Х аср сўфийлик тариқатининг буюк намояндаси, барча даврларнинг улуғ шоири Жалолиддин Муҳаммад Румий (Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Балхий) ҳозирги Афғонистон шимолидаги Балх шаҳрида 1207 йилнинг 30 сентябрида тавалуд топган ва 1273 йил 17 декабрда Туркиянинг Куня шаҳрида вафот этган. У чаҳориёрлардан Абу Бакр Сиддиқ зурриёдларидан ҳисобланади. Румийнинг бувиси Алоиддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи, отаси Баҳоуддин Валад эса шайх Нажмиддин Кубро муридларидан бўлган.
Сўфийлик тариқатининг буюк йўлбошчи алломаларидан бўлган мавлоно Жалолиддин Румий мусулмон оламининг улуғ шоири сифатида ҳам бениҳоя қадрланади. У форс, араб, юнон ва турк тилларини мукаммал билган. Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти — АЙСЕСКО томонидан Тошкентнинг “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган йилда қадим Турон юртининг улуғ фарзанди Жалолиддин Румий тавалудининг 800 йиллиги нишонланишида катта мазмун ва моҳият бор, деб ўйлайман. Румийнинг қабри устида ҳўнграб йиғлаётган бир насронийдан “Нега мусулмонлар шоири қабрида кўз ёш тўкяпсан?”, деб сўраганларида “Биз уни давримизнинг Мусоси, Довуди ва Исоси каби муқаддас биламиз. Барчамиз унинг издоши ва шогирдларимиз”, деб жавоб берган экан. Насоро ва яҳудийлар ҳам Румийни муаллим, деб билишган.
Сўфийлик таълимотининг асосий объекти инсон ва унинг Аллоҳга муносабатидир. Сўфийликда ва унинг сулукларида пир ва шогирдлик муносабатлари асосий ўрин тутади. Сўфийлик тариқатида руҳий камолотга эришишнинг асосий йўллари тўрт босқичдан иборат. Тасаввуф аҳли аввало ислом динининг барча талабларига бўйсуниши керак. Бу — биринчи босқич шариатни ташкил этади. Фақат шундан кейингина иккинчи босқич — тариқатга кўтарилиш мумкин. Булардан ўтганлар учинчи босқич — маърифатга эришадилар. Бундан кейин тўртинчи босқич — ҳақиқат эгалланади.
Ҳақиқатга эришув жараёнида сўфийлар шахс сифатида тугаб, Аллоҳга етишиши мумкин. Бу жараёнда улар абадийликка эга бўладилар, деб таълим беради ислом уламолари. Бундай юксак мақомга сўфийлар махсус руҳий ва жисмоний ҳаракатлар — сиғиниш ва ибодат орқали интиладилар. Сўфизм моддий бойликка эга бўлишни қоралаб, ҳақиқий бойлик — маънавий, руҳий бойлик деб ҳисоблайди.
В.Бартольд Мовароуннаҳрда кенг тарқалган сўфизм оқими Юсуф Ҳамадоний (X аср) тариқатидан бошланган, деб ҳисоблайди. Бу тариқатда ҳам кейинчалик турли йўналишлар пайдо бўлган. Уларнинг энг йириклари Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хўжа Аҳмад Яссавий номлари билан боғлиқдир. Баҳоуддин Нақшбанд Саид Муҳаммад ибн Жалолиддин (1318 — 1389) устози Мир Саид Кулол таъсирида ўз тариқатини яратган. Баҳоуддин Нақшбанднинг айрим қарашлари сўфизмнинг бошқа вакиллари, хусусан, Аҳмад Яссавий қарашларидан фарқланади. У ҳам фақирликка, мискинликка ундайди, лекин хайр-эҳсон ҳисобига эмас, балки фақат ўз меҳнати билан яшашни ёқлайди. Нақшбанд: “Дилинг Аллоҳ муҳаббатидаю қўлинг эса ишда бўлсин” (”Дил ба ёру, даст ба кор”) деган нуқтаи назарни илгари суради.
