Ҳамиджон Икромов. Уни Фарҳод дер эдилар (Зулфияхонимнинг достони ва қаҳрамони ҳақида)

Фронтдан келган хабар

1943 йилнинг ёз ойларида урушдан ярадор бўлиб қайтган бир аскар бастакор Имомжон Икромовни сўраб Ўзбекистон радиосига келади. Ўшанда Имомжон Икромов Республика радиоси Миллий ансамблининг бадиий раҳбари эди. И. Икромов эфир яқинлиги боис, пайсалламай дарҳол эшикка чиқади. Қўлтиқтаёқли бир аскар постдаги милиционер билан гаплашиб турарди. Аскар Имомжон Икромовни кўриши биланоқ унга томон қучоқ очиб интилди. “Танидим, танидим, танидим-а, устоз! Сиз Имомжон ака бўласиз, шундайми-а, домла! Тавба, худди Қобил қори чизган қиёфа-я! Келинг, устоз, келинг, биринчи топшириқни бажарай”, – деганча, гўёки ўз отасини қучгандек, Имомжон Икромовни бағрига олди. Устозни аллақандай ваҳима босди. “Қобил қоридан келибди, анчадан бери ундан хабар йўқ эди, ишқилиб, яхшилик бўлсин-да”. Улар курсиларга омонатгина ўтирдилар. Уста унга савол назари билан тикилди. Ниҳоят, аскар гап бошлади: “Ака, Қобил қори сиз ҳақингизда кўп гапирарди. Ашулаларингиздан Қобил қорининг хониши орқали баҳраманд бўлганман, деярли икки йил фронт заҳматларини биргаликда тортдик. Шу йил бошида Қобил қори оғир яраланди. Мен уни судраб панароққа олдим. Қобил қори секин: “Худо хоҳласа омон қолсанг, Тошкентга етганингда вокзалдан тўғри радиога бор, узоқ эмас. У ерда сенга кўп бор гапирганим Имомжон акани сўра. Устозимни мен учун маҳкам қучоқла. Устозга айт, нуридийдам қизалоғимнинг пешонасидан мен учун ўпиб қўйсинлар”, – деб шивирлади. Сўнг қаддини бир оз кўтаришимни сўради. “Нега ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит?” – деди. Ваҳоланки, ўшанда атроф тўс-тўполон, снарядлар ёмғирдек ёғар, ерни ўғирдаги дондек янчиб, эзғилаётганди. Қобил қори осмонга тикилиб қолди, сўнг яхши кўрган ашуласи “Сўлим”ни бошлади: “Ёрни ойнакдин қаранг, ноз уйқуда ётганмикан…” Юртимизни соғинганимизда у шу ашуласини айтарди, биз қўлимиздан келганча жўр бўлардик. Қобил қори жимиб қолди. Сездимки, бу унинг сўнгги нафаси эди…”

Аскарнинг, ҳикоясидан ўша атрофда турганларнинг кўзлари намланди. Сал нарида гапга қулоқ солиб турган машҳур хонанда Мавлудахоним чидолмай ҳўнграб юборди. Ҳа, бу чиндан ҳам ўзбек санъати учун катта йўқотиш эди. Зеро, Қобил қори эндигина йигирма етти ёшга кирганди. Эфир вақти яқинлашаётганлини сезган Имомжон ака меҳмонга: “Сиз шу ерда ўтира туринг, концертни эшитинг, ҳеч қаерга кетиб қолманг”, – деб тайинлади-да, студияга қараб йўналди. Йўл-йўлакай шогирдларидан бирига Қобил қорининг пластинкасини эфир хонасига келтиришни топширди. Диктор ва муҳаррир Ҳамид Ғуломдан воқеа ҳақида ахборот ва таъзиянома тайёрлаб, раҳбарлар назаридан ўтказиб келишни сўради.

Қобил қорининг ҳалок бўлганлиги ҳақидаги хабар барчанинг юрагини ўртаб юборди. Чунки у Ўзбек мусиқали театрига ўтгунига қадар, ҳофиз сифатида шу ерда, шу ансамблда танилганди. Маҳорати, ёқимли овози, гўзал хулқи, инсонийлиги билан кўпчиликнинг меҳрини қозонганди.

