Мумтоз адабиётшуносликнинг асосий жанрларидан бири бўлган тазкира туркий тилда Алишер Навоий ижодида илк бор кузатилган бўлса, Навоийдан кейинги туркий ва форсий тазкирачилик тараққиётига “Мажолис ун-нафоис” сезиларли таъсир кўрсатгани бу асарнинг форс тилига уч марта таржима этилиши,[1] туркий дунёда унга назира тарзида ўттиздан ортиқ тазкиралар яратилиши унинг нечоғлиқ аҳамиятли эканини таъкидлайди. Навоий тазкирасидан кейинги салкам беш юз йиллик танаффусдан сўнг ХХ аср бошларига келиб Хива ва Бухоро адабий муҳитида тазкирачилик қайта жонланди. Бухорода тазкиранинг турли шакллари: шоирлар, дабирлар, адиблар, ҳатто ахмоқлар (Садри Зиё) тазкиралари яратилган бўлса, Хивада бу ҳолат Муҳаммад Раҳимхон Соний – Феруз ғазалларига битилган назира ва тахмислар асосига қурилган тазкираларда кўринади.
Хива адабий муҳитининг фаол аъзоларидан бўлган Аҳмаджон Табибий (1868-1910) саройда ижод этган шаҳзода ва амалдорлар, мударрис ва мирзабошилар томонидан Феруз ғазалларига битилган ўттиз нафар шоирнинг назираларини ўзининг “Мажмуат уш-шуарои пайрави Ферузшоҳий” (1908) тазкирасига жамлаган. Асар дебоча, асосий қисм (ғазаллар) ва хотимадан иборат.[2] 152 байтни ташкил этган дебочада Оллоҳга ҳамд, пайғамбар ва унинг саҳобалари мадҳи ва сўз санъати хусусида фикр юритилгандан кейин Ферузнинг табъи истеъдоди ҳамда Нозир, Музниб ва Иноят сингари шоирлар номлари тилга олинади. Тазкиранинг асосий қисмида берилган ғазаллар муаллифлари орасида Султоний, Ғозий, Асад, Баёний, Оқил сингари хонзодалар; Мирзо, Шиносий, Ғуломий, Пуркомил, Камолий, Умидий сингари амалдорлар; Доий, Ожиз, Ҳақирий, Ниёзий, Ҳабибий, Хокий, Юсуф, Табибий, Нозир, Хаёлий, Роғиб сингари амалдор шоирлар; Девоний, Мутриб Хонахароб, Чокар, Ходим, Иноят, Музниб, Надимий, Аваз сингари шоир ва хаттотларнинг ғазаллари келтирилган. Асосий қисмда Ферузнинг 31 ғазали ва унга пайрав қилинган 3331 ғазал келтирилади. Ғазаллар алифбо тартибида худди девонлардаги каби жойлаштирилади. Хотимада Хива адабий муҳити ва унинг намояндалари ижодига бағишланган 7013 байтдан иборат маълумотлар маснавий шаклида берилган.[3]
Шеърий йўлда тузилган бу тазкира Хива адабий муҳитини ўрганиш учун муҳим манба ҳисобланади. Тазкирадан маълум бўлишича, адабий муҳит иштирокчилари вазир ва амалдорлар, хонзода ва шоирлар, муфти ва хаттотлардан иборат. Ушбу тазкиранинг ўзига хослиги шундаки, у мажмуа ёки баёз тарзида шакллантирилган бўлиб, тазкиранинг бундай тури форс ва туркий тазкирачилик тарихида кам учрайди.[4]
ХХ аср бошларида ўзбек тилида тартиб берилган Табибийнинг “Мухаммасоти мажмуат уш-шуарои Ферузшоҳий” (1909) тазкираси, асосан, Феруз шеърларига боғланган 33 шоирнинг мухаммасларидан ташкил топган. Тазкира таркибан аввал Огаҳий ғазаллари, сўнгра Феруз шеърларига боғланган мухаммаслар ҳамда Ферузнинг “Оромижон нигорим…” деб бошланувчи ғазалига битилган тахмис ва тасдислардан иборат. Тазкирада 190 мухаммас, 58 мусаддас берилган. Асарнинг хотима қисмидагина адабий муҳитга доир айрим маълумотлар учрайди. Масалан, Умидий, Доий, Хаёлийнинг вафот этгани ҳақида хабар берилади, Баёнийнинг аввалги тазкира “Мажмуат уш-шуаро…”га ёзган тақризи ҳам мазкур манбага тегишли маълумот сифатида илова қилинади. [5]
Табибий қаламига мансуб бу икки тазкира анъанавий тазкиралар услубида ёзилганда эди, биз улардан янада кенгроқ фойдаланиш имкониятига эга бўлардик. Шундай бўлса-да, бу асарларнинг муқаддима ва хотима қисмларидаги маълумотлар Хива адабий муҳитининг таркиби, унда иштирок этган айрим ижодкорларнинг таржимаи ҳоллари, тузилган девон, баёз ва мажмуалар ҳамда уларнинг йўналишлари ҳақида анча қизиқарли маълумотлар бера олади.