Қирқ ёшларида тасаввуфга оид таълимотини тарғиб қила бошлаган Румий ўз тахаллусига Рум салтанатининг номини асос қилиб олган, деган қараш кўп урф бўлган. Бироқ Румий сўзининг сон эквивалентлари йиғиндиси 256 га тенг келишини эътиборга олсангиз, бу нур сўзининг маъноси илдизига мос келиши маълум бўлади. Араб, эрон ва ўзбек тилларида ушбу илдиз “ёруғлик” сўзининг маъносини беради. Румийнинг отаси Баҳоуддин Валад машҳур валий Нажмиддин Кубродан ижозат қоғози олиб, ҳақ сўз бўйича мустақил фикр-мулоҳаза юритиш ҳуқуқига эга бўлган. Унга тушида пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) унинг Султон-ул-Уламо (Уламолар Султони) бўлгани ҳақида хабар берган. Баҳоуддин Валад ўз даврининг мусулмон илоҳиётидаги зўр донишмандлардан ҳисобланган. Унинг “Ал-Маъориф” асари Жалолиддин дунёқараши шаклланишида муҳим рол ўйнаган.
Баҳоуддин Валад Нажмиддин Кубронинг Мажиддин Бағдодий исмли муриди билан ҳам қадрдон бўлган. Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асаридаги кафтдаги тегирмон тоши ҳақидаги ривоят Бағдодийга мансубдир… Шайх Бағдодий Муҳаммад Хоразмшоҳдаги кибр-ҳаво, улуғлик васвасаси, золимлик бир оз бўлса ҳам барҳам топармикан, деган ниятда шоҳ хонадонига яқинлашади. Лекин шайхнинг улуғ қалбини кўришга ожиз бўлган Хоразмшоҳ унинг бошини кесдириб, Амударёга ташлатган экан. Шу кундан эътиборан шоҳни буюк уламонинг ноҳақ тўкилган қони тутиб, омад юз ўгиради…
Баҳоуддин Валад 1219 йил қиш кунларининг бирида Балхдаги жомъе мачитида оиласи ва уч юз муриди билан шаҳарни ташлаб кетаётганини маълум қилади. Бунга сабаб қилиб, бир йилдан кейин шарқ томондан мўғулларнинг чигиртка мисол беҳисоб аскари ёпирилиб келиши, бу ерлар ва Хуросан элида қирғинлар бўлишини башорат қилади. Баҳоуддиннинг карвони Нишопурда бир оз тўхтаб ўтади. Шунда Аттор билан учрашиш учун Баҳоуддин унинг шаҳардан ташқаридаги овлоқ ҳужрасига боради. Ушбу учрашув чоғи 12 яшарлик Жалолиддин устози Атторни кўради ва унинг суҳбатига муяссар бўлади. Аттор Жалолиддинга ўзининг “Асрорнома” китобини туҳфа қилади.
Уламолар Султони Баҳоуддин Валад оиласи ҳаж амалларини адо этиб қайтгач, Салжуқийлар давлатининг Ларанда шаҳрида (Туркиянинг ҳозирги Караман шаҳри) етти йил истиқомат қилади.
Салжуқийлар султони Алоиддин Қайқубод Уламолар Султонини ўз яқинлари билан биргаликда Куня шаҳри ташқарисига чиқиб кутиб олади. Баҳоуддинга Куня шаҳри маъқул бўлади ва Жалолиддинга шаҳарни кўрсата туриб: “Қара, ўғлим… бу шаҳарда яшаш сенга, набираларимга, набираларимнинг набираларига насиб қилсин. Ўз қалъангни хайрли, эзгу, савоб ишлардан қургин. Оламда ушбу қалъадан мустаҳкамроғи бўлмайди”, — деб насиҳат қилади. Баҳоуддин Валад 73 ёшда (1231 йил 12 январ) вафот этади.