Имомжон Икромов қўлида ғижжак сози билан концертга бош бўлмоқда-ю, аммо хаёллари уни узоқларга олиб кетарди: 1941 йил июнь ойининг ўрталарида Имомжон Икромов, Юнус Ражабий, Тўйчи ҳофиз ва яна бир неча ўзбекистонлик санъаткорлар Ялтадаги “Ўзбекистон” санаториясида дам олмоқда эди. Денгизда довул кўтарилган, жала ёғмоқда, ташқарига чиқишнинг иложи йўқ, деразалар зич ёпилган. Тўфоннинг осмонўпар тўлқинлари шиддат билан кетма-кет бостириб келар ва баланд қирғоқларга шундай зарб билан урилардики, гўё денгиз осмонга кўтарилгандек кишининг ваҳмини келтирарди. Сувнинг ранги ҳам гўё кўмирдек қорайиб кетган, денгиз тубидаги минг йиллик балчиқлар қўзғалган, ҳаммаёқни бадбўй ҳид босиб кетганди. Санаторияда ишловчи шу ерли кексалар: “Денгизнинг бундай ҳолатини ҳеч кўрмаганмиз, аммо денгизнинг бу даража безовталиги яхшилик аломати эмас” – деб ташвишланишарди. Чиндан ҳам, орадан 5-6 кун ўтар-ўтмас уруш бошланганлиги тўғрисида хунук хабар тарқалди. Барча қатори улар ҳам жўнаш тараддудига тушишди. Амаллаб Москва поездига билет олиб йўлга чиқишди. Темир йўллар ҳарбий эхтиёжлар учун кечаю кундуз банд. Мамлакат ичкарисига кўчирилган заводлар, ишчилар, оддий халқ тинимсиз оқиб келарди. Поезд икки кунлик йўлни ўн олти кунда босиб ўтиб, ниҳоят Москва вокзалига кириб келди. Имомжон Икромов Ялтадан чиқаётганида Москва консерваториясида ўқиётган шогирди Қобил қорига телеграмма бериб қўйганди. Қобил қори уларни вокзалда кутиб олиб, меҳмонхонага жойлади. Улар учун Тошкент поездига билет ҳам олиб қўйган экан. Эртасига Қобил қори кеч соат олтиларда меҳмонхонага келди. Кўпчилик шаҳар айланишдан ҳали қайтмаганди. Фақат Ўзбекистон санъат ташкилотчиларидан бўлган Зубайда опа исмли аёл шу ерда экан. Унга “кеч соат ўнларга тайёр бўлиб туринглар, сизларни олиб кетгани машина келади”, деб тайинлади. Сўнг, сизда гапим бор, деб Имомжон Икромовни олиб кўчага чиқди, у ерда узунчоқ енгил автомобиль кутиб турарди. Машина бир зумда чоғроқ ресторанлардан бирига олиб бориб қўйди. Рус ҳайдовчи йигит Устанинг жомадони билан Қобил қорининг кичкинагина тугунчасини олиб вокзал томон кетди. Қобил қори икки кишилик кечки овқат буюртирган экан. “Икки кундан бери фақат сени кўрамиз, қолганлар қани?” – деб сўради Уста. “Улар Тошкентга жўнаб кетганларига анча бўлди, – деб жавоб берди Қобил қори. – Мен ҳам ишларимни битказиб кетмоқчи бўлиб тургандим, бу ердаги баъзи майдагаплар орқамиздан ғийбат бошлаб қолишди. Эмишки биз қўрқоқлар, яхши кунларда ёнларида бўлиб, хавф-хатар келиши билан қочиб қолармишмиз. Чидолмадим, кўнгилли бўлиб фронтга ёзилдим. Буларга ўзбек қандай бўлишини кўрсатиб қўймоқчиман. Ҳозир Москва атрофидаги ҳарбий базалардан биридамиз. Бояги автомобиль ҳам ўша базага тегишли. Имомжон ака Сиз менга отамдексиз. Мендек бир ҳаваскорга ажойиб ашулалар ўргатиб, элга танитдингиз. Сиздан ўрганган мумтоз наволар театрдаги ижодим учун катта мактаб бўлди. Фарҳодни, Мажнунни ижро этдим. Бу ерда – консерваторияда ҳам ўз ўрнимга эга бўлдим. Ҳаммаси учун раҳмат, устоз, мендан рози бўлинг. Оллоҳ насиб қилса, урушдан омон чиқсам, учрашармиз. Бўлмаса дийдор қиёматда”, – деб жимиб қолди. Қобил қори ҳам, Уста ҳам йиғларди… Шунда Уста ўзини тутиб олиб: “Сен фақат ўзинггагина эмас, бутун ўзбек санъатига тегишлисан, сенда катта иқтидор бор, бекорга сенга имтиёз берилмаган, шу боис ўзингни асрашга мажбурсан, биз билан бирга поездга чиқавер, сени Ўзбекистон асрайди”, – деди. Қобил қори бир сўзли эди, кўнмади. “Арслон изидан, йигит сўзидан қайтмас”, – деб жавоб қилди. Чунки унинг томирларида эркпарвар, мард ва жасур ўзбек қони оқар эди. Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлардан ўтиб келаётган ватанпарварлик, жўмардлик ҳислари гупириб, миллат шаъни, ғурурини ҳар нарсадан устун қўйган Қобил қори қисматини ҳаёт-мамот масаласига тикди. Гарчи имтиёзга, муайян бир ҳуқуққа эга бўлса-да, бир оғиз миллат шаънига айтилган нолойиқ сўз учун чидаб туролмади.

