Муҳаббат Шарафиддинова. Театр романи ёхуд ўлимдан кейинги ҳаёт

Маълумки, Чўлпоннинг эстетик қарашлари бадиий адабиёт билан бирга театр ва тасвирий санъат таъсирида шаклланган. У таниқли драматург ва театр арбоби эди. Чўлпон кўп йиллар мобайнида бевосита театрда фаолият кўрсатган. Бу ҳолат, табиийки, унинг кейинги ижодий камолотида, жумладан, “Кеча ва кундуз” романининг майдонга келишида маълум роль ўйнаган. Мазкур асарни диққат билан кўздан кечириш, Чўлпон тамомила янги жанр, театрлаштирилган манзараларни сўз воситасида ифодаловчи жанрни яратганлигини кўрсатади. Бу романни драма деб ҳам атаса бўлади. Лев Толстой ўз вақтида “ҳар бир йирик санъатлар ўз ифода шаклини ҳам яратиши зарур” деган эди.

Бевосита асарга мурожаат этиб кўрайлик. Роман пухта ўйланган тугун ­ Зеби ва дугоналарининг қишлоққа саёҳатлари эпизодидан бошланади. Чўлпон романида худди драмаларда бўлганидек, асарда иштирок этувчи деярли барча қаҳрамонлар воқеа бошланмасдан олдин китобхонга таништирилади. Қаҳрамонларнинг аксарияти асардаги асосий воқеа ­ Акбаралининг Зебига уйланиши ва у билан боғлиқ ҳодисаларда иштирок этадилар. Бу воқеа асар қаҳрамонларидан кўпчилигининг манфаатлари ва кейинги ҳаёт тарзларига бевосита алоқадор. Романда худди саҳна асарларидагидек персонажларнинг бутун ҳаёти, уларнинг бошидан ўтган барча ҳодисалар эмас, балки қиёфаларини очишга ёрдам берадиган бир-икки характерли воқеа кўрсатилади.

Романнинг драмага яқинлиги фавқулодда ва кутилмаган ҳодисаларнинг саҳнавий талқинида ҳам кўринади. Гоголь ўзининг дастлабки комедияларидаёқ Ю.Манн “саробий фитна” деб атаган зиддият ­ қутқу усулларидан фойдаланган эди. Бунда асар қаҳрамони сюжетни ўз орқасидан эргаштирмайди, балки сюжет оқим пайраҳани сургаб кетгандек, қаҳрамонни хоҳлаган кўйига солади. Шу атамани Чўлпон ижодига татбиқ этган ҳолда Зеби ва Акбарали оқимга дуч келиб қолган пайраҳа эмасмикин, деб ўйлаб қолади киши.

Роман воқеалари зиддият ­ қутқуга асосланади. Уни эса Акбаралининг хотинлари, Мирёқуб, эшон, ҳокимият вакиллари келтириб чиқаради. Деярли ҳар бир эпизод бирор зиддият заминида қурилади. Романнинг қарийб барча қисмларини мустақил саҳнавий кўринишлар деб аташ мумкин. Асарда содир бўлаётган барча ҳодисалар, уларнинг ўзгариши иштирок этувчиларнинг аҳвол-руҳиятлари ва ўзларига хос хусусиятлари билан далилланган. Дугонаси Зебини қишлоққа бориб келишга ундаган Салти роман воқеаларини ҳаракатга келтиришда дастлабки туртки вазифасини ўтайди. Лекин Акбаралининг кичик хотини Султонхон асар воқеаларининг тезлашиб кетишига сабабчи бўлади. Султонхоннинг Зебини ўз хонадонларига меҳмонга чақириши мингбошининг унга уйланиши билан якунланиши мумкинлигини дарҳол тушунтиришади. Бу қутқуда Акбаралининг яна икки катта хотини Пошшахон ва Хадичахонлар қатнашишади. Уларнинг қисмати бир-бирига ўхшаб кетади. Ҳар иккаласи ҳам ҳали ҳаёт лаззатларидан қониб улгурмасдан эри томонидан итқитиб ташланган аёллар. Қисматларидаги ўхшаш томонлардан қатъи назар, улар ўзларига хос хусусиятларга ҳам эгадирлар. Пошшахон анча айёр ва чаққон, шунинг учун ҳам Мирёқубни ўзига ўйнаш қилиб олган. Ана шу катта хотинларнинг ғайирлиги ва рақобати Акбаралининг Зебига уйланишида асосий роль ўйнади. Чўлпонга хос хусусият шундан иборатки, персонажларнинг психологик ҳолатлари воқеаларга, ҳаракатга таъсир этишини усталик билан кўрсата олади. Кундошлар бўлмаганда асар воқеалари бундай шиддатли тус олмаган, табиийки, Пошшахон Зебининг чойнагига заҳар солмаган, Акбарали ҳам ўлмаган бўларди. Акбаралининг ўлими эса ўз навбатида кейинги парданинг юзага келишига туртки бўлди. Бугина эмас, роман воқеаларида илгари қатнашмаган янги персонажлар, тартиб посбонлари асарга кириб келади.

