Тоҳир ва Зуҳра, Юсуф ва Зулайҳо, Отабек ва Кумуш, Ромео ва Жулетта … Буюк севги қаҳрамонлари номларини келтириб, улар орасида Лайли ва Мажнунни ҳам санаб кетамиз. Уларни жуфтликларга қиёслаймиз: “Ҳозир улар Лайлию Мажнун!”, “Лайли-Мажнун бўлиб кетибсизлар!”, “Иккиси Лайли ва Мажнунлардек!”. Кимдир кўчада қўл ушлашиб юриб, ўзига Лайли ва Мажнун деб ном берса, телевизорда кино рекламаси бонг уради: “Лайли ва Мажнун муҳаббати бугунги кунда”. Шундай таърифлар билан гап нима ҳақида кетаётгнини тез тушниб оласиз. Тез ва нотўғри!
Агар бу муҳаббат ҳақида яхши билсангиз, тўғри тушунарсиз, лекин барибир тасаввурингиз нотўғри чиқади. Сабаби – улар нотўғри гапиряптилар.
Алишер Навоий ижодида ишқ талқини борасида неча-неча китоблар, илмий ишлар ёзилган. Бу – жуда кенг қамровли мавзу. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ишқни уч гуруҳга ажратади: авом ишқи, хослар ишқи, сиддиқлар ишқи. Авом ишқи инсоннинг ҳаётий истакларига асосланган бўлиб, у никоҳ билан якунланади. Хослар ишқи покликка асосланган. Бунда Ҳақнинг жамоли бирор бир инсонда деб тушунилади ва уни Аллоҳга бўлган ишқи билан севади. Бундай ошиқни маҳбубнинг вужуди қизиқтирмайди, унинг кўзига маҳбуба буткул илоҳий руҳ бўлиб кўринади. Сиддиқлар ишқи эса тўғридан тўғри Аллоҳга қаратилган авлиё ва анбиёлар муҳаббатидир.
“Лайли ва Мажнун” асарида хослар ишқи баён этилган. У эса ҳозир баъзи инсонлар наздида авом ишқи тоифасига кириб қолмоқда, натижада “Лайли ва Мажнун” ўхшатишини ўйламай қўлламоқдалар. Асарни ўқисангиз, унда икки жинс вакилининг бир бирига қизиқишига асосланган ишқ талқин қилинмаганини кўришингиз мумкин. Навоий “Ҳамд” бобида Аллоҳга мурожаат қилиб ёзади:
Эй ҳар сориким қилиб тажалли,
Ул мазҳар ўлуб жаҳонда Лайли.
Яъни: “Сен қаэрда жилва қилган бўлсанг, ўша жилва жаҳонда одамларга Лайли тимсолида кўринади”. (кейинги ўринларда мисол насрий баёни билан чекланилади)
Муаллиф Лайлининг тасвирини бериб, уни гўзал қиз қилиб кўрсатади. Мажнун ақлли, қобилиятли қиёфада. Авом ишқида бир-бирини кўргандан кейин севги туғилади, унгача бу туйғу ҳақида билмайдилар. Мажнун эса дунёга дард (ишқ) билан келади. Буни “Гўдак бешикда фиғонлар тортар, афғонида эса дарднинг нишони сезилар эди” ёки “Ўтни кўрганда уни ишқ ўти гумон қилиб, унга яширинча майл қилар эди” каби жумлалардан билиш мумкин. Авом ишқида бир-бирларини кўрганларида бахтиёр бўладилар, мабодо васл умиди натижасиз бўлса, азоб бошланади. Лайли ва Мажнун илк учрашувларида роҳат эмас, азоб туядилар. Ҳушдан кетиш, Аллоҳ жилвасига дош беролмаслик хослар ишқидан намуна беради. Мажнун ҳолати “Ғам устига ғам ютди”, деб тасвирланади. Шундан сўнг Мажнун гул, ғунча, сарв, сабза, тупроқдан Лайлини сўраб қидиради. Бу ҳам Аллоҳнинг зарраси Ер узра ёйилганига ишорадир.
Асарда хослар ишқи баён қилингани учун, исломий қарашлар кўп учрайди. Мажнунга дашту саҳроларда фиғон тортиб кезиш одат бўлганидан – тарки дунё, фақат Аллоҳга сиғиниш; “Беишқ халқнинг мақсади уйқу, ишқ аҳлига уйқу ҳаром” жумласидан – бандага тунларни зикр ва ибодат билан ўтказиш афзаллиги; Ибн Салом ва Лайлининг тўйи бўлмаганини баён қилиб, “Гўё бу воқеалардан назарини узмаган мунажжим, бу ишларни маълум бир соатга тайин қилгандек эди. Лекин бу ишда булар ҳам ожизлик қилар эди, яъни мунажжимлар – алдоқчилардир” жумласидан – динимизда фолбинлик ва унга ишониш харом қилинганлиги; умри тугаётган Лайли онасига оҳ-воҳ билан аза тутмасликни васият қилишидан – исломда буюрилган сабрни англаш мумкин.
