Модернизм Ғарбий Европа адабиётида XIX аср охири ва XX аср бошларида саҳнага чиқди. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, модернизм – бу замонавий санъат ва адабиётдаги янги услубий таълимот бўлиб, “модерн” (modern) сўзининг ўзи ҳам “янги”, “замонавий” маъноларини англатади. Унинг адабиёт ва санъатда намоён бўлиши асло тасодифий эмасди. Таъкидлаш жоизки, XX аср боши фалсафасида пессимизм, иррационализм ва индивидуализм каби йўналишлар устунлик қила бошлади. Дунёга янгича қараш, ҳар доимгидек, файласуф ва ёзувчилар зиммасига тушди. Машҳур файласуф ва адиб, Нобель мукофоти лауреати (1927) Анри Бергсон (1859–1941) ўзининг психологик-фалсафий назариясида инсон ақлга эмас, балки ички ҳиссиётга таянган ҳолда мушоҳада қила олсагина, ҳодисалар табиатини тушуна олиши мумкинлигини асослаб берди. Яъни, кенг маънода дунёни билиш назариясини тушунишда ва тор маънода бадиий ижоднинг ўзига хос хусусиятларини англашда ақл-идрок эмас, балки ҳис-туйғу катта аҳамият касб этади, деган таълимотни илгари сурди.
XX асрнинг яна бир машҳур файласуфи Зигмунд Фрейд (1856–1939) эса инсонда ҳамма нарса ақл-идрокка бўйсунавермайди, дея таъкидлаш билан у инсон психологияси – кенг маънода киши онгида объектив воқеаларнинг акс эттирилишидан ҳосил бўладиган руҳий кечинмалар мажмуи бўлса, тор маънода руҳий ҳолатнинг яширин жиҳатлари, кўпчилик билмайдиган қирраларини очиб берди; аниқроғи, кўнгилнинг ноёб сирларини психоанализнинг универсал схемалари тилига ўгирди, дейиш мумкин. Унинг ҳамкасби ва сафдоши Карл Густав Юнг (1875–1961) бу йўлни давом эттириб, инсон психологиясига “жамоавий онгсизлик” (онг қаъридаги қатлам) тушунчасини киритди. Жамоавий онгсизликнинг ўзига хос хусусияти унинг универсаллиги, яъни ҳаммага бир хил тааллуқлилиги, ҳамма одамлар учун умумий бўлганлигидадир. Юнг фикрича, психика ниманингдир ёки кимнингдир ҳосиласи эмас, аксинча, у бирламчидир ва инсон борлиғини аниқлаб берувчи асосий фан ҳисобланади. Жамоавий онгсизлик инсон онгининг бошланғич (дастлабки) ҳолати, унинг ўзига хос хусусияти, барчага баравар тааллуқлилиги, айнан ўхшашлиги ҳамдир. Яъни жамоавий психикани тушуниб етмоқ учун бутун тирик мавжудотнинг бир-бирига айнан ўхшашлик жиҳатларини ҳис қила билмоқ зарур. Шундай экан, дунёни ўрганаётган, тадқиқ қилаётган одам, авваламбор, тадқиқот объектига ўз онг-шуурини, ақл-идрокини, ҳис-туйғуларини қўшиши лозим. Таажжубланарли томони, аслида, илмий ходимлар эмас, балки адабиёт ва санъат аҳли янгича дунёқараш дастурларида туб ўзгаришларни илк бор пайқаб олдилар. Юнг фикрича, бошқаларга қараганда адабиёт ва санъат дарғалари жамоавий онгсизлик оқимидаги жузъий, аммо кўзга ташланавермайдиган ўзгаришларни зийраклик билан пайқадилар ва кейинчалик ўз ижодларида буни акс эттирдилар. Айнан ижод аҳлининг ушбу ижобий хислатлари туфайли XX асрнинг янги оқимлари, янги ғоя ва мавзулари, янгича тафаккур ва ёндашишлари дастлаб адабиёт ва санъатда, кейинчалик эса илм-фан ва ижтимоий ҳаётда ўз аксини топди. Натижада адабиёт ва санъат аҳли ўз даври руҳини ифода этувчи воситага айланди.