Акбарали Зебига ўз ташаббуси билан эмас, балки ўзидан кўра ақллироқ, уддабурророқ Мирёқубнинг маслаҳати билан уйланишини эсда тутайлик. Мирёқуб бу маслаҳатни беришдан аввал унга обдон тайёргарлик кўради, Зебининг ажойиб овозини роса мақтайди. Агар Акбаралининг ёнида Мирёқубдай одам турмаганида, ундан олдинроқ эса Салти Зебини қишлоққа бориб келишга таклиф этмаганида воқеа қандай тарзда давом этарди, деган табиий савол туғилади. Ўхуд сюжет йўналишида муҳим ўрин тутган Зебининг Акбарали хонадонига чақиришдан Султонхоннинг тўсатдан воз кечиши-чи? Бу вазиятдан бойнинг катта хотинлари усталик билан фойдаланишади. Сюжетнинг қайси йўналишини олиб кўрмайлик, Чўлпон уни қаҳрамонларнинг аҳволи-руҳияти ва моҳиятидан келтириб чиқаради. Ўзувчи қаҳрамонлар ҳаётини уларнинг ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кўрсатади. Асардаги барча воқеалар худди занжир ҳалқаларидек бир-бири билан боғланиб кетган. Қаҳрамонларнинг ҳаракатлари ҳам худди шу тарзда давом этади. Агар бу ҳаракатларнинг бирортаси олиб ташланса, худди битта ҳалқаси олиб ташланган занжирдай барча воқеалар, ҳаракатлар тўкилиб тушади. Шунинг учун ҳам бу асарда худди драмаларда бўлганидан, барча қаҳрамонлар, хоҳ бу Акбарали ёхуд Мирёқуб бўлсин, хоҳ Салти ёхуд Раззоқ сўфи бўлсин, хоҳ прокурор ёхуд таржимон бўлсин ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Чўлпон асаридаги ҳар бир характер, ҳатто роман воқеаларида етакчи ўрин тутмайдиган персонажлар ҳам мураккаб ва зиддиятли инсоний образлардир. Бу жиҳатдан Раззоқ сўфи образи қизиқарли. У камгап, бадқовоқ, баъзида эса золим. Сўфининг ёнида хотини ва қизи қалтираб туришади. У аввалига Акбарали ва қизининг никоҳига бутунлай қарши чиқади. Лекин воқеалар ривожида у фикрини ўзгартиради. Акбарали мингбоши эса ўнлаб, юзлаб одамларга бош бўлишига қарамай, нодон ва ғоят чекланган бўлганлиги туфайли бирорта қарорни мустақил равишда қабул қила олмайди. Лекин кутилмаганда унинг характерида ўзгариш, янгилик пайдо бўлади. Буни қуйидаги сўзларидан билса бўлади.

“­ Биласанми, Мирёқуб? Мен у қизга қиз деб, хотин деб талабгор бўлсам экан…

Мирёқуб кўзларини катта очди ва мингбошининг ёнига келиб ўтирди.

­ Нима дейсиз, хўжайин?..

­ Ўзим ҳам ҳайронман. Ашуласини эшитсам бўлди, дейман ўз кўнглимда. Ашуласига, овозига ишқим бор, унақа итлик йўқ…

­ Оббо! Итлик йўқ! Сизда-я? Э, товба…

­ Нон урсин, агар…”

Зебининг ўзи эса шўх, шаддод қиз эди. У воқеалар давомида тобора сўниб, камгап бир кимсага айланади. “Бора-бора Зебининг кўз ёшлари ҳам қуриди. У худди суратдай жонсизгина судралиб юра бошлади. Эс-ҳуши ўзида бўлмаган бу жонсиз суратнинг ёғочдай қотиб қолган қўллари ва бармоқлари ила рўзғор ишларини яна бурунгидай пухта бажарилиши ­ онанинг қуриган кўзларини ҳам яна ёш билан тўлғазиб юборди. Зебининг оғзидан на бир сўз, на бир байт қўшиқ чиқар, на бир оҳ-воҳ”.

