Ҳамидулла Муродов. Меҳри дарё Қуддус бобо

ХХ аср ўзбек болалар адабиётини Қуддус Муҳаммадий ижодисиз тасаввур этиб бўлмайди. Устоз шоир турли жанрларда самарали ижод қилиши билан бирга, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаши билан ҳам адабиётимиз ривожига катта ҳисса қўшган. У киши билан кечган сермазмун учрашувларни ҳамиша дилда ҳаяжон билан эслаб келаман.

Ўзбекистон халқ шоири Қуддус Муҳаммадий билан биринчи марта ҳозирги “Тонг юлдузи” газетаси таҳририятида кўришган эдим. Бу даргоҳда кўпдан менга қадрдон бўлиб қолган дўстларим Абдусаид Кўчимов, Ҳамза Имонбердиев, Шоҳрух Акбаров, Рустам Рўзиматов каби ўз касбининг фидойилари ишларди. Шу боис тез-тез қатнаб турардим. Бир гал борсам, ажойиб шоир укам Ҳамза Имонбердиев хонасида машҳур болалар шоири Қуддус Муҳаммадий ўтирибди, денг. Ҳаяжонланиб кетдим. Саломлашиб, чеккадаги стуллардан бирига қимтинибгина чўкдим.

– Қуддус бобо, бу акахонимиз ҳам шоир, Бўстонлиқнинг Товоқсойидан Ҳамидулла Муродов бўладилар, – таништирди бизни Ҳамза.

– Яхши, шоир болам, яхши. Ҳамидуллажон Бўстонлиқдан экан-а!.. Нақ табиатнинг, шеъриятнинг ичидан-а!..

Мен “ҳа” дегандай бошимни қимирлатаман. Улкан шоиримиз салобати босдими, ё уялдимми, гапира олмайман. Қуддус бобо ўзи сўзни давом эттиради:

– Бу деганим, шоир болам, юртингиз Бўстонлиқнинг турган-битгани мавзу, ёзилмаган шеър: дарахти дейсизми, ўт-ўлани дейсизми – шеър, ҳайвонот дунёсими – шеър, уларни сўзлатиш Сиздан, болам…

Қуддус бобонинг сўзларига дастлаб тушунмай тураман, кейин бу ўгитлар мағзини чаққандай бўламан, юзларимда мамнунлик балқийди.

– Тушундим, устоз!…

– Тушунсангиз яхши, шоир болам! Ёзаман десангиз, мавзунинг ҳаммаси ўзингизда. Изласангиз топилаверади. Ҳамма гап – топгани­нгизни ўқувчига қай тарзда етказиб беришда. Биласиз, ҳозирги ўқувчи узун шеърларни кўпда ёқтирмайди. Болаларимизга ихчам, мазмуни чуқур шеърлар керак. Сиздан ҳам шунақа шеърлар кутаман, шоир болам…

Қуддус бобо анча гапирди, матбуотда босилган шеърларим ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Кейин бирдан Ҳамзага юзланди:

– Ҳамзахон, шу акангиз билан бир уйга ўтинг­лар. Бафуржа, бемалол ўтириб гаплашамиз…

Устознинг бошқа ерда иши борлиги ёдга тушдими, ўрнидан турди. Хайрлашиб кетаркан, яна таъкидлади:

– Албатта уйга ўтинг, Ҳамзахон болам билан бирга боринг. Кутаман…

Шаҳарга бир тушганимда Ҳамза Имонбердиев:

– Ҳамидулла ака, кеча Қуддус бобо таҳририятимизга келганди, “Уйга ўтмадинглар. Бўстонлиқлик шоир болам келиб қолса, албатта боринглар-а”, деб кетди. Бугун уйларига ўтмасак, сиздан ҳам, мендан ҳам хафа бўладилар, – деди.

Иккаламиз ака-укадай бўлиб устоз шоирнинг уйига кириб борамиз. Уйи одмигина безатилган эди. Бизни кўриб Қуддус бобо беҳад хурсанд бўлди:

– Қаршидан Саодат Тожи келганди. Бир неча кун меҳмон бўлди. Бугун эрталаб кетди, – деди.

Саодат Тожи – қаршилик болалар шоири, ўша пайтда битта китоби ҳам чиққанди. Ўзбекистон телевидениесининг “Шоирлар – болаларга” кўрсатувида чиққанимизда танишгандик. Қачон Тошкентга келса, Қуддус бобоникида қўним топишини ҳам билардик.

Устоз бизнинг “қўйинг” дейишимизга қарамай, дастурхон тузади, чой дамлаб келди. “Биз қуяйлик”, дейишимизга қўймади, ўзи чой сузиб узатди. Суҳбатимиз болалар адабиёти, болалар шеърияти ҳақида бўлди.

– Болалар адабиёти жадал ривожланиб бораяпти. Ана, Анвар Обиджон улоқни биздан олиб, отни қамчилаяпти. Қаранг, жуда ажойиб, қисқа ва мазмундор шеърлар ёзаяпти. Мағзи тўқ, сатрлари равон, ўйноқи, болалар ёшига, дидига мос. Сизлар ёзган шеърларда ҳам шу хислатлар кўрин­япти. Бу жуда яхши ҳол… Бугунги шоирлар ижодида қисқа, лўнда шеърлар кўпайгани яхши.