* * *

Шу ўринда баҳонаи сабаб лирик чекиниш. Яқинда Россиянинг марказий телеканалларидан бирида чиқиш қилган Россия Коммунистик партияси (РФКП) раҳбари Г.Зюганов бир ғалати гап айтди. Нима эмиш гўёки иккинчи жаҳон урушидаги эришилган ғалаба тақдири фақат Россия ва Сталин фаолияти билан боғлиқ эмиш. Агар булар бўлмаганда собиқ постсовет ҳудудидаги мамлакатларнинг иштироки ҳеч нарсага арзимас эмиш ва ҳоказо, ҳоказо… Қисқаси, гапиришга ҳам арзимайдиган асоссиз, майда гаплар… Майда бўлса ҳам озгина ҳақиқати бўлганда, жиндек бўлса ҳам холисликка амал қилинганда, бу ўринда эслаб ўтирмаган бўлардик.

Аввало уруш йилларида ўзбек  халқи ҳозиргидек ўттиз бир миллионлик катта халқ эмас, балки бу нуфуснинг учдан бир қисмини ташкил этар эди. Бир ҳовучгина аҳолига эга бўлган мамлакат бор қуввати захирасини урушга тикди. Ёв қочганда ботир кўпаяди. Бу мақолни эшитмаган Зюганов жаноблари бир нарсани билиб қўйсалар ёмон бўлмасдики, ўша бир ҳовуч аҳолининг ишга ярайдиган асосий қисми урушга кетди. Кета олмаганлари, ёши етмаганлари кўнгилли бўлиб, ўзи ташаббус кўрсатиб жангга жўнади. Фашизмга қарши бўлган урушда бир ярим миллиондан ортиқ ватандошимиз иштирок этган бўлса, қолган аҳоли – етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган ҳар бир фуқаро қишин-ёзин очлик, машаққат, ғурбатларга чидаб она замин саодати учун меҳнат қилди. Курашди, дуо қилди. Мамлакатдан бу йилларда олиб чиқиб кетилган миллионлаб тонна озиқ-овқат, иссиқ кийим-кечак ва бошқа маҳсулотларнинг аниқ ҳисобини билиш тилига зўр берадиган бу сиёсатчи учун муаммо бўлмаса керак. Ва, бу неъматлар миллионлаб меҳнаткашнинг, қўллари қадоққа айланган ўзбек аёлининг заҳмати эвазига бинога келганини билиш учун унчалик кўп ақл талаб қилинмайди. Аслида дўппини бошдан олиб, хаёлни бир жойга қўйиб, ҳовлиқмай, холисона, адолат, виждон билан фикр юритилса, қурбонликнинг катта-кичиги, қаҳрамонликнинг чегараси бўлмайди. Бир ярим миллиондан ортиқ гулдек фарзандини борса-келмас сафарга жўнатиб, уларнинг олти юз мингдан зиёдини бой бериши ўзбек халқининг улкан фожиаси эмасми?!

