Алишер Навоий асарларининг немис тилига таржимони Альфред Курелланинг таъкидлашича, таржимондан уч нарса талаб этилади: у ўзи таржима қилаётган хорижий тилни, ўгирилаётган асарда гапнинг нима ҳақида бораётганини, ундаги махсус тушунчалар, воқеа-ҳодисаларни ва ўзининг она тилини, унинг лисоний категорияларини мукаммал билиши лозим. Ҳақиқий таржимонни ўгирилаётган асарни ипидан игнасигача биладиган, ҳатто энг синчков танқидчидан ҳам кучли шарҳловчи, деб таърифлайдилар.
Филология фанлари доктори, профессор Нинель Васильевна Владимирова зуллисонайн олима, халқимиз урф-одатлари, анъаналари, маданиятини чуқур биладиган, ўзбек тилида ширин гапирадиган, моҳир таржимон ва тадқиқотчи, зукко мунаққид ва малакали луғатшунос эди. Мен опанинг таржима илми билимдони сифатида ўзининг ҳам, бошқа таржимонларнинг ҳам ишларига қай даражада талабчанлик билан ёндашганига кўп марта гувоҳ бўлганман. Чўлпон, Фитрат, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев ҳикоялари, Мирзакалон Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча», Мирмуҳсиннинг «Меъмор», Саид Аҳмаднинг «Уфқ», Улуғбек Ҳамдамнинг «Исён ва итоат» романлари таржималарининг ютуғи, шубҳасиз, мутаржимнинг ўгирилаётган асар муаллифи ижодини чуқур ўргангани, асарни илмий нуқтаи назардан таҳлил қила олиши, илмий салоҳияти, ёзувчи дунёқараши, ижодий йўналиши ва услуби билан чуқур танишлигига боғлиқдир. Замонавий ўзбек адабиётининг бир қатор йирик намояндалари ижодига бағишланган мақола ва монографиялари, “ХХ аср ўзбек насрининг ривожи ва бадиий таржима масалалари” номли китоби Н.Владимирова умрининг охиригача ўзбек адабиётшунослиги ва таржима илмининг фидойи вакили бўлганини кўрсатиб турибди.
Олима кўплаб шогирдлар етиштирди. Таржимашунослар Гулнора Ғафурова, Раъно Файзуллаева, Муҳаббат Исроилова, Янглиш Эгамова, Мунира Каримова ва бошқалар унинг сабоқларидан баҳраманд бўлдилар. Опанинг ўзига хос таржима мактаби ва бу мактабнинг талаблари, қонун-қоидалари, тамойиллари бор. Унга кўра, ҳар қандай таржимон (аслият муаллифи ҳам) ўзининг камчиликларини билиши, танқидий фикрларни эшитишга доимо тайёр бўлиши лозим. Таржимон мустақил ишлайди, таржимасини ҳар ким билан муҳокама қилавермайди, чунки бошқалар таржима тамойилларини билмасликлари ва таржимонни танлаган тўғри йўлидан чалғитиши мумкин; таржимон ўзига нисбатан талабчан бўлиб, қиладиган ишини қатъий режа асосида бажаради; таржимон ҳар куни, мунтазам ишлаши, малакасини ва маҳоратини ошириш учун муттасил ўқиши, ўрганиши керак; ҳақиқий таржимон умр бўйи ўқийди ва ўз устида ишлайди; таржимон ўзи ўгираётган асарни тўғри тушунганига ишонч ҳосил қилиш учун матншунос тадқиқотчидай уни таҳлил қила билиши шарт. Агар таржимон бир миллий адабиётнинг ноёб обидаси бўлмиш асарни тушуниб етмай, пайпаслаб, тусмоллаб, ҳижжалаб ўгирса, муаллиф ва унинг асарига хоинлик қилган бўлади, дерди опа.
