Абдуҳамид Мухторов. Ҳайдаркўл хаёллари (ҳикоя)

Сувни яхши кўраман.

Фақат у тиниқ бўлса, бепоён бўлса, ўртасига сузиб бориб атрофга боққанингда фақат сув кўринса.

Юрагинг орзиқиб кетса. Яна озгина қўрқиб турсанг. Кейин эса…

Кейин эса қайиқда бехавотир ўтириб, яхшиси чалқанча ётиб, қуёш нуридан юзингни бош кийиминг билан тўсиб хаёл сурсанг. Шунчаки хаёл…

Бошқа йўли ҳам бор. Бош кийим сени осмондан тўсмаслиги учун қуёш тиккага келгандамас, ё шарқ ёки ғарбда энгашиб турган пайтда унга терс ётиб осмонга тикилиш, эээ, тикилиш ҳам гапми унга шўнғиб кетиш мумкин.

Фақат бу пайтда ҳайдаркўлда шамол бўлмаслиги керак. Шамол турса осмонгамас кўл тубига қўшиб қўя қолади, сени. Ҳа шунақа.

Омадинг келиб, шамолсиз, бунинг устига бўлутсиз кунда ҳайдаркўлга чиқиб қолсанг, чўмилишинг ҳам мумкин…

Атрофда ҳеч кимса йўқлиги учун тортинмай, қип-яланғоч бўлиб, қайиқдан думба отиб сувга калла солсанг. Шўнғиб чиққанингда эса қайиқнинг анча нарига кетиб қолганини кўриб, жон-жаҳдинг билан унга қараб қулочкашлаб сузсанг.

Ҳаа, унга етиш осон бўлмайди.

Қанча тез ҳаракат қилма, ортга кетаверасан. Вужудингни чулғаган ваҳмдан жонинг бўғзингга келади. Жисминг сув тубига ботиб, оёқ-қўлларинг оғирлашиб қолади…

“Ўлдим”, деб ўйлайсан, камига алам ҳам қилади.

Қайиқ қаердан топилади? Жасадингни топишармикан?

Топилмагани дуруст, ахир қип-яланғочсанку. Кўрганлар нима дейди?

“Битта ахмоқ ўлгунча ичиб, бир-иккита қизлар билан кўлга бориб, чўмиламан, деб тир яланғоч бўлиб ечинибди-да, кўлнинг ўртасига бориб чўкиб кетибди”, дейишади.

Тўғри, экспертизада ичкилик ичмаганингни аниқлашлари мумкин. Бироқ ҳайдаркўл атрофида яшайдиганларни бунга ишонтириб бўпсан. “Ичган, ичмаган бўлса бир ўзи битта қайиқда кўлнинг ўртасида номақул еб юганмикан”, дейишади.

Қизлар тўғрисида аниқ далил бўлмагани учун “опер”лар ҳеч кимга лом-мим демаса-да, кўл атрофидаги эл қўшиб-чатиб, қизиқ қилиб гапиришга устамасми, Боймирза буғалтернинг қилғилиғини шартта ўзгартириб, ўрнига сени қўйиб, чўкиб ўлишингдан бутун бошли қисса ясайди. Қанақа қисса деманг, аниғини билмайман, мен ҳам эшитганман. Қўшиб-чатмай айтсам-айтай, эшитинг.

Айтишларича, Боймирза буғалтир пахта қабул қилиш пункитида ишлаган кезларида тафтиш бўлибди. Олди-орқасини ўйламай директори билан катта-катта еб қўйгани учун тафтишдан қамалиб кетишига бир баҳя қолиб, ўлай-ўлай, деб зўрға “омон” чиқибди.

Одамларнинг айтишича бир “жип”нинг калитини бериб жон сақлаганмиш. Хуллас, Боймирза тафтишчиларни “акажон-акажон” қилиб, амал-тақал кузатиб уйига келиб, айвонида ўтириб узоқ йиғлабди.