XX аср адабиёти ва санъатидаги йўналишларнинг кўпчилигига, хусусан, экспрессионизм, сюрреализм, “янги роман”, “онг оқими”, “абсурд театри”га шахсдаги шизофрения, яъни ирода ва ихтиёрни намоён қилишнинг сусайиши, психика яхлитлигининг парчаланиб кетиши аломатлари, тушкунлик кайфияти, руҳий ва ҳиссий депрессия ҳолатлари восита объекти тарзида хизмат қилди.
Кўриб турганимиздек, жамоавий онгсизликнинг отилиб юзага чиқиши дастлаб адабиёт ва санъат соҳасида рўй берди. Бу базисда турли-туман ва ранг-баранг оқимлар мажмуи сифатида намоён бўлган модернизм ушбу оқимларнинг бадиий услуби тарзида мустаҳкам ўрин эгаллади. Модернизм адабиётда реал воқеликнинг кескин суръатда ўзгариши ёки ўзгартирилишига кенг йўл очиб берди, кези келганда объектив воқеликни бутунлай рад этди. Бунинг ўрнига у ақл-идрокка асосланмаган ҳолда яратилган дағал ва мантиқсиз, иррационал ва нореал сюжетларга сайқал бериш, уларга гўзаллик, нафосат ва бадиийлик бағишлаш тамойилларига асосланган янги реал воқеликни кашф қилди. Модернизм санъат асарларининг қадр-қимматини ҳаёт билан ҳеч қандай алоқаси йўқ тарзда, ҳаётдан ташқари деб эълон қиларкан: “Санъат санъат учун” шиори унинг байроғига айланди. Бундан ташқари, модернизм тарафдорлари, мазкур услуб ҳомийлари бошқа санъат асарларига, биринчи навбатда, анъанавий санъат асарларига ҳажвий ёки ҳазил тариқасида тақлид қилишга ўтдилар. Юқорида таъкидланганидек, жамоавий онгсизликка мурожаат қилиш, бутун диққат-эътиборни унга қаратиш модернизмнинг асл моҳиятини, туб мазмунини ташкил қилган эди. Демак, ўзига хос бадиий услуб, бутун бир адабий оқим сифатида намоён бўлган модернизм ўзининг майдонга келишида энг аввало декадансга (реал ҳаётдан юз ўгириш, объектив воқеликни рад қилиш, ижтимоий муаммоларни қабул қилмаслик ва ҳоказо), шунингдек, узоқ ва яқин ўтмиш мерос билан узил-кесил алоқасини узган, анъанавий санъатдан йироқ бўлган асарларни яратишга даъват этувчи авангардизмга сажда қилиши жоиздир. Ўз ўрнида авангардизм Ғарбий Европа эстетик назарияларига, яъни санъат ва адабиётдаги нафосат, гўзаллик ва бадиийлик тамойилларига асосланган дунёқарашлар негизида пайдо бўлган эди.
Декаданснинг юзага келиши эса, бутун Европа маданияти тарихида муҳим омил бўлиб хизмат қилди. XX аср бошида жамият таназзулга юз тутган ҳолатлар, ижтимоий инқироз жараёнлари замонавийликни, айнан бугунги кунни тўғри идрок қилишни, тушуниш ва англашни шакллантирди, инсоний дунёқарашлар ҳамда ҳаётни ҳис этиш имкониятларини юзага чиқарди. Кишилар ақли ҳамда руҳиятида чуқур ва кескин ўзгаришлар рўй берди. Бу ўзгаришлар аввало Ғарб шеъриятида (Гийом Аполлинер, Эзра Паунд, Пол Элюар ва бошқалар) ўз аксини топди. Улар биринчи бўлиб нафис лирика тили орқали тобора яқинлашиб келаётган инқирозни, тушкунлик қайфиятини ифода этдилар, ўз онгида унинг аломатларини сездилар.
Декаданс таҳлилини XX аср бошида яратилган реализм руҳидаги проза асарларида ҳам кўриш мумкин эди. Томас Манн қаламига мансуб “Доктор Фаустус”, Максим Горькийнинг “Клим Самгиннинг ҳаёти”, Ромен Ролланнинг “Жан-Кристоф” сингари романлари шулар сирасидан бўлиб, ўзларида яхлит ҳолдаги маънавий дунёқарашлар мажмуини мужассамлантирган бўлсалар-да, декаданс каби маънавий ва руҳий ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни четда қолдирмасдан, реал тасвирлаб бердилар.
