“Одам ва оламни идрок этишда сўзга эҳтиёж борлиги учун ҳам Сўз бор. Сўзсиз идрок этувчига, “ҳафиф бир сасни эшита олувчи”га бақириб-чақиришнинг ҳожати йўқ”, деган эди Жалолиддин Румий. Аммо инсон тафаккури, ақлий салоҳияти юксак даражага кўтарилган, само кенгликларини забт этаётган янги асрда дунё минтақаларида юз бераётган қонли қирғинлар, инсон зоти кўрмаган ёвузликлар моҳиятини сўзсиз идрок этиш, улар замиридаги ҳақиқат ва бўҳтон, холислик ва ғаламислик, эзгулик ва ёвузликни бир-биридан ажрата билиш осон бўлмай қолди. Бу нарса дунёнинг муҳим стратегик чорраҳаларида давлатлар манфаатлари ва мафкуралар ўзаро тўқнаш келаётган, иқтисодий “иштаҳа”лар очилиб бораётган бугунги кунда яққол кўзга ташланмоқдаки, бунга бефарқ қараш мумкин эмас. Негаки, сохта талқин, асоссиз айблов, ғаразли бўҳтон, қасддан тўқиб чиқарилган иғво, агарки уларга вақтида зарба берилмаса, сохталиги ошкор қилинмаса, жамият аъзолари маълум қисмининг онгига ўрнашади, янада жирканч талқинларнинг пайдо бўлишига замин яратади.
Тарихга назар ташласак, бутун бир миллат, мамлакат ёки диний эътиқод эгаларини ёмонотлиққа чиқарувчи, ёвузликда айбловчи, камситувчи кўпдан-кўп бўҳтонларга дуч келамиз. Шулардан бири “Шарқда азал-азалдан аёлларга шафқатсизларча муносабатда бўлишган, уларни хўрлашган, одам сифатида кўришмаган, аёл зоти бирон-бир ҳуқуққа эга бўлмаган”, деган сафсатадир. Бу фикрнинг урчишига собиқ совет тузуми шароитида ёзилган кўплаб китоблар, сохта “илмий тадқиқот” ишлари, комфирқа йўриғи билан суратга олинган фильмлар, кўр-кўрона ўқилган маърузалар муносиб ҳисса қўшган десак, муболаға бўлмайди. Аслида-чи?
Аёллар Шарқнинг ҳароратли бағрида улғайиб, Ғарб оламининг тушига ҳам кирмаган юксак мартабаларга эришганлар. Уэльс шаҳзодаси Чарльзнинг (Чарльз Филипп Артур Жорж) 1993 йили Оксфорд университети қошидаги Ислом тадқиқотлар марказида сўзлаган машҳур “Ислом ва Ғарб” нутқида қуйидагиларни ўқиймиз: “Туркия, Миср, Сурия каби мусулмон давлатлари Овруподан анча олдин аёлларга сайлаш ҳуқуқини берганлар, мусулмон аёллари ҳаттоки Швейцария аёлларидан ҳам аввал бундай ҳуқуққа эришганлар. Ушбу мамлакатларда аёллар анчадан бери (эркаклар билан) тенг миқдорда маош олиб, жамиятда тўла ижтимоий ролни бажариш имкониятига эга бўлганлар. Мусулмон аёлларининг мулк ва меросга доир ҳуқуқлари, шунингдек, ишлаш ҳуқуқлари ҳамма жойда ҳам амалга ошмаган бўлса-да, бундан 1400 йил аввал Қуръони каримда бу тўғрида очиқ-ойдин айтилган эди. Британияда бундай ҳуқуқларнинг баъзилари менинг бувим тахтда ўтирган даврда ҳам ғалати кўринган бўлса керак. Буюк Британия тарихида аёл киши илк бор бош вазир лавозимига эришганида, қатор ислом давлатларида аёллар бу лавозимда аллақачон ишлаётган эдилар…”
Аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги масаласи ғоят мураккаб тарихга эга. Инсоният тамаддунида муҳим аҳамиятга эга бўлган бу ҳаракатга XIX асрнинг бошларида француз назариётчиси Шарль Фурье асос солган. Унинг фикрича, жамиятда аёллар ҳақ-ҳуқуқининг таъминланиши ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
Америка аёллари ўз ҳуқуқлари учун курашни 1848 йили бошлаганлар. Шу йили Сенека Фоллз шаҳарчасида икки юздан ортиқ аёл ва қирққа яқин эркак тўпланиб, АҚШнинг Мустақиллик декларациясига ўхшаш ҳужжатни қабул қиладилар. Унда аёллар фақатгина она эмас, жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканлиги, давлат аёллар билан мулоқотни бевосита уларнинг ўзи билан (турмуш ўртоғи ёки ўғил болалари воситасида эмас) олиб бориши зарурлиги таъкидланади. Бу ҳужжатнинг юзага келишида Шарқнинг ҳам ҳиссаси борлигини сезмаслик мумкин эмас. Аёлларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқи расман эътироф этилган қонунлар Австрия, Германия, Польша ва Швецияда 1920 йили, Буюк Британияда 1929 йили, Испанияда 1931 йили, Португалияда 1932 йили, Франция ва Италияда 1945 йили, Грецияда эса 1951 йили қабул қилинган. АҚШ бу масалада жуда кеч қолган.