– Ай худойжон, нега мени буйтиб яратдинг, – деб кўкрагига уриб бўзлабди. – Нега ҳамма нарсани ўлай-ўлай деб ушлаштирган жойимда узасан, – деб додлабди. – Муна мумсик директордан қисиб-қимтиб, тишимдинг кавагида йиққанимни, элдан яшириб Элмурод тарашанинг уйига қўйиб, хотинимгаям кўрсатмаган “жип”имди қўш-қўллаб шу исковучларга тутқаздинг. Нега-ей, худойжон, нега…

Қўни-қўшнидан уялган аёли авалига у-бу деб кўрибди. Лекин эри кўнадиган аҳволда эмас. Сўғин жаҳли чиқиб Боймирзани чақалоқни кўтаргандай шартта чап қўлтиғига қисиб уйга кириб кетибди. Хахолка[1]ларга ўхшаган полвон хотин эканда. Девордан мўралаган қўшнисининг айтишича олиб киргунча ёш боланинг кетига ургандай Боймирзанинг кетига бир-икки шапалоқ ҳам тортиб юборганмиш…

Бироқ гап шапалоқдамас, эртасига бўлган гапда…

Бировлар “Ўша куни хотинига кучи етмаган Боймирза Сарвар чечага “қўйивор”, деб ялинган лекин у қўймаган. Шундан сўғин аламига чидолмаган эр шўрлик “агар эртага тўшагимдан тирик турсам, ҳайдартўқайда иккита хипчабелнинг думмасига шапатлаб ўйнатмасам итман”, деб қасам ичган”, дейди.

Бошқалари “бўлмаган гап. Ўзи Боймирза бузуқ, айниган, ахмоқ бола”, деса, ака-укалари, қариндош-уруғи, “у киши шантажнинг қурбони бўлди. Душманлари ичкизиб-ичкизиб эркакди жўштирадиган дори бериб, кўлга обориб бир-иккита “қорақош”га рўпара қилган”, дейишади.

Аниғини худо билади, эшитганимни айтдим.

Нима бўлгандаям Боймирза ўша куни ўзи айтган “хипчабеллар”ни олиб ҳайдаркўлга жўнаган. Йўлда миршаббоши бўлган синфдоши Боймирзанинг қизлар билан кетаётганини кўриб қолган. Миршабмасми, ортидан пусиб бориб жинғиллар орасида анча пайт кўриниш бермай кузатибди. (Шунча жойгача пусиб келишни қойиллатганиничи. Миршабда-миршаб). Боймирза аввалига роса ичибди. Кейин чўмилибди. Сувдан чиқиб худди ҳайвондай тўрт оёқлаб “қорақош”ларнинг олдига гижинглаб келибди. Улар бўлса “юввош-ювош”, деб унинг у ер-бу ерини силаганмиш. Боймирза эса осмонга қараб тумшуғини кўтариб чўзиб-чўзиб ис олибди. Кейин эса эшакка ўхшаб ҳанграб дуч келган томонга тўрт оёқлаб югуриб кетибди. Уларнинг олдига қайтиб яна искабди, искабди, искабди-да, бошқа томонга шаталоқ отибди. Майсаларни топтаб депсингандай бўлибди, эшакдай ағнабди, ер тепиб яна унга қараб турганларга талпинибди. Улар бўлса думалаб-думалаб кулармиш…

Хуллас шунақа ҳикояга мавзу бўлиш ҳеч гапмас.

Лекин нима қилай? Барибир сувни яхши кўраман.

Майли. Жуда ўртасига бориш ҳам шартмас. Учқулоч томонга бориб Жетимтовдан ҳам кўлни томоша қилса бўлади. Қайтанга кўл бутун борлиғи билан кўринади. Сувга туташган уфққа термуласан.

