Мен Пушкинни севги боис қаттиқ севдим. У менга одам боласини гоҳ телба, гоҳ одил, гоҳ даҳо, гоҳ гадо қиладиган; гоҳ гулханга ўхшаб сачраб-сачраб ёндирадиган бир ҳиссиётнинг номини топиб берди. Муҳаббат Онегинни жим тинглаётган Татьяна экан. Татьянанинг хонишларида заррача бўлса-да, рад этилганлик алами йўқ. У мардлик суврати. Ғурур суврати. Бир умр ўқиб, тўймайдиган китобим менинг Татьянам!
Марина Цветаева
“Пушкин адабиёт қасрига нопок либосда кириб келмади”. Николай Гоголь бу фикрни айтар экан, Александр Пушкиннинг пок идеалларини, соф ниятини назарда тутади. Шоирнинг юксак идеаллари, метин шахсияти айнан “Евгений Онегин” шеърий романида бор бўйича кўринади. Шоирнинг ўзи тан олишича, бу асар ақлнинг совуқ кузатуви ва юрак ҳасратининг маҳсулидир. Сиз унда орзу-хаёллар билан видолашаётган романтик йигит дардларига ошно бўласиз. Унинг эрка руҳи туйғуси пўк аёллардан безгани каби, жамият риёларидан ҳам эрта толиқади. Хаёл ва ҳаёт ўртасидаги зиддиятлар йигит кўнглини топтайди.
Александр Сергеевич бу оғриғини қоғозга тўкиш учун тўққиз йил тер тўкди. 1823 йили бошланган асарига 1832 йили нуқта қўйди. Бу пайтга келиб Пушкин уйланган ва ўттиз уч ёшда эди. Қолаверса, ўтган йиллар давомида қувғинликда ҳаёт кечирди. Эрксевар шоир чекка бир қишлоққа сургун қилинади. Шаҳар ҳавосига ўрганган ижодкор қишлоқнинг биқиқ ҳаётига сиғмайди. Мана шу кайфият тўғридан-тўғри қаҳрамони Онегин сийратига кўчади.
Саргардонликнинг сабаби бор эди, албатта. Шоир 1826 йилнинг 8 сентябрида император Николай I билан учрашади. Подшога очиқдан-очиқ “Мен сизнинг эмас, декабристлар тарафида эдим”, деб ўз қатъиятини намоён этади. Умуминсоният мулкига айланган “Евгений Онегин” шеърий романи мана шу ўжар руҳ, тобланган шахсиятнинг мардона иқроридир. Асрлар ошса ҳамки, ўз даври юрагига жароҳат бўлиб кўчган Шахс азоби ва аёл гўзаллигини номус тарозисида ўлчаган жўмард йигит тазарруси миллионлаб дилларни қалқитиб келяпти.
Евгений Онегин – киборлар дунёсидан буткул толиққан, ўзининг эрка-тантиқ, бузуқ ҳаётидаги зерикишдан-да зериккан, ҳатто ўз ўлимини ҳам истаган инсон…
…Унинг ҳислари совиди эрта,
Зериктирди кибор ҳаёт шовқини.
Фикрини гўзаллар, жононлар қисқа
Замонгина машғул этганди уни;
Хиёнатлар уни чарчатиб қўйди.
Дўстлар, дўстликлардан жуда тез тўйди.
Яна ҳар кун лазиз овқат ейиш,
Ҳар кун шампанской қониқиб ичиш…
…Булардан зерикди, дили бўлди қон…
Қулфланган эшик ортида ҳамиша дур-жавоҳир яширин. Табиийки, ички дунёси бой, ўз оламига эга Татьяна ҳам йигитларнинг энг муносибига кўнглини очади.
