Иқбол Қўшшаева. Ерга қўнмайдиган қушлар…

Бир таскин илинжида оқаётган кунлар оқимидан маъно излайсан. Ҳаёт “силай-силай” ўзининг рафторига солаётган юрагингни кафтингга олиб томоша қилганда савол сизиб чиқади: хаёлларимни тўзғин, руҳимни сарсон кўйга чалинтирган илдиз қаерда?… “Офтоб чиқди оламга, югуриб бордим холамга” деб чопқиллаган болалигим кўздан ғойиб бўлишга қачон улгурганди?..
Ўн ёшда эдим… Қишнинг айни чилласи. Бувимнинг сўнгги кунлари. Кўргани бордик. Совуқдан дилдираб кирганча, даҳлизда тўхтаб қолдим. Деворда осиғлиқ радиодан чиқаётган қўшиқдаги дилгирлик юрак деворларига урилди:

… Фақат сизга этмовдим ошкор,
Сиз ёққансиз менга ҳамиша…

Туйғулар маҳобатига илк бор дуч келган бола аҳволини таcаввур қилаверинг. Сўзу оҳанг уйғунлиги исмсиз дард бўлиб вужуд бўйлаб кезинар (узоқ йиллар бу дард нима деб аталишини билмай юрдим), ич-ичимдан чиқаётган ўт бўғзимни ачиштирар, шўрнамо таъмни татийман… Ҳолимни билмай гарангман. Билганим шуки, бувим учун йиғламаяпман.

Ўйловдимки, юрак топишар,
Биздан кетгач сабру ихтиёр.
Фақат сизга этмовдим ошкор,
Сиз ёққансиз менга ҳамиша…

Болалик олислаб кетди. Лекин унинг ҳайқириқлари ҳамон ўртайди. “Сиз ёққансиз менга ҳамиша…” мутлақ номаълум дунё муждасини етказганди. Ҳам энтиктирувчи, ҳамда хавотирли. Ўз-ўзидан эртаклар тарк этди-қўйди.

…Дўстларига боқди у ҳайрон,
Дўстлар чиллак ўйнар берилиб,
Бола кўнгли бўлганча вайрон.
Бир зумгина қолди термулиб.

Шоирнинг “бола”си берилиб чиллак ўйнаётган дўстларига қанчалар ҳайрон боқса, мен эса ўқитувчи баҳоларига андармон болаларнинг ҳолига лол эдим. Ўшанда мен ҳам болалигимнинг сўнгги кунларини яшаётган эканман.

…Мен тақдирдан ҳеч нолимайман,
Гар алмашди шомга тонгимни…

Сўнгра телевизордан эшитиб қолдим. Радиодан тинглаган қўшиғимни жуда эслатарди. Бунда ҳам таниш ҳузунни туйдим. Иккиланиш йилт этиб ўтди: ўша қўшиқнинг ўзи эмасмикан? Йўқ-йўқ, “Ёмғир ёғди майда-майдалаб…” деяпти-ку. Сониялар ичида билдимки, иккаласини ҳам битта одам ижро этган экан. Хонанданинг ўзи ҳам қўшиғи каби юракка яқин, истараси иссиқ, қўшиққа монанд ҳиссиётлар юз-кўзида қалқиб турарди. Ҳамма-ҳаммасида: сўзда ҳам, куйда ҳам, ижрода ҳам дарди тиниқликни, кўнгил яхлитлигини ҳис қиласан. Кейинчалик Усмон аканинг суҳбатида ўқидим: “Шахси бўлак, ижоди бўлак одам бўлмайди. Иккаласи ҳам яхлит, бутун бўлгандагина катта адабиёт юзага келади. Ижоди ўзидан баланд деган фикр бўлмаган гап!”. Шоир Усмон Азим, композитор Дилором Омонуллаева, хонанда Кумуш Раззоқова ҳамкорлигида дунёга келган ҳар бир дурдона бу фикрда қай даражада жон борлигини тасдиқлайди, деб ўйлайман.
Кузатишимча, уч санъаткор ҳам замонанинг, орсиз муқомларига йўрғалаб кетишгани йўқ. Мусиқада кўнгил тафтини, юрак тебранишларини, аллақандай машъумликни ҳам сезасан. Куйга кайфияти кўчган ёмғир томчисининг саси юракни тилимлар, фақат аёл кечинмаси бўлиб қулоққа кирарди. Ундаги изтиробнинг асл ўзани эркак кишининг юраги эканини тасаввур ҳам қилолмасдим. Кейинчалик ўқидимки, шеърнинг гўзал бир банди – мағзи қўшиққа сиғмай қолган экан:

