Муҳаммаджон Имомназаров. Татаббу мўъжизаси

1986-87 йиллари мен ҳам устозга татаббуъ йўсинида Навоий ва Аттор мавзуига киришиб, «Ҳақиқат ва мажоз» номли рисола қоралаган эдим. Мана орадан 16-17 йил ўтди. Мустақиллик шарофати туфайли ислом минтақа маданиятининг асос манбалари билан яқиндан танишиш имконияти пайдо бўлди. Шундай шароитда мавзуга янада жиддийроқ ёндашиш эҳтиёжи туғилди.
Татаббуънинг моҳиятини англаб етиш учун матнларни сатрма-сатр қиёслаш керак. Бунда фақат мутлоқ янги сатрларни топиб кўрсатишгина эмас, балки бир қарашда таржимага ўхшаб кўринган ўринлардаги маъно товланишларига ҳам эътибор қаратиш лозим бўлади. Биз илк тажриба сифатида ишни Аттор ва Навоий достонларидаги биринчи 10 байтни қиёслашдан бошладик. Манба сифатида «Лисон ут-тайр»нинг Шарафиддин Эшонхўжаев тайёрлаган илмий-танқидий матни, Аттор достонининг эса Ўзбекистон ФАШИ фондида сақланаётган 1424 йили Ҳиротда кўчирилган «Ситтайи Фаридиддин Аттор» деб номланувчи мўътабар қўлёзма таркибидаги матни танланди.
Ҳар икки достон анъанага мувофиқ Оллоҳ ҳамди билан бошланади. Ушбу муқаддима боб Атторда 159 байт, Навоийда 60 байтдан иборат.
Аттор ўз асарини шундай бошлайди:

Офарин жонофарини покро,
Онки жон бахшид мушти хокро.

(Жоннинг яратувчисига офаринлар бўлсинки, У бир сиқим тупроққа жон бахш этди.)
Алишер Навоий бу илк сатрлар мазмунига ўз муносабатини билдиришга шошилмайди. Ўз достонини буткул бошқача бошлайди:

Жон қуши чун мантиқи роз айлагай,
Тангри ҳамди бирла оғоз айлагай.

Достон аввалидаёқ «жон қуши», «мантиқи роз» каби рамзий иборалар қўлланиб, асарнинг асл манбаига ишора қилади (бу икки иборани бирлаштирилса, Аттор асарининг сарлавҳаси ҳосил бўлади). Ҳар икки достоннинг кейинги байтлари ягона Тангри мадҳи, унинг кўрсатган мўъжизаларини бирма-бир таъриф-тавсифлаш билан давом этади.
Аттор:

Аршро бар об бунёд у ниҳод,
Хокиёнро умр бар бод у ниҳод.

Осмонро бар забардасти бедошт,
Хокро дар ғойиби пасти бедошт.

Он якиро жўнбиши модом дод,
В-он дигарро доимо ором дод.

Осмон чун хаймайи бар пой кард,
Бисутун гирди заминаш жой кард.

Кард дар шаш рўз ҳафт анжўм падид,
Ва-з ду ҳарфи амр нуҳ торўм падид.

Муҳрайи анжўм дар ин ҳўққа бисохт,
Бо фалак дар ҳўққа ҳар шаб муҳра бохт.

Доми танро мухталиф аҳвол кард,
Мўрғи жонро хок бар дўмбол кард.

Баҳрро бигудохт дар таслими хеш,
Кўҳро афсурда кард аз бийми хеш,

Кўҳро ҳам тиғ дод у, ҳам камар.
То басарҳангийи у афрошт сар.

