Жаъфар Холмўминов. Биз билган-билмаган Хайём

Мавлоно Румийнинг “Маснавийи маънавий”сидаги бир ҳикоятда, ҳиндлар филни қоронғи уйга қўйиб, умрида бу ҳайвонни кўрмаган кишиларни бирма-бир ўша қоронғи уйга киритадилар. Қоронғида бири хартумини тутиб, фил тарновга ўхшар экан деса, иккинчиси қулоғини ушлаб, фил баҳайбат елпиғич экан дейди, учинчиси оёғига қўл текизиб, устунга ўхшар экан деса, яна бири устини силаб, хонтахтага ўхшар экан, дейди. Хуллас, ким филнинг қайси аъзосини ушласа, уни ўзи билган нарсага ўхшатади.[1]

Ғарб ва Шарқнинг Хайём ҳақидаги тасаввурлари ҳам юқоридаги фил кўрмаганлар фикрига ўхшаб кетади. Бири, Хайёмдан ўтакетган ишратпараст, майпараст, эпикурчи, динсиз, шаккок, моддиюнчи файласуф яратишга ҳаракат қилса, бошқаси, зўр бериб ундан илоҳиётчи, сўфий, авлиё чиқаришга интилади. Кейингиларнинг Хайёмга муносабати, қайсидир маънода, Мансур Ҳаллож тақдирини эслатади. Ҳаллож аслида қандай шахс бўлган: худолик даъво қилган кофир, шаккокми ёки имон-эътиқоди комил кишими? Каромат аҳлиданми ёки сеҳр ишлатган жодугарми? Тафаккур хазинасини бойитган мутафаккирми ёки бузғунчи ғоялар муаллифими? Ҳаллож даражасида бўлмаса-да, Хайём шахсияти ҳам турли шубҳа-гумонлар, тахминлар, тасаввурлар, талқинларнинг гоҳ қалин, гоҳ сийрак туманлари ичра кўриниб, кўринмай кетади.

Давр

Юзлаб мутафаккирлар, орифлар ва шоирларни башариятга тақдим этган Мовароуннаҳру Хуросоннинг энг гуллаб-яшнаган даврида Хайём туғилди. Бу даврда диний-тасаввуфий илмлар, табиий ва аниқ фанлар, адабиёт ва санъат юксак даражада ривожланди. Айнан шу даврда Низомий, Хоқоний, Тусий, Саноий, Ғаззолий, Замахшарий, Арузий Самарқандий, Байҳақий, Фахриддин Розий каби улуғ алломалар, шоирлар яшаб ўтди.

Ғиёсиддин Абулфатҳ Ҳаким Умар Хайём (ҳ. 439-527/ м. 1047-1123) салжуқий­лар­ ҳукмронлиги даврида Нишопур шаҳрида дунёга келди, умрининг асосий қисмини она шаҳрида ўтказди ва шу ерда вафот этди.

Хайёмнинг туғилган ва вафот этган санаси борасида манбаларда турли рақамлар кўрсатилади. Масалан, ўтган асрда Хайём ҳаёти, илмий-адабий мероси ҳақида тадқиқот олиб борган, рубоийларини тўплаган эронлик олим Содиқ Ҳидоят Хайём вафоти санасини ҳижрий 517 йил, деб кўрсатса[2], асли эронлик Америкада яшайдиган хайёмшунос, Вашингтон университети профессори Меҳдий Аминразавий Хайём ҳ.515-520/м.1124-1129 йиллар оралиғида вафот этган[3], дейди.

