Бобурнинг мақсади бобоси Амир Темур салтанатини қайта тиклаш ва бошқариш эдики, бу йўлда бошқа мақсад, интилишларининг баҳридан ўтиб, бир умр ҳаракат қилди ва муҳим натижаларга эришди ҳам.
Мовароуннаҳрни ташлаб кетиб, Кобул ҳокимиятини барпо этгандан кейин: “Бир мен Кобулда қолиб эдим. Душман бисёр қавий, биз кўп заиф, не маслаҳат қилмоққа эҳтимол, не муқовамат қилмоққа мажол. Мунча қувват ва қудрат. Ўзимизга бир ер фикрини қилғулуқдур ва бу миқдор фуржа ва фурсатта қавий душмандин йироқроқ айрулғулуқдур. Ё Бадахшон жониби, ё Ҳиндустон сори жазм қилмоқ керак”, дер экан, Бобур мушкил сиёсий аҳволда қолганини баён этган.
Унгача Бобур Кобул ҳокимиятини қўлга киритиб, бу ерда мустаҳкам давлат тузилмасини яратади. Майда феодалликка барҳам бериб, мустаҳкам давлатни барпо этади, айтиш мумкинки, бу ўлка тарихини қайта яратади, юксалтиради. Кейинчалик Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритгач, Кобул вилоятига тааллуқли ерларга эътиборини канда қилмай, катта бунёдкорлик ишлари билан шуғулланади…
Бобур Ҳиндистонда, биринчи навбатда, давлатчилик сиёсатини мустаҳкамлаш, майда-майда феодал, рожаликларга бўлиниб кетган юртни яхлит давлатга айлантириш, ўлка вилоятларини марказий салтанатга бирлаштиришга интилди ва бу борада улкан натижаларга эришди.
Давлат бошқарувида шахс масаласига жиддий эътибор қаратади, кўпинча номи зикр этилаётган арбоб фаолиятини ўзи бошқараётган салтанат меъёрлари билан қиёслайди. Ҳиндистон тарихида янгича давлат тузилишга киришар экан, салтанат бошлиғи сифатида қўл остидаги кишилар билан муомалада, юрт осойишталигини таъминлашда, раият, сипоҳ ва беклар билан юксак даражада инсоний муносабатда бўлишни, ахлоқий покликни умр шиорига айлантиришга эътиборини қаратади. “Бобурнома”да тавсифланган шахслар хоҳ юрт аъёни, хоҳ ўзининг суюкли фарзанди бўлсин, фақат ростгўйлик билан уларнинг ҳам ижобий ва ҳам салбий жиҳатларини холисона тасвирлаган ҳолда баҳолагани кишини ҳайратга солади.
Юрт бошлиғи, Бобур назарида, энг аввало, қўл остидагиларга ғамхўр бўлиши, уларни иқтисодий жиҳатдан таъмин этган ҳолда бошқариши лозимлигини таъкидларкан, акс ҳолда давлат бошқарувида кутилмаган зиддиятлар юзага келиши мумкин. Аскарлари ризқидан қиядиган, уларнинг маошлари, меҳнат ҳақларидан уриб қоладиган кимса, шубҳасиз, салтанат учун оғир оқибатларни келтириб чиқаришини айтади.
Бобур давлат қурилиши ишида, Ҳиндистондек улкан мамлакат тарихида бурилиш ясаш, уни яхлит салтанат даражасида кўриш ва бошқариш мақсадида қатор янгиликларга қўл уради, идора усулида қонуний асосларни жорий этади. Бу ҳаракатлар замирида, айниқса, шахснинг жамиятдаги ўрнини белгилашга алоҳида эътибор қаратади. Айни пайтда у Хуросон ва Ҳиндистонда мисли кўрилмаган қурилиш ишларини амалга оширади, беқиёс меъморий обидалар қатори бу ўлкаларда кўплаб боғлар, суғориш иншоотлари, халқ маърифати ва маданияти, турмушига хизмат қиладиган етмишдан ортиқ мадраса, работ, ҳаммом, кўприк ва бинолар қурдирадики, бундай бунёдкорлик Шарқ тамаддуни тарихида эзгулик тимсоли сифатида бугунгача қадрланиб келинмоқда. Заҳириддин Бобур салтанатни бошқариш билан бирга мамлакат почта-алоқа соҳасига ҳам жиддий ўзгартиришлар киритди, вақт бирлигига янгилик жорий этди, архитектурада Мовароуннаҳр меъморлик услубларини қўллади, миллий артиллерия, ҳарбий-денгиз флотига асос солдики, булар барчаси Ҳиндистоннинг тарихий тараққиётида муҳим бурилиш ясади. Шу билан бирга бу мамлакатнинг тарихида мутлақо янги давр — бобурийлар салтанати даврини бошлаб берди. Бобурийлар сулоласи мазкур ўлкада 332 йил ҳукмронлик қилиб, унинг маданияти, санъати, архитектураси, умуман, давлат қурилиши ва бошқарувида янги давлатчилик асосларини мустаҳкамлади, дипломатик муносабатларнинг шаклланишига замин ҳозирлади.
Қуйида мақоламиз мавзуси доирасидан келиб чиқиб, Бобурнинг Ҳиндистон муҳорабаларидаги душмани Иброҳим Лўдий ва ўз фарзанди Ҳумоюн мирзога доир фикр-мулоҳазаларига, таъриф-тавсифларига эътиборни қаратмоқчимиз.