Булардан маълум бўладики, Чўлпон қаҳрамонлари асар воқеалари давомида ўзларининг янги-янги хусусиятлари билан намоён бўлаверадилар. Бир қарашда қаҳрамонлардан кўпчилигининг характерлари ривожланишда, ўзгаришда кўрсатилмаётгандай туюлиши мумкин. Аслида эса бундай эмас. Қаҳрамонлардаги руҳий ўзгаришлар, маълум ҳодисалар таъсирида характерларда рўй берган товланишлар усталик билан кўрсатилади. Қаҳрамонлардаги бундай товланишларни кўрсатиш Чўлпон поэтикасининг ўзига хос хусусиятини ташкил этади. Масалан, романдаги Раззоқ сўфининг ҳақиқий моҳияти асар охирида маълум бўлади, шундан сўнг у саҳнадан тушиб кетади. Худди шундай ҳодиса Мирёқуб билан ҳам рўй беради. У ўз дунёқарашига кучли таъсир кўрсатган Шарофиддин Хўжаев билан учрашгандан кейин воқеалардаги иштироки тугайди. Унинг муайян машғулоти йўқ, лекин ҳаёт мўъжизаларининг сирини ўрганади, Акбарали шахсий ҳаётининг барча томонларини беш қўлдай билади. “… ер-сув, пул ва бошқа бойликка кўмилган бу одамнинг бутун борлиғи Мирёқубнинг қўлида эди. Ердан чиққан ҳосилнинг қанчаси ўз йўлига кириб, қанчаси Мирёқуб омборига тўкилишини мингбоши ўзи ҳеч қачон билган эмас. Керак бўлганда мингбоши Мирёқубдан пул сўраб олар…” Ўзувчи қаҳрамонининг бутун сир-асроридан ўқувчини тўла хабардор қилгандай. Лекин кутилмаган бир паллада Мирёқуб Мария билан бирга юртини ташлаб кетиб қолади. Танқидчилик қаҳрамоннинг бу ҳаракатини характернинг етарли даражада очилмаслиги деб баҳолади. Лекин бизнингча, бу ҳолат Чўлпонга хос қаҳрамонлардаги, руҳий ўзгаришларнинг ўзига хос тасвири деб қаралиши керак.

Шундай қилиб, Чўлпон қаҳрамонлари “ўйиндан чиқиб”, “қотиб қолиб”, ўйинга қўшилиб туради, худди шахмат ўйинидаги доналардай тарих саҳнасидан вақт-соати билан чиқиб кетади. Аввалги қаҳрамонлар ўрнига прокурор, қози, адвокат, таржимон, имом ва бошқалар асарга кириб келади. Айни ана шу персонажлар асарнинг етакчи қаҳрамонларига айланадилар. Акбаралининг шуҳратпарастлик орзулари, кундошларнинг ўзаро ғайирлиги, ҳар қандай йўллар билан рақибининг оёғига болта уришга уриниш, фитна, ҳийла-найранглар асарда биринчи планга чиқади. Душманлик ва фитналар одамнинг ўлимига (Акбарали), соддадил жувоннинг Сибирга сургун қилинишига (Зеби), кекса аёлнинг ақлдан озишига (Қурбон биби), Раззоқ сўфининг бедарак йўқолишига олиб келади.

Чўлпон ўз асарини яратишда Гоголь ижодига хос бўлган “Саробий фитна”дан кенг фойдаланади. Чўлпон ижоди синчиклаб текширилса, Гоголь анъаналаридан ўрганганини, унинг меросхўри эканлигини аниқлаш қийин эмас. Маълумки, Чўлпон ижодининг маълум даврида кўпроқ таржима билан шуғулланган. Рус адабиётининг кўпгина дурдона асарларини, шу жумладан, Гоголнинг “Ревизор” ва “Миргород” пьесаларини ўзбек тилига таржима қилган. Табиийки, бу ҳолат Чўлпондай санъаткор ижодига таъсир этмаслиги мумкин эмасди. Бу ҳолат, яъни Гоголнинг бадиий дунёси маънавий олами, Чўлпон ижодиётига кучли таъсир кўрсатди. Айни Гоголь ўз даври ижтимоий ҳаёти бузуқликларини юксак санъаткорлик билан кўрсатиб берган эди. Гоголь тасвирлаган зулм ва қуллик Чўлпон романининг ҳам етакчи мавзуларидан бирига айланди. Чўлпон ва Гоголь индивидуал услублари қанчалик ўзига хос бўлмасин, уларнинг ижодий принциплари бир-бирига жуда яқиндир. Ҳар бир сўзни ишлатишдаги юқори санъаткорлик, тасвирнинг ҳаққонийлиги ана шу ижодий принципларга кирувчи хусусиятлардир.

