Жан Пол Сартр. Ёзувчи, файласуф, драматург. ХХ аср жаҳон адабиёти ва фалсафасининг йирик вакили, экзистенциализм назариётчиси ва доҳийси. 1964 йили Нобел мукофоти билан тақдирланган, аммо бу мукофотда сиёсий манфаатлар мавжуд дея воз кечган.
«Бу даврда биронта француз интеллекти унга бас келолмасди. Маҳсулдорлик борасида ёзувчилар ҳам, файласуфлар ҳам унинг соясида қолиб кетганди. ХХ аср Сартр шахси билан фақат ўтган асрдаги Виктор Гюго шахсинигина қиёслаш мумкин».
Мишел Винока, санъатшунос-тарихчи
Жан Пол Шарл Эмар Сартр 1905 йили ҳарбий денгиз инженери оиласида дунёга келди. Онаси Анна-Мария Швейцар таниқли файласуф, бастакор ва машҳур врач, 1952 йили тинчлик соҳасидаги хизматлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлган Альбер Швейцар билан амакивачча эди. Бола 15 ойлик бўлганда отаси вафот этди. Сартр бобоси Шарл Швейцар ва тоғаси хонадонида тарбияланди. Адиб ўзининг таржимаи ҳоли акс этган «Сўз» романида болалиги китоблар ва зиёлилар орасида ўтганига алоҳида тўхталиб: «…бу хонадонда ва бунақа китоблар орасида оддий одам бўлиш шармандалик эди», – деб эслайди. Бобоси набирасини жуда яхши кўрар, келажакда унинг улуғ одам бўлишини башорат қилар, бунинг учун барча шароитни яратиб берганди. «Сўз» романида: «…ўзимдан кўра яқинларим менинг таниқли одам бўлишимни исташар ва шунга ҳаракат қилишарди. Аслида, мен ҳеч нарса қилганим йўқ, фақат улар кўрсатган йўлни танладим ва улар кўрсатган юлдузга қараб учдим», – дейди ҳазил ва истеҳзо аралаш. Саккиз ёшида ўша даврнинг саргузашт китоблари таъсирида ўрта аср мушкетёрларининг қаҳрамонлигига оид биринчи романини ёзди. Бу роман болаларча ёзилганди, оила даврасида завқу шавқ билан ўқилади. Роман Сартрнинг хотирасидан бошқа ҳеч қаерда сақланиб қолмаган. Адиб: «Мен китоблар орасида туғилдим ва китоблар орасида ўлсам керак», – деганди ўзининг болалигини эслаб. Зиёли бобоси ва машҳур тоғаси иштирокида бўладиган суҳбатлар, мунозаралар, баҳслар ёш Сартрнинг диди, савияси ва қарашларини тарбиялади, ҳатто айтиш мумкинки, келажакда ХХ асрнинг энг муросасиз фикр, мунозара кишиси бўлишига туртки берди. Айнан уйларида бўлган баҳслардаги мавзулар кейинчалик Сартрнинг бутун дунё билан муҳокама қиладиган фалсафий-назарий манбаларига айланди.
