Жовли Хушбоқ. Лев Толстойнинг ажабтовур тақдири

Дунёда ўлмас асарлар қолдириб кетган буюк ёзувчи хусусида сўз юритиш осон эмас.

Аввало машҳур сўз устасининг нодир романлари, қиссалари, ҳикоялари тўғрисида юз йилдан ошиқ вақтдан бери тинимсиз таҳлилий мақолалар чоп этилаётганини алоҳида таъкидлашнинг ўзиёқ кифоя қилар, деб ўйлайман. “Уруш ва тинчлик”, “Анна Каренина”, “Тирилиш” каби шоҳ асарлар, қисса ҳамда ҳикояларни ўқимаган, улардаги бадиий қудрат ҳамда сеҳрдан баҳра олмаган ким бор?

Афсус… Улуғ адибнинг бадиий олами етарли даражада тадқиқ этилаётгани ҳолда унинг шахсий ҳаётидаги бўхронлар, нурли ва соя томонлар ҳамон адабий ҳаётдаги очилмаган қўриқлигича қолиб келаётир.

Орадан анча йиллар ўтиб кетди. Буюк ёзувчининг ҳаёти қанчалик мураккаб бўлмасин, у ҳақдаги мулоҳазалар, ўйлар ва кузатишлар, ҳатто мактублар ҳам кам сақланиб қолган.

Аммо… Барибир дунёга донғи кетган адибнинг шахсий ҳаётидаги нозик жиҳатлар кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Истеъдод – худо берган улуғ бир неъмат. Лекин шу неъматни асрай олиш, уни ардоқлаш, ундан бошқаларни ҳам баҳра олдиришнинг ўзи бўладими? Бунинг учун кишида битмас-туганмас истеъдоддан ташқари, ирода, қатъиятлилик, ўта даражада меҳнаткашлик ва тиниб-тинчимаслик фазилатлари ҳам мужассам бўлиши зарур эмасмикан?

Лев Толстойни олинг. У одам уйқуни хушламаган, тонг саҳарданоқ ўрнидан туришга сираям эринмаган. Бир-икки соатлаб табиат қўйнида бўлишни ёқтирганлигини айтмай-сизми? Боғларни, далаларни тонг отиши биланоқ айланиб чиқиш унинг жони-дили эди, десак янглишмаган бўламиз.

Энг муҳими, жисмоний машқларни яхши кўрарди. Тош кўтариш-ку, кундалик юмушга айланиб қолганди. Спортга қизиқиш беқиёс эди. Шахмат ўйнаб, унча-мунча одамларни мот қилишни ҳам ўрнига қўя оларди. Ҳатто теннис ҳамда городки ўйнаш бўйича унинг олдига тушадиганлар кам топилган, деса ишонаверинг. Дарёларда сузишни-ку, қойилмақом қилиб уддалаган. Қизиғи шундаки, ёши бир жойга бориб қолганида велосипед миниб юришни энг асосий машғулотларидан бири, деб билган.

Улуғ ёзувчи ўзидаги бу жиҳатларни қуйидагича изоҳлайди: “Агар мушакларимни ишсиз қолдирганимда аҳволим аллақачон ёмонлашган бўларди. Ана шу ишгина менга ширин уйқу, тетик кайфият бахш этади», дея эътироф этганди машҳур адиб.

Демак у фақат ақлий меҳнат билангина машғул бўлгани йўқ. Жисмоний машқларни ҳам унутиб қўймади. Ўз соғлигини ўйлади. Ер ҳайдаш, ўт ўриш сингари бошқалар учун оғир туюлган юмушлардан ҳам ўзини олиб қочмади.

Ўз асарларида юксак инсоний туйғуларни бутун мураккаблиги билан тасвир этган адиб ҳаттоки оддий воқеалардан ҳам таъсирланиб кетадиган нозик дидли киши эди. Буни салкам ўттиз йил ёвғон шўрва ичиб, гўштдан воз кечиб кун кўрганлигидан ҳам билиш қийин эмас. Бундай аянчли қарорга келишига эса уй ҳайвонлари шафқатсиз равишда қассоблар томонидан сўйилиши унинг руҳиятига беадад таъсир этганлиги бўлди.