Асарда авом ишқи тимсоллари ҳам берилади. Масалан, Ибн Салом. У Лайлини кўриши биланоқ тўйга ҳозирлик кўради. Мажнун эса никоҳ эмас, Аллоҳ васли умидида яшайди. Ёки яна бир қаҳрамон – Навфалнинг қизи ва унинг муҳаббати ҳақида гапирганда, “жазман йигит”, “маъшуқа ўз нотавонини кўрди” таърифлари берилади. Лайли ва Мажнун учрашганларида эса “Мажнун баданига маъшуқаси руҳ бўлиб кирди” дейилади.
Навоий ушбу асарида тилга олган ишқ моҳиятини англаш учун Мажнуннинг Ҳаж сафари ҳақидаги қисми яхши ёрдам беради. Ошиқ Аллоҳга: “Эй ишқ ўти билан жаҳонни ёндирган ва бу ишқ ўти билан мендек бечоранинг ҳам жонини куйдирган!”, деган мурожаати бор. Ҳамда Аллоҳдан сўрайди: “Ишқ ғамидан қутқариб, мени шодлантир демайман, аксинча бу ўтни ҳар дам кўпайтирсангу сира ҳам камайтирмасанг дейман”. Ота-онаси Қайснинг аҳволи яхшиланиши учун Каъбага олиб борсалар, унинг дарди янада зўрайганидан ҳам бу ишқ Аллоҳга қаратилганини билиш мумкин.
“Лайли ва Мажнун” қиссасини “Ромео ва Жулетта” билан ўхшатишади. Бунда фақат икки асарнинг ҳам севги мавзусида машҳурлиги билан боғлаш мумкин. Аммо иккиси юқорида ажратиб кўрсатилган ишқ турларидан бир гуруҳга мансуб эмас. Шунингдек, икки асарда ҳам ёшлар муҳаббат қурбони бўлдилар. Ромео ва Жулетта севгисига етишолмай, ўлимни афзал кўришди, “Лайли ва Мажнун” қаҳрамонлари ўзларини ўлдирганлари йўқ, ишқ ўтидан адо бўлдилар. Икки асарни солиштириб, “Ромео ва Жулетта” мазмунини паст баҳоламоқчи эмасман, унда муаллиф асосан жамиятга урғу берган. Ёшларни эрксизлик ва адоват қурбони сифатида акс эттирган, у даврдаги черков босимини, аксинча, ёрдамчи руҳоний тимсолида кўрсатган ва бу ўз даври тузумига мурожаат вазифасини ўтаган. Шекспирнинг буюк асари ҳақида алоҳида ва тўлиқ мулоҳаза даркор. Ҳозир бизда ишланаётган “янги талқин”ларда эса ёшларнинг ўз жонига қасд қилиши кўрсатилиб, унга “Ромео ва Жулетта” номи, “Лайли ва Мажнун” таърифи берилади.
Ҳа, Мажнунни ота-онаси тушунмади – ишқни касаллик деб фаҳмлади. Табиб тушунмади – бу дардни даволамоқчи бўлди. Биз ҳам тушунмай, унга авом ишқи нисбатларини бердик. Юқорида асар асосида “Лайли ва Мажнун”да хослар ишқи тараннум этилганини исботлашга ҳаракат қилдим. Маълумотларни қўйиб турганда ҳам, яхшилаб ўйлаб қарасак, унда биз билган муҳаббат эмаслигини биргина ошиқларнинг азобидан англаш кифоя. Агар уларнинг мақсади васл, оила қуриш бўлганида, қандай тўсқинлик бор эди? Тенгсизликми? Ахир Лайли ҳам, Мажнун ҳам шох оиласида дунёга келган, ижтимоий келиб чиқиши, оилавий шароиту мавқеи баробар эди-ку. Нега улар севги натижасини никоҳда кўрмадилар?
Асар сўнгида Навоий жуфтликлар сазовор бўлган ишққа ажойиб таърифлар билан унинг қайси турга мансублигига ишора беради: “Ишқ аҳли булардек пок бўларкан, уларга абадий васл муяссар бўлса не ажаб? Нафс мақсадида ошиқ бўлганлар учун ошиқлик ҳаромдир”. Навоий яна таъкидлайди: “Ҳар қандай ранги сариқ кишини ошиқ деб бўлмайди, чунки ҳар бир сариқ гул ҳам заъфарон бўлолмайди”. Шоирнинг гапидан келиб чиқиб, биз ҳам ҳар қандай севгини хослар ишқига тенглаштириб, “Лайли ва Мажнун” деб таърифламаганимиз маъқул. Чунки бу севги Аллоҳга қаратилган. Қўшиқлардаги “Лайли ва Мажнун эдик, Денгиз бўйида кезар эдик”лар билмай ёзилган сўзлару, тушунмай айтилаётган ҳонишлар холос.
Навоийни англаш чуқур тафаккур талаб этади. “Лайли ва Мажнун” асари ва унда ишқ талқинини мутахассисларга – Навоийшунос, “Хамса”шуносларга ҳавола қилган холда, мен фақат қисқача сабоқларим асосида кичик изланиш қилиш ва улар асосида сизлар билан фикрлашиш ниятидаман. Зеро, “Лайли ва Мажнун”даги ишқ талқини фақат булар эмас. Бизнинг вазифамиз эса ундаги муҳаббатни беқиёс деб қабул қилиш. Муаллифнинг ўзи тилга олганидек: “Замонанинг ягонаси бўлган ўша Мажнун ва Лайлилар ишқ йўлида ягонадирлар”.
Дурдона Алимова