Озод Шарафиддиновнинг кенг кўламли ижоди адабий жараён, танқидчилик ривожида етакчи бўлиб келди, десак муболаға бўлмайди. Уларнинг “Замон, қалб, поэзия” номли илк китоби 1962 йилда чоп этилганди. 2004 йилда эса “Довондаги ўйлар” дея номланган охирги китоблари босилиб чиқди. Аммо умрларининг сўнгги онларигача адабиёт оламидан узилмай, мақолалар, хотиралар ёзишни давом эттирдилар.
Озод Шарафиддиновнинг мероси жуда кенг ва беқиёсдир. Шу ўринда ижод намуналарини сарҳисоб қиладиган бўлсак, уларнинг алоҳида чоп этилган асарлари 28 та, вақтли матбуотдаги мақолалари ва суҳбатлари 385 та, тўпламлардаги мақолалар, кириш сўзлар, сўзбоши ва сўнгсўзлар 50 тадан ортиқ. Таржималарининг ўзи 140 тадан кўп. Уларнинг раҳбарлигида 29 та шогирд номзодлик диссертацияларини ёқлади.
Бундан ташқари, архивларида ҳали қанчадан-қанча чоп этилмаган мақолалар, кундаликлар, ёднома, хотиралар баёни қўлёзма шаклида турибди.
Олимнинг серқирра ижоди бир қанча йўналишларда, жумладан, адабий-танқидий мақолалар (шеърият ва наср), очерклар, эсселар, хотиралар, таржималар, очиқ хатлар “Жаҳон адабиёти” журналида муҳаррирлик фаолияти давомида юзага чиққанлигини кузатишимиз мумкин. Бироқ бу мақолада кўзлаган мақсадимиз — Озод Шарафиддиновнинг эстетик қарашларини ёритишдир.
Озод Шарафиддинов учун адабиёт билан шуғулланиш нафақат касб, балки уларнинг бутун борлиғи, вужудига айланиб қолган эди. Ёшликдан адабиётни севган бу инсон сўнгги дақиқаларигача адабиёт, китоб деган сўзларни тилларидан қўймади. “Китобларни эҳтиёт қилинглар, қўлёзмаларни, расмларни йўқотиб юборманглар.” Ҳақиқатан, улар қанчадан-қанча ноёб китоблар йиққанлар, кўпчилиги ҳозир сотувда йўқ, расмларда эса дадам билан бирга маданиятимиз тарихида ном қозонган шахслар бор. Уларнинг ичида Абдулла Қаҳҳор, Аюб Ғулом, Иззат Султон, Шуҳрат, Ҳомил Ёқубов, Назир Сафаров, Комил Яшин, Ғайбулла ас-салом, Ҳалима Носирова, Зулфия, Ўлмас Умарбеков, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров ва бошқалар. Уларнинг илмий раҳбари К.Зелинский кучли танқидчилардан эди. Лидия Бать, К.Симонов, Тер-Акопян ва бошқа ижодкорлар ҳам Озод Шарафиддинов билан ҳамнафас бўлишган.
Адабиётнинг моҳияти, вазифаси, кимларга хизмат қилиши ёки фақат таъсирчанлигининг ўзи етарлими? – шунга ўхшаш масалалар Озод Шарафиддиновни доим қизиқтириб келган эди. Бу саволларга мунаққидлар ижодларидан жавоб ахтарардилар. Масалан, Чўлпоннинг нафақат шеърияти, насрий асарлари, балки адабий-танқидий мақолаларини ҳам махсус таҳлил этганлари фикримизга далил бўла олади. Масалан, адибнинг “Адабиёт надур? ” мақоласига тўхталиб: «Нима учун Чўлпон мақолаларида ҳам ўзбек, ҳам татар, ҳам озарбайжон, ҳам турк адабиётларининг намуналаридан қониқмаган?» «Шу билан бирга Чўлпон адабиёт ривожи учун қандай йўл кўрсатаяпти?» – деган саволларни қўядилар. Бу мақолада Чўлпон адабиётнинг мақсад ва вазифаларини белгилаб қўйган: “адабиёт қуруқ ғоялар мажмуаси эмас, балки биринчи навбатда, инсон руҳияти билан боғлиқ ҳодисадир. У одамларнинг ҳис-туйғуларига ҳам таъсир этиши, уларни қувонтириб, ёхуд маҳзун аҳволга солиб, шу орқали ижтимоий бурчини ўташи зарур.”
