“Бобурнома”ни ҳар гал ўқиганимда ҳам жисмонан, ҳам ақлан бақувват инсон бўлган Бобурнинг жуда ёш — 47 ёшда ҳаётдан кўз юмгани мени таажжубга солади. Кўп жангу жадаллар жароҳатларига бардош берган Бобур ўз ватанида амалга оширолмаган тадбирларни Ҳинд элида амалга ошириб, у юртда бор-йўғи 5 йил умр кўрди, 47 ёшида — отаси Умаршайх ёшида оламдан ўтди.
Бобур оғир жангларда кўп жароҳатлар олади, лекин омон қолади. Шунда у қуйидаги байтни ёзади:
Агар тиғи олам бижунбад зи жой,
Набуррад раге то нахоҳад Худой.
(Мазмуни: Агар олам тиғи ўз тиғидан қўзғолса, Худо хоҳламаса, бирор томирни ҳам қирқмайди.)
Маълумки, Ҳиндистон дори-дармон, мислсиз кўп хил гиёҳларга бой ўлка. Шу билан бирга, заҳарли ўсимлик ва жондорларнинг энг хавфлилари ҳам шу ўлкада мавжуд: илон заҳри, қорақурт заҳри, таркибида кучли заҳари бор гиёҳлар, ўсимликлар (кураре меваси ва бошқалар).
Мен табобат ходими сифатида Бобур ва унинг ҳаётига оид тарихий манбаларда шоир ҳаётининг сўнгги йилларидаги ҳол-аҳволи, руҳияти ва, ниҳоят, унинг жисмоний ҳолатининг баёнига эътибор бердим. “Бобурнома”да, Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарида ёзилишича, Иброҳим Лўдийнинг онаси Байда берган заҳардан Бобур заҳарланади ва оғир касалга чалинади, аммо тирик қолади.
Манбаларда баён этилишича, шу таомни Бобур билан бирга истеъмол қилган бир ходим ўша заҳоти ўлади. Берилган заҳар жуда кучли бўлган. Бу ҳолат Бобурнинг жисмоний бақувватлигини кўрсатувчи яна бир фактдир. Аммо унинг саломатлиги бутунлай тикланиб кетмайди. Кундан-кунга аҳволи оғирлашиб бораверади. Аҳволи ёмонлашишининг тиббий манзараси сурункали жигар касаллигини, аниқроғи, сурункали токсик гепатитни эслатади. Бу касаллик эса айнан жигар тўқимасини емирувчи заҳар — гепататроп модда таъсирида келиб чиқиши мумкин.
Байда Бобурни ўрта аср Шарқ давлатларида кенг тарқалган маргимуш ёки циан бирикмаси бор модда билан заҳарлаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бу моддалар, шубҳасиз, жигар тўқимасига ўткир заҳарланиш даври тугагандан сўнг ҳам, жигар паренхимасида нейтраллаш фаолияти сустлашганлиги сабабли, сурункали равишда ички аъзоларда салбий ўзгаришлар давом этишига олиб келади. Албатта, бундай хулосани тахмин қилиш мумкин. Чунки бу масалада бирорта аниқроқ, тиббиётга яқин манбаъ учратмадик. “Бобурнома”даги қуйидаги мисралар юқорида айтилган фикрларни тасдиқлаши мумкин: “Якшанба куни, муҳаррам ойининг ўн олтисида иситтим, титрадим, навбат-навбат бўлди. Йигирма беш-йигирма олти кунга тортти. Доруйи кор ичтим. Охир басит ярашти, уйқусизлиғ ва ташналиғдин бисёр ташвиш торттим. Бу мараз айёмида уч-тўрт рубоий айтилди. Ул жумладин бири будур:
Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,
Кўздин ўчадур уйқу чу охшам бўладур.
Ҳар иккаласи ғамим била сабримдек,
Борғон сайи бу ортадур, ул кам бўладур”.
Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарида Бобурнинг кундан-кунга қувватсизланиб бориши, рангининг вақти-вақти билан сарғайиши, ориқлаб кетиши, уйқусизлиги ҳақида кўп баён этилади: “— Ҳумоюн ўғлим, Байда менга заҳар берганидан бери ҳеч ўзимга келолмайман. Қолган кучим ижодга етса ҳам хўп гап. Энди давлат юкини сен елкангга олмоғинг керак”. Яна: “Мезон ўтиб, қавс ойи кирганда Бобурнинг касаллиги баттар оғирлашди. Бирор жойида яра ёки шиш йўқ, лекин нуқул ичи куяди, иситмаси кўтарилиб, бетоқат бўлади, уйқусизлик қийнайди, ранги кун сайин сўлиб боради”; “Ҳумоюн келса, отаси ўз хобгоҳида баланд оқ тўшакда терга ботиб ётибди. Ранги сап-сариқ бўлиб кетган…”
Юқоридаги аломатлар: у уйқусизлик, бетоқатлик, сарғайиш, ориқлаш, жигарнинг антитоксик, яъни организмдаги қонни заҳарли моддалардан тозалаш хусусияти йўқолганлигидан, тозаланиши зарур бўлган ичак тизимларидан сўрилиб борувчи қон жигарда зарарсизланмасдан танага, марказий асаб тизимига тарқалаётганидан далолат беради. Чунки организмдаги 3500-4000 мл. қон жигар паренхимасидан тозаланиб ўтиб танага тарқалиши керак. Жигарнинг бу асосий фаолиятининг бутунлай издан чиқиши юқорида баён этилган манзарага олиб келади.
Шундан келиб чиқиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сурункали жигар фаолиятининг етишмовчилиги — гепатаргиядан кўз юмган, деган тахминни илгари суриш мумкин.
Кенжабек Субутой ўғли Долимов,
тиббиёт фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 7-сонидан олинди.