Бу пайтда Жалолиддин 24 ёшда эди. Ёш бўлишига қарамасдан катта олим бўлиб етишган эди. Балхдалигидаёқ Қуръони каримни, қатор ҳадислар, уларнинг тафсирларини ёд биларди. Шоҳлар тарихи, улуғ риёзатчилар, зоҳидлар ва сўфийлик пешволарининг ҳаёт йўллари билан таниш эди. Дамашқ ва Ҳалаб мадрасаларида йирик олим ва шайхларнинг астрология, алхимия, алгебра, геометрия ва тиббиёт соҳасидаги сабоқларини тинглаган ва шу ёшида замонасининг энг доно одамлари эга бўлиши мумкин бўлган илмларнинг барчасини эгаллаган эди. Лекин билим бошқа, тажриба бошқа! Кунялик кўп руҳонийлар Жалолиддинга ҳасади келиб, унда шайхмуаллим ижозати йўқлигини писанда қиладилар. Жалолиддин отаси вафотининг қирқинчи куни жомъе мачитида хутбани ўқиб бўлгач, йўлга отланади. Ҳалаб ва Дамашқ шаҳарларида ўзининг билим савиясини яна бир бор синовдан ўтказиб, олимлар, уламо ва шайхлар муҳри босилган ижозат қоғози билан Куняга қайтиб келади. Куняга келиб Жалолиддин ўзининг севимли ёри Гавҳаройим оламдан ўтганидан хабар топиб, чуқур қайғуга ботади. Бахил уламо ва шайхлар унинг ушбу қайғусини тақдирга тан бермаслик дея баҳолашиб, яна Жалолиддиннинг йўлига тўғаноқ бўла бошлашади.
Шу кезларда Баҳоуддин Валаднинг ўғли Жалолиддинга таянч лозим бўлиб қолганини каромат ила сезган шайх Саид Бурҳониддин Термиздан Куняга етиб келади. У 12 йилдан бери Жалолиддинни кўрмаган эди. Саид Бурҳониддин Жалолиддиннинг билимига юқори баҳо беради ва “Дин илмида ва бизнинг билимда сен ўз отангдан ҳам илгарилаб кетибсан. Лекин отанг бундан ташқари яна махфийни ҳам фаҳмлаш илмини эгаллаган эди. Мен ушбу илмга сенинг отанг, менинг шайхим сабабли сазовор бўлдим. Энди мен сени ушбу йўлдан олиб ўтмоқчиман. Сен махфийни билиш илмида ҳам отанга тенг бўлиб унинг меросхўри бўлгин”, дея Жалолиддинни тиз чўктирган ҳолда ўзига муридликка қабул қилади. Ушбу хайрли риёзат йўлида Аллоҳдан сабр-тоқат, бардош беришини сўраб дуо қилади. Жалолиддинга дарвешлар кийиб юрадиган хирқа ва кулоҳ кийдиради, белига итоатгўйлик белбоғини бойлайди, жингалак соқоли ва сочини қиртишлаб олиб, қошларини куйдириб ташлайди. Шундан сўнг Саид Бурҳониддин энг аввал Жалолиддиндаги кибру-ҳавони ўлдириш учун уни ҳар куни кишилар хизматига чиқиб уларнинг ҳожатхоналарини, тўкиндихоналарини тозалаш каби ишларни бажаришга буюради. Ушбу ишларни бажариб қайтган Жалолиддин тонг отгунча ибодатда бўлади, отасининг “Маориф” китобини ўқийди. Саид Бурҳониддиннинг талаби билан ушбу китобни 101 маротаба ўқиб чиқиш шарт қилиб қўйилади. Бироз вақт ўтгач, Саид Бурҳониддин Жалолиддиндан шаҳарда юриб, одамларнинг уйига бориб садақа сўрашни ҳам талаб қилади. “Билиб қўй, қалбни тозалаш ахлатхоналарни тозалашдан кўра мураккаброқдир”, — деб ўгит беради… Шу каби оғир синовлар билан муридлар учун одатда талаб қилинадиган 1001 кун ниҳоясига етади. Синовларни талаб даражасида бажарган Жалолиддинни устози бағрига босади ва унга Орифлар либосини кийдириб фотиҳа беради.