Н.Владимированинг таржималари аслиятга монандлиги билан ҳаққоний. Масалан, ёзувчи жуда бахтли, омади бор, бахт кулиб боққан, толели киши, пешонаси кўҳлик (ёки пешонаси ярақлаган), деган ибораларни ишлатганда, уларни контекстга мувофиқ тарзда рус тилига образли тарзда родиться в сорочке (ёки рубашке) турғун бирикмаси билан алмаштиради. Ёки ўзбек тилида илоннинг ёғини ялаган фразеологизмини соддагина хитрый, ловкий человек, плут, пройдоха каби маънолари билан бера қолмай, китобхон онги-шуурига эстетик таъсир кўрсатадиган муқобили — гусь лапчатый иборасини қўллайди. Шунингдек, “полное безденежье”ни билдирувчи хемири йўқ иборасини карманная чахотка; “гапни олиб қочмоқ”ни говорить не по существу, дея қолмай ходить вокруг да около билан алмаштиради…
Таржима объекти биргина сўз эмас, балки сўз бирикмаси ёки маъно ташувчи сўзлар гуруҳи, синтагма, жумла, муайян контекст. Аслият ва таржимадаги бундай сўз ва бирикмаларнинг маъноларини кўпроқ сабаб-натижа муносабатлари бирлаштириб туради. Бунда воқеа-ҳодисаларнинг сабабини натижа билан ёки натижани сабаб билан алмаштириш таржиманинг аниқлигига путур етказмайди, аксинча, аслият мазмунини тўла-тўкис беришнинг энг мақбул, баъзан эса ягона ишончли воситаси бўлиб хизмат қилади. Н.Владимирова таржималарида маънони мантиқан тўлдириш йўли билан матний (контекстуал) алмаштиришга эришилган. Бу баъзи эпизодларни тушунмаган ёки таржима қилиш қийин бўлганлиги боис ташлаб кетмасликнинг ишончли йўли.
Таржима амалиётида сўз ёки гап эмас, бутун матн таржима бирлиги ҳисобланади. Таржиманинг ютуғини баъзи бир сўз ва ибораларнинг мутлақ ўхшашлиги эмас, матннинг муқобиллиги таъминлайди. Бу Н.Владимирова учун қатъий қоида эди.
Моҳир таржимон матнни ҳеч қачон сўзма-сўз ўгирмайди. Инглиз адиби Жером К. Жером (1859-1927) фикрича, яхши таржима учун иккита нарса зарур: аслият тили бадииятини идрок этиш ва шунга мос тарзда таржима тилини билиш. Таржима тили омма учун бегона бўлмаса, таржимадаги сўзлар китобхоннинг қалбини «жизиллатса», матн ифодали ва таъсирчан бўлса, у табиий ҳисобланади. Таржима матнидаги шакл ва мазмун, уларнинг ўзига хос барча хусусиятлари бажараётган вазифаларига кўра ҳам аслиятга мос бўлиши керак. Бунинг учун аслият унсурларининг тийнатига ўхшамаса ҳам маъно ва бадиийлик жиҳатидан бир хил тил воситаларини ишлатиш кўзда тутилади. Масалан, Улуғбек Ҳамдамнинг “Исён ва итоат” романи дунёнинг яратилиши ҳақидаги қуйидаги саҳна билан бошланади: “Олам узра зулмат ҳукмрон эди у пайтлар. На қиттай ёруғлик бор эди ва на жиндай ҳаракат. Эҳтимол, мавжуд эди улар. Бироқ зулматнинг қаърида чўкиб ётарди. Бошқа ёқдан эса ёруғликни, ҳаракатни кўра оладиган, уларни идрок эта оладиган хилқатнинг ўзи йўқ эди”. Ушбу тасвир қойилмақом ўгирилган: “В ту пору над миром властвовала тьма. Ни проблеска света, ни тени движения. Быть может, они и были, но погруженные во мрак, в непроглядную тьму. И не было никого, кто бы мог создать это». Аслиятда қирқта сўз, таржимада эса улар ўттиз тўртта. Бениҳоя аниқ, пухта ва табиий таржима. Бундай таржимада сўзлар, гап тузилиши, унинг узун-қисқалиги ўзаро мос. Бирор нарса қўшилмаган ва олиб ташланмаган, маънода заррача ўзгариш йўқ. Буни эквилинеар таржима ҳам дейишади. Бунга эришиш жуда қийин масала. Буни фақат маҳорат соҳибларигина уддалай олади. Ёзувчи ёруғлик ва ҳаракат сўзларини бир жойда икки марта ишлатса, таржимон рус тилининг қисқаликка мойиллигини назарда тутиб, аниқлик ва пухталик нуқтаи назаридан аслият йўлини қайтармай, биргина это дея қолган. Мана маҳорат белгиси. Асар бошдан охиригача шу тарзда ўгирилган. Бу ҳодисани озарбайжонлик ҳамкасбимиз профессор Байрам Тоҳирбеков қуйидагича тенглама билан ифодалаган:
[Ё и + М з] • З м = ТС
Бу ерда: Ё и – ёзувчи истеъдоди, М з – мусиқачининг зеҳни, З м – заргарнинг меҳнати, ТС – таржима санъати. Яъни ёзувчи истеъдоди билан мусиқачи зеҳнининг уйғунлигини заргар меҳнатига кўпайтирса, таржима санъати юзага келади.