Шуниси аҳамиятлики, Озод Шарафиддинов Чўлпон кўтарган саволларга биргалашиб жавоб излайди ва уни шоирнинг “Улуғ ҳинди” мақоласидан топади: «янги ўзбек адабиётини яратиш масаласида Чўлпон “Шарқ ва Ғарб санъатларини синтез қилмоқ ва мазмун билан шаклининг уйғунлигига эришмоқ керак, зинҳор-базинҳор санъатни қуруқ ғоялар мажмуасига айланиб қолишига йўл қўймаслик зарур.” – дейди.
Озод Шарафиддинов: “Чўлпоннинг гаплари ҳеч кимнинг қулоғига етиб боргани йўқ, бу гапларга ўз вақтида ҳеч ким эътибор бергани йўқ, агар ўша маҳалдаёқ бу ҳодисанинг олди олинганида, балки ўзбек ёзувчилари ҳозиргидан кўпроқ даражада жаҳон миқёсида тан олинган ва танилган бўлармиди? ” – дея афсус билдиради. Олим яна шуни ҳам таъкидлайдики, Чўлпон ўзбек адабиёти учун танлаган йўл бу — Ғарб ва Шарқ адабиётидаги етакчи анъаналарни ижодий ўзлаштиришда, уларнинг бой тажрибаларига таяниб иш юритишдадир.
Шу билан бирга Озод Шарафиддинов ўз ижодида танқидчилик муаммоларига ҳам кўп тўхталиб ўтганлар. Танқид – бу адабиётдаги гўзалликни кашф этиш, адабиётнинг бадиийлигини аниқлаш, инсонга таъсир қиладиган эстетик омилларни белгиловчи санъат. Бу соҳада мунаққиддан тинимсиз изланиш ва ўткир нигоҳ билан ҳақиқий гўзалликни илғай олиш талаб қилинади. Суҳбатлардан бирида Озод Шарафиддинов ўзбек адабий танқидчилигига муносабат билдириб, унинг ривожланиши учун тўсиқ бўлаётган бир қатор иллатлар хусусида тўхталиб ўтганлар. Масалан, энг катта камчилик — социологик тадқиқот усулига керагидан ортиқ маҳлиё бўлиш.
“Социологик таҳлил осон – уни амалга ошириш учун унчалик жон куйдирмайсан – асарнинг мавзуини, мазмунининг асосий нуқталарини айтасан-да, ўшанга яқин ҳаёт воқеаларига солиштирасан, сўнг ўзингнинг бир-иккита “доно” хулосаларингни айтасан, муаллифга қаерни тузатиш, қаерни кучайтириш, қаерни олиб ташлаш тўғрисида қимматли маслаҳатлар берасан, тамом-вассалом. Лекин бунақа “танқид” дан на китобхонга, на ижодкорга фойда бор”. Шу билан бирга, “танқиднинг бу шаклига мурожаат қилишга мажбур этадиган сабаб – билимнинг саёзлиги, савиянинг пастлиги” — куйиниб ёзади Озод Шарафиддинов.
Озод Шарафиддинов ўз ижодида танқидчиларни огоҳлантириб, таҳлилда бир ёқламалик, бир хилликдан, схематизмдан қочишга ундардилар. Масалан, “… айрим ўринларда муҳаббат зўрайиб кетиб (Чўлпонга – М.Ш), объективликка путур етказиб қўяётганга ҳам ўхшайди. Биз баъзан … Чўлпонни идеаллаштиришга, ўзи яшаган заминдан олиб, замонавийлаштиришга ҳаракат қиляпмиз … авваллари Чўлпон фақат қораланиб келган бўлса, эндиликда уни салкам фаришта сифатида кўрсатишга интилмоқдалар.”
