Бу мақоланинг ёзилишига тоғам Тўхтамурод Зуфаров сабаб бўлди.
Филология фанлари номзоди, хаттот, ҳунарманд-уста, энг муҳими, китоб деган жойда ўзини “томдан ташлайдиган” бу библиофил мўйсафид билан учрашув ҳар сафар шахсан мен учун байрамга айланиб кетади.
Бундан йигирма-ўттиз йил муқаддам бўлса керак, кунлардан бир куни Достоевский ижоди, хусусан, унинг ўзбек тилидаги таржима асарлари тўғрисида суҳбатлашиб қолдигу, у кутилмаган таклифни ўртага ташлади.
“Достоевскийни ўқиганинг яхши бўпти, — деди у киши. — Таржиманинг тилига эътибор бердингми? Кўриниб турибди, қалам билан чизиб, диққат билан ўқимагансан. Шунақа қилганингда, ўзинг учун кўп нарса кашф этган бўлардинг. Иброҳим Ғафуровнинг тилини, топган сўз, ибораларини қара! Ҳар бир сўзнинг, жумланинг рангини очиб юборади. Айрим сўзлари, иборалари борки, “Ўзбек тили изоҳли луғати”дан ҳам тополмайсан. Агар эринмасанг, “Жиноят ва жазо”ниям, “Телба”ниям қайтадан ўқиб чиқ, таржимоннинг тилига эътибор бер. Ўзинг учун кутилмаган, нотаниш, ярқ этиб кўзга ташланадиган сўзларни бир дафтарга ёзиб бор. Ажойиб луғатга эга бўласан…”.
Шундан кейин, яна бир неча йил ўтди. Фурсат топиб, Иброҳим ака таржимасидаги ўша асарларни қайтадан ўқиб чиқдим. Худди тоғам айтганидек, қалин дафтарга ўзим учун нотаниш, кутилмаган сўзларни, иборалар, сифатлар ва бирикмаларни қайд этиб бордим ва…
…ва мўъжиза рўй бергандек туюлди менга. Ҳа, ҳа, буни бошқача ифода этиб бўлмайди. Бу чинакам мўъжиза эди!
Каттагина умумий дафтар сўзлару иборалар билан тўла, ўзига хос бир луғатга айланиб қолганди.
Шу дафтарни ҳали-ҳамон сақлаб келаман. Кейинчалик, унинг ёнига бошқа “семиз” дафтарлар қўшилди. Улардан эса, Константин Паустовскийнинг “Йироқ йиллар”, Нозим Ҳикматнинг “Сурур”, Мопассаннинг “Азизим”, Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат”, Достоевскийнинг “Қиморбоз”, ҳинд эпоси “Панчатантра” сингари асарларнинг таржималари ҳақидаги қайдлар, сўзлар, иборалар, ташбеҳлар ўрин олди.
Ҳақиқатан ҳам, таржима — сеҳрли санъат. Балзак ўзбекча гапирса, Гогол қаҳрамонлари сенинг тилингда сўзлашса, Тагор асарлари она тилингда жарангласа… Шунинг ўзи мўъжиза эмасми?
Эндиликда комил ишонч билан айта оламанки, устоз Иброҳим Ғафуров ҳозирги замон таржима санъатини пухта эгаллаган пешқадам мутаржимлардан бири саналади.
Мен бу ерда у киши ўзбек тилига ўгирган маълум ва машҳур асарлар ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Ўзим унинг таржималарини мутолаа қилиш жараёнидаги кузатувларимга, кашф этган топилдиқларимга, ўзимни ҳайратга солган сўз ва ибораларга, унинг ўзбек тилининг қудратини кўрсата олиш салоҳиятига баҳоли қудрат тўхталишга уринаман, холос.
Эътибор беринг. Фёдор Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романида мана шундай таниш, аксарият нотаниш сўз ва иборалар учрайди: “муосир ёшлар”, “фанний сўз”, “ғишава қилди”, “варамхаёллар”, “музтар”, “оруланган”, “мудаббир”, “шодумон хаёллар”, “сирқовланган”, “покрав”, “бадрафтор”, “паторат”, “ифтиро”…
Бунақа топилмалар жуда кўп эди романда.
Айтайлик, Иброҳим ака Достоевский қаҳрамонларидан бирининг портретини “ўзбекчалаштириб” чизаркан, уни “шляпасининг капаси бир томонга қийшайган” деб тасвирлайди ёки “унинг кўзлари тирик боқарди” дейди. Айнан, “тирик!”
Ёки, “у одамга силагандай қилиб қарарди” деб ўгиради. “Зарраи хок каби йўқолиб кетди”, “юзига кулги тепчиди”, дейди. “Қушлар гарангтоб бўлиб сайрашарди”, “ҳазин ғамзада паришонлик бор эди”, “чеҳрасида беҳудуд бир изтироб кўланкаси бор эди”, “иштибоҳ билдирди” деб “сўйлайди” Достоевский ва ҳайрон қоласиз. Тилимиз шунчалар бой ва гўзал, дея ўйга толасиз…
Яна дафтаримни варақлайман. Бу кўчирмалар у кишининг таржимасидаги “Телба”дан, буниси — машҳур ҳинд эпоси “Панчатантра”дан, мана буниси — “Қиёмат”дан, униси “Чол ва денгиз”дан, “Алвидо, қурол”дан, “Қиморбоз”дан…
Йўқ, Иброҳим Ғафуров шунчаки русчадан ўзбек тилига таржима қилиб қўя қолмайди. Агар таъбир жоиз бўлса, ўша жилд-жилд китобларни ўзбек тилида “қайтадан” ёзади, том маънода “ўзбекчалаштиради”, таржимага ижодий ёндашади.