Тоғ ҳам жуда баландмас. Эринмай пастга тушсанг сув остида қолган қабрлар кўзга ташланади. Бундан ташқари, у ерда шох сингари ажраб кўлга кириб борган мўжаз қояча бор. Қачонлардир киночилар бу қоя устига тошдан блиндаж қуришган. Томи йўғу, деворлари ҳали турибди. Ана шу деворга ўтириб ҳайдаркўлнинг бепоён кенгликларига қарайсан. Лекин сув остида қолган мозорлар барибир табингни хира қилади. Бошқа томондан бу ерларда қачондир, қачон ҳам эмас ҳатто ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳам сув ўрнида бепоён яйлов бўлганига ишонгинг келмайди…

Қирғоқдаги балиқчилар кулбасига бориш мумкин. Ҳамсуҳбат топилганига хурсанд бўлиб меҳмон қилишади. Хоҳласанг балиқ қовуртириш, хоҳласанг моторли қайиқда сайр қилиш, хоҳласанг бир-неча кун шу кулбада қолиб қорақушми, ёввойи ўрдакми, қирғовулми овлашинг мумкин. Зерикмаслигингга кафилман ошна. Бу ердаги аҳолининг шевасиям ажойиб. Оддий гапи ҳам одамни кулдиради. Бир сафар бу ерлик йигит гап бера туриб:

– Ўзии бииз қизииқ биир даврда ўқидук. Эндии мактабга борғанимиизда союз тугап кетдиқў. Бииздан авал борғонлар октябирят бўлишғон эдии. Бииз бўлсак оролоп[2] қолавердук. Октябирятмисан, сентябирятмисан бииров биир нарса билмай ўтди, – деганда Фахриддин Каримов билан Боходир Жовлининг, менинг, қолганларнинг ҳам кулавериб эси кетган, ҳатто уни унчалик хушламай ўтирган Илхом Йўлдош бора-бора учқулочнинг бу “чолбола”сини ёқтириб қолган эди…

Ҳайдаркўл чиндан ажойиб.

Денгиз ёки океанларда сайр этишга имконим йўқ. Бироқ орзу қиламан.

Орзулар ушалади, шунга инонсанг бас…

Тинч океанига қоришиб кетган сариқ денгиз сувлари қирғоқларини ювган Циндао[3]да, бунинг устига соҳилнинг энг хушманзара жойида жойлашган меҳмонхонада устма-уст икки кун тонгни қаршилаганимда мен бунга чиндан амин бўлганман.

Йигирма еттинчи қаватдаги меҳмонхона айвонидан мен томоша қилган денгиз чинакам мўжиза эди. У ерда қуёш денгиз узра қирғоқдан то уфиққа қадар узундан-узоқ оловли йўл ҳосил қилиб, чувалишиб ботарди. Тонгда эса денгиздан келаётган мусаффо эпкиндан танинг ором оларди. Ўша кунларни ҳалигача яққол тасаввур қиламан, гоҳида тушимга ҳам кириб чиқади.

Шанхайда менга тинч океани шаҳардан саксон чақирим наридалигини айтишди. Ишбилармонлар билан режалаштирилган учрашувларни ўйлаб ўтирмасдан шартта қолдириб, океанга жўнаб кетдим.

Қирғоққа етиб бориб ҳафсалам пир бўлди. Негаки, сув қайтиб океан қирғоқдан сал кам ўн беш километр орқага кетган, қоп-қора лойга беланган чексиз тексликда бошига похол шляпа кийган сан-саноқсиз хитойлар тирикчилик ташвиши билан балчиқ устидан молюска териб юрарди.

Яратганнинг бандасининг ризқини ҳатто уммон тубидаги балчиққа ҳам сочиб қўйганига ажабланмай илож йўқ…

Кутганимни кўрмаганимдан лаб-лунжим шунчалик осилиб тушдики, хитойлик ҳамроҳларим ташвишланиб қолишди. Таржимоннинг бўлса жаҳли чиқди.