Хуллас, модернизм – умумий дунёқарашга эга бўлган бир қатор адабиёт ва санъат йўналишлари мажмуаси бўлиб, у ҳамма кўникиб қолган, анъанавий тус олган бадиий образларнинг айрим ижобий ва салбий хислатларини алоҳида ажратиб таърифлаган ҳолда, қолган жиҳатларни қисмларга бўлиб ташлади. Масалан, санъаткорнинг бевосита образ мазмунига, унинг асл моҳиятига меъёридан ошиқ диққат-эътибор қаратганлиги натурализм номини олди; образнинг фавқулодда бўрттириб тасвирланган ҳолати абстракционизм қонуниятига асос бўлди, жўшқин ва ҳаяжонли ҳис-туйғулар билан тўйинтириб ифодаланганлиги эса экспрессионизмга айланди; ортиқча мазмундорлик ва кўп маъноликнинг кашф қилиниши бевосита сюрреализмга тааллуқли бўлиб қолди. Модернизм тарафдорлари ўзлари яшаётган жамиятнинг ибтидоий бетартиблиги, бугунги куннинг чалкаш ва мазмунсизлиги, замонанинг ўта тартибсизлиги, кишилар онгидаги алғов-далғов фикр-хаёллар инсоннинг ёлғизлик ҳис-туйғуси кучайишига, кескинлашувига олиб келди деб ҳисобладилар. Сабаби, тажовузкорлик ва адоват руҳи билан суғорилган воқелик шахсни енгилмасликка, ҳаммавақт ғолиб чиқишга ундайди, ўзгалар унга бас кела олмаслиги, ундан устун бўла олмаслиги, унга кучи етмаслиги билан ожиз бўлиб қоладилар.
Биз ушбу мулоҳазаларимизни мазкур йўналишдаги ижоди билан жаҳон адабиётида муносиб из қолдирган адиба Виржиния Вульфнинг “Миссис Дэллоуэй” романи таҳлилида давом эттирамиз.
XX аср модернизм адабиётининг ёрқин намояндаси Виржиния Вульф (1882–1941) ижодини мунаққидлар уч босқичга ажратадилар. Биринчи босқичда (1915–1922) “Саёҳат” (The Voyage Out, 1919), “Тун ва кун” (Night and Day, 1919) романлари, “Душанба ва сешанба” (Monday and Thursday, 1921) тўпламига кирган ҳикоялар, кўп жиҳатдан адиба ижодининг илк босқичидаги изланишлар натижасига айланган ва импрессионизм руҳидаги услубнинг ўзига хос хусусиятларини синтезлаштирган, қолаверса, кейинги ривожланиш истиқболларини белгилаб берган “Жейкоб хонаси” (Jacob’s Room, 1922) романи яратилган. Иккинчи босқич 1920 йиллар ўрталарига тегишли бўлиб, унда Вульф ижодининг чўққиси бўлмиш “Миссис Дэллоуэй” (Mrs. Delloway, 1925) ва “Маёққа” (То the Lighthouse, 1927) романлари ёзилган. Учинчи босқичда (1928–1941)да “Орландо” (Orlando, 1928), “Тўлқинлар” (The Waves, 1931), “Йиллар” (The Years, 1937) ва “Актлар орасида” (Between the Acts, 1941) романлари дунё юзини кўрган. Бундан ташқари Вулф адабиёт ва рангтасвир саънатига бағишланган кўплаб мақолалар ҳам ёзган. Унинг “Оддий ўқувчи” (The Common Reader, 1925; 1932) тўплами, аёл ҳуқуқини ҳимоя қилувчи “Шахсий хона” (А Room of One’s Own, 1928) эссеси ўз вақтида юксак эътибор қозонган эди. Кейинги эссесида Вульф аёлнинг оила ва жамиятда, фарзандларни тарбиялашдаги роли, дунёни ҳис этиши билан боғлиқ масалалари, замонавий эркак ва аёл ўртасидаги муносабатлар каби муаммоларга эътибор қаратади.