Ваҳоланки, буюк Чўлпон ҳақида ҳам, фақат бир томонлама фикр юритиш катта хатоликка йўл қўйиш бўлади. Озод Шарафиддинов айтганларидек, “ҳақиқий истеъдод эгаси ҳеч қачон жўнгина формулага тушадиган юзаки одам бўлмайди. ”
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ижоди аввалги даврларда шаклланган ёзувчилардан бугунга келиб шўро даврида ижод қилган, деб воз кечиб кетишимиз тўғри эмас. Аксинча, улар ижодини қайта таҳлил ва тадқиқ қилиш, ижодига янгича назар билан қараб, ҳар бир ёзувчининг адабий жараёнда ўз ўрнини кўрсатиш лозим.
Бу гапларни мустақилликнинг илк даврларидан бошлаб гапирдилар. Дўрмонда, ёзувчилар боғида рус ёзувчилари билан бўлиб ўтган учрашувдаги фикрларини эслайман: “Афсуски, бугун баъзи бир ўртоқлар қатағон бўлган ёзувчиларга ёндашишда яна ўша эски даврдаги хатоларга, бир томонлама ёндашувга йўл қўймоқдалар. Аввал улар фақат қораланиб келинган бўлса, энди сал кам фаришта сифатида кўрсатишга интилмоқдалар. Бу йўл мутлақо хато ва ўта зарарлидир. Ёки акси, шу кунгача мақтаб келинган шоир ёки ёзувчиларга муносабатнинг кескин ўзгариши, уларни фақат қоралаш ҳам нотўғри бўлади. Уларнинг ҳеч биридан шунчаки воз кечиб бўлмайди. Ҳар қайсисини тушуниш, ўрганиш керак.”
Мустақиллик ижодкорларга кенг имкониятларни яратди. Эркин ижод қилиш ва энг муҳими – ўз-ўзини, маданиятимизни тўғри англаш, баҳолаш учун анча шароитлар яратилди. Натижада ижодий изланишлар авж олиб, янгидан-янги маълумотларга тўла мақолалар юзага келди. Шу жумладан, Озод Шарафиддиновнинг “Тафаккур” журналида Ҳамзага бағишланган катта мақоласи чоп этилди, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида Ғайратий домлага бағишланган мақолалари чиқди. Уларнинг ижодини давр нуқтаи назаридан ўрганиб, ижодидаги мураккаб жиҳатларни тушунтириб беришга уриндилар. Ҳамзанинг ҳаёт йўлида, ижодий изланишларида кўндаланг бўлган давр муаммоларини кўрсатиб бердилар. шу билан бирга, унинг жадидчилик ҳаракатига қўшган улкан ҳиссасини шеърлари орқали исбот қилиб бердилар. Шу асосда у Ғайратий домланинг давр қурбони бўлиб қолганлигини тўғри изоҳлайди. Ёки Ойбек ижодига қайтиши ҳам бежиз эмас. Шу ўринда бир нарса ёдимга тушиб кетди. 2004 йил сентябрда аҳволлари оғирлашиб қолди. Шифокорлар яна операцияни таклиф қилишди. Операцияга тайёрлаш жараёни кетаётган бир вақтда, эрталаб палатага кирсам, ёстиқларининг ёнида бир талай оқ қоғозлар ётибди, ёнида ручкаси ҳам бор.
— Дада, қоғозлар қаердан келди? – десам, дадам: Октябрь (шифокор— М.Ш.) берди, – деб жавоб қайтардилар.
— Қоғозни нима қиласиз? – деган саволимга бироздан сўнг жавоб бердилар: Агарда худо менга озгина умр бағишласа, Ойбек ҳақида ёзган бўлар эдим. Миямда мақола пишиб тайёр бўлди. Мен энди Ойбекнинг моҳиятини тушундим, англадим.
Дадам операциянинг оғирлигини жуда яхши билар эдилар, ўзларининг аҳволларини ҳам яхши тушунардилар, яъни ўлим билан курашиб турган бир пайтда – Ойбек ҳақида ўйлаш, худди ёзувчи олдида қарздордай. Гўё кўпчилик ёзувчилар ҳақида ёздилар-у, Ойбек бир чеккада қолиб кетгандек. Шундай оғир кунларида ҳам, худодан озгина умр сўраб ва шу умрни адабиётга сарфласам деган умидда ётган эдилар. Мени шу нарса ҳайратда қолдирди. Биргина мисол орқали биз бу инсоннинг адабиётга бўлган муносабати, касбига садоқати, адабиётнинг, қолаверса, маданиятнинг олдидаги буюк бурчини қай даражада англашини ҳис қилишимиз мумкин.