Статистик маълумотларга қараганда, 1941–1945 йилларда бир миллионга яқин аҳоли, хусусан, икки юз минг нафар бола уруш бўлаётган майдондан  Ўзбекистонга  эвакуация қилинган. Айрим ўзбек хонадони икки ва ундан ортиқ етим болаларни ўз ҳимоясига олди. Ўзбек халқи эса уларни бағри кенглик, кенгфеъллик билан қарши олди,  уйи, дастурхони, қалбининг тўридан жой берди. Ўзбекистон уруш йилларида фронт учун 2100 та самолёт, 17342 авиамотор, 2318 минг дона авиабомба, 22 млн. дона мина, 1 млн. дона граната, 3 млн. дона радиолампа етказиб берди. Бу хамир учидан патир бўлган фактлар.  Бу ҳақда собиқ иттифоқнинг ўзида, қолаверса, дунё миқёсида қанчалаб мақола-очерклар, публицистик асарлар, ҳатто роману қиссалар  ёзилган. Бу воқеа миллионлаб қалбларда акс-садо берган. Бу ҳақиқатларни тарих саҳифаларидан ўчириб бўлармикан?! Мамлакат мустақилликка эришгач, уруш қатнашчилари хотирасини тиклаш мақсадида пойтахт марказидаги Мустақиллик майдонида “Хотира хиёбони” ташкил этилди. 35 жилдлик “Хотира китоби” тайёрланиб, нашр қилинди. Бу китоблар “улуғ рус оғаси” шаънига ёзилган мадҳиялар ёки севги-муҳаббат  ҳақидаги монологлар эмас, балки минг-минглаб завол топган бегуноҳ инсонларнинг аянчли тақдирлари йиғмаси эди. Бу китобларни охиригача ўқишга жаноб сиёсатчининг юраклари дош бера олармикан? Билмадик, ҳар қалай пойтахтимиз марказида қад ростлаган махсус мажмуага келиб, бу китобларни бир варақлаб чиққан бўлганларида, энг камида калтафаҳмлик билан бундай гапларни айтмаган бўлардилар.  Шовинизм, худбинлик ва ички аламзадалик аччиғида айтилган гапларини эшитиб, “Ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейди” деган мақол ёдга тушади. “Яхшилик қил, сувга от, билса балиқ, билмаса Холиқ билади”, дейди кўпни кўрган  халқимиз. Ўзбек халқи уруш даврида бировдан қўрққанидан эмас, кўнгли яхшилик, эзгулик, мардлик, саховат, олийжаноблик туйғуларига тўла бўлгани учун шундай жавонмардлик кўрсатди. Ўзбек халқи  ўша йилларда ҳам, урушдан кейин ҳам, истиқлол йилларида ҳам бу олий матлабдан, юксак рутбадан, эзгу аъмолдан бир қадам ортга чекингани йўқ. Буни ўзбек халқининг тарихи ва айниқса, бугунги кунларимиз яққол кўрсатиб турибди.

Мавзуга қайтсак. Қобил қори кўкрагида ёли бор миллионлаб ўзбекнинг бир  вакили эди. У айни пайтда ўзининг, айни пайтда халқнинг ғурури, ҳамияти, номуси учун курашиш мақсадида улуғ йўлга отланди. Имомжон ака билан қучоқлашиб хайрлашди. “Оиламга салом айтинг, қизалоғимнинг пешонасидан ўпиб қўйинг, тушунтиринг, мендан хафа бўлишмасин, шундай қилишим зарур, омон бўлсам бораман, бўлмаса мендан рози бўлишсин. Вокзалга борганда устозларга индамай қўяқолайлик, чунки улар ҳам мени тўхтатишга ҳаракат қилишлари тайин. Мен бир қарорга келиб бўлганман, шуни келинингизга бериб қўярсиз”, деб Устанинг қўлига тугунча тутқазди. Шуларни хаёлидан ўтказаркан, “Аттанг, ўшанда мен билан кетасан, деб қаттиқ туриб олсам, олдимга солиб олиб келсам бўларкан”, дея Имомжон ака қаттиқ афсусланди…