Бобурнинг таърифича, Иброҳим Лўдийга отаси ва бобосидан жуда катта хазина мерос қолган. У Ҳиндистондаги одат бўйича истаганча ёлланма аскар олишга ҳақли бўлган ва шу боисдандир, лашкарлари сони юз мингдан ортиқ бўлган. Бироқ Иброҳимнинг “табиатиға имсок кўп ғолиб”лиги, ишида саранжом-саришталик, яъни қатъий давлатдорлик тартиби йўқлиги ҳукмдор сифатидаги салбий жиҳатларига сабаб бўлган. Бобурнинг ушбу эътирофида раҳбар шахсига бўлган муносабатининг юксак тарбиявий ва амалий аҳамияти яққол ифодаланган: “Ғанимнинг (яъни Иброҳим Лўдийнинг –Ҳ.Қ.) ҳозир черикини бир лак (юз минг) ченарлар эди. Ўзининг ва умаросининг минг-икки мингга ёвуқ фили бор дерлар эди. Икки отасидин қолғон хазина худ нақд илигида эди. Ҳиндистонда бир расме бордурким, мундоқ иш тушганларда ярмоқ бериб, мийод била навкар тутарлар. Бу элни “бадҳандий” дерлар. Агар мундоқ хаёл қилса эди, бир лак, икки лак ҳам навқар тута олур эди.
Тенгри таоло рост келтурди не йигитини рози қила олди, не хазинасини улаша олди. Қандин йигитини ризо қила олурким, табиатиға имсок кўп ғолиб эди. Ўзи ярмоқ йиғиштурмоққа беҳад толиб, бетажриба йигит эди. Не келиши саранжомлиқ эди, не туруши, не юруши эҳтимомлиқ эди, не уруши”.
Бобурнинг Иброҳим Лўдийга берган баҳоси шу билан хотималанмайди. Панипат уруши бошланишдан олдин Бобурнинг лашкарлари шаҳарнинг ҳамма томонини истеҳкомлар билан беркитади. Шунда унинг Муҳаммад сорбон исмли беки Иброҳим Лўдий аскарлари бу ҳарбий тайёргарликдан хабар топиб, урушиш шаштидан қайтадилар, деб Бобурга арз қилади. Бобурнинг Муҳаммад сорбонга давлат бошқаруви ва ҳарб санъатига оид берган юксак таҳлилий жавобида давлатчилик тарихи дарсликларига киритишга арзигулик қуйма хулоса бор. Унинг Мовароуннаҳр ҳукмдорлари ҳақида “Чун ул хонлар ва султонлар юруш-турушнинг ҳисоб ва яроғини билур эдилар”, деган фикри, Иброҳимнинг давлат бошқарувида ана шу уқувининг сустлиги, қолаверса, унинг лашкарбоши сифатидаги лаёқатсизлиги ўзининг теран ифодасини топган.
Бобурнинг қиёсий таҳлиллари замирида ўша шиддатли муҳораба ва курашлар даврида давлат бошқарувининг билимли, ақлли ва тадбиркор кишилар билан бирга ҳарб ишини, ҳарбий тактикани мукаммал эгаллаган, ўз юрти ва қаламравини душмандан ҳимоя қила оладиган жасур шахслар таъминлай олиши ҳақида сўз юритилмоқда.
Унинг ўз ўғиллари Ҳумоюн ва Комронга ёзган мактублари, бу номаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида бобуршуносликда бирмунча фикрлар билдирилган. Бу мактубларда, бир-бири билан боғлиқ турли мавзулардан ташқари, Бобурнинг давлатдорлик ва юртни бошқаришга оид ғоят муҳим қарашлари баён этилган. Уларда салтанат хизматига бел боғлаган шахсларнинг психологияси, давлатдорликда уларнинг ўрни, юрт манфаати йўлида кимга суяниш ва кимнинг баҳридан кечиш, садоқат ва хиёнат каби шахсий хусусиятлар билан боғлиқ жиҳатлар алоҳида таъкидланади.
Бобурнинг Ҳумоюнга йўлланган мактубида ўз салтанати ворисига меҳри билан бир қаторда қатъият ва талабчанлик акс этган қарашлари ҳам аниқ ифодасини топган. Бу борада сўз юритар экан, Бобуршоҳ салтанат девонидаги кишиларнинг шахси пок бўлиши, улар ҳеч қачон хиёнатга қўл урмаслиги, ҳукмдорнинг эса шошилиб хулосага келмаслиги, нокас, номард кимсалар билан ҳамсуҳбат бўлишдан тийилиши ҳақида қисқа, аммо теран мулоҳазали фикрларни билдиради.
Хусусан, мактубда Ҳумоюннинг укалари билан бамаслаҳат, бақамти машварат орқали салтанат ишини бошқариши, хусуматга йўл қўймаслиги, азму шижоатли, узоқни кўра биладиган беклар ва аъёнларга таяниши зарурлиги алоҳида уқтирилганини кўрамиз: “Яна улуқ иш устига борасен, иш кўрган, раъй ва тадбирлик беклар билан кенгашиб, аларнинг сўзи билан амал қилғайсен. Агар менинг ризомни тиларсен, хилватнишинлиқни ва эл била кам ихтилотлиқни бартараф қилғил. Кунда икки навбат инингни ва бекларни ихтиёрлариға қўймай, қошингға чарлаб, ҳар маслаҳат бўлса кенгашиб, бу давлатхоҳларнинг иттифоқи била ҳар сўз унга қарор бергайсен”.
Мухтасар айтганда, Бобур салтанат бошқарувида шахснинг роли ва ўрнига юксак эътибор берган. У давлатчилик ва бошқарувнинг таъсири ва самараси, пировард натижада, аввало, билим ва юксак таффакурга эга, лаёқатли, шижоатли ва мард инсонларга кўп жиҳатдан боғлиқ эканини ҳаётий далиллар орқали кўрсатиб бергани, айниқса, аҳамиятлидир.
Ҳасан Қудратуллаев,
филология фанлари доктори, профессор
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 19-сон