Яқинда The Millions интернет сайтида жаҳон адабиёти тарихида ўқилиши қийин, мураккаб асарларнинг биринчи ўнталик рўйхатига кўзим тушди. Рўйхатга берилган изоҳда интеллектуал роман дейилганда, аввало, мутолаа пайти ақл, идрок, тасаввур ва тафаккурни фаоллаштирувчи теран фалсафий мазмун, маълумотлар ҳамда мураккаб сюжетларга бой асарни назарда тутмоқ лозимлиги таъкидланган.
Дарвоқе, ўнталикнинг биринчи учлигини америкалик адиба, ХХ аср модернизм адабиёти вакили Жуна Барнс (1892-1982) қаламига мансуб нозик ҳис-туйғуларига йўғрилган муҳаббатни куйловчи “Тундаги ўрмон”(1936) романи, машҳур инглиз ёзувчиси Жонатан Свифт (1667-1745)нинг теология масалаларига соғлом ақл ва соғлом фикр нуқтаи назаридан ёндашишни уқтирувчи “Бочка эртаги” рамзий ҳикояси ва немис файласуфи Георг Гегелнинг субъект ва объект ўртасидаги қарама-қаршиликни онг бартараф этиши мумкинлиги мантиқан исботлаб берилган “Руҳ феноменологияси” (1807) фалсафий трактати киритилган. Бу уч асар жаҳон адабиётида ўқилиши, тушунилиши ниҳоятда қийин китоблар экани эътироф этилган.
Тўртинчи ўринда кўрсатилган британиялик адиба Виржиния Вулф (1882-1941)нинг “Маёққа”(1927) номли романи экспериментал романлар қаторида саналмаса-да, унда М.Пруст, Ж.Жойс ва Ф.Кафка руҳидаги модернизм адабиёти анъаналари давом эттирилган ва асардаги воқеалар “онг оқими” услубида ёритилган. Эпистоляр роман асосчиси Сэмюэль Ричардсон (1689-1761)нинг ота-оналар ва фарзандларнинг никоҳга нисбатан нотўғри муносабати оқибатида оила бошига мусибат ва бахтсизлик ёғилиши талқин этилган насиҳатомуз руҳдаги “Кларисса” (1748) романи эса рўйхатда бешинчи ўринни банд этган. Машҳур ирланд адиби Жеймс Жойс (1882-1941)нинг экспериментал руҳдаги, сўз ўйини, мифология ва комедияга йўғрилган “Финниган маъракалари” (1939) романи (рўйхатда олтинчи) ҳақиқатан ҳам тушунилиши ўта қийин асардир. Қўлига ушбу китобни олган ўқувчи асарда гап нима ҳақида кетаётганини англашга ҳамиша ҳам муяссар бўлавермайди. Рус жойсшуноси С.Хоружийнинг таъкидлашича: “Баъзи сўз ва ишоралар маъносини фақат ақлни ишга солиб тушунмоқ мумкин; нафақат тилларни билган, балки ўткир зеҳн-заковат ва топқир ақл-идрокка эга бўлган китобхонгина бу асардаги ўттиз фоиздан ортиқроқ нарсани англаши, махсус адабиётларга кўмилиб, кетган вақтига афсусланмаган ўқувчининг романни тушуниши етмиш фоиздан ошиши мумкиндир. Лекин асарни тўлиқ тушунишга умид боғламаса ҳам бўлаверади”. Еттинчи ўриндаги немис файласуфи Мартин Хайдеггер(1889 — 1976)нинг “Борлиқ ва замон” (1927) номли фалсафий асарида борлиқ, инсон ҳаёти, унинг турмуш тарзи ўзига хос талқин қилинади. Муаллиф: “Борлиқ маъноси қайси объектив мавжудот орқали англаниши мумкин? Хўш, унда қайси мавжудот борлиқни кашф этиш учун таянч нуқта бўлиши лозим?” деган мураккаб саволларни қўяди. Хайдеггер фикрича, ушбу мавжудот — инсон, сабаби инсонгина “ўз борлиғи орқали борлиқнинг мавжудлигини тушуна олади”. Китобда ўлим ва ҳаёт, бақо ва фано, ўтмиш ва ҳозирги давр каби мавзулар тақиқ этилади. Айтиш лозимки, ушбу асар ХХ аср фалсафасига, экзистенциализм, герменевтика каби оқим ва йўналишларга сезиларли таъсир кўрсатди.
Америкалик адиба Гертруда Стайн(1874—1946) қаламига мансуб “Америкаликларнинг шаклланиши” номли маҳобатли роман (рўйхатда саккизинчи) бир неча авлод тарихи ёритилган оилавий солнома типидаги психологик асар. Муаллифнинг кубизм (ХХ асрнинг биринчи чорагида юзага келган ва реализмга зид ўлароқ борлиқни геометрик шаклларда тасвирлашга интилган йўналиш — М.Х.) оқимига яқин услубдаги асарлари, гарчи уларда модернизм адабиёти руҳи имкон қадар тўлиқ ифодаланган бўлса-да, кенг китобхонлар оммаси эътирофини қозона олмади. Атай мураккаблаштирган, эклектизм руҳидаги услубида бир-бирига қовушмайдиган усуллар қориштирилиб юборгани боис оддий ўқувчи бу адиба асарларини тушуна олмади.