Умар Хайёмнинг отаси “хаймадўз” – чодир тикувчи бўлгани учун бу тахаллусни ота касбига ҳурмат юзасидан танлаган, дейишади. Хайёмнинг косибчилик билан шуғуллангани ҳақида манбаларда ҳеч қандай маълумот учрамайди. Қолаверса, ҳунармандчилик билан шуғулланишга Хайёмнинг вақти ҳам, эҳтиёжи ҳам йўқ эди. Зеро, Хайём бутун ёшлигини илм ўрганиш билан ўтказган. Камолга етиб, олим бўлгач, салжуқийлар саройида катта обрў-эътибор қозонган. Маълумотларга қараганда, саройда юксак мансабларда хизмат қилгани учун унга “Дастур” деган лақаб ҳам қўйилган. Девони олийдан йилига ўнг минг динор маош олиб турган.

Бешик

Хайём Қуръон тажвиди, араб тили сарф ва наҳви каби умумий билимларни ўз шаҳрида, Қози Муҳаммад ҳузурида ҳосил қилади, сўнг устозининг тавсия­си билан риёзиёт (математика), нужум (астрономия), турли назарияларга оид илмларни Абулҳасан Анборийдан ўрганади. Фалсафани Имом Муваффақ Нишопурий, Шайх Муҳаммад Мансур каби улуғ донишмандлардан олади. Ибн Сино фалсафаси билан танишгач умри сўнггигача унинг тафаккур олами сайёҳига айланди. Айтишларича, ўлимидан бир-икки соат олдин ҳам қўлида Синонинг “Шифо” китоби бўлган экан.

Абулбаракот Бағдодийнинг муриди Рай ҳокими Алоуддавла, Абулбаракот Синони аёвсиз танқид қилгани ҳақида гапириб, бу ҳақда унинг фикрини сўрайди. Хайём: “Абулбаракот Ибн Синонинг бирор сўзини ҳам тушунмаган кўринади, шундай экан, қандай қилиб уни танқид қила олиши мумкин?” – деб жавоб беради.[4] Хайёмни Сино билан боғлайдиган яна бир далил: кейинги давр тарихчиларидан Сафадий ўзининг “Вофий бил-вофиёт” китобида, Қутбиддин Шерозий “Туҳфат уш-шоҳия” асарида Хайём Синонинг машҳур ўқувчиси Баҳманёрга шогирд тушганлиги ҳақида маълумот бериб ўтадилар[5]. Хайём бир муддат ўша даврдаги катта илмий марказ ҳисобланган Самарқандда ҳам илм таҳсили билан шуғулланиб, қадимий Турон халқларининг ҳикмат ва маърифат булоғидан тотди. Буни мутафаккирнинг фалсафий рубоийларидан ҳам билса бўлади.

Мерос

Хайём қомусий олим сифатида бой илмий мерос қолдирди. Айниқса, алгебра масалаларига бағишланган “Ал-жабр вал-муқобала” номли рисоласи нафақат Шарқ мамлакатларида, балки Европада ҳам муҳим қўлланма сифатида фойдаланилган. Араб тилида ёзилган бу асар французча таржимаси билан 1851 йили Парижда нашр этилган. Яна бир машҳур асари “Фи шарҳи мо мушкил мин содироти китоби Уқлидус”нинг ягона қўлёзма нусхаси Лейдан (Голландия) кутубхонасида сақланади. “Фи иҳтиёлил-маърифати миқдориз-заҳаб вал-фаза фи жисми мураккаб минҳумо” номли физикага оид рисоласининг қўлёзма нусхаси Германиядаги Ҳёте кутубхонасида, форс тилида ёзилган “Рисола дар вужуд” номли фалсафага оид асари эса Британия музейида сақланмоқда. Шунингдек, Хайёмга нисбат бериладиган яна бир неча асар ҳам бор. Улардан энг муҳимлари табиатга оид “Кавн ва таклиф”, “Лавозим ул-макна дар фусул ва иллати ихтилофи ҳавои билоду ақолим” каби рисолалари. Бундан ташқари, Салжуқий султон Маликшоҳ даврида вазир Низомулмулк бошчилигида яратилган илк зижлардан бири – “Зижи Маликшоҳий”нинг асосий муаллифларидан бири ҳам Хайём ҳисобланади. Хайёмга нисбат бериладиган яна бир асар, бу – Хайёмнинг “Наврўзнома” номли рисоласи. Хайём мусиқа, мантиқ, этнография, тарих соҳаларида ҳам тадқиқотлар олиб борган.