Концертнинг охирги номери ўрнига “Жангчи санъаткор саломи” рукни билан Қобил қори Сиддиқов ижро этган “Сўлим” ашуласининг пластинкаси қўйиб эшиттирилди…

Орадан кўп ўтмай радио раҳбариятига бояги аскар, И.Икромов ва бошқа ижодкорлар йиғилиб, Қобил қорининг жасорати ҳақида радиоэшиттириш тайёрлаш масаласини муҳокама қилдилар. Бир кеча-кундузда тайёрланган ушбу мусиқали эшиттириш жамоатчиликда кучли акс садо берган. Унда аскар йигит Қобил қорининг қаҳрамонлиги, сўнгги нафасигача юртига, халқига садоқати ва меҳри ҳақида, айниқса, сеҳрли ашулалари билан жангчиларнинг ҳамиша руҳини кўтариб юргани тўғрисида ҳаяжон билан гапириб берди. И.Икромов шогирдининг иқтидори ва маҳорати ҳақида, санъаткорнинг овозини авлодларга сақлаб қолган “Сўлим” ашуласининг яратилиши ва Республика кўригида Қобил қори ижросидаги ушбу ашула бош совринга эга бўлгани ҳақида гапирди. Эшиттириш давомида Қобил қори ижросидаги “Сўлим” ашуласининг пластинкаси бир неча бор қўйиб эшиттирилди.

Ушбу эшиттириш тўғрисида матбуот саҳифаларида қатор чиқишлар бўлди, орадан кўп ўтмай ёш шоира Зулфияхонимнинг “Уни Фарҳод дер эдилар” достони эълон қилинди.

 

Достон ва қаҳрамон

“Уни Фарҳод дер эдилар” (1943) достони шоиранинг шаклан ва мазмунан гўзал, романтик тасаввур ва ҳиссиётларга бой йирик асарларидандир. Достон иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида бутун дунё эркпарварлари қаторида созини, саҳнасини, шеърияту мўйқаламини бир чеккага қўйиб, фашизмга қарши мардонавор курашаётган ўзбек ўғлонларига бағишланган эди. Шунингдек, асарда Ўзбекистоннинг меҳридарё, сахий, санъатсевар халқи, фусункор табиати, ажойиб боғу роғлари бадиий акс этган.

Ўтган асрнинг машҳур ҳофизи ва маҳоратли актёри Қобил қори Сиддиқов достоннинг бош қаҳрамони. У қисқа вақт ичида оддий талаба-шогирдликдан машҳур ҳофиз, мусиқали драма ва опера театрининг етук хонандаси сифатида элга танилган катта иқтидор эгаси эди. Шундай бўлса-да, профессионал маҳоратини ошириш мақсадида Москва консерваторияси қошидаги Ўзбек студиясига ўқишга киради. Аммо бир йил ўтар-ўтмас қирғинбарот уруш бошланади…

Ҳофизнинг биринчи устози, Ўзбекистон халқ артисти, машҳур бастакор Имомжон Икромов телекўрсатувларнинг бирида шогирдини ёдга олиб, жумладан шундай деганди: “Қобил қорининг жуда кучли, тиниқ ва жозибали овози бор эди. Шунингдек, унинг одоби, ўткир зеҳни, келишган бўйи-басти ҳам ҳар жиҳатдан айни саҳнабоп, санъатбоп эди. Имоним комилки, Қобил қори урушдан омон қайтганида ҳозир энг машҳур ва севимли ҳофизларимиздан бири бўларди…”

Достон уч бобдан иборат. Биринчи бобда ўттизинчи йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбек мусиқали (1939 йилдан Ўзбек опера) театрида саҳналаштирилган “Фарҳод ва Ширин” спектакли ва ундаги Қобил қори Сиддиқов яратган Фарҳоднинг афсонавий образи ёрқин бадиий бўёқларда, романтик жўшқинлик билан тасвирланган. Қобил қорига тенгдош бўлган шоира ёш ижрочининг саҳна маҳорати, овоз имкониятлари ва кечинмаларини ўта зукколик билан илғай олгани, кўрган ва ҳис этганларини шеърий сатрларда юксак маҳорат билан ифодалаган.