(Аршни сув устига қурган — у, Тупроқдан яралганлар умрини елга топширган — у. Осмоннинг қўлини баланд қилиб қўйди, Тупроқни кўзга илинмайдиган даражада пастликда сақлади. Ул бирига (олдингисига) бетиним ҳаракат бахш этди. Бошқасига (кейингисига) доимий ҳаракатсизликни лозим кўрди. Осмонни худди чодирдек тиклаб қўйди, Бирор таянчсиз ер атрофини ўраб турувчи қилди. Олти кунда етти юлдузни (сайёрани) яратди, Икки ҳарф («коф» ва «нун») билан амр қилиб, тўққиз фалакни бино қилди. Юлдузлар мунчоғини ушбу (фалак) сандуқчасига жойлади, Ҳар тунда фалак билан юлдузлар ўйинини олиб борди. Бадан қафасини турли ҳолатларга солди, Жон қушини тупроқ қафасига тутқун қилиб қўйди. Денгиз(лар)ни ўзига бўйсундириб, эритди. Тоғ(лар)ни ўз ҳайбати билан қўрқувдан тошга айлантирди. Тоғ(лар)га, (заминга) посбонликда қад ростлаб туриши учун ҳам тиғ (қиррали чўққилар), ҳам камар (тор даралар) берди.)
Навоий:

Улки махлуқот халлоқидур ул,
Ондин ўзга фонию боқийдур ул.
Сонеъиким чекти чун сунъи қалам,
Офариниш тарҳини қилди рақам.
Айлагач дойир тўқуз афлокни,
Қосир этди фаҳмидин идрокни.
Кўкни тун, кундин муламмаъ айлади,
Меҳру анжумни мурассаъ айлади.
Ойни кўк тирноғидин қилди мисол,
Олғон ул тирноғ бир ёндин ҳилол.
Сайрдин гардунга солди изтирор,
Ерга онинг жавфида берди қарор.
Ер юзин ёмғир суви бирла юди,
Гарду чирки ул юмоғдин ўксуди.
Баҳр уза жўнг айлади туфроғдин,
Жўнг учун лангар ёсоди тоғдин.
Қилди дарёға бухорин пардапўш,
Меҳр ўтидин тушмасун деб сувға жўш.