Дадам операциядан омон чиқдилар ва натижада, тезлик билан Ойбек ҳақида “Миллатни уйғотган адиб” номли мақоласини эълон қилдилар. Бу мақолада ёзувчининг ижодига бугунги, янги нуқтаи назар билан қарашлари акс этган.
“Мен бу шифохонада умримдаги энг оғир кунларимни ўтказдим. Охир-кети кўринмайдиган оғриқли, дардчил тунларда неча марталаб ажалнинг кўзига қарадим ва бу гал ҳам чоҳ лабидан омон қайтдим. Энди ўйласам, бунга адабиётни, адабиёт дунёсидаги тозалик ва покликни ўйлаганим ҳам сабаб бўлдимикан? Ўша оғир кунларда менинг қай бир сифатим ёқиб қолган бўлса, Ойбек домланинг ўлмас руҳи менга мадад берган бўлса ажабмас”.
Адабиёт ҳақида, маданият ҳақида ўйлашни отам охирги дақиқаларгача тўхтатмаганлар. Сўнгги сўзлари – китобларни эҳтиёт қилинглар, мен кетяпман, кучларим кетяпти, алвидо, деб видолашдилар.
Л.Толстойнинг “Иқрорнома”сини таржима қилган, “Иван Ильичнинг ўлими” ни яхши билган одам, гўё энди ўзи ҳам ўша асар қаҳрамонларини ўлим олдидаги кечинмаларини тўлароқ ҳис қилгандек. Бу асарларда қаҳрамонларнинг сўнгги дақиқалари тасвирланган, уларнинг хаёлидан кечаётган кечинмалари берилган. Назаримда, шу қаҳрамонларнинг ҳолатига кириб, яна бир мўъжизани – ўлим олдида инсон руҳиятининг кучини англадилар.
Озод Шарафиддинов феномени нимада, деган савол доим мени ҳам ҳамма қатори қизиқтиради. Улардаги ақл-заковат, ўткир хотира, кенг дунёқараш, кенг диапазон ҳаммани ҳайратда қолдирар эди. Сабабларини ижод намуналаридан кўришимиз мумкин. У кишининг яққол кўзга ташланган фазилати – ҳаётдаги, адабиётдаги муаммоларни аниқлаш, таҳлил этиш ва ечимини беришда кўринади. Бу уч вазифани бир вақтда бажарар эдилар. Ҳамманинг ҳам қўлидан келмайдиган бу ноёб фазилатни “Салмон Рушдига очиқ хат” ёки “Нега эътиқодимни ўзгартирдим?” каби мақолаларида яққол кўриш мумкин.
Озод Шарафиддинов феноменига хос муҳим қирралардан яна бири шундаки, у қайси ижодкор асарини таҳлил қилмасин (хоҳ ёш ёзувчи бўлсин, хоҳ тажрибали) – бу ижодкорнинг асарларини гўё ўз лабораториясига айлантирар, ҳар биридан сабоқ, озуқа олишга ҳаракат қилар эдилар. Танқидчиликнинг вазифасини ижодкорга фақат ақл ўргатишда ёки фақат кўкка кўтариб ерга уришда эмас, асарлардан бадиийликни ахтаришда деб билар эдилар. Ана шундай жараёнлар ичида Озод Шарафиддиновнинг диапазони ҳам кенгайиб, тафаккури ривожланиб борган. Зеро, умри давомида сон-саноқсиз асарларга муносабат билдирган бўлсалар, уларнинг ҳеч қайсиси тасодифий асарлар бўлмаган. Қайси ижодкор хусусида тўхталмасинлар – Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Зулфия, Саид Аҳмад, Чўлпон — ҳар бир ёзган мақолаларида уларнинг нафаси келиб турар эди.
Озод Шарафиддинов асарларида сўзнинг кучи чуқур маъно англатиши билан ҳам аҳамиятлидир. Биргина сарлавҳаларни оладиган бўлсак, жумладан:
“Сизни соғиндим, Зулфия опа”, “Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч”, “Нега эътиқодимни ўзгартирдим?”, “Умарбековнинг ўлмас фазилатлари”, “Аъло ҳазратнинг ҳасратли кунлари” (Аъло Ашрапов ҳақида, чоп этилмаган), “Сўнгги жадид қиссаси” — уларда ҳам теран маънолар бор.