“Ислом ва Ғарб” маърузасида бугун Ғарб матбуотида кенг тарқалаётган “Ислом экстремизми”, “Ислом фанатизми” каби атамаларга ғоят таъсирчан изоҳ берилади, муқаддас динимизнинг маърифий асослари, дунё тамаддунига қўшган буюк ҳиссаси эҳтиром билан тилга олинади: “Экстремизм фақат мусулмонларга хос белги эмас. Экстремизм бошқа динлар, жумладан, христианликка ҳам дахлдордир. Аксарият мусулмонлар динга ўта даражада берилган бўлсалар ҳам, сиёсатдаги интилишлари мўътадилдир. Пайғамбарнинг ўзи экстремизмни ёқтирмай, унинг юзага чиқишидан хавфсирагани маълум”.
Нотиқнинг фикрича, Ислом динининг асил моҳиятини, бу диннинг Оврупо илми ва маданиятига кўрсатган таъсирини тўғри тушунишда аксарият мусулмонларнинг собит диний эътиқоди ва улар орасидаги кичик озчилик томонидан амалга оширилаётган, бутун маърифий дунё қоралаётган зўравонлик ўртасидаги фарқни англаш ўта муҳим: “Ислом табиати ҳақида бизда тарқалган тушунмовчиликлар билан бирга, Ғарб маданияти, цивилизациямиз Ислом дунёси олдида қанчалар қарздор эканини яхши билмаймиз. Менимча, бунга сабаб бизга мерос бўлиб қолган тарихдир. Ўрта асрларда Ислом дунёси Марказий Осиёдан Атлантика океани соҳилларигача олиму фузалолари билан равнақ топган дунё эди. Бироқ биз Исломни Ғарбнинг душмани, ғаним ва бегона маданият, жамият ва эътиқод тизими сифатида кўришга интилганимиз боис, бу диннинг тарихимизга кўрсатган таъсирини унутиб қўйдик. Мисол учун, VIII ва XV асрлар оралиғида Испанияда мавжуд бўлган исломий жамият ва унинг юксак маданияти (Оврупо учун) нақадар муҳим бўлганини ҳамиша камситиб келганмиз. Мусулмон Испаниянинг инквизиция даврида юнон классик таълимотини сақлаб қолгани, кейинчалик Ренессанс даврининг равнақ топишига ўз ҳиссасини қўшгани аллақачон тан олинган эди… Мусулмон Испания қадим Юнон ва Рим маданиятининг зеҳний меросини асраб қолгани баробарида, мазкур билимларни қайта изоҳлаб, янада ривожлантириб, бутун дунёга тарқатиб, инсоният билимининг астрономия, математика, алгебра, қонуншунослик, тарих, тиббиёт, фармокология, оптика, зироатшунослик, илоҳиёт, мусиқа каби аксарият соҳаларига ўзининг муҳим ҳиссасини қўшди. Британияда қирол Альфред таомларни тўғри тановул қилиш тўғрисида ислоҳотлар ўтказаётган бир пайтда, мусулмон Испанияда китобларни абонемент бўйича олиш йўлга қўйилган кутубхоналар мавжуд эди. Испания мусулмонлари қоғоз ишлаб чиқариш маҳоратини Хитойдан тўрт юз йил аввал ўрганиб олган эдилар. Бугун ўзидан бениҳоя фахрланаётган Оврупонинг кўп хислатлари бевосита Испаниядан ўзлаштирилгани сир эмас…”
Ислом маърифати ҳамда Андалузияда мусулмонлар эришган муваффақиятлар хусусида сўз кетганда, бошқа илмий-маърифий манбаларга ҳам мурожаат этиш лозим бўлади. Чунончи, машҳур маърифатпарвар олим Исмоилбек Гаспринский қаламига мансуб “Дорур-роҳат мусулмонлари” асарида Исломнинг Ғарб маданияти ва умуман, дунёвий илм-фан тараққиётига қўшган бемисл ҳиссаси аниқ ва таъсирчан мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилади: “Ислом аҳли қўлга киритган Андалуз ўлкаси қанчалар баракали ва хушҳаво бўлишига қарамай, аҳолининг беҳунар, маданиятсизлигидан мамлакат хароб ва тап-тақир эди. Ҳар тарафга йўллар, кўприклар қурилди. Йўлларда чашмалар, қирларга ариқ ва қувурлар чиқарилиб, сув бўйларида минглаб тегирмонлар, фабрикалар, қишлоқ ва шаҳарлар бунёд этилди. Саҳролар боғу боғчаларга, тақир қирлар экинлик ва бўстонлик ерларига айланди”.