Келтирилган 10 байт қиёсидан ҳам очиқ кўриниб турибдики, ўз даврида Е.Э.Бертелс чиқарган хулоса мутлақо тўғри бўлган — Навоий Аттор асарини таржима қилишга уринган ҳам эмас. Албатта, ҳар икки матн орасида бир қанча ўринларда туташлик борлиги ҳам рост. Навоий Аттор тилга олган кўп масалаларга ўз муносабатини билдириб ўтган.
Аттор бир байтнинг аввалги сатрида арши аълодан гапирса, иккинчи мисрада инсон ҳаётининг бебақолигига кўчади, хаёли гоҳ осмонга кўтарилса, гоҳ пастликка — тупроққа тушади, гоҳ юлдузлар ўйинидан баҳс этса, гоҳ тан ва жон ҳақида фикрлайди. Аммо бундай «бетартиблик»нинг ҳам ўз тартиб-қоидаси бор, уни кўриш учун шоирнинг мақсадига эътибор бериш лозим. Аслида суфий шоирнинг мақсади Парвардигорнинг яратувчилик маҳоратини тасвирлаш эмас, балки унинг чексиз қудратини намоён этиб, тупроқдан бино бўлган инсоннинг бу қудрат қаршисида нақадар ожизлигини кўрсатиш.
Алишер Навоий тасвири эса ниҳоятда изчил. Шу даражадаки, унинг баёнида Халлоқи олам биринчи навбатда яратадиган нарсаларининг режасини (тарҳини) белгилаб олади. Шундан сўнг ушбу «тарҳ» асосида яратувчилик жараёни бир текис ривож топа бошлайди. Аввал 9 фалак (осмон қабатлари) яратилади, сўнг кун билан тун бир-биридан ажралади, қуёш («меҳр») ва юлдузлар пайдо бўлади, қуёшдан сўнг ой эсланади, тинимсиз айланиб турган фалак бағрида ер курраси қарор топади. Ана энди тасвир ер юзига кўчади — унда ёмғирлар чанг-ғуборни ювади, чексиз уммон орасида қуруқлик худди кемадек жойлашиб, унга тоғлар собитлик бахш этади. Денгизлар узра буғ кўтарилиб, булутга айланади ва ҳоказо.
Аттор байтларида мазмуний узлуксизлик изчил эмас. Умуман, «Мантиқ ут-тайр» достонида эпик тасвир изчиллигидан кўра, эҳтиросли лирик-дидактик оҳанг устун туради. Навоийнинг баён оҳанги эса ниҳоятда босиқ, туйғуга эмас, ақл-идрокка таъсир этишга қаратилган. Бундай тасвир оҳанги тасаввуфий шеъриятга хос эмас. Навоий ҳаёт ҳодисаларини таҳлил этмоқда, аммо бу таҳлил тўлиғича рамзий-мажозий тасвир услуби доирасидан четга чиқмайди. Асли, Навоий кўтарган муаммоларни ўша даврда бошқача усул билан ҳал қилиш ҳам имкондан ташқари эди.
Ушбу қисқа қиёсий таҳлил ҳам Навоий асарининг айни татаббуъ қонун-қоидаларига риоя этиб ёзилганлигини исботлайди. Масалани янада равшанлаштириш учун татаббуънинг яна бир қоидасига тўхталиб ўтамиз.
Татаббуъчи шоир, албатта, ўз салафининг матнидаги энг муҳим жиҳатларга жавоб бериб ўтиши керак. Ўзи аслида татаббуъ — оддий назира эмас, балки салафининг олға сурган асос ғояларига ўзига хос зукколик билан берилган жавобдир. Бунда тазмин қоидаси муҳим ўрин тутади. Тазмин салафнинг муайян сатрларини янгича жарангда такрорлаш усули бўлиб, Навоийнинг «Туҳфат ул-аҳрор» қасидасида Деҳлавий ва Жомийга жуда гўзал тазминлари бор.
Хўш, «Мантиқ ут-тайр»нинг илк байти «Лисон ут-тайр»да тазмин қилинганми? Ҳа, шундай тазмин қилинганки, ҳар икки асарнинг асосий фарқи ана шу тазминда ўз ёрқин ифодасини топган, деса ҳам бўлади. Навоийнинг Атторга жавоби «Лисон ут-тайр»нинг 28-байтига яширинган.
Юқорида биз оламнинг яратилиши Навоий асарида изчил баён этилганлигига эътибор қаратдик. Ушбу изчиллик кейинги байтларда ҳам давом этади. Жумладан, 11 — 21-байтларда уммондаги ва қуруқликдаги жонзотлар, наботот, ер юзи иқлимига оид кузатишлар баёни берилади. Аста-секин тасвир навбати инсонга ўтади…

Ўйлаким, душман яротиб ўтқа сув,
Елни ҳам туфроққа айлаб адув.

Сунъидин кўргилки мундоқ тўрт зид,
Бўлиб инсон хилқатида муттаҳид.

Офаринишдин қилиб инсон ғараз,
Онинг айлаб халқ ичинда бе эваз.

Кўнглин онинг махзани ирфон қилиб,
Ул тилсим ичра ўзин пинҳон қилиб.

Рози махфий ганж ўлуб бу турфа жисм,
Сунъидин ул ганж ҳифзиға тилсим.

Ҳам тилисм ул махзан узра, ҳам амин,
Офарин сунъунгға, эй жонофарин!