Бундан ташқари истиоралардан фойдаланиш, ўхшатишларни қўллаш, уларга хос сифатлардан эди. “Янги чиққан беш тийинлик чақаларга ўхшайди” каби.
«Ижобий қаҳрамон» деган атамани ҳуш кўрмас эди. Дунёда инсон аталмиш жумбоқнинг замирига етиб бўлармикан?! Ахир ўғри ҳам, қароқчи ҳам онаси вафот этганда йиғлайди, фарзанд кўрса қувонади, севиб ва севилиб яшагиси келади.
“Раъно” – (“Икки эшик ораси” романи) қандай образ? — салбийми, ижобийми? Ахир қилган хатоси учун жазо олди-ку?
Анна Каренина-чи? Ижобийми ёки салбий?
Агар вулгар социологизм таҳлилини қўлласак, унда Анна нега ичмайдиган, чекмайдиган, урмайдиган (ижобий) эрини ташлаб, ёш йигит билан қочиб кетди. Ахир бу образларнинг фожиаси сабабларини аниқлаш керак.
“Ижобий қаҳрамон” ёхуд шунчаки “қаҳрамон” атамаси адабиётда мавзу, композиция, сюжет каби категориялар қаторида туради, лекин у асарнинг жамики мазмуни ва йўналишини билдирадиган унсурга айлантирилмаслиги керак. Ҳолбуки, адабиёт дегани биринчи навбатда сийрат билан иш юритади, одамнинг руҳий дунёсини таҳлил қилиш билан ўз зиммасидаги вазифани адо этади.”
Озод Шарафиддиновнинг яна бир ўзига хос хислати шунда эдики, кучли интуиция – сезгирлик билан ким ҳақида ёзмасинлар, келажакда ёш тадқиқотчилар бажариши зарур бўлган мавзулар, ғояларни белгилаб кетардилар. Чўлпонни – Гогол, Салтиков-Шедрин билан, Зулфияни – Анна Ахматова билан солиштириш ҳақида, Миртемир, Ойбек, Чўлпон ижодларида модернизм кўринишлари мавжудлиги ҳақидаги мулоҳазаларни ўрни билан айтиб кетардилар. Албатта, мен ўйлайманки, яна бир бор бу ғоялар бизни Миртемиру Ойбек, Чўлпону Зулфия, Ҳамзаю Ғафур Ғулом ижодларига қайтиш ва янги нуқтаи назар билан тадқиқ қилишга даъват қилади. “20-30-йилларда ўзбек адабиётида ҳам муайян модернистик изланишлар бўлган. Бу, жумладан, Миртемир, Ойбек, Чўлпон ижодларида кўринади … Чўлпон “Кеча ва кундуз” романида, айниқса, Зебо устидан суд эпизодлари тасвирланган ўринларда ўша воқеаларнинг абсурдлигини жуда ёрқин ифодалаган. Ифодалаганда ҳам қуруқ сўзлар билан эмас, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракати, ҳис-туйғулари билан ифодалаган. Афсуски, ўзбек адабиётидаги бундай изланишлар ўз вақтида танқидчилик томонидан қўллаб-қувватланмади ва натижада давом эттирилмай қолиб кетди.”
Зулфия хусусида эса: “Кўпгина шеърларида Зулфия опа ўзининг “кемтик бахти” ҳақида гапирарди. Умрининг сўнгида ёзган “Хотира синиқлари” достонида эса ўша машаққатлар тўғрисида бениҳоя мардоналик билан ёзади. Бу асар теранлиги ва мардонаворлиги билан менга Анна Ахматованинг “Реквием” деган асарини эслатади.” дея айтиб ўтганлар.
1968 йилда адабиёт хусусида юритган фикрлари ҳозиргача долзарблигини йўқотмаган. “Адабий этюдлар” китобида шундай дейилади: “10-синфни тугатган қиз “Қутлуғ қон” даги Йўлчига характеристика бериб, “мен ҳам Йўлчи каби мард, қаҳрамон, вафодор курашчи бўлишни истайман”, деб ёзади.