Муаллифнинг ёзишича, Андалузияда мусулмонлар томонидан олиб борилган оқилона ва одилона сиёсат натижасида ушбу ўлка Оврупо ва Осиё давлатларига анча йиллар намуна бўлиб турган, илм-фан, қурилиш беқиёс тараққий топган, саккиз юздан ортиқ мадрасаларда олим ва донишмандларнинг анжуманлари муттасил ўтказиб турилган. Биргина шаҳар ҳокимининг шахсий кутубхонасида олти юз мингдан ортиқ китоб бўлган. “Европа мамлакатларидан фаранглар Андалузга келиб, мусулмон мадрасаларида илм ва ҳунар ўрганганлар, – деб ёзади Исмоилбек. – Шу сабабли, Андалуз мусулмонлари Европанинг маданияти ва жадидаси (янги маданияти) юксалишига асосий сабабчи бўлганлар”.
Ушбу асарни ўзбек тилига ўгириб, муаллифнинг бошқа асарлари билан бирга нашр эттирган олимлар (Ҳаёт ва мамот масаласи. –Т., “Маънавият”, 2006. Таржимон, тўпловчи, нашрга тайёрловчилар Б.Қосимов, З.Абдурашидов) Исмоилбек Гаспринскийнинг бу баҳосини изоҳлаш учун америкалик олим Драбернинг “Европада ақлий тараққиёт тарихи” китобидан қуйидаги иқтибосни келтиришади: “Европанинг бугунги улуғ зиёси мусулмонлар ёққан шамъ ва чироқларнинг ёғдусидан майдонга келгандир”. Дарҳақиқат, мусулмонлар Андалузияда ўз қобиқларига ўралиб қолмадилар, аксинча, Аристотель, Платон каби буюк даҳоларнинг асарларини ўргандилар ва уларни Европага танитдилар. Гаспринский ёзади: “Юнон маданияти Европадан аввал Ислом дунёсига ёйилди, мусулмонлар уни тараққий эттириб, нуқсонларини камайтириб, Европага топширдилар”.
Мусулмонларнинг Юнон маданиятидан баҳрамандлиги қандай содир бўлди, бу маданият Ислом оламига қандай кириб келди? Бу саволларга Исмоилбек шундай жавоб беради: “Бу (жараён) VIII асрдан, Аббосий ҳукмдор Абу Жаъфар Абдуллоҳ ал-Мансур замонидан бошланган. Илм-фанни севган Абу Жаъфар ҳинд олимларидан илми нужум ва ҳайъатни ўрганган, юнонларда бу фанларнинг тараққий топганини англаб, таржима қилишни йўлга қўйган эди. Воқеа бундай бўлган: Аббосийлар замонида насронийлар орасида “несторийлар” деган бир гуруҳ пайдо бўлади. Булар 431 йилда Эфес ибодатхонасида дунёвий қарашлари учун сазойи қилиниб, юртдан бадарға этилган патриарх Несторнинг издошлари эди. Улар Эрон, Ўрта Осиё шаҳарларида дарбадар кезиб юрар эдилар. Абу Жаъфар уларни тўплаб, ўз ҳимоясига олиб, таржимачилик ишларини бошлаб юборади. Қисқа муддатда Бағдод, Шом илму ҳикмат хазинасига айланади. Бу борада Хорун ар-Рашид, Маъмун каби ҳукмдорлар катта ҳикмат ва жасорат кўрсатадилар”. Исмоилбек ўз фикрини далиллаш маъносида яна бир муҳим фактни келтиради: Хорун ар-Рашид Франция ҳукмдори Буюк Карлга (742–814) юборган совғалари орасида занг чаладиган соат бўлиб, бу совға европаликларни бениҳоя ҳайратга солган экан.
Муаллиф шу ва бошқа кўплаб маълумотларни келтирар экан, ҳар бир миллат, халқнинг буюклиги ва қувватлилиги унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанишини таъкидлайди, “илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир”, дейди.