(Гўёки сувни оловга душман қилиб яратди, шамолни [аслида, ҳавони] ҳам тупроққа зид қилди. Халлоқи оламнинг яратувчилик қудратини кўрингки, бир-бирига зид бўлган шундай тўрт унсур инсон вужудида бир бутун ҳолга келди. Бутун оламни яратишдан Ҳақ таолонинг мақсади инсон эди, уни бутун махлуқотлар ичида тенги йўқ қилиб яратди. Унинг кўнглини ирфон хазинаси қилиб, ушбу тилсим ичра ўзини яширди. (Оллоҳнинг) яширин сири бир хазина бўлиб, бу ажойиб жисм (яъни инсон) ўша хазинани ўзида (эҳтиётлаб) сақловчи бир тилсим сифатида яратилди. Ул хазина узра ҳам (сеҳрли) тилсим бўлса, ҳам (уни қўриқловчи) ишончли зот бўлса, Сенинг бундай яратувчилик маҳоратингга офаринлар бўлсин, эй жонофарин!)
Аттор достонидаги биринчи сатрга Навоий шундай тазмин қилади. Аттор наздида, Халлоқи олам «бир сиқим тупроққа» жон бахш этгани учун мадҳ этилган бўлса, Навоий инсонни шундай мураккаб ва сирли бир зот сифатида яратганлиги учун яратувчилик маҳоратига таҳсин ўқимоқда. Агар бир сўз билан баён қилинса, ҳар икки шоир ҳам инсонга жон бахш этган Ҳақ таолога ҳамд айтмоқда, аммо баъзилар шундан келиб чиқиб, Навоий асарини «таржима» деб атасалар, унда Деҳлавий «Хамса»си нима бўлади — форс тилидан форс тилига таржимами?
Аслида Атторнинг ҳам, Навоийнинг ҳам мақсади бир — инсон маънавий такомили. Фарқ шундаки, Аттор XII аср охири — XIII аср бошларидаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб масалага ёндашмоқда, Навоий эса XV аср сўнгида туриб ўз сўзини айтмоқда. Масаланинг бошқа бир жиҳати — Аттор тўлиқ тасаввуф ғоялари таъсирида бўлса, Навоийнинг масалага қараши тасаввуфий ғоялар доирасидан анча-мунча кенгроқ қамровга эга. Аттор инсон вужудининг тўрт унсурдан ташкил топганлигини билмайдими? Ундай эмас. Фақат тасаввуфий ғоялар куйчиси учун инсон жисмининг қайси унсурлардан ташкил топгани муҳим эмас. Унинг учун инсон ва Ҳақ муносабати масаласи — бош масала.
Алишер Навоий ишлатган «тилсим» ва «ганж» рамзлари ҳам Атторда бор. Фақат Аттор уларни жон ва жисм, модда ва руҳ нисбати сифатида олади:

Ганж ёби, чун тилисм аз пеш рафт,
Жон шавад пайдо, чу жисм аз пеш рафт.