Ҳар иккала санъаткор учун хос бўлган томонлардан бири киноя, вазиятлар кинояси, зиддиятлар кинояси, сўнгги саҳна кинояси. Баъзида киноя сатирага айланади. Иккала санъаткорга хос яна бир хусусият воқеаларни баён қилиш эмас, тасвирлаш. Ана шу нарса қаҳрамонлар психологизмини келтириб чиқаради, тасвирнинг бойлиги ва тўлақонлилигини келтириб чиқаради, ўқувчини содир бўлаётган воқеаларнинг бевосита иштирокчисига айлантиради.

Чўлпон асарида ҳам, Гоголь асарида ҳам характерли ҳолат юзага келади ­ ўлимдан кейинги ҳаёт ҳолати. Шу нуқтаи назардан қараганда Гоголнинг “Шинель” қиссаси характерлидир. Гарчи Чўлпон асари ташқи кўринишдан Гоголь қиссасидан анча узоқ туюлса-да, лекин ёзувчиларни ўлимнинг ўзи эмас, балки атрофдагиларнинг ўлимга муносабати қизиқтиради. Акакий Акакиевич ва Акбарали ўртасидаги тафовут жуда каттага ўхшайди. Акакий Акакиевич бутун рус адабиётидаги энг кичик одамлардан бири. Акбарали эса романдаги деярли энг йирик мансабдор шахс, бадавлат ва оқ подшога сидқидилдан хизмат қилаётган таъсирли одам. Ўлимидан кейин хотинлари йиғлашади, удум сақланади: “Кундошлари ҳам бирин-кетин уйғониб чиқдилар ва мингбошининг кенг ичкарисида азонга яқин тўрт хотиннинг азани билдирган овози кўтарилди. Акбаралининг ўлимига яна бир муносабат ­ қотилликнинг ягона айбдори сифатида Зебининг қамоққа олиниши. Ҳар иккала асар бир-биридан қанчалик фарқ қилмасин, улар учун умумий бўлган бир ҳолат бор. Бу ҳар иккала асарда кўтарилган ижтимоий мавзуда ўз аксини топади: айбланаётган одамни инсон ўрнида кўрмаслик, шахсини менсимаслик. Қаҳрамоннинг ўлимидан кейин воқеалар барҳам топмайди, балки ўз йўлида давом этаверади.

Иккала асардаги уйғунлик яна мавжуд бюрократик машинанинг қўл остидаги одамларга, у хоҳ Акакий сингари кичик одам бўлсин, хоҳ Акбарали сингари мансабдор бўлсин, тамомила бефарқлигидир. Бу ҳолат Гоголь асарида қаҳрамон ўлимига тамомила бефарқ қаралишида, Чўлпон романида эса Акбарали исми суд қарори матнида Қамбарали, Умарали, Амир ўғли шаклида қўлланилишида яққол сезилади.

Кўрганимиздек, Чўлпон ўз асарида “саробий фитна”дан тўла истифода этган. Ўзувчи асар воқеалари мобайнида Акбарали шахсининг улуғлигига бутун тафсилотлари билан бизни ишонтиришга ҳаракат қилади. Лекин унинг ўлимидан кейин кутилмаганда бу гапларнинг тамомила сароблиги, бу одамнинг ҳеч қандай қимматга эга эмаслиги маълум бўлиб қолади. Айни мана шу ҳолатда бюрократик машинанинг ўз қўл остидагиларга паст назар билан қараши кўзга ташланади, одамларнинг ўлимига бирор мурватчанинг тушиб қолишидай қаралиши сезилади.