Н.Владимированинг таржимонлик иш услубини қуйидагича тавсифлаш мумкин. Бу, назаримизда, уч босқичдан иборат. Биринчи босқичда ўгириладиган матн сўзма-сўз, яъни филологик тарзда идрок қилинади. Бу босқичда аслият тилидаги бир сўзни рус тилидаги худди шундай жаранглайдиган сўз билан қиёсланади. Шундай қилинганда сохта эквивалентлар домига тушиб қолиш, контекстни нотўғри ўзлаштириш, айрим хос сўзлар маъносини тушуниб етмаслик, муаллиф муддаосини англамаслик каби ҳолатларнинг олди олинади. Иккинчи босқичда услубий омилларга эътибор қилинади. Матнни тўғри ўқиган китобхон лисоний ифоданинг услубий омиллари(кайфият, пичинг, фожеавий маъно, оҳангдорлик ва бошқалар)ни ҳам англайди. Бу сифатларни китобхон англаб етиши шарт бўлмаса ҳам, муаллиф қандай қилиб тегишли натижага эришаётганини таржимон аниқлаши ва тадқиқ этиши лозим. Учинчи босқичда айрим тил воситаларининг услубий ва маъновий мазмунини англашдан таржимон асарнинг бадиий яхлитлигини, бадиий воқелик, характерлар, уларнинг муносабати, муаллифнинг ғоявий ниятини англашга ўтади. Матнни англашнинг бу йўли анча мураккаб: муаллиф яратган бадиий воқеликни тўлалигича идрок этиш учун таржимон кенг мушоҳада қувватига эга бўлмоғи даркор. Н.Владимирова ана шундай сермушоҳада, заковатли таржимон эди. Унинг учун бадиий таржима – шарафли иш саналган. У бадиий таржима ишида қуйидаги идеалга эришишни ўз олдига қўйган: ўзбек тилига ўгирилган таржимани ўқиганда, китобхон бу асар муаллифи ўзбек бўлганида, худди шундай ёзган бўларди, дейиши керак. Асарларини Н.Владимирова таржималарида ўқиган муаллифлар унинг меҳнатини юқори баҳолаганлар.
Бугун юртимизда ўзига хос таржима мактаби яратилди. Юзлаб таржимашунос ва малакали таржимонлар етишиб чиқаётир. Олий ўқув юртларининг гуманитар фанлар кафедраларида таржима асослари, тарихи, санъати, таржима маҳорати, таржима жараёни муаммолари ўргатиляпти, таржимон-референт, таржимон-ўқитувчи мутахассисликлари бўйича билим бериляпти.
Атоқли устозларимиз Ғайбулла Саломов, Нинель Владимирова, Нажмиддин Комилов таржима амалиётини назария билан қўшиб олиб бордилар. Энди бу фидойи таржимонларнинг ўрнини уларнинг истеъдодли шогирдлари – бевосита таржимани амалга ошираётган, аслият тилини биладиган, зуллисонайн ёзувчи, шоирлар ва “Жаҳон адабиёти” журнали саҳифаларида ўзларини кўрсатаётган кўплаб ёш истеъдод соҳиблари тўлдириб бормоқда. Дарҳақиқат, Н.Владимирова сингари олимларимизнинг бой тажрибасини чуқур ўрганиб, илмий таҳлил қилиш ва оммалаштириш долзарб вазифадир.
Комилжон Жўраев,
Андижон давлат университети профессори, филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 16-сонидан олинди.