Шу ўринда Лев Толстойнинг таржимаи ҳоли хусусида қисман тўхталиб ўта қолайлик. У 1828 йилнинг 28 августида дунёга келган. Тула губерниясининг Ясная Поляна қишлоғида дворян хонадонида таваллуд топган бу улуғ инсон кейинги ҳаётини ана шу жонажон қишлоғисиз тасаввур эта олмади. Қаранг, қанчалик мўл-кўл бойлик соҳиби бўлгани ҳолда оддий мужикдек яшашни хуш кўрди. Қишлоқларга моддий жиҳатдан кўмак беришни бир зум ҳам унутмади. Бойликдан воз кечди. Ҳарбий ҳаракатларда артиллерия зобити сифатида жанг олиб борди.

Буюклар ҳар жиҳатдан мукаммал бўлишини тарихдаги юзлаб мисоллар орқали далиллаш мумкин.

Бир куни денг, Толстой жаноблари қизи Татьянанинг куёви М.Сухотинга бирор нарса ҳадя қилгиси келиб қолди. Ўйлаб-ўйлаб, ўз қўли билан этик тикади. Уни куёвига совға сифатида тақдим этади.

Куёв эса ҳеч ўйлаб-нетиб ўтирмасдан этикни китоб жавонидаги Лев Толстой китоблари ёнига қўяди. Кейин эса: “Граф Л.Н.Толстойнинг сўнгги асари” деб ёзилган қоғозни этикка ёпиштириб қўйди.

Улуғ ёзувчи таниқли шоир А.Фетга ҳам этик тикиб берганлиги мозий манбаларидан маълум. Лекин шоир этикларни китоб жавонига қўймасдан маза қилиб кийиб юрган экан.

ТОЛСТОЙ ДАҲРИЙМИ Ё ДИНДОР?

Ёзувчилик асл тадқиқотчилик эмасми? Адибнинг “Ҳожимурод”, “Севастополь ҳикоялари”, “Казаклар”, “Декабристлар” асарларини ўқиган китобхон ёзувчи инсон қалбининг нечоғлик ич-ичидан ёритиб берганини кўради, ҳис этади.

Буюк ёзувчи “Иқрорнома” асарида эса ҳаётга инсон нега келади, нима учун яшайди, умуман олганда умр кечиришнинг маъноси нималарда эканлигини тадқиқ этади.

Китобнинг бош қисмидаёқ динга муносабатини яшириб ўтирмайди. “Эсимда, ўн бир ёшда эдим. Володенька М. деган гимназия талабаси (аллақачон оламдан кўз юмиб кетган) якшанба куни бизникига келиб, гимназияда кашф этилган бир гапни катта янгилик сифатида гапириб берарди. Кашфиёт шундан иборат эдики, Худо йўқ ва бу борада бизга ўргатилаётган жамики нарсалар беҳуда экан (Бу 1838 йилда бўлган). Эсимда, акаларим бу янгиликка қизиқиб қолдилар ва мени маслаҳатга чақирдилар. Яна шу нарса эсимдаки, биз ҳаммамиз анча ҳаяжонга тушиб, бу янгиликни ғаройиб ва жуда ғаройиб ва бўлиши мумкин гаплар тарзида баҳоладик”.

Қизиқ, дастлаб Худо ҳақида гап кетганда, беписанд қўл силтаган, бу хусусда тушунчалар ибтидоий бўлган улуғ адиб умрининг кейинги йилларида ҳаёти ҳақидаги мулоҳазалари бутунлай остин-устун бўлиб кетди. Бошқа дин руҳида тарбияланган ёзувчи эндиликда ислом дини, Оллоҳ-Таоло ҳақида ҳам ўйлай бошлайди!

Бу ўзгариш, инсон характери ва эътиқодига туб ўзгариш қандай пайдо бўлди? Эҳтимол, даҳолар ҳаёт мағзини, илоҳиётни бутун вужуди билан ҳис қиладилар, салкам башоратчига айланиб қоладилар, шекилли. Акс ҳолда яшашдан бутунлай кўнгли қолиб, ўзини ўлдирмоқчи бўлган буюк ижодкор умр дафтарининг сўнгги саҳифаларини қоралаётганида “қандай яшамоғим керак?” деган оғриқли саволни ўртага ташламаган бўларди. Хулоса эса сиз учун нотабиий: гўё ўрис эмас, балки Ўрта Осиёда яшаётган мусулмонники каби: “Худонинг қонун-ларига амал қилиб” яшамоқни афзал кўргандир.

Тавба, “ҳаётимда ўлим маҳв этолмайдиган қандай маъно бор?” дея наъра тортади буюк адиб. Яна сизни ҳайратга солиб қуйидагича жавоб қайтаради: “Ҳақнинг жамолига эришиш, жаннат”.