Сартр энг яхши коллежда, энг нуфузли университетда таълим олди, фалсафа бўйича диссертация ёқлади. Кейин немис фалсафа мактаби билан яқиндан танишиш учун Берлинда малака оширди. Ўз даврининг фалсафий-назарий масалаларига шўнғиб кетди. Шу йиллардан адабиёт билан жиддий шуғуллана бошлади. Унинг биринчи жиддий адабий асари «Беҳузурлик» романи эди. «Беҳузурлик» – сюжетсиз, фабуласиз асар. Бу роман кундаликлар шаклида Рокантен деган шахснинг кечинмалари ва ҳиссиётларидан иборат. Рокантен ҳар бир нарсага, ҳар бир воқеага, атроф-муҳитга ўзида беҳузурлик ҳиссини туяди. Нимага қараса, ким билан муносабат қилса, оддий тошни сувга отса ҳам, унда шу нарсаларга нисбатан беҳузурлик пайдо бўлади. Ўзининг кимлигини, нима учун яшаётганини, нимага интилаётганини билмайди, у мақсадсиз ва маслаксиз одам. Роман нарсаларга, жисмларга, муносабатларга, одамларга, атроф-муҳитга ўзини қарама-қарши қўйган, дунё билан юзма-юз турган ва дунёни тан олмаётган, унга нисбатан ўзида кўнгил айнишини ҳис қилаётган, мақсад ва маслакдан холи, муқаддас тушунчаларни тан олмайдиган киши, тўғрироғи, экзистенциалист шахс ҳақида. Бошқача айтганда, бу образ тўлиқ маънода аросатдаги одам. У эзгулик билан ёвузликни фарқламайди, бу тушунчаларга ҳам жавоби, кўнгил айниши бор. Рокантен образи Иккинчи жаҳон уруши арафасидаги Ғарб зиёлисининг ботиний қиёфасини акс эттирган. Бош қаҳрамон хатти-ҳаракати, гаплари, дунёқараши бадиий асардан кўра фалсафий-психологик тажрибаларга ўхшайди. Рокантен ўзининг мавжудлигини излаб тополмайди, охир-оқибат роман сўнгида у асар ёзишга киришади ва ижод мавжудликни исботлайдиган энг яхши восита эканини тан олади ҳамда ижодга шўнғийди. Гарчи бош қаҳрамон хулосаси ижодни мавжудликни исботлайдиган бирдан-бир восита деб биладиган ўзининг қарашларига тўғри келса ҳам, Альбер Камю бу романни сунъийликда, экзистенциалистик назарияни ўта ясама усулда атайин бадииятга зўрлаб тиқиштиришда айблади.
Гарчи муносабат ва хулосаларда ҳар хиллик бўлса-да, Камю ва Сартрнинг ҳаётга, оламга, одамга қарашлари жуда яқин эди. Абсурд ижод, абсурд одам, абсурд шароит, инсоннинг абсурдни, яъни азалий ва абадий маънисизликни енгиш усуллари, озодлик, эркинлик, мавжудликни исботлашга оид тушунчалари ҳар иккаласини бир-бирига яқинлаштиради. Айни шу сабабларга кўра улар маълум муддат бир маслак ва бир таълимот тарафдорлари сифатида маслакдош бўлдилар.
Жан Пол Сартрнинг фақат ижоди эмас, ҳаёти ва фуқаро, инсон сифатидаги фаолияти ҳам ҳеч бир қолипга солиб бўлмас даражада мураккаб, қарама-қарши, ранг-барангдир. Унинг номи ХХ аср адабий-фалсафий ислоҳотчилари (исёнчилари) рўйхатининг бошида туради. У ҳаётлиги даврида ҳеч бир адабий усул билан муроса қилмади, ҳеч қайси қарашни ўзининг бош маслаги деб билмади. Ҳар қандай усул ва фикр бетиним янгиланишда, ўсишда, ҳар қандай қараш нисбий ва бир ёқлама деб ҳисоблади. Шу сабабли у фикр билдирмаган, эътироз қилмаган, янгилашни, замонга мослашни истамаган фалсафий қарашнинг ўзи йўқ эди. Худди Камю каби адабиётни фалсафий қарашлар майдони деб биларди. Шу сабабли унинг адабий асарларидаги образлар адабий қаҳрамондан кўра фалсафий тушунчалар ва қарашларнинг мажози эди. «Сўз» романидан ташқари ҳикояларию пьесалари, машҳур «Беҳузурлик» романидаги образлар ҳам ҳаётдан олинган қаҳрамонлар эмас, ўзларида фалсафий тимсолларни акс эттиради. Бу асарларда адабий мақсаддан кўра