Виржиния Вульф романлари негизида “ҳаётни”, яъни ҳикоя қилишнинг идеал бадиий-эстетик шаклига мос келувчи ибтидони ахтариш ётади. Адиба фикрича, “ҳаёт” онг, ўлим ва вақт кўринишида намоён бўлади. Ҳар бир асарида муаллиф уларга у ёки бу даражада тўхталиб ўтади. Вульф романлари поэтикаси учун матн “фактура”си, яъни матннинг ассоциатив алоқалар, лирик чекинишлар билан тўйинтирилганлиги, бир неча сюжет чизиқларини, импрессионизм руҳидаги турли-туман, кўпинча бир-бирига боғланмаган лавҳа ва парчаларни бир бутун яхлит ҳолга келтирувчи композиция муҳим аҳамият касб этади. Инглиз мунаққидларининг фикрича, ушбу элементлар, айниқса, “Миссис Деллоуэй” романида уйғун бирикма ҳосил қилади.
“Миссис Дэллоуэй” романининг яратилишига адибанинг 1923 йил Нью-Йоркда чоп этилган “Миссис Деллоуэй Бонд-стрит кўчасида” ҳикояси сабаб бўлди. Вульф уни романга айлантиришга қарор қиларкан, дастлабки режа бугунги кунда “Миссис Дэллоуэй” номи остида машҳур бўлган романга фақат қисман ўхшарди.
Биринчи вариантга кўра, романда ҳажвий оҳанг устунлик қилиши, воқеалар ривожи эса инглиз жамиятининг юқори доира (масалан, персонажлардан бири Буюк Британия бош вазири бўлган)ларида бўлиб ўтиши лозим эди. Иккинчи вариант бўйича, сюжет асосий персонаж, Кларисса Дэллоуэйнинг ўзи уюштирган зиёфатда, суиқасд ёки бахтсиз воқеа натижасида унинг ўлими билан якун топиши назарда тутилганди. Ҳикоя қилишнинг композицион яхлитлиги Лондондаги Биг-Бен соати бонг уриши билан мавзу мустаҳкамланиши лозим эди. Шу сабаб романнинг “Соат” деб номланган дастлабки варианти дунёга келади.
Энг сўнгги кўринишида роман “Улисс” поэтикаси таъсиридан далолат берувчи бадиий ифода шаклига эга бўлди. “Миссис Дэллоуэй” романидаги воқеалар ривожи июнь ойидаги кунлардан бирида роппа-роса ўн етти соат ичида содир бўлади. Романнинг бош қаҳрамони – Кларисса Дэллоуэй – юқори табақага мансуб ўрта ёшдаги аёл, Британия парламенти аъзоларидан бирининг турмуш ўртоғи. У юқори мартабали меҳмонларни кутиб олишга тараддуд кўради. Қолган персонажлар зиёфатга таклиф этилган бўлиб, у ёки бу даражада ўз ташвишлари билан банд бўладилар. Биринчи жаҳон уруши ветерани Септимус Уоррен-Смит улардан мустасно. Бу персонаж орқали “ҳеч бир иш қилмаслик, ўта масъулиятсизлик” шиори хусусидаги романга зўравонлик, телбалик, ажал мавзулари сюжети киритилади. Кларисса ва Септимус ҳақидаги ҳикоялар бир чизиқ бўйлаб, ҳеч қаерда кесишмасдан, ёнма-ён ривожланади.
“Миссис Дэллоуэй” романида ҳикоя қилиш, худди “Улисс”даги каби, алоҳида эпизодларга бўлиниб кетади. Уларнинг ҳар бири мустақил ва бир вақтнинг ўзида мураккаб полифоник (кўп овозли) яхлитликнинг ажралмас бир қисмидек намоён бўлади. Эпизодлар ўртасидаги мувозанат, бир-бирига мос келишини сюжет чизиғи таъминлайди. Адиба, шунингдек, “онг оқими” ҳикоя қилиш услубидан кенг фойдаланади.
Шунга қарамасдан, “Миссис Дэллоуэй” романи “Улисс” поэтикаси билан тўғридан-тўғри боғлиқ дейиш ҳам муайян тушунмовчиликларга олиб келиши мумкин, негаки Вульф ва Жойс олдида ҳар хил вазифалар туради. Жойс ўз бадиий оламини тенг ҳуқуқлилик асосида турли нуқтаи назарларни қамраб олган ҳолатда, маънавий-ахлоқий жиҳатдан нейтрал кўринишда, умумбашарий қадриятлардан холи шаклда қурмоқчи бўлган, десак янглишмаган бўламиз. Вульф эса, аксинча, дунёни намунага айлантириши лозим бўлган шундай бир матнни яратади, яъни бадиий материални маънавий-ахлоқий жиҳатдан баҳолашга, умумбашарий қадриятлар нуқтаи назаридан “ўлчаш”га интилган. Қайсидир маънода, Вульфга Жойс ижодининг дастлабки босқичида ишлаб чиқилган “эпифания” (юнон. epiphаneia – кўриниш, ваҳий) назарияси таъсир кўрсатган. Адиба объектив воқеликнинг оқувчанлиги, ўзгарувчанлиги, бемаънилигини енгиб ўтишга ҳаракат қиларкан, ижодий куч-шижоат, руҳий уйғоқлик билан унинг ҳақиқий, вақт оқимига тобе бўлмаган образини яратади.