Сўфий

Тасаввуф Хайёмнинг устози ибн Синони ҳам ўзига жалб этган. Манбаларда келишича, ибн Сино умри ниҳоясида тасаввуф таълимотига анча қизиқиб қолган. Аслида, бу таълимот алломани бутун умр ўзига тортган кўринади. Чунки улуғ мутафаккирнинг “Ҳай ибн Яқзон”, “Рисолатун фит-тойр” ва “Рисолатун фил-ишқ” каби фалсафий асарлари ва баъзи бир шеърий парчаларида илоҳий ишқ ва ирфоний тафаккур шуълалари барқ уриб турибди. Ибн Сино бу оламда бор-йўғи 57 йил умр кўрди. Узоқроқ умр кўрганида, Имом Ғаззолий каби охир-оқибат сўфийлар хилватхонасига юз бурармиди. Нима бўлганда ҳам, бу мойиллик унинг издоши Хайёмга ҳам тинчлик бермаган кўринади. Бу ҳолат унинг бир қатор ирфоний оҳангдаги рубоийларида ҳам яққол кўзга ташланади.

Хўш, Хайём сўфийми? Бирор шайхга мурид тушиб, таълим олганми? Умуман, уни тасаввуф аҳлидан, деб бўладими? Шунга ўхшаган саволлар, бир неча асрдирки, дин ва илм аҳлини қизиқтириб келмоқда. Афтидан, бу савол Хайём тириклик чоғидаёқ турли тоифалар ўртасидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Нега деганда, Хайёмнинг замондоши, фалсафий баҳслардаги кучли рақиби Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг укаси, тасаввуф вакили Аҳмад Ғаззолий уни сўфий деб ҳисоблаган. Аҳмад Ғаззолий Хайёмнинг бир неча рубоийсига сўфиёна оҳанг беришга ҳаракат қилган. Шу ўринда, Хайём ва Ғаззолий ўртасидаги баҳс-мунозараларга қарамай, нега ундан сўфий шоир “ясамоқчи” бўлган, деган савол туғилади. Гап шундаки, Хайём рубоийларининг катта қисми тасаввуфий образлар, рамзлар, истиоралар ва оҳанглар билан лиммо-лим. Хайём рубоийларида кейинги даврларда яшаган шоирлар – Аттор, Румий, Саъдий, Ҳофиз шеъриятидаги ирфоний образлар, рамзлар ва истиоралар қўлланилиши ноёб ҳодисадир. Шу нуқтаи назардан, Хайёмни бемалол тасаввуфий шеърият асосчиси Абулмажид Саноий билан бир қаторга қўйиш мумкин. Хайёмнинг қуйидаги рубоийсида кейинги давр сўфий шоирлар кўп ишлатган сўзлар, иборалар, фикрларни кузатиш мумкин:

Эй сўфийи софий, ки Худо металабий,
Ў жой надорад, зи кужо металабий?
Гар з-он ки шиносияш, чаро металабий?
В-ар з-он ки наяш, бигў, киро металабий?

Эй Худони излаётган соф сўфий! Унинг жойи йўқ, сен Уни қаердан излаяпсан? Агар Уни танисанг, нега излаяпсан? Ва агар Уни танимасанг , унда кимни излаяпсан?