Мулоҳаза қиламиз. Миллат ва халқ илмли, ҳунарли бўлиши учун нима зарур? Тинчлик, осойишталик, раиятнинг адолатли бошқарилиши, ёшлар тарбияси, таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, изланиш ва яна изланиш, бир жойда тўхтаб қолмаслик, кибрга берилмаслик, бало-қазолардан огоҳлик, ички низоларга йўл қўймаслик, миллий бирлик, ҳамжиҳатлик зарур. Борди-ю, бу “занжир”нинг битта ҳалқаси узилса, муаммо келиб чиқади.
Тарих саҳифаларида қолиб кетган Андалузияга қайтамиз. Бу ерда юз берган таназзулнинг сабаблари нима эди? Исмоилбек бу саволга ғоят таъсирчан жавоб беради: “Инсон иши, инсон тартиби ҳеч қачон боқий бўлмайди. Чунки борлик ва йўқлик, тараққиёт ва таназзул сабаблари ўз ичимизда. Талофатимизга сабаб бўлган оғу ва заҳар ҳам, жони саодатимизга сабаб бўлган қувваи маънавия ҳам вужудимиздадир. Тўғрилик ва нафсоният, ҳаққоният ва зулм, марҳамат ва ғаддорлик, танбаллик ва ғайрат, илмга муҳаббат ва жаҳолатга майл, мардлик ва олчоқлик, баҳодирлик ва қўрқоқлик – барчаси инсонга хос. Шундайки, ушбу ҳолларнинг қай бири ғолиб келса, жамияти башария ана шунга мувофиқ тартиби маишат қилади… Инсонлар ҳусн ахлоқли, хуш қилиқли бўлсалар, жамият ва ҳаётлари давомли бўлиб, тараққий этар, саломат ва саодатҳол бўлурлар. Акс ҳолда, ичидан чириган олмадек, бир-бир тўкилиб, инқирозга юз тутади… Уч юз йил камоли шуҳрат ва ном ила салтанат қилиб, Андалуз давлати охир-оқибат бошқа йўлга юз тутди. Афкорлар, одатлар ва ҳиссиётлар ўзгара бошлади. Туғён, танбаллик, қайғусизлик, кибр, тафриқа (бўлиниш, парчаланиш) илон оғуси каби, вужуди давлат ва миллатни чирита бошлади. “Ҳолсизланмиш дарахтда соғ мева бўлмас”, деганларидай, адолатсиз қозилар, порахўр волийлар, ақли ноқис ва ғайратсиз ҳукмдорлар келиб, фитнабозлар – уламога, ширин ёлғон сўйловчилар – содиқ бандаларга, нафсоният ва манфаати шахсия – фавоиди умидияга, риёбозлик ва намойиш учун ўқилган намозлар амали хайрияга ва миллатпарварликка ғолиб келди. Бу заҳар икки юз йил Андалузнинг вужудини кемириб, хароб қилди. Бир давлат уч-тўрт қисмга бўлиниб, бир-бирларига иддао билан уруш йўлига ўтдилар… Мусулмонлар орасида пайдо бўлган иттифоқсизлик ва фасоддан фойдаланиб, ўша пайтга қадар мағлуб ва ночор бўлиб келган Кастилия насронийларининг ҳукмдори Фердинанд Андалузиянинг ички ишларига аралашиб, ўлка инқирозини тезлаштириб юборди…”
Бу инқироз ўтмиш тарихнинг бизгача етиб келган, унутиб бўлмайдиган сабоқларидан биридир. Андалузиянинг уқувсиз, журъатсиз сўнгги ҳукмдори Абу Абдуллоҳ ас-Соғир раиятни эмас, ўзининг жони, роҳати ва мол-мулкини ўйлаб, Фердинанд билан яширин музокаралар олиб боради. Ал-Ҳамро саройида ўтказилган йиғинда ҳукмдор вазиятдан чиқиш йўллари тўғрисида эмас, шаҳарни топшириш, таслим бўлиш, бошқа чора йўқлиги тўғрисида сўзлайди. Шунда жасоратли, ориятли саркарда Мусо ўрнидан туриб: “Йўқ, султоним, муҳорабага чорамиз бор. Душманга таслим ила жон ва молимизни омон сақлаб бўлмайди. Ўзимиз асир ва қул бўламиз, молимиз эса яғмо ва ғоратда қолади. Душман қиличидан қўрққан бу кўзларимиз хотин-қизларимизни уларнинг қучоқларида ва ишрат мажлисларида шароб қадаҳларини тўлатишларини кўражакдир… Бизга вожиб бўлган нарса – сўнгги, охирги нафасга қадар миллат ва юрт қайғусида ғайрат қилмоқдир. Жаноби Ҳақ оғир кунларда ўзи қўллайди. Бу йўлда жон ва бошни фидо қилмоқ ва номус ила дунёдан кетмоқ номуссизлик ила бориб, душманга асир бўлишдан минг маротаба лаззатли ва шарафлидир”, дейди. Аммо бошқа ҳеч кимдан садо чиқмайди.