– Сизнинг инжиқлигингизга қарамай, ишларини бир четга суриб шу ерга олиб келишди. Ҳайратланмасангиз ҳам ҳайратлангандай бўлиб туринг, бир пас. Кулинг, уларга қараб хўмрайманг. Ахир океаннинг кетиб қолишига улар айбдормас. Кулинг деяпман, жин урсин сизни, – деди у.

“Жин урсин”, деган гап меники эди. Бу сўзни мен кўп ишлатаман. Икки кун мен билан юрдию унгаям ёқиб қолди шекилли, аввал бир-бир, кейин эса оғзини тўлдириб ишлата бошлади, жин урсин!

Ўзбекистонда уфқда ер кўринмайдиган сувнинг бири Орол, бири Ҳайдаркўл. Орол олис, жуда олис. Ҳайдаркўл эса бир қадам. Эринмаганга бир қадам. Шуйтиб, гоҳида сувни соғиниб ҳайдаркўлга улоқиб кетаман. Шерик бўлиши шартмас.

Шерик ҳам ҳар хил.

Намоз акага ўхшаб ов деса яйраб кетадиган, кўлга чиққач амалдор бўлганига ҳам қарамай аравани тенг тортадиган, икки кун деса икки, уч кун деса уч кун миқ этмай юрадиган шерик ҳамишаям топилавермайди. Топилганининг ҳам вақти сенинг вақтингга тўғри келмайди.

Яна Боходирга ўхшаганлари бор. (Уям журналист).

Сен билан кўлга боришга аҳд қилади, кунини белгилайди, камига ҳар кўришганда “қаттиқ тайёрлан”, деб туради. Аммо кетадиган кун келганда бормай ҳафсалангни пир қилади.

Нима эмиш, туш кўрганмиш. Тушида уни милтиқ билан отиб қўйганмишсан. Бўлди, бормайди. Ялин-ёлвор, тавалло қил фойдаси йўқ.

Яна бир тоифа бор. Улар боради. Уйидан бориб олиб кетсанг, барча ташвишларни ўзинг қилсанг, боради. Фақат галстук тақиб боради. Саксовул, жинғил, қамиш оралаб сув кечадиган жойга дазмолланган костюм-шим кийиб, туфлида боради. Кейин эса кўл атрофидан кондиционерли меҳмонхона қидиради. Ичингда “ярми саҳро, ярми дашт, бир қисми тоққа туташ бу кўл атрофида кондиционерли меҳмонхонани катта холанг қуриб қўйибдими”, деб ғижининг келса ҳам вақтингни увол қилиб тишингни-тишингга босасан. Аммо бу энг ёмони эмас. Ёмони уларнинг ярим кунга бормай ичбуруғ бўлганида, энди авжига чиқаётган саёҳатнинг белига тепиб, “қайтайлик”, деб туриб олганида.

Хўш, шунақа шерик керакми менга?

Эййй, ҳаммасидан Санжар тузук. Сафардан зериканингда ҳам нимадир ўйлаб топишга уста. Зерикканингни билмайсан. Бироқ униям ҳамиша топиб бўлмайди. Шунинг учун ўзим кетавераман…

Ҳайдаркўлнинг Омонкелди томонларида бир чўпонни учратдим.

Қумга ўтириб қолган машинамни чиқаролмай хуноб бўлиб турганимда қўй ҳайдаб келди. Кун куйдирар даражада иссиқ бўлса ҳам туя жунли чакмонга ўралиб олган, бошида қозоқи қалпоқ.

Салом бердим, алик олмади. Худди мени кўрмагандай тўғри келиб машина ғилдиракларига қаради. Қўлидаги ҳассаси билан уларни бир-бир туртиб кўрди. Сўнг қўлини пешонасига соябон қилиб йигирма-ўттиз метр наридаги йўлга қаради.

– Не ушин бул жерге келдинг балам? – деди ниҳоят.

– Туяларни олдидан томоша қилмоқчи эдим, – дедим алам билан.