Улуғларимиз “Ақл Каъбага бормоқ учун туя ҳозирлагунча, қалб минг бор зиёрат қилиб келади”, деб бежиз айтмаган. Шу маънода Татьянанинг тошқин қалби, ёрқин идроки турган-битгани тилсимдан иборат аслзода Онегинни илғамаслиги мумкин эмасди. Нигоҳи қорнига қадалган ўртамиёна одамлар орасида ғалатфеъл Онегин, шубҳасиз, чақнаган юлдуз! Татьяна аллақачон қалби билан етган ҳақиқатни, афсуски, Онегиннинг ўзи кеч англайди. Иккиси ҳам қийқириқ издиҳом учун ўгай, жамият учун ортиқча шахс. Ҳаммалашган орзу-ҳаваслар, кўпчиликни хурсанд қила оладиган даҳмазалар иккиси учун ҳам кераксиз матоҳ. Онегин ялтироқ тўдага интилади, ҳашам ортида бекинган бадбурушликни кўради ва ундан юз ўгиради… Туйғуси маъюс ва чуқур Татьянада эса аввалданоқ тўда базмига мўралаш хоҳишининг ўзи бўлмаган. Қиз гарчи ўзи ўша қозонда қайнамаса-да, ички донишмандлик ила бу жилвалар тубанлик томошаси эканини англаган эди.
…Шунинг учунмиким: Татьянасига
Тангри бахш этмишдир кенг ақл билан
Исёнкор хаёлни, инодчи бошни.
Жонли иродани ва кенг қарашни…
Татьянанинг шу вақтга қадар яшаб келган соф, ички маънавий ҳаёти фақат Онегин туфайли илк бор юзага чиқади.
Пушкиннинг ўз ботинига ғарқ маъюс Татьянаси – ёввойи, одамсуймас, кулги-шодликлардан узоқ, хаёлпараст маъсума, унинг гўшаси – кимсасиз жойлар…
Бешикка беланган кунлардан буён,
Ўйчанлик бу қизга ўртоқ эди чин…
…Ёшликдан ёққанди унга романлар,
Романда унутди ҳар нимани ул;
…Оқ кўнгил ва содда эди отаси…
Қизининг бошида нақ тонгга қадар,
Ёстиқлар тагида китоблар ётар –
Бу ҳақда у сира чекмади қайғу.
Асарда киборлар дунёсининг завқи, тантанаси, ўйин-кулгилар, турфа турли хотин-халажларнинг ғамзаси борича тасвирланади. Англия ижодкорлари ишлаган “Онегин” фильмини кўрсангиз, беш-олти одам, жуда тор давра, лекин киборлар дунёсидаги мана шу завқ-шавқ, ўйин-кулги орасидаги тубанлик, меҳрсизлик, бузуқлик, ҳиссизлик, манфурлик бор қинғирлиги билан акс этган. Шеърий романда тасвирланган киборлар тўдаси ҳақидаги шоирнинг ҳукмига эътибор беринг:
Ҳаммани тутуриқсиз, пуч гап машғул этади;
Уларда ҳар нарса лоқайд ва сўлғун,
Ҳатто бўҳтонлари рангсиз ва юпун;
Пуч, қовжироқ гаплар, суриштиришлар
Ғийбатлар, жўйишлар, ҳар хил миш-мишлар,
Бутун кун чўзилсин ялт этмас фикр…
Толғин фикр кулмас: лоақал баъзан
Ҳазил-чун юраклар бир сесканмайдир,
Учрамас ҳатто кулгига арзигулик аҳмоқлик.
Учрамас ҳатто кулгига арзигулик аҳмоқлик! Кўнгил “кулгига арзигулик аҳмоқлик”ни қўмсаш даражасига келдими, энди унинг макони ЁЛҒИЗЛИК. Биргина шу мисрада нафақат Пушкину Лермонтовлар ёзғирган замоннинг қиёфасини кўрамиз, балки Ерда ўзича ғимирлаб юрган руҳсизликнинг ғарибдан ғариб аҳволи-да кўз ўнгимизда гавдаланади.
Ҳар бир гўзал ҳодиса ўз баҳосича бадал тўлайди. Пушкин ҳам, Лермонтов ҳам қаҳрамонлари каби ўз камолоти учун жуда катта товонга тушади. Дунё ўз қаричига сиғмаган орзулар учун сиздан аёвсиз ўч олади. Айбсиз орзулар увол кетган парвози ҳаққи хаёлпарастни жазолайди. Санъат асарининг умрини узайтирадиган ҳам ана шу мангу ҳақиқат, азалий дарддир. “Евгений Онегин” асари ўз даврида эътирозларга сабаб бўлган. Негаки, шоир қотиб қолган кўникмаларни синдиришга, азалий қолипларни бузишга ундайди. Мунаққид Булгарин “Пушкиннинг таланти тушиб кетган”, деб айюҳаннос солса, бошқаси “Асарнинг охирида на тўй бор, на жаноза”, дея айблайди. Кўриб турганингиздек, пушкину онегинлар, лермонтову печоринлар бор безориликларию кўргуликлари билан ҳам маҳдуд даврнинг чинакам қаҳрамони, асл одами – жавоҳири эдилар. “Евгений Онегин” асари бўлмаганда Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” романи ҳам ёзилмасди. Зиддиятли образ, бахтсизликлар дояси Печорин “Замон қаҳрамони!” деб мардонавор тан олинмасди. Ёки Гоголь рус воқелигини бу қадар теран ва аниқ тасвирлашга, “ҳазрати инсон” устидан аччиқдан-аччиқ кула олишга журъат топиши даргумон эди. Чунки рус адабиёти тарихида “Евгений Онегин” жамиятга аёвсиз нигоҳини қаратган, ижтимоий муаммоларни инсон тақдири мисолида очиб бера олган илк асардир.
