Ўрта асрлар Шарқининг улуғ муаррихларидан бири Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дуғлот(1500–1551) Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг холасининг ўғли, яъни бўласи эди. Унинг онаси Хуб Нигорхоним Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигорхонимнинг туғишган синглиси эди. Ота-онадан ёш етим қолган Мирзо Ҳайдар бир неча йил Бобурнинг тарбиясида бўлди. Кейин тақдир тақозосига кўра ундан ажралиб, кўп йиллар Кошғарда яшади. Умрининг сўнгги ўн йилини Кашмирда ўтказди. У бутун умри давомида Бобурга нисбатан миннатдорлик ва муҳаббат туйғуларини ўз қалбида олиб ўтди. Унинг номи «Ҳайдар» сўзининг маъноси «шер» бўлиб, бу жиҳатдан Бобурнинг исмига ўхшаш эди. Уларнинг тақдирлари ва башарият тарихида қолдирган излари ҳам ҳайратангиз даражада ўхшашдир. Ҳар иккаласи Мовароуннаҳрда туғилган бўлсалар-да, воқеа-ҳодисаларга бой жўшқин умрлари олис Ҳиндистонда якун топди. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўз она тили туркийда битган бир неча достонларидан ташқари, «Бобурнома»дан илҳомланиб форс тилида «Тарихи Рашидий» номли ажойиб тарихий-бадиий асар яратди.Тадқиқотчилар кўпгина фазилатларига кўра «Тарихи Рашидий» асарига ҳақли равишда Шарқ мемуарчилик санъатида «Бобурнома»дан кейинги фахрли иккинчи ўринни беришга мойилдирлар. «Тарихи Рашидий» инглиз, рус, хитой, форс тилларида нашр этилган. Ўтмишда бир неча бор туркийга таржима қилинган. Қуйида Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг аждодлари ҳақидаги айрим хотиралари ҳурматли ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда. Мазкур лавҳалар асарнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти хазинасида сақланаётган ХVII асрда кўчирилган нодир қўлёзма нусхасидан таржима этилди.
Мирзо Муҳаммад ҲАЙДАР
БОБУР ПОДШОҲ
«Тарихи Рашидий»дан
… Шундай қилиб ражаб ойининг бошида (1509 йил) мен Қалъайи Зафардан Кобул сари жўнадим. Менга ўн олти киши ҳамроҳ бўлганди. Бизда икки отдан ташқари ҳеч нарса йўқ эди. Ҳатто кечалари тунамоққа ярарли ашёлардан маҳрум эдик. Бизга ота каби бўлиб қолган Мавлоно Муҳаммаднинг бисотида Бадахшоннинг энг камбағал одамлари ёпинадиган бир шолдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. Қолган аҳволни шундан қиёс қилиб билса бўлади.
Кобулга етиб келганимизда бизни Бобур подшоҳга ва менга она томонимиздан бир хилда қариндош бўлган Ширим Тағой кутиб олди. У бизни юксак эҳтиром билан ўз уйига тушириб, беҳад иззат-ҳурмат ва инсонийлик зоҳир этди. Сўнгра подшоҳ одам юбориб, уч кундан сўнг саодатли соат бўлиши ва ўша пайтда мени ўз ҳузурига чақиртиришини маълум қилди…
Ниҳоят, мен шарафли даргоҳга мулозамат учун бордим. Подшоҳнинг саодатли назари менга тушгач, шафқат ва меҳрибонлиги зўридан гавҳар сочувчи муборак кўзларидан кўз ёшларини гўёки ипга тизилган марварид доналаридек шашқатор қилди. У лутф изҳор этиб мен томон юзланди ва иноят билан қаршилаб марҳамат қўлини узатди. Камина таъзим қилиб борганимда, мени шафқат қучоғига олди ва оталарча меҳр билан кўксига босди. У бир қанча муддат мени шу ҳолда тутиб турди, яна таъзим қилмоғимга қўймади ва ўз ёнида ўтирғизди. Қалби бағоят ҳиссиётли бўлганидан яна бир қанча пайт айтиб ўтилган тарзда кўзларидан гавҳар сочди. Айни дамда деди: «Сен бек язнам, хон додам, биродарлар ва қариндошлар шаҳид бўлганларидан сўнг омон қолиб, Оллоҳга шукрлар бўлсинки, менинг олдимга етиб келдинг. Энди зинҳор улардан жудолик туфайли қайғурмагин. Уларнинг ўрнига энг яхши бадал менман. Мен сенга улар бериши мумкин бўлганидан ҳам зиёдароқ меҳр-шафқат кўрсатаман». Шу тариқа, у менга нисбатан бисёр навозишлар ва лутфлар қилдики, етимлик дардлари ва ғариблик кулфатлари бутунлай хотиримни тарк этди. Мен ташқари чиққанимда бир киши бениҳоя такаллуфлар билан менга пешвоз чиқди ва таъзим қилиб деди: «Подшоҳ сиз учун бир уйни тайин этганлар ва камина сизни у ерга бошлаб борурмен». У олдинга тушиб мени ғоятда кўркам бир ҳовлига олиб борди. Хоналарга гиламлар тўшалган, дид билан анжом ва ёстиқлар қўйилганди. Фароғат учун зарур бўлган нарсалар – озиқ-овқат, кийим-кечак ҳамда ходимлар ва хизматкорлар бу ҳовлида ҳамма учун етарли тарзда муҳайё қилинган эди. Одамни бўғилишга мажбур этган ва руҳни тор қафасга солган ул уқубат ва фалокатлардан сўнг бундай турли-туман неъматлар, фароғат муҳайё қилинган кенг ва сафоли жойга тушсанг, бунинг шукрини қай тил билан баён этиш мумкин?! Оллоҳ унга яхшилик билан қайтарсин.