Саркарда Мусо мажлисни тарк этиб, уйига келади, оила аъзолари, хизматкорларини йиғиб, уларга, шаҳар таслим бўлса, хавф-хатарсиз чиқиб кетиш йўлларини тушунтиради, видолашув олдидан ҳеч қачон, аввало, диндан, илм-маърифатдан, иш ва ғайратдан чекинмасликларини уқтиради. Шундан сўнг отини эгарлатиб, бир ўзи қуролланган ҳолда йўлга тушади. Шаҳардан чиқаверишда қирол Фердинанд аскарлари уни қуршаб олишади. Тенгсиз олишувда Мусо уларнинг йигирматасини ер тишлатиб, ўзи ҳам ҳалок бўлади.
Шу ўринда Ислом динига қилинаётган хуружлар, асоссиз айбловлар, қаерда бир нотинчлик юз берса, уни албатта ислом дини билан боғлаш ҳаракатлари ёдга тушади. Тўғри, диний мазҳаблар ўртасидаги келишмовчилик, зиддият, ноиттифоқлик, қонли можаролар, террорчилик ҳаракатларидан кўз юмиш қийин. Аммо бу иллатнинг илдизи қаерда, бўлиниш қачон ва қандай бошланган, бу иллатга кимлар ва нималар сабаб бўлган, деган саволнинг пайдо бўлиши табиий ва унга жавоб топиш қийин эмас.
Тарих шоҳид, ХIII аср бошларида ривожланган Европа мамлакатларида мусулмон давлатлар ҳаётига аралашиш, уларнинг мол-мулкларига кўз олайтириш, шу мақсадда мусулмонларнинг заиф нуқталарини аниқлаш, турли мазҳабларга эътиқод қилувчилар орасига нифоқ солиш, ҳаловатларини бузиш, адоват, ғазаб ва душманлик уруғини сочишга асосланган ҳаракатлар бошланади. Жумладан, Лондонда Британиянинг мустамлака давлатлар ишлари бўйича вазирлиги Миср, Ироқ, Эрон, Туркия ва бошқа қатор мусулмон давлатларга махсус тайёргарликдан ўтган мингларча хуфия жосусларни жўнатади. Улар орасида Жорж Белкод, Генри Франс, Ҳемфер каби ашаддий миссионерлар, яширин топшириқни бажариш учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган, ҳатто фоҳишалик билан шуғулланишга тайёр аёллар ҳам бўлган. Улар маҳаллий аҳоли ўртасида олиб бораётган бузғунчилик ишлари тўғрисида вазирликка доимий равишда ҳисобот жўнатиб туришган. Бу борада, айниқса, Ҳемфер ўзини кўрсатган. Уни Ироққа жўнатар экан, вазирлик котиби шундай дейди: “Эй Ҳемфер, билгинки, Худо Ҳобил ва Қобилни яратганидан бери инсонлар орасида ихтилофлар бор. Бу келишмовчиликлар Масиҳ ерга қайтгунича давом этади. Ранг, қабила, ер, миллий ва диний ихтилофлар шу жумладандир. Бу сафар вазифанг шу ихтилофларни яхшилаб ўрганиш ва вазирликка маълумот беришдир. Мусулмонлар ўртасидаги ихтилофни қизиштира олсанг, Британия олдида энг улуғ бурчингни адо этган бўласан”.
Ҳемфер сафари давомида кўплаб содда, кўнгли очиқ, саховатли кишиларга дуч келади, уларнинг самимий ёрдами ва марҳаматидан баҳраманд бўлади. Бироқ, зиммасига олган машъум топшириғи боис, турли фириб ва найранглар ишлатиб, ўзининг асил қиёфасини яширади, имони суст, ахлоқи заиф, кайфу сафога тез бериладиган кишиларни қидиради. 1713 йили Басра шаҳрида ўн тўрт яшар фикри узуқ-юлуқ, қизиққон бир йигитни ўз тузоғига илинтиради. Унинг бўйдоқлиги, аёллар билан маишат қилишга мойиллигини сезиб, фаҳш ишларга, шаробхўрликка бошлайди. Шароб ҳаром эмаслиги тўғрисида тинимсиз гапиради, ўзича далил-исботлар келтиради. Худди ўзи каби қабиҳ мақсаддаги насроний аёллардан бирини унга қўшади. Бу аёл қисқа вақт ичида ўсмирга ўткир ичимликлардан ичириб, тоат-ибодатдан тамомила мосуво қилади, шариат ҳукмларини поймол қиладиган даражагача олиб боради.