фалсафий мақсад биринчи ўринга чиқади, образлар ҳаётдагидек эмас, ёзувчи фалсафий концепциясига кўра ҳаракат қилади, гапиради ва муносабат билдиради. Айни шу сабаблар Сартр асарларини кенг ўқувчилар оммаси қабул қилолмаслигига олиб келди. Зеро, адибнинг ўзи ҳаётни ва инсон тақдирини ҳикмат, фалсафа деб тушунарди, шу боис ҳаётнинг ҳар қандай вазиятидан, лаҳзасидан ҳикмат ва фалсафа излаб кўрар, ҳар қандай ҳолат ва гап фалсафадир деб ҳисобларди. Сартр учун фалсафа инсон ҳаётини таҳлил қиладиган бутун бошли манба эди. У ҳаётга ва адабий образларга ҳаёт деб эмас, фалсафа деб қарарди. Инсон унинг учун қарашлар ва ғоялар «лойиҳаси» эди. Инсон тақдирни пешона битиги деб эмас, «лойиҳа» дея англасагина ўзининг мавжудлигини исботлашга киришади. Чунки инсонда ана шу лойиҳани амалга оширишдек масъулият турибди. «Лойиҳа»ни қай тарзда амалга оширганига қараб унинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида хулосага келиш мумкин. Бироқ «лойиҳа»ни амалга оширишни одам эмас, вазият ҳал қилади. Агар одам амалга ошириш мумкин бўлмаган лойиҳага берилиб уни рўёбга чиқаролмаса, демак, у вазиятга тўла баҳо беролмаган. Лойиҳа вазиятдан ва ҳолатдан келиб чиқиб олдиндан ўзини яратиш ва унга интилиш дегани. Одам ўз кучи ва танаси билан юқори тезликда келаётган машинани тўхтатиб қолишни лойиҳалаштирса, бу ғирт аҳмоқлик ва вазиятни билмаслик бўлади. Сартр назарда тутган лойиҳани тушунишнинг ва тасаввур қилишнинг энг қулай усули болалик орзусидир. Агар бола ёшлигидан ўзи орзу қилгандай киши бўлишга уринса ва шундай киши бўлиб етишса, демак, у ўз ҳаётини ўзи қурган бўлади. Ички манзара тўлиқ маънода ташқи манзаранинг инъикосидир. Ташқари ичкарида ўз инъкосини, демак, ўзини яратади. Сартр эса одамнинг ўзи инъикосчига айланишини, ўзини ўзи инъикос этишини истайди. Бошқача айтганда, одамнинг ичкариси яратилганни қабул қилувчидан яратувчининг ўзига айланиши керак. Инсоннинг онги бугунни эмас, эртанинг лойиҳасини ҳам ўзида акс эттириш имконига эга, айнан шу жиҳати билан келажакни ўз хоҳишига кўра яратиш ҳуқуқи бор. Бизнинг ичкаримизни яратаётганлар бизда ҳурмат ва мутелик уйғотади. Ўзгалар томонидан яратилишимизда ва шаклланишимизда барча масъулият ичкаримизни яратаётганлар зиммасига тушади. Биз ўзимизни ўзимиз ярата бошласаккина ўзимизни ўзимиз ҳурмат қила бошлаймиз. Ўзимизни ўзимиз ярата бошлашимиз билан ўзимиз ва келажак олдида жавобгарлик зиммамизга тушади. Инсон озод бўлиб туғилган ва озод бўлиб яшаши шарт. Ундан бу ҳуқуқни олиб қўйишга ҳеч кимнинг, ҳеч қандай ғоянинг, мафкуранинг ҳаққи йўқ. Инсоннинг озодликни танлаш ҳуқуқи барча ижтимоий масалалар ибтидосидир. Қолган барча масалалар ана шу масаланинг ечилишига қараб хулоса қилинади. Инсонда озодликни танлаш ҳуқуқи йўқ экан, унинг бошқа ҳуқуқлари, умуман, бошқа муносабатлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Сартр: «Инсон озод бўлишга маҳкумдир», – деб тушунтиради. Инсоннинг моҳияти ва шу пайтгача содир этилган барча ижтимоий ҳаракатлар унинг айнан озодликка маҳкумлигини тасдиқлайди. Гап озодлик руҳи ҳақида эмас, озодликни танлаш ҳуқуқи ҳақида кетяпти дейди Сартр. Чунки инсон озодликни танлайдими, маҳкумликними, бу унинг ҳуқуқи, унинг қарори. Қарорига қараб биз унинг кимлигига баҳо бера оламиз. Айнан шунинг учун инсон ўзининг хатти-ҳаракатига тўлиқ масъул ва жавобгардир. Қайси йўлни танлаши унинг индивид