Шоиранинг бадиий тимсоллар билан тўлиб тошган жўшқин сатрларини ўқир экансиз, ногаҳон кўз ўнгингизда ўша спектакль, ўша манзара, Фарҳод – Қобил қорининг садоқати, матонати, ақл-заковати ва жасоратидан кўзлари ҳайрат ва ҳаяжон билан ёнган томошабин жонлангандек бўлади.

Парда тушди… муҳташам залда
Янграб кетди қарсак баралла.
Ташлай берди қизлар гулдаста,
Саҳна гулга тўлди бирпасда.

Икки юлдуз чақнаб кўзида,
Зўр ҳаяжон сезиб ўзида
Табассум-ла ташаккур изҳор
Этди Қобил қори санъаткор.

Кўп ёғилди ҳар ёндан олқиш,
Кетган эди табиатдан ҳуш.
Офарин деб қари-ёш қолди,
Офарин деб тоғу тош қолди…

Достоннинг иккинчи боби ҳажм жиҳатидан анча мўъжаз бўлиб, унда уруш арафасидаги ҳаёт тарзи, меҳнат, ўқиш, изланиш, ижод лаҳзалари тасвирланган. Бироқ гўёки чақиндек борлиқни титратиб уруш бошлангани ҳақида ёйилган мудҳиш хабар кўпчилик қатори Қобил қорининг ҳам орзуларига рахна солади ва у кўнгиллилардан бўлиб ёвга қарши урушга кетади.

Шунда бизнинг Қобил қори ҳам,
“Лаббай” дея юрт чақирган дам,
Санъатига деди: “Яхши қол!”
Жангга кирди қўлида қурол.

Достоннинг учинчи боби фашистларга қарши жанг майдонида оғир ярадор бўлган қаҳрамонимизнинг ҳаёт билан видолашув онларини изтироб ва ҳаяжонга тўла оғриқли сатрларда ҳикоя қилинади.

Ёв ўқидан азоб чеккан жон
Имкон бермас олға юришга,
Душманига ўқин узишга.
Кўкрагини ўпирган олов
Азоб берар унга беаёв.

Шоира яратган достон ҳам Қобил қори айтган “Сўлим”дай таъсирли, эҳтиросларга бой, аламли, дардли. Гарчи, баъзи сатрлар замона зайли билан, ўз даврига хос рангларда чизилса-да, достоннинг миллий, бадиий-эстетик мазмун-моҳиятига соя ташламайди.

Санъат эди дилим банд этган,
Саҳна эди жонажон уйим;
Санъатимга чанг солгач душман
Жангга кирди юрагим, куйим…

Азиз халқим, фарзандлик ҳаққи,
Курашингга руҳим-ла ёрман.
Душманни енголган халқим
Зафарида, бағрида борман…

Достон уруш даврида бир неча бор турли нашрларда эълон қилинган, китобча шаклида чоп этилган. Ҳали-ҳануз ўз қадрини йўқотмаган ушбу асар, иккинчи жаҳон урушида жон олиб-жон берган ота-боболаримиз жасорати ва шон-шавкатини мадҳ этувчи дилбар асар бўлиб қолаверади.

 

Ота-она орзуси

Ўтган асрнинг ўнинчи ва йигирманчи йилларида Шайхонтоҳур ва Ҳастимом Эски Тошкентнинг энг гавжум жамоа марказларидан бўлган. Қатор масжиду мадрасалар, табаррук қадамжолар, гавжум бозорларнинг мавжудлиги бу масканга алоҳида файз бағишлаган. Айнан шу масканда униб-ўсган Қобилжон зеҳнли, қунтли, тиришқоқ бола эди. У ҳали мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ Қуръони каримни ёд олган. Овозининг қўнғироқдек жаранги, ширин ва таъсирли қироати одамларни ўзига ром қиларди. Инчунин, қори номини унга эл-юрт берган.