…Менинг сарсон умримга ойдин
Ривож тилаб у чекди фиғон.
Оёғини тавоф қилдим мен –
Дунёда энг омадсиз ўғлон.

…Ўшанда Кумушхоним концертини уйдагилар билан тинглаётгандик. Дадам айтиб қолдилар: – Курсдошимнинг шеърларини қўшиқ қилибди. Усмонники… Усмон Азим ёзган.
– Уйда китоби борми?
– Ҳа бор… “Сурат парчалари”.

***

… “Мусиқа! Измингга тушганлар хордир – Ҳамма пинҳон дардни ошкор этди куй.” Ўша илк таассуротим: “Сиз ёққансиз менга ҳамиша…” ҳайратини эслаб “Мусиқа – қўшиқ нафақат пинҳон дардни ошкор қиларкан, балки у чекилиши керак бўлган дард, келажак ҳақида ҳам башорат қиларкан”, деган ўй йилт этиб хаёлдан ўтган дам бўлди. Лекин бу кайфиятнинг лаҳзалик андармони эди. Инсоннинг тутқич бермас туйғуларидан, оний сезимларидан, ички дунёсининг пўртаналаридан, тилга кўчмас иқрорларидан, истиғфоридан, ўзгарувчан руҳиятидан, тавбасининг титроғидан дарднинг асл сувратини илғаш ва уни муҳрлаш истеъдод тийнатининг негизи эмасми? Фақат санъаткоргина сен тилга кўчиролмаган дардни айтишга, юракнинг туб-тубида кўмилиб ётган, ўзинг-да чўчийдиган ҳиссиётларинг­га ном топиб, оломон кўзига тик қарашга журъат эта олади.

***

1995 йил кузининг адоғи. Тошкентдан келган дадам: “бу– сенга”, деб қўлимга қалингина нафармон тусли китобни тутқаздилар: “Усмон Азим. Сайланма”. Ўн етти йил бўлибди. Ҳамроҳим, сирдошим, ҳас­ратдошим каби азиз…
“– Айбсизлигим – бир ўлимга тенг, Мен учун ҳам жаллод дор қургин, Ҳамма гуноҳ қилди – кўрдим мен, Ҳамма гуноҳ қилди – жим турдим…”;
“Бу қиз бир сўмга ҳам қилади муқом… “Тўхта!..”, деб қичқирмас бирор-бир эркак!”;
“Эрк истама дунёдан, Эркни ўзингдан сўра… Эрк – манзилмас, Эрк – йўлдир”;
“…Жондир иссиқ уйга чўчиб чекинган, Изғирин қаърига ҳайдалган виждон.”;
“Майда ташвишларда майдаландим мен – Минг тараф югурди мингта бўлагим.”;
“Ўзимни минг марта қатл айладим, Минг марта ўзимга ҳадя этдим жон”;
“Тўлғанур, ингранур ярадор ишонч…”;
“Фақат Тангрим кечир, бандаларингдан Мангу саволларга изладим жавоб” …мисралар қаъридан чиқиб келаётган фикрлар туғёни йиллардирки таъқиб этади, ҳамма қатори шоду хуррам яшашга халал беради.
“Ҳаёт қўшиғи”. Бу шеърнинг туб моҳиятига, нега бу “Икки дарахт” ҳақидаги шеър айнан “Ҳаёт қўшиғи” деб аталганининг фаҳмига етмаганман. Йўқ, билардим, умуман севги ҳақида-да, деб. Лекин ундаги изтироб залварини, айрилиқни, армонни туйиш, лирик қаҳрамон дардига етиб бориш ва кўнгил аршигача юксалиш учун бироз вақт керак бўлди. Ниҳоят бор сирини шамолларгагина инонган одамни танигандай бўлдим – улғайган кўнгил, кечиккан туйғулар ҳасратининг, чорасизликнинг етук бадиий тасвири…