Хоразм адабий муҳитида тузилган тазкиралардан яна бири 1940-йилларда Хивада ижод қилган Ҳасанмурод қори Лаффасий (1880-1949) қаламига мансуб “Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари” асари бўлиб, у “Тазкираи шуаро” номи билан чоп этилган.[6] Хива давлат тарих музейи илмий ходими вазифасида фаолият олиб борган А.Болтаевнинг маълумотига қараганда, Лаффасий тазкирасини ўз хотиралари, шоирлар билан шахсан таниш бўлган қарияларнинг ҳикоялари асосида таълиф этган. Асарнинг араб ёзувидаги қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида 9494-рақам билан сақланади. Мазкур тазкирада Мунис, Огаҳий, Хисравий, Рожий, Комил каби Хивада ХХ асргача яшаб ижод этган ўндан ортиқ шоирлар ижоди тилга олинган бўлиб, унда ХХ аср бошлари адабий муҳитига мансуб шоирлар – Феруздан бошлаб Лаффасийгача қирқдан ортиқ шоир ижоди ҳақида қисқа маълумотлар берилган. Тазкиранинг Феруз ҳақидаги моддасида Комилга фармон бериб, олти ярим Хоразм мақомларини нотага олишни буюргани қайд этилади. Шунингдек, Ферузнинг ҳузуридаги созанда ва хонандалар Муҳаммад Ёқуб харрат, Ёқуб позачи, Аваз торчи, Қаландар дўнмас, Полвон уста кабиларнинг номи тилга олинган. Ҳар бир ижодкор ҳақида сўз юритишдан аввал “…ким аҳволоти” сарлавҳаси билан кичик маснавийлар орқали ушбу шоир ҳақида маълумот ҳам берилган. Сўнгра шоир ҳаётининг ўзига таниш бўлган бир парчаси баён қилиниб, унинг ижодидан ғазал ёки маснавий келтирилган. Тазкирада айрим ижодкорлар хусусида бошқа китобхонларга маълум бўлмаган хабарлар ҳам берилади. Масалан, Султоний тахаллусли шаҳзода Носирнинг 1920 йилда Хоразм халқ шўролар жумҳурияти томонидан Москвага юборилгани баён қилинади. Ёки Ходимий тахаллусли Бобожон Таррох хусусида сўз юритилганда, унинг шўролар даврида зироат (қишлоқ хўжалиги) вазири бўлгани, кейинроқ Тўрткўлда хизмат қилгани айтилади. Демак, Лаффасий ХХ аср ўрталарига қадар яшаган даврида бошқа манбалардан маълумотлар олиб, ўз тазкирасини бойитган. Айни шу жиҳатдан мазкур тазкира Хива адабий муҳитида яратилган тазкиралардан фарқ қилади.
Бобожон Тарроҳ – Ходимнинг “Хоразм шоир ва навозандалари” асарида ХIХ аср охири – XX аср бошларида Муҳаммад Раҳимхон II даврида ўтган 31 нафар шоир аҳволотлари ҳақида маълумот беради. Асарнинг ички таркибидан шоирнинг ва отасининг номи, шоирнинг адабий тахаллуси, туғилган жойи, унинг ижтимоий келиб чиқиши, илмий фаолияти, девон тартиб берганлиги, шоир эгаллаган вазифа ёки мансаб, ижод билан шуғулланишининг сабаби, соз илмидан хабардорлиги, неча ёшда вафот этгани, вафотидан кейин қайси қабристонга дафн этилганлиги, ва ахлоқий жиҳатлари тавсифи ўрин олган.
Муаллиф ҳар бир шоир ҳақида маълумот бераркан, унинг берган хабарлари мазкур ўн икки модда доирасида тўла кўрсатилмайди. Масалан, Феруз ҳақидаги маълумотларда айни моддаларга тўлиқ жавоб берилса-да, унга илова равишда шоир Аваз Ўтарнинг ўлими учун буйруқ бергани ва ҳаётидаги бошқа воқеалар, жумладан, тўққиз созанда ва навозандалар доимий суратда подшоҳдан хабардор бўлиб туришлари ва улар билан боғлиқ воқеалар баёни ҳам келтирилади. Шу тариқа Носирхон тўра – Султоний, Раҳмонқули тўра – Содиқ, Саъдулла тўра – Саъдий, Саид Ғозий каби ўттиздан ортиқ шоирлар ҳақида нисбатан батафсил маълумотлар келтирилган. Асар сўнггида муаллиф ўзи ҳақида маълумот бериб, асл исми Бобожон Азизов бўлиб, 1878 йилда туғилгани, мадрасада хаттотлик қилгани, муаллифнинг авлодлари, хусусан, бобоси Абдулқодир девонбеги Қонеъ ҳақида анча кенг маълумотлар берилган.[7] Асар 1965-1967 йилларда ёзилган.