“Обияти қочган башара” деб таржима қилади у. “Атрофга сарасоф солди”, “сас-сабарсиз юриб борарди”, дейди у. “Хуноба ётди”, “руҳафзо сўзлар”, “ғаддор қўрқинч”, “аржуманд сезди”, “муноқаша қилди”, “тавобга турди”, “кийнакоҳлик билан қаради”, “вораста кўнгил”, “вирди замон қилди”, “юкиниб келди”, “қазову қадарда ёзилган тақдир”, “поку табар этди”, “озурдадил кимса” деб ёзади у.
Айни чоғда, “воқеан”, “зотан”, “пировардида”, “чунончи”, “алҳол”, “зеро”, “боқи” сингари сўзлардан, бирикмалардан шундай ўринли фойдаланадики, ҳавасинг келади киши.
Бу сўзлар, иборалар, хатти-ҳаракатлар, портретлар, сифатлар, ҳолатлар ва тасвирлар ҳар қандай ўқувчини ҳайратга солишига, унинг юрагида она тилимизга нисбатан битмас-туганмас ғурур ва ифтихор туйғулари уйғотишига ишонгим келади.
Шу ўринда, бир нарсани айтиб ўтмасам бўлмас. У ҳам бўлса, шахсан ўзим бир китобхон ва қаламкаш сифатида Константин Паустовскийнинг “Золотая роза”, Сомерсет Моэмнинг “Подводя итоги”, Эрнест Хемингуэйнинг “Праздник, который всегда с тобой”, Иван Тургеневнинг “Стихотворение в прозе”, Александр Гриннинг “Алые паруса”, Шарл Бодлернинг “Гигиена”, А. Цейтлиннинг “Труд писателя” сингари машҳур китобларини айнан Иброҳим ака таржимасида ўқишни истардим. Тўғри, уларнинг айримлари ўз вақтида ўзбек тилига таржима қилинган ва мен муҳтарам таржимонларимизнинг меҳнатини камситмоқчи эмасман. Аммо, менинг назаримда, ҳар бир қўшиқчи ўзига хос ва ўзига мос, овозининг “тенор” ё “баритон”лигига қараб қўшиқ айтгани каби, ҳар бир асарнинг ҳам ўз таржимони бўлади. Бошқаларни билмадиму, Иброҳим ака ана шунақа таржимон. Ўз овозига, ўз сўзига, ўз услубига эга ижодкор.
Шу йил ёз ойларининг ўрталари. Бегим кунларининг бирида саҳарлаб Иброҳим ака билан бир маърака ошида учрашиб қолдик ва суҳбатлашиб, пиёда Амир Темур хиёбони оралаб кетдик.
Шу ерда мен биринчи марта унинг таржималарига бағишланган “дафтарим” ҳақида оғиз очдим. Иброҳим ака буни эшитиб, ўз таржималарида ишлатгани каби “юзида таажжуб ифодаси зоҳир бўлди”. Кулимсираб қўйди-да, “Яхши иш қилибсиз. Китобни ўзи шунақа қилиб ўқиш керак. Ёзувчи одамга бу жуда асқотади…” деди.
Кейин мен таржималардаги айрим сўз ва ибораларни тушуниб етмаганим, уларнинг маъно ва мазмуни ҳақида сўрадим.
— Бу сўз форсий, бу сўз арабий, бу сўз туркий деб қараб ўтириш керак эмас, — деди у киши ўйчан оҳангда. — Ҳар бир сўзнинг ўзимизда вариантлари кўп. Тиллар ҳамиша бир-бирини бойитади. Бунинг учун лоақал Алишер Навоий ҳазратларининг асарларига тузилган тўрт жилдлик изоҳли луғатни варақлаб чиқиш кифоя. Бу китобни мен ҳар қандай ижодкорнинг ёзув столида туришини хоҳлардим…
— Ўша… Сизнинг таржималарингиздаги сўзлар, иборалардан ёзганда фойдаланиш мумкинми? — яна қўрқа-писа сўрадим мен.
Иброҳим ака елкалари силкиниб кулиб юборди.
— Ўғирлик қиладиган одам айтиб қилмайди, Эркин, — деди у. — Қолаверса, муҳтарам Қодирий “Ёзувчи “гап ўғриси” бўлади” деб бежиз айтмаганлар. Тил ҳаммамизники, адабиёт ҳаммамизники. Агар улардан унумли, ўрнида фойдалансалар фақат хурсанд бўлардим.
…Қайси куни ўзимча “Таржима дафтари” деб номлаб олган дафтаримни варақлаб ўтириб, устоз Иброҳим Ғафуровнинг билими, диди ва маҳоратига яна бир карра қойил қолдим ва шу тобда хаёлимга келган фикрдан қувониб кетдим.
“Нега энди Ваҳоб Рўзиматов, Қодир Мирмуҳамедов, Миркарим Осим, Мирзиёд Мирзоидов, Ҳасан Тўрабеков сингари устоз таржимонлар ўзбек тилига ўгирган асарларга ҳам шундай “дафтар-луғатлар” тузиш мумкин эмас, дея ўйланиб қолдим ва ўша куниёқ бу ишга киришдим.
Бунга ҳам устоз Иброҳим Ғафуров ва у кишининг гўзал таржималари сабаб бўлди…
Эркин Усмонов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 48-сонидан олинди.