Жосус миссионерлар зиммасига мусулмон давлатлар тепасига ўз фикрига эга бўлмаган лаёқатсиз, айшу ишратга берилувчан, шариат қоидаларига тўла итоат қилмайдиган раҳбарлар, истеъдодсиз ҳарбий қўмондонларнинг келишини таъминлаш, уларнинг атрофини ўзлари каби зеҳни паст, шахсий манфаати йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган худбин кишилар, асли бошқа динга эътиқод қилувчи, мусулмонлик қиёфасига кириб олган мунофиқлар билан ўраш, бунинг учун ҳеч нарсани аямаслик вазифаси юкланган эди. Кўрсатмада бу мақсадларга эришиш учун қул ва канизак ниқоби остида мусулмон давлатларига юборилаётган жосусларни, асосан, давлат одамлари, обрў-эътиборли кишилар ва уларнинг яқинлари оилаларига сотиш кўзда тутилган бўлиб, улар аста-секин “энага”, “мураббий”, “ошпаз” сифатида ишончга кириб, болалар тарбиясини ўз қўлларига олишлари, уларнинг онги, фикру зикрини чирмовуқдай ўраб олишлари лозим эди. Мусулмон оилаларнинг болалари ахлоқини зимдан бузиш учун керакли китобларни кўп нусхада чоп этиш ва бепул тарқатиш, турли спорт тўгараклари очиш, кино ва телеканаллар имкониятидан фойдаланиш, христианликнинг афзаллиги, мафтункор жозибаси тўғрисида суҳбатлар ўтказиш, мусулмон ўлкаларидаги черков ва монастирларга роҳиб ва роҳиба қиёфасидаги миссионерларни кўпроқ жойлаштириш, мусулмонларнинг ҳар бир ҳаракат ва фикр-мулоҳазаларини кўздан қочирмаслик, давлатнинг нуфузи баланд, обрў-эътиборли кишиларида ислом қадриятларига нисбатан шубҳа ва гумон уйғотиш, ёнма-ён жойлашган давлатларни парчалаш тадоригини кўриш ҳам асосий топшириқ бўлган.
Миссионерларнинг вазифаси шу билан чегараланмаган. Улар мусулмон давлатлари иқтисодиётига путур етказиш, тинчлик-тотувликка раҳна солиш, меҳнат ҳақлари вақтида тўланмаслигини таъминлаш, илмий-техникавий тараққиёт йўлига тўсқинлик қилиш, одамларни исён кўтариш, норозилик билдириш, ўзаро нифоқ уруғини сочишга даъват этганлар. Бу ғаламисликларнинг натижаси ўлароқ, 1737 йили ислом динида янги оқим юзага келади.
Юқорида таъкидланганидек, ХVI–ХVII асрларда ривожланган, мўмай даромадга эга Европа давлатлари айни шу даврда иқтисодий жиҳатдан таназзулга юз тутган Шарқ мамлакатлари томон босқинчилик, талончилик юришларини бошлайдилар. Кўплаб мамлакатларнинг халқлари мустамлакачиларнинг зулми остида қолади, асрлар давомида тўпланган бойликлар талон-торож қилинади, зулм ва зўравонлик кучаяди. Миссионерлар бу юришларни оқлашга жон-жаҳдлари билан уринадилар. Жамиятнинг илғор қисми, хусусан, ижодкор зиёлилар ўз ватандошларининг бу қилмишларини очиқ-ойдин қоралайдилар. Натижада Европа адабиётида ўзига хос публицистик оқим юзага келади: ёзувчилар ўз асарларида босқинчиларнинг зулми остида қолган халқларга хос бўлган эзгу фазилатларни қаламга ола бошлайдилар. Бу оқимнинг фаол вакили Вальтернинг Шарқ мавзусидаги драмалари, “Форс мактублари” фикримизга далил бўла олади. Лев Толстой подшоҳга мактуб орқали мурожаат этиб, борди-ю сиз ўзгаларнинг бойликларига эга бўлиш мақсадида Шарқ томонга юриш бошласангиз, Яратган эгам, халқ ва тарих олдида лаънатга қоласиз, деб ҳукмдорни огоҳлантиради.
