Инсон уни даҳшатли қуролга айлантириб юборди. Бир оғиз сўз билан инсонни ўлдириш, бахтсиз қилиш мумкин. Одам боласининг бахтли бўлиши учун ҳам деярли шундай: ёқимли калом бўлса бас. Асли замирига назар солинса, бахтли ҳаёт сари интилиш, меҳрга ташналикни ширин сўзга талпиниш, деб баҳолаш мумкин. Инсон кутган бахт, интилган меҳр шунчалар арзон, аслида. Бироқ…
Унда нега бу дунёда “бахтлиман” деган бирор эсли одамни учратиш мушкул?
Бундан чиқадики, сўз жуда қиммат туради!
Аммо инсон умри давомида гапиради, тинмай сўзлайди. Уларнинг барчаси ҳам бу орқали бир нарсани ҳал қилаётгани йўқ. Сўзлар ҳавога совурилади, холос.
Сўз шунчалар қадрсиз!
Бир пайтлар калом ҳам қилмиш каби баҳоланган. Инсон ўз сўзи учун жавоб бериши лозим, деб ҳисоблашган. Ҳозирда сўз инфлятсияси юз бераётгандек. Эсимда, болалигимда отам кечалари уюштириладиган китобхонликлардан қайтиб, аллақандай ички бир ишонч билан, жуда жиддий, ҳаётий гапни айтаётгандай эшитганларини ҳикоя қилиб берардилар. У пайтда одамлар сўзга, босма сўзга қатъий ишонарди, ҳатто муқаддас ҳисоблашарди. Газетада босилса-ку, мутлақ ҳақиқат, деб қабул қилинарди.
Ҳозирда бировни нимагадир ишонтириш учун соатлаб гапириш лозим, ҳақиқатни исботлашга кўп манба талаб қилинади. Демак, сўзнинг қадрсизланиш жараёни кетяпти. Дам олиш газеталари, ФМ радиолари бу жараёнга ўзининг “муносиб” ҳиссасини қўшаётган бўлса ажаб эмас. Чунки улар сўздан кўпроқ кўнгилочар восита сифатида фойдаланади. Уни кўпроқ шу маънода ишлатади. Илгари у ўзаро муносабат ва ахборот олиш воситаси бўлган.
Тўғри, бу одамларнинг қатъийлиги, билими, ўзига ва ўзгаларга талабчанликнинг ошиб бораётганидан ҳам дарак беради. Бироқ бир вақтнинг ўзида бу сўзнинг нархини пасайтиради, қадрини туширади.
Сўз ва гап барчаники, ундан фойдаланишни чеклаб бўлмайди. Кейинги йилларда тилимизда жиддий ўзгаришлар бўлаётганини оддий, эътиборсиз фуқаро ҳам сезса керак. Бу гап тузилишидаги ўзгаришлар.
Бунда рекламанинг аҳамияти катта. Чет элда ишлаб чиқилган ва реклама қилинган маҳсулотлар, хизматларнинг бизда ҳам тарғиб қилинишида тилимизнинг ўзига хослиги эътиборга олинмайди. Дастлаб, бу маҳсулот ва хизматнинг шиорларини таржима қилганлар ўзбек тилини яхши билмаса керак, луғат орқали ўгиргандир-да, деб ўйлардим. Тушунаяпманки, реклама берувчи аҳмоқ эмас. У рекламадаги номиллий муҳит билан миллий сўз услуби қовушмаслиги мумкин, деб ўйлайди. Шунинг учун сўзма-сўз таржима услубини қўллайди. Натижада, “Синиб қолдингми?”, деганга ўхшаш иборалар пайдо бўлади. Демак, ўзига хос товар, ўзига хос муҳит ҳатто сўз қурилиши ҳам ўзига хос.
Бир пайтлар “Фақат даҳоларгина янги сўз яратиш ваколатига эга”, деган фикр бўларди, энди шу тушунчани сал ўзгартирса ҳам бўлар: “Янги ибора яратиш ваколати фақат рекламачиларгагина тегишли”.
Бунинг устига “реклама тили”ни эшитиб, ўрганиб улғайган авлод етишиб келаётир. Уларга мана шундай — тўғри таржима бўлмаса, фикрни англаши қийин. Демак, тил шаклланяпти. Нафақат сўз, балки гап тузилиши ҳам умумийлашаяпти.
Умуман, бу жараён ҳар доим кечган. Дейлик, биз учун “Ўткан кунлар”нинг тили бироз ғалати туюлади. Яъники, уни оддий гаплашувда ишлатиб бўлмайди. Демак, салкам юз йил ичида тилимизда шунча ўзгариш бўлган. Ўйлайманки, орадан яна бир аср ўтиб, биз бугунги кунда танқид қилаётган, байналмилал сўзлар тобора кўп қўлланилаётган тилни китобий деб қабул қилишади. Бунда Ёзувчилар, журналистларни ҳам айблаб бўлмайди. Улар хоҳласа – хоҳламаса халқдан ажралиб қолмаслик учун унинг тилига яқинлашишга мажбур. Бирор-бир ҳудуд ҳақида нимадир ёзар экан, у фақат шу ердагина ишлатиладиган сўз ва иборалардан фойдаланади. Бу эса мақолага, асарга ўша жой муҳитини беради. Бунинг эса салбий томони ҳам бор — Ёзувчи, журналист ишлата бошладими, демак, сўз расмийлик мақомига эга бўлди, дегани.
Масалан, бугун сўзлашувда ишлатилаётган русча сўзлар потирлаб матбуотга чиқиб қолди. Бу шу даражага етдики, ҳатто рус тили расмий мақомга эга бўлган даврда ҳам бунчалик эмасди. Тўғри, бу кўпроқ кулги чиқариш, баёнчиликдан қочиш, халқ тилига яқинлашиш учун берилмоқда. Лекин бора-бора бунақа сўзлар меъёрга кириб боради. Лекин шундан ўзга чоранинг ўзи йўқ.
Нима бўлганда ҳам, инсонда сўзга маҳлиёлик касали бор. Албатта, у дилнинг, кўнгилнинг калити ва ойнаси бўлган, энди кўпроқ унинг қопқоғи. Чунки у билан инсон кўнглидаги нарсаларни яширишга, бўяб-бежаб кўрсатишга ҳаракат қилишади.
Шунга қарамай, жамиятда ишонувчан, содда инсонлар кўп… Шундайлар ҳам борки ҳатто сотувчиларнинг гапига-да ишонади-я, ё тавба.
Аслида, уларнинг ўзи бундан кўп зарар кўрса-да, жамият шундай содда, ишонувчан фуқаролари борлиги туфайлигина тараққий этади.
Энди қиличлар, милтиқлар, тўплар ва ракеталар эмас, кўпроқ тил билан уришадилар. Ҳарбий қурол-аслаҳа ҳозир тилнинг бақувват бўлиши учун хизмат қилаяпти, холос.
Ахир, жим ўтирган одам кўпроқ, мискин, хўрланган, бечора бўлиб кўринади-да. Шундай кўринмаслик учун эса сўзлаётган одамдан кўра беш-ўн баробар кўпроқ ҳаракат қилиши, иш бажариши керак.
Бизда болалар тарбиясидаги камгапликни улуғлаш ва тарғиб қилиш, албатта, тўғри йўл эди. Бироқ энди бу хусусиятимиз билан бошқаларнинг олдида уялиб қолишимиз мумкин. Чунки ҳозир бутун жаҳонда тил вертолётнинг паррагига ўхшаш вазифани зиммасига олган: паррак айланмаса, вертолёт қулаб тушади.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).