– Олар қайда? – деди у.

– Кетиб бўлди.

– Ахмақ экенсин, – деди чўпон.

– Ҳаа, хаёлпарастлигам ўлсин, – деб ёзғирдим уни қувватлаб.

– Касибинг не? – сўроқлашда давом қилди чўпон.

– Журналистман, – дедим.

Чўпон ажабланди:

– Бул не дегенинг?

– Журналистда, газетага мақола ёзади. Радиода гапиради, – дедим бироз ажабланиб.

Унинг чеҳраси ёришди.

– Эээ, минандай сойлеген сенмисин? – деди қўйнидан кичиккина радиоприёмник олиб.

Агар ҳайдаркўлдан анча нарида, қизилқум саҳросининг чўпонлардан бошқа ҳеч ким яшамайдиган жойида турганимга кўзим етмаганда, у мени масхара қилаяпти деб ўйлаган бўлардим.

– Ҳа, – дедим.

Чўпон юзимга синовчан тикилиб приёмникни ёқди. Ундан вишиллаган товуш чиқди. Чўпон мурватларини бураб тўлқин қидирди. Бефойда.

– Созинг туври шиғар, сен минау жердесинғой, қайдан айтсин, – деди сўнгра.

Кулиб юбордим. Уям кулди. Кейин:

– Минауни қой. Тамақ жеб, қимиз иш. Жигиттер келсе, шиғарип аламиз, жур, – деди.

Унга эргашишдан бошқа чорам ҳам йўқ эди. Машина эшикларини қулфладим. У норози тўнғиллади:

– Неден қўрқиб турсин. Машинаға ким киреди? Еш ким жоққой минау жерде. Албасти киремин деса – қулптин пайда жоқ.

Бирга-бирга гаплашиб кета бошладик. Унга учқулоч томонда сув остида қолган мозорлар ҳақида гапирдим.

– Эситгенмин, – деди чўпон. – Минау жерде улкен қазақ авули болатин эди. Жастар қалаға қашип кетиб тур. Бул жердеде сондай болған. Биздеде солай. Улкен улим ахмақ. Уш рет мал алиб, қўрасиға тиқдим. Минг данаға жақиндаса – сатиб, Алматиға қашади. Мениде, анасинида тангдамайди. Бар ақшасини қуритип, шир жаланғаш қайтип келеди. Ахмақ, билейтин жумисти қилсайши, диймин. Тингдамайди. Сен сияқти жақси соз сойлеп, ақша алса бир жол. Сен уақтинда туври сўйлейсин. “Одоб”, дейсин. Аулда болған ангимени тингда. Ўтеген ақсақал ористармен журип, арақ ишгени ушин халиқ они ағашға баулаб, аулдан қувған. Казир ишме дегенни қуип салатинмизов. Омир сондай экенғой…

Унинг гапларини тинглаб, Ҳусан Карвонлининг ичкилик ҳақида мақола ёзганию мисолни ўз қишлоқдошларидан келтириб сал кам олти ой қишлоғига боролмай юргани эсимга келди…

Нуротани айланиб Боғдон шаҳрига киргач, бозор ораладим. Бу ерга келган киши бозорга албатта кириши керак. Қўзиқорин, тотрон, равоч мўл.

Қўзиқорин сотиб турган йигит савол берди:

– Асли қаердансиз, меҳмон?

– Форишликман, – дедим, у ишонқирамади.

– Тилингиз ўхшамайдику?

– Бичоқлар томонданмас, туркманлар томонданман, – дедим эски ҳазилни эслаб.

Форишда Нурота тоғининг Самарқанд тарафидаги элни туркман, улар эса Боғдон атрофида яшовчиларни бичоқлар деб ҳазиллашади. Туркманику тушунарли, бичоғи нима десангиз, айтай. Форишнинг асли ўғиз элати пичоқни – бичоқ дейди.