…Шамолларга дилим ёрдим,
Гул-япроқлар тилида.
Ел кафтида олиб келган
Ҳар шивиринг дилимда…
…Ерга боғлаб қўйилганман,
Илдизим ер остида.
Кечалари шовуллайман,
Боқиб бўйи-бастингга.

Энди қоработирлар йўқ. “Қора ботир” – сенинг тақдиринг, илдизинг – жондан азиз зурриёдинг. Ундан узилолмайсан. Ё, худо­йим-ей! Икки танҳо тақдир, бирга бўлиши асло мумкин бўлмаган айро қисмат сувратини истеъдод бу қадар ҳассос­лик билан аниқ чизмаса! Бир-бири томон қадам босишнинг ҳеч иложи йўқ. Оёқ-қўл ернинг зангори иплари билан чирмаб ташланган. Ягона таскин: сенинг сочларингни тўзғитаётган ел, айни чоғда унинг-да сочларини силаётганини кечинасан, осмон томчиларига иккинг-да титрайсан… Лекин яшаш керак, ҳаёт – бу, баҳор баҳорлигини кўрсатади, табиат ўз ишини қилади. Сен ҳам ер олдидаги бурчингни бажаришинг зарур… “Икки дарахт” – мангу ҳиж­роннинг ниҳоятда маъсум рамзи. Тутқунликдаги қалбнинг армонли суврати…

Боғ қўйнида икки дарахт –
Бир-бирига интизор.
Сен – бир дарахт,
Мен – бир дарахт,
Куйиб-куйиб ўтдик ёр.

Бу шеър “Фақат сизга айтмовдим ошкор, Сиз ёққансиз менга ҳамиша…”нинг давоми каби… Ўз соҳибига ета олмаган туйғулар бора-бора коваклари мўл сабр дарахтига айланиши табиий. Аслини олганда Усмон Азим шеъриятининг ўзи ҳаёт ҳақидаги қўшиқлардир. Хоҳ шоир Ойбек ҳақида бўлсин, хоҳ афсонавий футболчи Гарринчага бағишланган бўлсин. Ҳар бири ҳаёт ҳақида ўйлатади. Шоир ўзининг ортидан эргаштириб, сизни ҳам шу ҳақиқатга олиб келади:

…Даҳо мағлублиги, о, мудом катта
– Ғалабалар унут бўлади бирдан.

Шоирнинг-да йиғиси томоғингга тиқилади: “Ҳаёт гувиллади. Айланди бошим, Панжаларим аро бахт елдай оқди…” Оқиб кетаётган бахтни олиб қолмоқ учун кўксингни тутасан, лекин у ғалвирга айланган… Хаёл – хаёлда, унинг кучи ҳаётга етармиди?! Ҳечқурса, ўзинг турган нуқтадан ниҳоят олис бир ерда, олислаб кетган тақдирнинг зарбаларини оғанг дарди мисол юрагингга олиб кирасан, номини илк бор кўриб турганинг бу фожеий шахс сен учун ўзга эмас, у энди жигаринг… Хаёл шу ердагина ҳақиқатга айланади. Ҳа, Гарринча деган шахсга илк бор “Сайланма”да дуч келгандим.
“Бахт ва шодлик куйчиси”, “Нафис туйғулар тараннуми”, “Майин ҳиссиёлар таровати”, “Меҳр шеърияти”(демак, “қаҳр шеърияти” ҳам бўлса керак-да!), “Меҳр булоғидан томчилар”, “Гўзалликка ошуфта шоир”, “Юрт васфида куйлаган шоир” каби таърифу тавсифларга тез-тез дуч келамиз. “Ий-е, шоир гўзалликни тараннум қилса, меҳр-муҳаббатни куйласа, юртини мадҳ этса ёмонми?”, дерсиз. Йўқ, ёмон эмас, азизим. Лекин сиз алқаётган ўша майин ҳиссиётлару “меҳр шеърияти” биродарингизга нисбатан дардкашлик уйғота олдими? “Эй одам, сен инсонсан, бир бандалигингни унутма”, деб огоҳлантира олишга ниҳоятда “ингичкалик” қилмасмикан? Мудраётган туйғуларни уйғотмаса, бу жимжималар на даркор?! Гўзаллик ўзининг қиёфасини руҳнинг тўлқинларида, қисмат зуҳур этган юракнинг мавжларида, дарднинг теранлашишида кўрсатмайдими? “Гўзалликка ошуфта кў­нгул” фақат сувнинг шилдир-шилдир оқишига маҳлиё бўлса-ю, унинг оқимида ўз умри тасвирини ё ҳаётнинг қай бир манзарасини кўрмаса, бу сув унга неларнидир эслатмаса, нигоҳни эшик ортидаги ҳаётга қаратмаса, ё Яратганнинг қудратига келтирган чин иймони сезилмаса, ҳар қанча тараннум этмасин унинг “ватани” ҳувиллаб қолаверади. Энди “Бахшиёна” китобидаги шоир бизга танитган ватанини тингланг:

…Чинорларга хассан, дедим,
Осмонларга пастсан дедим,
Юлдузларни қўлда тутиб,
Тутганим йўқ – мастсан, дедим.
Тоғ устига чиқдим мастон,
Кўз олдимда Ўзбекистон.
Йиғлайвердим, йиғлайвердим,
Дедим: илоё бўл омон.
Кўз ёшга арзир – сен, дедим
Қувончга арзир – сен, дедим
Бу бошим дунёга арзир,
Шу бошга арзир – сен, дедим,
Юрагим мағзи – сен, дедим,
Отамдан мерос қолгансан,
Боламдан қарзим – сен, дедим.

… Дунёнинг яна бир яраси бор. Фарзанди ҳаётидаги кемтикликларга ота-она худди ўзини айбдордек, боласи кўзидаги аламни кўксига санчилган бир тиғ деб билади. Фарзандларга хос худбинлик ҳам шундаки, улар ҳам айбни, зарблар илдизини беихтиёр ота-онанинг яраларидан излашади. Шу боис ҳам ҳар бир тирик вужуд, адашишга маҳкум, ўзини қурбон қилишга қодир банда йўқки, бу шеърни ўқиганда юраги бир истиғфорга келмаса. Ота ёки она нигоҳидаги ўз вақтида уқилмаган, ўзи-да боласига тушунтиролмаган ўтинч уни ўртайди:

…Эрка болам, кечир мени,
Оқсуягим,
Мурувват қил!
Тошли-тошли бу дунёда
Майсадай хор
Яшадим, бил.
Тошлар билан кураш тушдим –
Кураш бекор
Кетмагандир,
Қолган бўлса бирор зил тош,
Болам, кучим
Етмагандир…

Тан олайлик: яхшидир-ёмондир, каттадир-кичикдир, фожеийдир-кулгилидир, ҳар бир банда ичида ношуд Анучкин яшайди. Ҳа, “агар отам вақтида орқачамга шапатилаб-шапатилаб урганда эди, француз тилини, албатта, ўрганардим”, деб йиғламсираган жаноб Гоголнинг Анучкини.
Шоир ким? У – ғаввос. Инсон юраги эса мисоли бир денгиз, дард эса мана шу денгиз қаъридаги дуру жавоҳир. Буюк ғаввос билади: юракни кўнгил мавқеига кўтарган айнан пинҳона дардлар – кўздан яширин жавоҳирлар эканини. Улкан балиқ фақат Буюк балиқчи қармоғига илиниши мумкин бўлгандай, истеъдоднинг қиймати ҳам ундаги изтироб салмоғи билан ўлчанади.

Кенг дунёнинг торлигин ҳам билдим.
Куйласанг, ҳақ ёрлигин ҳам билдим…
Қафасда куйлаш борлигин билгандим –
Куйлашда қафас борлигин ҳам билдим.

“Куйлашда қафас борлигин ҳам билдим.” Бу ҳақиқат мавлоно Румийнинг “Зиндонлар ичида энг машъуми бошдаги зиндонлардир” огоҳини эслатади. Бу тўхтамга келиш учун бир-икки чақирим бўлса-да йўл юриш, деворлар билан тўқнашиш жоиз экан. Йўл бошида турган, чорраҳада гандираклаётган ё манзилини унутган одам буни тушунмайди. Эҳтимол, бир умр тушунолмай ўтиб кетар. Балки куйлашдаги – фикрлашдаги “қафас”ни бир фазилат санаб, фақат сип-синалган теп-текис йўллардан майда-майда одимлашни фарз билар. Ё шундоқ туғилдим – шундоқ ўлурман туридан бўлса-чи? Озодлик, ҳуррият, орият, номус, эътиқод, каби тушунчалар “Саратонда бўйинбоққа қул бўлган”лар учун “шиғир”ига ёки нутқига зеб бериб турадиган бир гажак эмасми? Қафасларнинг номи, шакл-шамойили кўп. Бироқ Усмон Азим ижодининг асосий хусусияти, назаримда, хоҳ у муҳаббат ҳақида бўлсин, хоҳ “Бахшиёна” туркумидан, хоҳ Ватан мавзусида бўлсин айнан куйлашдаги қафасга бир исёндир.
Истеъдод ўз даври руҳига, замонаси эҳтиёжларига хирож тўлайди. Қай йўсинда бўлмасин жамият эври­лишларига, воқеликка Санъаткор ўзининг муносабатини билдиради. Лекин камдан-ками Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достони, Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”си, Борис Пастернакнинг “Доктор Живаго” романи, Антон Чеховнинг “Олтинчи палата”си, Чарли Чаплиннинг “Диктатор”и, Федерико Феллинининг “Оркестр репетицияси” фильмлари ё Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам” ҳикояси каби ҳодисага айлана олади. Чунки, воқеликка, айниқса, ўзинг қўним топган жамиятдаги эврилишларга муносабатнинг қалтислиги шундаки, қаламкаш қай илинжда – пўкак орзулар қутқусида қалам ушлаганини фош этиб қўяди. Асар тақдирини муаллифнинг мажруҳ нияти абгор қилади. Адабиётимизда ўтмиш устидан ёзғириш анъанасининг тамал тоши ўтган аср бошларидаёқ қў­йилган. Бугун ҳам шу анъанага содиқ қолганча, қалам тебратаётган ижодкорлар талайгина. Шўро даври кирдикорларини фош қилиб ташлайдиган, собиқ тузумдан ёзғирадиган қатор достонлар, пьесалар, туркум-туркум шеърлар, фильм-сценарийлари ёзилди ва ёзиляпти. Ҳатто мустақилликнинг тус фарзанди ўспирин қизалоқ ҳам аскармонанд устоз­ларидан улгу олганча ўтган аср жафолари ҳақида ёниб-куйиб ёзяпти. Ҳолбуки, тиллари бийрон, хатлари равон қурбонойларга мўйловли амакининг қизи билан тушган расмини кўрсатгудек бўлсангиз “вой, грузинга ўхшаркан-а”, деб қолиши ҳеч гап эмас…

Ҳайкал, – дедим, –
сен кўрсатган томонга бориб келдим.
Ҳеч нарса йўқ.
Қўлингни туширавер энди.
Қўлини туширишдан уялиб,
Жим тураверди ҳайкал…