Шу тарзда мен кўп муддатларни Кобулда подшоҳ Бобурнинг мулозаматида фароғат ва осойишталикда ўтказдим. У доимо яхши муомала, очиқ кўнгил ҳамда қатъийлик ва талабчанлик билан мени илмлар касб этишга ундарди. Агар менинг андак илм эгаллаганимни пайқаса, менга нисбатан ўз илтифотини янада зиёдароқ этишга интилар ва бу ҳақда барчага гапириб, таҳсин айтишни талаб қиларди. Ўша муддат давомида у мен билан шу қадар меҳр-шафқат ила муносабатда бўлдики, фақат мушфиқ ва меҳрибон ота-оналаргина ўз фарзандларига нисбатан шундай қиладилар. Подшоҳнинг лутф-иноятлари туфайли қайғу ва кулфат кунларидан иборат қийинчиликлар даври унутилиб кетди.
Шу пайтдан то тўққиз юз ўн саккизинчи йилгача (1512-13 йил) мен подшоҳнинг мулозаматида бўлдим. Агар у отда бирон тарафга чиқса, мени ўзига ҳамроҳ бўлиш шарафига муяссар этарди. Суҳбат пайтларида мени ҳамсуҳбатлик мартабаси билан сарафроз айларди. Алқисса, машғулотлар пайтидан ташқари барча ҳолларда мени ўзидан жудо қилмасди. Сабоқдан фориғ бўлганимда мени чақириш учун одам келар ва шу тарзда у ҳамиша менга оталарча ғамхўрлик қилди.
… Мирзо Султон Абусаиднинг уч ўғли – Султон Аҳмад Мирзо, Султон Маҳмуд Мирзо ва Умаршайх Мирзога Юнусхоннинг иззат ва шараф чўққисида бўлган уч аслзода қизи – Меҳр Нигорхоним, Султон Нигорхоним ва Қутлуғ Нигорхоним никоҳлаб берилди.
Бобур подшоҳ саккиз юз саксон саккизинчи йили, муҳаррам ойининг олтинчи кунида (1483 йил, 14 феврал) туғилди. Улуғбекнинг машҳур уламоларидан бири Мавлоно Мунир Марғиноний унинг таваллуди таърихини «шаши муҳаррам» (муҳаррамнинг олтиси) деб топди. Ҳазрати Эшон Хожа Убайдуллоҳ қуддиса сирраҳудан чақалоққа ном қўйиб беришни сўрашди. У гўдакни Заҳириддин Муҳаммад исми билан бахтиёр этди.
…У турли фазилатлар билан безанган ва мақтовли хислатларга эга бўлган бир подшоҳ эди. Ушбу барча фазилатларидан шижоат ва муруввати устун турарди. Туркий шеърни Амир Алишердан кейин ҳеч ким Бобур ёзган даражада ёзган эмас. Туркий тилда бениҳоя нафис девони бор. «Мубаййин» номли шеърий асар ёзган бўлиб, фиқҳга оид бу бағоят фойдали рисола одамларга мақбулдир. Туркий арузга оид асар битган бўлиб, ҳеч ким унгача туркий аруз ҳақида бу қадар аниқ ёзолмаган. Ҳазрати Эшон Хожа Убайдуллоҳнинг «Рисолаи волидийя» асарини назмга солган.
Унинг туркий тилда «Вақоеъ» («Бобурнома») номли тарихий асари бўлиб, жуда жонли, равон, беғубор ва тушунишга осон бир тарзда битилган. Мусиқий ва бошқа санъатларда ҳам Бобурга тенг келадиган одам унинг хонадонида ундан олдин юзага чиқмаган эди.
Унинг ҳаётида ажойиб воқеалар ва ғаройиб кечмишлар содир бўлдики, унинг абнойи жинсидан ҳеч кимнинг чекига бунчалик кўп кечмиш тушмаганди.
Форс тилидан Ғулом Карим таржимаси.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 8-сонидан олинди.