Биз ўзимизни мусулмон, деб биламиз. Аммо, кўпларимиз рўза тутиш, намоз ўқиш, охират, Оллоҳ-Таоло ҳақида кам ўйлаймиз. Гоҳида имон, эътиқодни ҳам унутиб қўямиз. Буни қарангки, бундан анча йиллар илгари умр кечирган улуғ рус адиби бутун ҳаётининг мазмунини ислом динига амал қилишда деб билгани бизга алам қилади, ҳам ҳасад оловини сачратади.

Узоқдан далил изламай, Лев Толстойнинг бир неча мактубларини ўқиб чиқдим ва ҳайратим баттар ошди. Унинг Вакиловага ёзган мактубини ўқиганимда, адиб дунёқараши ва тушунчалари бениҳоя чексиз-чегарасиз эканлиги, Шарқ халқлари динига ҳурмати беқиёслигини яна бир карра англаб етдим.

Бу мактубда Вакилова деган бир аёл фарзандлари ислом динига сажда, эътиқод қилмоқчи бўлганлиги ҳақида сўз юритади. Толстой хатга жавобида қуйидагиларни ёзади: “Энди Муҳаммад динининг масиҳийликдан юқори қўйилаётгани масаласи (айниқса, сизнинг ўғилларингиз кўрсатаётган олижаноб сабабларга) келсак, мен бундай ўтишга жон-дилим билан хайрихоҳман. Айтсам, ғалати бўлади, лекин, ҳамма нарсадан масиҳий ғояларни ва чин маъносида масиҳийлик таълимотини юқори қўядиган мендай бир одам ҳам Муҳаммад дини ўзининг ташқи кўриниши билан черков масиҳийлигидан қиёслаб бўлмайдиган даражада баланд туради деб биламан. Шундай экан, одам олдида черков дини ё Муҳаммад динини танлаш масаласи кўндаланг бўлса, ҳар қандай онгли одам иккиланиб ўтирмайди ва ҳаммаси Муҳаммад динини танлайди. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки черков дини троица (учлик) гуноҳ ювиш, яширин топинишлар, Худо-нинг оналари, авлиёлар ва уларнинг суратлари… сингари қийин ва тушунар-сиз ибодатлардан, маросимлардан иборат илоҳиётдир. Исломда эса бу нарса йўқ. У якка Худонинг битта йўлини ва у юборган пайғамбар-ларнигина тан олади”.

Ё Қудратингдан, ўзи ўрис бўла туриб, ислом динини кўкларга кўтарганини айтмайсизми, бу айрим мусулмонман, деб кўкрагига уриб юрганларга-да сабоқ бўлиши керак эмасми?

Шу улуғ адиб насронийлик динидан воз кечиб юборганлигини айтмай-сизми? Ҳа, шу ислом динини деб! Қизиқ-да…

Толстой бобонинг невара-чеваралари ҳали-ҳануз ўз боболарининг бундай қарорига ҳайрону лол. Ҳатто яқин йиллардагина Ясная Полянадаги уй-музей директори, адибнинг чевараси Владимир Толстой ўз бобосининг черковдан четлаштирилиши тўғрисидаги қарорнинг бекор қилинишини илтимос қилади. Аммо бу мурожаат инобатга олингани йўқ.

Ҳа, Лев Толстой 1901 йил феврали-да Муқаддас синод қарори билан черковдан мосуво қилинган эди. Энди бу қарорнинг бекор қилишнинг нима кераги бор экан?

Шу боисдан бўлса керакки, Москва Патриархати ташқи черков алоқалари бўлими раисининг ўринбосари Всеволод Чаплиннинг таъкидлашича, черковдан чиқиш буюк ёзувчининг дил амри билан юз берган эди.

Шу боисдан анафема (христиан динида динга хилоф иш қилган кишига лаънат ўқиб, уни христиан динидан чиқаришни, черковдан четлатишни англатади)дан улуғ адибни соқит қилиш масаласи ҳамон очиқлигича қолмоқда.

ТОЛСТОЙНИНГ ҚИЗИ ОТАСИГА ТОРТГАНМИ?

Машҳур кишиларнинг фарзандлари ҳам қайсидир жиҳатдан оталарига ўхшаб кетиши табиий. Мисол учун, Лев Толстойнинг қизи Александра Львовна қай тарафдан отасига тортганди? У отаси ҳақида бекорга қуйидаги сўзларни айтмагандир? “Отам билан қалбимиз жуда яқин эди, очиқ гаплашардик, бир-биримизни англардик”.

Эҳтимол, шу сабабли ҳам Лев Толстойга котиба бўлиб ишлагандир? Балки шунинг учун ҳам буюк адиб 1910 йили 22 июнда ижодига меросхўрлик ҳуқуқини шу жонидан азиз қизига бермаганмикин?