Хайёмни ботиний ҳолатларга эътибор берган, сўзларни мажозий маънода ишлатган мусулмон эканини эронлик ва европалик хайёмшунослар кўп таъкидлаган. XIX асрда Аббосали Кайвон Қазвиний Хайём рубоийларига иккита рамзий шарҳ ёзган. Қазвиний иккинчи шарҳни ёзиб тугатганида тушида Хайём унинг олдига келгани ва шарҳдан рози эканлиги ҳақида гапирганини айтган.[6] Хайём рубоийларини рамзий шарҳлаш имконияти бор экан, қандай қилиб тасаввуфдан четда дейиш мумкин?[7]

Дар коргаҳи кўзагаре рафтам дўш,
Дидам ду ҳазор кўза гўёву хамўш.
Ногоҳ яке кўза баровард хурўш:
Ку кўзагару кўзахару кўзафурўш?!

Таржимаси:

Кулол дўконига ташладим назар,
Икки мингта кўза сукутда турар.
Ногоҳ бир кўза тилга кириб дер:
Қай бири сотувчи, олувчи, қани кўзагар?

Умар Хайём рубоийларидан сўфиёна оҳангларни излаш, тасаввуф таълимоти асосида шарҳлаш Европа олимлари орасида ҳам учраб туради. Жумладан, Бичерҳорд Хайёмнинг бир неча рубоийсини тасаввуф ғоялари асосида шарҳлаган.

Аммо қанча уринмайлик, барибир, Хайёмни сўфий дейиш қийин. Хайём ҳеч қайси тоифа билан келишолмаганидек, сўфийлар жамоасини ҳам унчалик хушламаган кўринади. Рубоийларидаги сўфиёна оҳангларни эса тасаввуф таълимоти давр маънавий ҳаётига шиддат билан кириб келиши билан изоҳлаш мумкин.

Юлдузларга ошуфта кўнгил

Хайём мунажжим ҳам эди. У бу соҳага ёшлигидан қизиқарди. Устози эса: “Хайём юлдузларда Қуръон оятлари тафсирини кўради”, дерди. Хайёмнинг баъзи рубоийларини астрономия ва табиий фанларни яхши билмасдан туриб англаб бўлмайди. Уларда бепоён галактикамизда сузиб юрган сайёралар, юлдузларнинг номи, уларга хос хусусиятлар берилган. Масалан:

Говест дар осмону номаш Парвин,
Як гови дигар нуҳуфта дар зери замин.
Чашми хирадат боз кун аз рўйи яқийн,
Зеру забари ду гов муште хар бир.[8]

Мазмуни:

Осмонда бир ҳўкиз бор, унинг номи Парвин,
Яна бир ҳўкиз ернинг остида яширин.
Ақл кўзингни яқийн (қатъий ишонч) билан оч:
Икки ҳўкиз (осмон билан ер) ўртасида бир тўда эшакни кўр.

Арузий Самарқандийнинг гувоҳлик беришича, у астрономия фанида тенгсиз бўлса-да, юлдузларга қараб фол очишга ишонмасди. Хайём фолбин эмас, юлдузшунос эди. Унинг “Зижи Маликшоҳий” номли асари, ўша даврда энг аниқ ҳисобланган тақвими ва илк расадхонанинг қурилишида кўрсатган фаолияти бунга яққол далил бўла олади. Афсуски, ушбу расадхона номаълум сабабларга кўра ниҳоясига етмади. Орадан икки юз йилча вақт ўтиб, Хайём ва Низомулмулк орзусини Мирзо Улуғбек Самарқандда рўёбга чиқарди.

Шоир

Хайём ҳақида маълумот берадиган энг қадимий манба ватандошимиз Низомий Арузий Самарқандийнинг “Чаҳор мақола”сидир. Хайём билан замондош олим мутафаккирни Марвда кўрганини, Султон у билан овга чиққанини ёзар экан, “Ҳужжат ул-ҳақ” унвони билан тилга олади ва нужум илмидаги ўрнини эслатиб ўтади. Аммо, Хайёмнинг шоирлиги, еру кўкни титратувчи рубоийлари ҳақида лом-мим демайди. Хайёмдан бир-икки авлод кейинроқ яшаган тазкиранавис Авфий Бухорий ҳам “Лубоб ул-албоб” асарида Хайём ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди. Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро” асарида ҳам Хайём шоирлар сафидан жой олмаган. Унда Хайём номи билан машҳур рубоийлар кимники?

