Иброҳим Ғафуров. Моҳир ва талабчан таржимон

Атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов ватан ва ватанпарварлик, инсон ва инсонпарварлик, маърифат ва маърифатпарварлик, эрк ва эркпарварлик соҳаларини чамбарчас боғлаб фаолият юритарди. У ниҳоятда серқирра ижодкор эди. Лирик шеърият, достончилик, драматургия, публицистика, бадиий таржима соҳаларида баробар муваффақият билан қалам тебратарди. Унинг ижодкорликнинг ушбу ранг-баранг соҳаларидаги масъулияти ва талабчанлиги мақолга айланган ва катта- кичик адаб аҳлига юксак ибрат бўларлик эди.

Эркин Воҳидов ижодий фаолиятида бадиий таржимага ҳам катта аҳамият бериб қаради. У маърифатга бутун умр жон-дилдан интилгани ва маърифатни ҳаётининг мазмуни деб билгани учун унга умуминсоний залвор ва салмоққа эга ҳодиса каби ёндошар ва қабул қиларди. Бадиий таржимага умуминсоний бадиий ҳодиса каби муносабатда бўларди. Бадиий таржиманинг халқаро миқёсда ранг-баранг маданиятлар ва ранг-баранг миллий адабиётларни, миллий санъатларни ўзаро яқинлаштирувчи, ўзаро тушунарли қилувчи, ўзаро дўстлик ва қардошлик туйғуларини уйғотувчи ва мустаҳкамловчи эътиборли хусусиятларидан чин маънода завқланар ва бу масалалар устида ижодкор сифатида доимо мушоҳада ва мубоҳасалар олиб борарди.

Таржима китобхонлик, китобсеварлик билан худди опа-сингилдек бирга ва бир-бирини доим тўлатиб, бойитиб, кенгайтириб боради. Шунинг учун китобхонлик ривожланган элларда илмий, бадиий, техникавий, ижтимоий-сиёсий таржималар ҳам тараққий этган. Таржималар ўқувчиларнинг эҳтиёжлари ва талабларига мос равишда тўхтовсиз кенг қанот ёзиб боради. Зеро таржималар тараққиёти ақл-идрок тараққиётини ташкил этади.

ХХ асрда Ўзбекистон жаҳондаги ақл тараққиёти билан узвий боғланган ҳолда таржималар, айниқса, иккинчи жаҳон урушидан ке­йинги даврларда катта ривожланиш йўлига кирди. Ўзбек ўқувчилари дунё адабиётлари намуналари билан тобора кўпроқ ошно бўлиш имкониятига эга бўлдилар. Бу жараёнда қаламкашлар, журналистлар, сиёсат намояндалари пешқадамлик қилдилар. Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир, Уйғун, Зулфия, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор каби адиблар мислсиз фидокорлик намуналарини кўрсатдилар. Улар қаламининг мўъжизакор ғайрат-шижоати билан Толстой, Шекспир, Пушкин, Лермонтов, Тургенев, Ҳюго, Гёте, Марк Твен, Жонатан Свифт каби ақл, тафаккур, инжа нафосат хазиналари ўзбек хонадонларига, ўзбек театри саҳналарига кириб келди. Замонавий ўзбек ўқувчиларининг жаҳон мўъжизалари билан ошнолиги бошланди. Қардош халқлар бой маданиятининг қанчадан-қанча ёрқин намуналарини ўз тилимизда ўқиш ва завқланишга муяссар бўлолдик.