Буни қарангки, ҳатто характери ҳам отасига тортиб кетганга ўхшайди. Акс ҳолда, минг азобда отасининг китобини чиқариб, тушган пулларга минг гектар ер харид қилиб, уларни деҳқонларга текинга бўлиб бермаган бўларди-ку!

Тавба, ҳаттоки ўз онаси Софья Андреевнани ҳам унчалик хуш кўрмасди. Сабаби отаси билан онаси ўртасидаги алоқани дуруст, деб бўлмасди. Отасини ниҳоятда яхши кўрганлиги учун ҳам онасининг бу хатти-ҳаракатини маъқуллай олмасди.

Александра Львовнанинг кейинги тақдири дастлаб мақтайдиган даражада бўлмади. Ҳатто уни қамоққа ҳам олишди. Кейин эса…

Сўнгра Луначарскийнинг кўмаги билан Японияга кетиб қолади. У ердан Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетади. Тақдир тақозоси билан хорижда бир умр ўз ватанини қўмсаб яшайди. Ўз юртига қайтиш орзуси билан ҳаёт кечиради. Афсус… Шаффоф орзулари чилпарчин бўлади.

Америкадагилар ҳам унга кўзлари учиб тургани йўқ эди. Дастлабки пайтларда ишлари орқага кета бошлади. Чикагода, Сан-Францискода иш ахтаравериб тинкаси қуриди. Россияда жуда бой-бадавлат кишининг қизи бўлгани ҳолда Америкада камхаржлик-да умр кечирди. Лекин… Александра Львовнанинг отасига меҳри чексиз эди. Отасининг характери, кучли ҳамда заиф жиҳатларини беш қўлдай яхши билар эди. Шу боисдан бўлса керакки, 1953 йилда “Отам” деб номланган китоб яратди. Бу асари Нью-Йоркда нашр қилинди.

Буюк шахсларнинг фарзандлари ҳам бир хил бўлавермас экан-да. Лев Толстойнинг Сергей деган ўғли бор эди. У отасининг қўлёзма-ларини сариқ чақага ҳам олмасди. Уларни қаёққадир улоқтириб юборган эди. Қизи Александра Львовна бўлса, отасининг асарларини кўз қорачиғидек асрар, уларга алоҳида ҳурмат билан қарар эди.

Гапнинг очиғини айтганда, Толстойнинг ўғли отаси асарларининг қадрига етмайдиган киши бўлиб ўсгани билан қизлари анча бамаъни, отасининг ҳурмат-иззатини ўрнига қўядиган инсонлар бўлиб етишганди.

Тўнғич қизи Татьяна Львовнани олинг. Александра Львовнадан йигирма ёш катта эди. Турмуш ўртоғини Сухотин дея аташарди. Энг муҳими, отаси сингари кундалик тутишни яхши кўрарди. Бу кундаликларида отаси ва оиладаги бошқа фарзандлар, онаси нима ишлар билан машғул бўлганлигини кунма-кун ёзиб боришдан сираям эринмасди. Бунинг устига, расм чизишни ўлгудай хуш кўрарди. У кундаликларида отаси ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Дадам, ойим ва Таня холам яхши яшашни ким қандай тушуниши, инсоннинг олижаноблигига бойлик келтирадиган зарар ҳақида мунозара бошлашди. Дадам жуда чиройли гапирди. Ойим бизни ухлаш учун жўнатди. Мен ва Машага қўшилиб, Таня холам ҳам кета бошлаган эди, дадам йўлдан қайтарди. Биз яна чамаси бир соатча мунозарада қатнашдик. Умримизнинг асосий қисми Фифи Долгорукаяга ўхшаб интилиш билан ўтиб кетяпти, аллақандай безаклар учун энг яхши ҳис-туйғуларимизни бой беряпмиз, деди дадам”. Мен бу фикрга батамом қўшилишимни яширмадим. Бироқ яхши яшашни хоҳлашимни, масалан, янги кўйлак ёки шляпа ваъда қилганлари заҳоти севинчдан сакраб кетишимни мен ҳам айтдим. “Ундай бўлса, – деди дадам, –истаган кўйлакларингни кийиб юравер. Шопенгауэрдан (Шумахерни у киши шундай деб айтарди) ковушларни олавер. Коля Кислинскийга нозланавер, бироқ бошингга жойлашиб олган ҳавойи фикр эртами-кечми ўз ишини қилади”.

Жуда кўп нарсаларни сўраб олишим керак эди-ю, кўз ёшларим гапиришга йўл бермади”.