сифатидаги қиёфасини очиб беради, унинг келажагини белгилайди. Сартр «Экзистенциализм – бу инсонпарварлик дегани» номли асарида: «Бугунги инсон келажакнинг лойиҳаси дегани», – деб хулоса қилади. Айни шу қарашдан келиб чиқилса, инсон ўзига ўзи келажакдир. Унинг айни пайтдаги танлаши унинг келажагини белгилайди. Демак, инсон танлаш пайтида ўзининг келажагини ҳам танлаётган бўлади. Чунки танлаш келажак дегани. Танлаш учун эса инсонга онг ва билим керак бўлади. Англаб танланмаган ҳар қандай «мен» бўшлиқдир. Инсондаги ёлғиз «мен»нинг ўзида ҳеч қандай моҳият, маъно йўқ. Маъно унинг англашида, унинг танланишида. Англанган ҳолда танланган йўл инсонга тўла маънода мазмун бағишлайди. Англаб танланган «мен» дунёни ўзгартира олади ва унга моҳият-маъно бағишлайди. Англанмаган «мен» ҳайвоний инстинктдан ўзга нарса эмас. Англаб танланган «мен» танлаш ҳуқуқи орқали, танлаш тарозуси орқали ўлчаб хулоса қилинган «мен»дир. Демак, бундай «мен» дунёни ўзгартиришга, уни ўзининг танловига қараб янгилашга, бўйсундиришга, унга ақл ва тафаккур руҳини бағишлашга, мазмун киритишга қодир. Экзистенция доимий ҳаракат, мунтазам интилиш, ўзини янгилаб, жимликни, сокинликни, турғунликни бузиб туриш, мавжудликни ҳар сонияда исботлаш дегани. Сартрга кўра, дунё ўз ҳолича мазмунсиз, турғун, фақат киши фаолиятигина унга мазмун, ҳаракат бағишлай олади. Инсон танлаш ҳуқуқи билан ўз ҳаётига мазмун кирита билади. Озодликни танлаш ҳуқуқи Сартр фалсафасининг бош мезони саналади.
Адибнинг қадим юнон асотири асосида яратилган «Чивинлар» драмаси қаҳрамони Орест Зевсга бўйсунишни истамайди, мавжуд анъаналар ва ахлоққа кўра тавба қилмасдан, ўз йўлини танлайди ҳамда мавжуд урф-одат, инонч туфайли шаҳарни эгаллаб олган жаҳаннам ноласидан шаҳарни қутқаради. У тақдирга ёки анъанага бўйсуниб эмас, озодлик йўлини танлаб шу хулосага келади. Драма моҳиятидаги озодликка ундовни сезиб қолган немис ҳукумати бу асарни тақиқлаб қўйди.
«Девор» ҳикоясида ҳам маҳкум қаҳрамон дўстларини сотмаслик учун, одатда, улар йиғилиб турадиган жойни эмас, балки эсига тушган бир четдаги мозористонни айтади. Шу йўл билан дўстларини қутқариб қолмоқчи бўлади. Таъқибчилар у айтган мозористонга боришса, унинг маслакдош дўстларини ўша ердан топишади ва ушлаб келишади. Беайб айбдор бўлган қаҳрамон ҳолати Сартрнинг фалсафий таҳлили учун катта материал беради. Бу қаҳрамон озодлик ва маҳкумлик девори ёнида турган қаҳрамондир. Унинг беайб айбдорлиги орқали адиб бутун инсониятнинг гуноҳ ва савоб ҳақидаги қарашларини тимсоллаштирмоқчи бўлади. Қаҳрамон озод бўлиш учун энг безарар йўлни танлади. Аммо бу йўлда ҳам у айбдор бўлиб қолди. Бу ерда муҳими айбдор бўлиб қолиши эмас, унинг озод бўлиш йўлини танлаганидир. Инсон озодликка интилар экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам ё у, ё бу жиҳатдан айбдор саналади. Чунки, Сартрнинг қараши бўйича, мавжуд ахлоқ, анъана, одат ва эътиқодлар инсонни айбдор қилиш учун, маҳкум этиш учун яратилган ва инсоннинг озодликка интилишини гуноҳ сифатида қабул қилаверади. Инсон бу ахлоққа зид нима қилмасин, барибир, гуноҳкор бўлаверади. Ҳаётнинг абсурдлиги ҳам шунда. Маҳкумнинг озодликка эришиш йўлини танлашининг ўзи Сартр учун энг муҳим ва бирламчи масала. Ўз даврида Камю бу ҳикояни ҳам: «Инсонни боши берк кўчага кириб қолган ҳолатда тасвирлаган Сартр фалсафасига хос ҳикоя», – деб танқид остига олганди.