Замахшарий, Арузий, Байҳақийлар Хайёмни кўрган, учрашган, наҳотки, унинг рубоий ёзишини эшитмаган? Фақат шуниси аниқки, илк марта машҳур имом Фахриддин Розий Хайёмнинг рубоийларидан бирини тилга олади ва ана шундан бошлаб, шоир Хайём шеърият майдонида эслана бошлайди.

Хайём рубоийлари сони юздан уч юзгача етади, деган тахминлар ва бошқача фикрдагилар ҳам бор. Жумладан, Содиқ Ҳидоят бу ҳақда шундай дейди: “Хайём рубоийларининг Шерозда ҳижрий 865 йили китобат қилинган қўлёзма нусхаси 525 рақами остида Оксфорддаги Бодлен кутубхонасида сақланади. Бу нусхада бор-йўғи 157 та рубоий мавжуд. Ҳолбуки, Абу Саид Абулхайр, Афзал Кошоний, Мавлавий каби шоиру мутасаввифлар рубоийлари билан адаштирилганлари 500 тадан 750 тагача етади”[9]. Нима бўлган тақдирда ҳам, бир гуруҳ олимлар тахминан 178 та рубоийни Хайёмга нисбат беришади. Хайём рубоийларни илк марта нашрга тайёрлаган (1942) эронлик олим Муҳаммад Али Фурўғий ҳам 178 та рубоийни Хайёмники деб ҳисоблаган.

Фитцжералдни танитган шоир

 Дунёда Умар Хайём рубоийларини ўз она тилида ўқимаган бирор маданиятли миллат бўлмаса керак. Буни барча олимлар бир овоздан инглиз адиби ва таржимони Эдвард Фитцжералднинг (1809-1883) шарофати билан дейишади. Инглиз таржимони Артур Арберри: “Умар Хайёмнинг байналминал шуҳрати адабиёт тарихида ғоят нодир воқеадир. Агар Эдвард Фитцжералд уни таржима қилмаганда Эронда бир гуруҳ мутахассисларгагина маълум бўларди, холос”,[10] дейди. 1858 йилда Фитцжералд Умар Хайём рубоийларини инглиз профессори Кауэлл (1826-1903) орқали таниди. Хайёмни яқиндан билиш истаги Фитцжералдни форс тилини ўрганишга чорлади. Профессор Кауэлл биринчи марта Оксфорднинг Бодлен кутубхонасида Умар Хайём рубоийларидан нусха тайёрлаб, Фитцжералднинг қўлига топширди. 1863 йилда эса “Осиё уюшмаси” кутубхонаси қўлёзмасидан бир нусха кўчириб Фитцжералдга жўнатди. Ниҳоят, Фитцжералд 1858 йилда Умар Хайём рубоийлари таржимасини охирига етказди. Аввал бу таржимани чоп этиш учун “Фризер” журналига берди, муҳаррир таржимани муносиб кўрмади ва чоп этмади. Фитцежералд 1859 йилда Хайём рубоийларидан 250 тасини нашрдан чиқариб, сотиш учун китоб дўконига топширди.[11] 1862 йилда мазкур китоб Ҳиндистоннинг Мадрас шаҳрида қайта нашр этилиб, шеърият ва адабиёт мухлисларига тарқатилди. Рубоий мутахассислари Фитцжералд таржимасини қизғин кутиб олдилар. Жеймс Лауил бу борада шундай ёзди:

Бу марварид фикрлар Форс денгизида унган.
Унинг ҳар донаси тўлин ойдек мулойим товланади,
Ғаввос Умар, барчасини улар тўшагидан териб олди,
Фитцжералд эса олиб инглиз ипига терди.