Ўнталикдаги охирги иккита ўринни Шекспир замондоши, инглиз шеъриятига хушовозлик ва мусиқийлик бахш этган, ўз даврида “шоирлар шаҳзодаси” номига сазовор бўлган Эдмунд Спенсер(1552 — 1599)нинг гўзал ва жозибали табиат манзаралари тасвирланган, олижаноб рицар ва соҳибжамол малика образи яратилган “Парилар қироличаси”(1590) поэмаси ҳамда америкалик ёзувчи Жозеф Мак Элрой(1930)нинг “Аёллар ва эркаклар”(1987) романи банд этган.
Ушбу рўйхат дунёнинг турли минтақаларида яшаётган минглаб китобхонлар фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилган социологик сўров асосида тузилган. Бизнингча, бу рўйхатни янада кенгайтириш мумкин. Чунки ҳар бир ўқувчида у ёки бу китоб хусусида ўзининг субъектив фикри бўлиши табиий. Яна бир жиҳати, ушбу китоблар эгаларининг аксарияти уларни китоб жавонини безаб туриш ёхуд “Сизда бу китоб борми?” деган саволга “Албатта!”, дея жавоб бериш учун харид қиладилар. Аслида уларни очиб ҳам кўрмайдилар. Бугун ўзини китобсевар дегувчи ўқувчиларнинг асосий қисми саргузашт ва олди-қочди сюжетли романларни берилиб ўқийди. Жиддий интеллектуал романларни охиригача ўқимай жавонга жойлаб қўяди. Бунинг сабаби, балки вақтнинг тиғизлиги, турли телекўрсатувлар, компьютер ва интернет ахборотлари билан бандлик бўлиши мумкин. Аслида, адабиёт муаллифнинг яширин ёки ошкора ниятларини ифода этиши билан бирга, билим манбаи ҳамдир. Таниқли адибимиз Ўткир Ҳошимов таъбири билан айтганда, “Китоблар — ҳаётимиз ҳошиясидаги битиклар”дир. Китоблар маданий тамаддун негизини ташкил қилади. Ҳаётимиз ҳошиясидаги ушбу битикларни ўқирканмиз, табиийки, ҳаётни яхлитлигича тушунишга ҳаракат қиламиз.
Тан олиш керак, бугунги кунда турли-туман жанрлардаги каттаю кичик, кўзни қамаштирадиган муқоваларда номи дунёга машҳур ёки умуман нотаниш ёзувчиларнинг китоблари пештахталарда тахланиб турибди. Асосий муаммо улар орасидан айнан кераклисини танлаб олишда. Бордию “интеллектуал роман” ақлни чархлайди, билимни бойитади, дунёқарашни кенгайтиради десалар-да, китоб танлашда янглишманг.
Юқорида келтирилган рўйхатга унчалик ҳам жиддий эътибор берманг. Бу ҳам тижорат йўлидаги, китобларга ўқувчининг диққат-эътиборини қаратиш йўлидаги бир ҳаракат. Авваллари «Ҳаётда ўқилиши лозим бўлган 1000 китоб» тарзидаги рўйхатлар тузилган бўлса, эндиликда «Қўлга олмаган маъқул бўлган 100 китоб», «Зинҳор очиб ўқилмаслик тавсия этиладиган 200 китоб», «Унутиш ва ёдга олмаслик лозим бўлган 300 китоб» каби рўйхатлар кўпайиб кетганки, масалан, жавондан олиб ташлаш тавсия қилинган китоблар орасида ўқувчига маънавий наф келтирадиган асарлар ҳам адашиб кириб қолгани кишини ажаблантиради. Эҳтимол, бундай тенденция китобларнинг ҳаддан ташқари кўплиги оқибатидир. Қолаверса, китоб мутолааси инсон фаолияти тури сифатида шунчалик демократлаштирилдики, интеллектуал салоҳиятингизни фақат ўқимаган китобларни бирма-бир келтириш билан кўрсатиш ягона мезонга айланди. Зинҳор камина фақат интеллектуал прозани ёқлаб чиқаяпти, деган фикрга борманг. Бошқа адабий жанрлар ҳам кўп. Лекин интеллектуал прозага эҳтиёж ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.