Қобил қорида мусиқа ва ашулага бўлган қизиқиш жуда ёшлигидан, ота­си билан бозор майдонларида ўтказиладиган турли сайл-томошаларда, тўй-ҳашамларда машҳур созандаю ҳофизлар, дорбозу қизиқчилар санъатига маҳлиё бўлган кезларида уйғонган. Бора-бора бу қизиқиш кучайиб, ҳаётининг мазмунига айланган. Мирпўлат ҳофиз, у кишининг оталари Мирхолиқ ҳофиз сингари номдор ҳофизлар Қобил қори, Маҳаматжон, Турғунхўжа, Тожихўжа ва яна бир қанча ёш истеъдодларнинг санъат йўлига киришларига катта ҳисса қўшган. Улар маҳалла гузарида ёшларга ўзлари ижро этиб келган куйлар ва ашулалардан ўргатишган.

Асосий хизмати Чорсу бозоридаги ички ишлар бўлимида бўлган Мирпўлат ака 1929 йилнинг эрта кузида мактабни эндигина битирган Қобил қори учун янги гап топиб келган. Унинг сўзларига қараганда, “яқинда Тошкентда ТУЗ (ТЮЗ) деб аталгучи, махсус театр очилармиш. У ўзбек болаларига аталганмиш. Шу кунларда, ўша театр учун зарур бўлган актёрларни тайёрлайдиган ўқувхона (студия) иш бошлабди. У маҳаллий ёшлар орасидан театрга яроқлиларини қидираётганмиш…”

Шу тариқа Қобил қори Сиддиқов ўша йили Тошкент Рус ёш томошабинлар театри қошида очилган, бўлажак Ўзбек ёш томошабинлар театри учун актёрлар тайёрловчи ўқув студиясига қабул қилинади. Кўп ўтмай, саҳнабоп ташқи қиёфаси, ширали овози, кучли актёрлик ва хонандалик иқтидори боис ўқув студиясининг умидли аъзоларидан бирига айланади.

Студия мураббийлари орасида Москвадаги иккинчи Ўзбек театр студиясининг битирувчиси Афандихон Исмоилов ҳам бор эди. Йигитчанинг ашулага бўлган лаёқатини сезган студия раҳбарларидан бири Афандихон Исмоилов ўша давр ўзбек мусиқасининг йирик намояндаларидан бўлган бастакор Имомжон Икромовдан Қобил қорини эшитиб кўришни сўрайди. Уста йигитчани текшириб кўргач, унинг барча регистрларда бирдек гўзал жарангловчи кучли ва ёрқин овоз, ноёб мусиқий қобилият эгаси эканини тушунади. Шу тариқа Қобил қори И.Икромовга шогирд тушади. Устоз уни ўзи ишлайдиган Радио миллий ансамблига олиб келади ва у аввал хорда, сўнг Ўзбек ансамблида ишлай бошлайди. Кунларнинг бирида ёш журналист ва шоир Ғиёсиддин Соатий ўзининг “Ёрни ойнакдин қаранг…” радифли ғазалини бастакорга тақдим қилади. Бу ҳақда Имомжон Икромов шундай эслаб ўтган эди: “Ғазал ўзбек мумтоз анъаналар асосида ёзилганлиги, унда Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони қаҳрамонлари назарда тутилганлиги, Фарҳод ва Мажнунлардаги каби юксак маъноли ишқ куйланганлиги диққатимни тортди. Ғазалнинг еттинчи бандидан ташқари барчаси менга ёқди. Охирги бандда ғазалнинг умумий-ҳазин кайфиятига зид бўлган руҳият бор эди. Шу боис уни қисқартирдим. Ғазал менга илҳом бағишлади. Ашуланинг куйи жуда тез пишди. Уни шогирдим Қобил қорига ўргатдим. Ашула яхши чиқди, уни бадиий кенгашга кўрсатдик. Аммо ашуланинг номи ҳануз йўқ эди. Шунда ўша пайтлар радио хорига бош бўлган Абдулҳақ Султонов: “Имом ака, куйингиз жуда сўлим бўлибди, унинг номини “Сўлим” деб қўяқолайлик”, дедилар. Бу ном ҳаммага маъқул бўлди. Ашулани 1933 йилда ўтказилган Республика кўригига тавсия этишди. Қобил қори ижрочи, мен куй муаллифи, Ғиёсиддин Соатий шоир сифатида кўрикнинг бош соврини соҳиблари бўлдик. Ашула икки бор – 1935 ва 1939 йилларда бир неча миллион нусхада пластинка бўлиб чиқарилди. Ашуланинг пластинкага ёзилган вариантидан ўзимнинг кўнглим тўлмаган. Сабаби комиссия аъзолари ўйчанроқ темпда яратилган ашулани тезроқ-шўхчанроқ бўлсин, деб туриб олганлар. Кейинчалик ашула 1958 йили Ориф Алимахсумов ижросида магнит лентасига ёзилганда, кўнглимдагидек бўлган..”.