“Ўзи бир пайтлар шалоқ, қартабоз тўдага қўрбоши, саёқ,
Букунларда эса ҳалим, ишонарли дўст ва ҳаттоки у энди ҳалол бир одам…”
Бу Зарецкий образига берилган таъриф. Асарни ўқиётганингизда мулойимгина, ўтмиши саёқлик билан ўтган бўлса-да, ҳозир ҳалоллик тўнини кийиб олган, дўмбоққина заминдор кўз олдингизга келади. Лекин “Онегин” фильмида Зарецкий образига аҳамият берсангиз: бир қароқчи, даҳшатли бир ёвуз одам. Фильм ижодкорлари Зарецкий образи орқали нафақат дуэл бошида турган шунчаки фосиқ, балки жоҳил муҳитнинг образини ярата олишган. Бемеҳр. Аёвсиз.
Евгений Онегин кимдир дуэлни тўхтатишини, шу отишма бўлмаслигини ич-ичидан хоҳлайди. Лекин Зарецкийнинг ғийбатчилигини, унинг қандай мавжудотлигини билгани боис бундай каслар қўним топган дунёда номи бадном бўлишини тушунгани учун ҳам дуэлга боради… Ўз муҳитидаги жаҳолатга қарши чиқолмайди, муҳит деди-дедисининг қурбони бўлади. Ҳаракат қилади, бироқ мана бу зарецкийлар, жамоат фикри айни фожиага олиб боради… Евгений Онегин кейин батамом ўзгаради. Татьянани илк бор учратгандаги худбин қалби қалб эмас. Энди у Татьянани кўради! Лекин буюк асарларда ҳаёт ҳақиқати акс этмасдан иложи йўқ: Татьяна – ўзганинг ёри.
Иккиси ҳам бир манзилга етганди. Ўйчан Татьянани танҳолик улғайтирган руҳи, хаёллари олиб келса, Онегинни ҳаётнинг тўфонлари суриб келади.
Танимоқ нима? Узоқ йиллар бир том остида яшашми? Йўқ. Танимоқ – фикр-туйғулар эврилишининг айни бир ўзанга қараб силжиши. Ҳақиқат шуки, Татьяна Онегинни таниганди. Хўш, Онегин-чи? У Татьянани танимасмиди? Нега унда содда шоир Ленскийга “Агар ўрнингда бўлганимда, синглисини эмас, опасини танлардим”, деб айтади? Онегин Татьянанинг туйғуси тўмтоқ ольгалардан ўзгачалигини, кўнгил одамини ботиний бир сезги ила излаб яшаш бу каби қизларнинг ёзуғи эканини фаҳмларди. Лекин йигит қалбини тўсиб қўйган турғун тушунчалар бу қиз ўзи учун ҳаёт-мамот қадар мунгли ҳақиқат эканини тан олишга йўл қўймайди. Йўқса, Онегин қиз идрокидаги фавқулоддаликни, маъсумиятни бир боқишдаёқ баҳолай олган. Шу сабаб ҳам машҳур маъшуқ йигит закий Татьянага бошқа аёлларга қараган каби муносабатда бўлишдан тийилади, қизнинг туйғуларини эрмак қилмайди.