Шоир Аҳмаджон Табибийнинг саройга келишига сабаб бўлган Худойберди махдум тавсифидан кейин уни саройга чақиртириб, ўзи қофияси танг, вазни мураккаб бўлган бир шеърни бошлаб беради ва шу мисрани давом эттириб, 9 байтли ғазал ёзишни топширади. Шеър тайёр бўлгач, “Аҳмаджонни шоирлик илмига мусаллам қилиб”, уни Худойберган Муҳркан, Муҳаммад Ёқуб харрот каби девонбеги шоирлардан кейинги ўриндан жой беради.[8] Маълум вақт ўтгач, Аҳмаджон Табибий улуғ шоир ва тазкиранавис бўлиб етишади.
Машҳур шоир ва тарихнавис Муҳаммад Юсуфбек Баёний ҳақида сўз юритиб, унинг дастлаб табиб бўлгани, шу касб туфайли саройга яқинлашиб, Муҳаммад Раҳимхон II топшириғи билан бир неча форсий китобларни таржима қилгани, ниҳоят, унга “Шажараи Хоразмшоҳий” асарини тузиш топширилгани тўғрисида маълумотлар беради. Муаллиф Баёний хусусида ёзаркан, хон уни олтин қилич билан тақдирлагани, нафақат хон, балки халқ ҳам шоир ва тарихчини дилдан ҳурмат қилишини айтиб, шундай ёзади: “Халқ Юсуфбекни кўп ҳурмат қилар эди. Халқ ичида обрўйи катта эди. Шеърлари ҳам биринчи ўринда турар эди…”[9]
Бобожон Тарроҳ асари Хоразм муҳитидаги бошқа тазкиралардан фарқли равишда, асосан, Аҳмаджон Табибийнинг тазкираларида келтирилган шоирларнинг номлари ва таркибини сақлаган ҳолда шоирлар ҳақида кенг маълумотлар берилмаганини назарда тутиб, уларни маълумот жиҳатдан тўлдиришни, имкон доирасида кенгроқ тафсилот беришни назарда тутган. Шунинг учун ҳам бу тазкирада шоирлар ижодидан келтирилган намуналар учрамайди. Асарни Табибий тазкираларини назарий ва тарихий жиҳатдан тўлдирувчи зайл-тазкира деб қараш тўғрироқ бўлар эди.
Кўринадики, Хоразм адабий муҳитида тузилган тазкиралар мазмун ва таркиб жиҳатдан анъанавий тазкирачиликдан анча фарқ қилади. Масалан, Аҳмаджон Табибий тазкираларида шеърий намуналарни келтириш устунлик қилса, Лаффасий тазкирасида ижодкорларнинг таржимаи ҳолларини баён қилиш устувор жиҳат ҳисобланади. Тазкиранинг иккинчи номи “Хива шоир ва адабиётчиларининг таржимаи ҳоллари” деб аталгани бежиз эмас. Бобожон Тарроҳ – Ходим эса ўз тазкирасининг мундарижасини янада кенгайтириб, ҳар бир ижодкор ҳақида ўзи лозим деб билган ўн икки модда доирасида маълумот ва баҳо бериш йўлидан борган. Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, Хоразм адабий муҳитида яратилган бу тўрт тазкирадан дастлабки иккитаси XX аср бошларида тузилган бўлса, қолган иккитаси 1940 ва 1967 йилда битилган. Шу боис бу тазкираларда яратилган давр мафкурасининг таъсири сезилади. Айниқса, бу ҳолат сўнгги икки – Лаффасий ва Ходим тазкираларига тааллуқлидир.
XV асрда Алишер Навоий томонидан асос солинган туркий тазкирачилик мактаби қарийб 500 йил давомида тараққиётда бўлгани, ХХ аср бошларига келиб айрим жанр ўзгаришлари юзага чиққан бўлса-да, то ўтган асрнинг ўрталарига қадар адабиётшуносликнинг муҳим таркибий қисми сифатида ривожланиб келганини кўрсатади.
“Шарқ юлдузи”, 2017 йил, 6-сон
[1] Фаҳри Ҳиравий (1521-22), Муҳаммад Қазвиний (1922-23), Шоҳ Абдул Али (1598) томонидан амалга оширилган таржималар назарда тутилади.
[2] Табибий А. Мажмуат уш-шуарои пайрави Ферузшоҳий. Қўлёзма. ЎзРФАШИ. Сақл. №1152, 5018.
[3] Болтабоев Ҳ. Тазкиралар зикри. Т.: МUMTOZ SO‘Z, 2015. 215-16-б.
[4] Маткаримова С. Табибий – тазкиранавис. Т.: Муҳаррир, 2011.
[5] Ғанихўжаев Ф. Табибий. Т., 1978.
[6] Лаффасий. Тазкираи шуаро / Нашрга тайёрловчи П.Бобожонов. Урганч, 1992.
[7] Бобожон Тарроҳ – Ходим. Хоразм шоир ва навозандалари. Т.: Tafakkur qanoti, 2011.
[8] Бобожон Тарроҳ – Ходим. Хоразм шоир ва навозандалари. Т. : Tafakkur qanoti, 2011. 140-147-б.
[9] Кўрсатилган асар. 63-б.