Эркин Воҳидов мана шундай ёрқин таржима жараёнлари билан яхши таниш, таржима асарларини кузатиб борар, юрагида таржима завқи уйғонар, Маяковский, Есенин, Светлов, Ҳамзатов асарларини таржима қилиш устида ўйланарди. Бу каби аллақанча шоирларнинг асарларини аслият тилида жуда кўп ёдлаган ва шуниси эътиборлики, буларнинг барини у улуғвор Шарқ адабиётлари намуналарига қиёсан ўрганар, Навоий оламларини, Ганжавий, Саъдий, Ҳофиз, Лутфий, Муҳаммад Иқбол, Тагор, оламларини Байрон, Ҳейне, Гёте, Шиллер, Пушкин оламларига қиёсан ўрганар, ўзи учун, ижод келажаги учун хулосалар чиқарарди. Зеро, Эркин Воҳидов халқларнинг маданий ҳодисаларини қиёсан ўрганиш ва таҳлил қилишга ғоятда қизиқарди. У ижод тажрибаларининг маълум босқичига чиққандагина бадиий таржималарга лаёқатини синаб кўриш ниятини амалга оширди. У университет даргоҳида таҳсил олиб юрган кезлари Сергей Есенин, Александр Блок, Владимир Маяковский сингари рус шоирларини завқланиб мутолаа қиларди. Уларнинг юзлаб шеърларини ёддан билар, ҳамкасб дўстлари давраларида қизиқ-қизиқ таҳлиллар қиларди. Бу каби шоирлар ҳаётини ҳам жуда чуқур билар, улар тўғрисида кўп нарсалар ўқирди. У Есенин ва Блокни худди туғишганлари каби севарди. Унинг бу самимий муҳаббати Есениннинг гўзал “Форс тароналари”ни ўзбекчалаштириш билан якунланди. Форс тароналарининг юксак шоирона жарангларидан илҳомланиб, у сўнг Александр Блокнинг “Скифлар” ва “Булбул боғи” достонларини ўзбекчалаштирди. Мен ҳам шу даврларда аслиятда бу шоирларни қизиқиб ўқиб юрардим, уларнинг образлари шу қадар рамзий гўзал эдики, наздимда уларни бошқа тилларга ўгириш ўша пайтларда имкондан ташқари бир иш бўлиб кўринарди. Лекин ичимиздан мана бир ёрқин шоир етишиб чиқдики, бу ноёб асарларни худди ўзбек тилида ёзилгандек серёғду, сержаранг қилиб бошқа тилда қайта дунёга келтирди. Эркин Воҳидов илк таржималарини дўстларига ўқиб берар, бизга дунёга янги бир таржимон даҳо қадам ранжида қилгандек туюларди. Улар Ойбек, Чўлпон, Усмон Носир юксак иқтидорли таржималарига нисбатан олганда ҳам, маърифати ва саводхонлиги билан ажралиб турарди, ўзбек ўқувчиси буларни ўз заминида туғилган жонбахш сеҳрсоз шеърлардек ёд ўқирди. Эркин Воҳидов таржима учун асар танлашга алоҳида масъулият ва эътибор билан қарарди. У ўзига севимли бўлган, ўзининг руҳий-маънавий интилишлари, адабий фаросатига яқин жондош ва дилдош асарларнигина ўзбекчалаштирарди. Унинг ўз ғоявий-бадиий, услубий қарашлари, мезонлари бор эди. Таржимага шундай бадиий-эстетик мезонлар ва талаблар билан ёндашарди. Бунда унинг жуда ривожланган бадиий нафосат фаросати сира адашмасди. У олтмишинчи йиллар охирларида машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” деб аталган, ўша пайтларда жуда кенг шов-шувларга сабаб бўлган лиро-эпик, бадиий эссе йўналишидаги ёрқин асарини таржима қилишга ўтирди ва унинг биринчи қисмини “Гулистон” журналида эълон қилди. Бу асар ўша пайтда диққинафас советлар маконларида худди баҳор насимлари эсгандек барчани илҳомлантирган, миллий ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашга беқиёс ҳисса қўшганди. Ўзбекча таржимадан мусаффо тоғ жилғаларининг садолари, залворли Кавказ тоғ чўққиларидан тушиб келаётган сарин оҳангдорлик эшитилар, Эркин Воҳидов ниҳоятда жозибадор бир услуб яратганди. Бу таржималарни ўқиб китобхон шоирни алқади, ўзини янги бир дунё кашф қилгандай сезди. Қандай гўзал ритмлар, мусиқалар оҳанраболари янграрди бу таржималар бадиий услубларида. Ўзбек ўқувчиларининг хаёл ва идрок оламларини кенгайтириш учун Эркин Воҳидов яна Александр Твардовский, Муҳаммад Иқбол, Ҳофиз, Бедил, Светлов, Шиллер ва бир қанча талантли афғон шоирларининг асарларини ўзбекчалаштирди.

У очиғини айтганда, таржима қилмади, шеър яратди. Уларнинг ҳаммаси қуйма оҳанглари, тўлиқ мазмундорлиги билан ўзбек шеър ду­н­ё­­сида қайта туғилганди. Бу таржималарда Ватан, Инсон, Она тили, Эрк, Озодлик жуда юксак ноталарда, пардаларда тараннум этиларди.

Етмишинчи йилларнинг ўрталарида Эркин Воҳидов дунё адабиётининг шоҳ асарларидан бири, жаҳон адабиётларининг мундарижасига жуда баракали таъсир кўрсатган немис улуғ адиби Гётенинг оламшумул “Фауст” трагедияси таржимаси устида йиллаб тер тўкди. Асарнинг дунё­нинг бошқа тилларига таржималари билан қизиқди, кутубхоналарда ўтириб унинг рус тилига ўгирилган бир қанча (ўнлаб!) насрий ва шеърий таржималарини ўрганди. Гёте ҳақида қўли етадиган барча тадқиқот адабиётларини кўздан кечирди. Асарнинг ўзини бир неча мароталаб шоир кўзи билан ҳижжалаб мутолаа қилди. Катта миқёсда ижодий тайёргарлик олиб борди. У бизга “Фауст” дебочасини ва кейинроқ иш якунланаётганда асар хотимасидаги Фаустнинг сўнгги монологини зўр бир ҳаяжон билан ўқиб берганди. Ўшанда биз ўзбек адабиёти осмонига бадииятнинг янги қуёши кўтарилганлигини ҳис қилгандик. Шу қадар табиий ва қуйма жарангларди бу бетимсол тафаккур силсилалари! Бу таржима Эркин Воҳидов ижодига жуда кучли таъсир кўрсатди. “Фауст”дан кейинги ижодининг мундарижаси, бой шеърий шакллар билан безанишида ва, айниқса, “Истанбул фожеаси”, “Руҳлар исёни” шоҳ асарларининг яратилишида бу таъсирнинг қудратли нишонлари баралла кўзга ташланиб туради.

Эркин Воҳидовнинг оригинал ижодиёти билан бадиий таржималари бир-бирини ўзаро органик тарзда тўлдириб боради ва изчил фавқулодда давомийлик, чамбарчаслик ҳосил қилади. Унинг таржималарида аслият билан яқин, маърифатли ҳамкорликнинг буюк намуналарини кўрамиз. Фауст бир ўринда: “Тўхта, эй дақиқа, гўзалсан ғоят!” – деб нидо қилганди. Дунё пайдо бўлгандан буён қанча нидолар бўлган. Аммо Фаустнинг бу нидоси барча ўша нидоларнинг гултожидир. Бу лаҳзаларни ўз сатрларига муҳрлаб қолдира оладиган ягона рост шеъриятнинг нидоси! Зеро, шеъриятгина ҳеч қачон тўхтатиб бўлмайдиган лаҳзаларни тўхтатиб мангу лаҳзалар ярата олади!

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 12-сон