Умуман, Сартрнинг барча асарлари ҳаёт ва инсон таҳлилидан кўра бадиийлашган экзистенциалистик тадқиқотларга яқин туради. Айнан шу сабабли ҳам Набоков Сартр ёзувчи сифатида эмас, файласуф сифатида катта шахс деб баҳолайди. Файласуф Хайдеггер эса уни кўпроқ ёзувчи сифатида ўрганиш керак дейди.
Сартр том маънода санъат, адабиёт, тафаккур ислоҳотчиси эди. У мавжуд барча нарсага ислоҳ кўзи билан қарар, ўзгармайдиган, қотиб қолган ҳар қандай нарса унда муросасизлик уйғотар, инсон дунёга келдими, ўз тақдирини, дунёни ўзгартиришга маҳкум, кимки бу вазифани бажара олмаса, у тараққиёт душмани деб ҳисобларди. У ўз оппонентларига нисбатан аёвсиз эди. Ислоҳчилик, дунёдан қониқмаслик кайфияти уни янглиш, адаш йўлларга ҳам олиб кириб кетарди. Бир муддат ашаддий сталинчи бўлди, кейин шўролар тузумининг асл башарасидан хабар топгач унинг муросасиз душманига айланди. Фашистларга қарши Франция қаршилик ҳаракатининг фаол аъзоси бўлди, бу ҳаракатнинг кенг ёйилишига ҳисса қўшди, бироқ урушдан кейин ҳаракат раҳбарларининг аёвсиз фош қилувчисига айланди. Кубани ва Фидел Кастрони ёқлаб мақолалар ёзди, бироқ кейинчалик Кастро режими шоир Падиляни қамоққа олгач, Кастрони айбловчи мақолалар билан чиқди. Франциянинг Жазоирдаги милитаристик сиёсатини қоралади, милий-озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлади, Вьетнамга қарши бошланган АҚШ ва Франция урушини босқинчилик уруши сифатида баҳолади, зиёлиларни бу урушга қарши курашишга чақирди. Адиб ҳаёти давомида зулм ва зўрликка, инсонни хўрловчи тартибларга, тузумларга, қонунлар ва таълимотларга қарши ўз ижоди билан, амалий ҳаракатлари билан бетиним кураш олиб борди, фалсафий таълимотининг бош ғояси бўлган инсон озодлиги ва ҳурлигини улуғлади, замондошларини шахсий ва миллий худбинлик, манфаатлар қурбони бўлиб қолишдан сақланишга чақирди. Инсон, ким ва қайси миллатга, ирққа мансублигидан қатъи назар, озод яшашга ҳақли эканини, бу ҳуқуқни олиб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини таъкидлаб ўтди.
Унинг ўз ғояларини тарғиб қилиш, «ўзининг мавжудлиги»ни намоён этиш, ўз даврининг тафаккур тарзини ўзгартириш, борлиққа ва ҳаётга қарашларини баён қилиш учун ёзган, машаққатли меҳнатидан пайдо бўлган ижод маҳсуллари ҳар қандай катта ақл эгасини ҳайратга солади. Ундан 7000 саҳифадан иборат «Борлиқ ва йўқлик», 2000 саҳифалик соф адабий романлар, 1300 бетлик диалектик тафаккур танқидига бағишланган асарлар, 3000 бетлик Флобер ҳаётига бағишланган тадқиқот, киносценарийлар, «Озодлик йўли» номли роман-трилогия, 6 та пьеса, Бодлер ҳаётига оид асардан иборат улкан ҳажмдаги интеллектуал мерос қолди.
Сартр бир умр ҳар куни 6 соатдан ёзиш билан шуғулланарди. Кексариб қолганда бу маромни ушлаб қолишга қурби етмаслигини англаб адабиётдан кетганини ҳам эълон қилди, аммо барибир ижоддан, фикрдан тўхтамади. Кўзлари кўр бўлиб қолганда у: «Мен зулматда ҳам ёзавераман!» – деди, ҳақиқатан ҳам фикр ва муносабат билдиришдан тўхтамади: ўзини зулматга маҳкум этган тақдирга ўз мавжудлигини шу усулда билдирар эди. Хотини унга товуш чиқариб ўқиб берар, Сартр эса зулматга ғарқ ҳолатида ҳам дунёдаги, санъатдаги ўзгаришларга ўз муносабатини билдириб турарди. Сартр умрининг охиригача инсоннинг тақдирига ўзи хўжайинлиги ва ҳар ким ўз тақдирини ўзи яратиши шартлиги ҳақидаги ҳикмат билан яшади, шу ҳикматни ҳаёти давомида исботлади. Бу ҳикмат бадиий ва фалсафий асарларининг бош ғояси, лейтмотиви эди.