Акбарали образини синчиклаброқ кузатайлик. У асарнинг бош қаҳрамонига ўхшайди, барча персонажлар унга қандайдир алоқадор. Гарчи асардаги муҳим воқеалар у билан боғлиқ ҳолда рўй берса-да, романни ҳаракатга келтираётган куч у эмас. Акбарали атрофида ҳасадгўйлик, рақобат авж олади. У вазиятни тамомила ҳис эта олмайди, бунинг устига, бутунлай саводсиз. Акбарали гарчи роман воқеаларини ҳаракатга келтирувчи шахс бўлса-да, бошқаларнинг ўйинчоғига айланади. Ҳамонки, шундай одам мингбошилик вазифасида турган экан, уни шу лавозимга тайинлаган одамлар қандай экан деган фикр пайдо бўлади. Акбарали кўтарилишининг саробийлиги шундаки, у ўзи муносиб бўлмаган, эплаштириш қўлидан келмайдиган вазифани эгаллаб турибди. Акбаралининг бутун ҳаёти ҳам, еб-ичиши ҳам, ўлими ҳам аҳмоқона. Унинг образи бир неча ўн йиллар мобайнида фақат еб-ичиб, уйланиб, кейин ҳаёт саҳнасидан тушиб кетадиганларга ҳақиқий пародия. Чўлпон характер моҳиятини очишда турли деталлардан, жумладан, унинг овқатланишидан ҳам фойдаланади. Бу жиҳатдан ҳам Гоголь ва Чўлпон ижодларида муайян уйғунлик мавжуд. Гоголда қаҳрамонларини овқатланаётган вақтда, зиёфатда тасвирловчи эпизодлар талайгина. Масалан, Гоголь қаҳрамонларидан Тарас Бульба, Чичиков, Сабакевич, қатор помешчикларнинг овқатланаётган вақтлари тасвирланади. Лекин уларнинг ҳар бирида овқатланиш ўзига хос маънога эга. Шу нарсани эслатмоқ жоизки, Чўлпон “Кеча ва кундуз” романи устида иш олиб бораётган вақтларда Гоголь асарларининг таржимаси билан ҳам шуғулланаётган эди.

Акбарали образини яратишда ёзувчи овқат деталидан кенг фойдаланади: “Мирёқуб эса мингбошининг хурсандлик ва кайф билан маст бўлган юзларига тикилган бир пайтда ичкаридан бир товоқ тўла манти чиқиб дастурхоннинг ўртасидан жой олди. Мирёқуб бу даргоҳда тез-тез тортилиб турадиган серқатиқ, семиз ва ёғлиқ мантиларга қадрдон дўстини кўргандай ширин бир кайф билан тикилди, сўнгра кўзларини товоқдан кўтариб, мингбошининг юзларига қарагач, шу топда товоқдаги манти билан товоққа томон эгилган юз ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмади: иккаласи ҳам шу қадар ёғлиқ эди”. Акбаралининг мечкайлиги ва ичкиликка ружу қўйиши образнинг асосий хусусиятларидан бирига айланади. “Тўйни нима қилдик, хўжайин? ­ деди Мирёқуб, қўлини чайқаб туриб, Мингбоши бошини товоқдан кўтармай, оғзида бир манти, қўлида иккинчи манти билан шошилмай жавоб қилди:

­ Ўзинг биласан! Мен қайдан билай”.

Кўрганимиздек, овқат маҳалида Акбаралини ҳеч нарса қизиқтирмайди. Овқат образи ёзувчи томонидан атайин олдинги планга олиб чиқилади. Чўлпон Акбаралининг очофатлигини тасвирлаш орқали фақат унинг ташқи қиёфасини эмас, шунингдек, ички ҳолатини ҳам кўрсатади. Нафсини қондиргач, қаҳрамоннинг ҳолати бутунлай ўзгаради, энди у Зеби тўғрисида ёниб, завқ-шавқ билан гапира бошлайди. Унинг бундай ҳолатини ҳатто Мирёқуб ҳеч қачон кўрмаган эди. Қаҳрамон қиёфасини яратишдаги бундай турли-туманлик унинг ички дунёсини тўлароқ очишга ёрдам беради.

Шундай қилиб, замонасининг зийрак фарзанди Чўлпон ўз даврининг алғов-далғовларини, ҳаётнинг “саробийлиги”ни яхши англаган ва буни қаҳрамонлари қиёфасида маҳорат билан акс эттирган эди.

 «Жаҳон адабиёти» журнали, 2004 йил, 3-сон