Бу даврнинг ҳарбий, сиёсий, иқтисодий талотўплари моҳиятини тўғри англашда Фитратнинг “Шарқ сиёсати” рисоласи муҳим аҳамият касб этади. “Африқоға кирган мусулмонлар Амриқо ва Африқони босқон (босиб олган) маданий овруполилардек, ерли халқни битирмак учун тиришмадилар, – деб ёзади муаллиф. – Унларға маданият бердилар. Амриқоға қўноқ бўлуб кирган Оврупа маданийлари Амриқо ерли халқини битираёздилар, буни билмаған йўқдир. Африқони босиб олған Оврупа жаҳонгирлари у ердаги қора халқни ўлат каби ўлдириб туралар. Ҳолбуки, мусулмонлар Африқонинг Жазоир, Тунис, Фас (Марказий Африка) каби ўринларини олғач, у ерларни тараққий этдурдилар, халқини тинчлантурдилар, унлардан буюк одамлар етушдирдилар. Шарқ ўзининг тарихи, сиёсати, ҳунари, инсофи, адолати, ахлоқи ва хидмату эътиборлари билан унча юксалмиш, у қадар тараққий этмиш эдиким, тасаввури ҳам бизнинг мияларимизга сиғмайдур. Шарқ маданий йиртғучи эмас эди. Шарқ бошқаларнинг ҳақларини олмас эди. Шарқ башариятнинг юксалиши учун тиришар эди. Шарқ маданият ўчоғи, инсоф бешиги, ахлоқ мактаби, билим мадрасаси эди… Ёзуқлар, эсизларким, Шарқ ўз йўлинда давом эта олмади, маданият тарихининг энг буюк ва энг тугал қоидалариндан бири шудир: бир улус тирикчилигининг ҳар тўғрисинда юксалиб, тараққий қилиб тинчланса, бирор ёқда кучлироқ бирон бири кўринмаса, ўлкаси кенгайиб, оқчаси кўпайса, ул улуснинг бора-бора ахлоқи бузулар, тотлиғи йўлдан чиқа бошлар. Биз, шарқликлар, даҳи тинчлик ва роҳат сўнгинда бузулиб қолдиқ, йўлдан оздик, эзгу тилакларимизни унута бошладик. Билим ва ҳунардан юз қайтардик, бирлик ва ахлоқдан айрилдук, оқчаға берилдук, оқчаға сотилдук… Шарқнинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлиға ўтди. Бунлар Шарқнинг бутун тузук ва интизомини бузуб юбордилар. Хонлар ўз қоринларини тўйдирмоқ учун халқни бир-бири билан уруштирдилар, мамлакатнинг жонли ва муҳим ўрунларини сотдилар, муллалар ўз иставлариға “дин” отини тоқиб, бозорға чиқардилар, дин, тангри, пайғамбар, учмоҳ ва тамуғ орқали халқни талай бошладилар. Шарқнинг тараққий йўли кўмулди. Саодат ва тинчлик эшиклари боғланди, саодатнинг энг юксак тепасига чиққан Шарқ йўқсулликнинг энг теран чуқуриға тушди”.
“Шарқ сиёсати”да Европанинг Шарққа томон босқинчилик, талончилик юришлари замиридаги маънавий ахлоқсизлик, инсоний худбинлик, очкўзлик, нафс балоси ғоят чуқур очиб берилади, бу юришларни сохта маданий либосга ўраш орқали тарихни чалғитиш ҳаракатлари аёвсиз фош этилади: “Оврупа жаҳонгирларининг Шарқ сари юришлари бошқаларнинг қонини тўкуб, ўз қурсоқларини тўлдурмоқ, ўзгаларнинг уйини ёндириб, ўз қозонларини қайнатмоқ учун эди. Лекин унлар тилакларини улусға билдирмас эдилар. “Шарқ халқи ваҳшийдир, уларни маданийлашдурмак учун борармиз”, “Шарқ халқи билимсиздир, унларға билим тарқатмоқ учун борармиз”, “Шарқ халқини хоч буйруқлариға бўйсундирмак учун борармиз”, деб ўз ишчи ва деҳқонларини алдаб, бизим устимизга юборур эдилар”.
Тарих ҳақиқатлари хусусида яна кўп манбаларга мурожаат этиш мумкин. Чунончи, Эркенсал деган олим: “Замонавий илмларнинг тамал тошини қўйишдек буюк ва шарафли вазифа мусулмонларга тегишлидир”, деб ёзгани кўпчиликка маълум. Аллен Дебуснинг фикри янада ғурурли: “Мусулмонлар Уйғониш даврига дебоча бўлган технологик ўсишлар эшигини очиб беришди”. 1922 йили “Ҳақиқат” журнали қуйидагиларни ёзган: “Сўнгги асрларда(ги) маърифатсизлик, жоҳиллик(нинг) сабаби илмсиз, маърифатсиз хонлар элнинг чироғи-йўлбошчиси бўлган уламоларни ўз бўйинтуруғлари остига олиб, соф йўлни ўз шайтанат йўлларига татбиқ этишганидир”. Аллома Алихонтўра Соғуний бу фикрни янада ривожлантиради: “Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилган ҳукмдорлар халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Шунинг учун халқда уйғониш, фикрий очилиш бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур”.
