбур бўлганлар. Хўш, мана шу машаққатлар ва синовлар уларнинг ижоди учун жуда қимматли материал берган эмас, деб ким айта олади? Уитмендан то бугунга қадар бутун Америка адабиёти ҳаддан ташқари ғайриоддий йўллардан ўтиб келган одамлар томонидан яратилгандир. Улар шахсий ҳаётларида шунақа ишларни ва шароитларни кўрганларки, бунақасини бошқа мамлакатлардаги кўпгина ёзувчилар ҳатто тушларида ҳам кўрган эмас. Улар ўз фаолиятлари билан ўз асарлари учун хомашё барпо этишган” (Парандовский Ян. Сўз кимёси // Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида. – Тошкент: Маънавият, 2010. – Б. 291).
Бу ўриндаги яна бир муҳим ҳолат бу – фантазия. Юқори савиядаги асарлар фантазия учун материал беради. Шу сабабли асар таъсирида ўз яратган дунёмизда ўзимиз ҳукмронлик қиламиз, ўзимиз яратамиз, ўзимиз йўққа чиқарамиз. Бунда китобхон ўзини юқори инсоний фазилатлар соҳиби сифатида кўришга интилади. Чунки унинг ночор бўлса-да мавжуд тажрибаси шуни кўрсатадики, жамият эътибори, иззат-ҳурмати марказида айнан шундай одамлар туради. Бундай руҳий-психологик жараён инсонни қалбан, руҳан покланишга олиб келади.
Ижодкорнинг реал борлиқдаги юриш-туриши унинг кимлигини кўрсатмайди. Одамларнинг асл қиёфаси уларнинг ниятида акс этади. Улуғ бир аллома айтганидек, “тил инсониятга унинг асл мақсадини яшириш учун берилган”, холос. Асарда акс этган алоҳида дунё биз учун идеал дунёга айланади. Биз ўзимизни айнан ўша дунёдагина бахтли ҳис қиламиз. Биз мутолаа жараёнида руҳланамиз, илҳомланамиз ва ўз-ўзимиздан буюк ишларга чоғланамиз, зеро биламизки, “Ғоянинг улуғ қўнғироғига занг уриш вақти келди”. Айнан шу ҳолатни Аристотель катарсис деб атаган эди.
Баъзи олимларимиз лирик асарлар герменевтик таҳлил учун материал бера олмайди; герменевтика фақат йирик эпик асарларда борлиқ манзарасини яратишга мўлжалланган, шунинг учун лирик асарлардаги воқеа ёки ҳолат кўлами бундай метод учун асос бўла олмайди, деган фикр билдирадилар. Кейинги вақтда герменевтика борасида яратилган асарлар бундай қарашларнинг нотўғрилигини исботлади (Тисельтон Э. Герменевтика. – Черкассы, 2011. – С. 430.). Ҳар қандай герменевтика етук тугалланган асарга таянади, бу аниқ. Бироқ лирик асарларни тугалланмаган дейиш муаммоси мунозарали ва шубҳали.
Лирик асарларнинг ҳажман кичик эканлиги уларни тугалланмаган асар дейишга асос бермайди. Санъат асари ўзи қаламга олган мавзуни тўлақонли очиб бериши шарт эмас. У шунинг учун ҳам санъат асарики, унда воқеа-ҳодисаларнинг умумий мазмун-мантиғига фақат ишора билан, аллегорик тарзда ҳавола қилинади. Ваҳоланки, санъат асари мазмун ва мантиқ билан таъминланиши ҳам шарт эмас, чунки лирик асар оний руҳий-психологик экстазнинг маҳсули, ундан қандай маъно-мазмун олиш ёки уни қандай истифода қилиш ҳар бир кишининг ўз шахсига боғлиқ Биз бу ўринда юқоридаги силлогизм методини ёдга олишимиз лозим. Ундаги индукция ва дедукция бизнинг фантазиямизга илҳом беради, макон яратади. Лирик асар эса бундай фантазиянинг шаклланишига хамиртуруш вазифасини ўтайди. Афоризмга айланиб кетган боқий мисраларнинг улкан маънолар уммони ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Лирик асарлар – инсон қалбининг мўъжаз манзаралари. Ўқувчи асар мутолааси давомида янги манзараларни кашф этаркан ҳайратланади, эҳтирослар дунёсига ғарқ бўлади, тафаккурнинг янги сарҳадларига чиқиб боради. Худди шу ҳолат унга янги фантазия учун илҳом беради. Бу ўринда юксак маҳорат билан яратилган Навоий ғазаллари, Умар Хайём рубоийлари, Шекспир сонетлари, Чўлпон шеърларининг тугалланган асар эканлиги ҳеч кимда шубҳа туғдирмаса керак. Уларнинг ҳар бири оригинал қалб манзараси эканлиги аниқ ва тан олинган ҳолат.
Ҳар бир инсон тақдир қилинган ҳаётни яшаб ўтади. Фақатгина яхши хулқ, одоб ва эзгу ишлар туфайли умр мазмунини ўз фойдасига ҳал қилиши мумкин. Бу борада дин фалсафаси беқиёс адабиётлар хазинасини яратган. Аммо яна биз ҳали тушуниб етмаган шундай ҳолатлар борки, улар фақат ёлғиз Яратганнинг ўзигагина аён. Турли тақдир йўлларида айрим инсонлар ўзлари билмаган ҳолда борлиқнинг янги рангларини кашф қиладилар, бу кашфиётни ҳис қилганларида ўзларини даҳо деб ўйлайдилар ва ўзларини улкан ҳаётга чоғлайдилар. Бироқ тан олишимиз керакки, ҳар бир инсон фақат тақдир қилинган ҳаётни яшайди. Унинг зиммасига тасаввуримиздаги ёки ўзимизга тақдир қилинган вазифаларни юклаб қўйишга ҳақсизмиз. Жамиятнинг турли жабҳаларидаги аксар келишмовчилик мана шундай оддий ҳақиқатни тушунмаслик оқибатида келиб чиқади. Ҳар бир инсон тирик сайёра: унинг ўз ҳақиқати, ўз замини, ўрмонлари, дарё, кўл ва денгизлари бор. Унга вазифа тайинлашда айни шу ҳолни назардан четда қолдирмаслик керак.
Бадиий адабиётда бу ҳолатни анча мураккаб руҳий-психологик манзарада кўрамиз. Тақдим қилинган бадиий асар намунаси бу – алоҳида ўз дунёқарашига эга бўлган истеъдод соҳибининг бизга ғойибдан олиб келган дунёси. Асар бизнинг руҳий-психологик тайёргарлигимиз, содда тил билан айтганда, эс-ҳуш, ақл-заковатимиз доирасида руҳимизда акс этади ҳамда руҳан таржима қилинади. Бадиий асарнинг сўзсиз таржимаси деганда биз айнан шу ҳолатни назарда тутамиз.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 4-сон