Ҳамза янги ёзилган шеърларидан ўқийди, кейин мен… Қуддус бобо шеърларимизни тинг­лаб, мушоҳадалаб, фикр билдиради.

– Яхши, жуда яхши. Шеърда мавзунинг тўкис берилиши мени қувнатди. Шундай ёзиш йўли­нгиздан чекинманглар… Бугунги болалар шоирлари бизнинг шеъриятдаги насиҳатбозликдан кечиб, мавзуни тушунтиришнинг янгича йўлини танлаяпти. Бу сизларнинг ютуғингиз…

Дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар орасида шакар борлигини сезибми, қаердандир чумолилар пайдо бўлди. Ҳатто юзимда ҳам ўрмалаётганини сездим. Ҳамза ҳам сезди, шекилли, иккаламиз худди келишиб олгандай, чумолини олиб ташлашга қўл чўзамиз.

– Қўяверинглар. Тегманглар, озор берманглар. Ўзлари тушиб кетади. Улар ҳам биз каби жонзот. Уларнинг ҳам биз каби ўз уйи, оиласи, болалари бор. Ўлдириб қўйсак, инсон номимизга доғ…

Шунда устознинг мактабда ишлаган пайти ёзилган илк шеър­ларини эсладик. Уларда ҳам она табиатга беғараз меҳр акс этиб турарди.

Ҳа, Қуддус бобо ана шундай меҳрли зот эди; атрофидаги биз каби шогирдларигагина эмас, балки она табиатнинг митти жонзотларига ҳам меҳр улашишга қодир қалби очиқ, беозор, саховатли одам эди.

Мактабимизда устоз шоир Қуддус Муҳаммадий билан учрашув ўтказадиган бўлдик.

– Ҳамидулла, Қуддус бобонгиз билан ўзингиз келишиб келасиз-да, шунга қараб кунини белгилаймиз, – деди илмий бўлим мудиримиз, раҳматли Абдураҳим Алимов.

Тайёргарлик ишлари бошланди. Тошкентга бориб, устоз билан кўришиб, учрашув кунини белгилаб келдим…

Айтилган куни эрталаб машинада Тошкентга бориб, ўн олти қаватли Матбуот уйи биноси олдида тўхтадим. Унчалик кўп кутмадим.  Шошиб келаётган устоз кўринди. Ҳаракатидан безов­тароқдай, юришлари ҳам тез, илдам. Машинадан тушдим-у, ортидан етиб олишга ўзимни тезладим. Билардим, устоз лифтга кўпда чиқмасди. “Ўз оёғим билан юрганимга нима етсин”, деб қўярди. Учинчи қаватда устозга етиб олдим.

– А, шоир болам, келди­нгизми, юраверинг, юқорига чиқайлик, ўша ерда гаплашамиз!..

Болалар газетасининг адабиёт бўлимига кирдик. Ҳамза Имонбердиев, Сафар Барноевлар бор экан.

– Гап бундоқ, шоир болам, – деди Қуддус бобо. – Аввало узр, узрли иш чиқиб қолди. Бугун соат ўн иккиларда қизимизга тўй келадиган экан. Лекин сиз қайғурманг, учрашувингиз қолдирилмайди, фақат ўрнимга Илёс Муслим боради. Сафар акангиз ҳамроҳ бўлади. Учрашув қизиқарли ўтишига ўзим кафилман.

– Устоз, ўзингиз…

– Мен бошқа сафар бораман, бугунги учрашувга боролмаганим учун энг аввал болаларимдан узримни сўрайсиз, шоир болам.

Илёс Муслим ва Сафар Барноевни олиб қишлоққа қайтдим. Қуддус бобо айтганидай, учрашув жуда чиройли ўтди, ёдда қоларли бўлди. Ўқувчилар Илёс Муслим, Сафар Барноев ва маҳаллий шоирларимиз Эргаш Турк­менов, Худойберган Эрматовни узоқ вақтгача алоҳида меҳр билан эслаб юрдилар. Аммо Қуддус бобо ваъда қилган учрашув амалга ошмай, орзулигича қолиб кетди.

Бугун Ўзбекистон халқ шоири Қуддус Муҳаммадий ҳам, устоз орқали танишганим, дўстлашганим Илёс Муслим ҳам, илк шеърий тўпламимнинг китоб ҳолига келишида ўз маслаҳатини аямаган Сафар Барноев ҳам, ўзимга укамдай бўлиб қолган Ҳамза Имонбердиев ҳам, маҳаллий шоирлар Эргаш Туркменов ва Худойберган Эрматов ҳам орамизда йўқ. Аммо улар менинг қалбимда, минг-минглаб китобхонлар қалбида яшаяпти. Ёзган асарлари янги-янги китобхонлар авлодини тарбиялаяпти. Мактаб остонасидан ҳатлаган ўғил-қизлар савод чиқариб, ҳарфни ҳарфга уриштириб ўқий бошлар экан, энг олдин шу ижодкорларнинг, хусусан, Қуддус Муҳаммадий асарларини ўқиб, шеърни танийди, адабиётга ошно бўлади.

«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 9-сон