Жалолиддин Кунянинг энг машҳур, энг севимли зоҳиди ва сўфий хатибларидан бирига айланади. У ўз даврида ақл билан етишиш мумкин бўлган барча нарсаларни билар эди. Лекин юрагида бир изтироб бор эди. Уни нима қилиш кераклигини билмасди. У ўзини билди, одамларни билди. Лекин булар унга хурсандлик бахш эта олмади. У жуда ҳам маъюс эди… 1244 йилнинг 26 ноябр куни музокарали бир йиғинга кетаётган Жалолиддин минган хачир тизгинини нотаниш кимса маҳкам ушлаб тўхтатади ва савол назари ила боққан Жалолиддинга: “Эй, у ва бу дунё ҳақидаги фикр, маъноларни янгиловчи! Айт-чи, ким юқорироқ — Муҳаммадми ёки Боязид Бистомий?”, дея қалтис савол беради. Боязид Бистомий X асрда яшаган зоҳид, сўфий пешволардан бўлган. У “Илон ўзининг пўстини ташлагандек, мен ўзимни улоқтириб ташладим. Ўз моҳиятимга назар солдим ва…оҳ, мен У бўлдим!” деган фикрни билдиради. Руҳонийлар бу сўзларда гуноҳи азим маъносини ўқишиб, уни кофирга чиқаришади ва она шаҳридан қувишади. Лекин сўфийлар орасида у улуғ обрў-эътибор қозонган, “Султон ал-орифин” тахаллусини олган эди… Юқоридаги савол эса Жалолиддинга тумонот одам, муридлар қуршовида берилган бўлиб, ҳамма унинг жавобини кутиб турарди. Жалолиддин: “Бу қандай савол? Албатта, Муҳаммад баланд!”, деб жавоб беради. “Хўп, майли”, дейди номаълум кимса. “Нима учун унда Муҳаммад: “Менинг юрагимни занг босади ва мен ҳар куни етмиш маротабалаб Раббимга тавба қиламан!” — дейди-ю, Боязид эса: “Мен ўзимни барча номукаммал сифатларимдан тозаладим ва баданимда Худодан бўлак ҳеч нарса йўқ. Мен шарафланганман, мен шарафланганман о, қанчалар менинг мартабам буюк”, деган?“ — деб ўзининг иккинчи асосий саволини беради. Жалолиддин нотаниш кимсанинг саволи фақат қалтис эмас, шу билан бирга ўта дадил ва мураккаб ҳам эканини сезади ва: “Муҳаммад ҳар куни етмиш манзилни ўтар эди ва ҳар сафар янги босқичга етгач, ўзининг олдинги босқичдаги номукаммал билимидан ўкиниб тавба қиларди. Боязид эса ўзи етган бирдан бир манзилнинг улуғлиги билангина ўзидан кетиб қолди ва гумроҳликка берилиш боис ушбу сўзларни айтди…”, деб жавоб беради.
Нотаниш одам ушбу жавобни эшитган заҳоти ҳушидан кетиб ерга йиқилади. Бу одам Саид Бурҳониддин каромат қилган — Жалолиддиннинг дунёқарашида жиддий ўзгаришлар ярата олган Шамсиддин Табризий эди. У узоқ йиллар Абу Бакр Табризий қўлида сабоқ олган бўлиб, Жалолиддинга берган саволга ўхшаш саволларига устози вафот этиб кетганлиги сабабли жавоб топа олмагач, Румий билан учрашиш учун йўл олган эди. Янги дўстлар суҳбати бетиним уч ой давом этади ва шундан сўнг оламга бутунлай янги бир Жалолиддин кириб келгандек бўлади.