Зоҳиран, “Миссис Дэллоуэй” романида воқеалар ривожи ва интроспектив (ўз-ўзини кузатиш) саҳналар мутаносиб жойлашган, мантиқий алмашинади, бетакрор уйғунлик ҳосил қилади. Ёзувчи роман композициясини пухта ишлаб чиқади, ҳар бир қисмини таққослаб, ҳажман бараварлаштиради. Қолаверса ўқувчини айни пайтда қаердалиги, айнан “қайси вақтда ва қайси жойда” эканлиги ҳақида огоҳлантириб туради. Биг-Бен соатининг бонг уриб туришига қараб, ҳар қайси персонаж билан у ёки бу воқеа содир бўлишини чорак соатгача аниқлаш мумкин. Уларнинг “онг оқими” шахси ноаниқ гап доирасидан чиқиб кетмайди, чунки ровий томонидан назорат қилинади. Унинг ҳар бир эпизодда орқа планда туриши “Миссис Дэллоуэй” романи матнини тартибга солади.
Юқорида таъкидланганидек, роман Лондонда яшаётган зодагонлар ҳаётини тасвирловчи олти ёки етти бобдан иборат бўлиши, сюжет чизиқлари эса – миссис Дэллоуэй ўз уйида уюштирган зиёфатда бир нуқтада кесишиши тахмин қилинган эди. Шунингдек, сюжет некбин руҳда бўлиши кўзда тутилганди. Сақланиб қолган хомаки режалар ва қўлёзмалар шундан далолат беради. Лекин ҳикоя қилиш услубига, аниқроғи, аста-секин очилиб келаётган воқеалар баёнига ғамгин ва маъюс оҳанглар ҳам қўшилиб кетади. Муаллиф роман нашрига ёзган сўзбошида изоҳ беришича, бош қаҳрамон Кларисса Дэллоуэй зиёфат давомида ё ўз жонига қасд қилиши, ё ажали билан ўлиши керак эди. Тўғри, кейинчалик дастлабки ниятга қатор ўзгартиришлар киритилди, лекин ўлим васвасасига тушиш мавзуси романда шундайлигича қолди.
Юқорида айтилганидек, Виржиния Вульф романга тузатиш, қўшимчалар киритиб, унинг устида 1922 йилгача ишлайди. Дастлаб асарни “Соат” деб номлаб, “ташқи” ва “ички” вақт оқими ўртасидаги фарқни кўрсатишга уринади. Ғоя қанчалик жозибадор ва эътиборга молик бўлмасин, роман катта қийинчилик билан ёзиларди. Кундалик ва ёзув дафтарларидаги “Миссис Дэллоуэй” романи ҳақидаги қайдлар замонавий адабиёт учун энг муҳим романлардан бирининг яратилиш тарихини кўрсатади. У пухта ишланишига қарамасдан, бир маромда ёзилган эмас. Ижодий илҳом, руҳий кўтаринкилик, юксалиш паллалари азоб-уқубатли кунлар, шубҳаланиш ва гумонсираш онлари билан алмашиниб турилган. Гоҳида Вульфга романни осон, тез, санъаткорона ёзаётгандек, гоҳида эса иш умуман силжимай, бир жойда қотиб қолгандек туюларди. Бу адибани мушкул аҳволга солиб, ноумидлик гирдобига тортарди. Қаттиқ асабийлашишга олиб келган, тинка-мадорини қуритган жараён икки йилга чўзилди. Адиба дил изҳорича: “… романни ёзиш иблис билан олишувга тенг бўлаяпти. Унинг режаси қўлдан чиқиб кетаяпти, лекин бу моҳирона қурилган истеҳком. Мен матнга содиқ, ёзганимга муносиб бўлишим учун, танамни ёриб чиқишга, ўлиб-тирилиб меҳнат қилишимга тўғри келмоқда”. Таъбир жоиз бўлса, ижодий юксалиш ва ижодий таназзул, фаоллик ва турғунлик алмашинуви яна бир йил, яъни 1924 йил октябригача давом этди. 1925 йилнинг март ойида роман босилиб чиққанида мунаққидларнинг аксарияти уни дурдона асар, дея кўкларга кўтаришди.