Франциянинг Эрондаги элчиси Жон Батист Николас 1847 йилда Умар Хайём рубоийларининг янги нашрини[12] тақдим этди. Бу нусха Фитцжералд қўлига текканда, ундан янги нарсаларни ўрганди ҳамда янги нусхаларни таржима қилди. Аввалги таржималарини таҳрир қилиб, 1868 йилда 110 та рубоийни босмадан чиқарди. Фитцжералд таржималари 1872 йилда учинчи марта, 1879 йилда тўртинчи марта, 1889 йилда эса бешинчи марта нашр этилди. Фитцжералд таржималари ХХ асрда ҳам Европада бир неча бор қайта-қайта дунё юзини кўрди. Фитцжералд таржималари, Арберри томонидан қаттиқ танқидга учради. Арберри Фитцжералд таржималарини чуқур таҳлилдан ўтказиб, улардаги асосий камчилик ва ютуқларни кўрсатиб ўтар экан, у Хайём рубоийларига нисбатан ўта эркин муносабатда бўлгани, рубоийларни қайта ишлаб чиқиб, янгича мазмундаги шеърлар яратганини таъкидлади. “Умарни тушунишдаги асосий камчилик, – деб ёзади Арберри, – уни ўз давридан ажратиб олиб ўқишдадир, аслида уни форс адабиётидан, Шарқ фалсафаси, Қадимги Юнон ва Рим маданиятидан, ўз замонасидан ажратиб олиб тушуниб бўлмайди”.

Фитцжералд таржималари ва Арберри танқиди рус олими Жуковскийни ҳам бефарқ қолдирмади. У Хайём ҳақида билдирилган турли фикр-мулоҳазаларни жамлаб, мутафаккирнинг ўзига хос “портрети”ни чизиб берди. Жуковскийнинг Хайёмни тавсифлаган “зиддиятнома”си (Нажмиддин Комилов таъбири) бўйича: “У – ҳур фикрли, динга ғорат келтирувчи; у – Худосиз ва материалист; у – ­мистикани масхараловчи, пантеист; у – диндор мусулмон, изчил файласуф, ўткир кузатувчи олим; у – шалоқ юрувчи, бузуқ одам; у – риёкор, мунофиқ; у – Худони оддийгина таҳқирловчи эмас, балки дину имонни бутунлай рад этишнинг тажассуми; у – юмшоқтабиат, ҳаёт лаззатидан кўра илоҳий нарсаларни ­кузатишга берилган киши; у – скептик, эпикурчи; у – форсларнинг Абул-Аълоси, Волтери, Гейнеси”.[13] Жуковский ушбу қарама-қарши сифат ва хислатлар бир шахснинг ўзида мужассамлашганига шубҳа билан қарар экан, “шоирга нисбат берилган рубоийларни ўрганишга киришади ва соф “хайёмона” руҳдагиларини танлаб, Хайём сиймосини “тиклашга” уринади. Аммо, барибир, Умар Хайёмни зиддиятлардан халос қилиб бўлмади, энг қадимий ишончли қўлёзмалардаги рубоийлар ҳам мазмунига кўра хилма-хилдир, улар орасида бир-бирини инкор этувчи асарлар ҳам бор”.[14]