Сартр асарлари, қаҳрамонлари тақдири ва дунёси, у яратган таълимот бир нарсани исботлади: инсон Яратгандан узоқлашгани сайин ўзини маънисизлаштириб боради ва олам, шу оламга тааллуқли бўлган барча нарса билан унинг кўнглидаги ва шууридаги алоқа, ришта узилади, ҳаётнинг, борлиқнинг, тирикликнинг моҳияти қолмайди. Сартр қаҳрамонларига зўр бериб ўз фалсафасини, қарашларини тиқиштирди, шу билан ўз даврининг фалсафасини яратган эса-да, унинг қаҳрамонлари ҳаётдан узилган ва ботиниий моҳиятлари бой берилган шахслар. Уларнинг энг катта фожиаси Яратган ва бани олам уйғунлигини тан олмаганликларида. «Беҳузурлик», «Озодлик йўллари» (гарчи трилогияда Франциянинг фашистлар босқини арафасидаги ҳаёти, француз қаршилик ҳаракатининг озодлик учун кураши мавжуд бўлса-да, асар француз халқининг озодлик ҳаракатидан кўра Сартр таълимотида тарғиб қилинган шахс озодлиги асарнинг бош линиясини ташкил қилади. Олдинги романи каби бу асар қаҳрамони Матьенинг ҳаёти ва қарашлари худди муаллифники каби боши берк кўчага кириб қолади, бу қаҳрамонлар ҳаётий ҳаракатдан мосуво образларга айланади: адиб бу асарида ёзувчи сифатида тўлиқ енгилади), «Девор», «Герострат», «Ётоқ», «Доҳийнинг ёшлиги» асарлари бу фикрни тўлиқ тасдиқлайди.
Жон Пол Сартр санъат ва тафаккур тарихида жуда камдан-кам интеллектларга насиб бўлган қисматга эга эди. Адиб феъл-атвори, табиатига кўра ҳаётида биронта одам билан беш-олти йилдан ортиқ яқин бўлган эмас. Ҳар қандай одамни унинг ўткир идроки фош қилиб қўяр ёки ўша одамнинг ўзи Сартрнинг ўзгарувчан тафаккур тарзига дош беролмасди. Бироқ ҳаётга ва оламга муносабати ҳам ўзига ўхшаб кетадиган рафиқаси, ҳаммаслаги, ижоддаги дўсти ва қўлловчиси адиба ва файласуф Симон де Бовуар билан эллик йилдан ошиқ бирга яшади, бирга ижод қилди, асарлари билан ўз даври тафаккурини бирга ўзгартиришди.
Лекин барибир янги давр уни эсдан чиқарди. У узоқ йиллар матбуотда ҳам, адабиётда ҳам кўринмади. Сартр дунё ўзини унутди деган хулосага келди. 1980 йили буюк фикр ва санъат ислоҳотчиси Сартр вафот этди. У ўзини унутган дунёда ортиқча ҳашамни хоҳламади, ўзини камтар ва камсуқум қилиб кўмишларини, маросим иштирокчилари бир нечта кишидан ошмаслигини васият қилди. Аммо дафн маросимида кўчалар одамлар билан тўлиб кетди. Франция, Париж уни унутмаганди. Газеталар даврнинг сўнгги ижодкор-инқилобчисини охирги йўлга кузатиш учун 50 минг одам иштирок этганини ёзди. «Монд» газетаси унинг ўлими муносабати билан эълон қилган бош мақоласида: «…ХХ асрда биронта шахс, биронта Нобел мукофоти соҳиби француз ижтимоий тафаккурига Сартрчалик узоқ ва чуқур таъсир қилган эмас», – деб ёзди. Файласуф Луи Альтюссер эса Сартрнинг ҳаёти ва фаолиятига: «У давримизнинг Жан Жак Руссоси эди», – дея баҳо берди.
Назар Эшонқул