– Эээ, – деди йигит. – Фалакнинг гардишини қаранг. Илгари бу ерга туркман зоти келмасди. Энди Форишнинг салкам ярми туркман бўлиб кетди. Қораабдолданмисиз? Қораабдолнинг қаеридансиз?

– Болғалиданман.

– Ие-е-е Шакарвой мелисанинг қишлоғиданми, – деди у жонланиб. – Ў бизниинг ака бўлади.

Форишликларнинг кўпи Қораабдолдан Шакарвой милисани, Гарашадан Садулла Ҳакимни, Нарвондан Бастам Сайидқуловни танишади.

– Милиса бўлиб ишлаганда ичибми, жанжаллашибми қўлига тушган бўлсангиз керакда, – дедим “тегишиб”.

Йигит қизариб кетди.

– Эээ, энди йигитчиликда бўлади-да. Яхши ёрдам қилган, барака топсин, ҳар кўрганимда бир чой қилиб бераман. Кими бўласиз Шакарвой аканинг?

– Қўшнимиз. Ростдан яхши милиса бўлган, ҳозир оқсоқол, – дедим.

Йигит Шакарвой акани ростдан ҳурмат қиларкан, қўзиқоринга пул олмади. Безрайиб кетиш ноқулай туюлиб машинамдан битта китобимни олиб дастхат ёзиб совға қилдим…

Энди эса ёзишга анча-мунча гап йиғиб, Тошкентга қайтаяпман.

Сайру-саёҳатнинг бир гашти шуки, уйга қайтиб бола-чақангга, хотинингга, қўни-қўшнию ошна-оғайнингга қўшиб-чатиб лоф уриш мумкин. Оғзини ланг очиб эшитишади. Бусиз иложи йўқ…

Ахир Аҳмад оға айтганку: “Овчи бўлиш учун лофчи, лофчи бўлиш учун овчи, бўлиш керак”, деб.

Аниқ биламан, бу сафар ҳақида Намоз ака эшитса яйраб кетади, Баҳодир… Баҳодир нимаям дейди?

Яна кўлга боришга аҳд қилади, кунини белгилайди…

Саксовул, жинғил, қамиш оралаб сув кечадиган жойга дазмолланган костюм-шим кийиб, туфлида борадиган тоифа бўлса “фақат ўзингиз боравермай, бизниям олиб борингда, энди”, дейди.

Россияга савдога бориб бор-будидан айрилгач, бир амаллаб ярим тунда ёлғиз ўзи қишлоғига кириб келган. Отасининг олдига сўппайиб киришга номус қилиб, “шарманда қилма”, деб худога ёлворган. Дарвоза қашисида унсиз йиғлаган, кейин эса “ўзингга таваккал”, деганча ҳеч кимга билдирмай (ҳатто хотинигаям) ими-жимида яна россияга қайтиб кетган Собирхон тоғадаги ҳамиятнинг миллиондан бири ҳам бўлмаган бу суллоҳлар айнан шундай дейди.

“Борайлик” ҳам демайди. “Олиб боринг”, дейди.

– Ҳамият катта гап, – дерди Абдулла бобо, гоҳида. – Ҳамият катта гап!

Собирхон тоға айнан шу ҳамияти учун орадан бир-икки йил ўтгач, юзи ёруғ бўлиб россиядан қайтган. Буларнинг юзи…

Нимагадир уларнинг юзини эслолмадим, узр.

Хуллас, Ҳайдаркўл атрофида шунақа гаплар. Сиз ҳам бир боринг…

Айтганча, Боймирза Болғалиликмас. Форишданаммас, “Қаердан”, деб сўраманг. Ҳамма жойда “хол қўйиб” юрган “мирзо”лар камми?..

______________

[1] Хахолка – Украин аёлларини шундай ҳам аташади.
[2] Оролоп – икки орада демоқчи
[3] Циндао – Хитойнинг Шандун провинциясида, Сариқ денгиз соҳилларида жойлашган порт шаҳар.