“Бой ила хизматчи” ҳақида иншо ёзадиган йигитча, “мен ҳам Ғофир ва Жамила каби мард, қаҳрамон, вафодор курашчи бўлишни истайман”, деган хоҳиш билдиради. На қиз, на йигит Йўлчига, Ғофирга, Жамилага ўхшаш керакми ўзи … деган саволни бериб ҳам ўтирмайди.
Ёки тарихий асарлар ҳақидаги иншоларда: “Биз бу асарларни ўқиб ўтмишдан нафратланамиз, ҳозирги кунимизга муҳаббатимиз янада ортади» ёки: «Биз бу асарни ўқиб, она-Ватанимизни ортиқроқ севамиз”. Ўша вақтда ҳам Озод Шарафиддинов, ахир бу асарлар бир-биридан осмон билан ерча фарқ қилади, ҳар хил асарларга мана шундай бир хил муносабат бўлса, бу адабиётнинг асл вазифасини, моҳиятини тушунмасликдан далолат беради, дея куйиниб ёзган эдилар.
Озод Шарафиддинов ижоди хусусида сўз борганда таржимачилик борасида амалга оширган ишларини гапирмасликнинг иложи йўқ. Бу, албатта, “Жаҳон адабиёти” журналида муҳаррирлик фаолиятлари билан ҳам боғлиқ. Ҳатто ушбу журналнинг 100-сонини чиқариш учун имзо чекиб, оламдан кўз юмдилар. Шу давр ичида қанчадан-қанча асарлар таржима қилинди. Нега жаҳон адабиётининг дурдона ва бетакрор асарларини ўзбек халқим ўқимаслиги керак?» – деб, таржима қилдилар. Буни Л.Н.Толстойнинг мақолалари, Оскар Уайльд, В.Войнович, И.Бунич, П.Коэльоларнинг асарлари таржимаси мисолида яққол кўришимиз мумкин. Яна эътиборга молик жиҳати — машҳур ёзувчи Паула Коэльонинг асарлари 117 та давлатда чоп этилиб, миллионлаб инсонлар ўқишга муяссар бўлиб турган бир пайтда, нега менинг халқим бундан бебаҳра қолади, деган фикрлар тинчлик бермай кўпроқ меҳнат қилишга ҳаракат қилдилар.
Шундай қилиб, П.Коэльонинг “Алхимик”, “Бешинчи тоғ” асарлари ўзбек китобхонлари эътиборига ҳавола этилди.
Озод Шарафиддинов бутун бир жамоа қиладиган ишни ёлғиз ўзлари, соғлиқлари оғирлигига қарамай, кучли ирода ва матонат билан бажаришга уриндилар. Кейинги пайтларда қанд касали ўз асоратларини кўрсатиб, кўз кўриш қобилияти ҳам анча пасайди. Шунда энг севимли ишлари – таржима қилиш билан шуғуллана олмай қолдилар. “Эҳ, қани эди, кўзимни операция қилдирсам, таржималарни пистадай чақиб ташлардим, а Фатхуллахон! ” – дея афсус билдирардилар. Афсус, кўзларини операция қилишга улгурмадилар.
У инсон ниҳоятда кучли билимга эга эди. Бу ҳол ҳар бир асар, мақолаларида акс этади. Жаҳон маданиятидан жуда кўп маълумотлар келтириб, китобхон билан суҳбатлашар эдилар. Жумладан, Суқрот ҳақида қизиқарли маълумотлар ёки дунёнинг етти мўъжизаси ҳақида тўхтайдиларми, Ж.Голсуорси, В.Гюго, С.Цвейг ҳаётларидан маълумотлар келтирадими, фикрлар бирин-кетин қуюлиб чиқаверарди. Уларнинг ҳаётидаги қизиқарли, ибратли воқеаларни йўл-йўлакай айтиб кетардилар.
Озод Шарафиддиновнинг бадиий-эстетик қарашлари, муаллиф ва китобхон муносабатларидан тортиб, унинг ижодида очиқ хат каби жанрларнинг ўрни сингари мавзуларда илмий ишлар, изланишлар олиб бориш керак. бундай изланишлар бир қатор ёшлар томонидан бошлаб юборилган ҳам. Зеро, Озод Шарафиддиновнинг кўп қиррали ижодий меросини ўрганиш энди бошланмоқда.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 10-сон