Татьяна киборлар дунёсида… Гўё бир чексиз уммонда, шовқин-сурон муҳитда, биргина ўзи ҳеч кимга аҳамият бермасдан индамай сузиб юрибди. Бу риёкор дунё унга қизиқ эмас. Бу бойлик-ҳашам унга ёт-бегона…
Гўё туш кўргандек улар гапини
Татьяна тинглайди ҳиссиз, бепарво;
Ҳеч нима англамас: лекин сақлар у,
Бир сукут ичинда севикли – мангу
Кўнгил сирларини; улар бебаҳо…
У ҳамон ўша севгисининг асираси, ҳамон ўй-хаёлида Ўша – Онегини…
Туйғулар етовида юрган Татьянада эркаклар учун хавфли тузоқ – нозу-ишвадан мутлақ холи ростгўйлик бор эди. Шу учун ҳам муаллиф Пушкиннинг ўзи суюкли, маъюс Татьянанинг ошкора дардкашига айланади. Хаёлий қаҳрамонига уйғонган севгисини алам билан баралла изҳор қилади. Бу ғирром дунё, қолаверса, шўрлик қиз Тангри инояти деб билган Онегин ҳам ундаги самимиятга ҳеч арзимаслигини ўкинч ва йиғи билан таъкидлайди. Шоир жуда кечикиб англанган Татьянасига қадар ўзи ҳам ольгалар ошиғи бўлганини, энди улар йигит кўнглини зада қилганини тан олади.
Туби қора ўрага айланаёзган юракдаги мудроқ туйғуларни уйғотишга – муҳаббат ва олижанобликка, машъум зарецкийларни назарга илмайдиган руҳий эркинликка эришишга, қўлни қондан асрашга, инсонни ҳазрати инсон мақомига юксалтиришга Татьянанинг шаффоф меҳри қодир эди. Шу боис афсусу надоматларда ўртанган Онегин чўкаётган одам каби Татьянага интилади. Ундан қутқаришини, ўзини асраб қолишини ўтинади. … Лекин бу бир вақтлар рад этилган кўнгилнинг аламли тантанаси эмасди. Қасос ҳисси – олий қалб, мағрур Татьяна учун ёт тушунча. Бу кўргилик – Аёлнинг ҳеч измида бўлмаган қаттол қисмат қаҳри эди. Ўз вақтида қадрланмаган туйғулар, маъсум хаёлларда оқиб кетган гул ёшликнинг заволи Онегиндан шафқатсиз ўч олади.
Онегиндаги ҳамлетона ҳалокат – кўзнинг бемаҳал очилиши, оламу одамни оҳорсиз кўриш кайфияти Лермонтовда ижтимоий тус олиб кескинлашди – Печоринни туғдирди, Толстойда фалсафий моҳият касб этиб вазминлашди – Болконскийга кўчди, Чеховда умри увол зиёли инсоннинг ёлғизлиги бўлиб Астровда кўринди, Пастернакда ҳам замон, ҳам қалб фожиаси тимсолида Юрий Живаго драмасида яшади. Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири “Наҳот, изтиробда доим тафаккур” деб ҳануз фарёд қилаётгандек… Минг афсус, бу эр йигитларнинг АЁЛ иродасини мўрт қилувчи муҳаббати ҳеч кимга бахт келтирмаган…
Озурдажон Татьяна Ларина-чи? У ҳаётнинг лойқасига обдон чўмилган, даққи туйғулар шилимидан кўнгли зада бўлган бўйин бермас шоирнинг орзуси эди… Рус адабиёти тарихида сукут сақлаган қаҳрамон аёл – фақат Пушкиннинг Татьянаси бўлиб қолди. Буюк шоир нафақат ўз ижодида, балки шахсий ҳаётида ҳам аёл ор-номусини ўзи учун ҳаёт-мамот масаласи эканини исботлаган ШАХС эди. Жўмард Александрни дуэлга, ажал ёқасига етаклаган сарой найрангини эсланг. Яна бир ҳақиқат ҳам борки, эҳтимол, Татьяна “тўрт бурчак виждон”да – китобларда танҳодир, лекин муроса эвазига кун кўришга маҳкум турмушнинг закий ва қисматни бўйнига олган татьяналари бисёр…
Александр Сергеевич Пушкиннинг бошқа асарларида ўз-ўзини кашф этиш, жамики энг ардоқли, энг муқаддас тушунчаларга муносабат, инсон гўзаллигига чинакам эҳтиром бу даражада ёрқин намоён бўлмаган. “Евгений Онегин” ўз замонига сиғмаган, лекин ҳамма замонларнинг эрка фарзандига айланган шоир арзи ҳолидир.
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон