Уильям Шекспир (William Shakespeare) 1564 йилда Англиянинг Уоppикшир графлиги ҳудудидаги Эвон дарёси устида жойлашган Стрэтфорд шаҳарчасида қўлқопсоз косиб Жон Шекспир оиласида дунёга келди. Бу ҳақда маълумот Стрэтфорддаги Авлиё Троица черковининг қайднома китобида зикр қилинган. Адибнинг болалиги ва ёшлиги ҳақида тўлароқ маълумот берувчи бошқа бирон манба мавжуд эмас. Таниқли ношир ва олим Жорж Стивенс Шекспир вафотидан юз эллик йил сўнг унинг ҳаёти ҳақида тўплаган маълумотларга таяниб қуйидагича ёзган эди: “Шекспир ҳақида бор билганимиз қўйидагилар бўлди. У Стрэтфорд шаҳарчасида дунёга келган. Ўша ерда улғайиб, ўн саккиз ёшида қўшни фермер қизига уйланган, фарзандлари бўлган. Сўнгра Лондонга кетган, аввалига актёр, кейин ёзувчи бўлган, қатор поэмалар ва театр учун пьесалар ёзган. Ва ниҳоят Стрэтфордга қайтиб, сўнгги васиятини ёзган ва ўша ерда вафот этган”[1]. Шунга қарамай, шекспиршунос олимлар ўтган 350 йил бадалида адиб меросини тинимсиз ўргандилар, архив ва театр музейларидан янги-янги ҳужжатлар топиб, унинг таржимаи ҳолини бойитишга муваффақ бўлишди.
Уилям Шекспир болалигидан Стрэтфорд шаҳридаги Грамматика мактаби[2]га қатнаб саводини чиқаради. Бироқ унга грамматика мактабини тугаллаш насиб қилмайди. 1578 йилга келиб Шекспирнинг отаси Жоннинг ишлари касодга учрайди ва оилани боқиш қийинлашади. Ёш Уильям ҳам мактабни саккизинчи синфдан ташлаб, отаси ёнида ишлашга мажбур бўлади. Шекспир биографлари унинг то 1585 йилгача кечган ҳаётини турлича талқин қиладилар. Масалан, Кэролайн Сперджен, Жон Обри, Томас Плюм, Жон Уилсон, Никола Раулар фикрини умумлаштирадиган бўлсак, Шекспир ўспирин пайтида кўпроқ табиат қўйнида вақтини ўтказган. Ҳатто қўшниси дворян Томас Люси ўрмонида ўғринча ов қилган, пул топиб, кўнгилхушлик билан машғул бўлган. Ҳаётда эркин ва бирмунча уддабурон бўлган Шекспир ҳатто қўшни қишлоқда яшовчи дворян Ричард Хетеуэйнинг ўзидан саккиз ёш катта қизи Энн Хетеуэй билан ишқий роман юритади. Оқибатда ҳомиладор бўлиб қолган йигирма олти яшар Энн билан ўн саккиз ёшли Уильямнинг 1582 йилнинг 27 ноябрида никоҳ тўйлари бўлиб ўтади. Шундан кейин 1583 йилнинг май ойида уларнинг қизи Сьюзен, 1585 йилда эса эгизак фарзандлари Амнет (ёки Гамнет) ва Жудита дунёга келади. Шекспиршунос Никола Раунинг ёзишича, ёш Уильям ва қўшни феодал Томас Люси ўртасидаги можаро бу йилларда ҳам давом этган, ўз ўрмонида ўғринча ов қилгани учун сэр Люси уни бир неча бор жазолаган. Ахир оқибат Шекспир 1585-1586 йиллар орасида иш ахтариб Лондонга кетади. Яна бир шекспиршунос Жон Обрининг ёзишича Шекспир то 1586 йилгача Стрэтфордга яқин бўлган Глостершир графлигига қарашли Костуолд қишлоғида ўқитувчилик қилган. Олимларнинг бу каби бошқа мазмунли маълумотларини ҳам Шекспир ҳаётномаларида учратишимиз мумкин[3]. Нима бўлса ҳам Шекспирнинг болалик ва ўспиринлик йиллари Англиянинг тарихий воқеаларга бой даврига, мамлакатда қиролича Елизавета ҳукмронлик қилган йилларга тўғри келади.
Хуллас, 1587 йилда Шекспир Лондонга келаркан, гуманизм ғояларини тарғиб қилаётган фалсафа, адабиёт ва театр арбоблари даврасига келиб қўшилади. Инглиз адабиёти тарихи билимдонлари профессорлар Г.В. Аникин ва Н.П Михальскаяларнинг таъкидлашларича, Шекспир 1587-1593 йиллар Лондон театрларида актёр сифатида фаолият кўрсатаркан, томошабинлар орасида шуҳрат қозонолмаган.[4] У 1593 йилдан машҳур актёр ва режиссёр Ричард Бербедж “Театр”ида аввало актёр, сўнг режиссёр ва драматург сифатида фаолият кўрсатган. Шекспир 1599 йилдан Лондонда янги қурилган “Глобус” театрида пайчи (улуш олувчи) ҳисобланган ва саҳна учун драмалар ёзган. Шундай қилиб Шекспирнинг номи 1593 йилдан драматурглар сафида пайдо бўлади ва тез фурсат орасида шуҳрат қозонади.
Бу йилларда Шекспир қиролича Элизавета саройи зодагонларидан бўлган ёш граф Саутгемптон билан яқиндан дўстлашади. Сабаби, Шекспир граф Саутгемптонга ўзининг илк поэмалари “Венера ва Адонис” (1593) вa “Лукреция” (1594)ни бағишлаган эди. Ҳар иккала поэманинг титул варағида “Барон Тичфильд, граф Саутгемптон, Хенри Рисли олий ҳазратларига… Сизнинг каминаи қулингиз Уильям Шекспир” мазмунидаги бағишловни ўқиш мумкин. Нафсиламр қиролича Элизавета ва унинг саройидаги мўътабар зодагонларга муаллифларнинг ўз асарларини бағишлашлари у даврда одат тусига кирган бўлиб, бунинг эвазига ул номдор аъёнлар қаламкашларга мукофотлар беришган, нафақалар тайинлашган, қолаверса, уларни ўз ҳимояларига олганлар. Шекспир ҳам дўсти граф Саутгемптон ҳимоясига ўтгач, эмин-эркин ижод қилади, ҳаёти ва адабий фаолияти гуллаб-яшнайди.
Уильям Шекспир ҳаммаси бўлиб ўн тўққиз йил ижод қилди. У 1593-1612 йиллар орасида икки поэма, 154 та сонет ва 37 та пьеса ёзди. Адиб 1612 йилда театр ва драматургия билан хайрлашиб, туғилиб ўсган она шаҳри Стрэтфордга қайтиб келади. У ерда тўрт йил тинч ҳаёт кечириб, 1616 йилнинг 23 апрелида 52 ёшида бу дунё билан хайрлашади.
Шекспир меросини олимлар уч даврга бўлиб ўрганадилар. Биринчи даврга адибнинг 1591-1601 йилларда ёзган “Венера ва Адонис”, “Лукреция” поэмалари, сонетлари ва тарихий хроникалари киради. Шунингдек Шекспир бу даврда ўзининг “Тит Андроник” (1594), “Ромео ва Жульетта” (1595), “Юлий Цезар” (1599) фожиаларини, “Қийиқ қизнинг қуйилиши” (1594), “Ёз оқшомидаги туш” (1594-1595), “Венециялик савдогар” (1595), “Виндзорлик нозанинлар” (1597), “Йўқ нарсадан бир талай ғавғо” (1598-1599), “Бу сизга ёқадими” (1599-1600), “Ўн иккинчи кеча ёки турфа ҳангомалар” (1690) номли комедияларини ҳам ёзади.
Адиб ижодининг иккинчи даврига унинг 1601-1608 йилларда яратган машҳур трагедия ва комедиялари киради. Улар “Ҳамлет” (1600-1601), “Отелло” (1604), “Қирол Лир” (1605-1606), “Макбет” (1606), “Антоний ва Клеопатра” (1607), “Кориолан” (1608), “Афиналик Тимон” (1608) фожиаларидир.
Шекспир ижодининг учинчи даврига мансуб асар “Перикл” (Periclus) 1608-1612 йилларда ёзилган, “Цембелин” (1609-1610), “Қиш эртаги” (1610-1611), “Бўрон” (1611) трагикомедиялари ҳисобланади.
Таъкидлаганимиз, XVI аср инглиз ренессанс шоирлари ижодида сонет жанри етакчи ўрин тутади. Шекспирнинг “Сонетлар” тўплами илк бор 1609 йилда нашр қилинади. Аслида муаллиф уларни 1592-1598 йиллар орасида ёзган эди. Сонетлар мазмунидаги фалсафий теранлик, лиризм устуворлиги, кўтаринки кайфият ва мусиқавийлик ўқувчини ўзига ром этади. Лирик қаҳрамон, яъни шоир ўзининг сарвқомат, келишган дўсти жаноб W.Н. га садоқатини ва қора сочли, буғдойранг юз хоним (the Dark Lady) га муҳаббатини ошкора баён айлайди. Қизиғи шундаки, “Сонетлар” китобининг титул варағидаги “Ушбу сонетларнинг ёзилишига асосий сабабчи бўлган сирли дўстим жаноб W.Н. га бахт-саодат ва узоқ умр тилайман,” деган ёзувнинг ечими устида шекспиршунослар то ҳозирга қадар бош қотирадилар. Шоирнинг сир тутган садоқатли дўсти ким бўлгану, таъриф қилинган маҳбубаси “қорасоч буғдойранг юзли хоним” ким эди. Дарвоқе, Шекспир сонетлари ҳақида юзлаб мақола ва тадқиқотлар яратилган, Гёте, Вордсворд, Оскар Уайлд каби сўз усталари уларни таҳлил қилганлар. Бироқ улардан биронтаси ҳам шоир пинҳон тутган қадрдон дўсти W.Н.нинг, ёхуд кўнгли мойил бўлган буғдойранг юзли хонимнинг ҳаққоний исм-шарифини аниқ айтолмаган.
Шекспиршунослар адиб сонетларини асосан икки қисмга бўлиб талқин қилишади. Биринчи қисмга 1-дан то 126-га қадар, яъни муаллифнинг “сирли дўсти”га бағишлаган сонетлари, иккинчи қисмга эса 128-152 гача яъни “қорасоч, буғдой ранг юз хоним”га бағишланган сонетлари киритилади. Хуллас, олимларнинг кўпчилиги биринчи қисмга мансуб сонетларида Шекспир ўзининг яқин дўсти ва ҳомийси граф Саутгемптонни таърифлаган дейишса, бошқалари шоирнинг кенжа замондоши граф Уильям Ҳерберт (W.Н. – бу ҳарфлар инглизчада унинг исми шарифига мос тушади – М.Х.) мадҳ этилганини исботлашга ҳаракат қилишади. Нима бўлганда ҳам сонетларда тасвирланган ёш, хушқомат ва малласочли истараси иссиқ бу йигит шоир кўнглига яқин бўлгани очиқ сезилиб туради. Сонетларда таърифланганидек шоир маълум бир вақт хуштаъб йигитдан йироқлашиб, “қора соч, буғдой ранг юз хоним”га эргашади, йигит эса нописанда қиёфада ўзга шоирлар мажлисига йўл олади. Ниҳоят қора соч аёлга муҳаббати сўнган (139 сонет) шоир кўнгли сарвқомат дўсти, малласоч йигитни қўмсайди, рашк ила севгилисига тавозе билан мурожаат қилади:
Феълингда пинҳонки ноҳақлик, ёлғон,–
Оқламоққа мажбур қилмоғинг бекор.
Ундан кўра синдир кучни куч билан,
Макр ила сен мени этма ярадор.
Ўзгани сев, аммо учрашган замон
Кўзларингни мендан олиб қочма ҳеч.
Ишқинг сақлагувчи кўксим беқалқон
Киприкларинг гарчи яланғоч қилич.
Кўзларинг қудрати ўзингга аён,
Мендан нигоҳингни узиб, оқибат –
Ўзгаларнинг кўксин оларсан нишон,
Ки менга кўрсатмоқ бўларсан шафқат.
О, шафқатингни қўй! Нигоҳинг майли
Ўлдирса ўлдирсин ишқим туфайли.
(Русчадан Ю.Шомансур таржимаси)
Оқибатда шоир севгисига номуносиб бўлган бевафо ва енгилтак қорасоч хонимни рад этиб, ўзининг қадрдон дўстига бўлган садоқатини ундан устун қўяди. Икки сирдош дўст яна бирга бўлади, аввалги пинҳона муносабатларини қайта тиклайди. Хулоса қилиб айтганда, Шекспир сонетларининг аксари қисми мазмунан лирик қаҳрамоннинг муҳаббат йўлидаги иқрорини, таъбир жоиз бўлса, тоат ибодатини мадҳ этади. Лирик қаҳрамон қалбида жўш ураётган ишқ туйғулари унинг маънавий қиёфаси ва жамиятга муносабати билан уйгунлашган ҳолатда тасвирланади. Шекспир сонетлари ab ab сd cd ef ef gg тарзида қофияланган бўлиб, уларда мисраларнинг метафора ва афоризмларга бойлиги, фалсафий маънонинг устуворлиги кўриниб туради.
Шекспир сонетларини рус тилига шоир-таржимон С.Я.Маршак зўр маҳорат билан ўгирган бўлса, ушбу русча таржимадан ўзбек тилига Мақсуд Шайзода ва Юсуф Шомансур таржима қилганлар. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол шоир сонетларини бевосита инглизчадан ўзбек тилига таржима қилиб, алоҳида китоб холида нашр эттирди.
Шекспир ижодининг дастлабки даврида тарихий хроникалари билан бирга ўзининг қувноқ комедияларини ҳам яратди. Адиб комедияларининг қаҳрамонлари ҳаётдан завқ ола биладиган, турмушда ҳаракатчан ва қувноқ кишилар бўлиб, улар ўз тақдири ва келажагини ўз қўли билан яратишга қодир, гуманистик дунёқарашга мойил одамлардир. Масалан, “Ёз оқшомидаги туш” (1594-1595) комедиясида адиб итальян драматургиясидаги “ниқобли комедия” жанри анъаналарини давом эттиради. Пьесадаги воқеалар табиат қўйнида севишган ёшларнинг пинҳона учрашувларини тасвирлаш билан ўтади. Ёшлар ота-она ҳукми билан эмас, балки ҳақиқий муҳаббат ила турмуш қуришга ҳаракат қиладилар. Уларнинг ишқий учрашувларида юзларига тутиб олган ниқоб ҳимоя воситасини бажаради. “Ўн иккинчи кеча” (1600) комедиясида яна севги мавзусига мурожаат қиларкан, муаллиф ишқ-муҳаббат йўлида дадил олға юриш қилган янги замон-ренессанс даври ёшлари қиёфасини яратади.
“Венециялик савдогар” (1595) комедиясида эса Шекспир ишқ-муҳаббат мавзусидан четга чиқади. Асар мазмунида икки бир-бирига қарама-қарши дунё: гўзаллик, биродарлик, бағрикенглик, олийжаноблик ҳиссиётлари эгалари (Антонио ва унинг дўстлари Бассанио, Порция, Нерисса, Жессика) ва мол-дунёга ўч, хасис, худбин (Шейлок ва унинг ҳамтовоқлари) кишилар ўртасидаги тафсилотлар тасвирланади. Антонио янги давр – ренессанс кишиси, у олийжаноб фазилатлар соҳиби, дўстларига ҳамиша ҳамдард, уларга ёрдам қўлини чўзиб келади. Шейлок эса унинг тамомила акси, ўта худбин ва хасис судхўр, у буржуача мешчанликни хуш кўради, ўзгалар ҳисобига бойлик орттирувчи, инсоний фазилатлардан ўта йироқ бўлган шахс.
Шунингдек, Шекспир комедияларида масхарабоз образи ҳам киритилган бўлиб, у ўзида комик сюжетларни, ҳазил-мутойибаларни мужассам этади.
Ўрта асрларда қирол ва йирик феодаллар саройида масхарабоз лавозимида хизмат қилган шахслар ўз хўжаларига кўнгилхушлик ато этиш билан бирга, унинг хато-камчиликларини ҳеч тортинмай ҳазил-мутойиба аралаш бемалол айта олганлар. Шекспир ўзининг “Қирол Лир”, “Ўн иккинчи кеча”, “Бу сизга ёқадими” каби пьесаларида масхарабозлар образига кенг ўрин беради ва улар иштирокида замонасидаги мавжуд иллат ва камчиликларни кескин танқид қилади. Масалан, “Ўн иккинчи кеча” комедиясидаги калондимоғ графиня Оливия билан масхарабоз ўртасидаги ушбу диалогда бу ҳолат очиқ кўринади.
Оливия – Йўқол, аҳмоқ!
Қизиқчи – Маликам, яхши май ва яхши маслаҳат иккита камчиликни тузата олади. Қуруқ аҳмоққа май берсангиз, у ҳўл бўлиб қолади. Агар ёмон одамга яхши маслаҳат берсангиз, у яхши бўлиб қолади. Агар тузалмаса, тикувчи унга ямоқ солиши керак. Чунки эски нарсаларнинг давоси ямоқ. Яхшилик айб қилса унга гуноҳни ямоқ қиладилар. Тузалган гуноҳкорга яхшиликни ямоқ қиладилар. Агар шу қиёсим ёқса ёқди, ёқмаса – начора? Бахтсизлик хамиша иснод бўлганидек, гўзаллик – мисоли гул. Графиня, аҳмоқ чиқариб юборилсин, дедилар ва мен такрор айтаманки, графиня чиқариб юборилсин.
Оливия – Мен сени чиқариб юборилсин, дедим, афандим.
Қизиқчи – Бу зўр хато, хоним! Cucullus non tacit monachum (лот.: “кулоҳ кийган билан одам роҳиб бўла қолмайди”) яъни, қалпоғим бачкана бўлгани билан ақлимга асар қилмайди. Марҳаматли малика, ижозат беринг, сизнинг аҳмоқлигингизни исбот этай.
(Русчадан Ҳ.Ғулом таржимаси)
Хуллас, Шекспир комедияларининг мазмуни қайси даврга мансуб бўлишидан қатъий назар, улардаги мақсад ва ғоя замонасига ҳамоҳанг кечади, ренессанс кишилари орзу қилган шахснинг баркамол ақл-идрокини ўзида акс эттиради[5].
Шекспир ижодининг биринчи даврида яратган “Тит Андроник” (1594) фожиасини қадим Рим адабиётидаги “қонли трагедия” жанрига ҳамоҳанг тарзда ёзган эди. Дарвоқе, фожиа мазмун ва бадиийлик жиҳатлардан қадим Рим файласуфи ва ёзувчиси Сенека трагедияларига ўхшашдир. Пьесанинг бош қаҳрамони саркарда Тит Андроник Рим олдидаги муқаддас бурчига содиқ қолса-да, ундаги олий мақсад ва ватан олдидаги садоқат Римни парчаланишдан сақлаб қололмайди. Тит Андроникка қарши унинг рақиблари ёвуз ва маккор Сатурнин, Тамора ва мавр Арон узлуксиз кураш олиб борадилар. Воқеа якунида уларнинг ёвуз ҳаракати фош қилинсада, фожиавий тўқнашувлар содир бўлиб ўтади.
Шекспирнинг трагедия жанридаги юксак маҳорати унинг “Ромео ва Жульетта”(1595) фожиасида янада ёрқин намоён бўлади. Адиб ўз асари сюжетини шоир Артур Брукнинг “Ромео ва Жульетта”(1562) поэмасидан олган бўлиб, ундаги жанр ва тасвир воситаларидан воз кечиб, фожиа мазмунига юксак ғоя ва бадиий баркамоллик пафосини сингдирди. Асарда бир-бирига душман хонадонда туғилиб вояга етган ва тасодифан кўришиб бир-бирини севиб қолган икки ёш Ромео ва Жульеттанинг пок муҳаббати, ишқий туйғулари улуғланади. Айни пайтда ўрта аср феодал ахлоқининг ярамас иллатлари, фисқу фужур икки қалбнинг эркин муҳаббатига тўғаноқ бўлгани пьеса мазмунида кескин қораланади. Адиб “Ромео ва Жульетта” фожиасида ёмонликнинг туб илдизи қаҳрамонларнинг ички дунёсида эмас, балки уларни қуршаб олган атроф муҳит ҳамда жамиятнинг ноқобил одатларидир, дея уқтиради. Мана шу бешафқат жамият ва ҳиссиётсиз муҳит билан тўқнаш келган икки мурғак қалб уларнинг бемаврид қурбонига айланади. Танқидчи В. Г. Белинский таърифи билан айтганда “Бу чин муҳаббатнинг юксак кўриниши бўлиб, Ромео ва Жульетта монологларида севги фақат икки ёшнинг бир-бирига иштиёқи тарзидагина эмас, балки ишқнинг юксак маънодаги рамзи, таъбир жоиз бўлса унинг илоҳий куч-қудратида мужассам бўлгувчи олий фазилат тарзидаги кўринишидир”[6].
Пьесадаги персонажлар орасида монах Лоренцо образи алоҳида ўрин эгаллайди. Руҳоний бўлишига қарамай Лоренцо диний фанатизм ақидаларидан йироқ бўлган софдил инсон. У янги замон, яъни Ренессанс қадриятларининг ҳимоячиси, илм одами. Шу боис у икки ёшнинг севгисини асраб-авайлашга ҳаракат қилади, уларни бир лаҳза бўлсада бахтли кўришни истайди. Минг афсус, воқеалар у кутганидек ижобий тугамайди. Бир-бирининг дийдорига шошилган Ромео ва Жульетта тасодиф ва хурофот қурбонига айланадилар, заҳар ичиб, ҳаётдан эрта кўз юмадилар.
Фожиа сўнггида воқеа Монтекки ва Капулетти хонадонларининг ярашиш саҳнаси билан якун топади. Феодал оилаларининг бу келишуви Верона князи Эскалнинг аралашувида кечади. Княз саҳнада олий ҳукмдор кўринишида, яъни ўзбошимча феодалларни ўз измига бўйсиндира олган мутлақ монарх қиёфасида гавдаланади ва унинг:
Ҳаммангизга тонг келтирди мотамсаро cулҳ,
Ҳатто қолмоқ истамайди аламли қуёш.
Юринг, ҳали кенгаш қуриб ўйламоқ керак–
Кимга биздан илтифоту кимларга жазо!
Ромео ва Жульеттанинг қиссасидан ҳам,–
Ғамли қисса кўрган эмас тарихда олам!
(М. Шайхзода таржимаси)
хитоби билан саҳна ёпилади.
Шекспир навбатдаги трагедияси “Юлий Цезар”(1599) билан ўзининг тарихий драмаларига якун ясайди. Муаллиф фожеанинг сюжетини қадим юнон тарихчиси Плутархнинг “Қўшалоқ таржимаи ҳоллар” китобидан олса-да, мазмунан тамомила оригинал асар яратишга муваффақ бўлади.
Фожиада ўз даврининг муҳим сиёсий воқеалари – қадим Римда республикачилар (Брут, Кассий) билан империя тарафдорлари – цезарчилар (Антоний, Октавиан) ўртасидаги кураш акс эттирилган. Асардаги чуқур ижтимоий-сиёсий фикрлар, душман гуруҳлар ўртасидаги шиддатли конфликт, тарихий қаҳрамонлар характерини яратишдаги маҳорат – трагедияни Шекспир ижодининг энг яхши намуналаридан бири даражасига кўтарган. “Юлий Цезар” трагедияси шоир Уйғун томонидан ўзбек тилига ўгирилиб, 1959 йил Ҳамза театрида саҳналаштирилади.
Шекспир ижодида катта ижобий бурилиш ясаган, маҳорат мактаби ҳисобланмиш унинг энг машҳур асари “Ҳамлет” фожиасидир. Дания шаҳзодаси Ҳамлетнинг фожиавий ҳаёти тарихчи Саксон Грамматикнинг “Данияликлар тарихи” китобидан олинган бўлиб, бу мавзуда Шекспирга қадар француз адиби Белфор ва инглиз драматурги Томас Кид ҳам драмалар ёзгандилар. Бироқ улар яратган Ҳамлет образи саҳнада Шекспир Ҳамлетидек шуҳрат қозонолмади.
Трагедиянинг бош қаҳрамони шаҳзода Ҳамлет отасининг қотили ўз амакиси Клавдий эканини билгач, оғир қайғуга ботади. У қотил Клавдийнинг жирканч қиёфаси ва мунофиқлигини фош этиб, ундан қасос олиш ўз зиммасига тушганини тушиниб етади. Бўлиб ўтган даҳшатли воқеалар уни адолатсизликлар ва бузилган муҳитга қарши курашга отлантиради. Аввало Ҳамлет узоқ вақт ўзи билан, ўзидаги чигал, мураккаб хаёл ва ғайритабиий тушунчалар билан кураш олиб боради. Ўз бошига тушган ғам-ғусса уни бошқалар бахтсизлигининг сабабларини аниқлашга ундайди. Қаҳрамоннинг шахсий изтироби унинг атрофидаги одамлар қайғуси олдида ўз аҳамиятини йўқотади. Акс ҳолда, у бадбахт Клавдийдан аллақачон отаси учун қасос олган бўларди. Лекин Ҳамлет шахсий ўч олишдан олдин бошқа кўп муҳим масалалар устида бош қотириши, уларнинг мағзини чақиб олиши зарур эди. Дастлабки саҳналарда Ҳамлет суст, паришонхотир, фаолиятсиздек кўрингани билан, аслида у фаолиятли шахс. Турмушдаги кескин қаршиликлар: бир томондан отасининг ёвузларча ўлдирилиши бўлса, иккинчидан қотил Клавдий саройида кечаётган ёқимсиз ҳаёт, айшу ишрат, ҳатто ичилган ҳар бир коса майни замбарак отиш билан шарафлаш каби бепарда қилиқлар уни жиддий ўйлашга мажбур қилади. Қаҳрамондаги ушбу ҳолат унинг “To be, or not to be: that is the question” (“Тирик қолмоқ ё ўлмоқ: Шудир масала!”) сатрлари билан бошланувчи машҳур монологида ўз аксини топган.
“Ҳамлет”нинг шоҳ асар дея тан олиниши сабаби ундаги воқеалар мазмунида жамиятининг энг муҳим муаммолари – тарих, давлат тузуми, сиёсат, фалсафа, ахлоқ, одоб, дин масалаларининг қамраб олинганлиги, барчасининг бадиий матнда мужассам талқин этилгани ва саҳнада қаҳрамонларнинг руҳий ҳолати ҳамда кечинмалари орқали берилганидадир. “Ҳамлет” ўтган 1748-2003 йиллар давомида рус тилига йигирма уч маротаба таржима қилинган[7] бўлса, ХХ асрда ўзбек тилига уч бор ўгирилди. Асарни дастлаб 1934 йил шоир Чўлпон, 1948 йил Мақсуд Шайхзода ва 1991 йил Жамол Камол таржима қилдилар. Уч забардаст шоир қаламига мансуб бу таржималар турли даврларда ўзбек театрларида ўйналиб келинди, қайта-қайта нашр қилинди.
Шекспир “Отелло” трагедиясининг сюжетини итальян ёзувчиси Чинтионинг “Венециялик Мавр” новелласидан ижодий ўзлаштиради. Асар бош қаҳрамони араб Отелло ўз жасорати ва одамийлиги билан оқкўнгил Дездемонанинг муҳаббатига мушарраф бўлади. Ҳатто рашк ўтида ёниб, Дездемонанинг софдиллигига кўнглида шубҳа пайдо бўлганида ҳам унинг дилига озор беришдан ўзини тияди, самимийлигини сақлаб қолади. Чунки Отелло “табиатан рашкчи эмас, балки оқкўнгил, ўзгаларга ишонувчан одам” (А.С. Пушкин) эди.
Унинг Дездемонага нисбатан шубҳалари ғаламис Ягонинг найранглари туфайли пайдо бўлади. Асар сўнггида Дездемона ҳам, Отелло ҳам мунофиқ Яго ҳийласининг қурбонига айланадилар. Барибир, ҳақиқат юзага чиқади. Манфур Яго қилмишига яраша жазо олади. Отелло ўз хатосига иқрор бўлиб, саҳна сўнггида қуйидаги сўзларни айтаркан, ўзига ўзи ханжар уриб, оламдан кўз юмади.
Жиндак сабр қилинглар.
Икки оғиз сўз айтаман кетиш олдидан.
Юртга бир оз хизмат қилдим, бу энди маълум,
Балки айтиш шарт эмасдир. Лекин сўрайман:
Бу қайғули савдоларни хатга соларкан,
Қандоқ бўлсам – шундоқ ёзинг: зарра камайтманг.
Ғазаб ила бир нималар қўшманг. Айтингким,
У бир жинни эди, лекин севарди жуда,
Рашкчи эмас эди, лекин бир қўзғалдию
Жазаваси чегарадан ошди ўшанда…
Подшоликка бермас ноёб гавҳарини у
Битта жоҳил ҳинду каби отди беписанд.
Энди унинг мўлтираган, муте кўзидан –
Аввал йиғлаб кўрмаганди, шундоқ бўлса ҳам,
Арабистон дарахтининг шифобахш, шаффоф
Ширасидай ёшлар оқар… Айтинг шуларни…
(Жамол Камол таржимаси)
“Отелло” фожиаси собиқ Иттифоқ даврида унинг ҳудудида яшаган барча халқлар тилларига таржима қилинган ва саҳналаштирилган эди. Ўзбек тилига “Отелло”ни 1940 йил шоир Ғафур Ғулом таржима қилади. 1941 йил трагедия Ҳамза театрида саҳналаштирилади.
“Қирол Лир” (1605-1606) фожиасининг мазмунини адиб тарихчи Гольфрид Монмаутнинг “Британия тарихи” ва Холиншеднинг “Хроникалар” китобларидан олади. Бироқ, мавзуни қайта ишлаб унга Глостер тарихини ҳам киритади. Асарда жамиятдаги социал муаммолар, оталар ва болалар ўртасидаги тахт учун кураш ижтимоий-сиёсий воқеалар билан вобаста тарзда тасвирланади. Кўпни кўрган ва ўз куч-қудратига ишонган тажрибали қирол Лир кексайган чоғида мамлакат сарҳадларини уч қизига тақсимлаб бериб, ўзи “давлат ташвишларидан холи” яшамоқни ният қилади. Иззатталаб ҳукмдор аввалига қизларининг ўзига бўлган садоқатини билмоқ ниятида улардан қайси бири кекса отани кўпроқ яхши кўришларини сўрайди. Катта қизи Гонериля билан ўртанчиси Регана қирол оталарини ҳаддан ортиқ севажакларини баён қиладилар. Кенжатой қиз Корделия бўлса отасига опаларидан ортиқ бирон гап айтолмаслигини, уни фақат бир фарзанд тарзида ҳурмат қилажагини айтади. Мақтовларга мойил кекса қирол давлатини икки катта қизига бўлиб беради. Аччиқ устида кенжа қизи Корделияни меросдан маҳрум қилади. Вақт ўтиши билан мол-мулк шайдолари бўлган опа-сингил Гонериля ва Регана кекса отани унутадилар, ҳатто уни ўзларига халақит бермасин дея кўчага ҳайдайдилар. Отасининг фожиавий қисматидан воқиф бўлган кенжа қизи Корделия уни ҳалокатдан қутқаришга нечоғлик уринмасин, опалари қаршисида ожиз қолади. Сабаби унда на бойлик, на давлат бор эди. Бечора қиз фалакнинг бу қадар разиллигидан нолиб, рўшнолик кўрмай ҳаётдан кўз юмади. Кейинчалик ўз хатоларини тушуниб етган қирол Лир ҳам унинг жасади устида аччиқ кўз ёшлар тўкиб, бу бешафқат дунё ва ярамас тузумга лаънатлар ўқийди ва ўзи ҳам унинг қурбонига айланади.
Шунингдек, илк саҳналарда мағрур феодал, енгил-елпи ҳаёт кечирган граф Глостер ҳам қирол Лир каби ҳаётнинг турли синовларига дуч келади. Охир-оқибат қирол ақлдан озгач, ҳақиқатни англаган бўлса, тақдири унга ўхшаган граф Глостер икки кўзи ўйилиб, уйидан ҳайдалгачгина кўзи очилади. Муаллиф граф Глостер тилидан айтилган “Бизнинг давр шундайки, кўрларни девоналар етаклайди” (IV-парда I-кўриниш) сўзлари билан ўша замонга ўз муносабатини билдиради. Хуллас, асар сўнггида замонаси иллатларининг қурбонига айланган икки йирик феодал ўзлари яшаган жамиятнинг адолатсиз қонуниятларини қоралайдилар, табиат яратган моддий бойликларни барчага баробар тақсимламоқ, бу дунёда барча тенг бўлиб, тинч-тотув яшамоқ лозим, деган хулосага келади. Бу эса ренессанс даври кишиларининг орзу-умиди эди.
Хулоса қилиб айтганда, пьеса ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаётида шаклланиб келаётган капиталистик муносабатлар, бойликка ружу қўйиш каби иллатлар кишилар ўртасидаги юксак фазилатлар саналган қардошлик, оила ва биродарлик ришталарини ҳам емириб бораётгани рўйи-рост танқид қилинганди.