Беназир адиб қанчалик доно ва одамохун, файласуф бўлганлигини юқоридаги сўзлар, Толстой ҳақидаги фикрлар тасдиқлаб турибди.

Юқорида ёзувчининг яна бир қизи Александра не азоблар билан чиқарган китоблари пулига минг гектар ер сотиб олиб, деҳқонларга текиндан-текинга улашиб юборганлигини айтиб ўтдик. Толстой бобонинг ўзи қизларидан минг чандон қўли очиқ, сахий бир инсон эди. Бир куни денг терлаб-пишиб пичан ўради. Ўзи тинмай ўриб кетаверади. Қизи йиғиб бораверади.

Анча кун шу тарзда тинимсиз ишлайди. Бир неча арава пичан ғамлайди. Ана шу пичанларни буюк адиб нима қилади? Уларни яқиндагина эри оламдан ўтган, қаровчиси йўқ бир аёлга элтиб беради. Агар бирор одам ҳозир шу ишни қилса, кўпчилик ҳеч иккиланмай: “Мияси айниб қолган” деб очиқчасига таъна қилади.

Тавба, бир куни Лев Николаевич бева хотин учун яна пичан ўраётган эди. Бирданига оёғи жароҳатланиб қолди. Бир неча ойгача азоб тортди. Ҳатто ҳарорати кўтарилиб кетди. Бундай мисоллар оз эмас.

Ўғиллардан кўра қизлар ота-онага меҳрибон бўлишади, деган гаплар рост экан. Лев Толстойнинг қизи Татьяна Львовна ҳам отаси ҳақида гапирганида шундай жўшиб кетдики, асти қўяверинг. Қизи ҳам отасининг хатти-ҳаракатлари, ўзига хос феъл-атворини кўриб улғаяди ва отаси сингари гўзал фазилатлар эгаси бўлиб етишади. Мана, унинг ёзганлари: “Ҳаётимдаги бирдан-бир мададкорим, ҳамма дардимга малҳамим – биргина дадам. Мен у кишига оз қувонч бахш этаётганимдан жуда-жуда қийналаман.

Шундай кун келадики, дадам оламдан ўтади, деган фикр мени қаттиқ азоблайди. Бисотимдаги барча диний тушунча, ақл-идрок, мантиққа таяниб, бу заруратни тушуниб етишга ҳаракат қиламан. Бу унча қўрқинчли эмас, нохуш бўлгани билан табиий ҳол деб ўзимга ўзим уқтираман. Мени қийноққа солаётган ва айни пайтда қувонтираётган бир нарса бор. Дадам мен ҳақимда жуда юқори фикрда. Мени овози бор, ёзиш, расм солиш қобилиятига эга, деб ўйлайди”.

Бу аёл буюк шахснинг қизи эканлигини жуда яхши билар, ана шу номга муносиб бўлишга интилар эди. Отасининг ишончини қозонишдан ҳам улуғ бахт йўқ, деб ҳисобларди ўзига-ўзи.

Қизиқ, Толстойнинг иккинчи қизи Татьяна Львовна-Сухотина ҳам онаси эмас, балки отасига кўпроқ ён босишни хуш кўради. Шу сабабли бўлса керак, кундаликларида: “Мен ойимга узундан-узоқ мактуб ёзиб, оилада ҳукмини ўтказишга интилишлари маънисиз эканини ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим”.

Ҳа, Толстойнинг қизлари кўп жиҳатдан отасига, аслида жуда бой, лекин камбағал бўлишга интилган отасига тортиб кетишган эди.

БУЮКЛИК ВА БАХТСИЗЛИК ЁНМА-ЁНМИ?

Улуғ инсонларнинг шахсий ҳаёти, оилавий можаролари, айниқса, ўзи севган аёли билан турмуши ҳақидаги тафсилотлар ҳам нечоғлик қизиқарли, айни пайтда фожиали ҳодисаларга бой эканлиги сир эмас. Буни Толстой ҳаётининг қора ва хушнуд кунлари мисолида кўриш мумкин.

Толстой оилавий ҳаётда бахтли эдими? Бу саволга Дейл Карнегидан кўра яхшироқ жавоб тополган киши йўқ: “Муҳаббатни маҳв этиш учун жаҳаннам мункирлари ўйлаб топган барча макр-ҳийлалар орасида энг осони, нишонга бехато урадигани – хархашадир. Чақса тирик қўймайдиган кўзойнакли илондай хархаша қилавериш ҳамиша кишини заҳарлайди, ўлдиради”.