Кўп ўтмай Қобил қори Ўзбек давлат мусиқали (кейинроқ опера) театрига солист-вокалист бўлиб қабул қилинди. Театрда қисқа муддат ичида тўртта йирик опера ва мусиқали драма спектаклларида бош қаҳрамонлар (Фарҳод, Қодир, Қайс, Жўра) партияларини ижро этиб, мутахассислар ва томошабинлар эътирофига сазовор бўлди. У 1940 йили Москва консерваторияси қошидаги Ўзбек опера студиясига муваффақиятли қабул қилинди. Аммо машъум уруш унинг умрига завол бўлди.

 

Ҳофизнинг авлодлари

Қобил қорининг отаси – Сиддиқ ака ўз даврининг ўқимишли, ҳурматга сазовор, зиёли кишиларидан эди. Онаси Ойнисахон Умар қизи ҳам ўқимишли оиланинг фарзанди бўлган.

Сиддиқ ака ва Ойнисахон оиласида уч фарзанд – Собир (1913), Қобил (1916) ва Бўринисо (1919) дунёга келган.

Ойнисахон ўша – бесаранжом даврнинг ҳар жиҳатдан машаққатли ва заҳматли шароитида норасидалари билан бева қолгач, ночорликдан иккинчи бор турмуш қуришга розилик берган. Эшмуҳаммад ака Ойнисахоннинг фарзандларига ўз болаларидай меҳр кўрсатган. Ойнисахон иккинчи турмушидан яна уч ўғил фарзанд кўрган: Зикрилла (1924), Суннатилла (1931) ва Ҳикматилла (1936). Уларнинг ўртанчаси – Суннатилла ака ҳозир ҳаёт. Машҳур ҳофизнинг авлодлари ва оила аъзоларига тегишли маълумотларни шу кишидан олганмиз.

Қобил қори Сиддиқов Ўзбек давлат мусиқали (опера) театрига ишга ўтгач, шу театрнинг солист-вокалистлари таркибида ишловчи Саломатхон исмли қизга кўнгил қўяди. Тўй қилиб, ширин ҳаёт кечира бошлашади. Қиз кўриб, унга Эътиборхон деб исм қўядилар. Саломатхон узоқ йиллар Ўзбек опера театрида ишлаган. Эътиборхон Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультетига ўқишга кириб, уни муваффақиятли битиргач, Қибрай туманидаги Пахта селекцияси илмий-тадқиқот институтига ишга юборилган. Ўша ерда самарали меҳнат қилиб, ҳаётдан кўз юмган.

Қобил қорини мухлислари Фарҳод деб аташган. Чиндан-да, унинг ижросидаги Фарҳод ҳам, Фарҳоднинг соф муҳаббати тажассум этган “Сўлим” ашуласи ҳам ўша давр ижро санъатининг нодир намуналаридан эди. Бу асарлар неча йиллардан бери турли авлод санъаткорлари томонидан ижро этилиб, ўзбек санъатининг мумтоз намунасига айланиб қолди. Бунда, шубҳасиз, унинг илк ижрочиси Қобил қорининг ҳам хизматлари катта.

Ҳамиджон Икромов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,

санъатшунослик фанлари номзоди, профессор

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 3-сон