Файласуф Эрнест Ренан Хайём рубоийсини Николас таржимасида ўқишга берилиб кетди-да, дарҳол Хайём рубоийлари ҳақида мақола ёзиб, Франциянинг “Осиё” журналида чоп эттирди.[15] Албатта, Ренан Хайёмни етарли даражада тушунмади, чунки Николаснинг таржимаси қиёмига етмаган, ҳали юзаки эди. Ваҳоланки, Фитцжералд Хайём рубоийларининг моҳиятини бошқаларга нисбатан чуқурроқ илғаган, борлиқ ҳақидаги фикрларини яхшигина идрок эта олган. Кейинги даврдаги баъзи мунаққидлар танқидига учраса-да, Фитцжералд амалга оширган таржима қисқа фурсат ичида маданиятлар чегарасидан ўтиб, кундан-кунга шуҳрат қозона бошлади. Таъкидлаш лозим, Умар Хайём жаҳонда қандай шуҳратга эга бўлса, Фитцжералд ҳам шундай таҳсинга сазовор. Ҳақиқатда, уларнинг довруғи бир-бири билан узвий боғлиқ, чунки Фитцжералд бўлмаганда Хайём бу даражада омма эътиборини ўзига жалб қила олмас эди. Бу ҳақда Артур Арберри ёзади: “Умар Хайёмнинг байналминал шуҳрати адабиёт тарихида ғоят нодир воқеадир. Чунки Фитцжералд таржима қилмаганда Эронда баъзи кишиларгина, жаҳонда эса айрим мутахассисларгина Хайём рубоийларини биларди, холос”.[16]

Бошида арзонлаштирилган китоб дўконларида чанг босиб ётган Хайём рубоийларининг инглизча таржимаси қисқа муддат ичида “фавқулодда шуҳрат қозонди. Бутун Британияда Хайём рубоийлари кирмаган хонадон қолмади. Инглиз солдатлари ҳар икки жаҳон урушида ҳам уни ўзлари билан бирга олиб юрдилар”.[17] Фитцжералд таржималаридан кейин Хайём рубоийлари кетма-кет олмон, фаранг, ўрус, итолён, испан, чех, голланд, португал ва бошқа тилларга таржима қилиниб, бутун Европа бўйлаб тарқалди, у ҳақда мақолалар, тадқиқотлар юзага кела бошлади. Фитцжералд Хайёмни ўзи учун, қолаверса, Европа учун “кашф” қилди. Аммо, аксинча, Хайём Фитцжералдни кашф этди, десак, қандоқ бўларкин? Ахир, Хайём эмасми Фитцжералддек ўртамиёна шоир ва таржимонни дунёга танитган?

1892 йилда Хайём мухлислари Лондонда “Умар Хайём клуби”ни ташкил этдилар. Улар 1893 йилда Хайём мозорида ўстирилган атиргуллардан бир нечтасини Лондонга келтириб, Фитцжералд қабри ёнига экдилар. Бу гуллар ёнига лавҳ ўрнатиб, қуйидагиларни ёзиб қўйдилар: “Бу атиргул уруғини Уильям Симпсен Нишопурдаги Умар Хайём қабридан келтирган. Эдвард Фитцжералд мухлисларининг қўли билан “Умар Хайём уюшма”си томонидан экилди. 1893 йил, 7 ­октябрь”.

Ўзбек Хайёми

Умар Хайём мероси ўзбек халқи учун ҳам қадрли. Ўтмишда халқимиз Хайём рубоийларини аслиятда ўқиб, баҳра олган. Кейинги даврда, биринчи бўлиб, машҳур шарқшунос олим Шоислом Шомуҳаммедов Хайём рубоийларини ўзбек тилига ўгириб, халқимизга тақдим этди. Бу таржима аслиятдан фарқли ўлароқ, бармоқ вазнида бўлишига қарамасдан, тил ва услубининг соддалиги, жозибадорлиги, равонлиги билан халқнинг тили ва дилига тушди.

Шоислом Шомуҳамедов Душанбеда, шунингдек, 1943 йил Теҳронда чиққан нашрлар асосида 1958 йилда Тошкентда Умар Хайёмнинг икки юзта рубоийсини ўзбек ва форс тилларида чоп эттирди. Мазкур нашр бир зумда бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқаб кетди, чунки унда улуғ мутафаккирнинг ҳурфикрлилик, ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасини қадрлаш, бу ўткинчи ҳаётда фақат қувонч ва шоду хуррамликда яшаш кераклиги ҳақидаги мавзулар устунлик қиларди. Рубоийлар содда ва оҳангдорликдан ташқари чуқур фалсафий маъноларга ҳам эга. Улуғ шоирнинг фалсафий фикрларга бой ижоди Румий, Саъдий, Ҳофиз, Алишер Навоий, Бобур каби буюк сўз санъаткорлари ижодига ҳам таъсир қилгани бежиз эмас.