Аслида, интеллектуал роман — бу кенг ва чуқур билимга эга, юксак ақл-идрокли, заковатли ўқувчига мўлжалланган асар. Муаллиф уни ақлий, маънавий, ахлоқий, эстетик ҳамда мантиқий тафаккурни ва хотирани ривожлантирувчи маълумотлар билан бойитади. Таъкидлаш лозимки, XX аср ғарб интеллектуал прозасига абстракт тафаккур, ақл-идрокнинг ғайриихтиёрийлик соҳасига, мифология ва поэтикага йўғрилган матнлар структурасига чуқур сингиб бориш хосдир. Ҳаёт фалсафасининг руҳий таҳлил тамойиллари асосидаги талқини ўтган аср ғарб ёзувчилари ижодига сезиларли даражада таъсир кўрсатди. Натижада ғарб бадиий адабиётида борлиқни, объектив воқеликни тарихийлик тамойили негизида англашдан узоқлашиш кузатилди. Натижада, объектив воқеликнинг муайян замон ва маконга оид алоқадорлиги, чамбарчас боғлиқлиги йўқолди, ХХ аср ғарб адабиётида ўзига хос интеллектуал тафаккур шаклланишига олиб келди.
Таъкидлаш жоизки, «интеллектуал роман» атамаси илк бор немис адиби Томас Манн (1875 — 1955) томонидан қўлланган. Т.Манн немис файласуфи О.Шпенглер таълимотига бағишланган мақоласида 1914 — 1923-йилларда юз берган тарихий ўзгариш замондошлар онгида даврни теран англаш эҳтиёжини кучайтирганлиги, бу маълум маънода бадиий ижодда ўз аксини топганлигини таъкидлайди. «Ушбу жараён, — деб ёзади Т.Манн, — илм-фан ва санъат ўртасидаги чегарани бузиб ташларкан, абстракт тафаккурни жонлантирди, бадиий образга янги руҳ бағишлади ва «интеллектуал роман» деб номланган асар турини яратди» .
Дарҳақиқат, айнан интеллектуал роман XX аср реализм адабиётининг ўзига хос хусусиятларидан бири — ҳаётни кенг кўламда талқин ва тадқиқ қилиш, теран англаш, бадиий образларда гавдалантириб кўрсатишни амалга оширган жанрга айланди. Жаҳон адабиётида интеллектуал роман намуналари Г.Гессе, А.Дёблин, Р. Музил, М.Булгаков, К.Чапек, У.Фолкнер, Т.Вулф сингари машҳур адиблар томонидан тақдим этилган бўлса-да, бу турдаги роман асосчиси дея ҳақли равишда Томас Манн эътироф этилади.
Айнан иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳаётни янгича бадиий усул ва воситалар билан акс эттириш тамойили адабиётнинг ўзига хос тенденциясига айланди. Тарихий романнинг янги шаклида ўтмиш ҳозирги даврнинг ижтимоий, маънавий, маданий, сиёсий муаммоларини кўтариб чиқиш учун қулай тасвир майдонига айланди. Мураккаблик, кўп овозлилик, кўп таркиб ва сатҳлардан иборатлик, биргина бадиий яхлитликда объектив воқеликнинг бир-биридан узоқ қатламлари намоён бўлиши каби жиҳатлар XX аср интеллектуал романи тузилишининг асосий тамойилига айланди. Романнавислар биологик ҳаёт, инстинктив ҳаракат ва руҳиятни алоҳида ажратарканлар, воқеликни ҳам каттаю кичик бўлакларга ажратадилар. Улар бутун борлиқни, воқеликни серфайз водий ва сервиқор “Сеҳрли тоғ”га (Т.Манн), хилватда жойлашган ва ҳаёт ташвишлари билан банд Касталия мамлакатига (Г. Гессе), дунё харитасида йўқ Йокнапатофа округига (У.Фолкнер) айлантирдилар.
XX аср биринчи ярмида миф ўзгача англанди, талқин қилинди, унинг функционал қўлланилиши кескин ўзгарди. Таъбир жоиз бўлса, миф ўтмиш адабиётида замоннинг «шартли либоси» эди. Замонавий адабиётда, айниқса, ғарб ёзувчилари қалами остида миф инсоният ҳаётида мунтазам такрорланаётган қонуниятларни ёритувчи узоқ ўтмиш «ҳосиласи» сифатида «тарихий қиёфа»га эга бўлди, мустақил тарзда идрок қилинди, алоҳида ўрганиб чиқилди. Мифга мурожаат бадиий асарнинг замонга доир чегараларини кенгайтирди. Бадиий асар маконини тўлдирган миф чексиз, битмас-туганмас бадиий ўйин, сон-саноқсиз қиёс ва параллел, ҳозирги замонни ойдинлаштирувчи, энг муҳими, уни изоҳловчи мувофиқликлар учун сермаҳсул замин яратди. Воқеалар ривожини монологлар орқали ёритиш, муаллиф «овози»нинг устунлиги, аллюзия, яширин ва очиқ иқтибослар, илгари сурилаётган фалсафий ғояларнинг кўплиги — буларнинг ҳаммаси интеллектуал романнинг ўзига хос хусусиятларидир.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 42-сонидан олинди.