Виржиния Вульф ижоди хусусида фикр юритарканмиз, ундаги муҳим бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтишимиз лозим. “Онг оқими” услуби модернизм руҳидаги ушбу романнинг ўзига хос хусусиятидир. “Онг оқими” (stream of consciousness) атамаси ёзувчилар томонидан америкалик руҳшунос олим Уильям Жеймс (1842–1910) нинг “Психология асослари” (1890) асаридан олиниб, ҳар томонлама ўрганилиб, бадиий ижодда ҳам мужассамлаштирилди . Ушбу тушунча “янги роман”да, қолаверса, унинг ҳикоя қилиш структурасида инсон феъл-атвори, хатти-ҳаракати, руҳиятини англаш учун муҳим аҳамият касб этади. Ушбу атама яхлит бадиий тафаккур системасидек намоён бўлувчи модернизм учун мустаҳкам пойдевор бўлган XX аср фалсафаси ва психологияси соҳасидаги қатор ғоя, тушунча, фараз, парадокс ва феноменларни ўзида умумлаштирди.
Виржиния Вульф қаҳрамонларнинг фикр юритиш жараёнини, уларнинг ўткинчи ҳис-туйғу ва ўй-хаёлларини француз адиби Марсель Пруст услубига хос бўлган “онг оқими” йўналиши анъаналарини чуқурлаштирди ва кенгайтирди. Дарҳақиқат, “Миссис Дэллоуэй” романи – бу Кларисса Дэллоуэй ва Септимус Уоррен-Смитларнинг “онг оқими”, уларнинг Биг-Бен соати бонг уриши билан муайян парчаларга бўлинган ҳис-туйғу ва хотираларидир. Таъбир жоиз бўлса, бу роман – қалб овози, инсоннинг ўз-ўзи билан суҳбати, фикр ва туйғуларнинг оқимидир.
Қаҳрамонларнинг аниқ илғаб олинган, батафсил тасвирланган кечинмалари зоҳиран арзимаган бўлиб туюлса-да, руҳиятнинг айни пайтдаги ҳолати муфассал изоҳи (Вульф таъбирича, мавжудлик они) аста-секин нақшинкор кошинга айланади. Бу сержило кошин ўқувчи нигоҳидан сал бўлмаса четда қолаёзган ўзгарувчан тасаввур, фикр парчалари, тасодифий ассоциация, бир лаҳзали таассуротлардан “йиғилади” десак тўғри бўлар. Вульф учун кўз илғамас, яъни ҳис-туйғулардан бўлак ҳеч нима билан ифодалаб бўлмас нарса қадрлидир. Адиба, индивидуал мавжудликнинг иррационал қатламларини очиб бераркан, гўё “ярим йўлда ушлаб олинган” фикрларнинг оқимини тасвирлайди. Муаллиф нутқининг худди баённомага ўхшаш мухтасарлиги ва эҳтироссизлиги – ўқувчини ҳис-туйғу, фикр-мулоҳаза, мушоҳада ва кузатувларнинг шаклсиз дунёси тубигача шўнғиб кетиш таассуротини туғдирувчи роман негизига айланади.
Рус адабиётшуноси Е.Ю.Гениева фикрича, “ташқаридан қараганда, сюжет ва фабула асосида ҳикоя қилишнинг йўли сақланиб қолгандек, ҳақиқатда эса – романга айнан воқеаларнинг анъанавий алмашинуви етишмайди. Тўғриси, бу ерда классик роман поэтикаси тушунчасидаги воқеаларнинг ўзи йўқ” .