(Тилсим кўздан йўқолгач, хазинани топасан, Жисм кўздан йўқолсагина, жон кўриниш беради.)
Аттор асари ҳам рамзий-мажозий услубда ёзилган, Навоий татаббуъси ҳам. Фарқ шундаки, Аттор учун мажоз фақат аллегория холос. Навоий учун эса мажоз қуруқ аллегория эмас, балки метафорадир. Ушбу ўта муҳим масалага, афсуски, жуда кўп зукко мунаққидлар чандон эътибор қаратмайдилар. Бу катта фарқнинг моҳиятини тўғри идрок этиш учун татаббуъ ҳодисасининг минтақа халқлари маънавий такомил жараёни билан боғлиқ жиҳатларига эътибор қаратиш лозим бўлади. Ушбу жараённинг ички қонуниятларини англамаган ҳолда, Навоий татаббуъсининг сирини очиш имкондан ташқаридир.
Алишер Навоий Аттор достони ҳақида «шарҳи асрори илоҳий» дейдики, бу таъриф ушбу достоннинг илоҳий китоб мазмунига оид теран ғояларнинг ўзига хос таъвили эканлигига ишора қилади. (Қуръони карим оятларининг зоҳирий маънолари тафсир қилинади, ботиний мазмунларни шарҳлашга уриниш эса таъвил дейилади.)
Ислом минтақа маданиятининг шаклланиши ва ўзига хослиги, биринчи навбатда, Қуръони карим шакли ва мазмуни билан боғлиқ. Илоҳий китоб мазмуни шу қадар чексиз теранлик хусусиятига эгаки, уни мукаммал тушуниб етиш бани башар учун то қиёмат кунигача давом этадиган ижодий жараёндир. Айниқса, ундаги етакчи ғоя бўлмиш тавҳид таълимотини борган сари теранроқ идрок қилиб бориш минтақа халқлари маънавий камолотини белгиловчи омиллардан бўлгани сир эмас. Масалан, ислом даври маънавий такомил босқичларининг биринчиси — «Сунна» босқичи (VIII — IX асрлар) илоҳий ваҳий мазмунини Пайғамбаримиз ибрати асосида англаб етиш даври бўлди. Бу даврда Расулиллоҳ ҳадисларини тўплаш ва ҳадисшунослик илмининг қатъий талаблари асосида уларни таснифлаш амалга оширилди. «Ислом маърифатчилиги» аталмиш иккинчи босқичда (Х — ХI асрлар) алломаларимиз тавҳид ғоясини илмий-мантиқий асосда англаб етишга эришдилар. Улар ўша давргача аҳли башар яратган барча маънавий бойликларни чуқур ўрганиб чиқиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб бердилар. Дастлаб зоҳидлик ва тақвога эътибордан бошланган суфийлик ҳаракати IX — XI асрларда ўз мустақил таълимотини шакллантирди. Илм аҳли кўпроқ ижтимоий масалалар ва моддий борлиқни ўрганиш билан шуғулланган бўлсалар, тасаввуф инсон маънавиятига, унинг ботиний, ички дунёсига нигоҳини қаратди, ҳар бир шахснинг маънавий-ахлоқий такомили масаласини биринчи ўринга қўйди.      XII — XIII асрларда ислом дунёсида тасаввуф тариқатларининг шаклланиш жараёни кенг тус олди, ирфоний мавзуга эътибор ниҳоятда кучайди. Шундай қилиб мусулмон халқлари маънавий такомили учинчи — «тасаввуф тариқатлари ва ирфон» босқичига кўтарилди.
Советлар даврида илмий-мантиқий тафаккур ҳам, ирфоний ғоялар ҳам атайин исломга зидлаштирилди. Натижада, бугунги кунда тавҳид ғоясининг исломий, илмий, ирфоний талқинлари орасидаги тадрижий изчилликни англаб етиш оғир кўчиб, айни шу сабабли ислом минтақа маънавияти такомилидаги тўртинчи — «мажоз тариқи» босқичининг моҳияти кўпчилик учун тушунарсиз қолмоқда.