Яна бир ҳужжатга мурожаат этайлик. АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ бошлиқларидан бири Аллен Даллес томонидан 1945 йили ишлаб чиқилган директивада иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёнинг муайян давлатларида махфий равишда олиб бориладиган қўпорувчилик ишларининг маъно-моҳияти жуда аниқ таърифлаб берилган. Чунончи, ушбу ҳужжатда урушдан кейин собиқ Иттифоқ ҳудудида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бирма-бир санаб ўтилади. Директива муаллифи уруш якунланиши биланоқ, мавжуд олтин захирасини, бошқа барча имкониятларни ишга солган ҳолда, одамларнинг онги ва миясига ўрнашган миллий туйғу ва қадриятлар тушунчасини чиқариб ташлаб, бу бўшлиқни сохта қадриятлар билан тўлдиришга киришиш, бунинг учун, энг аввало, рақиб томон халқи орасидан имони суст, иродаси заиф, маълум манфаат учун сотқинлик қилиши мумкин бўлган одамларни топиш, улар билан ишлаш, адабиёт, театр, кино соҳаларини беҳаёлик, зино, зўравонлик, босқинчилик, сотқинлик саҳналари билан тўлдириш, бу муҳим ишни амалга оширадиганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарурлигини уқтиради. “Давлат бошқарувида бошбошдоқлик, танглик ҳолатини юзага келтириш, юқори лавозимларга келиб қолган лаёқатсиз, ношуд, тепса-тебранмас раҳбарларнинг хурмача қилиқларидан кўз юмиш, аксинча, ундайларга янада кенг имкониятлар яратиб бериш, ҳалол, пок, масъулиятли ва интизомли раҳбарларнинг кулгига қолишини, муомаласи қўпол тўнкалар, фирибгарлар, алдоқчилар, пиёниста ва гиёҳвандлар, сотқинларнинг ошиғи эса олчи бўлишини таъминлаш зарур”, дейилади ушбу директивада. Аллен Даллес қандай қабиҳ ниятга қўл ураётганини яширмайди: “Биз халқнинг маънавий илдизларини тамомила қўпориб ташлаймиз, халқона ахлоқийлик асосларини йўқотамиз. Бу билан халқни авлодма-авлод йўлдан адаштирамиз, бу ишни болалар боғчаларидан, ўсмирлик йилларидан бошлаймиз, асосий эътиборни ёшларга қаратамиз, уларни аста-секин парчалаб, емириб, заҳарлаб борамиз”.
Бу сатрлар бугун ён-атрофимизда, яқин ўтмишда халқи тинч-тотув ҳаёт кечирган, бугун эса самовий ва заминий зарбалар алангасида қоврилаётган баъзи давлатларда амалга оширилаётган ҳаракатларни эслатмайдими?! Иккинчи жаҳон уруши якунланганига етмиш йил тўлса ҳам, бу машъум директива ҳамон кун тартибидан тушмаганига далолат, биз учун эса огоҳлик, ҳушёрлик қўнғироғи эмасми?!
Тарихда содир бўлган, содир этилган воқеа-ҳодисаларнинг маъно-моҳияти, улар хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин, қачон, қаерда ва қандай мақсадда амалга оширилганидан қатъи назар, бу оламда ҳаёт чироғи ўчгунига қадар ўзгаришсиз қолади. Фақат… иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ва бошқа тор қобиқли манфаатлар, улуғлик, буюклик, қадимийликни урғулаш истаги, бошқа халқларга нисбатан юқори мартаба ва мақом даъвоси, бўлинган, бўлакланган дунёни қайта бўлиш, таъсир доирасини кенгайтириш ҳаракатлари гоҳо ўтмиш ҳақиқатларига мутлақо зид янги “қўлбола” талқинларни юзага келтириши мумкин, холос.
Бефарқлик ҳамма иллатларнинг доясидир. Собиқ совет тузуми шароитида онг-шууримизга зуғум билан сингдирилган сохталиклар, унинг ғайриахлоқий “қадрият”ларидан қутулиш, ўзликка қайтиш нечоғли қийин кечгани, нохуш таъсири бугунга қадар у ер-бу ерда бўй кўрсатиб тургани ҳаммамизга сабоқ бўлмоғи керак.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 4-сон