Бу аччиқ ҳақиқатни Лев Толстойнинг рафиқаси жуда кеч тушунди. “Отангизнинг бошига мен етдим” деганди у ўлими олдидан қизларига. Иккала қиз ҳам нима дейишларини билмай, оналари бошида юм-юм йиғлашган, чунки у ҳақ гапни айтаётган эди. Падари бузрукворларини адоқсиз ишваю итоблари, кўз очирмайдиган таъналари, хархашаю машмашалари билан оналари адои тамом қилганини улар яхши билишарди. Бир қарашда ҳеч нимадан кам-кўсти йўқ Толстой ва унинг рафиқаси дунёдаги энг бахтли инсонлардай эдилар. Толстой барча замонларнинг энг машҳур адиб-ларидан бири…

Толстой ва унинг рафиқаси шон-шуҳратдан ташқари, катта мол-мулкка ҳам эга эдилар. Серфарзанд эдилар. Аслида битта оила учун бундан ортиқ нима керак? Дастлаб улар шу қадар бахтиёр эдиларки, тотув ҳаётларига кўланка ташлайдиган нарсанинг ўзи йўқдай эди. Шунинг учун баъзан ёнма-ён ибодат қилиб, меҳру мурувватингни бундан кейин ҳам биздан аяма, деб худодан илтижо қилишарди”. Охир-оқибат нима бўлди? Улар чиндан ҳам умр бўйи бахтли бўлиб яшашгандир? Йўқ, ундай бўлса кошки эди…

Дейл Карнеги бутун айбни Толстойнинг хотини Софья Андреевнада деб билади. Шу боисдан аёл киши буюк кишиларни хароб қилиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазаларни шундай ифода этади: “Софья Андреевна дабдабаю ҳашаматга жуда ўч, Толстой эса бундай нарсаларни кўрарга кўзи йўқ эди. Софья Андреевна шон-шуҳрат, мартаба истаги билан куйиб ёнар, Толстой учун буларнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқ эди. Софья Андреевна пул, мол-давлат ортидан қувар, Толстой эса даҳоликни тан олмас, хусусий мулкка эга бўлиш гуноҳ, деб биларди. Ноширларга асарларни қалам ҳақисиз нашр этиш ҳуқуқини бергани учун хотини уни тинимсиз эговлар, қарғар, жанжал-лашар, эрининг китоблари учун ҳақ талаб қиларди.

Толстой андак эътироз билдирса, жазаваси тутиб ерда думалар, бу кунимдан ўлганим яхши, деб афюн ичиб ўзимни ўлдираман ёки ўзимни қудуққа ташлайман деб қўрқитарди”.

Аёл киши қанчалик жанжалкаш бўлса, эркакнинг шўри. Бундай дийдиёлар охир-оқибат Толстойлар оиласи қўрғонини ҳам нуратди. Улар бир-биридан безиб қолишди. Айниқса, Лев Толстой хотинидан қутулиш учун дунёнинг нариги четига бўлсаям қочишга тайёр эди. Шундай бўлди ҳам. Охири боши оққан томонга жўнаб қолди.

Тўғрироғи, аёли эмас, балки Толстой ундан безор бўлган эди. Шу сабабли Софья Андреевнадан қочиб қутулишдан ўзга чора қолмаган эди. 1910 йилнинг қаҳратон кунларидан бирида уйидан чиқиб кетди. Буюк адиб уйидан бош олиб чиқиб кетаётиб, темир йўл бекатида зотилжам касаллигига чалинди ва дунёни абдул-абад тарк этди. Буни қарангки, умрининг сўнггида, шундай васият қилди: “Хотинимни ёнимга киритманглар!”

Тавба, қирқ саккиз йил бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдошидан шунчалик безор бўлиш мумкинми? Наҳотки, буюклик ва бахтсизлик каби тушунчалар кўп ҳолларда ёнма-ён юрса, деган аламли ўй юракни тимдалайди.