Ҳикоя қилиш икки сатҳда олиб борилади. Биринчиси воқеа-ҳодисаларни аниқ ифодаламаса-да, зоҳирий, моддий ҳисобланади. Яъни, гуллар сотиб олинади, кўйлакнинг йиртиқ жойи чатилади, серсоя боғдаги хиёбонлар бўйлаб сайр қилинади, беморлар қабул қилинади, сиёсий масалалар муҳокама мазмунига айланади. Меҳмонлар йўлига жонсарак кўз тикилади, пировардида деразадан ташлаб ўз жонига қасд қилинади. Бу ерда серфайз ранглар, хушбўй ҳидлар, серзавқ ҳис-туйғулар уйғунлигида Лондон гавдаланади, у кўз ўнгимизда куннинг турли пайтида, турли ёруғликда ажабланарли тарзда топографик аниқликда қад кўтаради. Бу ерда уй тонгги сукунатда “мудраб ётади”, кечқурунги ғала-ғовурга, шовқин-суронга “куч тўплайди”. Бу ерда Биг-Бен соати тўхтовсиз вақтни ўлчаркан, совуққонлик билан шафқатсизларча бонг уриб туради.
Дарҳақиқат, ўқувчи 1923 йил июнь ойининг узун бир кунини қаҳрамонлар билан бирга яшаб ўтади, аммо реал бир вақтда эмас. Қаҳрамонлар хатти-ҳаракатининг шоҳидига айланиб қолмасдан, ўқувчи, авваламбор, уларнинг қалби, хотираси, руҳияти, тушлари каби “муқаддас қадамжо”га кирган “айғоқчи”га айланади. Романда аксари жимжитлик ҳукмронлик суради; ҳақиқий суҳбат, монолог ва диалог, баҳс-мунозаралар сукунат пардаси ортида – хотирада, хаёлда олиб борилади. Беқарор хотира терс, инжиқлик билан тутқич бермайди, мантиқ қонунларига бўйсунмайди, кўпинча тартиб-қоида, хронологияга қарши “исён кўтаради”. Гарчи Биг-Бен соати милларининг циферблат бўйлаб ҳаракатланиши, мунтазам бонг уриб туриши вақт ўтишини бизга доим эслатиб турса-да, ушбу романда илми нужум вақти эмас, балки ички, ассоциатив вақт устун туради. Айнан иккинчи даражали, сюжетга бевосита боғлиқ бўлмаган воқеалар онгда кечиб ўтувчи ички хатти-ҳаракатлар учун замин бўлиб хизмат қилади. Реал ҳаётда эса вақт бир воқеани бошқа воқеадан атиги бир неча дақиқа ажратиб туради.
Мазкур романда бош қаҳрамонлар – Лондондаги ҳашаматли уйларнинг бирида яшовчи зодагон аёл, айни пайтда хаёлпараст Кларисса Дэллоуэй ва камтарин хизматчи, биринчи жаҳон урушида контузия бўлган Септимус Уоррен-Смит ҳаётидаги атиги бир кун тасвирланади.
Дарҳақиқат, реал вақтни максимал даражада тиғизлаштириш – то оний таассуротгача қисқартириш, бир кунгача чегаралаш – модернистик роман учун хосдир. Бу усул реалистик романдаги вақт категорияси билан анъанавий тарзда фойдаланиш усулидан кескин фарқ қилади. Боиси, реализм йўналишида XX аср бошида машҳур инглиз адиби Жон Голсуорси (1867–1933) қаламига мансуб “Форсайтлар ҳақида сага” (The Forsyte Saga, 1906–1927) эпопеясига ўхшаган кўп жилдли “оилавий хроника” жанридаги романлар етакчилик қила бошлади. Реализм тамойилларига асосланган анъанавий ҳикоя услубида инсон вақт оқимига тобе қиёфада намоён бўлади; модернизм тамойилларига асосланган ҳикоя қилиш услубида эса, аксинча, инсон руҳий кечинмаларини қисқа вақт оқимида тасвирлаш устунлик қилади, десак тўғри бўлади. Нуқтаи назар алмашинуви, кескин ўзгариши, мунтазам янгиланиб туриши – модернистик романда кўп қўлланиладиган услубдир. Онг оқими, битта инсон ҳаёти билан таққослаганда, анча кенг қирғоқлар бўйлаб оқади, у кўп инсонларни ўзи билан оқизиб кетади, индивидуал бетакрор таассуротдан дунёнинг анча объектив манзарасигача йўл очиб беради, кенг саҳнада ижро этилаётган воқеалар ривожини бир нечта камералардан олиб бориладиган яхлит картина сифатида суратга олади. Шу билан бирга муаллиф режиссёр каби саҳна ортида қолишни афзал кўради.