Исломий ғояларнинг шеъриятга кириб келиши бирданига юз бергани йўқ. Маълумки, Қуръони каримда шеър ва шоирларга салбий муносабат билдирилган. Бунинг сабаби жоҳилия (исломдан олдинги давр) араб шеърияти шаклий жиҳатдан анча балоғат касб этган бўлса-да, ғоявий мазмуни мутлақо ислом ва инсон ахлоқига зид бўлиб, асосан, манманлик, талончилик ва фаҳш ишлари билан ғурурланиш, майхўрликни мадҳ этиш, ўз душманларини ҳақоратли йўсинда ҳажв этиш каби мавзуларга бағишланган эди. Мусулмон уммати шакллана бошлагач, дастлаб Пайғамбарни ва у даъват қилаётган эътиқод системасини улуғлаш билан бошланган шеъриятдаги янгиланиш жараёни бир неча аср давом этди. X — XI асрлардан шеъриятга тасаввуфий ғояларнинг таъсири ҳам аста-секин кучайиб бориб, ниҳоят XII — XIII асрда фалсафий-ирфоний шеърият мумтоз даражага кўтарилди. Фаридиддин Аттор (1147 — 1229) ва Жалолиддин Румий (1207 — 1273) соф ирфоний ғояларни бадиий инъикос эттиришда (Алишер Навоий таъбири билан айтсак, ҳақиқат тариқатида) юксак чўққиларни эгалладилар.
Тавҳид ғоясининг тасаввуфий талқини улар ижодининг бош мавзуи эди.
Суфийлар Борлиққа муносабатда ўзига хос қарашларни олға сурдилар. Улар тавҳид ғоясини ўзига хос талқин этиб, абадий ва азалий, бинобарин, ҳақиқий Борлиқ — Ҳақнинг борлиғи, биз кўриб турган моддий борлиқ эса ўткинчи, муваққат, ўзгарувчан, бебақо, демакки, ҳақиқий борлиқ эмас, балки Ҳақнинг «мажози», яъни гўёки унинг кўзгудаги акси, деб ҳисоблайдилар. Шундай мулоҳазалардан «ҳақиқат» ва «мажоз» нисбати келиб чиқади. Адабиётда бу нисбат асосан «ишқи ҳақиқий» (яъни Ҳақ ишқи) ва «ишқи мажозий» (моддий дунё унсурларига кўнгил боғлаш) тушунчаларида ўзини намоён этди. Ҳақиқат тариқи куйчилари инсонларни бу ўткинчи, мажозий борлиққа алданмаслик, балки ягона ҳақиқий Борлиқ бўлмиш Ҳаққа меҳр боғлаш, Ҳаққа интилишга чақирдилар*. XIII аср охири — XIV аср бошларида Хусрав Деҳлавий (1253 — 1325) ҳақиқат ва мажоз нисбати масаласида тасаввуфий қарашларни рад этмагани ҳолда, суфийларнинг ишқи ҳақиқий ва ишқи мажозийни бир-бирига зидлаштириш принципига қарши чиқди. XIV — XV асрларда бу янгича қарашлар адабиёт майдонида кенг ёйилиб, кейинчалик Алишер Навоий асарларида «мажоз тариқи» номи билан тилга олинган янги йўналиш шаклланди. Форсий ва туркий тилли шеъриятда урф бўлган бу йўналиш намояндалари суфиёна қарашлардан фарқли ўлароқ, моддий дунё неъматлари аҳамиятсиз, рад қилиниши керак бўлган нарсалар эмас, балки улар Ҳақ яратган, ҳақиқат сирларини ўзида пинҳон этган махлуқотлар сифатида катта эътиборга лойиқ, деб ҳисобладилар. Пайғамбаримизга нисбат берилган «Мажоз — ҳақиқатнинг кўпригидир» ҳадисига мувофиқ бу олам унсурларига, айниқса, инсонга нисбатан меҳрни («мажоз ишқини») «ишқи ҳақиқий» сари олиб борадиган йўл, деб талқин қилдилар. Ушбу қарашлар силсиласи уч буюк шоир яратган «Хамса»лар мазмунида рўй-рост ўзини кўрсатди ва Навоий асарларида назарий жиҳатдан ҳам мукаммал изоҳланди.
«Симурғ — си мурғ» мажозий нисбатида ифодаланган ғоянинг тасаввуфий талқини Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» асарида фалсафий-назарий такомилига етказилган бўлса, “Лисон ут-тайр” уч даҳо шоир ижодининг муштарак маҳсули бўлган улуғ “Хамса” бадиий-фалсафий оламига рамзий бир хулоса сифатида дунёга келди.
Татаббуъ мўъжизаси ва унинг ислом минтақа маданиятида тутган мавқеи ҳақидаги суҳбат энди бошланди. Биз ҳозирча татаббуъ тўғрисида Алишер Навоийнинг “Турфат ул-афкор” қасидасидан бир байт келтириш билан сўзимизни якунлаймиз:

Дар татаббуъ кардани ин назм озодам зи таън,
Тобеъи суннат бувад ҳар ку набиро чокар аст.

(Бу назмни татаббуъ қилишда таънадан озодман, чунки кимки Пайғамбарнинг хизматкори бўлса, унинг суннатига тобеъ бўлади.)

Муҳаммаджон Имомназаров,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004-йил 6-сонидан олинди.