Хуллас, Шарқ ва Ғарбда амалга оширилган Умар Хайём рубоийларининг таржималари, мутафаккир шоир ҳаёти ва қарашларига оид тадқиқотлар мамлакатлар ўртасидаги адабий-илмий алоқаларнинг мустаҳкамлашуви ва турли халқларнинг ўзаро яқинлашувига сабаб бўлди. Бу қутлуғ ва улуғ иш яна давом этар экан, буюк шоир Умар Хайём тафаккурининг янги-янги қирралари намоён бўлаверади.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 12-сон

_______________
Жаъфар Холмўминов 1968 йилда туғилган. Тожикистон давлат университетининг форс-тожик филологияси факультетини тамомлаган. Фалсафа фанлари номзоди. Фалсафа, диншунослик, тасаввуф фалсафаси, миллий маънавият ва адабиётшуносликка оид бир қатор монография ва рисолалар, уч юзга яқин илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи.

[1] Мавлоно Жалолиддин Румий. Маснавийи маънавий. 3/120-1269.

[2] Хэйём-э Содэқ. Мажмуъэ-йэ осор-э Содэқ Ҳэдоят дар борэ-йэ Хэййом. Мўқаддэмэ ва гэрдовари-йэ Жаҳонгир Ҳэдоят.– Тэҳрон:Нашр-э чэшмэ, 1384. – 25-бет.

[3] Меҳдий Аминразавий. Саҳбо-йэ хэрад. Шарҳ-э аҳвол ва осор-э Ҳаким Умар-э Хэййом-э Нэшопурий. – Тэҳрон: “Сўхан”, 1385. – 33-бет.

[4] Маҳдий Аминразавий. Саҳбо-йи хирад. – 36-бет.

[5] Сафадий. Ал-вофий бил-вофиёт. – Станбул, 1964. – 142-бет.

[6] Кайвон Қазвиний. Шарҳи рубоиёти Хайём. – Теҳрон, 1379. – 19-бет.

[7] Маҳдий Амин Разавий. Саҳбо-йэ хэрад. Шарҳ-э аҳвол ва осор-э Ҳаким Умар-э Хэййом-э Нэшопурий. Таржўмэ-йэ Маждўддин-э Кэйвоний. – Тэҳрон: “Сўхан”, 1385. – 159-бет.

[8] Умар Хайём Нишопурий. Рубоиёт. Муҳаммадали Фурўғий ва Қосим Ғаний муқаддимаси ва изоҳлари билан. – Теҳрон: “Кэтоб-э фўрузон”, 1362 (1983). – 107-бет.

[9] Хайём-э Содэқ. – 32-бет.

[10] Omar Khajjam: A Nev Wersion Based upon Recent Dikoweries By Artur J. Arberry. London, 1956.John Murray albemarie Street.7.

[11] Амир Исмоил Озар. Адабиёт-э Ирон… – 418-бет..

[12] Nicolas, J.B. Les Quatrains de Kheyyam, traduits du Persan, Paris, 1867.

[13] В.А.Жуковский. Омар Хайям и странствующие четверостишия. /”Музаффария” тўплами, СПБ., 1897. 320-бет.

[14] Нажмиддин Комилов. Тафаккур карвонлари. – 191-бет.

[15] Қаранг: Мужтабо Минавий. – 324-325-бет.

[16] Omar Khayyam: A. New Version Based upon Recent Discoveries’ By J. Arberry. London, 1956. John Murray Albemarle Street. 7.

[17] Ўша китоб. – 8-бет.