Баъзи адабиётшунослар Вульфнинг мазкур романида “мавҳум уй бекаси”га маҳлиё бўлишни пайқаб олганлар. Уларнинг фикрича, бундай аёл фақат қуюқ зиёфат уюштиришни эмас, балки уйдагилар ўртасида вужудга келган тушунмовчилик, совуқчилик, адоват каби салбий хислатлардан уларни фориғ этиш, уй ичида соғлом муҳит ўрнатишни билгувчи доно аёл, айни пайтда жамиятда инсонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш қобилияти эгаси ҳам бўлиши лозим.
Ушбу романнинг яна бир муҳим эстетик хусусияти – замонавий ҳаёт дунёни қанчалик таниб бўлмас даражада ўзгартирганлигини чуқур ҳис этишдир. Виржиния Вульф аристократларга хос яшаш тарзини батафсил тасвирлашга катта аҳамият берган; у “мустаҳкам ва ўзгармас” қадриятларни улуғлаган, унга снобизм ҳам бегона бўлмаган. Бироқ адиба, ўзи яратган эркак қаҳрамонларидан фарқли ўлароқ, бунга бошқача муносабатда бўлган. Вульф ушбу “қатъий низом-қоида, ўзгармас қонуният”ларда қандайдир бир “метафизик ғоя ва принципларга асосланган ҳамжамият”ни кашф этган. Бу, унинг сўзларига қараганда, аёл нуқтаи назаридан инкишоф этилган дунё эди. Ва, бу дунё, ўз ўрнида, Виржиния Вульф учун ҳам, Кларисса Деллоуэй учун ҳам муайян эстетик яхлитликка, қолаверса, ўз гўзаллиги ва тароватига эга бўлган.
Айтишимиз мумкинки, бу романда қаҳрамонлар сиймоси онг оқимида бир-бирига уланиб, қўшилиб кетади – ушбу услуб замонавий роман учун муҳим аҳамият касб эта бошлайди ва Виржиния Вульф ҳақли равишда уни кашф этган ёзувчилардан бири ҳисобланади. Мавзулар улкан шаҳар ҳаётини тасвирлаш ҳисобига чигаллашиб кетади, қаҳрамонларнинг йўллари тасодифан кесишиб ўтиши яхлит мураккаб нақшни ҳосил қилади.
Виржиния Вульфнинг ушбу романи замонавий ҳаётнинг беқарорлиги ва ўзгарувчанлигидан, олдинги қадриятлар завол топганлигидан, уларнинг ўрнига ғайриинсоний ва ғайриахлоқий, сунъий ва сохта қадриятлар келганидан кўп азият чеккан “йўқотилган авлод”нинг орзуларини, азалий ва абадий интилишларини тушуниш йўлида бўлган яна бир ҳаракатдир.
Хуллас, импрессионизм руҳидаги “Миссис Дэллоуэй” романи ўткинчи ҳис-туйғу, ички кечинмаларни тасвирлаш билан банд, оний таассурот ва ўзгарувчан руҳий ҳолатни батафсил ёритиш билан машғул бўлиб, хотиралар гирдобидан чиқиб кетолмайди. Бироқ онг оқимига шўнғиб, роман ҳаёт оқими ғала-ғовурини, шовқин-суронини мужассам эта олган. Бу шиддатли оқим инсонни Ҳаётнинг муқаррар чегарасига элтиб қўяди. Азалу абад ҳақидаги ўй-фикр ҳаётий таассуротларнинг онийлигини аниқ-равшан кўришга, тушунишга замин яратади. Азалу абад Меъмори инсонга умрини ўлчаб берганини англаб етишга имкон яратади.
Хулоса қилиб айтганда, Англия адабиётида модернист ёзувчи сифатида шуҳрат қозонган Виржиния Вульф машҳур ўтмишдошлари ва устозлари ҳисобланган Лоренс Стерн, Жейн Остин, Марсель Пруст, Жеймс Жойс каби ёзувчиларнинг бадиий-эстетик меросини, таъбир жоиз бўлса, ўгитларини қайта англаб, тубдан ўзгартириб, қолаверса, бошқа бадиий шаклга ўтказиб, янгича мазмун билан тўлдираркан, ўз ортидан эргашган ёзувчиларга бир қатор тасвирий-ифодавий воситалар, усул ва маҳорат йўлларини қолдирди.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 5-сон