Мана – даврга, ўзи яшаб ўтган умрга муносабат. Саробга айланган ишончнинг бўялмаган-бежалмаган ифодаси. Мана шу мўъжазгина фикрда алданган авлодларнинг яраланган ихлоси, қарийб бир асрга яқин ёлғон тарихнинг қисмати ётади… “Ҳайкал” кўрсатган томонга борди, унга инонди, эргашди… Ишончидан тонаётгани, даққиюнусдан қолган иддаолар билан ўтмиш билан бугунни чўқиштираётгани йўқ. “Ҳайкал”га лаънатлар ҳам ўқилган эмас, фақат қўлингни туширавер энди, бари тугади… уялаётган аянч “ҳайкал”га нисбатан алданган шоирнинг зардасини эмас, ачинишини пайқайсан. Ўйлаб қаралса, машъумлик “ғазаб”дан кўра “ачиниш” ҳиссида чуқурлашмайдими?!

***

2012 йил, 27 март. Миллий университетнинг филология факультетида шоир билан учрашув бўлди. Табиати театр дунёсига анча яқин эмасми, ўзини аудиторияга тақдим этишнинг ҳадиси ҳам профессионал даражада. Ҳеч “хол” қўйиб қўйиш, “этагидан ма-а-ҳҳ-кам ушлаган” устозининг садоқатли шогирди каби “шонли йўл”лардан серҳаяжон ҳикоялар, қони қайноқ ёшларнинг энсасини қотирар пуштиранг гаплар йўқ. Жуда эрта улғайиб қолган тенгқурингни тинглагандек тинглайсан. Мутойиба билан йўғрилган фикрлар вақтнинг қандай ўтганини сездирмади ҳам. Шоир ўзидаги эркинликни ва эркаликни суҳбатдошларига ҳам юқтира оларди. Унинг табиатидаги чапанилик ясама сипога йўл қўймасди. Шоирнинг хатти-ҳаракатлари, гап-сўзлари баъзида олифталик сиёҳи бўлиб кўринар. Лекин буларнинг бари қарам бўлмаган одамнинг мағрурлиги, истеъдоднинг ўзига ишончи. Келинг, ўзимни қийнамай, барибир, Анна Ахматовадан ўтказиб бир нима дея олмайман: “Жаҳонда биздан кўра йиғлоқироқ, биздан кўра такаббурроқ ва биздан кўра соддароқ одам йўқ”. Ғарибнинг кибридан Худо асрасин!
Учрашувда айрим талабалар шоирнинг шеър ўқишини пародия қилган бўлишди. Ҳа, пародия – ўхшамаган тақлид. Уларнинг чиқишларига нисбатан шоирнинг на сўзида, на юзида зарра ишора кўринди. Жуда бепарво. Менинг ичимни “қўйгин, тақлид қилиб ўзингни қийнама, илтимос, шоирнинг ўзингникига айланган шеърини ўзинг бўлиб ўқи”, деган истак тирнарди.
Ўзингникига айланган шеър… Муҳаббатга айланган нигоҳнинг изтироби каби юрагингга ўз муҳрини боса оладиган шеър камёб ҳодиса. Йиллар аёвсизлик билан ҳайратларингни инкор этиб бораверади… бораверади… Кечаги шоиринг бугун учун ўтмиш, севгинг эса бир туш. Мана шу вафосизликдан бир амаллаб омон чиқаётган нола умрнинг ҳар бир чиғириғида, ҳаётнинг кутилмаган бурилишларида, туйғуларнинг турфа онида кўнглингга шўнғиганча, руҳингда изғиётган бедорлик сувратини борича чизиб бера олар экан:

Илтижо этаман – қуш қилиб ярат,
Тангрим, учмоқликка қанот бер, қанот.
Кўнглимга, кўзимга бепарво қараб,
Мени ер қаърига тортмоқда ҳаёт.
Шаффоф шиддатини дунёга ёйиб,
Шамолли йўлларим узлатга кетди.
Ботиб бораяпман ерга…
Худойим!
Ҳаётнинг қуйқаси бўйнимга етди.
Ерга ботаяпман… Бу тавқи лаънат –
Кенг дунё дегани шунча тормикан?
Тангрим!
Ёлвораман –
Қуш қилиб ярат…
Ерга қўнмайдиган қушлар бормикан?

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 3-сон