Аслини олганда Лев Николаевич фақатгина Софья Андреевнага кўнгил қўйганми? Бошқа кўпгина улуғлар сингари у ҳам жуда кўп қизларни юрак-юракдан севиб қолганди! Унинг ҳам хушторлари озмунча эмасди! Яхшиси, бу ҳақдаги фикрларни Толстойнинг сўзлари орқали далиллай қолайлик: “Болалигимда Сонечка Колошинага ошиқу беқарор бўлгандим. Шундан кейинроқ Зинаида Молостовага ишқим тушди. Бу муҳаббат жисму жонимни қамраб олганди. Ҳойнаҳой Зинаида бу ҳақда бирон нарса билмаган ҳам. Йиллар ўтиб, бекатдаги казак аёл ўзига ром этди. Вақт ўтиб буни “Казаклар” номли қиссамда тасвирлаганман. Сўнг киборлар доирасининг гули бўлган Шерватова-Уварова ақлу ҳушимни ўғирлади. У ҳам севгимдан бехабар эди. Мен ҳамиша тортинчоқ бўлганман. Бора-бора ҳақиқий, асл муҳаббат ҳам насиб этди. Севгим соҳибаси Валерия Арсенева эди. Уйланиб олишимга бир баҳя қолди. “Оилавий бахт”ни ўқигандирсиз. Унга ёзган ишқий мактубларни жамласак катта бир боғлам бўлади”.

Буни қаранг, шунча қизни севиб қолиш бир киши учун кўпми ёки оз? Наҳотки муҳаббат деганлари шу қадар беқарор туйғу бўлса? Аммо, охир-оқибат севмаган киши билан турмуш қуриб, бахтли бўлолмаслик қисмати улуғ адибни оилавий ҳаётда хору-зор қилди, беадад азоблади. Дейл Карнеги Толстойнинг фожиаси учун кўпинча унинг аёли Софья Андреевнани қоралайди, унга аёвсиз таъна-дашном беради. Яна бир тадқиқотчи Руслан Киреев бўлса, аслида катта фожианинг бош айбдори Лев Толстойнинг ўзи, деган фикрни зўр бериб илгари сурмоқчи бўлади.

Аммо, нима бўлганда ҳам, оилавий жанжаллар, келишмовчиликлар бутун бошли оила қасрини кунпаякун қилгани рост!

СИР ОЧАР МАКТУБЛАР

Толстой ҳаёти, характери, ижоди, кимларни севиши, ёмон кўриши ёки қайси ижодкорларга хайрихоҳ экан-лигини унинг бир талай мактублари орқали билиб олса бўлади.

Мана, Софья Андреевнага ёзган мактубларидан бир кўчирма: “1910 йил 28 октябр.

Хонадонимни тарк этиб кетишим сени албатта хафа қилади. Бундан афсусдаман. Аммо, мени тушунгин, бошқа иложим йўқ. Уйдаги ҳаётим чидаб бўлмас даражага етди. Талай сабаблардан ташқари, гап шундаки, атрофимда очлик, қашшоқлик ҳукм суриб турган бир пайтда менинг мазкур – тўқ-тўкин ҳаёт кечиришим мумкин эмас. Шунинг учун мен бу ҳаётдан кечиб, қолган умримни бир хилват – фақир гўшада ўтказишга ахд қилдим.

Менинг қаерда яшаётганлигимни билсанг ҳам сўроқлаб борма, илтимос”. Бу кўнгилдан тўкилган туйғулар, дардли сўзлар шундан далолат берардики, Толстой уйдаги ҳаётидан унчалик қониққан эмас. Бундан ташқари, жамиятдаги чиркин иллатлар: қашшоқлик, кишилар ҳаётидаги битмас-туганмас кемтиклар адибнинг юрагини беадад эзиб юборган, уни ҳаяжонга солган. Бошқаларнинг дарди, ташвишига шерик ҳолда яшаш… буни ҳис қилиш, бундай олижанобликка эришиш учун буюк қалб керак. Толстой ана шундай инсон эди.

Буюк адиб кучли маҳорат соҳиби, шу билан бирга ўта камтар инсон эди. Унинг камсуқумлигини турли кишиларга ёзган мактубларидан яхши илғаб олиш мумкин. Хусусан, барча таҳририятларга 1908 йилда ёзган мактуби улуғ ёзувчининг шу хислатини яққолроқ намоён қилади: “Бир воқеани эслайман. Бундан ўттиз беш йиллар муқаддам Пушкинга ҳайкал қўйилиши муносабати билан унинг таваллуд кунини нишонлаш арафасида азиз Тургенев уйимга келиб, шу байрамда иштирок этишимни сўради. Тургенев мен учун қанчалик азиз ва қимматли бўлмасин, бунинг устига Пушкинни нечоғлик улуғ шоир деб билмайин (ҳамон шундай деб биламан), мен анжуманда қатнашиш-дан бош тортдим. Аниқ сездим: Тургеневни ранжитдим, аммо, ўшандаёқ бунақанги дабдабалар менга нотабиий туюлар, менинг қалб эҳтиёжларимга жавоб бермас эди. Энди келиб-келиб бу кун бошимга тушар экан, бу ҳол мен учун азоб эмасми?”

Лев Толстой ўзининг 80 йиллик юбилейи ўтказилишига доир тадбирлар тўхтатилишини сўраб ёзмаган жойи, нуфузли одами қолмади. 1908 йил 28 августда унинг юбилейини ўтказиш учун Петербургда қўмита ташкил этилганди. Профессор Ковалевский раислигида тузилган бу қўмита улуғ адиб юбилейини нишонлашга тараддуд ишларини қизғин бошлаб юборди. Аммо, бундан хафа бўлган Лев Толстой шу қўмитанинг аъзоси Михаил Александрович Стаховичга мактуб ёзди.

Ҳозирги пайтда баъзи ўртамиёна адиб ёки шоирлар ҳам ўзининг 50 ёки 60 йиллик юбилейларини нишонлаш учун елиб-югуриб юришларини ўйлаганимда Лев Толстойнинг юқори-даги хатти-ҳаракати ўта камтарликдек туюлиши мумкин. Лекин, нима бўлганда ҳам, Лев Толстой бундай дабдабалар билан оддий халқнинг кўзига бало-қазодай кўриниб қолиш-дан ҳадиксираб турганлиги рост.

Улуғ адиблардан бири И.С. Турге-невнинг Лев Толстойга ёзган мактуби икки буюк ижодкорнинг нечоғлик бир-бирига азиз ва қадрдон эканлигидан далолат беради. “Азиз ва қадрли Лев Николаеевич. Узоқ вақт сизга мактуб ёзмадим. Чунки, тўғрисини айтсам, ўлим тўшагида ётган эдим, ҳозир ҳам шундай. Мен тузалмайман – бу тўғрида ўйлаш ҳам ортиқча. Сизга хат ёзишдан мақсадим эса, аслини олганда, мен сизнинг замондошингиз бўлганимдан қандай хурсанд эканлигимни айтишдир ҳамда Сизга сўнгги самимий илтимосимни изҳор этмоқчиман. Жон дўстим, адабий фаолиятга қайтинг! Ахир бу туҳфа сизга у ёқдан-ку, барча нарсалар ҳам ўша ёқдан. Эҳ, агар менинг илтимосим сизга таъсир этади, деб ўйлай олсам, нақадар бахтли бўлган бўлардим. Мен-ку, тугаган одамман –докторлар менинг дардимни қандай деб аташни ҳам билмайдилар… На юриб бўлади, на ейиш мумкин, на ухлаб бўлади, нимасини айтай. Ҳатто буларнинг бирини айтишнинг ўзи ҳам азоблидир! Менинг дўстим, рус ерининг улуғ ёзувчиси, менинг илтимосимни инобатга олинг!” Бу илтижоли сўзлар улуғ ёзувчи С.И.Тургеневнинг ўз қўли билан ёзилган сўнгги мактубидир. Қаранг, икки дўст ҳаётининг охирги кунларида ҳам бир-бирларига қанчалик меҳрибон бўлганлар.

Бу фикрни қанча кўп такрорласак, шунчалик оз: улуғ одамлар ниҳоятда камтар бўлишади. Буюк ёзувчиларнинг ҳаётига дахлдор қуйидаги воқеа ҳатто латифага айланиб кетганлигининг ўзиёқ фикримизни далиллайди.

Бу воқеа йигирманчи асрнинг бошларида бўлиб ўтган. Москвада нашр этилаётган журналнинг раҳбари оддийроқ базм ташкил этади. Табиийки, у ерда журнал ходимлари муҳаррирни роса мақташди. Ижодкорлар қиттак-қиттак олишди ҳам. Хулласи калом, базм қизигандан қизиб кетди.

Ҳаш-паш дегунча орадан бирор соатлар ўтиб кетди. Шундан сўнг журнал муҳаррири тушмагур қандайдир хаёл билан қабулига бирор киши келган ёки келмаганлигини суриштира бошлайди. – Ҳеч ким келгани йўқ, – деди котиба. Аммо пўстинга ўраниб олган қандайдир чол сизни анчадан бери кутиб ўтирибди.

– Кутса кутаверсин, – дея муҳаррир даврадошлари билан кайфу сафо қилишда давом этади.

Яна бир соатдан кейин кайфдан юзи қип-қизил бўлиб кетган муҳаррир қабулхонага чиқди-ю, ранги қув оқариб кетди.

У ерда Лев Толстой ўтирарди.

Мана сизга камтарликнинг юксак чўққиси. Жаҳонга машҳур шоҳ асарлар яратган улуғ ёзувчи ана шундай одам эди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 1-сон