“Қирол Лир” фожиасини 1956 йил атоқли шоиримиз Ғафур Ғулом ўзбек тилига ўгирди. Таржима дастлаб “Шарқ Юлдузи” журналида босилиб чиқади. Мазкур таржима 1960 йил Шекспир асарларининг бир жилдлигида, кейинчалик 1981-1985 йилларда чоп қилинган беш томликка киритилди. Трагедияни 1966 йилда Ҳамза театри саҳналаштирди. Қирол Лир образи атоқли актёр Олим Хўжаев талқинида катта фалсафий кучга эга бўлиб, саҳнада у замонасининг гуманист-файласуфи тимсолида номоён бўлган эди[8].
Шекспир “Макбет” (1606) трагедиясида мустабид монарх ҳукмронлиги даврида мамлакатдаги фожиавий аҳвол ва унга қарши кураш жараёни билан боғлиқ воқеаларни тасвирлайди. Трагедия сюжетини муаллиф тарихчи Р. Холиншеднинг “Англия, Шотландия ва Ирландия хроникалари” китобидан олади. Асардаги воқеалар марказида ўта мустабид ва жоҳил қирол Макбет образи туради.
Дастлабки саҳналарда Макбет душманга қарши қаҳрамонона жанг қилган ботир лашкарбоши сифатида намоён бўлади. Лекин кўп ўтмай унинг қалбида шуҳратпарастлик ва худбинлик ҳиссиёти жўш ура бошлайди, тож-тахтни эгаллаш иштиёқи вужудини қамраб олади. Авваллари у фитначиларга қарши курашган бўлса, эндиликда ҳокимиятни эгаллаш учун унинг ўзи саройда фитна уюштиради. Ҳийла-найранг ва тажовузлик билан тахтни эгаллаб олгач, Макбет руҳан изтироб чеккан бўлса-да, жиноий ишлардан қайтмайди, ўзига душман билган кишиларни ўлимга маҳкум этади. Ва ниҳоят Макбетнинг ўзи ҳам рақиби Макдуф билан тўқнашувда енгилиб, ҳалок бўлади. Унинг ўлими табиий эди. Чунки халққа зулм ўтказган, мамлакатни қонга ботирган мустабид ҳукмдорнинг умри қисқа, тақдири ўлим билан якун топиши муқаррар, деган ечим асарнинг асосий ғояси бўлиб, у охирги саҳнада Макбетнинг узилган бошини кўтариб кирган лашкарбоши Макдуфнинг “Мана ўша шум мустабид, золимнинг боши. Замонамиз озод бўлди”, деган сўзлари билан қарор топади.
“Макбет” фожеасини рус тилига Ю. Корнеев маҳорат билан ўгирган. Ушбу русча таржимадан уни ўзбек тилига шоир Саъдулла Аҳмад ва инглиз тилидан шоир Жамол Камол таржима қилдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Шекспир ўз тарихий хроникалари, комедия ва трагедияларини яратаркан авваламбор уларда замонаси руҳини, халқ кайфиятини, ўтмиш ва келажак идеалларини ҳисобга олганди. Шу боис адиб ўз асарларига халқона руҳни сингдириш билан бирга унинг ҳоҳиш-истагини рўёбга чиқаришни ҳам орзу қилди, орзуларни эса яратган образларида юксак маҳорат билан тасвирлади.
Муҳаммаджон Холбеков,
филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 5-сон
[1] Қаранг: Шекспир В. Ромео и Жульетта. Трагедии; Сонеты.-M.: Мир книги, 2005. – с.5.
[2] Grammar School (ўрта мактаб) – Ўрта асрларда Англияда лотин тилида билим берадиган ўрта мактаб. Бу мактабларда гуманистик тарбия ва билим олиш йўлга қўйилган бўлиб, асосан риторика, философия ва граматика қоидалари ўргатилган, қадим юнон ва рим адабиёти чуқур ўтилган. – муаллиф.
[3] Қаранг: Аникст А. Шекспир. – М.: Молодая гвардия; 1964.-с. 20-30.
[4] Аникин Г. В., Михальская Н. П. История английской литературы. – М.: Высшая школа, 1975. – с. 46.
[5] Қаранг: История зарубежной литературы. Средние века и Возрождение. – М.: Высшая школа, 1987. – С.370.
[6] Белинский В.Г. Полн. собр. соч., М., 1953, том 7, с.313.
[7] “Ҳамлет”ни рус тилига илк бор 1748 йил шоир А.П.Сумароков таржима қилган эди. Манбаларда таъкидлашича у таржимадан кўра кўпроқ “Ҳамлет”га тақлид тарзида яратилган мустақил асарга ўхшаган. Сўнгги русча таржима Андрей Чернов томонидан бажарилган бўлиб, у 2003 йилда нашр қилинди ва театрларда саҳналаштирилди.
[8] Қаранг.: Сулаймонова Ф. Ўша манба, 144 бет.