Ғарбда бу учрашувни Суқрот ва Афлотун, Шиллер ва Гёте учрашувидек аҳамият касб этди, деб тарифлашади. Ушбу учрашув боис Жалолиддиннинг маъюс ҳаёти барҳам топади. Унинг ўрнига мусиқа, рақс, шеърият кириб келади. Шамсиддин Табризий Жалолиддинни шоир Румийга айлантиради. Румий 1248 йилдан бошлаб — Табризий вафотидан сўнг ўз ғазалларини Шамсиддин Табризий тахаллуси билан ёза бошлайди. Бу ғазаллар кейинчалик унинг етти жилдлик “Девони Кабир” шеърлар тўпламига киритилади. Румийнинг 43 йил ижод қилиб, умри охирларида якунлаган олти жилдлик шоҳ асари “Маснавийи маънавий” унга айниқса кўп шараф келтирди. Ушбу асар муаллиф сўзлари билан айтганда Қуръони каримнинг сирли маъноларини очиб беради (Асарда Қуръони каримга 760 маротаба мурожат қилинган).
Румий нуқтаи назарига кўра исломнинг бошланғич даврларида дин намояндалари ҳақиқатни яхши билишар эди. Лекин кейинчалик уларнинг издошлари ўз хатти–ҳаракатларини шундай ташкил қилишдики, натижада бир нечта одамни ҳисобга олмаса, барча дил ёруғлигидан бенасиб бўлиб қолишди. Шунинг учун Румий ҳақиқатга етишиш масаласида янги йўл қидирди ва унинг ўзига хос йўлини топди. Унинг маснавийларида ибратли ҳикоя ва ривоятлар жуда сероб. Бир ривоятда келтирилишича, бировнинг ҳовлисига нотаниш кимса ранглари ўчган ҳолатда ҳовлиқиб кириб келиб, салом йўқ, алик йўқ, ўзини эшик панасига олади. Уй эгаси: “Ҳа, биродар бунчалик безовтасиз, тинчликми?” деб ажабланиб сўраса, у одам: “Кўчада мўғуллар шоҳининг одамлари эшаклар терисини шилишмоқда. Шундан қўрқиб ўзимни панага олдим“, дейди. Уй эгаси бунга жавобан: “Биродар, сиз эшак эмассиз-ку? Нега бунчалик қўрқасиз?”, дебди. Шунда у одам: “Биродар, мен ўзимнинг эшак эмаслигимни яхши биламан, лекин мўғулларнинг авзои жуда бузуқ. Шунинг учун эшак билан менинг фарқимга бормай қолишадими, деб эҳтиёт шарт ўзимни четга олдим”, дея суҳбатдоши кўнглини қаноатлантирган экан.
Румийнинг бундай ривоятни ёзиши бежиз эмасди. У яшаган давр мўғул истилочилари от сурган — инсоният тарихидаги энг қора кунлар эди. Куняга мўғул лашкарлари хавф солиб келар, ўша оғир кунларда куняликларнинг умид кўзи мавлоно Румийга тикилган эди… Бўлажак даҳшатлар қаршисида чуқур ўйга чўмган Румий 654 ҳижрий йил зулқаъда ойининг охирги шанба куни (1256 йил) кечки пайт Кунянинг шарқий дарвозаси орқали шаҳар ташқарисига чиқиб кетади ва бир тепалик устида ёлғиз ўзи тонг отгунча Аллоҳга нола қилиб, элни мўғул фалокатидан асрашни илтижо қилиб сўрайди. Шу куни эрта тонгда, Куня халқи кўрсаки, мўғул ҳоқони Илхон Хулагу юборган Байжу бошчилигидаги мўғул аскарларидан ном-нишон ҳам қолмабди…
Шундай кароматлар соҳиби, қадим Турон юртининг улуғ фарзанди, буюк файласуф, шоири аъзам Жалолиддин Румийдан инсониятга унинг ўттиз бир минг мисрали шоҳ асари — оламга машҳур “Маснавий”, икки минг етмиш уч ғазални ўз ичига олган қирқ тўрт минг мисрали лирик шеърлар тўплами — “Улуғ девон” ва тўрт минг мисрадан иборат фалсафий ҳамда лирик тўртликлар, рубоийлар мерос бўлиб қолди. Бу улкан ва бебаҳо маънавий хазинанинг қиммати асрлардан асрларга ошиб, ҳамон қанчадан-қанча кўнгилларни ўз нури билан ёритиб келмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 11-сонидан олинди.